Одамзот кишилик жамияти тарихи мобайнида уруш, қирғинбаротдан ташқари очарчилик, қаҳатчилик, камбағалчилик каби балоларни ҳам бошидан ўтказган. Луқмони ҳаким ўғлига насиҳатларида камбағалчиликни офат деб атаб, бундай ҳолга тушиб қолмасликка чақиради.
Муҳтарам Президентимиз “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари, тараққиёт кафолатлари” асарида камбағалчиликни инсоният ҳаётига хавф солувчи оммавий балолардан бири сифатида алоҳида таъкидлайди.
Ўзи одамлар ялпи жамият бўлиб бахтли ҳаёт кечирган даврлар тарихда жуда кам. Юз йиллик шўро тузуми вақтини ҳам ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз тинчлик-осойишталик, тўқлик вақти нақадар озлигига гувоҳ бўласиз.
Сирасини айтганда, ўзбекнинг бошига Мустақилликда кун тегди! Буни камина баралла овозда айтар эдим!
Мен-ку, шу юртнинг эллик ёшга кирган бир фуқароси, очликни кўрмаганман, лекин камбағалчилик кишини камситиб, ерга урадиган бир омил эканини аниқ биламан.
Отам раҳматли қирқ йилдан зиёд вақтини давлатнинг қўйини боқиб чўпонликда ўтказди. Ўйлайманки, раҳматли айни куч-қувватини чўпонликка сарфлаганидан норози бўлиб ўтди. Токи биз фарзандлари эр йигит бўлиб қабатига киргунимизча, ўқиб, ишлаб ҳаётдан ўрин топгунимизча вақтида етарли шарт-шароит яратиб беролмаганидан хафа бўлиб юрди.
Соддалигидан ташқари тўпорилиги ҳам бор эди. Каттаконларнинг айтганини қилиш керак деб ўйларди, тамом. Бу ёқда эса олти нафар еярман-ичарман-киярманлар бўй кўрсатиб келаётир. Шаҳарга бориб ўқийман деса йўл харжи, овқат харжи, кийим харжи керакми – керак. Тўй қиламан деса эл қатори сарпо-суруқ, дов-доска қилиш керакми – керак. Уйни эл қатори қилиб қураман деса, қурилиш материали сотиб олиш керакми – керак!
Буларнинг ҳаммасига пул жонивор керак-да!
Отам пулни ёмон кўрганидан ёки эплаб ишлатолмаганидан эмас, давлат маош тўламагани учун камбағал эди. Ҳалол ишлаб, ҳалол пул олмоқчи бўлар, бироқ бунинг эпини қилолмасди. Қўй жониворга касал тегади, айниқса қишда ўпкаси шамолласа кун исиганда тўкилиб тушади, йўталиб, эт олмай юради-да, ёзга чиқиб тек қотади. Бу мурда – чўпоннинг гарданига! Қишда етарли ем-хашак берилмайди: комбикорм, шелуха, майда чигит, кепак – буларни каттаман деганлар омбордан сотиб гумдон қилиб юборади ёки чўпонга жуда кам миқдорда беради. Жониворларнинг қорни тўймайди. Кучсиз, дармонсиз совлиқларнинг кўкламда туғолмай жон таслим қилганлари қанча бўлади. Туққанлари ўлик қўзилар бўлади. Бу ҳам чўпоннинг бўйнига!
Ёзда яйлов етишмай отарни тоққа ҳайдаб чиқишади. Тоғдаги йиртқичлар, яъни бўрига қўй тайёр луқма! Беш юз қўйнинг бир қисми у адирда, бир ёғи сойда, бир тўдаси бу қирда – ҳаммасини уззу кун-тун бир жойга тўплаб, қўриқлаб ўтирмайсан-ку. Ўн беш-йигирма бош қўйга қирон келиши одатий ҳол. Лекин бўриси тушмагур анчайин жоҳил ҳайвонлар сирасига кирадики, қўйнинг белги ёки исирға осилган қулоғи, бўялган жунини ҳам қўймай паққос туширади номард. Энди чўпон уни акт, яъни далолатнома қилолмай гаранг. Чунки айнан фалон рақамли қўйни бўри олганини исботлай олмайсан. Қуруқ калла суяги инобатга олинмайди. Демак, йўқолган қўй ҳам яна чўпоннинг гарданига!
