Леонардо да Винчи инсоният тарихида ўтган энг машҳур шахслардан биридир. “Леонардо!” дейилса, сайёрамиз қалпоғини бошдан олиб, ўз даҳо фарзандининг ҳурмат-эътибори қаршисида таъзимга эгилади. Чунончи унинг мўйқалами ато этган нодир рассомлик асарлари, мана неча асрларки, одамзотни ҳайратга ва эзгу ҳис-туйғуларга шерик этиб келяпти. Леонардо да Винчи қомусий салоҳиятли аллома сифатида ҳам шарафлидир. Шунингдек, Леонардони муҳандислик соҳасининг тенгсиз қироли, деб ҳам беҳад эъзозлаймиз. Вақт бизни мазкур шахс тўғрисида мана шундай юксак хулосаларга эга қилди.
Бунинг ҳаммаси Леонардо да Винчи тўғрисида бугунги гаплар. Бугунги хулосалар. Бугуннинг иродаси!
Аммо… ўз даврида, яъни Ўрта асрлар сўнгида Леонардо да Винчига муносабат, унинг шахсиятига қарашлар анча бошқача эди. Чунончи, биз бугун Леонардони Оврупа Ренессанси — Уйғониш даврининг даҳоларидан бири деб баҳолаётган бўлсак, аксарият замондошлари уни асосан “ўзимизга ўхшаган хом сут эмган банда эди” деб билишган. “Тўғри, рассом эди, — дейди улар. — Айрим яхши асарлари бор. Аммо бошлаган кўп фрескалари (девор расмлари) ва ҳайкалтарошлик асарларини охиригача етказмай чала ташлаб қўйган девонаю дарвеш бир ижодкор эди. Ундан не-не буюртмачиларнинг ҳафсаласи “пир” бўлган. Хўш? Нега бу ишларни битказмади? Балки, истеъдоди етишмагандир? Янаям ким билади, дейсиз? Муҳандис деяпсизми? Очиғи бу соҳада ҳам у асосан хаёлпараст эди. Сон-саноқсиз лойиҳаларни чизди, қанча янги нарсаларни яратмоқни хоҳлади. Аммо кўпи қоғозда қолиб кетди… “Аллома” дейсизми? Бе-е!… Нимаси аллома? Ундан аллақандай “Ён дафтарлар” қолди, холос. Етти-саккиз минг саҳифамиди-ей? Ён дафтар, бу, ҳали олимлик дегани эмас-ку! Тўғриси, бу жабҳада ҳам Леонардо бориб турган хаёлпараст эди. Масалан, кўкда учадиган аллақандай “Учар қути”ни яратишга киришди. Итальянлар орасида бир вақт денг: “Синьор Леонардо ҳадемай ўз “қора қути”сини Монте-Чечери (“Оққуш тоғи”) чўққиларидан осмонга парвоз қилдирар эмиш” деган гап тарқалди. Сўнгра… буни йигирма беш йил сабр-тоқат билан кутдик. Аммо томоша армон бўлиб қолди бизга. Тағин олим эмиш!.. Нимаси олим унинг?!”
XVI асрнинг илк ўн йилликларида Италия газеталари бошқачасига куйлай бошлади. “Жаноб Леонардо изланишларнинг ҳар хил кўчаларида тентираб, умрини елга совуриб бўлди. Ундан биз ҳам совиб бўлдик. Ҳозир кексайиб, Францияда довдираб юрибди. Ундан олим ҳам, муҳандис ҳам чиқмади. Ўзини қоғозда ва деворларда чизган саноқли бир неча расмлари билан юпантиргани юпантирган. Аммо унга қўшилиб биз, итальянлар ҳам ўзимизга ишонмай турганимизда, бирдан омадимиз кулиб, осмонимизда янги Қуёш балқиди. Бу — синъор Жамбатиста делла Порто! Чақмоқдай бу йигит ўзидан порлоқ нур сочиб, ҳам чор-атрофни ҳамда умидларимиз уфқини ёриштириб юбормоқда. Илму амаллари ақлларни лол қиляпти. Мана бу олим, мана бу даҳо! Шак-шубҳасиз, у итальянларнинг тилла боши! Ва унинг абадий шон-шуҳрати!…”
Хуллас, бу йилларга келиб, Италия матбуоти ва итальянлар назарида, Леонардо тамомила Ерга тушиб бўлган, қандайдир навқирон синъор Жамбатиста делла Порто кўкларда сайр қила бошлаган эди…
* * *
Хўш, ким бўлди бу Жамбатиста делла Порто дегани? Порто жаноблари XVI аср бошларида Неаполда таваллуд топган экан. Шу шаҳарда, алкимёгарлик уринишлари ичида вояга етган ва ёш бўлишига қарамасдан антиқа шуҳрат қозонган. Шу қадар шуҳратлики, уни замондошлари, айниқса, Италия аҳли “буюк кароматчи”, “тенги йўқ олим” деб билар, севар, уни еру кўкка ишонишмасди.
Бундай дейишга эса оддий халқнинг асослари ҳам бор эди. Масалан, у “Жоду” деган китоб ёзди. Бу пайтда тахминан йигирма ёшларда эди. Кейинчалик турли хил базм давраларида Порто: “Қарангки, бу китобни ўн беш ёшимда ёзиб ташлаганман. Одам боласи гоҳида Яратганнинг азму иродаси билан мана шунақанги эрта даҳо бўлиб уйғонар экан-да” деб керилиб ҳам қўярди.
Хўш, “Жоду” нима тўғрисида эди? Унинг бир саҳифасида ўқиймиз: “Лампа чироқ шуъласида одамлар от келбатли бўлиб кўринади”… Елка қисамиз: “Бунинг нимаси… жоду?!” Бошқа бир саҳифада эса шундай дейилади: “Оҳанрабо (яъни магнит) ёрдамида хонимларнинг кўнглида қандай сир-асрор борлигини сезиб олиш мумкин”. Бу энди бироз жодуга ўхшайди. Аммо бу “кароматга” ишониш қийин. Агар магнит (оҳанрабо) ёрдамида инсон феъли-атворини билиш мумкин бўлса, бу китоб, чиндан ҳам, мўъжизага айланар, у айниқса у Ер юзидаги хавфсизлик тизимларининг табаррук китоби бўлиб қоларди. Ахир дунёда қанчадан-қанча жиноятчи пана-паналарда юрибди! Ушбу антиқа китоб кўмагида наинки уларнинг ўрмондай зулматли қалбида қанчадан-қанча жинояткорона режалар ўймалашиб ётганини оппа-осон билиб олиш, балки ўз вақтида уларни панжаралар ортига жойлаштириб, атроф дунёни хотиржам қилишнинг иложи топиларди. Лекин “Жоду” бундай китоб бўла олмади.
Тўғриси, инсон сирини фош этадиган китобни Жамбатиста делла Порто жанобларининг ўзи ҳам яратишни истамаган бўларди. Ахир ўша магнит (оҳанрабо) кўмагида унинг ўз товламачи қалбини ҳам фош этиш нега мумкин эмас? Энди, ўйлаб кўринг: ашаддий фирибгар кимса ўз-ўзига кишан бўладиган бундай йўриқномани яратадими? Ҳеч-да? Адолатли бўлайлик, Делла Порто ўғрилик қилмади, қотилликдан четда юрди. Лекин бу устаси фаранг, алкимёгар кимса ўз даврида ватандошларини хўп авради, “чув” туширди. Одамлар Портонинг “каромат”ларига алданиб, сеҳрлангандай унга бор бойликларини бағишлашарди. Бу унинг ғаройиб “сири” эди. Акс ҳолда, ҳеч бир саноқда йўқ одам тез орада фақат Неаполда эмас, балки бутун Италияда мартабали, бадавлат одам, муҳтарам синьор даражасига эришганини қандай изоҳлаш мумкин?
Портонинг “Жоду” китоби Италияда бир неча марта қайта ва қайта нашр этилган. Айтишларича, ушбу нашрларнинг барча нусхалари итальянлар орасида қўлма-қўл ўтиб, ўқилавериб, ҳилвираб, титилиб кетибди. “Жоду” француз, испан, араб тилларига ҳам ўгирилиб дунёнинг ўз давридаги энг шов-шувли китобларидан бирига айланган, дейишади. Тарихчилардан бири, китобнинг мазмун-моҳиятини эмас, балки унинг атрофидаги оламшумул шов-шувларни назарда тутган шекилли, “Жоду”ни “Ақл бовар қилмас китоб” деб баҳолайди. Ҳа, бу китобнинг ғалати шон-шуҳрати ҳам, мазмуни ҳам ҳайратингиз бир даражада эди.
Ушбу китоб қандай хосияти билан Уйғониш даврининг “бестеллери”га айланди экан — бунинг сири ўша давр фуқароларига аён. Биз эса «Жоду»нинг шов-шувини тарих китобларидан ўқиб-билиб, фақат ҳайратланишимиз мумкин.
Тарихчилар яна бир қизиқ маълумотни ёзиб қолдиришган. Чунончи, биз лўттивоз деб атаётган Делла Порто, аслида, замонасининг ниҳоятда машҳур ва обрў-мартабали кишилари қаторида экан. Атиги битта далил: масалан, Неаполда уни ўз хонадонларида меҳмон қилиш истагида ва орзусида бўлган не-не мўътабар оилалар бунинг учун махсус рўйхатга ёзилиб, сабр-тоқат ила навбат пойлашар экан. Делла Порто эса ўзини бу орада ниҳоятда улуғ ишлар билан банд кимсадай тутиб, ҳалиги рўйхатни кибру ҳаво билан назаридан ўтказар, ҳатто вақти зиқлигини айтиб рўйхатда турган кимнингдир устидан қора чизиқ тортар ва кимнидир эъзозлаб, ўтинчини инобатга олиб рўйхатда қолдирар экан. Бунинг устига, Порто жанобларининг ўзларига эътибори неаполликларга зарур эди. Негаким, синъор Порто меҳмон бўлган хонадон, эл наздида, Неаполнинг эътиборли оилалари қаторидан ўрин олар эди. Бундай эҳтиромга эса бор-будингни сарфласанг ҳам арзийди! Алкимёгар Порто ўзи зиёфатда бўлган даргоҳларда кишини лол қолдирадиган кимёвий, физикавий реакцияли кўз бойлағич ҳунарлар кўрсатар, шу йўсинда, илму ҳикматини амалда намойиш этарди. Бунинг устига, у устаси фаранг қартабоз ҳам эди. Базмларда қарта ўйнаб уюм-уюм пул ютар эди. Яна қайси хонадонда бўлмасин, даврадаги хотин-қизларнинг қалбини ўз лутфлари ва латифалари билан бир зумда ром этиб қўярди.
Ниҳоят, унинг афсунгарлик машқлари Рим инкивизациясининг Неаполдаги бўлими назарига тушиб, бир неча бор Порто қисқа муддатларда қамоқхоналарда тунашига ҳам тўғри келган. Лекин Неаполдаги энг баобрў зотларнинг тезликда аралашуви билан Порто қамоқхонадан чиқар ва томошага ўч оломоннинг васвасали кузатувида, катта тантаналар оғушида хонадонига етиб олар эди. Шу тарзда, у бошига тушган можаролардан ҳам усталик билан фойдаланиб, ўз мартабасини кун сайин ошириб юрган.
Товламачиликнинг обдон ҳавосини олган Порто ёши бир жойга борган бўлса-да, имонсизлик билан яна бир фавқулодда юмушга қўл уради. У Неаполда “Табиат сирлари академияси” деган ғалати “илм маркази”ини ташкил этади. Ишни эса ноғоралар қоқиб, жўшқин байрамона бошлайди. Масалан, шундай бир гапни бутун Италияга тарқатади: “Бундан кейин ҳеч бир одам ўлмайди. Нега? Чунки бизнинг Академиямиз чорасини излаяпти”. Ҳе йўқ-бе йўқ, мана шундай гапларни томдан тараша тушгандай қилиб айтиб, газеталарга интерьвюлар беради. Шаҳар аслзодалари тўпланган йирик тадбирларда жўшқин нутқлар ирод этади, баъзи хонадонларда меҳмондорчиликда ўтирганида, сир-асрорли тарзда даҳанини кафтлари билан ярим-ёрти тўсиб, ҳамсуҳбатининг қулоғига шивирлайди: “Ҳамма жойда айтиб бўлмайдиган бир янгиликни сизга маълум қиламан: антиқа дори яратдик! Айни кунларда уни сичқонларда синовдан ўтказяпмиз. Натижаси… кутилмаган даражада зўр! “Нима экан?” дейсизларми? Худо хоҳласа, энди… ўлмайдиган бўласизлар”. Базмдагилар бу гапни эшитиб, Портони эмас, балки пайғамбарни кўриб туришганларидай кўз ёшларини тия олмай ўринларидан туриб уни қучоқлаб, чексиз таҳсину миннатдорликларини изҳор этишаркан. Ахир кимнинг ўлгиси келади?! Порто эса мангу ҳаётни ваъда қиляпти! Қойил! Таҳсинлар!!! Беадад офаринлар!!!
Шов-шувлар ҳаддидан беҳад ошавергач, тағин инкивизация аралашиб, охир-оқибатда, бош оғриғи Академияни ёпиб ташлади. Тўғри, бу гал Портонинг қўлларини орқасига боғлаб қамоққа олиб кетишмади. Чунки… яна халқ аралашади, оммавий васвасалар жунбушга келади шаҳарда ит эгасини танимайдиган бир аҳвол вужудга келади. Инкивизация қароридан чекинишига тўғри келади. Шуларни ўйлашиб, ушбу нозир идора шунчаки, Портони бу хилдаги майнавозчиликлар билан қайта шуғулланмасликка чақириб, мажусий амалларни тўхтатишини талаб қилишиб, уни даҳанаки огоҳлантиришди, холос.
Порто қўлини кўксига қўйиб, дарҳол рози бўлди.
Тўғриси, у инкивизациядан ич-ичидан миннатдор эди. Вақтида аралашишди! Акс ҳолда, орадан бироз муддат вақт ўтса, Портонинг ўзи италияликлар орасида шармандайи шармисор бўлиши мумкин эди. Чунки унинг “Академия”си фирибгарликдан бошқа нарса эмасди. Унинг шайтон кўнглида мана бундай ўйлар кечарди: “Ҳа-ҳ, оломон-а! Ҳар бир ўткинчи гапга лаққа тушаверади, бу тўда? Ахир.. қазоси етган бандасига: “Ўлмай тур!” деб бўладими? Нима у, Худомиди? Ажали етгач, одам боласи ўлаверади-да! Фақат, жойи жаннатда бўлсин! Ахир, Исо пайғамбардай сиймолар бу дунёдан кетди-ку?” “Худо” деганича бор экан Портонинг, ёпиғли қозон ёпиғлигича қолди. У хамирдан қил суғургандай балолардан осон қутулди. Ташаккур инкивизацияга!..
Аммо Порто кўзлаган мақсадига етган эди. Бутун Неапол, Италиядаги бошқа шаҳарлар ва қишлоқларнинг аҳолиси “Тириклик малҳам”ини топиш йўлида кеча-кундуз жон куйдираётган “Академия”нинг ишлари юришсин деб ва тезроқ бу дорига эга бўлайлик деб Портонинг ҳамёнига миллион-миллион маблағни жарақлатиб инъом этишди. Порто ва унинг атрофидаги товламачи алкимёгарлар деярли етти пуштларига етадиган маблағни жамғариб олишди. “Академия” кўзлаган вазифасини аъло даражада бажарди! Энди, хайр Академия! Йўқ, алвидо, Академия!
Ўзидан ҳол сўраб келган одамларга эса Делла Порто:
— Нима ҳам дердик, пулларингизни… инкивизациядан сўрашларингга тўғри келади, — дейди. Дейди-ю, ногаҳонда юраги ўйнаб кетади. Ахир инкивизацияга тил теккизиб бўладими? У гапини дарҳол тўғрилайди: “Тўғри, пулларингни инкивизация олди, демаяпман. Лекин инкивизация Академияни ёпди. Пировардида, академияни очишга сарфланган маблағлар, шундай қилиб, кўкка совурилди. Мана, кўриб турибсизлар, сизлар сингари ўзим ҳам “чув” тушиб ўтирибман. Эссиз, эссиз-а! “Абадий тириклик” малҳамини топишимга бир баҳя қолувди-я!… Тараққиёт, илмнинг йўли оғир экан, — у йиғламоқдан бери бўлиб, ҳамсуҳбатидан юзини ўгиради. Шоввоз ҳамсуҳбат бундай ачинарли ҳолатни кўриб, пулини талаб қилиш ўрнига, товламачининг муғомбирона ўгирилган елкасига қоқиб, унга ўз ҳамдардлигини билдиради ва ими-жимида хонани тарк этади…
Кейин нима бўлганини тарихчилар хабар қилишмайди. Ҳа, айтмоқчи, ўша кунларда Италияда қўлбола дурбин кашф қилиниб қолди. Ким кашф этганлиги аниқ эмас. Аммо соч-соқоли оқариб қолган Делла Порто жаноблари хонадонларда меҳмонда юрар экан, ҳадеб “Уни, мана, мен яратганман” деб мақтанар, бунинг исботи учун қўлидаги ўша қўлбола дурбинни базм аҳлига намойиш этарди. Ким билади дейсиз, балким, чиндан уни Порто ясагандир. Балким, у ҳали эл орасида тарқалиб улгурмаган бу оптик буюмни соддадил асл ихтирочидан харид қилиб, ўзиники қилиб олиб, тағин кўз ва ақлларни шамғалат қилиб юргандир. Чунки Портодан ҳар нарсани кутса бўларди.
Бошқа яна қандай фикрга боришимиз мумкин? Энг хунук ҳақиқат эса бизга аниқ: Порто Ўрта асрларнинг буюк товламачиси эди. Оврупа Уйғониши мана шундай шахсларнинг “салоҳияти”ни ҳам уйғотиб юборди. Ренессанс, чиндан ҳам, мураккаб, чигал жараён эди.
Аммо бу тарихий даврнинг ҳақиқий даҳолари ким эканлиги бугун ёруғ оламга яққол равшан. Ҳақиқий илм, ҳақиқий истеъдод, барибир вақти келиб юзага чиқар экан. Ўз даврида турли-туман кесатиқларни эшитишига тўғри келган Леонардо да Винчини бугун Вақт бамисоли Қуёшдай юксалтириб маънавият, маърифат, фан ва санъат кўксида порлатиб юборди. Қуёш эса абадий нур сочади.
Алкимёгар Жамбатиста делла Порто эса тарихнинг англашилмовчилигидай бир ҳодисага айланди. Нари борса, уни лўттивозликнинг мумтоз рамзи қабилида эслашади. Кулгу-киноя билан ёдга оладилар!
Тарихнинг ана шундай ҳазиллари ҳам бор…
Михли Сафаров
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 51-сонидан олинди.