Евгений Гик. Шахмат ҳангомалари

Евгений Гикнинг номи шахмат мухлисларига яхши таниш. У Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, физика-математика фанлари номзоди. Бир қатор халқаро турнирларда қатнашган, Москва кубогини қўлга киритган. Шахматга доир юздан ортиқ китоб ёзган. «Золотой телёнок» мукофотига сазовор бўлган. Шахматни оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун ФИДЕнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

Унинг қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган асарида шахматга дахлдор қувноқ, ғаройиб ҳангомалар қаламга олинган. Ҳангома қаҳрамонлари – машҳур шахслар – жаҳон чемпионлари, шахмат тожига даъвогар бўлган таниқли шахматчилар, донгдор гроссмейстерлар, олимлар ва сиёсатчилар, ёзувчи ва шоирлар, артистлар ва мусиқачилар. Уларнинг ҳаммаси қадимий шахмат ўйинининг фидойиси ва ашаддий ишқибози бўлишган. Муаллиф Михаил Ботвинник, Василий Смислов, Михаил Таль, Анатолий Карпов, Виктор Корчной, Марк Тайманов каби буюк шахматчилар, Леонид Зорин, Эмиль Брагинский, Аркадий Вайнер, Аркадий Арканов, Леонид Жуховицкий каби ёзувчилар, шоир Владимир Висоцкий, композитор Владимир Дашкевич, рассом Борис Краснов, иқтисодчи Леонид Абалкин, сиёсатчи ва ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжиновлар билан шахсан таниш бўлган, улар билан кўп суҳбатлашган. Аксарият ҳангомалар ана шу самимий мулоқотлар маҳсулидир.

Шуниси диққатга сазоворки, бу асарда мустабид тузумнинг айрим кирдикорлари, жумладан, спорт соҳасидаги ғирром сиёсати ҳам аччиқ кулгу воситасида усталик билан фош қилинади.

ЧЕМПИОННИ ЮТДИ

Шахмат бўйича биринчи жаҳон чемпиони Стейниц Англияда яшаганида камхаржликдан қийналиб, «Гамбит» қаҳвахонасида шахмат ўйнаб тирикчилик қиларди. Кунлардан бир куни у ҳар бир ютқазилган партия учун бир фунт стерлинг тўлайдиган сахий рақибни топиб олади. Стейниц унга олдиндан отни текинга берар ва ҳар гал ғалаба қиларди.

Чемпионнинг дўстларидан бири унга агар ҳар гал ютаверса, бунақа фойдали рақибдан ажраб қолиши мумкинлигини, шу боис гоҳо ютқазиб ҳам туриш зиён қилмаслигини эслатади. Бу маслаҳат Стейницга жўяли туюлади ва навбатдаги ўйинлардан бирида жўрттага фарзинни текинга бериб, ўз мағлубиятини тан олади. Кейин яна ўйнаш учун сипоҳларни тера бошлайди. Аммо шу лаҳза омади чопган рақиби жойидан сакраб туриб, қувончини ичига сиғдиролмай хитоб қилади:

– Мен чемпионни ютдим! Ниятимга етдим!

У шундай дея кўчага югуриб чиқади ва «Гамбит» қаҳвахонасини бир умрга тарк этади.

ФАРЗИНСИЗ ЎЙИН

Жаҳон чемпиони Ласкер поездда кетаётганида купедаги шахмат ишқибози бўлган қўшниси икки партия дона суришни таклиф қилади. Чемпион дам олмоқчи эди, шу боис шахматни яхши ўйнай олмаслигини айтади. Аммо қўшниси қистаб қўймайди, олижаноблик қилиб фарзинни олиб қўйиб ўйнайди.

Ласкер ундан тезроқ қутулиш учун тезгина таслим бўлади. Аммо қўшнисининг кўнгли жойига тушмай, яна сипоҳларни тера бошлайди. Шунда Ласкер бу хира пашшани бир бопламоқчи бўлади.

– Мен ҳаммасини тушундим,– дейди у. – Фарзин фақат халақит бераркан, мен ҳам фарзинсиз ўйнайман.

Қўшниси мазах қилиб узоқ кулади, аммо кейинги партияни ютқазгач, ҳангу манг бўлиб қолади. Энди унинг фарзинсиз ўйнаш гали келади, Ласкер яна таслим бўлади. Фарзин билан ўйнаган рақиби нималар бўлаётганини англай олмай, яна тезда мот бўлади. Ахири ҳаваскор шахматчи гарангсиб, тамомила ўзини йўқотиб қўяди, иш шу билан тугайдики, навбатдаги бекатда ҳамширалар уни замбилга солиб олиб кетишади.

ИСМИ УЗУН БЎЛСА…

Турнирдаги ўйиндан бўш кунлардан бирида кубалик жаҳон чемпиони Капабланка меҳмонхонага қоқ ярим тунда қайтади.

– Ким у? – деб сўрайди эшик оғаси уйқусираб.

– Хосе Рауль Капабланка-и-Грауспера.– Ишончлироқ чиқиши учун чемпион исмини тўлиқ айтади.

– Яхши, киринг, – дейди эшикоға тўнғиллаб,– фақат охирги шеригингиз эшикни маҳкамроқ ёпиб қўйсин.

ТАСЛИМ БЎЛДИ

1925 йили «Шахмат жазаваси» фильми суратга олинаётганда Капабланка ўттизта тахтада сеанс беради. Чемпионнинг қаршисида кейинчалик сатира театрининг артисти бўлган ёшгина Валентина Токарская ҳам ўтирарди. Пионер саройининг чемпиони бўлган қизалоқ жаҳон чемпиони билан кучини синаб кўрмоқчи эди. Аммо бунинг иложи бўлмади. Аёлларга ишқибозлиги билан ҳам машҳур бўлган Капабланка гўзал бу хилқатнинг қаршисига келди-ю, бутунлай инон-ихтиёрини йўқотиб қўйди. Қизалоқнинг титроқ қўллари билан қилган биринчи юришидан кейиноқ у рақибидан кўз узолмай, шоҳини ёнбошига ағдариб, оҳиста шивирлайди: «Таслимман!».

Капабланка қолган ҳамма партияларни ютади.

ХОТИРА КУЧЛИ БЎЛСА

Алёхин ноёб хотираси билан ҳам замондошларини ҳайратга солиб келган. Ўшанда, аниқроғи 1919 йили бўлажак чемпион киностудиялардан бирида ишларди. Ишхонасида ўтирганида бир эркак кириб, ўқув бўлимидан биронтасини чақириб қўйишни сўрайди.

– Мен сизни эшитаман, фуқаро Полуэктов,– дейди Алёхин.

– Биз сиз билан танишмизми? – дейди ҳалиги одам ҳайрон бўлиб.

– Бундан тўрт ой муқаддам,– дейди Алёхин кулимсираб, – сиз Феррейннинг дорихонасида врач Заседателевнинг йўлланмаси бўйича томоғи оғриётган олти ёшли қизингиз Анна учун дори буюртма бердингиз. Мен ўшанда навбатда турувдим ва сизларнинг гапингизни тасодифан эшитиб қолувдим.

Полуэктов ҳангу манг бўлиб қолади.

– Сиз ўшанда четлари суякдан ясалган кўзойнак тақиб олгандингиз, – дея гапида давом этади Алёхин.– Ўнг чўнтагингиздан тимсоҳ терисидан қилинган ҳамёнингизни олиб, ичидан…

Алёхин шу ерга келганда гапини тугатолмай қолди. Қўрқиб кетган мижоз кўчага чопиб чиқиб кетганча қайта бу ерда қорасини кўрсатмайди.

Кулгили ҳолат! Аммо орадан бир йил ўтгач, бўлажак чемпион милициянинг бош қидирув бошқармасида ишлаб юрганида унинг хотирасидан азият чекканларнинг кўнглига кулги сиғмаган.

Бир куни Алёхин навбатчининг тутиб келтирилган, ўзини Иван Тихонович Бодров деб атаётган кимса билан гаплашаётганини эшитиб қолади.

– Нима дедингиз? Фамилиянгиз? – дея Алёхин суҳбатга аралашади.

– Бодров, – дейди ҳалиги кишини гапини такрорлаб.– Хўш, нима демоқчисиз?

– Сиз Бодров эмас, Орловсиз, – дейди Алёхин масалага аниқлик киритиб.– Иван Тихонович эмас, Иван Тимофеевичсиз.

– Мени тузоққа илинтирмоқчи бўляпсизми? Чучварани хом санабсиз, ўртоқ бошлиқ!

