Фазо сирлари

Кейинги қирқ йилдан ортиқроқ вақт ичида 400дан ортиқ киши фазога парвоз қилди. Улар кўплаб нарсаларга дуч келишган. Аммо улар кўрган барча нарсалари ҳақида ҳам оғиз очишмаган. Бунинг устига уларга оғиз очмасликни маслаҳат берувчилар ҳам бор. Айтишларича, бир пайтлар Гагарин «агар рухсат беришганида, самодаги кўплаб қизиқарли ҳодисаларни айтиб берган бўлардим», деган экан.

Россия фуқаро авиацияси академиясининг физика кафедраси профессори Кирилл Бутусов ана шундай тақиқланган маҳлумотларни олишга муваффақ бўлди.

ЕРДАГИЛАР САМОДАН ҲАМ КЎРИНАДИ

«Ердаги жисмларнинг катталашиши» ҳодисасини биринчи бўлиб америкалик астронавт Гордон Купер баён қилган. У Тибет устидан учиб ўтаётиб, уйларни ҳеч қандай асбобсиз, оддий кўз билан кўрганлигини айтган. Орадаги масофа эса 300 километрни ташкил этарди! Космонавт Виталий Севастянов эса шундай дейди: «Мен Сочини кўрдим. Денгиз бўйидаги портни ҳам, икки қаватли уйимизни ҳам яққол кўрдим». Юрий Глазков ҳам бу фикрни тасдиқлайди: «Бразилия устидан учиб ўтаётиб, катта йўлни кўрдим. КЎк рангли автобус йўлда кетиб борарди».

ФАЗОДА ИТНИНГ ОВОЗИ

Осмонда ғалати товушлар эшитилишини космонавт Владислав Волков шундай таҳрифлаганди: «Ерда қоронғи тушганди. Бирдан итнинг ҳуришини эшитдим. Кейин эса гўдакнинг йиғлагани аниқ эшитилди! Буни тушунтириб беришнинг иложи йўқ».

КЎРИНМАС НИГОҲ

Баъзида самода «кузатиш» ҳодисаси содир бўлади. Космонавт худди ўзини кимдир орқада кузатиб тургандек ҳис қилади. Кейин эса пичирлаш эшитилади. Пичирлаган товуш шундай дейди: «Сен бу ерга жуда эрта ва нотўғри келдинг. Менга ишон, зеро мен сенинг аждодингман. Сизлар бу ерга келмасликларингиз лозим, Ерга қайт, Яратганнинг қонунларини бузма». КЎпинча бу овоз ишончли бўлиши учун фақат космонавтнинг ўзигагина маҳлум бўлган оилавий сирларни айтади.
– Бу ҳақда исмини айтишни истамаган бир космонавт айтиб берганди, – дейди Кирилл Бутусов. – Лекин шахсан ўзи шундай ҳодисага дуч келганлигини ва ўзига ўхшаган космонавтларнинг бир нечтасини билишини таҳкидлаган.
Космонавтлар ўзлари дуч келган бу ҳодисаларни чоп этишга кўп ҳам ошиқишмаганининг яна бир сабаби, одамлар уларни ақлдан озган, деб ҳисоблашларидан чўчишади.

Жавоҳирбек тайёрлади