Баҳор охирлаб, қуёш ўткир нурларини соча бошлаши билан одамларнинг кайфияти кўтарилади. Бироқ бу паллада организмда дармондорилар тақчиллиги боис, одамни уйқу босиб, дармонсизлик сезилиши ҳам мумкин. Йилнинг айни шу мавсумида тетик ва бардам бўлиш учун қандай овқатланган маъқул? Парҳезшунос олим В.Конишевнинг таъкидлашича, бундай пайтда ҳайвонот оқсиллари, В 12 ва D дармондорилари, темир, йод ва бошқа фойдали моддаларга бой неъматларни истеъмол қилиш зарур. Ёрма ва бошоқли экинларнинг дони ҳам оқсилларга бой. Бироқ бунда тез пишадиган бўтқалардан кўра, анъанавий усулда тайёрланадиган таомлар қўл келади. Хамирли таомларни эса йирик тортилган ундан тайёрлаган маъқул. Нонни ҳам оқ буғдой унидан эмас, балки жавдар, яъни қора буғдой унидан пиширган тузук. Унда крахмалдан кўра бошқа фойдали оқсиллар кўп. Ҳозир “полба” деб номланган қадимги буғдой навлари ҳам етарли. Ана шу буғдой унидан тайёрланган нонни истеъмол қилган маъқул.
Қадимги аждодларимиз дастурхонида ҳамиша карам, пиёз, саримсоқ пиёз, шолғом, турп, лавлаги, сабзи ва бошқа табиат неъматлари кўп бўлган. Улардан турли таомлар, салатлар, гарнирлар тайёрланг. Кунига 500 граммдан кам бўлмаган миқдорда ўсимлик маҳсулотлари, мева ва резавор меваларни ҳам истеъмол қилинг. Агар бу меваларнинг янгисини топишнинг иложи бўлмаса, ивитилган мева ва резавор меваларни истеъмол қилса ҳам бўлади. Уларда, гарчи дармондорилар янгиларига нисбатан камроқ бўлса-да, антиоксидант ва бошқа фойдали моддалар сақланади. Энг муҳими, уларда қанд миқдори нисбатан камайиб, ивитиш жараёнида сут кислотасига айланган бўлади.
Карамда, айниқса, кам тузлаб бижғитилган карам ва карам салатида саратонга қирон келтирувчи моддалар кўп. Карамдан салат тайёрлаганда эса, барглари кесилганидан сўнг суви чиққунча яхшилаб эзиш керак. Шу ҳолида 10-15 дақиқа тургач, истеъмол қилган маъқул. Сабзи эса каротинларга бой бўлиб, организмда А дармондорисига айланади. Сабзи таркибида саратонга қаршилик кўрсатувчи фалкаринол мавжуд. Бу модда яхши сақланиши учун сабзини бутун ҳолида пишириш мақсадга мувофиқ.
— Лавлагига қизил тус берувчи бетанин моддаси саратондан ҳимоялайди, — деб таъкидлайди В.Конишев. — Лавлаги таркибидаги бетаин деб номланувчи рангсиз модда эса жигарни ёғ босишдан асрайди. Инглиз олимларининг сўнгги тадқиқотларида лавлаги қон босимини худди дори каби тушириши аниқланди. Бир стакан янги лавлаги шарбати қон босимини 10 мм. симоб устунига тенг миқдорда камайтиради. Лавлаги ва кўкатлар таркибидаги нитратлар қон томирларга фойдали таъсир кўрсатиши исботланган. Яқинда лавлаги организмда ҳужайраларнинг кислородни ўзлаштиришини яхшилаши, уларнинг чидамлилигини 16 фоизга ошириши аниқланди. Бошқа бирор маҳсулот бундай таъсир кучига эга эмас. Камдармонлик, уйқу босиши сезилганда янги лавлаги шарбати жуда қўл келади. Айниқса, унинг кекса ҳамда юрак-қон томир хасталиги бор кишилар учун нафи кўпроқ.
Ўрикни консервалаш. Пишган ўрик яхшилаб ювилиб, данагидан ажратилади. Сўнгра икки литрли шиша идишга эзмасдан зичлаб солинади. Устидан қайнаб турган сув қуйилади. Оғзи қопқоқланган идиш қайноқ сув ичида 20-25 дақиқа стерилланади. Бу неъматни салқин жойда сақлаб, қиш ва эрта баҳорда истеъмол қилиш мумкин. Шу тартибда тайёрланган ўрикда барча дармондорилар яхши сақланган бўлади.
100 миллион сўмлик сир-синоат
Америкалик олимлар дастлаб ҳайвонлар, сўнгра одам бош миясининг аниқ харитасини яратиб, ана шу эгри-бугри жойлашган мия тизимининг қандай ишлашини ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Бунинг учун бош мияни янги нейротехнологиялар асосида тадқиқ этадиган BRAIN лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади. Бу лойиҳа яқин 15 йил ичида фанда кескин бурилиш ясаши кутилмоқда. Шу мақсадлар учун АҚШ ҳукумати 100 миллион доллар маблағ сарфлашга тайёр. Гарчи, бу пуллар Москвадаги энг қиммат квартира баҳосидан атиги беш баробар кўп ва «Аполлона-11» фазо кемаси учишини бошқаришнинг мингдан бир ҳиссасига ҳам тўғри келмаса-да, ҳозирги иқтисодий бўҳрон ва АҚШнинг ташқи қарзлари олдида каттагина маблағ ҳисобланади.
Мазкур лойиҳа бўйича иш бошланаётганини президент Обаманинг ўзи расман эълон қилиб шундай деган:
— Ҳозир биз миллион ёруғлик йили олис фазода жойлашган галактикаларни топаётган, атомдан ҳам кичик зарраларни ўрганаётган бўлсак-да, бироқ одамнинг икки қулоғи оралиғида жойлашган уч фунт оғқирликдаги бош мия сир-синоатини оча олганимиз йўқ. Олимлар айрим нейронларни тадқиқ эта оладилар, бироқ бош мияда триллионлаб боғламаларни ҳосил қилувчи юз миллиардлаб нейронлар мавжуд. Шунинг учун ҳам биз ҳанузга қадар Алцгеймер ёки аутизм каби хасталикларни даволашни билмаймиз. Бу улкан жумбоқни ечиш зарур, албатта.
Бу жумбоқни ечиш эса ақл бовар қилмайдиган даражада мураккабдир. Шу боисдан олимлар бош мия фаоллигини айрим нейронлар даражасида кузатишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ўринда шуни тасаввур этиш керакки, бош мия ҳужайралари бир сонияда юз баробардан кўп нерв сигналлари тарқатишга қодир. Сичқоннинг жажжигина миясида ҳам 75 миллионта шундай ҳужайра мавжуд. Нейрофизиологлар вақтнинг исталган лаҳзасида бу нейронларнинг ҳар бири нима билан машғуллигини англаб етишмоқчи. Энг муҳими, бу иш ўлик бош мияда эмас, тирик бош мияда тадқиқ этилади.
Бош мия тузилмалари ўзгармоқда
— Кейинги ўн икки йилда интернетдан фойдаланувчилар сони ниҳоятда ошиб, энг фаол фойдаланувчиларнинг феъл-атворигина эмас, тафаккур тарзи, энг муҳими, бош мияси ҳам ўзгарган, — дейди хотира ва қартайиш жараёнларини тадқиқ этувчи мутахассис Г. Смолл. — Бош миянинг кўриш ва эшитиш каби энг муҳим жараёнларига таъсир кўрсатувчи бундай ўзгаришларни бошқаришнинг эса имкони бўлмаяпти. Негаки, ижтимоий тармоқ кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурди. Бунинг натижасида аждодларимиз ўн йил мобайнида тушуниб етган ҳодисалар моҳиятини биз бир кундаёқ англаб олмоқдамиз. Компютер орқали бош мияга етказилаётган ахборотлар ҳажми жуда катта. Интернетдан фойдаланувчи 13 ёшли болакайнинг бош миясида рўй берадиган реакциялар унинг ота-оналари шу ёшда, интернетдан фойдаланмасдан ҳосил қилган реакцияларга нисбатан фарқ қилади. Қабул қилинаётган ахборотлар ҳажмининг сонияма-сония ошиб бориши эса бош миямизни янгича шароитларга тез мослашишга мажбур этаётир. Худди минг йиллар аввал фикрлаш ва тил тараққиёти манглайнинг ҳажми каттаришига кучли таъсир этгани каби интернетдан фойдаланиш ҳам бош мияда муайян ўзгаришлар ясамоқда. Бинобарин, технологик тараққиёт бош мия одатланиб қолган ахборий муҳитнинг ўзгаришига кучли таъсир кўрсатмоқда.
ЎзАСдан олинди.