Маълумки, қадим замонлардан бери ҳайвонлар ҳатти-ҳаракатига қараб табиат ҳодисалари ва об-ҳаво олдиндан башорат қилиб келинади. Ҳўш, ҳайвонлар бўлажак воқеаларни қандай қилиб олдиндан билади? Бунга нима ёрдам беради? Худди шу каби саволлар билан қизиққан Хюстон об-ҳаво бюроси бир фермернинг сигири билан мусобақалашди. Маҳаллий газета ҳакамлик қилиб, об-ҳавони олдиндан айтиб беришда ҳар бир тўғри маълумот учун бир очкодан баҳолаб борди. Буни қарангки, мусобақа якунида фермернинг сигири Хюстон об-ҳаво бюроси устидан 9:8 ҳисобида ғолиб чиқди.
Воқеани кузатиб борган мутахассислар уни илмий жиҳатдан асослашга шошилмасдан, хилма-хил характердаги ва турли вақтда рўй берадиган ҳодисалар — биосистеманинг хатти-ҳаракати билан атроф-муҳитнинг аҳволи ўртасидаги алоқадорликни чуқурроқ ўрганиш кераклигини таъкидлашмоқда. Бироқ шу ўринда яна бир савол туғилади: Чумолидек бир жонзот қишда ёғадиган ёғин-сочин миқдорини ёздаёқ била олса, инсон миясидаги келажакни олдиндан кўра билиш қобилияти, унинг мураккаб биосистемаси нималарга қодир экан?
Шу ҳақда ўйлайсану инсониятга дахлдор баъзи башоратлар олдида лол қоласан киши.
1924 йили профессор В.Ветчинкин Москва университетида лекция ўқиётиб, шундай дейди:
—Тахминан эллик йиллардан кейин одам Ойга етиб боради…
Шу пайт залдан кимдир луқма ташлади:
—Аниқроқ айтиш мумкинми?
—Мумкин, – жавоб қилди профессор. —Техника тараққиётини назарда тутган ҳисобларимга кўра, бу ҳодиса 1972 йилга қадар рўй беради.
1969 йилдаёқ Ойга инсон қадами етганини эса эслатиб ўтишга ҳожат бўлмаса керак.
Аммо тарихий кўпгина ҳодисалар келажакни олдиндан кўра олишда одам бундан ҳам юксак қобилиятга эгалигини кўрсатади.
Монах Авел Россия императорлари Екатерина ИИ билан Павел И ўладиган кунни соатигача олдиндан айтиб бергани, франтсузлар босқини ва Москва ёндирилишини башорат қилгани учун қайта-қайта турмага тушаверган ва оқибатда ҳаётининг 20 йилини маҳбусликда ўтказган.
1817-1818 йилларда Александр Пушкинга келгуси ҳаёти башорат қилиниб, у тез орада машҳур бўлиб кетиши, икки марта сургун қилиниши ва энг муҳими — узоқ умр кўриши мумкинлиги, аммо 37 ёшида баланд бўйли малла йигитдан, оқ от ва оқ бошдан эҳтиёт бўлиши кераклиги айтилган.
Кейинчалик топилган Пушкиннинг дўстларидан бирининг кундалигида эса шундай ёзилган: «1837 йил, феврал. Пушкин Дантес билан дуелда ҳалок бўлди… кишининг ишонгиси келмайди. Миш-мишлар тўғри чиқди… Башоратни эсладим…» Дарҳақиқат Пушкин 37 ёшида дуелда баланд бўйли (1 метр 80 сантиметр) малла йигит Дантес томонидан ўлдирилди. Қарангки, 20 йил олдинги башорат тўғри чиқди!
Пушкин малла рангли баланд йигитдан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги огоҳлантиришга қарамай, А. Муравевнинг шоҳидлигига кўра, ўзини ғалати тутган: «… шу белгилари учраган заҳоти у, ўша машъум одам шу эмасмикан, деб ўйлайверган. Пушкин ўз тақдирини тезроқ синаб кўриш учун ҳатто бундай одамнинг ғашига тегишга ҳам уринган».
Пушкин ҳаёти мисолидаги ушбу башоратда қадимги Рим нотиғи Цицероннинг «Башорат кўп ҳолатда руҳий жиҳатдан зарарлидир» деган фикри ўз исботини топгандек. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам, ушбу қобилият кучли ва кучсиз равишда барчамизда мавжуд бўлади ва биз унинг кичик кўринишини «оёғим тортмади», «юрагим сезиб турибди», «дилимдан ўтказиб турувдим» каби фикрларда кўришимиз мумкин.
Инсоният ҳаётида келажакни олдиндан кўра билиш қобилиятининг яна муҳим бир томони шундаки, жонли организм ҳали яқинлашиб улгурмаган хавф-хатардан самарали ҳимояланиши мумкин. Қолаверса, мутахассислар бу қобилият раҳбар ходимлар учун ниҳоятда муҳимлигини эътироф этишади. Сабаби, кўп ҳолларда уларнинг қобилияти — айнан ана шу ички сезгини ишга сола билишлари орқали намоён бўлади. Ва яна баъзида бу қобилият жамоа иккиланувчи вазиятга тўғри келиб қолганида, раҳбарнинг бирдан-бир тўғри қарорга келишида ҳам ёрдам беради. Дарвоқе, бу сезувчан қобилиятнинг киши шахс сифатида шаклланишида ҳам муҳим хоссаси бор. Гап шундаки, баъзида инсонлар ўз имкониятлари ва салоҳиятлари етмайдиган ишга уринишади ва ҳаракатлари самарасиз кетгач тушкун кайфиятда юришади. Агар ички сезувчан қобилиятини ишга солиб, ақлий салоҳияти ва имконияти етадиган режа сари интилсалар борми, бунда аввало мақсадга эришиш билан бирга инсоннинг ўз кучига бўлган ишончи ортади.
Зебо НАМОЗОВА тайёрлади.