Гиннеснинг рекордлар китобидан: Маҳбуслар ва қамоқхоналар

ЭНГ ҚАТТИҚ ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ҚАМОҚХОНА

Бу — АҚШдаги «Супермакс» қамоқхонасидир. У Колорадо штатининг Пуебло шаҳри яқинидаги ўрмонда жойлашган. Энг замонавий кузатув мосламалари билан тўлиқ жиҳозланган ушбу қамоқхонанинг пўлатдан ясалган 1400 та эшиги бўлиб, уларнинг ҳар бири масофадан туриб бошқарилади. У ерда маҳбуслар суткасига 23 соат ўз камераларида ётадилар. Фақатгина 1 соат вақт уларга тиканли сим ва қўриқлаш миноралари билан ўралган қамоқхона ичида «сайр» қилиш учун берилади. Шунда ҳам улар қўллари кишанланган ҳолда, қаттиқ кузатув остида бўладилар.

ҚАМОҚХОНА — ТЎЙХОНА?!

2000 йил 14 июнда Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида жойлашган «Карандиру»  қамоқхонасида 120 нафар маҳбуснинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Улар учун турманинг 6-блоки ўзига хос безатилиб, черков вазифасини ўтаб берди.
Ўша куни куёвтўралар пиджак кийган ва галстук таққан, қамоқхонада кийиладиган махсус оч сариқ шимларда ғоятда «очилиб» кетган эдилар. Лекин барибир улар озодликда юриб уйланганлар ҳис қиладиган гўзал туйғуни лаззатланиб туймаган бўлсалар керак… Озодликка не етсин!

43 ЙИЛУ 10 ОЙ

Бу — Жанубий Кореялик Ким Сун Муннинг Сеул қамоқхонасида ўтириб чиққан вақти.
1951 йилнинг охирларида қамалган Ким Сун Мун учун қамоқхонада жуда кўп нарса, жумладан, газета ўқиш ва телевизор кўриш тақиқланган эди. Шимолий Корея коммунистлари билан алоқадорликда айбланиб жазога маҳкум этилган бечора Ким, ниҳоят, 1995 йилнинг августида 70 ёшида озодликка чиқарилди.

100 МИНГДАН 25 ТАСИ ЖИНОЯТЧИ!

Словения — аҳолисига нисбатан маҳбуслари энг кам бўлган мамлакатдир. Унинг аҳолиси 2 млн. бўлган ҳолда, маҳбуслари сони бор йўғи 500 та. Бу — ҳар 100 минг словенияликдан 25 нафари қамоқда дегани.