Бахтиёр Ваҳобзода (1925-2008)

Озарбойжон халқ шоири, таниқли олим Бахтиёр Ваҳобзода (Bəxtiyar Mahmud oğlu Vahabzadə) 1925 йил 16 августда Озарбойжоннинг Шеки шаҳрида туғилган. Боку Давлат университетининг филология факультетини битирган.
Самад Вурғуннинг ижодий фаолияти таҳлилига бағишланган номзодлик ишини 1951 йилда, докторлик илмий ишини эса 1964 йилда ҳимоя қилган. Замонавий Озарбойжон адабиёти ҳамда адабиёт тарихи бўйича йирик мутахассис. У 40 йил давомида университетда талабаларга ана шу фанлардан сабоқ берган.
Бугунги кунда Бахтиёр Ваҳобзоданинг номи ва асарлари ўз мамлакати ҳудудидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур. У Озарбойжон Парламента депутати, Озарбойжон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, адабиёт ва фан соҳасидаги юксак мукофотлар лауреати эди. 2008 йилда Бокуда вафот этган.
Асарлари дунёдаги кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистонда шоирнинг “Менинг йўлим” номли шеърлар китоби 1981 йилда Жуманиёз Жабборов таржимасида чоп этилган.

КИМДИР МЕНИНГ ДУШМАНИМ

Кимдир маним
Энг қўрқинчли душманим?
Билолсайдим буни мен
Зарба бермасдан ёвим
Тўсар эдим йўлини,
Кесар эдим қўлини.

Кимдир маним душманим?
Яхшимни тилга олмай,
Ёмонимни деганми?
Йўқ!
Айбимни юзга солмай,
Ё орқамдан кулганми?
Йўқ!
Менинг нуқсонларимни
Мендан яхши билганми?
Йўқ! Йўқ! Йўқ!

О, уларнинг кўзини
Тақолсайдим кўзимга,
Ўзгалар кўзи билан
Боқолсайдим ўзимга,
Қолмас эди армоним,
Бўлмасди зарра дардим…
Мен унда ўз-ўзимни
Аниқ, яққол кўрардим.
Унда ўз айбларимга
Ўзим ғаним бўлардим.
Кўрсайдим ўз-ўзимни.
Бўларди ўйлаганларим.
Оҳ, мени мендан яхши
Кўра билган дўстларим,
Орқамдан гап-сўз қилиб
Мендан кулган дўстларим,
Кулинг, ошкор кулингки,
Етсин қулоқларимга
Сизнинг ҳар бир сўзингиз,
Барча гуноҳпаримдан
Тезда хабардор бўлай,
Кўзим бўлсин кўзингиз.

Энг қўрқинчли ёвнинг ҳам
Уддасидан чиқурман,
Лекин ўзим ўзимни
Билолмай энтикурман,
Билолмай энтикурман.

Ўзим ўз қўлим ила
Бир кун бол ичарман,
Бир кун заҳар ичарман,
Мен ҳаёт йўлларидан
Оёғим билан эмас,
Имоним-ла кечарман.

Жуманиёз Жабборов таржимаси

ЛОТИН ТИЛИ

Логин тили!
Ҳар сўзингда дунё қадар маъно ниҳон.
Лотин тили!
Миллат ўлмиш, аммо тили яшар ҳамон.
“Она” деган, “Замин” деган, “Ватан” деган
Калималар йўқ бу тилда.
Лекин яна яшар бу тил.
Тонглар бизнинг чегарадан
Ўзга юртлар ҳудудига ошар бу тил.
Балки… бутун юлдузларни кезар бу тил.
Чўнг жангларда ғолиб чиқиб,
Ўлган мардга менгзар бу тил.
Ватани йўқ,
Миллати йўқ,
Яшар ўзи.
Билимларнинг тамалидир
Луғатдаги ҳар бир сўзи.
Ким ҳам дегай уни ўлик,
Табибларнинг,
Олимларнинг тилидир у,
Доим тирик.
Ой оти ҳам, йил оти ҳам бу тилдадир.
Набототу ҳайвонотнинг,
Табиату самовотнинг
Номлари ҳам ушбу тилда битиладир.
Ким ҳам дегай: “ўликдир у”,
Ўликларнинг тили эмас,
Тирикларнинг тилидир у.
Атлантика соҳилида
Жўша-жўша,
Тоша-тоша:
— Мен озодман, мен бахтлиман, —
Дейди нотиқ чет тилида.
Сўзла, нотиқ,
Ишонайлик энди нега —
Қулоққами
Ё кўзгами?
Амалгами
Ё сўзгами?
“Мен озодман, бахтиёрман” сўзларини
Ўз тилингда айтмоққа ҳам
Ихтиёринг бўлмаса гap,
Ким ҳам сени озод атар?…
Сўзла, қандай озоддирсан
Top кулбада қолиб кетса она тилинг?
Неча улкан анжуманлар, йиғинлардан
Гунгдай чиқсанг, ёниб дилинг.
Мажлисларда она тилинг сўзи йўқдир,
Балки… унинг улкан, расмий мажлисларга
Чиқмоқ учун тузи йўқдир?
Сўзла, балки сунъийдир у
Отасидан йўқ хабари?
Балки бу тил жуда ночор,
Оғушига сиғмагайдир
Буюк олам фикрлари?..
Ажаб ҳолат:
Ватан ҳам бор,
Миллат ҳам бор,
Аммо унинг тили йўқдир.
Гўё кўзгу каби порлоқ юзи бору
Дили йўқдир…
Ўзинг айтгил,
Қайси тилни ўлик деймиз?
Ватани бор,
Миллати бор,
Кичик, йўқсил кулбаларда
асир бўлган бир тилгами?
Ёки узун асрлардан
ўтиб келган,
Халқи ўлган,
Ўзи қолган бир тилгами?

БИР КЕМАДА

“Дунё” деган бир кемада сафардамиз
Сен ҳам, мен ҳам, у бири ҳам.
Яратган ҳам асли бизмиз
Севинчни ҳам, кадарни ҳам.
Толеимиз азал-абад муштаракдир.
Тўфон эрур бизлар учун танҳо душман.
Ҳамроҳларим тақдиримга жавобгардир,
Барчасининг қисматига мен ҳам эшман.

Бир кемада сафардамиз,
Бирлаштирар йўллар бизни.
Ўзган кема, сузган кема
Қайларгадир йўллар бизни.
Биз шерикмиз денгиздаги тўфонга ҳам,
сабога ҳам,
Хуш, ёқимли ҳавога ҳам.

Кема сузар,
Тўфонлардан ҳуркиб қочган
тўлқинларнинг қучоғида
қалқиб-қалқиб,
эниб-чиқиб…

Эҳ, нс қадар аянчлидир
Бир кеманинг йўлчилари тиш қайраса
бир-бирига,
уриб-йиқиб.

ТЎЛДИР…

Тўлдир, юрагингни ссвинчга тўлдир,
Бу ҳаёт гоҳ тикка, гоҳ чикка йўлдир,
Дунёда дард ҳам мўл, лаззат ҳам мўлдир,
Қайсини ололсанг ўз қисматингдир.

Шодлик керак бўлса, ол, ясоқ* эмас,
Дард чеккан юракдан дард йироқ эмас,
Дунё икки рангдир, фақат оқ эмас,
Ёлғиз бирин кўрмоқ жаҳолатингдир.

Пойга майдонидир бу ҳаёт, гулим,
Маррага мардона сургил от, гулим,
Умр текин келган, қиммат сот, гулим,
Тенги йўқ бу бойлик — ўз сарватингдир.

Бахтиёр, билдингми, сен кимсан, несан?
Айт, не шамоллардир бошингдан эсган,
Дунё мотамида гар гам чекмасанг,
Дунёнинг тўйи ҳам мусибатингдир.
_______________
Ясоқ – тақиқланган.

* * *

Ҳудудсиз англардик бир вақт дунёни,
Тарқалди у кўҳна тасаввур, гумон.
Соатларда кезиб чексиз самони,
Англадик, не қадар кичик бу жаҳон.

Дунёни қайтадан бўлишмоқ учун,
Қон тўкди қироллар, шоҳлар бир замон.
Бугун бир бомбада қалқийди очун,
Гоҳида не қадар кичик бу жаҳон.

Ернинг у бурчидан лаҳзалар аро
Хабарлар етади бизга кўп осон.
Минг йиллар яшадик, сир эди дунё,
Билгунча не қадар кичик бу жаҳон.

Дилда умидлари, орзуси чексиз,
Хаёллар ортидан улғайди инсон.
Оқиллар дунёга сиғмади ҳаргиз,
Эҳ, гоҳи не қадар кичик бу жаҳон.

* * *

Чамандаги гул, чечакнинг
Соғ-сўлида алафи бор.
Дунёда ҳар бахтсизликнинг
Ҳам зарари, ҳам нафи бор.

Вақт — табиблар табибидир,
Ҳаёт инсон ҳабибидир,
Ёйдан чиққан ўқ кабидир,
Ҳар умрнинг ҳадафи бор.

Юракдадир сўз илдизи,
Мангу қолар унда изи,
Кўп оғирдир меҳнат ўзи,
Адо этсанг шарафи бор.

Юрак — тилсим, ёнар пар-пар,
Ҳар буржида минглаб гавҳар,
Инсон кўкда ойга менгзар,
Кўринмаган тарафи бор.
___________________
* Ҳадаф — мақсад, нишон.

Носир Муҳаммад таржималари

УНУТМОҚ УЧУН

Айрилдик…зўр келди бизга ҳужумлар,
Айрилдик, қисиниб таънадан, сўздан.
Биздан рози қолди ҳадлар, ҳукмлар,
Биз рози эмасмиз ўз-ўзимиздан.

Айрилдик биз айтган қўшиқ яримта,
фикрлар паришон, кўнгил яримта.
Айрилдик фикрлар қалқиган замон,
Энди на сенсан,на мен ўзимман.

Бошимга тўфонлар ҳайқириғидек,
Тўфонлар залвори тўкилган маним.
Тоғларга тирмашиб ортига тошган,
У қор сувларга қоришдим мен ҳам.

Толенинг ҳукмила айрилиб сендан,
Бир оғир ҳукмдан паришон мен ҳам.
Ёндирган ҳам ўзим, ёқилган ҳам мен,
Ҳижрон оловига чайқалган ҳам мен!

Айрилдик, билмадик, нечун керак биз,
Айрилдик… айрилмоқ истамасдан биз.
Юрагимда йўқдир, сенга ғазаб кин,
Ёдимга тушмайди, ёмонинг лекин.

Нафратсиз айрилиқ айрилиқмидир,
Нафратсиз айрилиқ висолдан ширин,
Гулим сева-сева айрилишдик биз,
Юрак кўкдан тушган тоқ симга ўхшар.

Бизнинг кўзи ёшли бадбахт севгимиз,
Оталик-оналик етимга ўхшар.
Дейманки, мен сени унутмоқ керак,
Мумкинми?
Орзуга амал ҳам керак!
Унута билмоқчун сани севгилим,
Қайтадан туғилмоқ туғилмоқ керак!!

БИРИ СЕНСАН, БИРИ МЕН

Бир булоқнинг икки кўзи,
Бири сенсан, бири мен.
Бир олманинг икки юзи,
Бири сенсан, бири мен.

Қўша симнинг титрамаси,
Бири сенсан, бири мен.
Бир парданинг икки саси,
Бири сенсан, бири мен.

Очиқ само куй қуршоғи,
Бири сенсан, бири мен.
Тонг юлдузи сахар чоғи,
Бири сенсан, бири мен.

Бу ҳаётда икки рангдир,
Бири севинч, бир ғам.
Севинч кимдир, қаҳр кимдир,
У ҳам сенсан, ҳамда мен.

Бу дунёда ҳамроҳ экан,
Ҳам ғаму ҳамда севинч.
Сен мендурсан,
Мен — сендурсан,
Гўзалдир ғаму-севинч.

СЕН КЕТДИНГ

Сен кетдинг, билгилки, дунё бўшалди,
Ёз ҳам кўчиб кетди, ери бўш қолди.
Баҳор юрагимни энди қиш олди,
Ёзга ўрганганман қишни найлайин?

Бағримни ўпириб сен кетдинг демак,
Бу ишқсиз юрагим нимага керак?
Совуқ тош-эй бўлди у кундай юрак,
Сийнамга осилган тошни найлайин?

Ҳамиша айрилиқ кеча-кундузи,
Биримиз осмонда биримиз ер чизиб.
Устуннинг қошига ярашар узук,
Гар узук бўлмаса қошни найлайин?

Нега яшайин мен, мен нега сенсиз,
На ерга боқарман, на кўрай сенсиз,
Менку кўр бўларман бир лаҳза сенсиз,
Кўр кўзнинг устида қошни найлайин?..

ТУШАРСАН ЁДГА

Унутмоқ истайман!..
Ўзим-ўзимдан,
Бир даъфа айрилиб, ҳаяжонланиб.
Кечалар хаёлим бир фикрда ман:
Сани тушунмайман, сани англамам.

Бу шундай қайғуки, бу шундай ғамки,
Оздирар минг йиллик йўлингдан сени.
Саҳарда, оқшомда тушунаманки,
Тушунмоғим шартмас ҳеч замон сени.

Унутса ҳам фикр-хаёлдан қанча,
Юракдан қуволмас севган-севганин.
Мен ўзим-ўзимга “унут”деганча,
Ўзимни унутиб топарман сени.

“Унутдим” дейману, ундан не фойда!
Ёдимдан чиқмасдан тушарсан ёдга.
Бу ишқнинг ўтини ўчириш қайда,
Ғазабим сел каби ошиб тошсада,
Ёдимдан чиқмасдан тушарсан ёдга…

АҚЛ ОЛАРДИМ

– Бу не илинж, бу не ноладир,
Эй, юрак айт истагинг надир,
– Сўрма, қўй, менинг кўнгил дардимни.
Ҳиссим бўлмасайди, англашилардим.
Йўқ! Агар билсайдим ўз истагимни,
Мен юрак олмасдим, ақл олардим.

ФИКР ҚАНОТЛАРИМ

Менинг қанотларим бор:
Ширин-ширин орзулар,
Буюк-буюк хаёллар,
Қанотларимдир менинг!
Дунё қанотларим учун
жуда кичикдир,
Кичикдир.
Коинотдир – Ватаним!…
Орзулар дунёсига
Учган замон ўғиллар
Яралди афсоналар,
Эсдаликлар,
нақллар…
Учирай, хей, учирай!…
Мен тепа-туз билмасман,
Кеча-кундуз билмасман.

Хаёлнинг бир ҳадди йўқ,
Хаёлнинг бир ҳадди йўқ,
Қояларнинг сарҳади йўқ!
Қушлар нега озоддир?!
Озодлиги ташбеҳи,
яшарлар қуш отида,
Озодлик
учир,
учир
Қушнинг сарҳад билмаган,
У қўша қанотида.
Фикр қанотлари ҳам озоддир!
Сарҳади йўқ…
Само каби ҳади йўқ!…
Фикр ҳам минг хил бўлур.
Баъзан самонинг ўзи,
Фикримга дастур бўлур!
Учир,
Учир
хаёллар,
Самодан ҳам у ёнга,
Бўшлиқдан манзилим бор.
Унда фикрим қанготи,
Кўрар тутиб дунёни…
Сен нени истайсан?
Боқ!
Ўзимга боқ!
Не ғам!
Мендан жуда буюкдир,
Бошим унинг пойида.
Унинг боши сомода
сўнгсиз самода.
Удир фикрим, тушунчам!. .
Мен озодман, озодман!
Манзили кўринмаган,
Бир абадий йўлим бор.
Мени ердан келтирган
Ҳадду-ҳудуди гирён, туғён
Фикр қанотларим бор.

БАХТИЁРМАН МЕН

Умримнинг кузида севдим, севилдим,
Аъло биламан ки, илк баҳорман ман.
Орқангда суринган соянгман сенинг,
Қайда қарор тутсанг, унда борман ман.

Май бўлсанг, ёнингда бир қадаҳ бўлгум,
Гул бўлсанг, ғунчани ўпган мен бўлгум.
От бўлсанг, бир онда анжом ўзимман.
Тоғ бўлсанг, чўққингга ёққан қорман мен.

Бошимни қўярман кунда юз карра,
Бир бор оёғингни босганинг ерга.
Ишқингдир учирган мени кўкларга,
Бу ишқнинг кучига миннатдорман ман.

Ишқни чегаралаш, асли гуноҳдир,
Жоҳилнинг ҳар иши, сўзи гуноҳдир.
Ишқни гуноҳ санаш асли гуноҳдир,
Ким деди, ишқимда гуноҳкорман ман?

Ўзинг бир оламсан, ишқинг бир олам,
Сан бўлган кўнгилда на гуноҳ на ғам!
Сансиз бу дунёнинг энг бадбахтиман,
Сен билан дунёда Бахтиёрман ман…

Дилбар Ҳайдарова таржимаси

САМАНДАР

Ўт-олов қушидир самандар қуши,
У на кўк қушидир, на-да ер қуши.
Оловлар ичида ёниб яшар у,
Ёниб-ёқилмоқни ҳаёт санар у.
Яшар ўт ичида кўз каби ва ё
Ўлар у ёнмоқдан безгандай гўё…
Ичидан ўт олиб ёнмаса агар,
Ҳаёт маҳв бўлмасми ерда муқаррар.
Эй кўнгил, сен-да ён мисли самандар,
Ёндиргин ишқимни қиёмат қадар!

СЎРАМА

Сўрама, мен сени нечун севмишам,
Нечун яралибдир, нечун бу олам?
Сўрагил, булутлар нечун эврилур,
Нечун у гоҳ ёмғир, гоҳ булут эрур?
Сўрагил, сўрагил, нечун дод солар,
Ўзини соҳилга уриб долғалар?
Сўрагил, эсганда сархуш шаббода
Нега пичирлашар гул-чечак боғда?
Нечун севганимни билмадим ман-да.
Севарман, севарман… инсон севганда
Ёлғиз ўз кўнглидан тинглайди бир сас,
Нечун севганини севганлар билмас.
Нечун севганини билса гар юрак,
Севмайди демак,
Севмайди демак!

ҲАЙФ

Ҳайф у кўзларга, у боқишларга,
Ўзга бир кишига боқажак ҳамон.
Ҳайф у илоҳий кўзу қошларга,
Бу ўтли боқишдан ким қолгай омон.

Ҳайф у оловли ўтган чоғларга,
Учган ёт бутоққа тез қўнар, ишон.
Ҳайф гул мисоли у дудоқларга,
Ўзга бир дудоққа туташар бу он.

Гулим, ҳайф сенга, ҳайфдир менга,
Мен асрай билмадим муҳаббатимни.
Ўзим била туриб берурман яна
Ўзга бир кишига саодатимни.

ИШҚИНГ БИР ОЛАМ

Умрим давомида севдим, севилдим,
Ўйлай билурманки, илк баҳорман мен.
Ортингда суринган соянгман сенинг,
Қайда қарор тутсанг, унда борман мен.

Май бўлсанг, ёнингда пайдо қадаҳман,
Гул бўлсанг, атрингни ўпган сабоҳман.
Гарчи сен бир майса, танангда шохман,
Тоғ бўлсанг, чўққингга ёққан қорман мен.

Бошимни қўярман кунда юз карра
Бир бор оёғингни босганинг ерга.
Ишқингдир учирган мени кўкларга,
Бу ишқинг кучидан миннатдорман мен.

Севгига ҳад қўймоқ тузук гуноҳдир,
Жоҳилнинг ҳар иши, сўзи гуноҳдир,
Ишқни гуноҳ демак ўзи гуноҳдир,
Ким айтар, ишқим-ла гуноҳкорман мен?

Ўзинг бир оламсан, ишқинг бир олам,
Сен бўлган кўнгилда на кадар, на ғам!
Сенсиз бу дунёнинг бадбахти бўлсам –
Сенинг-ла дунёда бахтиёрман мен.

Озарбайжончадан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси

НОМСИЗ ШЕЪР

Кўзимда кўл бўлди, гул бўлди ёшлар,
Тарк этди бирма-бир дўстлар, танишлар…
Бахтсизлик – юракка санчилган тикан,
Удир ёлғизликнинг эгиз қардоши;
Ёлғизлик – тоғдай юк, белларни буккан,
Дунёнинг энг улкан, энг оғир тоши…

Ёлғон – минг бўёқли,
Ҳақ-чи, бўёқсиз.
Ёлғон қип-қизилдир, ҳақиқат оқдир.
Ёлғон – шир яланғоч, ёлғон ҳаёсиз,
Ҳақиқат ҳар замон сал тортинчоқдир.

ВИЖДОН

Икки йўлнинг ўртасида турганча,
Гоҳ у ёндан, гоҳ бу ёндан қўрқаман.
Девдан эмас, пашшачалик кучи бор,
Ўзини дев санагандан қўрқаман.

Ул даргоҳда Ҳақ девони қурилгай,
Не топгансан, бари бир-бир сўрилгай;
Иддаоси бўйнимизга юк илган –
Авф этилган шараф-шондан қўрқаман.

Бу дунёдан бир умидим мезондир,
Мен қўрққан кас у мезонни бузгандир,
Тўқ кимсанинг қутуриши ёмондир,
Очдан эмас, мен тўйгандан қўрқаман.

Ким ҳамкордир нафс деган шайтонга,
У тупурар ҳақиқату виждонга;
Ахир виждон қиймат бергай инсонга –
Виждонидан қўрқмагандан қўрқаман.

АҚЛНИНГ КЎЗИ БОР

Дўстим, бир ғалати сўз айтдинг, зотан
Дедингки, кўрмасам – ҳеч ишонмайман.
Дедим, сен орифсан, мен бир авомман,
Мен кўз-ла кўрсам-да, инонмам, аммо.
Билмайман – кўзимга кўринган дунё
Аслан ҳақиқатми ё сирли рўё?..

Баланд-паст дунёда мен яшаб юриб,
Англадим ўнг-чап не, не бутун-ярим.
Билдим – ҳақиқатдир ақлим-ла кўриб,
Аммо кўзларим-ла кўрмаганларим.
Ақлнинг кўзи бор, у йўл кўрсатар,
Кўзда-чи, ақл йўқ, у бизни алдар.

АЛВИДО

Дўстларим, умримнинг сафоси битди,
Тоққа кетдим, дала-тузга алвидо.
Кўзга туман чўкди, бошга қор ёғди,
Баҳорга алвидо, ёзга алвидо.

Сен ишқни ҳар замон муқаддас дединг,
Кунларга ёпишмоқ пуч ҳавас дединг,
Кўпни истамадинг, озга бас дединг,
Дерман: кўп йўқ эса, озга алвидо.

Энди томиридан узилган менман,
Ўрганган ошёни бузилган менман,
Энди на сен сенсан, на-да мен менман,
Энди биз бизмасмиз, бизга алвидо.

Бахтиёр, ярангдан оққан қон ҳар он
Сени кечмишингга боғлар ҳар замон;
Зулмат юрагингни ёғдулантирган,
Йўлингга шам тутган кўзга алвидо.

Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси