Она тилимиздаги ҳар бир сўз, ибора, миллий маънавиятимиз ёмбилари ҳисобланади. Улар асрлар оша ўз замирида халқ маънавиятининг мисқол-мисқол маъно, мазмун, моҳият ва тарихини ташийди. Биз кундалик ижтимоий ҳамда маиший ҳаётимизда улардан фойдаланиш баробарида бу маънавият дурдоналарини асраб-авайламоғимиз, муҳофаза этмоғимиз, маъно салоҳиятига раҳна солмаслигимиз лозим.
Ҳар бир луғавий бирлик бизнинг хусусий хизматкоримиз эмас, балки халқнинг дахлсиз миллий маънавий бойлиги эканлигини унутмаслигимиз керак. Оммавий ахборот воситаларида баъзан ана шу беназир бисотга бепарволик билан “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” қабилида иш тутиш, айниқса, зиёлиларимизнинг шундай эҳтиётсиз хатти- ҳаракатлари кузатилади.
Яқинда республика газеталарининг бирида Хоразм Маъмун академияси илмий ходими Матназар Абдулҳаким томонидан эълон қилинган “Тошқинлар соғинчи” мақоласидаги қуйида келтирилажак мулоҳазалар мазкур ва яна бошқа айрим шунга ўхшаш ҳодисалар бу мақоланинг ёзилишига сабаб бўлди: “Жайҳун” сўзи, “жустан” (“изламоқ”), “хун” (“қон”) маъноларидан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, “Қон изловчи” дарё дегани ҳам бўлиб чиқади. Бу тахмин, чиндан ҳам, мантиқдан холи эмас. Чунки Жайхуннинг бутун-бутун қалъаларни ўз комига, ўзининг аждаҳотабиат ўпқонларига икки ямлаб, бир ютиб кетганликларини хотирага олсак унинг “қонхўр”лиги аён бўлади.
Дарёга – оби ҳаётга нисбатан “қон изловчи”, “қонхўр”, “аждаҳотабиат” сифатларини ишлатиш нақадар дағал ва ғайритабиий. Ахир, дарё, унинг ўпқонлари, тошқинлари – табиат-ку. Табиат ҳодисалари ҳамма вақт ҳам бизнинг измимиз, инон-ихтиёримиз, хоҳиш-истакларимизга мос келавермайди. Нажотбахш Қуёш ҳам саратонда ўзининг тафти, ҳарорати билан гўёки олов пуркагандек бўлади. Лекин, бу ҳолатдан таъсирланиб, биз уни “қотил” демаймиз. Чунки она-табиатнинг беминнат зиё сочгувчи бу мўъжизасини ҳақоратлаган бўламиз.
Амударёга нисбатан юқоридагидай муносабат билдириш илмий, фикрий жиҳатдан ҳам тўғри эмас. Воқеан, форс тилида “жустан” (изламоқ) феъли бор. Унинг ҳозирги замон ўзаги “жў” (изла) дир. Адабий тилимизда бу ўзакдан ясалган “художўй” (худони изловчи), айбжў (айб қидирувчи) каби сўзлар бор. Бироқ “Жайҳун” номи “жустан” феълидан олинмаган. Муаллиф эса ўзи тахмин қилади ва тахминини “мантиқдан холи эмас” дея ўзи тасдиқлайди. Аслида, тахмин мутлақо мантиқсиздир. Ҳар қандай тахмин ёки башорат муайян илмий мушоҳадалар ва далилларга асосланиши керак. “Жайҳун” номининг иккала қисми (“жай” ва “ҳун”) хақидаги тахминий шарҳлар ҳам мантиқдан холи.
Топонимика, яъни жой номлари илмида “Жайҳун” типидаги номларнинг бир қисми, албатта, сув оқадиган иншоот маъносини англатади. “Жўйи мўлиён” (мўлиён ариғи), “қалқон рўд”,(қалқон ариғи), Шовот канали, бўзсув ва ҳ.к. ”Жўй”,”рўд”, “канал”, “ариқ”, “сув” каби сўзлар ана шундай сув оқадиган иншоотларнинг топонимик ифодасидир. Ана шу мантиқдан келиб чиқсак, “Жайҳун” топонимининг биринчи қисми форсча “жўй” (ариқ, анҳор, дарё) сўзидан келиб чиққан бўлади ва бу ҳақиқатга яқинроқдир.
Сўзнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, муаллиф унинг қаттиқ “х” билан ёзилиши шакли тўғри деб ҳисоблайди ва ундан “хун” (қон) маъносини келтириб чиқаради. Бунга жорий луғатларимиздаги ҳар хиллик, сўз шаклини ифодалашдаги беқарорлик ҳам сабаб бўлган. Сўзнинг саҳиҳ шаклини аниқлаш мақсадида бир қанча луғат ва қомусларни варақлашга тўғри келди. Нима учундир ҳозиргача энг саҳиҳ луғат деб ҳисобланадиган 1976 йилда “ФАН” нашриёти чоп этган “Ўзбек тилининг имло луғати”да бу сўзнинг имлоси берилмаган (163-бет). Э. Бегматовнинг “Ўзбек исмлари маъноси” номли изоҳли луғатида (“Ўзбекистон миллий энтсиклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент, 2007 й., 2-нашри, 131-бет) бу ном арабча деб, “Жайхун” шаклида (хато) берилган, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” аввалги нашрида (Москва, “Рус тили” нашриёти, 1981 йил, 1-жилд, 271-бет) форс-тожикча сўз сифатида “Жайхун” шаклида (хато) ифодаланган, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” янги нашрида (“Ўзбекистон миллий энтсиклопедияси” Давлат илмий нашриёти, Тошкент, 2006 й., 2-жилд, 66-бет) “Жайҳун” шаклида (тўғри) ёзилган. Қайси тилданлиги кўрсатилмаган. “Ўзбекистон миллий энтсиклопедияси”да (“Ўзбекистон миллий энтсиклопедияси” Давлат илмий наширёти, Тошкент, 2002 й., 3-жилд, 531-бет) “Жайхун” шаклида (хато) баён этилган. Ушбу луғат ва қомуслардаги ҳар хиллик ҳайратланарли ҳолатда. Наҳотки, ўзаро мувофиқлаштириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бўлса. Луғатлардаги изоҳлар деярли айнан бир хил: “Амударёнинг қадимги номи”. Сўзнинг араб Ёзувидаги шаклини кўрмай туриб, масалага аниқлик киритиб бўлмайди. Келтирилган луғат ва қомусларнинг бирортасида сўзнинг араб Ёзувидаги шакли берилмаган. Буни фақатгина “Навоий асарлари луғати” ва “Ғиёс ул-луғот”дан топишга муваффақ бўлдик, “Навоий асарлари луғати” (218-бет) ва “ Ғиёс ул-луғот” да (Душанбе, “Адиб” нашриёти, 1987 йил, 1-жилд, 254-бет) “Жайҳун” нинг араб Ёзувидаги шакли тарзида берилган. Яъни, сўзнинг иккинчи қисми юмшоқ “ҳе” (ҳое ҳўтти) ҳарфи билан бошланган. Демак, бу — “хун” ( ) – “қон” эмас, балки “ҳун”
( ) сўзидир. Бундан “қон изловчи дарё” маъноси келиб чиқмайди. Балки, Жайҳун қадимги туркий элатлардан бирининг номи билан боғлиқлиги англашилади.
Умуман, этимология, яъни сўзларнинг келиб чиқиш тарихини ўрганадиган фан тармоғи жуда мураккаб бўлиб, бу соҳада эндигина дастлабки луғатлар майдонга кела бошлади. Улар ҳам камчиликлардан холи эмас. Шу боисдан, этимология соҳасида таваккалига от суриш ножоиздир.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).