– Бундан икки йил муқаддам, ҳарбий комиссариатда биринчи марта сизни кўрганимда ўзингизни Иван Тимофеевич деб таништирувдингиз,– деди Алёхин. – Кўкрагингизда ингичка оқ занжирга осилган хоч кўриниб турувди. Ундан пастроқда холингиз бор эди.

Жиноятчи худди оёғига тушов солингандек турган жойида қотиб қолди. Навбатчи унинг кўйлагидаги тугмаларни ечганида ҳамма занжирли хоч ва холни кўради. Кўп ўтмай тергов бу одамнинг ҳақиқатан ҳам қамоқдан қочган ашаддий жиноятчи Орлов эканини тасдиқлайди.

Хуллас, буюк шахматчига рўпара бўлган жиноятчининг омади чопмайди.

СИРЛИ СЕАНС

Ёш Найдорф бир турнирдаги мусобақада Алёхин билан дурангга эришади.

– Табриклайман, – дейди рақиби унга қўлини узатиб.– Энди сиз жаҳон чемпиони билан дурангга эришганингиздан фахрланиб юрасиз.

– Кечирасиз, бизнинг ўртамиздаги учрашувлар 1,5 : 0,5 ҳисобида менинг фойдамга ҳал бўлган, – дейди Мигел кулимсираб.

– Бу қанақа ҳазил? – шахмат қироли ҳайрон бўлади.

– Ҳа-ҳа, бир куни сиз Варшавада сеанс бераётганингизда менга ютқазиб қўювдингиз.

– Бундай бўлиши мумкин эмас, сиз янглишяпсиз,– дейди Алёхин қатъий қилиб.– Мени ютган ҳамма шахматчиларни яхши танийман.

– Ундай бўлса, бу воқеа қандай ҳолатда содир бўлганини эслатишга рухсат бергайсиз,– деди Найдорф.– Ўша сеансда йигирма бешта тахтада ўйин бўлиши кўзда тутилганди, аммо сиз билан куч синаш иштиёқи баланд бўлган яна икки нафар ўсмирни ҳам ўйинга қўшиш учун сиздан рухсат сўрашади. Аммо 25 рақами олдиндан келишилгани учун сиз таклифга кўнмайсиз. «Наҳотки шу болакайлардан қўрқсангиз?» – дейди ташкилотчилардан бири сизнинг қитиқ патингизга тегиб. «Нима-нима? – дейсиз сиз норози бўлиб.– Мен улар билан ҳатто тахтага қарамай ўйнашга ҳам тайёрман.!» Шундан кейин ҳалиги ўсмирларни сизнинг кўрмаслигингиз учун сеанс бўлаётган жойдан нарироққа ўтқазишади. Ўшанда сеанс 24:1 ҳисобида тугайди, ягона ғалаба сиз тахтага қарамай ўйнаган болалардан бирига тегишли эди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўша болакай мен эдим!

– Э-э, ўшанда руҳни е 6 хонасида қойилмақом қурбон қилган сизмидингиз?! – дея хитоб қилади Алёхин олис хотира бўлиб қолган ўша учрашувни эслаб. – Мен бўлсам бундан йигирма йил муқаддам Варшавада мени боплаб ютган рақибимни кўролмай хуноб бўлиб юрувдим!

ЖАННАТДА ШАХМАТ

Жаҳон биринчилиги учун бўлган ўйинда Боголюбовни ишонч билан мағлубиятга учратган Алёхин матч шарафига уюштирилган зиёфатда калондимоғ рақибининг попугини сал пасайтириб қўйиш учун ўзи тўқиган шундай бир латифани айтиб берган эди:

– Мен бугун тушимда ўлиб қолган эмишман. Жаннат эшигига келсам, авлиё Пётр «Фоний дунёда ким бўлган эдинг?» – деб сўраб қолди. «Шахмат бўйича маэстро эдим» – дея жавоб бердим. «Йўқ, бунақаларни жаннатга қўймаймиз» деди ҳазрат. Бошим қотиб, энди кетмоқчи бўлиб турганимда жаннат боғларида юрган Боголюбовни кўриб қолдим. «Ана бу жаноб жаннатда нима қилиб юрибди? – дедим.– Ахир у ҳам шахмат ўйнайди-ку?!» «Йўқ, нималар деяпсиз? – деди Пётр, – унга шундай туюлади».

ТАСОДИФИЙ РАҚИБ

Эйве Гаага – Амстердам йўналиши бўйича поездда кетаётган эди, купедаги қўшниси икки қўл шахмат ўйнашни таклиф қилади.

– Сизни олдиндан огоҳлантириб қўяй,– дейди ҳамроҳи, – мен кучли шахматчиман, уч йил қаторасига клубимизнинг чемпиони бўлганман.

Улар Амстердамга етгунча Эйве мақтанчоқ қўшнисини бир неча бор қақшатқич мағлубиятга учратади. Нарсаларини йиғиштираётган ҳамроҳи ҳайратланиб, ўзича минғирлайди:

– Бунга ақл бовар қилмайди! Поездда тасодифий бир йўловчига ютқазиб ўтирибман-а! Мени ҳамма «Клубимизнинг Эйвеси!» дейишарди.

ЧАҚУВНИНГ МИСИ ЧИҚДИ

Жаҳон чемпиони унвони учун 1948 йили ўтказилган матч-турнир олдин Голландия, кейин СССРда (ҳал қилувчи қисми) ўтказилганди. Турнир ўртасида мусобақанинг бўлажак ғолиби Михаил Ботвинник уйига бориб келгач, ҳал қилувчи жангларга тайёрланар, бу орада Покровский деган ВКП(б) МК ташвиқот ва тарғибот бошқармаси ходими зимдан ғаламислик қилаётган эди. У гроссмейстер устидан юқори идораларга чақимчилик қилиб маълумот юборарди: «Гаагадан Москвага қайтаётиб, Ботвинник ўзи билан ўн бешта жомадон олади …Бошқарма узоқ муддат кузатиб юрди… Биз Гаагадаги ўртоқлар билан суҳбатлашганимизда…» ва ҳ..к.

Албатта, Ботвинник Голландияда оиласи – хотини ва қизи билан бўлгани, Москвадан ўзи билан ўнта жомадон олгани, улар асосан шахматга доир китоблар билан тўлдирилгани ҳисобга олинмаган эди.

Чақув – анча қалтис, жиддий масала бўлиб, шахмат тожи океан ортига равона бўлиши мумкинлиги билан ҳам ҳисоблашиб ўтирмай, Ботвинникни мусобақадан четлаштиришлари мумкин эди. Таажжубланарлиси шундаки, Ботвинникни ўша даврдаги давлат раҳбарларидан бири бўлмиш Клим Ворошилов қутқариб қолади. У муросага ундаб, шундай деганди: «Хўш, нима бўпти, хорижликлар Москвадан юртига қайтаётганларида йигирматалаб жомадон кўтариб кетадилар-ку. Ўзимизда ҳамма нарса сероб бўлса, чет элдан ниманиям олиб келиш мумкин?!»

Ҳа, Климент Ефремовичнинг умрида бирон марта совет дўконларига кириб кўрмагани Михаил Моисеевичга қўл келган эди.

ҒАМХЎР ҲОКИМИЯТ

Юқорида эслатилган матч-турнирнинг Голландиядаги қисми якунига етгач, Ботвинник биринчи, америкалик Решевский иккинчи ўринда келаётган эди. Бундай таъқиб совет ҳукуматини ташвишлантириб қўяди. Мусобақанинг иккинчи қисми Москвада ўтказилиши муносабати билан юзага келган икки ҳафталик танаффус пайтида Ботвинникни партия Марказий комитетига чақиришади. У билан Сталиннинг энг садоқатли сафдошлари – Ворошилов ва Жданов шахсан суҳбатлашади.

– Биз америкалик жаҳон чемпиони бўлиб қолиши мумкин деб хавфсираяпмиз, – дейди Жданов,– шу боис сизни қўлламоқчимиз. Агар совет гроссмейстерлари Керес ва Смисловлар сизга атайин ютқазиб беришса, қаршилик қилмассиз деб ўйлаймиз. Бу билан улар ўзларининг ҳақиқий ватанпарвар эканликларини намойиш этадилар.

Михаил Моисеевич эътироз билдирмоқчи бўлганда, мафкура котиби оғиз очирмайди. Шунда Ботвинник муроса йўлини таклиф қилади:

– Ҳозирча шошмай турайлик-чи, балки бунақа чоранинг ҳожати бўлмас.

Ждановнинг кайфияти яхши бўлгани учун бўлажак чемпионнинг хоҳишини инобатга олади. (Албатта, агар Ботвинник Решевскийга ютқазиб қўйганда, тақдири Ахматова, Зошченко каби аянчли бўларди, мафкура душманларини жазолаш бобида Жданов бой тажрибага эга эди)

Дарҳақиқат, сўнгги икки партияда Ботвинник хавфли рақибини ютиб, ўзини таъқибдан холи қилади ва партия ва ҳукуматнинг ғамхўрлигига ҳожат қолдирмайди.

ГИПНОЗ ПИСАНДМАС

Таль билан бўлган матч-реваншда Ботвинник ўз унвонини ишонч билан қайтариб олгач, кўпчилик ундан рақибининг бошқа гроссмейстерларни мувозанатдан чиқарган гипнози халақит бермадими, деб сўрашарди.

– Менинг омадим келди,– дея жавоб беради Ботвинник,– яқинни кўра олмаслигим боис мен Талнинг кўзларини кўролмасдим ва гипноз ҳам менга таъсир қилмасди.

ТАРВУЗ ЭЪТИРОФ БЕЛГИСИ

Шахмат гарчи индивидуал ўйин бўлса-да, Михаил Ботвинник «совет шахмат мактаби» вакили эканлигини таъкидлаб туришни ёқтирарди. Кавказдаги Борис Спасский ўйнаётган бир турнирга меҳмон бўлиб борганида, икки қирол шаҳар бозорини айланиб юришади. Сотувчилардан бири Спасскийни таниб қолиб, чақиради:

– Ўртоқ Спасский, менга сизнинг ўйинингиз жуда ёқади. Мана бу тарвуз сизга совға.

Жаҳон чемпиони тарвузни ёқтирмасди, совғани рад қилади. Шунда Ботвинник унинг биқинига туртиб, шипшийди:

– Борис Васильевич, тарвузни олиб, бу мухлиснинг қўлини сиқиб қўйинг. Ахир бу совет шахмат мактабининг эътирофи-ку!

ЖИННИЛАР ИСЁНИ

Ўтган асрнинг қирқинчи йилларида бўлажак жаҳон чемпиони Василий Смислов Физкултура ва спорт қўмитаси шахмат бўлими бошлиғи Николай Зубарев ҳузурига кирганда, ғаройиб бир суҳбатнинг гувоҳи бўлганди. Улар ўтирган хонага нотаниш бир эркак тўсатдан бостириб кириб, бошлиққа ўта муҳим бир таклифи борлигини айтади.

– Хўш, қандай таклиф экан? – деб сўрайди Зубарев.

– Мен зудлик билан сизларнинг қўмитангизни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига берилишини таклиф қиламан, чунки шахматнинг инсон саломатлиги учун аҳамияти беқиёс.

– Кечирасиз, сиз ўзингиз қаердан бўласиз?

– Мен Кашченко кўчасидаги руҳий касалликлар шифохонасиданман. Биз у ерда ҳаммамиз ялписига шахмат ўйнаймиз ва ўзимизни аъло даражада ҳис қиляпмиз.

Хона соҳиби бу одам билан пачакилашиб ўтириш хавфли эканлигини пайқаб, унинг таклифини диққат билан ўрганиб, албатта, ҳаётга татбиқ этишга ваъда беради. Эшик ташқаридан ёпилгач, Смислов билан Зубарев қотиб-қотиб кулишади.

Аммо энг кулгили воқеа кейинроқ бўлади. 1953 йили Физкултура ва спорт қўмитаси чиндан ҳам… Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтиёрига ўтказилади. Наҳотки ўша руҳий шифохона мижози ўз мақсадига етган бўлса? Дарвоқе; саломатлик ва спорт ўртасидаги иттифоқ узоқ давом этмайди. Орадан бир йил ўтгач, Физкултура ва спорт қўмитаси ўз мустақиллигини тўла қайтариб олади. Айтишларича, Кашченко кўчасидаги ўша шифохона мижозлари бунга норозилик билдириб, исён кўтаришган эмиш.

ХОТИН ҲАМИША ҲАҚ

1962 йилги мамлакат чемпионатида Смислов спорт устаси Лев Аронин билан ўйналаётган партиясини кечиктиргач, уйига келиб позицияси нажотсиз эканлигини пайқайди. У ҳакамга телефон қилиб, мағлубиятини тан олмоқчи бўлади.

– Асло бундай қила кўрма,– Надежда Андреевна рози бўлмайди.– Сен курашишинг керак!

– Ахир нажот йўқ-ку, – дейди Смислов хомуш бош чайқаб.

– Йўқ, бориб ўйнайсан – тамом!

Эртаси куни Смислов бориб ўйинни давом эттиради ва дурангга эришади.

– Надя, табриклайман, – дейди жаҳон экс-чемпиони уйига телефон қилиб, – сен эндшплни мендан кўра яхшироқ тушунибсан.

РАҚИБИНГ ҚИРОЛ БЎЛСА

Варшавадаги «Тимсоҳ ости» ресторанида халқаро шахмат устаси, граф Казимир Плятер пулга шахмат ўйнашни ёқтирарди. Польшалик шахматчилар димоғдор графни унчалик хушлашмасди, шу боис уни бир боплаб таъзирини бериб қўйишга қарор қилишади. Бунинг учун улар ўзиям бир умр граф билан ўйнашни орзу қилиб юрган Талга мурожаат этадилар. «Плятер сени танимайди, у фақат ўзини биладиган одам» дея экс-чемпионни хотиржам қиладилар.

Келишилганидек, Таль қойилмақом спектакл қўяди: олдинига графни ғафлатда қолдириб жўрттага бир неча партияни ютқазиб беради, кейин, тикилган маблағнинг чўғи ошавергач, рақибига кетма-кет қақшатқич зарба бериб, уч минг злотих (ўша давр учун катта пул) пулини қоқиштириб олади.

Графдан ҳалол ютиб олинган бу пулга Талнинг тарафдорлари ресторанда маза қилиб кайф-сафо қиладилар. Эртаси куни Казимир Плятер телевизорда шахмат қиролининг кўпчилик мухлислар қуршовида сеанс бераётганини кўради-ю, бошини чангаллаб қолади.

МАНЗИЛИ – СОВЕТ ИТТИФОҚИ

Михаил Таль биринчи хотини Салли Ландау билан никоҳдан ўтиш учун ЗАГСга ариза беришганда келин фотоаппарат кўтарган нотаниш одамни кўриб қолади. Салли Талдан унинг кимлигини сўрайди.

– «Советский Союз» журналининг фотомухбири,– дея жавоб беради куёв.

– Нима, энди бизнинг никоҳимиз бутун Совет Иттифоқига ошкора бўладими?– дейди Салли норози бўлиб.

– Йўқ,– дейди Таль келинни тинчлантириб,– фақат унинг ўқувчилари билади.

ЭРИ – ДЕКАБРИСТ

Хориждаги бир турнирда Талнинг буйраги оғриб қолиб, касалхонага тушади. Сал ўзига келиши ҳамон кетишга ошиқади. Унга тузукроқ текширув ўтказишни таклиф қилишади. Аммо Таль қатъий рад қилади. Касалхонанинг одамохун бош врачи шундай дейди:

– Ахир сизларда бутунлай зулмат-ку, қамоққа олишади, Сибирга сургун қилишади. Лоақал хотинингиз Саллини қолдириб кетинг, у менга жуда ҳам ёқиб қолди.

– У сизга шу ерда ёқяпти, – дейди Таль эътироз билдириб, – мен эса керак бўлса, уни Сибирда ҳам севишимга тўғри келади.

СОҒЛИҚ БАҲОНА

Кунлардан бир куни Михаил Ботвинник Саллига мактуб йўллаб, Талнинг саломатлигидан ташвишланаётганини айтади ва вақтинча Москвага кўчиб келиб, Мишани пойтахтдаги касалхоналарда дурустроқ даволашни таклиф қилади. Бу хатни ўқиб кўрган Таль бир зум жиддий тортади, сўнг Саллига коса тагидаги нимкосани тушунтиради:

– Мен ҳаммасини тушундим! Отахон шунчаки сенга хуштор бўлиб қолган холос, шу боис сени пойтахтга чорлаяпти. Аммо ўзинг ҳал қил: битта экс чемпионни бошқасига алмаштириш шартми?

ОЛТИНЧИДА ЎҚИСА ЭДИ

Шахмат бўйича жаҳон экс чемпиони Михаил Талнинг ўйинидан қониқмаган бир мухбир: «Шунақасиям бўладими? Олтинчи синф ўқувчиси топа оладиган оддий юришни кўра олмади-я», деб ёзади. Таль бунга жавобан шундай дейди: «О, агар мен ҳозир олтинчида ўқиганимда эди, энг зўр юришни топган бўлардим!»

