Зар қоғоз қопланган ғўлани кўз олдингизга келтиринг. Овозни кучайтирувчи карнайга уланган игнанинг учи ўша ғўлага тегиб турибди. Ғўла секин айланяпти. Овоз кучайтирувчи бу карнайга гапирилса, товуш зарбидан игна ҳаракатга келади ва унинг учи зарқоғозга дам катта, дам ингичка из ўяди ва бу билан товуш йўлчалари ҳосил бўлади. 1877 йили америкалик ихтирочи Эдисон яратган товуш ёзиш ва овоз эшитиш аппарати – фонограф шу йўсинда ишлаган. 1888 йили эса немис ихтирочиси Берлинер фонограф ғўласи ўрнига айланувчи таглик ўрнатди. Шу тариқа грампластинка келиб чиқди.
Ковакдаги ширинлик
Қадимда асал тўплаш учун одамлар ўрмонларга боришган. Ёввойи асаларилар яшайдиган дарахт ковакларини топиб тўпланган асални олишган, уя «хўжайин»лари эса бунга қаршилик қилган. Одамлар дарахтларга ясама коваклар ҳам ўрнатишган. Бироқ кейинчалик тўнка ва ғўладан ковак ясаб, ғўлаларнинг ўзини дарахтларга осиб қўйиш енгил кўчиши маълум бўлган. Славянлар сунъий ковакларни ўрмон асаларичилиги, маҳсулот йиғувчиларни асаларичилар деб аташган. Вақт ўтиши билан улар ясама ковакларни бир-бирига яқин қилиб жойлаштиришган. Шу тариқа асаларихоналар вужудга келган.
Қатиқ иштирокида бўёқ
Ўтмишда одамлар махсус бўёқ моддасини излаб юришмаган. Улар ғор деворида, дарахт ва терида нимаики из қолдирса, масалан, бўрми, қоракуями, лой ёки ўсимлик шарбатими, дуч келганини бўёқ учун ишлатаверганлар. Кейинчалик минераллар, ўсимлик ва ҳайвон организмидан ҳақиқий бўёқлар яратила бошланган. Масалан, қадимий римликлар пурпур(қимматбаҳо қизил бўёқ)ни денгиз моллюскаларидан олишган. Аждодларимиз қизил мисни қатиққа солиб, идишни икки ҳафта иссиқ жойда сақлашган ва ундан «яр» – ярқироқ бўёқ ҳосил бўлган. ХИХ асрнинг ўрталарида Англияда сунъий бўёқ тайёрланган. ХХ аср бошларида, айниқса, ҳозирги даврга келиб сунъий бўёқнинг бири-биридан антиқа хиллари чиқиб кетди.
Баскетбол қаерда ўйналган?
Икки ярим минг йиллар муқаддам ҳиндулар «покта-пок» ўйинини ўйнашган. Яъни улар каучук шарларини баланд жойларга маҳкамланган ёғоч гардишларга ирғитиб туширишган. Шарни қўл билан ушлашга рухсат берилмаган, у фақат тирсак, тизза ва бўкса билан ўйналган. ХВИИ асрда Русияда ҳам коптокни осма саватга ташлаш ўйини бўлган. Агар буларни «ибтидоий баскетбол» деб атасак, ҳозир биз билган баскетбол 1890 йили АҚШдаги коллежлардан бирида вужудга келган ва ўша ерда инглизча «корзина» ва «тўп» сўзларидан «баскетбол» атамаси келиб чиққан. Илк баскетбол тўплари ҳозиргидек ипдан тўқилган саватчага эмас, балки шафтоли териладиган саватларга ташланган.
Омонулло Абдусаломов
“Маърифат” газетасидан олинди.