Европа парҳезшунослар ассоциацияси томонидан шу йил баҳорда эълон қилинган маълумотда қуён гўшти энг парҳезбоп маҳсулот сифатида тилга олинган. Маълум бўлишича, одам организми қуён гўштини жуда яхши ҳазм қиларкан. Унда аллергия қўзғовчи унсурлар, масалан, парранда гўштига нисбатан ҳам жуда кам бўларкан. Шу сабабли болалар шифокорлари болалар таомларига гўшт маҳсулотлари қўшишни айнан қуён гўштидан бошлашни маслаҳат беришмоқда.
Қўй гўштини баъзилар жуда ёғли ва оғир ҳазм бўлади, деб ҳисоблайди. Аслида ундай эмас экан. Парҳезшунос-гастроэнтеролог С. Бережнаянинг айтишича, АҚШда фақат қўй гўштигина одамга куч-қувват, энергия берувчи парҳез таомлар рўйхатига киритилган. Қўй гўштидан тайёрланган таомлар организмда тез калорияга айланиб, спорт билан шуғулланганда жуда қўл келади. Шунга қарамай, қўй гўштини ҳафтасига бир мартадан ортиқ ейиш тавсия қилинмайди.
Қўй гўштида лецитин моддаси кўп бўлиб, у тез фикрлашга, айни чоғда, инсулин ишлаб чиқилишини меъёрга солишга ёрдам беради. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, гўштлар орасида фақат қўй гўштидагина тиш эмалини мустаҳкамловчи фтор моддаси мавжуд. Қўйнинг 100 грамм сон гўшти кабобида 320 калория, қовурға ва бел қисмидан тайёрланган кабобда эса 280 калория мавжуд.
Бузоқ ва ёш мол гўштида организмга яхши сингадиган оқсиллар, темир ва дармондорилар мавжуд. Бироқ қари мол гўштида тўйинган зарарли ёғлар, организмда оксидланиш жараёнини қўзғовчи моддалар кўп. Сўнгги пайтда қаришга қарши муолажа билан шуғулланувчи олимлар қизил гўшт организмда қариш жараёнларини тезлатади, деган хулосага келдилар.
Антибиотиклар билан тўйинтирилмаган яхши парранда гўшти юрак фаолияти учун жуда фойдали. Товуқ шўрва асаб тизими ва иммунитетни мустаҳкамлайди, турли инфекциялардан ҳимоялайди. Кўрка гўштидаги фосфор миқдори балиқ гўштидаги фосфорга тенг. Бу модда суяк ва бўғимлар мустаҳкамлиги учун жуда зарур. Кўрка гўштидан тайёрланган кабоб ҳам фойдали. Барча (қўй, мол, чўчқа) ёғларда радионукледлар тўпланмайди. Айни чоғда ёғ иштирокисиз қўрда пиширилгани учун кабобда зарарли канцероген моддалар жуда кам бўлади. Шуни унутмаслик керакки, қуён гўштидан бошқа барча гўштларда бўғимларни шикастловчи пурин моддаси мавжуд. Кўмир қўрида пишган кабобда зарур дармондори ва микроэлементлар сақланиб қолади. Бироқ оловда кўп тобланган ва айрим куйган кабоб бўлакларида зарарли моддалар йиғилган бўлади.
Барча турдаги кабоблар крахмалга бой таомлар билан чиқиша олмайди. Картошка, ошқовоқли, макажўхорили ва патиссонли таомлар гўштнинг меъёрида ҳазм бўлиш жараёнини оғирлаштиради. Яшил сабзавотлар ва янги кўкатлар кўмир қўрида тайёрланган кабобнинг зарарли хусусиятларини камайтириб, таомнинг организмга яхши сингишига ёрдам беради.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 25-сонидан олинди.