АЁЛЛАР ИМКОНИЯТИ

Майя Чибурданидзе аёллар ўртасида шахмат тожини қўлга киритганда мухбирлардан бири Талдан сўраб қолди:

– Айтинг-чи, Майянинг эркаклар ўртасида чемпион бўлиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

– Ҳарқалай, менинг аёллар ўртасида чемпион бўлиш имкониятимдан юқорироқ!

НЕКРОЛОГ

Етмишинчи йиллари ҳали Талнинг битта буйраги олиб ташланмасдан олдин бир шахмат журнали ҳар эҳтимолга қарши экс-чемпион ҳақида некролог тайёрлаб қўяди. Ҳаммаси яхшилик билан тугаб, Таль Москвага қайтиб келгач, таҳририят ходимларидан бири соддалик қилиб ўша некролог матнини кўрсатади.

– Мен ўз некрологини ҳаётлигида ўқиган ягона одамман! – дейди гроссмейстер ўзича фахрланиб.

Аммо Талга таҳририятнинг бу ғайриинсоний қилиғини ҳазилга айлантириш осон бўлмаган эди. У тез-тез ўзини тутолмай бу воқеани эслаб қоларди.

– Аммо-лекин нима бўлганда ҳам некрологда айрим хатоликларга йўл қўйилган, – дейди у бир куни,– ва мен уни таҳрир қилишга улгурдим. Остига «Тузатилгани тўғри. Михаил Таль» деб имзо қўйиб қўйсам бўларкан.

Бу кўнгилсизлик ҳақида Таль ўша йиллари дўстлашиб юрган Варлен Стронгин ҳузурида гапириб қолади. Ёзувчи дўстининг қалбидаги ғуборни баҳоли қудрат тарқатиш мақсадида учун Федор Шаляпиннинг ўз яқинлари учун бир неча бор «ўлиб-тирилгани»ни ва бу ролни жуда ишонарли ўйнаганини ҳикоя қилиб беради. Яқинлари йиғи-сиғи қилиб, ҳушидан кетганда буюк қўшиқчи кутилмаганда «тирилиб» кетар, маза қилиб кулар ва энди у мабодо ростакамига ўлиб қолса ҳам у қадар катта фожиа бўлмаслигини айтар экан.

– Аммо мен Шаляпин эмасман-да, – дейди Таль ғамгин кулимсираб.– Рўй бериши муқаррар бўлган воқеани башорат қилишнинг ҳожати йўқ, барибир бир куни омонатини топширамиз. Дарвоқе, бу некролог менга ҳали асқотиб қолиши мумкин, – дейди у қўшимча қилиб. – Мабодо мен милицияга тушиб қолсам (айтайлик, меъёридан кўпроқ отиб қўйсам), уларга шу қоғозни кўрсатаман. Ўзи йўқ бўлган одамнинг бошини қотириб ўтиришмаса керак. Ўзи йўқнинг кўзи йўқ!

ДАҲОЛИК – КАСАЛЛИК ЭМАС

Михаил Таль машҳур қалмиқ шоири, ашаддий шахмат мухлиси Давид Қўғултиновга шундай бир ғаройиб воқеани ҳикоя қилиб берган эди.

1960 йили Ботвинникни ютиб, жаҳон чемпиони бўлгач, Таль бироз дам олмоқчи бўлади ва бир ойгача шахматга яқинлашмай туришга қарор қилади. Аммо кутилмаганда юз берган бир ҳолатдан режасини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ўша чемпионлик матчидан бор-йўғи икки кун ўтгач, унинг ҳузурига дурустгина шахматчи бўлган бир таниш врач-психиатр кириб келади. У Талга касалхонада ётган ўн етти ёшли бир йигит ҳақида гапириб беради. «Бу йигит- нинг психикаси сал ғалатироқми-ей,– дейди врач,– у ўзини чемпионларнинг чемпиони деб ҳисоблайди, қачонлардир ўтмишда Алёхин ва Капабланкаларни ҳам ютганман ва энди менга тенг келадигани йўқ деб ҳисоблайди. Даҳолик касалига чалинган шахматчини даволашнинг ягона чораси – уни шахматда мағлуб этишдир, шунда эс-ҳуши жойига қайтади».

Ёш йигитнинг саломатлиги учун Таль бу илмий тажрибага рози бўлиб, касалхонага йўл олади. У палатада ўсмирга сал-пал шахматга дахлдор эканлигини ва ҳатто Ботвинник билан танишлигини писанда қилиб қўяди.

Бу орада жангга иштиёқи баланд бўлган ўсмир Талга имтиёз асосида ўйнашни таклиф этади, чемпион аранг имтиёзни бекор қилиб, ҳалол ўйнашга кўндиради. Ўйин бошланади. Шунда мўъжиза юз бергандек бўлади, шахмат сеҳргари деб ном чиқарган Таль ёш рақибининг шиддатли ҳужумига тоб беролмай таслим бўлади. Дарҳол иккинчи партия бошланади. Бунда энди Таль ўзининг бор ҳунари-маҳоратини ишга солишга мажбур бўлади, рўпарасида худди Ботвинник ўтиргандек туюлади. Ўсмир менсимайроқ дона суради ва ҳисоб биру бир бўлади.

Мағлубият ўсмирга қаттиқ таъсир қилади, бунинг устига врач ҳам муолажа мақсадида мижозига иддао қилиб қўяди: «Сен қанақасига чемпионсан, нотаниш бир ҳаваскорга ютқазиб ўтирибсан-ку!»

Таль қичқириб юборишдан аранг ўзини тийиб қолади, ўсмирни алдаганлигини, унинг беқиёс шахматчи эканлигини, жаҳон чемпиони билан дуранг ўйнаганини айтиб, болакайни суюнтирмоқчи бўлади. Аммо врач Талга сирни ошкор этишига рухсат бермайди, гроссмейстер ҳам барибир ўсмирнинг даҳолигини яшириш мумкин эмас ва кўп ўтмай унинг довруғи оламга ёйилади дея кўниб қўя қолади.

Врачнинг ўйлаб топган чораси, даволаш усули тўла-тўкис ўзини оқлайди. Дарҳақиқат, шундай шахмат терапиясидан кейин ўсмир соғайиб кетади, эл қатори оддий одам бўлиб қолади. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор эди, энди ўсмир ҳамма жабҳада оддий одамга айланиб қолади, руҳий зарба бир лаҳзада «шахмат Паганиниси»ни ўзига хосликдан маҳрум қилган эди. Бундан чиқадики, врач беқиёс истеъдод соҳибини фақат касалликдан эмас, даҳоликдан ҳам халос этади.

Бу ғаройиб воқеа Қўғултиновга шу қадар кучли таъсир қиладики, шоир кўп ўтмай «Даҳолик – ақл касаллиги эмас» деган ғоя илгари сурилган «Шахматчи» номли достон ёзади.

Бахтимизга, бу воқеанинг интиҳоси у қадар ғамгин эмас, аксинча, кулгилидир. Кейинчалик Таль Кўғултиновга ўша касалхона ҳам, врач ҳам, ўша ғаройиб ўсмир ҳам ҳаётда бўлмаганлигини, буларнинг ҳаммасини ўзи ўйлаб топганлигини тан олиб айтган эди. Бу беқиёс воқеа билан у шоирнинг фантазиясини бир қитиқлаб, шахматнинг сирли-сеҳрли оламига эътиборини қаратмоқчи бўлган экан. Оқибатда Таль мақсадига эришади. Шоир ҳам ундан миннатдор бўлади. Таль сирни достон ёзилгандан кейингина очган эди.

ШУНИСИНИ ҲИСОБГА ОЛМАБДИ

Турнирлардан бирида Паул Керес билан ўйнаётган Таль дебютдаёқ сипоҳ қурбон қилади. Унинг омади чопаётгандек эди, аммо шу лаҳза эстониялик гроссмейстер узоқ ўйланиб қолади ва…шартта костюмини ечиб юборади. Шундан сўнг у совуққонлик билан рақибининг ҳужумини бартараф этиб, ғалаба қозонади.

– Мен ҳамма вариантларни аниқ ҳисоблаб чиқувдим, – дейди Таль рақибини ютуқ билан табрикларкан, – аммо энг қалтис вазиятда костюмингизни ечиб юборишингизни ҳисобга олмабман.

ЯХШИ ХОТИН УЧРАБ ҚОЛСА-ЧИ?

Таниқли гроссмейстер Тигран Петросян уйланганидан кейин хотини Рона билан мўъжазгина икки хонали уйда истиқомат қиларди. Бўлажак жаҳон чемпиони «Спартак» жамиятининг (футбол ва хоккей бўйича «Спартак» жамоасининг садоқатли ишқибози ҳам) аъзоси эди. Унга МАСК (Марказий армия спорт клуби)га ўтса, уй-жой шароитини яхшилашга ваъда беришади. Ўша йиллари шахмат маршал ва генераллар ўртасида анча оммабоп ўйин ҳисобланарди. Петросянга тўрт хонали уй ваъда қилишади.

– Ўйлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, албатта рози бўл! – дея хитоб қилади хотини Рона. – Тасаввур қил – алоҳида хонанг бўлади. Мазза!

Аммо Петросян бу таклифга шубҳа билан қарайди.

– Бугун мен яхши уй-жойга учиб, «Спартак»дан МАСКга ўтсам,– дейди у, – эртага яхши хотинни учратиб қолиб, сендан унга ўтсам нима бўлади? Бунисига нима дейсан?

Ана шу гапдан кейин Рона Яковлевна бошқа бу ҳақда сўз очмади ва уй-жойни алмаштириш масаласи билан шахсан ўзи шуғулланди.

АЛМАШТИРИШ САНЪАТИ

Петросяннинг хотини эрини шахматга алоқаси бўлмаган жамики рўзғор ташвишларидан халос қилганди. Уларнинг эски, торгина уйларига тез-тез бориб турадиган таниши орадан бир йил ўтгач, Петросянларнинг янги, кўпхонали муҳташам хонадонига бориб, оғзи очилиб қолади. Кейин у Котовни учратиб қолганда сўрайди:

– Петросян қандай қилиб камтарона уйини бунақа саройга алмаштира олди?

Гроссмейстер бунга донишмандларча жавоб қилади:

– Петросян фақат филни отларга алмаштиришни билади, холос. Қолган барча нарсаларни хотини алмаштиради.

СОВЕТ ҲОКИМИЯТИГА РАҲМАТ!

Бўлажак жаҳон чемпиони Борис Спасский ўн олти ёшида «Халқаро шахмат устаси» унвонига сазовор бўлади. Бу ўша давр учун (1953 йил ) рекорд кўрсаткич эди. Эришган натижасини у кейинчалик «Совет ҳокимиятига раҳмат!» дея изоҳлайди. Гап шундаки, Бухарестдаги турнирнинг бошланишида совет шахматчилари аёвсиз равишда бир-бирларини қақшатқич мағлубиятга учрата бошлайдилар ва оқибат венгриялик Ласло Сабо олдинга чиқиб олади. Шундай бир вазиятда Москвадан телеграмма келиб қолади: «Номаъқулчиликни бас қилинглар, ўзаро дуранг ўйнанглар!»

Спасский бу вақтга келиб Смисловни ютган, аммо олдинда Болеславский, Петросян каби даҳшатли рақиблари билан жанг қилиши лозим бўлгани учун тажрибаси ҳали етарли бўлмаган ёш шахматчи ҳаяжонланар эди. Аммо ҳалиги телеграмма келгач, ҳамма беихтиёр Кремл кўрсатмасига амал қилади ва муаммо ҳам осонгина бартараф этилади.

ТАВСИФНОМА

Халқаро турнирга жўнашдан олдин Подмосковеда яшайдиган Спасскийни ўша йиллардаги таомилга кўра Москва вилоят партия қўмитасига суҳбатга чақиришади. Комиссия аъзоларидан бири вилоят партия қўмитасининг ҳозирги раҳбари ким эканлигини сўраб қолади. Борис дарҳол саволга савол билан жавоб қилади:

– Сиз ўзингиз бу йил шахмат бўйича ким Москва чемпиони бўлганини биласизми?

Обком аъзолари қўрқиб кетадилар (тўсатдан Леонид Ильич чемпион деб эълон қилинган бўлса-чи?) ва дарҳол тавсифномага имзо чекиб берадилар.

СИЦИЛИЯ МАФИЯСИ

Бу воқеа ҳам тавсифнома билан боғлиқ. Навбатдаги турнир олдидан Спасский парткомиссия ҳузурига тўқ, ярқироқ қизил костюмда, бўйнига сариқ шарф ўраган ҳолда келади.

– Бу қанақа тўтиқуш ўзи? – дейди кекса большевик аёл.

Бунга жавобан Спасский аёлга замонавий мода ҳақида қисқа бир маъруза ўқийди. Шундай шаккокликка қарамасдан ҳамма нарса тинч-тотувлик билан тугаши мумкин эди. Аммо шу лаҳза кимдир Спасскийдан Италиядаги аҳвол ҳақида (ўшанда ҳамма газеталар Сицилия мафияси ҳақида ёзарди) сўраб қолади, у эса кутилмаганда… Голландиядаги аҳвол ҳақида батафсил ҳикоя қила бошлайди.

– Бу жуда қизиқарли, – дейди тавсифнома бўйича комиссия раиси,– аммо саволни тушунмадингиз, сиздан Италия ҳақида сўраяпмиз.

– Мен сизларни яхши тушундим, аммо мен охирги марта Голландияда бўлган эдим. Мен ўз кўзим билан кўрган нарсалар ҳақидагина гапиришга одатланганман.

– Сиз нима, газета ўқимайсизми?

– Кечирасиз, мен маълумотим бўйича журналистман, газеталаримизнинг қанақалигини менчалик биладиган одам бўлмаса керак. Ҳаммаси ёлғонни ямламай ютади.

– «Правда» газетаси ҳамми?

– «Правда» ҳаммасидан баттар!

Ана шунда дарғазаб бўлган коммунистлар сакраб туриб кетадилар ва Спасскийни хонадан ҳайдаб чиқарадилар. Тавсифномани олиш ҳақида энди гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Бундан ҳам ёмони – Спасскийнинг шахматдаги мавқеи ҳам ниҳоясига етиши мумкин эди. Гроссмейстерни Россия шахмат федерациясининг масъул котибаси Вера Тихомирова қутқариб қолади. Боёқиш аёл ярим соат мобайнида кекса большевикларни бу нарса шунчаки бир англашилмовчилик эканига зўрға ишонтириб, вазиятни юмшатишга эришади.

ИШОНЧ ВА ИШОНЧНОМА

Амстердамда Спасский-Фишер ўртасидаги ўйиннинг қаерда ўтказилиши масаласи кўрилаётган эди. ФИДЕнинг ўша йиллардаги президенти Макс Эйве ҳар икки гроссмейстернинг вакилларини ҳузурига чорлайди. Жаҳон чемпиони Борис Спасскийнинг манфаатини СССР спорт қўмитаси шахмат бўлими мудири Виктор Батуринский ҳимоя қиладиган бўлади. Аммо Спасский буни истамасди, шу боис айёрлик қилади: машина ҳайдаш ҳуқуқини берадиган ишончномани Марказий шахмат клубида тасдиқлаб беришини сўраб Батуринскийга мурожаат қилади. Батуринский бу иш фақат нотариал идорасида қилинишини айтиб, (Спасский буни ўзи ҳам яхши биларди) рад жавобини беради. Амстердамга жўнашдан икки кун олдин Спорт қўмитасида бўлган мажлисда Спасский шундай дейди: «Виктор Давидович менга машина ҳайдашим учун ишончнома беришдан бош тортди, мен ҳам унинг Амстердамда ишончли вакилим бўлишига ишонч билдира олмайман».

Раҳбарият бундан узоқ кулади, аммо Спасский мақсадига эришади: Батуринский уйда қоладиган бўлади.

МИННАТДОР СУЗОНҒИЧ

Фишерга жаҳон чемпионлигини бой бериб қўйган Спасский навбатдаги ўйинларда яна шахмат тожи учун курашмоқчи бўлиб, ўзининг собиқ устози Игор Бондаревскийга мурожаат қилади. Аммо у рад қилади ва ўнинчи жаҳон чемпиони тамомила ёлғизланиб қолади: ундаги ҳурфикрлиликни раҳбарият хушламасди. Бу тенгсиз курашларда унга Александр Солженицин ёрдам беради. Ёзувчининг «Сузонғич бузоқча» («Бодался телёнок с дубом») китобида ўзи учун муҳим бўлган сўзларни ўқиб қолади: «Агар сиз ҳеч кимдан қўрқмасангиз ва ўлимга ҳам тайёр бўлсангиз, сизни ҳеч ким енголмайди. Фақатгина ўлдиришлари мумкин, аммо ўлдириш – енгиш дегани эмас».

Бир куни гроссмейстер Солженицинни учратиб қолганда шундай дастхат битилган шахмат китобини совға қилади: «Миннатдор сузонғичдан. Борис Спасский».