Шунча жарималардан сўнг у нимага маош олсин! Шунча камомаднинг ўрнини қоплаш керак-ку. Уларники тўғри-да. Эсимда, туман газетасида баҳор ойлари ҳар бир хўжаликнинг отарлари, бош чўпонларнинг рўйхатлари эълон қилинган пайтлари бўлар, унда қўзилатиш мавсумини чўпон қай даражада муваффақиятли ёки суст ўтказаётгани ҳақида маълумот баён қилинарди. Бир гал отамни рўйхатнинг қуйи қисмида кўрганим учун уялганимдан бўлса керак, нега бундайлигидан ёзғирган эдим. Шунда отам бир неча илғор чўпонларнинг нега илғорлиги сабабини тушунтирган. Аксариятида яйлов кенг, хашак мўл, бизга ўхшаб тошли қир-адирда юрмайди. Кўпчилиги катталар билан яхши муомала қилади: уларнинг қўйларини қўшиб боқади, ем-хашагини етарли қилиб беради, фалончи “герой” эса беш юз отарга ўзининг беш юз қўйини қўшиб боқади. Ўзининг қўзиларининг ҳам аксарини давлатга топшириб юборади. Бўлмаса ҳар бир совлиқ йилига 2-3тадан тирик қўзи қолдириши мумкин эмас. Яна бир хиллари… сонда бор-у, саноқда йўқ! Кўзбўямачилик!
Яна семиз қўй-қўзилар алмаштирилади. Катталарга керак бу. Кейин тирриқлари акт қилинади. Қорамоллар, отлар ҳам шу. Бизникига ўхшаб шароитсиз яйдоқ ерларда ўт излаб юрган тирриқ совлиқлар уларга керак эмас. Сифати бўлмаса ҳам сони тугал бўлса бас. Шунинг учун қарздан бошимиз чиқмайди, косамиз ҳам оқармайди, ариза ёзаман десанг, мунча камомадни бўйнингга босаман, қамаласан, дейди. Шуйтиб ирғалиб юраберамиз-да.
Отамга ачинар эдим ва шу боис чўпонликни ёмон кўриб ўсдим.
Отам 90-йилда пенсияга чиққанида жуда хурсанд бўлганман. Ва, қизиғи, бу пенсия миқдори онамнинг қарилик пенсиясидан ҳам камроқ эди…
Лекин эндиги қарилик ҳаёти беташвиш ва осойишта эди. Фарзандлар ўзлари ўмганларини кўтариб уйли-жойли, ишли бўлганда, отам ҳов ўша, Президентимизнинг шахсий томорқалар учун ер бериш ҳақидаги фармонидан руҳланиб боғ қилгиси келди. Қишлоқ четидаги ердан икки гектар токзор олиб парвариш қилишга тушиб кетди. Хўжалик идорасига қатнаб хатлаб ҳам олди. Бир томони дарахтзор, асосий қисми кишмиш етиладиган токзор боғ бўлди. Бу ерга шу даражада меҳр бериб, парваришлай бошладики, у инсондаги бу шижоатни кўриб фарзандлар ҳам қараб турмадик. Ён-атрофини тўсиқ билан ўраб, мол-ҳол кирмайдиган қилиб бердик. Энди шу ердан уйдаги сигир, қўй-эчкилар учун қишлик хашак ҳам чиқар, ёзда қорамолларни подага қўшмай, боғнинг ўтоқдан чиққан кўкарчини билан боқар эди. Ғайрати жўшиб бир уйча-чайла ҳам қуриб олди. Узун ёз кунларида шу ерда бемалол ётиб қоладиган бўлди.
Отам Мустақилликнинг ўн биринчи йилигача яшади. Аммо энди ҳузурланиб, ҳаёт таъмини бошқача сезиб, шукур билан, тоат билан яшади. Аввал яшаган умрининг нақадар ҳалоллигидан қатъи назар давлатнинг, раҳбарларнинг номардлик қилганидан афсусланди. Ака-укалар пул йиғиб укамга “Дамас” машинаси олиб бердик. Тўй-томошаларга онам, неваралари билан қўр тўкиб бориб келадиган бўлди.
Президентимиз 1993-йилда ёш ижодкорларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида уй-жой билан таъминлаш тўғрисида фармон эълон қилгани эсимда.
Ўттиз ёшга кириб, икки фарзанд билан ижара уй, ётоқхоналарда санқиб юрган биз каби қаламкашларга ҳам уй насиб этадиган бўлди. Бугун, орадан йигирма йиллар ўтиб, ипотека кредити бериш шаклланган бир пайтда ўша, мустақил давлатимиз ҳали ўзининг қаддини тиклаш жараёнидаёқ бундай имтиёз ва ҳимматга қўл уриши унча осон кечмаганини ҳозир яхшироқ ҳис қиламан.
Хуллас, қулинг ўргилсин, тўрт хонали ғиштин уйга бола-чақа билан кириб жойлашиб олдик. Биз кўзи очлик қилиб уйсизликдан нолиб юрарканмиз-у, дабдурустдан кириб, уни тўшамчи ва кўрпа-тўшак билан тўлдиришнинг ҳам ўзи бўлмас экан. Бу, энди ўз Ватанинг қўлингда тургач, айтишга арзигулик муаммо эмас-у, ўша вақтдаги ҳолатимизни айтаман-да.
Мен ўз Ватаним билан мақтанишим учун ота-онамни чорлашим ва уй тўйи ўтказишим керак эди. Шунда билдим: ҳайҳотдай кўринган, бир томони яланғоч бўлиб турган бошпанамиз атиги икки киши билан тўлар ва обод бўлар экан. Булар менинг жондан азизларим – отам ва онам эди. Кошонамизга кириб оёқ узатиб керилишга ва оғизларини тўлдириб сўз айтмоққа, чой ичиб, овқат тановул қилиб ҳузурланишга даставвал уларнинг ҳақлари бор эди. Аввал ҳам, ҳозир ҳам шундай ўйлайман. Сабаби оддий: оқ сут берди, оқ ювиб оқ таради. Нимаики заҳмат чеккан бўлсалар, биз фарзандлар учун чекилди. Ва мен улғайган сайин бошимда тож бўлиб турган зотлар омонат эканликларини тобора чуқурроқ ҳис қилар, мана шу омонатдорлик юз йилларга чўзилиб кетишини хоҳлардим. Энди бўлса ўстираётган, тарбиялаётган болаларинг наздида ўзинг ҳам шундайсан…
Отам боққан қўй-эчкининг жунидан онам гилам тўқийди, олача, тақирлоқ деган тўшамчилар билан уйимизни тўлдириб ташлайди. Энди ана шу гиламлардан отам ва онамнинг изларини, ҳидларини излайман. Омонатини отам 73, онам бултур рўзада 82 ёшда топширди. Улар учун биз тожу давлат эканимизни кўп айтишар, ортимизда қолинглар, саодатли умр кечиринглар, толеи баланд бўлинглар, деб кўп дуо қилишарди.
Отам камроқ, онажоним кўпроқ Тошкентни кўрди. Мустақиллик майдонига, Президент арчасига олиб бордим, театр, цирк томошаларини кўрсатдим, ўн йил узун қиш кечаларини бизнинг, невараларингизнинг ҳузурида ўтказинг деб олиб қолдим. Уч кун ўтмай қишлоқдаги уйини, у ёқдаги невара-фарзандларини, кенгликларни соғиниб қолаверар эди. Бироқ Наврўз байрамигача қўйиб юбормас эдик. Уйимизнинг фариштаси, дуогўйи бўлиб ўтирар эди.
Отанинг, онанинг ғанимат экани энди йўқликларида чуқурроқ билинади. Кўпроқ хизматларини қилсам эди, деб куйинасан.
“Биз яшаган ҳаёт ҳаёт эмас экан, эртадан кечгача қилган меҳнатинг нон топишдан бошқасига арзимас эди, қадринг йўқ эди. Энди бўлса, хоҳлаганча еринг, молинг, пулинг бўлсин – қандингни ур, фаровон яша! Қилган меҳнатинг ёнади. Каримовнинг отасига раҳмат! Пешонасида юлдузи бор шу одамнинг!”
Отам қариганда шунга иқрор бўлди.
Мустақилликнинг шукуҳли кунларида йигит бўлиб, енг шимариб ишлаб, қадр топиб, сўнг қўр тўкиб юргиси келди.
Бу – отамнинг армони. Фарзандлар, неваралар ҳаётида эса масрурлик давом этмоқда.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон