Навқирон чиройли йигитнинг бетидаги битта-иккита ҳуснбузар ҳеч қандай оғриқ ҳам эмас, касаллик ҳам, фақат ҳуснни бузади, шунинг учун ҳуснбузар деб аталади.
Давримиз адабиёти мана шундай навқирон, чиройли йигит. Унинг эртага яна ҳам баркамол бўлиши, ҳусни яна ҳам тўлишуви турган гап. Бироқ унинг баркамол бўлиши ва тўлишувига баъзан майда-чуйда иллатлар ҳалал беради, унинг ҳуснини бузади. Бу иллатларга барҳам бериш учун турли тадбирлар қаторида «қатрон қилувчи танқид»ни ҳам қўллаш керак.
Адабиётдаги ҳуснбузарлар тўғрисида ўйлашимга бир дилсиёҳлик сабаб бўлди. Менинг яқин бир дўстим, колхоз раиси январь Пленумидан кейин эл-юрт олдида шарманда-ю шармисор бўлди. Раис давлатга сут топшириш планини муддатдан олдин ортиғи билан бажариш учун магазиндан сариғёғ сотиб олиб сут ҳисобига топширибди. Бу шармандаликнинг аламини раис билан баробар мен ҳам тортдим, десам лоф урган булмайман. Ўйлаб кўринг, ўттиз йиллик раис! Пахтачиликда, катта ва кўп тармоқли хўжаликни бошқаришда ўттиз йиллик тажриба эгаси! Неча йиллар қамиш-қиёқ ёқиб, шўр ялаб, ерни чўлнинг бағридан қўли билан юлиб олиб колхозни республикамиздаги илғор колхозлар қаторига кўтарган чўл қаҳрамонларига бош бўлган одам! Бу одам чўлга шон-шуҳрат орттириб, яна ўзининг жаннат асо қишлоғига қайтиб кетиш учун эмас, умрбод қолиш, авлод-аждодини ҳам шу ернинг тубжой халқи қилиш учун келган, уй-жой қилган, томир ёйган!
Мен кўп қатори бу одамга тан берганман, меҳр қўйганман. Қолаверса, мен «Шоҳи сўзана»да Мавлон, «Синчалак»да Арслонбек Қаландаров образларини яратишда уларнинг айрим фазилатларини шу одамдан олган эдим.
Энди шундай одам келиб-келиб юзи қора бўлиб ўтирса алам қилмайдими, ахир!
Раис бу қилмишининг сабаби ўзига боғлиқ эмаслиги, амалпараст раҳбарлар ўзининг қобилиятсизлигини сохта обрў билан хаспўшламоқчи бўлиб, одамларни жиноятга йўллагани тўғрисида гапира кетди-ю, юзидаги доғни важ-тақал билан юва олишидан умид узди шекилли, бирдан жим қолди: хилладан кейин ўзига тасалли берган ва шу билан бирга менинг таъналаримга жавоб берган бўлиб, дўнғиллади: “Бу иллат ҳамма жойда ҳам бор. Суриштирсангиз ёзувчилардан ҳам чиқиб қолади”, деди.
Ҳақ гап!
Сўз адабиёт тўғрисида кетаётган эди.
Афсус, минг надоматлар бўлсинки, кўзбўямачилик ҳоллари адабиётда ҳам учрайди.
Бундан ўн йил чамаси муқаддам бир ҳикоя ўқиган эдим.
Раиснинг хотини ошни дамлаб, эрини кутади. Правление мажлиси чўзилган бўлса керак, ярим кеча ҳам бўлибдики, раисдан дарак йўқ. Хотин ҳовлидан оғир эшикни очиб уйга киради. Катта қандилнинг биллур маржонларидан қуйилаётган камалакнинг ҳамма ранги сайқал берилган уй жиҳозларида акс этиб, афсонавий бир манзара ҳосил бўлган. Хотин тош ойнавандлик китоб жавонидан чиройли муқовали каттакон бир китобни олиб, бир оз ўқигандан сўнг роялнинг устига қўяди-да, дераза олдига келади ва оғир шоҳи пардани суриб кўчага қарайди… Ниҳоят раис саҳарга яқин келади, тош ойналари ярақлаб қамаштираётган буфетдан бир шиша хушбўй винони олиб, бир рюмка ичади-да, кейин овқат ейди ва ҳоказо.
Раиснинг уйидаги оғир эшикдан тортиб қандил, рояль ва хушбўй виногача ҳаммаси муаллифнинг дидини, услубини кўрсатади ва ҳаммаси бошдан-оёқ уйдирма. Муаллифнинг диди ва фаҳмига кўра “тўқ ва фаровон турмуш” — шу. Афсуски, дид ва фаросатда бундан қолишмайдиган ёзувчилар яна топилади. Бу хилдаги ёзувчилар қилмишларига «назарий» асос ҳам топишади: «Одамларимизнинг эртанги кунини кўрсатиш керак» эмиш!
Уйдирмачилик бошқа, олдиндан кўриш бошқа.
Ижтимоий вазифаси юксак ва машаққатли бўлган адабиётни беҳуда мошчан ҳаётнинг хашаки сураткашига айлантириш керак эмас.
Пахта кўп меҳнат талаб қиладиган экин. Лекин ҳозирги вақтда теримдан бошқа ҳамма оғир меҳнат тўла равишда машинанинг елкасига юкланган. Терим қисман машиналашган бўлса ҳам ҳануз, асосан, аёллар бўйнидаги оғир меҳнат бўлиб келяпти.
Мавсумда 20 тоннага етказиб пахта терадиган аёлларимиз бор. Бу қанчалик оғир меҳнат эканини тасаввур қилиш учун шуни билиш кифоя: битта чаноқдаги пахтани 3-3,5 грамм ҳисобласак, 20 тонна пахта териш учун мавсумда 6-7 миллион чаноққа қўл уриш керак.
6-7 миллион чаноқдаги пахтани олиш учун теримчи неча юз минг марта ўтириб-туради, 20 тонна юкни бўйнига осиб, неча юз километр йўл босади? Мана шу заҳматкаш бизнинг баъзи асарларимизда ашула айтиб, «меҳнат завқини суриб» ҳамиша кулиб ишлайди, тонг қоронғусигача ишлангандан кейин кечқурун клубга бориб лекция эшитади, уйга келиб китоб ўқийди. Агар шундоқ бўлса, машинанинг кераги бўлмас эди-ку, деган фикр бунақа ёзувчиларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Шунақа ёзувчиларни бир кунгина ўша аёлларнинг ўрнига кўйилса, қаламлари бошқача юрар эди…
Жуда кам учраса ҳам, ҳар қалай учраб турадиган яна бир ҳуснбузар — ёзувчилар орасида адабиётни китобхон ва томошабин кўзида бебурд қиладиган ёзувчилар бўлишидир. Булардан бири адабиётга пул ва шуҳрат қидириб кирган: бири ёшликда шўхлик қилиб «ёзувчиликка» йиқилгану, шу кўйича ёшлигини ўтказиб юборган, ҳозир бошқа касб-корга ярамаганлиги учун ёзиб-чизиб, мажлисларда «ақл» ва «сиёсат» сотиб юради: яна бири умрида биронта китоб ўқиган эмас. Ўқишдан кўра ёзишни осонроқ деб билгани учун ёзишга уринади. «Кўр кўрни ойдинда кўради» дегандай, булар бир-бирини қўллайди, бир-бирини ҳар баҳона билан мақтайди, бир-бирининг асари тўғрисида яхши овозлар тарқатади. Биздаги юзхотирчилик эса буларга қулай шароит туғдиради. Шундай қилиб, ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким ўқимаган асар ҳадемай бирон доклад ёки мақолага кириб қолади. Шу билан муаллифнинг қўлига ҳужжат берилган бўлади. Муаллиф ҳужжатни олиб театр, нашриёт ёки таҳририятнинг эшигини табассум билан очиб киради, табассум иш бермаса, дўққа ўтади, дўқ ҳам қўл келмаса, аптекалар бошқармасидан бўлак идораки бор, ҳаммасига шикоят билан боради, ҳаммасига ариза беради, натижада, баъзан «асар» ўтказишга муваффақ ҳам бўлади.
Бунақа «асар» ҳақида, муаллифнинг бахтига, танқид сукут қилади. Сукут танқиднинг бир тури эканини билса ҳам муаллиф бу ҳақида ранжимайди. Китоб магазинларнинг пештахтасида сарғайиб ётса, саҳнага чиқар-чиқмас қазога учраса, «ёзувчи» шовқин солади, театр коллективини, китоб савдоси ходимларини ношудлик, лоқайдлик ва уқувсизликда айблайди. Бу тоифа одамлар қобилиятсизлигини, нодонлигини шовқин-сурон ва дағдаға билан хастпўшлашга уринади. Ёзувчилар орасига низо тушса, ҳар қанақа низонинг отаси ҳам шулар, онаси ҳам шулар.
Баъзи бир “ҳуснбузарлар” ҳақида кулмасдан гапириб бўлмайди.
Карнай бор, сурнай бор. Сурнай санъаткор сурнайчининг қўлида ҳуш садолар беради. Карнай ҳар кимнинг қўлида ҳам қулоқни қоматга келтиради, холос.
Насриддин афанди созанда бўлгиси келибди, машшоқларга йўлиқиб, “мени тўпларингга олинглар” дебди. Машшоқлар: “қайси созни яхши чаласиз”, деб сўрашган экан. Афанди: “созлардан сурнайни яхши пуфлайман-ку, лекин парда босишга ожизман, буёғига ўзларинг қарашиб юборасизлар”, деган экан. Ёзувчилар орасида ҳам ёзувчилик сурнайини пуфлашга уста, лекин парда босишга, яъни ёзишга ожиз, бу ишда бировларнинг “қарашиб юборишига” яъни таҳририга муҳтож “адабий прораблар” бор. Пуфлаш афандидан-у, парда босиш созандадан бўлиб чалинадиган машқ тўғрисида нима дейиш мумкин бўлса, ёзиш ишини ташкил қилиш “ёзувчи”дану, “таҳрир” яъни ёзиш “таҳрирчи”, яъни бошқа ёзувчидан бўлиб майдонга келган адабий маҳсулот тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин. Фақат пуфлашни биладиган, лекин парда босишга ожиз киши сурнайчи эмас, ҳаракат қилса карнайчи бўлиши мумкин, холос.
Матбуот бу хилдаги “адабий прораблар”га қарши ўқ узиб туради. Ўтган йил сатира журналимиз “Муштум” ҳам ўқ узди.
“Прораб”нинг китоби босилиб чиққан. Тақриз кутилмоқда. Прораб китоб ёзиб берган ёзувчи билан оғиз-бурун ўпишиб ўтирибди. Шу пайт газета келиб қолади. Газетада мазкур китоб тор-мор қилинган бўлади. Прораб ёзувчига қараб ўшқиради: “Аҳмоқ, бировга китоб ёзиб бериш қўлингдан келса ёзиб бергин-да!” дейди ва уни уйидан ҳайдаб чиқаради.
Яна бир мисол. Москвада бир мавзуда асар ёзган ёзувчиларнинг кенгаши ўтказиладиган бўлди. Шу кенгашга бир ёзувчи юбориладиган бўлганда, бирданига икки киши “Китобни биз ёзганмизу, кенгашга у киши борадими?” деб даъво билан келган эди.
Ҳозир адабиётимиз гулгун очилиб турган бир вақтда кўнгилни хира қиладиган шунақа ҳуснбузарлар тўғрисида сўз очишнинг ҳожати бормиди? Менимча ҳожати бор. Адабиётимиз соғлом гул-гул очилиб тургани, бу ҳуснбузарларни сиқиб ташлаш зарур бўлгани учун ҳам ҳожати бор. Буларни ситиб ташлаш бизнинг вазифамиз. Адабиётимизнинг софлиги учун кураш — асарларимизнинг таъсир кучини ошириш, миллион-миллион китобхонларимизнинг қалбидан чуқурроқ ўрин олиш учун кураш демакдир.
«Литературная газета», 1961 йил 22 август