Буюк Британияда BBC телеканали ҳашаротларга бағишланган, Life in the undergrowth («Буталардаги ҳаёт») деб номланган янги илмий оммабоп сериални намойиш қилишни бошлади. Энг замонавий телекамералар ёрдамида муаллифлар шу пайтгача инсон нигоҳи илғай олмаган саҳналарни суратга олишга муваффақ бўлишганки, уларни томоша қилар экан, киши ўзини бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қилади.
Янги ҳужжатли сериал ҳақида хабар берар экан, Британиянинг Тҳе Миррор газетаси ҳашаротлар ҳаётидан 25 ажабтовур фактни эълон қилди:
1. Ҳашаротлар – бундан 400 млн. йил илгари Ерда пайдо бўлган илк жонли мавжудотлардир. Ўшандан буён улар бешта оммавий ҳалокатларни бошдан кечиришди ва тиранозаврлардан кўра яшовчанроқ эканликлари маълум бўлди.
2. Ҳозир дунёда асалариларнинг 20 мингга яқин тури мавжуд. 500 грамм асал йиғиш учун битта ари уясидан гулгача 10 млн. марта учиб боришига тўғри келади.
3. Урғочи суварак бир йил давомида 2 миллиондан зиёд тухум қўйиши мумкин. Бундан ташқари суварак тўққиз кун бошсиз яшай олади.
4. Бир йил давомида ўргимчаклар истеъмол қиладиган барча ҳашаротларнинг оғирлиги ер юзида яшовчи барча инсонлар вазнидан оғир бўлади.
5. Ўргимчакларнинг 35 мингга яқин тури маълум ва ҳамма вақт янги-янги турлари кашф қилинаяпти.
6. Қор чаёнларининг қонида антифриз мавжуд, шунинг учун улар тселсий бўйича минус 6 градус ҳароратда ҳам яшай оладилар. Бироқ бундай чаённи қўлга олсангиз ўлиб қолади.
7. Урғочи уховёрткада иккита пенис бўлиб, ҳар бирининг узунлиги унинг ўзининг бўйидан ортиқроқ. Бу органлар жуда мўрт бўлиб, тез синади. Шунинг учун ҳашаротлар заҳира органлар билан туғиладилар.
8. Чумолилар ҳеч қачон ухламайди. Ер юзида қанча турда қуш бўлса (9000), чумолиларнинг ҳам деярли шунча (8800) тури мавжуд.
9. Капалаклар таъмни орқа қисми ёрдамида сезади. Қанотларининг ранги нурни акслантирувчи пардалар ёрдамида ҳосил бўлади.
10. Аборигенлар ғўла личинкаларини қайноқ сувга булаб «витчетти» тайёрлайдилар. Шу тариқа уларнинг таъми қуймоқникига ўхшаб қолади.
11. Асалариларнинг бешта кўзи мавжуд. Учтаси бошнинг юқори қисмида, иккитаси эса олдинда бўлади. Асалари қанотларини бир дақиқада 11.400 марта қоқадики, бу ўзига хос ғўнғиллашга ўхшаб эшитилади.
12. Ҳозир қўнғизларнинг 400 мингга яқин тури маълум. Энг йирик титан қўнғизнинг бўйи 17 см.га етиши мумкин.
13. Ниначи энг тез учувчи ҳашарот ҳисобланади. Унинг ҳаракатининг тезлиги 57 км/соатга етади.
14. «Витчетти» личинкаларини тириклай истеъмол қилган яхши. Катта ёшли киши ўнта йирик личинкага тўяди.
15. Ҳашаротлар оқсил, углеводлар, витамин ва минералларга бой таом ҳисобланади. Таиландда улар деликатес таом саналади, у ерда қовурилган қора чигиртка ва чигирткаларга талаб катта.
16. Амаробиа ўргимчакларининг болалари туғилганларидан сўнг ўз оналарини ейишади. Баъзи урғочи ўргимчаклар жуфтлашиш жараёнидаёқ эркак ўргимчакларни ейишни бошлашади. Шу тариқа марҳум ота ўз авлоди учун озиқ ҳисобланади.
17. Қора чигирткаларнинг қулоқлари олдинги оёқларида жойлашган. Бундан ташқари уларга қараб ҳароратни билиш мумкин: бунинг учун бир дақиқада неча марта чириллашини аниқлаш, уни иккига бўлиш, сўнг чиққан сонга тўққизни қўшиш ва натижани иккига бўлиш керак. Ҳосил бўлган сон ҳароратни тселсий градусларида кўрсатади.
18. Барча ҳашаротларнинг тахминан учдан бир қисми йиртқич ҳисобланади ва уларнинг аксарияти ўлимтик ва қолдиқ овқатни емай, ўзи ов қилади.
19. Бешиктебратар ўз танасининг узунлигидан 40 баравар узоқроққа сакраши мумкин, бургалар эса 130 баробар.
20. Сайёрамизнинг инсон ўзлаштирган ҳар бир квадрат милида 26 млрд.дан зиёд ҳашарот яшайди. Олимларнинг фикрига кўра, яна фанга номаълум ҳашаротларнинг 5-10 млн.та тури мавжуд.
21. Майда чақувчи ҳашаротлар, оқбошлар, қанотларини бир дақиқада 62.760 марта қоқишади, кўз илғамас тезлик!
22. «Лолита» муаллифи Владимир Набоков бир неча капалак турларини кашф қилган. Улардан бири ёзувчи шарафига унинг номи билан аталган.
23. Уй пашшалари одатда ўзлари пайдо бўлган жой яқинида яшашади, бироқ маълум бўлишича улар шамол таъсирида 45 км. узоқликкача «кўчиб» боришлари мумкин экан.
24. Дунёдаги энг йирик тунги капалак Аттаcус Алтас. Қанотлари ёйилганда 30 см.га етиши боис кўпинча кўрганлар уни қуш деб ўйлашади.
25. Чўл чигирткасининг галасида 50 млрд. ҳашарот бўлиши мумкин. Ҳар бир чигиртка ўз вазнига тенг овқатни ея олади. Мазкур гала бир кунда Ню-Ёрк аҳолиси ейдиган овқатдан тўрт баравар кўпроқ овқатни паққос туширади.
Масъудбек Ҳасан тайёрлади.