Қадимий Нил водийси Ливия саҳроси билан чегарадош ҳудудда, ям-яшил экинзорлару, финикий палмалар ўрнини сап-сариқ қум тепаликлари эгаллайдиган жойда ғайритабиий шамоилдаги тоғлар кўзга ташланади. Бу тоғларнинг қораси жуда узоқдан Фаюм воҳасидан бир неча ўн километр узоқликдаги Қоҳира шаҳридан ҳам кўриниб туради. Ғаройиб кўриниш, геометрик аниқлик, тарихий жозибадорлик, қудратли улуғворлик буларнинг барчаси Миср эҳромларида мужассам. Тадқиқотчи олимлар ҳозиргача Нилнинг қуйи оқимидан саҳро қумлари остида минг йиллар давомида беркиниб ётган катта-кичик, зина шаклидаги ёки ўта текис сиртга эга юзга яқин эҳромларни аниқладилар. Бу улкан иншоотлар Мисрнинг минглаб йиллик тарихидан ҳикоя қилувчи қадимий пойтахти Мемфис шаҳрини ўраб туради. Дунёга донғи кетган учта эгизак пирамидалар ҳам қадимий ва афсонавий пойтахт жойлашган текислик — Гизада қурилган. Сиз уларни биласиз. Булар, Хеопс, Хефрен ва Микерен эҳромларидир. Пирамидалар орасида энг йириги Хеопс (ёки мисрча номи Ху
фу) эҳроми бўлиб, у ИВ сулола вакиллари орасида энг қудратли фиръавн Хуфуга тегишлидир.Бу улкан эҳром ҳозиргача инсон қўл меҳнатининг улкан намунаси сифатида сақланиб турибди. Эҳром асоси тўртбурчак шаклда бўлиб, ёнларнинг ҳар бирининг узунлиги 227,5 метрга тенг. Бу ўлчам бир-биридан ҳатто бир бармоқ кенглиги даражасида ҳам фарқ қилмайди. Демак, Хеопс пирамидасини тўлиқ айланиб чиқишингиз учун бир километрга яқин йўл босиб ўтишингизга тўғри келади. Бу улкан эҳромнинг баландлиги қурилган пайтида 146,5 метрга тенг келган. Вақт ҳаками қиличи эҳром чўққисининг айни пайтгача қарийб 10 метрлик бўйини қирқди. Ҳозир у 137 метрдир. Ваҳоланки, муқаддас китобларда қарғишга учраган фиръавнлар қабри ХИХ асргача инсон қўли билан бунёд этилган дунёдаги энг баланд иншоотлигича қолган. Баландлик жиҳатидан ундан меъмор Эйфелнинг маҳорати меваси биринчи бўлиб ўзиб кетди.
Гизадаги эҳромлар ичида улканлиги бўйича иккинчи ўринда турувчиси фиръавн Хефренга тегишли бўлиб, у Хеопс пирамидасидан 40 йил кейинроқ қурилган. Бу эҳром асоси томонларининг узунлиги 215 метрдан, баландлиги эса 136 метрдир. Эҳром чўққисидаги қадимий безак намунаси оқ базалт қопламаси қисман сақланиб қолган.
Учинчи эҳром олдинги иккитага қараганда анча кичик. У фиръавн Микеринга тегишли бўлиб, минг йиллар давомида ўз нафислигини сақлаб қола олган. Бу кенжа пирамиданинг томонларининг узунлиги 108 метрдан, баландлиги эса, 66,5 метрга (ҳозир 62 метр) тенг бўлган.
Эҳромларнинг қурилиш тарихи минг йиллар давомида даҳшатли меҳнат афсонасининг сақланиб қолишига сабаб бўлган. Бироқ улардан ҳеч бирида бу улкан тоғларнинг нега қурдирилганига аниқ жавоб бўлувчи далил йўқ. Хўш, Миср эҳромлари нега қурилган?
Эҳромлар деворларидаги турли шакллардаги расмлар бу саволга энг ҳаққоний жавоб бера олади. Бироқ табиатда учровчи турли жисмларни акс эттирган жисмларнинг расмлари ортида яширинган сирларни тушунувчи маҳаллий зиёлини минг йиллар давомида сақлаш мумкин эмас, албатта. Бироқ, уларнинг пешона терлари бу қулф учун энг муносиб калит бўлади. 1913 йилда бир гуруҳ инглиз тадқиқотчилари Нилнинг қуйи оқимидан номаълум мутафаккир томонидан ёзилган юнон-қадимий миср тили луғати ўйиб ёзилган тахтачани топиб олишди. Шу луғат туфайли айни пайтда қадимий Миср аҳолиси сўзлашган тилнинг 20 фоизини тушуниш имкони бор. Бироқ биз билишни хоҳлаётган эҳромларнинг қурилиш сабаби қолган 80 фоизлик сирлар остида ётибди.
Қуйида шу кунга қадар пирамидаларнинг бунёд этилиш тарихи билан боғлиқ айрим тарихчи олимларнинг фикрлари қайд қилинган:
Мире Шокир хоним (Миср) — “Эҳромларда фиръавнларнинг абадий тирик туриш хоҳиши сақланган. Уларнинг мўмиёланган жасадлари, расмлардаги қуёш фарзанди фиръавн эканлиги тўғрисидаги тушунчалар — буларнинг барчаси яққол далиллардир.”
