Аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичини аниқлаш мақсадида ғарб мутахассислари навбатдаги статистик-кузатув тадқиқотларини олиб бордилар. Йиғилган маълумотлар асосида тузилган рейтинг маълум мамлакат аҳолисининг ўртача умр кўриш даражасини аниқлаб беради.
Бундай тадқиқотларни олиб боришда таҳлил бир йилда туғилган кишилар доирасида олиб борилади. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси мамлакатдаги умумий яшаш шароитини ҳам кўрсатиб беради. Айрим мутахассислар учун бундай маълумотлар бирор мамлакатга инсон омили учун киритилган сармоянинг потенциал фойдаси қай даражада бўлиши мумкинлигининг кўрсаткичидир. Тўғри, мазкур рейтингда айрим мамлакатлардаги ҳақиқий ҳолат акс этмаган бўлиши мумкин. Масалан, Ироқда. Негаки, бу мамлакатдаги АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳарбий ҳаракатларидан сўнг юзага келган демографик ўзгаришлар инобатга олинмаган. Бироқ аксарият давлатлар учун мазкур рейтинг муҳим бўлиб қолаверади. Чунки дунёнинг бошқа минтақаларида демографик вазиятни ўзгартириб юборган ҳеч қандай глобал воқеа кузатилмади.
«Биз энг кўп яшаймиз»…
Рейтинг натижалари шуни кўрсатадики, узоқ умр кўриш имконияти, хусусан, юқори турмуш даражаси Андорра аҳолисига насиб этган — мамлакат фуқароси ўртача 83,5 ёшдан кам умр кўрмайди. Макао ва Сан-Маринодаги кўрсаткичлар ҳам шунга яқин–улар рўйхатнинг иккинчи ва учинчи ўрнини эгаллаган. Аҳамиятлиси шундаки, фақатгина мана шу уч давлатдагина ўртача умр кўриш даражаси 81 ёшдан ошади. Ҳатто биринчи бешликни якунловчи Цингапурда ҳам кишилар ўртача 80,42 ёш умр кўради. Ваҳоланки, бу мамлакатнинг экологик шарт-шароити аъло даражада.
Европа атиги 14-ўринда
Европа Иттифоқи давлатлари орасида биринчи ўринни Швеция эгаллаган. Иттифоқ таркибидаги давлатлардан фақат Италиягина унга яқинроқ (14-ўрин, 79,4 ёш). Биринчи йигирматаликка улардан ташқари Франция ҳамда Испания киритилган–16 ва 19-ўринлар (79,28 ва 79,23 ёш).
Шарқий Европада эса бу борада Словения етакчилик қилмоқда — 64-ўрин ва 75,5 ёш. 69-ўринда Чехия, 71-ўринда Македония, 72-ўринда Словакия, 75-ўринда Хорватия, 79-ўринда Сербия ва Черногория, 80-ўринда Полша (73,91 ёш).
Урушлар кўп бўлгани билан……
21-ўринда Исроил. Бу мамлакатда туғилганлар Яқин Шарқдаги исроил-фаластин келишмовликларига қарамай 79 ёшдан ортиқ умр кўриш имкониятига эга. Қизиғи шундаки, Исроилга шундоққина қўшни бўлган Фаластин ҳудудларида кўрсаткичлар анча паст. Рўйхатнинг 88-ўрнида турган мамлакатда аҳолининг ўртача ёши 72,68 ёшни ташкил этади.
Ўлаётганлар туғилаётганлардан кўп
Ўртача умр кўриш даражасининг энг паст кўрсаткичлари Африка мамлакатларига тегишли. Мазкур давлатларда аҳоли зичлиги, экологик шароитнинг оғирлиги, фуқаролар уруши ва касалликлар туфайли ўлим даражаси жуда юқори. Рейтинг натижалари ҳам буни тасдиқлайди. Рўйхатнинг охирги тўртта ўнталигини аксарият Африка мамлакатлари эгаллаган. Мозамбик ушбу рўйхатни якунловчи давлатдир. Бу ерда аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси атиги 31,3 ёш.
№ / Давлат номи / Ўртача ёш
1. Андорра 83.49
2. Макао 81.87
3. Сан-Марино 81.43
4. Япония 80.93
5. Цингапур 80.42
6. Австралия 80.13
7. Гернси (Брит.) 80.04
8. Швейцария 79.99
9. Швеция 79.97
10. Гонконг 79.93
11. Канада 79.83
12. Исландия 79.8
13. Кайман ороллари 79.67
14. Италия 79.4
15. Гибралтар (Брит.) 79.38
Наргиза ТЎХЛИЕВА тайёрлади.