Дмитрий Иванович Менделеев том маънода серқирра олим – кимёгар, физик, табиатшунос ва педагог эди. У 1869 йили яратган кимёвий элементларнинг даврий жадвали оламшумул кашфиётлардан бири сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Шу боис аҳли башарият уни ҳақли равишда кимёгарлар отаси деб тан олди.
Бундан ташқари, Д.Менделеев кимё, кимё технологиялари, физика, ҳавода учиш, метеорология, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, халқ маорифи ва бошқа соҳалар бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказди. Газларнинг солиштирма оғирликка нисбатан сиқилувчанлигига ҳамда эритмалар назариясига оид изланишлар олиб борди, суюқликлар қаршилиги масалалари билан жиддий шуғулланди. Донецкдаги тошкўмир захираларининг иқтисодий имкониятларини пухта ўрганиб, улардан унумли фойдаланиш юзасидан фойдали тавсиялар берди. Нефтни саноат асосида қайта ишлаб, фракцияларга ажратиш усулини ишлаб чиқди, маъданли ўғитларни амалиётда қўллашни ва қурғоқчил ерларга сув чиқаришни тарғиб қилди. Ҳатто, қуёшнинг тўлиқ тутилишини кузатиш мақсадида 1887 йили ҳаво шарида самога парвоз уюштирди. Илмий изланишларининг самараси ўлароқ, 500 га яқин мақола, рисола ва китоб ёзди. Дастлабки энг мукаммал “Кимё асослари” ҳамда ўз даври учун муҳим аҳамиятга молик “Органик кимё” дарслигини яратди. Пировардида Россия Кимё жамияти асосчиларидан бири, Петербург университети профессори, Ўлчов ва оғирликлар Бош палатасининг ташкилотчиси ва биринчи директори, дунёдаги энг нуфузли фан академиялари ҳамда илмий кенгашларнинг ҳақиқий ва фахрий аъзоси сифатида донг таратди.
Табиийки, аввал Тоболск гимназиясини, кейин Петербургдаги етакчи педагогика институтини битирган заҳматкаш олимнинг устозлик фаолияти ҳам самарали кечди. У соғлиғи заифлашгани сабабли бир муддат Симферопол ва Одессада оддий ўқитувчи бўлиб ишлади. Саломатлиги тиклангач, Санкт-Петербургга қайтиб, кимё фани бўйича ”Солиштирма ҳажмлар ҳақида” магистрлик даражаси ишини ёқлади. 23 ёшида эса Петербург университети доцентига айланиб, ёшларга назарий ва органик кимё бўйича сабоқ бера бошлади. 1859-61 йилларда чет эл сафарида бўлиб, Гейдельбергда таниқли олимларнинг шахсий лабораторияларида суюқликлар капиллярлиги ва сиртқи таранглиги муаммолари билан жиддий шуғулланди. Санкт-Петербургга қайтгач, университетда органик кимё фанига доир янги мавзуларда маърузалар ўқишга киришди.
У 1864 йили Петербург технология институти профессори этиб сайланди. Шу даргоҳда “Спиртнинг сув билан бирикмалари” мавзусида кимё фани бўйича докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Икки йилга қолмай, Петербург университетнинг ноорганик кимё кафедрасига раҳбар этиб тайнланди ва 23 йил шу лавозимда ишлади. Айнан ўша даврда унинг илмий ва педагоглик фаолияти гуллаб-яшнади.
Аммо 1890 йил баҳорида эскича таълим тизимидан норози бўлган университет талабалари исён кўтаришади. Ўзларининг ҳақли эътирозлар битилган арзномаларини вазирга етказишни Д.Менделеевдан сўрашади. У ёшлар илтимосини бажонидил адо этади. Афсуски, ҳаял ўтмай, вазирдан арзномани кўриб чиқишни рад этувчи жавоб келади. Қарабсизки, талабалар ғалаёни қайтадан бошланади. Уларга хайрихоҳ Д.Менделеев рўй берган ноҳақликларга чидай олмай, университетни ташлаб кетади. Сўнгра бор куч-ғайратини амалий ишларга сарфлайди. Чунончи, янги божхона тарифи лойиҳасини яратиб, унга бағишланган ”Изоҳли тариф” китобини нашр эттиради. Денгиз флоти ва ҳарбий вазирлик топшириғига кўра, тутунсиз порохни кашф қилади. Ўз навбатида, халқаро миқёсдаги бир қанча кўргазмаларда қатнашади. Турли қомусий луғатларнинг кимё фанига тегишли қисмларига муҳаррирлик қилади. Урал минтақаси саноатига оид монография ёзади. Шунинг баробарида ўзининг тавсиялари асосида қайта ташкил этилган Ўлчов ва оғирликлар Бош палатаси бошқарувчиси вазифасини бажаради
Зеро, Дмитрий Менделеев тиниб-тинчимас ва изланувчан олимлар сирасига кирарди. Илло, ўзининг машҳурлигига ҳам, шаънига айтилаётган ҳамду саноларга ҳам унчалик эътибор бермасди. Энг қизиғи, у ўта хокисор, айни чоғда, анча асабий ва сержаҳл инсон эди. Бунинг қатор сабаблари бор эди.
Аввало, у 1834 йил январида энг катта оилалардан бирида туғилган ўн еттинчи фарзанд эди. Ўзидан олдин дунёга келган опа ва акаларининг саккиз нафари гўдаклигидаёқ нобуд бўлган, бирови эса 14 ёшида оламдан ўтганди. Шу боис келиб чиқиши савдогарлар ва саноатчилар шажарасига мансуб онаси Мария Дмитреевна жигаргўшалари доғида куйиб, адои тамом бўлганди. Муқаддам Тоболск шаҳридаги гимназия ва округ ўқув юрти директори бўлиб ишлаган отаси Иван Менделеев эса умрининг охирида кўр бўлиб қолиб, минг бир азоб-уқубатда умр кечирганди. Энг ачинарлиси, Дмитрий 13 ёшида отасидан, 16 ёшида онасидан жудо бўлади.
Иккинчидан, унинг оилавий ҳаётда ҳам омади юришмайди. Аввалига ўзидан олти ёш катта Физа исмли аёлга уйланиб, уч фарзанд кўради. Лекин болаларидан тўнғичи чақалоқлигида, иккинчиси 33 ёшида вафот этади. Кейинчалик Д.Менделеев актриса Агнессани ёқтириб қолади. Афсуски, у билан ҳам узоқ бирга яшамайди. Ахийри, Анна Попова исм-шарифли аёлни ўзига умр йўлдоши қилиб танлайди. Оқибатда ҳар хил таъна-маломатларга гирифтор бўлади. Ҳатто, айрим ғаламислар император Александр Учинчига “Менделеевнинг бир нечта хотини бор!” деган иғвогарона гапни етказишади. Хайриятки, император бағрикенглик қилади. “Менделеевнинг рафиқаси ўнта бўлиши ҳам мумкин, лекин у улуғ олим сифатида ҳаммамиз учун ягонадир!” дейди мийиғида кулиб.
Шубҳасиз, юқорида тилга олинган оғир йўқотишлар Д.Менделеевнинг ўксик қалбида мангу армон бўлиб қолганди. Ўзи ҳақидаги иғволар ҳам асабини эговларди. Ўлганнинг устига тепгандай, уйидаям тинчлик йўқ эди. Аллақачон тўрт фарзанднинг онасига айланган Аннанинг жағи тинмас, уззукун хархаша қилавериб, жонга тегарди. Д.Менделеев эса бошқа аксарият алломалар сингари фақат бола-чақа, оила ташвиши билан ўралашиб қолишни истамас, ўз орзу-хаёллари оғушида яшагиси келарди. Шунинг учун ҳам қартайган чоғида, қачон қараманг, сочлари елкасига тушган, соқоли ўсган ҳолда юрарди. Кўпинча эски бичимдаги жулдурвоқи камзулга ўралиб, Санкт-Петербург кўчаларида сандироқларди. Гоҳида ҳовлисидаги баҳайбат дарахт кавагига кириб олиб, соатлаб хаёл сурар ёки эртанги об-ҳаво қандай бўлишини, ердаги ва тепадаги намлик ўртасидаги тафовутни аниқларди. Ишдан бўш пайтларида эса ихчам ва бежирим жомадонлар ясаш билан шуғулланарди. Инчунин, ҳамшаҳарлари уни кўпроқ олим эмас, балки қўли гул уста сифатида ҳурмат қилишарди. Халқ орасида “Менделеев зўр кимёгарми ёки моҳир жомадончими?” қабилидаги учирма саволлар оғиздан-оғизга ўтиб юрарди.
Яна бир эътиборли жиҳати – Дмитрий Менделеев ўта камтар инсон бўлган. Масалан, бир гал уни университет лабораторияси мудирлигига таклиф этиб, ўттиз минг рубль (ўша пайтда бу жуда пул ҳисобланган) миқдорида маош тўлашни ваъда қилишади. Аммо олим бу вазифада ишлашга рози бўлмайди. “Менга минг рубль ҳам етади, – дейди қарияларга хос босиқлик билан. – Чунки кам маошли ишни истаган пайтда ташлаб кетиш мумкин ва бунинг учун ачинмаса ҳам бўлади”.
Дарвоқе, у пулга муҳтожлик сезганида, боя айтганимиздек, устачилик қилиб, кунини ўтказаверарди. Лекин хайрли ишлардан, давлат топшириқларини бажаришдан ҳеч қачон бош тортмасди. Айтайлик, ХIХ аср охирларида аҳоли ўртасида сифатсиз қўлбола спиртли ичимликлар тайёрлаш урчиб кетади. Бора-бора одамларнинг ундан заҳарланиши, ошқозон-ичак, буйрак яллиғланиши сингари касалликлар кескин кўпаяди. Бундан хавотирга тушган ҳукумат Д.Менделеев зиммасига спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришни саноат асосида йўлга қўйиш усулини яратиш вазифасини юклайди. Олим бу борада узоқ вақт тажрибалар ўтказиб, спирт қувватини 96 даражагача етказади. Кейин унга сув қўшиб, ҳар хил ароқлар тайёрлайди. Пировардида ўзига маъқул бўлган 40 даража қувватга эга ичимликни яратади. Шу тариқа илк бор рус ароғини кенг кўламда саноат йўли билан ишлаб чиқаришга тамал тоши қўяди.
Эҳтимол, бу гапни эшитиб, шундай ноёб истеъдод соҳиби ҳам одамлар умрига зомин бўлувчи, қанчадан-қанча оилаларни барбод қилувчи заҳриқотилни кашф қилиш билан ҳам шуғулланган экан-да, деб ҳайратга тушишингиз мумкин. Лекин Менделеев бу ишга қўл урмаганида, сархушликка мойил кишилар орасида рўй берадиган турли хасталиклар ва кўнгилсиз ҳодисалар ҳозиргидан ҳам бешбаттар авж олиб кетиши тайин эди. Олимнинг эзгу мақсади инсониятни минг бир балоларга гирифтор қилиш эмас, балки келгусида шусиз ҳам авж олиб кетиши муқаррар бўлган ичкиликбозликнинг салбий асоратларини камайтиришга ва аҳоли соғлиғини асраб-авайлашга имкон қадар ҳисса қўшиш эди.
Д.Менделеев 1907 йил 20 январда ўпка зотилжами туфайли вафот этади. Ҳамшаҳарлари уни дафн этиш маросимини дабдаба билан ўтказишади. Аммо негадир қабр тошига туғилган ва қазо қилган йилларини ёзишни унутишади. Бу анча баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Шунда Менделеевнинг Люба исмли қизига уйланган, доимо қари қайнотасининг одатларидан ҳайратга тушиб, “Бу чол биз яшаётган дунёнинг одами эмас”, деб юрадиган машҳур шоир Александр Блок кўпчиликка маъқул бир гапни айтади. “Жузъий хатодан ранжиб, шовқин кўтаришнинг ҳожати йўқ. Негаки, даҳоларнинг туғилган ва ўлган санаси бўлмайди. Уларнинг номи тарих саҳифларида, хотираси эса халқ қалбида мангу яшайди!” дейди.
Зеро, кейинчалик Россия Физика-кимё жамияти кимё соҳасидаги энг яхши ишлар учун Дмитрий Менделеев номида иккита мукофот таъсис этди. Олимнинг кутубхонаси ва иш кабинети эса Петроград университети тасарруфига ўтказилиб, бебаҳо мерос сифатида қатъий муҳофазага олинди.
Абдунаби Ҳайдаров