Анри Фукуа (Франция) — “Нил дарёси қирғоғида яшовчи маҳаллий халқнинг асосий турмуш тарзи шу дарё билан боғлиқ бўлган. Буни олий даражадаги ҳокимлар ҳам тушунган, албатта. Эҳромлар ер сатҳи ва қуёш нурининг стабиллигини сақлаган. Пойтахт яқинида оғир массали тоғлар тошқинлар мавсумидаги сел келишини сезиларли миқдорда камайтиради.” У бу мулоҳазасини эҳром шаклида қурилган дунёнинг турли бурчакларида жойлашган бошқа иншоотлар билан давом эттиради. Унинг фикрича, Соломон оролларида ва Юкатандаги қадимий пирамидалар ҳам худди ана шу мақсадларда бунёд этилган.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Соломон оролларидаги пирамидадан афсонавий шоҳ Сулаймоннинг бутун бошли хазинаси топилган (1863 йил). Бироқ бу иншоотни тадқиқ қилишни истаган ўндан ортиқ кашфиётчилар тошлардан чиқадиган турли заҳарли газлар туфайли ярим йўлдаёқ сафарларига нуқта қўйишга мажбур бўлганлар. Бироқ инглиз денгизчиси Годли Олгрен шоҳнинг хазинасигача етиб бора олган эди.
Юкатандаги пирамида эса астрономик кузатувлар учун қурилган, деган тахминлар бор.
Жейсон Гирд (Буюк Британия) — “Эҳромлар стратегик мақсадларга хизмат қилган. У орқали маҳаллий аҳоли пойтахтдан қарийб юз чақирим наридаги душманнинг ҳаракатларини бемалол кузатиб тура олган. Бундан ташқари улар қадимий Миср қўшинининг қудрати ва маданиятининг буюклигини исбот қилиш воситаси бўлган.” Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши даврида Бирлашган Қиролликнинг Африкадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ана шу эҳромлар устини имкон қадар текислаб, у ерда кузатув пунктлари қуришган.
Дон Марклар (Буюк Британия) — “Эҳромлар фиръавн мунажжимлари учун обсерватория вазифасини ўтаган. Чунки айнан мунажжим роҳибларгина фиръавн ва худолар орасида воситачи бўлишган-да. Кейинчалик подшолар худога яқинликдан умидвор бўлиб, мўмиёланган таналарини эҳром ичида дафн этишларини сўраган.”
Яна шундай фикрлар ҳам борки, уни эшитиб беихтиёр оғизнинг таноби қочади. Масалан, Калифорниялик (АҚШ) мисршунос Алба Гунте эҳромлар инсон қўли билан қурилмаган деган фикрда. Унинг таъкидлашича, бундай улкан иншоотни қуриш учун ҳатто замонавий техникалар ҳам ожизлик қилади. Бу эҳромлар ўзга сайёраликлар томонидан қуриб кетилган. У ўз фикрларини давом эттирар экан, эҳромларнинг ниҳоятда пишиқ режа асосида қурилгани, унинг тошлари орасига ҳатто игна тиғи кирмаслиги билан фикрини исботламоқчи бўлади.
Пирамидаларнинг ичида махсус хоначалар бўлиб, бу шахсан қуёш ўғлининг ўзига аталган. Чунки, фиръавн вафотидан сўнг жасади шу хоналардаги махсус саркофагларда сақланган. Биз мулоҳазаларимизни М. Шокир хонимнинг Хеопс пирамидаси билан боғлиқ қайдлари билан давом эттирамиз.
“Эҳромнинг ичига бешта махсус қурилган йўлакчалар орқали кириш мумкин. Аммо улардан фақат биттасигина сизни фиръавн қабри жойлашган хонасигача олиб бориши мумкин. Чунки бу йўлак бўйлаб анча кенг йўлакка ва ундан чиққан бир нечта йўлакларга дуч келасиз. Хуллас, эҳром ичидаги йўлакчаларнинг “шохчалаши” сизнинг фиръавн саркофагигача бормаслигингиз учун атай қурилган. Саркофаг атрофидаги беҳисоб бойликларнинг таланиши мумкинлиги меъморларни ўша даврдаёқ безовта қилган. Нотўғри йўлакчаларнинг охири йўқ… Худди лабиринт цингари улкан эҳром ичида чиқиш йўлини топа олмай ҳалок бўлишингиз ҳеч гапмас. (Кузатувларим давомида чиқиш йўлагини топа олмаган бахтиқаро одамлар суякларига кўп марта дуч келганман)”.
Кенг йўлакдан чиққан йўлакчалардан бири сизни фиръавн қабрига, ундан чиқувчи махсус йўлак эса, сиз аслида қидираётганингиз тилладан қилинган тақинчоқ ва турли уй анжомларига тўла махсус хонага олиб боради. Қадимги мисрликлар одам ўлганидан кейин шоҳнинг шоҳ, гадонинг гадо бўлиб, бошқа дунёда яшашда давом этишига ишонганлар. Шунинг учун, фиръавн ўзга дунё дарвозабонига бир дунё тилло тақинчоқларини исбот қилиб кўрсатган ва олдинги амалини ўзга дунёда ҳам давом эттирган.
Афсуски, одамзод ҳамиша бойликка ўч. Мемфис шимолидаги зинасимон Жосер пирамидаси ва саҳро ичида қурилган Шулек эҳромидангина изланган нарсалар чиққан. Гизадаги учала улкан пирамидаларнинг ҳеч биридан на мўмиёланган жасад ва на бойлик чиқди. Афтидан, қурувчи меъморлар анчайин пухта бўлган кўринади…
Шаҳобиддин Мусаев тайёрлади.