ЛЕОНИД БРЕЖНЕВНИНГ ХАЙРЛИ ИШИ

Ўзининг охирги – учинчи хотини Марина Щербакова билан Спасский Москвада танишади. Етмишинчи йилларда турғунлик авжига чиққан, уни – мустақил, эрксевар одамни партия мафкурачилари ва салла ол деса калла олишга шай турган турли ижрочилар беҳад қийнаб юборган эди. Улар ҳар хил йўллар билан унинг хорижликка уйланишига тўсқинлик қилишаётганди, аммо Марина ўзининг аёллик бахти учун астойдил курашарди.

Франциянинг СССРдаги савдо ваколатхонасида ишлайдиган Марина Брежневнинг Москвага ташриф буюрган Франция президенти Жорж Помпиду шарафига уюштираётган зиёфатига таклифнома топади. Кремлда Помпидуга турли саволлар берилади, Марина ҳам унга мурожжат қилади:

– Жаноб Помпиду, сиз муҳаббат масаласига қандай қарайсиз?

Президент яйраб-яшнаб кетади:

– О, дунёда муҳаббатдан ҳам зўр нарса борми?

– Ундай бўлса нега бизнинг Борис Спасский билан турмуш қуришимизга рухсат беришмаяпти? – кутилмаганда саволнинг давоми чиқиб қолади.

Шунда Франция президенти таржимон орқали саволни Брежневга йўллаб, уни андак бесаронжом қилиб қўяди. Бош котибга бу масала қандайдир англашилмовчилик эканини тан олишдан бошқа илож қолмайди. Эртаси куни Борис Спасскийни келин билан ЗАГСга чақириб, зудлик билан никоҳдан ўтказиб қўядилар.

ЖВАНЕЦКИЙНИНГ МАНТИҒИ

Кунлардан бир куни Жванецкийдан китобига дастхат ёзиб беришни сўрадим. Ёзувчи «Энг яхши тилаклар билан…» каби ҳаммага маълум сийқа жумла билан бошини қотириб ўтирмади. Кўп ўтмай муқованинг иккинчи саҳифасида шундай битик пайдо бўлди: «Женя Гикка, шахматни яхши кўрувчи, аммо ўйнашни ёқтирмовчи муаллифдан. Сизнинг М. Жванецкий».

Қувноқ адабиёт гроссмейстерининг бошқа ёзган нарсалари каби ғайритабиий жаранглайди бу гап. Энг қизиғи – бошқа машҳур гроссмейстерлар орасида ҳам шахматни яхши кўрса-да, уни ўйнашни ёқтирмайдиганлар учраб туради. Бунинг ёрқин мисоли – Борис Спасский. Дунёда Борис Спасскийдай шахмат тахтасига ўтирганда афтини бу қадар буриштириб, пешанасини тириштирадиган одамни учратиш қийин. Илгари унинг кўп йиллик мураббийси Игор Бондаревский ҳаётлигида Спасскийни аҳён-аҳён қўлига китоб олиб туришга даъват этиб турарди. Францияга кўчиб кетганидан кейин Спасский шахмат тахтаси ва сипоҳларини омборхонага ташлаб қўяди. 1992 йили у йигирма йил муқаддам бўлганидек яна Фишер билан жанг қилади, натижа аввалгисидек кўнгилсиз бўлади. Бу «аср жанги»нинг мукофот жамғармаси беш миллион доллар эди ва Бориснинг суюкли рафиқаси бунақа имкониятни қўлдан бой бериш ақлсизлик эканига эрини ишонтира олади.

КОСТЮМЛАР КОЛЛЕКЦИЯСИ

Гроссмейстер Найдорф ҳамиша юксак дид билан, чиройли кийиниб юрар, костюмларини тез-тез алмаштириб турар эди.

– Нечта костюмингиз бор ўзи? – дея ундан сўрайди бир куни ёш Фишер.

– Бир юз элликта,– бажонидил жавоб беради машҳур гроссмейстер.

Бундан ҳайратланган Фишер ўшандан буён костюм йиға бошлайди. Орадан бир неча йил ўтгач, Найдорфни учратиб қолган америкалик чемпион мақтаниб дейди:

– Сизнинг рекордингизни бекор қилдим! Менинг кийим жавонимда бир юз эллик еттита костюм бор!

– Қойил, Бобби,– дея уни табриклайди Найдорф.– Аммо сиз беҳуда жонингизни койитибсиз. Мен ўшанда ҳазиллашгандим, бор-йўғи бешта костюмим бор, холос.

ЖОНИДАН ТЎЙГАНЛАР УЧУН АВТОМОБИЛ

Фишер алдашни, айёрлик қилишни, муросага боришни билмасди. Кунлардан бир куни унга катта пул эвазига «Фольксваген» автомобилини реклама қилиш таклиф этилади. Бундай пайтда биринчи галда пулнинг чўғи билан қизиқадиган актёрлардан фарқли равишда Фишер машҳур фирма чиқарадиган автомобилни астойдил ўрганади ва ундаги баъзи носозликларни аниқлаб, фойдали шартномадан воз кечади: «Мен фақат жонидан тўйганлар минадиган машинани реклама қилмайман».

ҚАМОҚХОНАДАГИ СЕАНС

Фишер Денвер шаҳридаги қамоқхонада маҳбусларга сеанс бераётган эди. У навбатдаги тахтага келганда рақибининг оқ руҳни ўғирлаб қўйганини пайқайди.

– Агар руҳни қайта жойига қўйиб қўймасангиз,– дейди жаҳон чемпиони қатъий оҳангда, – бошлиғингизга айтаман ва бунақа ғирромлигингиз учун қамоқ муддатингизни яна чўзиб қўйишади.

– Мени беҳуда қўрқитяпсиз, – дейди унинг рақиби ғижиниб.– Мен бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганман.

САНАБ ТУРГАН ЭКАН

Роберт Фишер ҳамиша ўйин пайтида мутлақо жимжитликни хоҳлар, заррача шовқинни ҳам ҳазм қилолмас эди. Шахмат тожи учун Спасский билан бўлаётган матчдаги партиялардан бирида у бирдан нигоҳини тахтадан узиб, норози оҳангда хитоб қилди:

– Ўн иккинчи қаторда ўтирган ҳой қиз! Дарҳол обаки сўришни бас қил!

– Мен эндигина учинчисини қўлимга олувдим,– дея ўзини оқлашга уринади ёш исланд шахматчиси Астрид Берндоттир.

– Учинчиси эмас, еттинчиси, кичкинтой ёлғончи, – дея эътироз билдиради Фишер, – мени санамаяпти деб ўйлаяпсанми?

ЎЧИНИ ОЛДИ

Фишер ўзининг чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бош тортганда шахмат тожи ўз-ўзидан Карповга ўтади. Орадан икки йил ўтганда ҳар икки шахмат қироли ўзаро даромад келтирувчи матч ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун Японияда махфий учрашишади. Бу ҳақда хорижий ахборот манбаларидан хабар топган СССР терма жамоаси тренери Александр Никитин керакли жойга маълум қилади. Натижада музокаралар узилиб қолади ва ўзаро матч масаласи ҳам барбод бўлади. Карпов бундан ранжийди ва Никитинни лавозимидан бўшатилиши учун астойдил курашади. Собиқ тренер ҳам ўз навбатида Карповдан ўч олишга аҳд қилади ва ёш Каспаровни 12-чемпионга қарши тайёрлай бошлайди. Ниҳоят, 1985 йили тренер ўчини олади: Гарри Каспаров Карповдан чемпионлик унвонини тортиб олади!

РЕКОРДЛАР ҒАРОЙИБ

Ботвинникни йигирма уч ёшида ютиб чиққан Таль тарихда энг ёш жаҳон чемпиони бўлган эди, матч-реваншда ютқазиб қўйгач, энг ёш экс-чемпион бўлиб қолади. Аммо орадан чорак аср ўтгач, Талнинг рекордини ёш Каспаров янгилайди: у Карповдан устун келиб, йигирма икки ёшида шахмат тожини қўлга киритади. Бир йил ўтгач, матч-реваншда Каспаров ишонч билан ташаббусни қўлга олади, аммо ўйиннинг иккинчи қисмида кетма-кет уч марта ютқазиб қўяди ва кутилмаганда ҳисоб тенглашиб қолади.

– Агар яна шунақа ўйнайдиган бўлсангиз,– дея уни огоҳлантиради Таль,– менинг иккинчи рекордимни ҳам янгилайсиз: энг ёш экс-чемпион бўлиб қоласиз.

Бу ҳазил Каспаровнинг қитиқ патига тегади: ўзини қўлга олиб, беллашувни ишонч билан якунлайди. Шундай қилиб Талнинг иккинчи рекорди ҳали-ҳамон янгилангани йўқ.

БОЛЬШЕВИК

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Каспаров туфайли халқаро шахмат ҳаракатида ажралиш юз бергач, Спасский унга «большевик» деган лақабни беради. Шу аснода у большевик Каспаровнинг учта инқилобий ақидасини таъкидлайди.

Биринчиси: ким биз билан бўлмаса – у бизга қарши. Иккинчиси: агар душман таслим бўлмаса, у йўқ қилинади. Учинчиси: нималигини билмаймиз, аммо охиригача олиб борамиз.

ИЧМАЙДИГАН ЧЕМПИОН

1994 йилнинг охирида телевидениенинг олтинчи канали Карпов-Каспаров ўртасида ўзаро очиқ мулоқот уюштиради. Икки чемпионнинг суҳбати бағоят кескин ва мароқли бўлади ва орадан кўп ўтмай, у телевидениенинг спорт номинацияси бўйича «Тэффи» мукофотига лойиқ кўрилади. Ўша суҳбатдан сўнг студияда йиғилганлар ва Каспаров, Карповнинг мухлислари шампан виносини ичадилар. Каспаров бир лаҳза тантанага кечикиб келади ва шу пайтда каналнинг ўша даврдаги раҳбари Эдуард Сагалаев пайдо бўлиб, Каспаровни ҳам даврага қўшилиб, бирга ичишини таклиф қилади. Аммо узоқроқдан Карповни кўриб қолган Каспаров ҳаммага эшитадиган қилиб:

– Мен умуман ичмайман, айниқса, бунақа одамлар тўпланган жойда, –дея димоқ-фироқ қилиб лифтга қараб юради.

Шундай қилиб, қадаҳ уриштираётган икки «К»ни биргаликда суратга туширишнинг иложи бўлмайди.

ДАҲОЛАРГА ОСОН

Гроссмейстер Шамкович бир куни Америкада Фишер билан учрашиб, унга биронта шахматчи ҳали ечимини тополмаган қизиқ бир этюдни кўрсатади. Аммо Фишер бу этюднинг ечимини уч дақиқадаёқ топади. Шамкович шунда Фишернинг ростдан ҳам даҳо эканлигига ишонч ҳосил қилади. Орадан бир неча йил ўтгач, у худди шу этюдни Каспаровга ҳам кўрсатиб, гўё Фишер билан ғойибона баҳсга чорлайди. Гарри рози бўлади ва икки дақиқадаёқ ғалабага элтувчи ягона йўлни кўрсатиб беради. Шунда Шамкович Каспаровнинг Фишердан ҳам устунроқ даҳо эканлигига амин бўлади.

РЕЙТИНГИ ПАСТ ЭКАН

Барча буюк шахслар каби Каспаров ҳам ким биландир қўл бериб саломлашар, айримларга эса бош ирғаб қўйиш билан кифояланар эди. Бир зиёфатда у ўзининг эски дўсти бўлган таниқли шахматчига қўл узатмайди. Йиғилганлар бундан ҳайрон бўлиб сабабини сўрашганда Гарри шундай изоҳ беради: «Унинг рейтинги жуда паст». Ҳа, шундай қилиб боёқиш –гроссмейстер ўзининг бор рейтингини ҳам йўқотгани етмагандек, эски дўстининг мурувватидан ҳам маҳрум бўлади.

ТАЖРИБАГА ҲОЖАТ ҚОЛМАДИ

Ушбу ғаройиб ҳангомада биратўла еттита совет жаҳон чемпионлари иштирок этган.

Саксонинчи йилнинг бошида бир немис графологи (одамнинг хатига қараб характерини айтиб берадиган мутахассис –Ш. О.) Яков Эстриндан (шахмат назариётчиси, қатор китоблар муаллифи – Ш.О.) характерларини тадқиқ этиш учун жамики совет жаҳон чемпионларининг дастхатини тўплаб беришни илтимос қилади. Эстрин уйига қайтгач, ишга киришади.

У энг аввал МИХАИЛ БОТВИННИККА телефон қилади.

– Эртага сизни соат 10.35 да ўз тажрибахонамда кутаман,– дейди Михаил Моисеевич.– Аммо билиб қўйинг, бир дақиқа кечиксангиз ҳам дастхатни ололмайсиз, – деб қўшиб қўяди чемпион.

Кейингиси ВАСИЛИЙ СМИСЛОВ эди.

– Дастхат дейсизми? – ўйланиброқ жавоб қилади Василий Васильевич. –Негадир эслолмаяпман, анчадан буён дастхат бермагандим. Ҳозир биз Надя билан дам оляпмиз, эртага турнирда ўйнайман, эртадан кейин консерваторияда куйлашим (Ажойиб овоз соҳиби бўлган Смислов алоҳида концертлар берарди – Ш.О.) керак. Бирон ойлардан кейин телефон қилишга ҳаракат қилинг.

МИХАИЛ ТАЛЬ тунги соат иккида ресторандан топилади. У гўзал ойимқизлар қуршовида бир вақтнинг ўзида телевиденияга, радиога, журнал ва иккита газетага интервью бераётган эди. Михаил Нехемьевич Эстриндан дастхат нимага керак бўлиб қолганини сўраб ҳам ўтирмайди, қоғозга шоша-пиша имзо чекиб беради. Қизиғи, қўлидаги ручка эмас, сигарета экан, яна қайтадан имзо чекишга тўғри келади.

ТИГРАН ПЕТРОСЯН илтимосни эшитгач, дарров қизиқсиниб сўрайди:

– Ботвинник рози бўлдими? Смислов-чи? Тал-чи? Хўш, ундай бўлса мен яна бироз ўйлаб кўришим керак, – дея мужмал жавоб қилади Тигран Вартанович.

Борис Спасский бу даврга келиб Парижда яшаётган эди. Эстрин у билан боғланиш учун Францияга телефон қилади.

– Яков Борисович, мен сизни жуда ҳурмат қиламан. Аммо мен совет журналистларига интервью ҳам, дастхат ҳам бермаслигимни сиз яхши биласиз-ку, – дея тушунтиради Борис Васильевич.

АНАТОЛИЙ КАРПОВ ҳам уйида экан. Эстриннинг илтимосига жавобан у бугун ўн бешта дастхат бериб, режани бажарганлиги, эртага РИО-де-Жанейрога учиб кетаётганини айтади.

Эстрин ГАРРИ КАСПАРОВГА мурожаат қилади. У ҳали жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритмаган, аммо тез орада тожни қўлга киритиши аниқ бўлиб қолган эди, шу боис ундан ҳам дастхат олиб қўйиш зиён қилмасди.

– Кечирасиз, бунақа масалалар билан ойим шуғулланади, – дейди ёш Гарри, – унга мурожаат қилинг.

Эртаси куни Эстрин Германияга телефон қилиб, танишига бор гапни айтиб беради. Графолог дастхат билан боғлиқ тафсилотларни батафсил эшитгач, Эстринга саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдиради ва гапини хулосалаб, шундай дейди:

– Сизга катта раҳмат, энди дастхатларнинг ҳожати йўқ.

КАСАБА УЮШМАСИ АЪЗОСИ

Владимир Крамник (бўлажак жаҳон чемпиони) биринчи синфда ўқиётганидаёқ шахмат бўйича биринчи тоифага эга эди. Бир куни отаси уни ўзи ишлайдиган алоқа бўлими терма жамоаси таркибида ўйнатиш учун мусобақага олиб кетади. Биринчи тоифали болакай ўзидан катта барча рақибларини қақшатқич мағлубиятга учратади. Шунда мағлубият аламини тортганлардан бири ўртага чиқиб, жиддий тарзда иддао қилади:

– Тўғри, мен ютқаздим, аммо менинг мағлубиятим инобатга олинмаслиги керак, чунки бу бола касаба уюшмаси аъзоси эмас!

Мусобақа касаба уюшмаси доирасида ўтказилаётган эди.

ЎН БЕШ ДАҚИҚАЛИК БАХТ

Тўқсонинчи йиллар ўртасида Крамник рейтинг бўйича Каспаровга етиб олади, бу ҳақда унга турнирда ўйнаётганида айтишади.

– Дарғалар рўйхатида Каспаров билан тенглашиб қолганингизни билганингизда нималарни ҳис қилдингиз? – деб сўрайди ундан бир хорижлик мухбир.

– Мен ўн беш дақиқа ўзимни бахтли ҳис этдим, кейин телевизор кўришда давом этдим.

– Қанақа кўрсатувни томоша қилаётувдингиз?

– Ахборотни. Биласизми, Россиядаги янгиликларни кўраётганда ўн беш дақиқадан зиёд бахтли бўлиш мумкин эмас.

СОХТА КАСАЛ

Петросяннинг хотини Рона Яковлевнанинг уддабурон аёл эканлигини тасдиқлайдиган мисоллар кўп. Эрининг гоҳо институтни битирмаганидан сиқилиб юришини билган Рона ёши бир жойга бориб қолган Петросянни мустақил тайёрланиб имтиҳон топширишга ва кейинчалик шахмат психологияси бўйича кандидатлик диссертациясини ёқлашига эришади. Шундай қилиб серғайрат ва уддабурон хотини туфайли Петросян фалсафа фанлари номзоди бўлади ва бу ҳол унинг шахмат ҳаётида муҳим рол ўйнайди.

Александр Рошал шундай бир воқеани ҳикоя қилганди. Спасский билан бўлган иккинчи матчнинг 14- партиясида Петросян нақд ютуқни қўлдан чиқариб, ҳисобда олдинга чиқиб олиш имкониятини ҳам бой беради. Табиий, бундан унинг руҳи тушиб кетади. Оқшомда «64» журналининг бўлажак муҳаррири (ўшанда масъул котиб эди) Рошал «64» журнали муҳаррири Петросянга телефон қилади. Уни Петросяннинг уйига чорлашади.

Уйда ҳаммаёқ остин-устин бўлиб кетганди, хонадон соҳиби у хонадан бу хонага асабий кириб чиқар, қандайдир дориларни қидирар, врачларга телефон қилар эди. Маълум бўлишича Петросяннинг хотини касал бўлиб қолган экан. Ётоқхонада Рошал уй бекасининг бошига ҳўл сочиқ қўйганча беҳол ётганини кўради. У чидай олмай гап қотади: «Рона Яковлевна, Тигран бу партиядан шундоғам сиқилиб юрибди, устига-устак сиз ҳам бемаврид ётиб олибсиз!»

Бемор аста бошини кўтариб, қувлик билан шипшийди: «Алик, наҳотки ҳеч нарсани сезмаётган бўлсангиз?»

Ҳа, бу руҳий таъсир кўрсатишнинг ажойиб усули эди: Рона ўзининг сохта касали билан вақтинча эрининг бутун диққат-эътиборини шахматдан чалғитганди.

ИНЖИҚЛИК ҲАМ ЭВИ БИЛАН-ДА

Агар совет шахматчиси жаҳон чемпионлигини қўлга киритса ва уни нуфузли сиёсий арбоблардан бири қабул қилса, бу воқеа гроссмейстер учун матчда ютиб чиқишдан кам бўлмаган байрам ҳисобланарди. Аммо ўз мамлакатининг президентини ҳам назар-писанд қилмайдиган Фишернинг йўриғи бошқа эди.

Фишер билан Америка президенти Ричард Никсон ўртасида бўлиб ўтиши фараз қилинган телефон суҳбатини ўз вақтида машҳур америкалик фельетончи Арт Бухвальд ёзиб чиқади.

– Салом Бобби! – Никсон Фишерга Спасский билан бўлган матч тугаши ҳамон телефон қилади. – Сизни Рейкьявикдаги ғалаба билан табриклайман!

– Қисқароқ! Мен чарчаганман,– жавоб қилади Фишер.

– Америка учун бу жуда муҳим кундир, Роберт.

– Мен учун бундан ҳам муҳим: бугун чўнтагимга 150 минг доллар келиб тушди.

– Биласизми, Бобби, мен коллежда ўқиб юрганимда шахмат жамоасига аъзо бўлишимга бир баҳя қолганди.

– Менга атай шуни айтиш учун телефон қиляпсизми?

– Мен сизни Оқ уйда бериладиган зиёфатга таклиф қилмоқчиман.

– Бунинг учун менга қанча тўламоқчисиз?

– Нималар деяпсиз, Бобби! Зиёфатда олий суд ва ҳукумат аъзолари, таниқли сиёсатчилар қатнашадилар.

– Қатнашса нима бўпти, майли, келаман, фақат битта шартим бор – Исландияга мени олиб кетиш учун самолёт юборасиз. Бундан ташқари, ихтиёримга лимузин, алоҳида теннис корти ва хира мухбирлардан муҳофаза қилиш учун ўнта махфий ходимларни ажратасиз.

– Мен истагингизни бажо қиламан, Бобби.

– Мен овқатланаётганимда дастурхон устида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаслиги лозим.

– Бу қийин масала, Бобби. Оқ уйда зиёфат бўлади-ю, гаплашилмаса…

– Бу сизнинг ишингиз. Агар озгина шарпани эшитиб қолсам ҳам дарҳол тантанани тарк этаман.

– Сиз айтгандай бўла қолсин. Ахир бу зиёфат сизнинг шарафингизга уюштириляпти-да.

– Мана бу бошқа гап. Аммо мен ўзимнинг шахсий кресломни олволаман, нотаниш стулга таваккал қилиб ўтиролмайман. Кейин, чироқлар ёрқин бўлмаслиги керак. Агар чироқлар кўзни қамаштиргудек бўлса, овқатга қўл ҳам урмайман.

– Мен сизни тушунаман, Бобби. Биз ҳаммамиз сиз билан фахрланамиз. Сиз Америка ёшларига муносиб ўрнаксиз!

Президент шу заҳотиёқ хавфсизлик хизмати мутасаддиси Ричард Хеллуга телефон қилади:

–Дик, мен ўз самолётимни Исландияга Фишерни олиб келиш учун юборяпман. Менга бир яхшилик қилинг. Фишер бортга чиқиши ҳамон самолёт Кубага ўғирлаб кетилишини уюштиринг

МУҲАББАТ КУЧЛИ БЎЛСА

Фишер шахмат тожини қўлга киритганда бир ёш америкалик ниҳоят севгилисига ўз муҳаббатини изҳор қилишга жазм этади:

– Мен албатта Фишердай қудратли, у каби бой-бадавлат эмасман, аммо муҳаббатим йўлида ҳар нарсага тайёрман!

– Ундай бўлса мени ўша Фишер билан таништириб қўй! – дея соддадиллик билан жавоб қилади «садоқатли маъшуқа».

ТИЛ БИЛМАСА ҚИЙИН

Мисрда бир дўкондор Карповга папирусни (ўсимликдан тайёрланадиган ёзув материали – таржимон) мақтаб, сотиб олишга қистайди. Аслида у банан пўстлоғидан тайёрланган бўлиб, бир ҳафтадаёқ чириб кетарди. Карпов буни билмасди, аммо ички бир сезги билан ғирромликни пайқаб турар ва папирусни сотиб олишга иккиланар эди. Шунда мисрлик меҳмонни ишонтириш учун унинг рус ўртоқлари шикоят ва таклифлар дафтарига ўз фикрини ёзиб қолдирганини айтиб, мақтаниб қолади. Бу анча кучли далил эди ва Карпов чўнтагини ковлашга тушади. Аммо охирги дақиқада дафтардаги ўша ёзувга бир кўз ташлаб қўйгиси келади. Унда шундай ёзилганди: «Бу одамдан ҳеч нарса сотиб олманг, у қип-қизил қаллоб.»

Шундай қилиб, номаълум ватандоши Карповни беҳуда пул сарфлашдан қутқариб қолади. Мисрлик савдогар эса рус тилини билмаслигидан афсусланган бўлса эҳтимол…

ТАНИМАСНИ… СИЙЛАЙДИ

Биринчи рус жаҳон чемпиони Александр Алёхин қаҳвахонада ҳаваскор шахматчиларнинг ўйинини кузатиб ўтирарди. Ишқибозлардан бири унга бир партия ўйнашни таклиф қилади. Чемпион рақибига тўрасини олдиндан бериб қўйиб ўйнаш шарти билан рози бўлади.

– Бу қанақаси ахир? – дейди ҳаваскор норози бўлиб, сипоҳларни тахтага тераркан. – Сиз ахир мени мутлақо билмайсиз-ку!

– Худди шунинг учун ҳам мурувват қиляпман! – дейди чемпион

кулимсираб.

ЭГРИ ҚОЗИҚҚА ЭГРИ ТЎҚМОҚ

Ботвинник Тел-Авивдаги шахмат олимпиадасига меҳмон сифатида борган эди. Исроил бош вазири Бен-Гурион меҳмон билан суҳбат асносида ўз назариясини баён қилади. Унга кўра дунёдаги ҳамма яҳудийлар битта мамлакатда яшашлари керак эди. Бу билан у Ботвинникка ҳам кўч-кўронини кўтаришига ишора қилади. Михаил Моисеевичнинг жавоби бош вазирни қўрқитиб юборади:

– Сиз яҳудийларнинг бу ерда ҳам инқилоб қилиб юборишидан қўрқмайсизми?

Бош вазир бошқа бу мавзуга қайтмайди.

Шодмон Отабек таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон