Байрам Али. Дардли қуш (ҳикоя)

Уйим сенинг уйингдир,
Айвонимда яшайсан.
Қараб турсам сен ҳам бир,
Дардли қушга ўхшайсан…
Муҳаммад  Юсуф.

Маҳкам бобо бошини сарак-сарак қилди:
-Эй-й, ҳали шуйтди денг…
-Шуйтди-да, ҳамсия бова… Бу, тўққиз йилдан бери ўзимизнинг духтирларга кўрсатавериб-ку, чарчаган эдик. Бир умид Ташкин духтирдан деб борсақ, шуйтди, — деди ота.
-Яшамагурлар, бундай отасини четга чақириб айтмайдими? Ўзининг олдида ҳам айтадими, қаранг, духтир оғирини олгурларнинг ишини.., — куйиниб арзи-ҳол қилди она.
Ота чуқур хўрсинди:
-Бўлди-да энаси… Аслида у духтирлардаям айб йўқ. Бунинниг ўзи шипохонага борганимиздан текшираётган прапессирни саволга тутса бўладими. “Духтир, менга тўғрисини айтаверинг, ўзим ҳамма нарсани тушинган боламан”, дейди. Кейин, духтирам шу… ўёғи оз қолган деди, қўйди-да… Оғриқ қолдирувчи дорилар ёзиб берамиз девди, суғин, бу ҳам кўнмади. Ота, бўлмаса бўлди, қайтаверайлик, сарсон бўлмайлиқ, дейди, гўдак…
-Барибир-да! – буғзига келган оҳдан титраниб кетди аёл. – Бу ҳали бир гўдак бўлса. Ўзи тортаётган оғриқлари, азоблари каммиди боламнинг?! Умид билан борган одамга қандай бу гапни айтишади?!
Шу чоқ уй тўридан боланинг ингроққа тортарли, ҳазин овози эшитилди:
-Бўлди, эна!.. Мен… Мен ҳеч нарсадан тушкунлика тушганим йўқ-ку…
— Барака топгин болам, — Маҳкам бобонинг адёлга ўраниб, бир сиқим бўлиб ётган болага тикилиб кўзлари ёшланди, — Худо ўзи сабир берсин сенга. Овчининг кечикканидан умид дийишади. Касалини берган Тангри, шипосиниям берар…
Чол бир муддат жимиб қолди. Лабларини кексаларга хос қимтиб тураркан:
— Қай бир замон шундай ривоят эшитган эдим, — деди, сўнг ўйчан. – Гўёки Аллоҳ кимга дард бермоқчи бўлса учта фариштасини ҳузурига чорлар эмиш. Улар етиб келганда биринчи фариштасига буйирар эмиш: “Бор, фалон ердаги бандамнинг фалон ерига оғриқ солгин, ҳаракатини сусайтириб, дардман қил!”. Иккинчи фариштасига буйирар эмиш: “Бор, сен бу бандамнинг оғзидан маъзасини олгин, оромини-ҳаловатини ол!”. Учинчи фариштасига бўлса: “Сен эса бор, ушбу бандамнинг бор гуноҳларини гарданинга ортиб, доимо олдида ҳозир бўл!” деб, амир этар, кейин, белгилаган муддати беш йил бўладими, ўн йилми, фаришталарига шу фурсатда қайтиб келишини тайинлаб, ерга тушириб юборар экан. Ерга тушган фаришталар ўз вазифаларини бажо келтириб белгиланган вақтда Аллоҳ даргоҳига қайтиб борар эканлар. Улардан Худо сўрар экан: “Бандам дардманликда ўзини қандай тутди?”. Агар дардман банда ўзини муносиб тутган бўлса, “Сабрли бўлди, берган ризқинга шукур, деди, парвардигор!“ – жавоб беришаркан фаришталар. Фаришталарининг гапини эшитган Худо биринчи фариштасига айтар экан: “Бандам синовимдан ўтибди. Унда бор, сен унинг таънасидан оғриқларини олиб, жисмининг ҳаракатини қайтадан равон қилгин!”. Иккинчисига айтар экан: “Сен ҳам бор, оғзининг маъзасини қайтиб бергин, ором-ҳаловатини бер! ”. “Раббим, менга бир пайтлар бандангнинг гуноҳларини кўтариб юришимни буйирган эдинг, энди мен нима қилай?” – тангридан сўрар экан учинчи фариштаси. Шунда қодири мутлақ учинчи фариштасига жавобан: “Энди сен то Қиёмат кунига қадар ушбу бандамнинг қилган гуноҳларини гарданингда кўтариб юргин, Қиёматда ўтга ташлайсан…”, — дер экан…
Хонани сукунат чўлғади. Айтилмиш ривоят умид гуллари сўлиган ота-онага ҳам, болага ҳам ўз тасирини етарлича кўрсатган, ташна бир хаёллар гирдобига тортиб кетган эди. Аммо шу асно Маҳкам бобонинг кутилмаганда, таъбир жоиз бўлса ўринсизроқ берган саволи уларни эсанкиратиб қўйди:
-Олдин келганларимда кўрмагандайман, бу қачон пайдо бўлди?
Ота ва она аввалига чолни тушунолмай юзига боқдилар. Кейин унинг шифтидаги қалдирғоч уясига тикилиб турганини пайқаган ота:
-Доим бор эди.., — деди, энсаси қотиброқ.
-Ҳмм, пайқамаган эканман-да.., — суҳбат мавзусини қовушмаган тарафга ўзгартирганидан хижолатга тушган чол каловланди. – Аввал бирда ҳеч тузалмаётган беморларни қалдирғочнинг уяси билан чўмилтирса даво топади деб эшитган эдим, кўриб эсимга тушиб кетди…
Маҳкам бобо айни дам аҳамиятлик бир гап айтмагандек индамай дастурхоннинг бир четига тикилиб ўтирар, ота билан она эса унинг гапини давом эттиришини кутиб маҳтал эди. Ниҳоят сабри чидамаган она:
— Гапддирда ҳамсия бова… Ўзи бир парча лой бўлса…- гапиринди, шифтдаги уяга тикилган куйи.
— Тўғри айтасиз келин, — ортиқча тортишиб ўтирмади Маҳкам бобо. – Бу ҳам бир афсона чиқар… Очиғи, шу давони қўллаб бирор тузалган касалниям билмайман-ку, лекин, илгариттан шу гап юради. Эмишки, қалдирғоч Қуръонни хатм қилган қуш бўлармиш. Газанда-мазанда айланмасин учун доимо уясига дуо ўқиб, дам солиб ўтирармиш. Энди-и, қалдирғоч бор хонадонга барака энишиям бежиз эмасдир-да. Эътибор қилган бўлсангизлар қалдирғоч учиб юрганида бошқача, уясида ўтирганида бир бошқача сайрайди. Уясида сайраган нолиши ростдан ҳам Қуръон сураларига оҳанг бериб кетади, жониворнинг…
Яна бир пас ул-бул насиҳат гаплардан гапириб ўтирган Маҳкам бобо уйига чиқиб кетди. Бироқ ота ва онанинг хаёлидан ҳамон унинг қалдирғоч ҳақидаги гапи кетмас, ўзлари сезмаган ҳолатда тез-тез шифтдаги уяга тикилар эдилар. Бу орада боланинг акаси, уларнинг шу қишлоқнинг чеккароғидан уй тиккан катта ўғли келиб қолди. Ака оиласидагилар билан номига сўрашди-ю, курпачага ўтираётиб:
-Ҳа, ота, нимага бунча тез қайтдингизлар? — сўради ҳовлиққаннамо. -Нима деди Ташкин духтир, укамни кўрдими?
Аканинг саволи онанинг аламларини баттар алангалатди:
-Нима дерди болам, укангнинг тақдир амалларини куйган дебди, эна-отангнинг манглайлари шўр, дебди… Яна ўз-ўзгинасига айтибди ҳаммасини уйинг куйгурлар…
Юзига панжаларини босиб “Уҳ!” деб юборди ака. Аслида бу ерга келаётиб бир ҳамқишлоғидан оталарининг уйга мўлжалдан эртароқ қайтганини эшитганидаёқ ҳаммасини тушунган бўлсада, онасининг зорланишидан бутун вужуди қақшаб кетди. Кўзидан ситилиб тушаётган ёшларни учакишгандай тет-тез сидириб ташларкан, тутоқиб сўкинди:
-Эй энасини эмсин шулар! Худомиди, оғзига келганини гапираберади-да, эна! Шунга энди укамниям бундай эзиб, мустар қилиб ўтирибсизларми?!
Ўғлининг сўзлари онанинг қулоғига кирмасди.
— Билмадим гуноҳ мендан ўтдимикан, отасиданми?!.. Ё ўзининг мурғак бошиданми?!.. – йиғлар эди аёл. — Худо шу дардни берганда мактабга энди бораётган гўдак эди. Мана, ўн олтидан ошиб йигит бўлаяпди, Худойимнинг раҳми келмади! Бўлмаса духтирдан оёқ узганимиз йўқ, ўзбекчилик дедик, қанча югурдик…
Шу вақтгача жим турган бола инграб ўзини тушакнинг у ёнидан-бу ёнига ташлади:
-Бўлди дийман, эна-ёв! Бўлди энажон! Бўлди!…
Боланинг овозида инсон бардош беролмайдиган изтироб, тортаётган оғриқ азобларидан кўкармиш юзларида аянч бир манзара мужассам эди. У бошига қийналиб адёлини тортди. Хонага пашша учса эшитилар даражада сукунат чўмди. Юзларни юваётган сассиз кўзёшлар эса киприклардан ситилиб-ситилиб думаларди…

* * *

Баҳорнинг қисқа куни пардаланиб навбатдаги тун чукди. Неча кундан бери жон талашаётган бола иситма оташидан гоҳ инграб, гоҳ маъносиз сўзларни гапириниб ётар, ота-онаси ва акаси мижжа қоқмай бошида эдилар.
-Яна Райим духтирни топиб келсаммикин..? – сўради, бу ҳолга бардош беролмаётган ака.
— Билмасам… Ё тонг отса бирор мулла-пулла топиб келсанг, ўқитиб кўрсак яхшимиди… – жавоб берди отаси.
— Шуйтиш керак, — зорланди аёл. –Райим нима дейди, битта укол ҳам урмайди у. Ўзини опқочади. Аслида Ташкин духтирга бошқариб юбориши ҳам бежизга бўлмаган, илгариттан билган умид йўқлигини…
Иложсизлик тағин ҳаммага мўм тишлатди. Бироздан кейин ота худди кучли ҳаяжонга тушмиш кишидек, кескин:
-Марипа..? –сўз қотди аёлига.- Даво деб бош суқмаган эшигимиз-ку қолмади. Лекин шу кундан бери анов гапни эслаб-эслаб қўяман-да. Маҳкам бованинг айтгани-чи, эсингдами ?
Табиати қайсарроқ бўлганлигидан насиҳатгуй чолни унча хушламайдиган ака отасининг гапидан ғашланди.
-Ҳа, нима девди шу Маҳкам бова?! – деди, онасидан олдин зарда аралаш.
-Анови… Маҳкам бова ажаб бир гап айтувди-да, – ҳамон аллатавир ҳаяжонда турган ота чук тушган жойида қалпоғини уч-тўрт тузатиб кийди. – Сен йўғингда, ҳей келганида,- деди ўғлига. — Ҳеч тузалмаган кассалларни қалдирғочнинг уяси билан чўмилтирса соғайиб кетиши мумкин девди…
-Гапда, — ғудранди ака. – Маҳкам чол ижоди келган бўлса айтган-қўйган!
-Ҳар нарса дияверасанми! — ота бу гал аччиқланди. Бу амалдан иш чиқишига азборойи умидвор бўлганиданми, ёлғон гапираётганини ўзи сезмади:
– Мен ўзи шу гапни Маҳкам бовадан бошқа битта-иккитадан ҳам эшитгандай бўламан…
— Бўлмаса қишлоқдан бирор қалдирғочи ташлаб кетган уяни сўраштириб кўрсакмикан?! – гапга аралашди она. Кейин оғир-оғир нафас олиб ётган ўғлига боқиб, – ўзимиздаги тухум қўйган чиқар, биттаси уясидан кўп учмаётувди, бузсак ҳам гунай.., — деди.
Ота ўйланиб қолди.
-Леки-и-ин, гунайликка гунай-ку, даволиги бўлса қалдирғоч яшаб турган уянинг даволиги бўлади, қалдирғочи бўлмаса даво бўлмас дейманов…

…Хира чироқ ёритиб турган уйда ота билан ака оёққа қалққан, она ўтирган жойида боши хам эди. Укасининг инграшларидан ичи ёниб кетаётган ака ўз манглайига асабий-асабий уриб қўярди. Бир вақт у бир жуфт қалдирғоч ётган уяга яқин бориб тикилди. Ич-ичидан титраниб ҳўрсинди.
-Бўлмаса бузайлиқ шуни, бу ҳам бир гапи! Шундан бир умид бўладиган бўлса гунайи менинг бўйнимда, ота! – деди, сўнг овози товланиб.
-А?!- отанинг қулоғига ўғлининг кийинги сўзлари чалинмади ҳам. У ҳудди шу биргина ҳамфикрга маҳтал турган каби ошиқди.
-Нарвонни келтирайми бўлмаса, а?!!!
-Тўхтангизлар, — қўйиб берса ҳозироқ уяни бузишга шайланаётган эрини тўхтатиб қолди аёл. – Агар чин бузсақ эрталабгача кутиш керак. Тонг саҳар қалдирғочларни ҳайдаб чиқарамизда, ўзларига кўрсатмай бузамиз. Тухум-пухими бўлсаям шаройит қилиб жойлаштириб қўйсақ, яна уя қуриб олишармиди..?
Бу гап ҳаммага маъқул бўлди. Энди улар тонг отишини сабирсизлик билан кутишарди. Мисли бу тонг кўплаб ўзгаришларга сабаб бўладигандек ҳаяжонга тушишарди.
Тонг оқариб кела бошлади. Ушбу тонгнинг отмоғи жон талвасасида ётган бола учун ҳам ҳар кунгидан машаққатли кечди. У ярим очиқ кўзларини атрофидагиларга тикиб нималарнидир илтижо қилар, афсуски, сўзларидаги маънони англаб бўлмасди. Ҳатто оила аъзоларини таниётганлиги ҳам мавҳум эди унинг.
-Бўлди энажон, мен нарвонни опкеламан!–ака шаҳт билан эшикка чиқиб кетди. Кўп утмай эса ёғочдан ясалган кичикроқ нарвончани кўтариб кирди.
-Менга бер, ўзим, — ота ўғлининг қўлидан нарвончани олиб, уя тагидан ўрнатиб чиқа бошлади. Қалпоғини силтаб-силтаб инида қунишибгина ётган қушларни қўзғатди. Ҳали тонг унча ёришиб улгурмагани сабабли уядан кўтарилган қалдирғочлар хона бўйлаб учишар, ташқарига чиқишни исташмасди. Улар пича шундай қушларни қувиб ҳалак бўлдилар. Қушлар хонани тарк этгач эшик деразаларни беркитишиб, ота катта пичоқ ёрдамида уяни бузишга киришди. Ниҳоят бармоқлари қалт-қалт титраганча уяни бус-бутун кўчириб пастга тушди.
-Ҳайрият, тухуми йўқ экан, — деди, тин олиб.
-Энди чўмилтиришни қайтамиз?- сўради ака. – Уйнинг ичига чўмилтирмасақ, бошқа иложи йўқдир дейман.
-Мен ҳозир, — аёл уйдан чиқиб, ошхонаданми, аллақаердан ноярамроқ стулча топиб келди.
-Сен укангни шунга йиқитмай ўтқазиб турсанг, мен сув қуярдим, сўғин отанг ишқалаб чўмилтираверарди…
-Яхши! – деди ака. Улар хонанинг бир бурчаги гиламини қайириб, стулчани қўйишди. Бамисоли ҳушсиз ётган болани уст кийимларини йичиб, ўтқазишди. Оёғининг тагига тоғара қўйиб, сув қўйиб ювинтира бошлашди.
Отанинг қўлидаги лой парчаси бола баданидан худди совундек купириб-лойқаланиб оқар-у, ҳеч адо бўлмасди. Улар эса ниҳоятда шошилишар, бундан бир иш чиқишига негадир ҳамма қаттиқ ишонаётган эди. Шу пайт.., шу пайт улар хаёлида ростдан ҳам мўжиза рўй бергандай бўлди.
-Эна… – деди, баданига сув тегаётганиданми, ёки қалдирғоч уясининг кароматиданми, иситмаси пича тушиб ўзига кела бошлаган бола. – …Барибир бузибсизларда..? – кейин хафа бўлгандек “қулт” ютиниб, кўзларини юмиб олди.
Ҳамма бир муддатга ҳаракатдан тўхташди. Ҳа, боланинг бу гапи алахсираш эмас, онгли равишда уя ҳақида гапираётган эди у.
-Бўлди! – пичирлади ота. Қўлидаги лойнинг қолган қисмини тоғарага ташлади. — Энди тоза сувдан қуявер. Совуқотмасин, тезроқ ўрантириб ётқизиш керак!
Болани кийинтириб ўрнига ётқизишганда, у анча тетик эди. Бундан бутун оила терисига сиғмас, ажаб бир талвасада эдилар. Эшик очилиб-ёпилганида ичкариги кириб уясини топмаса ҳам, негадир, шовқин кўтармасдан парданинг қошига жимгина қўнган қалдирғочларга эса ҳеч ким эътибор ҳам бермасди. Сал ўтиб бола онасининг қистови билан бир-неча қошиқ қайнатилган сут ичди. Юзлари терлаб, қизиллик югурди. Энди унинг нафаслари енгил эди.
-Эй-й, айтдим-ку Маҳкам бова чин айтади деб, қари билганни пари билмайди-да! – деди, ота йиғламсиқ жилмайиб.
-Тўғри, тўйида тўнлар кийсин боваси, — эрининг сўзларини мақуллади, йинги учи билан кўз ёшларини сидириб она. Сўнг катта ўғлининг елкасига қоқди. – Болам, сен бор, оғасининг яхшилигини бориб чечасигаям етказ. Ёки ўзини эргаштириб келавер буёққа. Бечора кечадан бери юрак ҳовичлаб кутиб ўтиргандир ул ҳам.
Ғайрати ичига сиғмаётган ака сапчиб турди ўрнидан.
–Майли, бўлмасам, мен бориб бирров мол-ҳолларга қарайман-у, келинингиз билан неварангизни олиб келаман.
Ака укасига ҳам эгилиб нимадир демоқчи бўлди-ю, тўлқинланганидан гапира олмади. Салом бераётган киши тақлид бошини қимирлатиб қўйиб, жунаб кетди.
Бироз утиб болани уйқу элита бошлади.
-Ухлаяпди, — она отага қараб секин пичирлади. – Юринг бўлмаса бизлар ҳам сигирни соғиб келайлик…
Улар болани холи қўйиб рўзғор юмушларига уннаб кетишди. Орадан ярим соатдан ошиқроқ вақт ўтди. Бир вақт ота ва она бузоқни ҳовлидан ҳайдаб ўтаётганларида уйнинг берк деразасига ўзини уриб шовқин кутараётган қалдирғочлар овозини эшитишди. Улар қараб ҳам улгурмай эса деразанинг дарз кетган ойнаси “чарсиллаб” синди.
-Ё худойим!!! Деразами?! – сесканиб кетди она. Қўлидаги сут соғилган челаги ерга тушиб, тўкилди.
-Тўхта-чи, — ота етаклаб келаётган бузоғининг арқонини қўйиб юбориб, уйи томон юрди. Аввал секин юрди, кейин югурганча уйига ошиқди. Юраги ёмон нимадир рўй берганини сезаётган она ҳам ортидан эргашди. У йитиб келмасдан эса, ичкаридан эрининг аламли фиғони эшитилди:
-Бол-а-а-м! Отанг ўлсин бол-а-а-м..!
Ота шарт изига қайтиб, остонада аёлининг йўлини тўсди:
-Марипа кирма! Кирма Марипа!!!
Лолу-ҳайрон аёл мутлақо телбага айланган эди.
-А..?! А, нимага..?! Нимага ўндай бўлади..?! – англаган воқеасига ишониб-ишонмай девонаваш пичирлар эди у. Кейин эрининг ёнидан юлқиниб ўтиб, ўзини тушакда ётган ўғлининг устига отди. Бола эса… тепага қараб ухлаётган мисоли жим ётар, бадани совий бошлаган эди.
-Қалдирғочнинг уяларини кутиб ётибмидинг, бол-а-а-а-м!!! – ўкраб юборди она. Эшик остонасида мувозанатини сақлайолмай тебралиб-тебралиб қолган ота ҳам қайрилиб, ўзини жувонмарг боласининг устига ташлади:
-Бол-а-м-о-о-ов…!
Бу вақтда кечикиб келаётган ака ва янга ҳам улар фарёдини эшитиб, кўча тарафдан дод солиб кела бошлашди:
-Оғам-о-о-в..! Жигарим-о-о-в..! Алдаблар кетган жигар-и-им!..
…Зум утмай хонадон аҳллариннг фарёдидан нима ҳодиса рўй берганини тушунган эл-улус мотам либосларида дўниб келишди. Ҳовлида, ичкарига кириб кетган ота-онасининг ортидан қўрқибгина жавдираб турган наберага ҳам қўшнилардан кимдир эгалик қилди.
Тушга довур болани ювиш учун кирганлардан бири Маҳкам бобо, ҳайратдан донг қотди. Боланинг аниқ-тиниқ сезиларли даражада нур ёғилиб турган жасадиги камоли таажжуб билан тикиларкан, пичирлади:
-Худо ҳаққи… Худо ҳаққи бола фаришталарга қўшилиб кетганга ўхшайди…
Болани чиқаришаётганида қўлма-қўл лапанглаб бораётган тобут ортидан тумонат одам фарёд кутариб “оғамлаб” боришарди. Улар орасида эса овозини ҳеч ким эшитмаётган бир жуфт қалдирғочнинг ҳам ноласи бор эди. Ҳудди Маҳкам бобо айтганидай Қуръондаги қайсидир оятларга оҳангдор эди уларнинг нолиши:
-Ви-ж-и-р, в-и-и-жжж-и-и-иррр, виж-виж…

* * *

Кунлар ўтиб хонадонга тазияга келгувчилар қадами ҳам сийраклашди. Бу пайтда қалдирғочларнинг бузилган уя ўрнидан тиклаётган янги ини ҳам битган эди.