Алиназар Эгамназаров, Нусратилло Наимов. Амирнинг авлодлари (1992)

http://n.ziyouz.com/images/amir-olimjon.jpg

Бухоро Аркидаги ўлкашунослик музейига кирсангиз, кўпгина ашёлар қатори соқол қўйган, сервиқор, басавлат кишининг каттакон суратига назарингиз тушади. Бу манғитлар сулоласининг сўнгги вакили амир Саид Олимхондир. Замона зайли билан 1920 йилнинг сентябрида тахтидан қулатилган бу шахснинг Бухоро амири бўлганлиги, юртини тарк этганидан сўнг ўзи ва бола-чақасининг тақдири қандай кечганлиги сўнгги даврларгача жамоатчиликдан сир тутиб келинди. Аслида эса бу ўз юрти тарихига лоқайд бўлмаган ҳар бир кишини қизиқтирадиган ҳодисадир.

Бухорода 1885-1910 йилларда амирлик қилган Абдулаҳаднинг рафиқаси Давлатбахт ойим фарзанд кўргач, унга Олимхон деб исм қўйишини ҳазратларидан илтимос қилди. Жуфти ҳалолининг тилаги остида яширинган мақсадни сезмаган амир бунга розилик берди. Онанинг эса бу исмга ихлосининг пинҳона сабаби бор эди. Давлатбахт ойимнинг бобоси Олимбек Ҳисор туманининг ҳокими бўлган. Ўз даврида Музаффархон зулмидан эзилган халқининг амирга қарши исёнига бошчилик қилган.

Бундан ғазабланган Музаффархон тоғли тожиклар юртига катта қўшин тортиб бориб, исёнкорларни қиличининг тиғидан ўтказди. Қамаритдин Олимбекнинг кўз ўнгида унинг уруғига мансуб бўлган бутун эркак зотининг боши танасидан жудо қилинди. Шундан кейин исёнкор бекнинг ўзи ҳам кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқларга солиб ўлдирилди.

Амир Музаффар Олимбек қўрғонининг ичкарисидаги барча хотин-қизларни Бухородаги ҳарамига олиб келди. Олимбекнинг энг гўзал невараси Давлатбахт ойим Музаффархоннинг ўғли Абдулаҳад тўрага совға қилинди. Кейинчалик у пушти паноҳининг ижозати билан никоҳ ўқитдириб, Давлатбахт ойимни ўзига хотин қилиб олди.

Бироқ ҳисорлик қиз қалбида қасос учқунлари сўнмаганди. У яккаю ягона ўғлига бу номни қўйиб, қачонлардир ўсиб-улғайган Олимхон манғит ҳукмдорларидан бобокалонининг ўчини олади, деб умид қилган эди.

Фалакнинг гардиши билан Абдулаҳад худди мана шу ўғлини тахт ворислигига танлади. Отанинг ниятлари бўлакча эди. У бу ўғлидан манғит сулоласининг буюк давомчисини тарбиялашни ўйлади. Шунинг учун ҳам ҳали тўққиз ёшга ҳам тўлмаган Олимхонни Николай I саройига ҳарбий илмни ўрганиш учун жўнатди. Амин зурёдини оқпошшо саройига қуруқ жўнатгани йўқ. Шарқ анъанасига биноан рус подшосига ўн бир турдаги совғадан ўн бир донадан олиб борилди.

Жумладан, шаҳзодани Петербургга кузатиб борган бухоролик элчилар ўзлари билан ўн битта наслдор араб тулпорини олиб боришди. Отларнинг ҳар бири бошига тилла тож кийгазилган, думи тилла гардишдан ўтказилган, бўйнига марварид-маржонлар тақилиб, жабдуқлари зар билан зийнатланган эди.

Николайнинг чавандозлигини билган Абдулаҳад, айниқса, шу совғани топиб танлаганди. Подшо элчилардан отларнинг насл-насаби, ёши, хислатлари тўғрисида узоқ суриштирди. Юборилган совғалар манзур эканлигини элчиларга орденлар бериш билан изҳор этди.

Шундай қилиб, Олимхон тўра сарой ҳузуридаги пажлар корпусига ўқишга қабул қилинди. Бу рус зодагонлари фарзандларининг ҳамма жойда подшо ҳазратларини кузатиб юрадиган ҳарбийлаштирилган уюшмаси эди. Бухоролик ёш шаҳзодага рус армиясининг полковниги Демин жаноблари адъютант этиб тайинланди.

Олимхон балоғат ёшига етгач, подшонинг кўрсатмаси билан пажлар корпусидан сарой ҳузуридаги кадетлар корпусига ўтказилади. Кадетлар ҳарбий билимларни эгаллаш билан бир қаторда саройни қўриқлаш хизматини ўташар, бўш вақтларида эса бу ерда ўтказиладиган базм ва зиёфатларда қатнашар эдилар.

Олимхон кадетлар корпусидаги ўқишни муваффақиятли тугатгач, казак полкининг офицери этиб тайинланди. Бу полк подшога содиқ кубанлик казаклардан ташкил топган эди. Кейинчалик Олимхон Бухоро амири бўлгач, худди шундай полкни ўз саройида ҳам ташкил этди. Фақат унда Терек дарёси бўйида яшаган казаклар эмас, балки амирнинг ғуломбаччалари хизмат қилишар эди. Бухорода бу полк «думбалапур» деб аталиб, Арк, Ситораи Моҳи хоса каби амир ҳазратлари истиқомат қиладиган жойларни қўриқлар эди.

Олимхон рус армиясида бир неча йил хизмат қилди. Охири қариб қолган отасининг кўпдан-кўп даъватлари билан Бухорога қайтиб, Қарши туманига ҳоким этиб тайинланди.

Бу пайтга келиб кексайиб, касалманд бўлиб қолган Абдулаҳад Тошкўприк ва Султонобод ўртасида қурдирган қасрида яшаб, бутун ҳокимиятни амакиваччаси бўлмиш Насрулло қушбеги қўлига топшириб қўйган эди. Жуда чуқур билимли, жаҳонгашта Насруллобек давлатни ҳукмдорнинг Бухорода йўқлигини билдирмай бошқарар эди. Вос-вос касалига мубтало бўлган амир кўп ўтмай вафот этди. Бундан биринчи бўлиб воқиф бўлган Насруллобек пинҳона Қаршига чопар юборди. Ҳукмдорнинг васиятидан хабардор бўлган қушбеги ака-укалар ўртасида тахт учун кураш бошланиб кетишидан хавотирда эди.

1910 йил 4 декабрь, жума куни Саид Олимхон сулола анъанасига кўра, Аркдаги кўринишхонада барча амалдорларнинг иштирокида оқ кигизга кўтарилиб, амирлик тахтига ўтқазилди. Аммо у шундан кейин деярли ўн йил давлатни бошқариб, юртни обод қилиш ўрнига айшу ишрат билан машғул бўлди. Олимхон отаси Ситораи Моҳи хосада қурдирган саройга қаноат қилмай, Петербургдан таклиф этилган усталар иштирокида янги услубда муҳташам сарой бунёд этди. Мамлакатга раҳбарлик амалда ҳамон Насрулло қушбеги, жойлардаги бек ва қозилар қўлида эди.

* * *

«Амирнинг уч хотинидан уч ўғли бор эди,— деб ёзади ўз эсдаликларида ёшлигида амир саройида раққоса бўлган, марҳум Ўзбекистон халқ артисти Мариям Ёқубова. — Бирини Султонмурод дейишарди, мендан икки яшар катта эди, иккинчиси Шоҳмурод мен билан тенгқур эди. Кенжатой ўғли Раҳим 1917 йилда туғилган. Султонмуроднинг бир оёғи ёшлигида синиб, росмана тузалиб кетмаганди, шунинг учун оқсоқланиб юрарди. Раҳимнинг эса бўйни қийшиқ эди. Фақат Шоҳмурод беками-кўст бўлиб, уни ҳамма яхши кўрарди. Лекин менга у билан ўйнаш учун рухсат беришмасди: қизларга ўғил болалар билан ўйнаш қатъий тақиқланган эди. Амирнинг, худди ўғиллари сингари, турли хотинларидан туғилган уч қизи ҳам бор эди. Бу қизлар туғилганларидан кейин оналарини ҳеч кўрмаган эдилар. Уларни қаёққа жўнатишарди, бу номаълум. Амирнинг тўртта расмий хотини бор эди…»

Амирнинг уч ўғли учта хотинидан туғилган эди. Шоҳмурод Муршалина ойимнинг фарзанди эди. Муршалина ойим ўғил кўргач, қайнонасига мурожаат қилиб, исмини Шоҳмурод қўйишни амир ҳазратларидан илтимос қилишни ўтиниб сўради. Саид Олимхон рафиқасининг бу илтимосига монелик қилмади.

Муршалина ойим ўғлига нега бундай исмни танлаганига аниқлик киритиш учун энди манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг бошига, яъни бир ярим аср муқаддам Бухорода содир бўлган воқеаларга қайтишга тўғри келади.

Манғитларнинг Мовароуннаҳрдаги ҳукмронлиги бошлангунга қадар бу ерда ҳар бир уруғ бошлиғи ёки зодагон ўзини амир деб эълон қилиши расм бўлган эди. Муҳаммад Раҳимбий оталиқ (1744-1758 йиллар) бу уруғларнинг барчасини бирлаштириб, ўзини амир деб аташ тўғрисида фармон чиқарди. Унинг даврида Бухоро давлат сифатида анча куч-қувватга тўлди. Аммо Раҳимбийнинг вориси Дониёлбий (1758-1789 йиллар) даврида амирлик яна инқирозга учрай бошлади. Сабаби, асосий вақтини маишатбозлик ва ов билан ўтказишни хуш кўрган Дониёлбий ҳокимият ишларини буткул собиқ қулваччаси Давлатшоҳ қушбегига топшириб қўйди. Маккор Давлатшоҳ эса мамлакат равнақини ўйлаш ўрнига амирни йўқ қилиб, тахтни эгаллаш пайига тушди. Шу мақсадда амирликдаги иккинчи шахс — қози Низомутдин билан пинҳона тил бириктириб, давлат тўнтаришига ҳозирлик кўра бошлади. У амирнинг ўғиллари мақсадидан воқиф бўлиб қолишидан қўрқар эди. Шаҳзодалар орасида, айниқса, Шоҳмурод бўлакча эди. У ўзини бузуқликлардан узоқ тутиб, шаҳардаги мадрасалардан биридаги ҳужрада тақводорлар сингари оддий ҳаёт кечирарди. Фикр-мулоҳазалари ҳам жуда теран эди.

Шоҳмурод асосий вақтини диний ва илмий китоблар мутоаласига бағишлаб, дунёвий ишлардан четлашгандай кўринарди. Шахсий тирикчилиги учун зарур бўладиган маҳсулотларни ҳам ёзги татил пайтлари деҳқончилик қилиб топарди. Шунинг учун ҳам у халқ ўртасида Шоҳмурод маъсум, яъни покиза, деган ном олган эди.

Қариб қолган Дониёлбий Давлатшоҳ қушбегининг истагига зид равишда худди мана шу ўғлини ҳокимият вориси деб эълон қилди. Унга Минораи Калон майдони ёнидан катта ҳовли ажратиб, давлат ишларига аралашиш учун барча ваколатларни берди. Шундан кейин Шоҳмурод атрофига етук дин ва фан арбобларини, ишончли муллаваччаларни тўплаб, давлат ишларига шўнғиб кетди. Ҳовлиси фуқаро вакиллари билан гавжумлашди. Бой ва амалдорлардан жабр кўрган бирон-бир кишининг арзини ерда қолдирмади, қушбеги ва қозикалоннинг ножўя кўрсатмаларини бирин-кетин бекор қила бошлади. Бу эса ўртадаги зиддиятни кучайтира бошлади.

Қушбеги ва қозикалон ҳокимият жилови қўлдан чиқиб кетаётганини сезиб, атрофларига ўзларига ҳамфикр саидларни тўплаб, ўзбошимча тўрани йўқ қилиш тараддудини кўра бошладилар. Шоҳмурод тўра яшил саллали ғанимларининг (бухоролик зодагонлар оддий фуқаролардан ажралиб туриш учун яшил салла ўрашарди) барча хатти-ҳаракатларидан ўз вақтида воқиф бўлди.

Кунларнинг бирида амирнинг зодагонлар билан кўринишхонадаги учрашуви охирига етгач, Шоҳмурод маъсум тиззалари қалтираб турган падари бузрукворини қўлтиғидан суяб тахтидан туширди-да, беш-олти энг яқин маслакдошлари билан тахтапул (Арк дарвозаси олдидаги майдонча)га ўтиб, амалдорларнинг чиқишини пойлаб турди. Одатдаги тартибга кўра, амирга салом берилганидан кейин қушбегидан ташқари барча амалдорлар Аркдан чиқиб кетишлари лозим эди. Фақат қушбеги ва тўпчибоши амир қатори Аркда муқим яшайдиган амалдорлар саналишарди.

Ҳеч нарсадан бехабар қози Низомутдин амалдорлар олдида бепарво долондан юриб борар экан, тўсатдан қаршисида Шоҳмурод тўрани кўриб саросимага тушди ва тезда отига миниб, ундан узоқлашишга уринди. Бироқ, шунда Шоҳмурод рақибига йўлбарсдек ташланиб, кумуш сопли ҳанжарини қозининг мешдек қорнига санчди. Асов от ҳуркиб, олдинга интилди. Эгардан қулаб, бир оёғи узангида қолган қози Низомутдин Арк майдонида тўпланган халойиқ кўз ўнгида молдек бўкириб жон таслим қилди. Қозикалоннинг кетидан тавозе билан бораётган шаҳар казо-казолари бу манзарадан даҳшатга тушиб, Шоҳмурод тўра қаршисида тиз чўкишди. Пайтдан фойдаланган Шоҳмурод тўра олдиндан тайёрлаб қўйилган амир фармонини ўқиб эшиттиришни удайчига буюрди. Мазкур фармонга биноан қозикалон тўплаган бутун мол-мулк халқ талонига берилган эди.

Шу воқеадан кейин Шоҳмурод тўра журъатли ва адолатпарвар ҳукмдор сифатида шуҳрат қозонди, Қози Низомутдиннинг тарафдори бўлган саидлар қасос куни яқинлашаётганлигини сезиб талвасага тушишди. Давлатшоҳ қушбеги эса энг яқин таянчи бўлган қозикалондан жудо бўлиб, воқеалар ривожини жон таҳликасида кутмоқда эди. Аммо Шоҳмурод худди ҳеч нарса содир бўлмагандек, қушбегига қадимгидек илтифот кўрсатиб, бош вазир сифатида унинг ҳурматини жойига қўйишда давом этди. У қудратли рақиби бўлган қушбегини йўқотишга шошмаётган эди.

Арк дарвозаси қаршисида содир бўлган даҳшатли воқеадан кейин бир неча ой ўтиб, кўп нарса унитилгач, бир куни Шоҳмурод саройдаги қушбеги ҳазратлари бошлиқ барча саидларни ҳовлисига зиёфатга таклиф этди. Давлатшоҳ қушбегини энг азиз меҳмон сифатида тўрга чиқариб, ёнига ўтқазди. Дастурхон турли хил ноз-неъматларга тўла эди. Зиёфат ниҳоятда зўр бўлди, шаробу мусаллас дарё бўлиб оқди. Энг яхши ҳофизлар дилрабо қўшиқлари билан даврага файз бағишлашди. Кайфлари ошиб, очилиб-сочилиб ўтирган саидлар Шоҳмуродни кўкларга кўтариб мақташди.

Давра охирлаб қолаётганда Шоҳмурод қушбегининг белидаги чиройли қиличга икки-уч разм солди. Қушбеги эса буни ўзича тушуниб, қиличим шаҳзодага ёқиб қолди, деган хаёл билан уни белидан олиб, Шоҳмурод тўранинг олдига қўйди. Шоҳмурод худди шу ҳаракатни кутмоқда эди. У қиличга маҳлиё бўлгандек, уни оҳиста қинидан суғуриб, дамига ҳавас билан тикилган бўлди-да, кейин шартта ўрнидан туриб, «Ур!» дея бир зарб билан қушбегининг бошини танасидан жудо қилди. Меҳмонхона даҳлизида тўранинг даъватини кутиб турган одамлари хонага ёпирилиб киришиб, дастурхон атрофида хотиржам ўтирган саидларни қўйдек бўғизлаб ташлашди. Хона қонга беланиб, ўлим талвасасидаги таналарнинг оҳу фиғонига тўлди.

Буюк файласуф ва тарихчи Аҳмад Дониш ўзининг «Манғитлар сулоласининг тарихи» асарида бу воқеаларнинг тўла тафсилотини бериб, саройдаги қора кучларга қарши мардона курашиб, ғалаба қилган Шоҳмуроднинг жасорати, ақлу фаросатини кўкларга кўтариб мақтаган. Дарҳақиқат, Шоҳмурод ақлли ва довюраклиги туфайли тезда барча мухолифларидан халос бўлиб, амирлик тахтини эгаллади. Унинг ҳукмронлиги даврида мамлакатда турли уруғлар ўртасидаги адоватга чек қўйилиб, осойишталик ўрнатилди. Амирликда илму фан, ҳунармандчилик равнақ топди, динга эътиқод кучайди.

Шоҳмурод маъсум Бухорода ўн беш йил ҳукмронлик қилиб (1785-1800 йиллар), ўзи яратган қудратли давлатни ўғли амир Ҳайдарга топширди. Амир Ҳайдар ҳам отасидек ниҳоятда тақводор ҳукмдор бўлса-да, давлат ишларини ёқтирмас эди. Шу сабабли унинг даврида (1800-1826 йиллар) мамлакат яна инқирозга юз тута бошлади.

Амир Ҳайдардан кейин қисқа вақт Бухорода ҳукмронлик қилган амир Умар (1826—1828 йиллар) ичкиликбозлиги туфайли укаси Насрулло томонидан тахтдан ағдарилиб, мусофирликда вафот этди. Насруллобий (ёки Ботирхон) Қўқондан Шаҳрисабзгача бўлган ерларни амирликка бўйсундириб, ўзбекларга кўчманчиликни ман қилди. Ундан кейин амир Музаффархон (1860—1885 йиллар) ҳукмронлик қилган давр Бухоро тарихидаги энг фожиали давр бўлди. Бу даврда амир қўшинлари мустамлакачиларга қарши курашда енгилиб, Бухоро амирлиги рус чоризмининг вассалига айланди. Абдулаҳадхон даврида эса икки томонлама зулм туфайли халқнинг турмуш шароити янада ёмонлашди (1885—1910 йиллар). Амир Саид Олимхон даврида Бухоронинг рус чоризмига ҳар томонлама тобелиги кучайди. Аслида давлатни амир ёки қушбеги эмас, рус подшосининг Когондаги ваколатхонаси амалдорлари бошқарар эдилар. Буларнинг ҳаммасини сезиб, билиб юрган Саид Олимхоннинг ақлли рафиқаси Мушарлина ойим мамлакатда Шоҳмурод амирлик қилган давр қайтиб келишини орзу қилиб, ўғлига Шоҳмурод деб исм қўйди. Лекин орзу бошқаю, қисмат бошқа экан. Она орзуларининг тескариси юз бериб, Шоҳмурод Олимов отасини тахтдан ағдариб ташлаган Қизил армия генерали бўлди. Бироқ бунгача унинг ҳаётида кўпгина воқеалар рўй берди.

* * *

Аср бошида Россияда тобора авж ола бошлаган инқилобий ҳаракат олис Бухоронинг ижтимоий ҳаётида ҳам акс садо бермоқда эди. Дастлаб илмий-маърифий мақсадларда вужудга келган жадидчилик ҳаракати амирдан демократик сиёсий ислоҳотларни талаб қила бошлади. Россиядаги 1917 йил февраль буржуа-демократик инқилоби бу ҳаракатга кучли туртки берди.

Айниқса Россияда Октябрь тўнтаришидан кейин ҳокимият большевиклар қўлига ўтгач, амирликдаги сиёсий тузум ҳам катта хавф остида қолди. Амирликни қулатиш учун биринчи уриниш 1918 йилнинг баҳорида бўлди. Тарихга «Колесов юриши» деган ном билан кирган, Ёш бухороликлар партияси Марказий Қўмитасининг ташаббуси билан бошланган бу жанг амир қўшинларининг ғалабаси билан тугади.

Саид Олимхон катта жанг олдиндалигини, большевиклар кучли тайёргарлик кўриб, бугун бўлмаса эртага амирликни тугатиш учун яна кураш бошлашларини биларди. Шунинг учун ҳам Аркни ҳимоя қилишга бутун имкониятларини ишга солиб тайёргарлик кўрди. Афғонистон ҳукумати яхши қуролланган икки дивизияни ёрдамга юборди. Аммо барибир амирликдаги армияни замонавий деб бўлмасди. Унинг қўшинларида ҳамон феодал тартиблар ҳукмрон бўлиб, интизоми ҳам мустаҳкам эмасди. Сарбозлар орасида олтмишга кириб, ҳарбий ишга яроқсиз бўлиб қолганлари анчагина эди. Армиядаги замбараклар эса алмисоқдан қолган эди.

Аркдаги амалдорлар мамлакатни большевиклардан сақлаб қолиш, адолатли бошқарувни йўлга қўйиш эмас, кўпроқ бойлик орттириш пайида бўлдилар. Амирликнинг эртанги тақдири кўпчиликни дуруст ташвишга солмади.

Большевиклар эса Бухоро амирлигини Туркистондаги аксилинқилобий ҳаракат маркази деб билиб, уни тугатишни энг биринчи вазифа қилиб қўйдилар. Бухоро Коммунистик партияси ва Ёш бухороликлар партияси вакиллари 1920 йил ёзида Чоржўй шаҳрида ўз қурултойларига тўпланиб, амирлик тузумига қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида қарор қабул қилишди. Улар Туркистон фронти қўшинларидан мадад сўраб, М. В. Фрунзега мурожаат этишди.

Манғитлар сулоласи ҳукмронлигининг сўнгги кунлари яқинлашмоқда эди. Саид Олимхон шаҳар ҳимоясига раҳбарликни қушбеги ва тўпчи бошига топширди. Август ойининг охирида инқилобий қўшинлар ҳужумга ўтишди. Кучлар нисбати тенг эмас, қизил аскарлар кўп ва яхши қуролланган, жанг қилиш тажрибалари ҳам катта эди. Аммо амир қўшинлари стратегик жиҳатдан қулай ерда — қадимдан яхши мудофаа жойи бўлиб келган шаҳар қалъасида жойлашганди. Бу ердан теварак-атроф худди кафтдагидек кўриниб турарди. Шу боисдан ҳам дастлабки кунларда қизил аскарларнинг шаҳар қалъасига кетма-кет ҳужуми беҳуда бўлди, ҳар гал талайгина кучларини йўқотиб ортга чекиндилар. Уларнинг айримларига амир қалъасини ишғол қилиш амалга ошириб бўлмайдиган ишдай туюла бошлади. Фақат В. И. Ленин Польша фронтидан шошилинч юборган авиация етиб келгач, вазият ўзгарди. Самолётлар пастлаб учиб, шаҳар қалъаси ва унинг атрофини бомбардимон қила бошладилар. Саид Олимхон Фрунзе ҳузурига ўз вакилини юбориб, сизлар аэропланларни ишлатиб, уруш қоидасини бузаяпсизлар, деб огоҳлантирди. Лекин қизил аскарлар амирнинг огоҳлантиришига эътибор беришмади. Авиация шундан кейин ҳам шаҳарни бомбардимон қилишни давом эттираверди. Амир қўшинларида эса самолётлар ҳужумини қайтариш учун қурол йўқ эди.

Қалъа Туркистон фронти қўшинлари томонидан олиниши аниқ бўлиб қолгач, Саид Олимхон энг яқин амалдорлари ва сарбозлари билан Аркни тарк этди. Ҳатто у оила аъзоларини бирга олиб кетишга ҳам улгурмади. Афғонистонда муҳожирликда яшашни ва хавфсиз жойдан туриб, большевизмга қарши курашга раҳбарлик қилишни ўйлади.

Афғонистон ҳукумати Саид Олимхон ва унинг ҳамроҳларини яхши кутиб олди. Амир сарбозларига Мозори Шариф ва Хонободдан жой берилди. Унинг ўзига эса шоҳнинг Кобул яқинидаги боғи — Қалъаи Фатудан манзилгоҳ ажратилди.

Дастлабки даврда Қалъаи Фатуда амир билан яшаган кишилар орасида Кармана беки Ёвқочбек, Шеробод беки Абдулҳафизбек, Мирфаттоҳбек удайчи, амирнинг савдо бўйича Лондондаги вакили бўлиб ишлаган Юсуфбой Муқимбоев, Қори Мизроб, амирнинг ҳарбий вазири Иброҳимбек, Абдуллабек тоқсабо, Аъзамҳожи каби кишилар бор эди.

Бухоро инқилобидан кейин Бухоро амирлигидаги мусулмонларнинг бошлиғи, ўша пайтда фақат Туркистонда эмас, балки бутун мусулмон оламида ислом ва шариат, фикҳ илмининг билимдони сифатида танилган, нотиқлик санъатига ҳам эга бўяган мулла Ибодулла муфти ҳам Афғонистонга қочган эди. Бу одам Қобулда яшарди ва амир ҳузурига тез-тез келиб турарди. Бундан ташқари, амир ҳузурига Бухоро Халқ Жумҳурияти Марказий Ижроия Қўмитасининг собиқ раиси, 1922 йилда Афғонистонга қочган Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Бухоро Халқ Жумҳуриятининг собиқ молия нозири, 1922 йилда Туркияга қочган Носир Ҳакимов, Бухоро Халқ Жумҳуриятининг Афғонистондаги собиқ элчиси, 1922 йилда элчиликдан, СССРга қайтишдан воз кечиб, Афғонистон ҳукуматидан сиёсий бошпана сўраган Ҳошим Шайх Ёқубов ҳам келиб туришарди. Асли инқилобчи ва Ёш бухороликлар партиясининг аъзоси бўлган бу кишилар Бухоро инқилоби кутилган натижани бермаганлигини ва ўлкада ҳур фикрни бўғиш, кишиларни ўринсиз ҳибсга олиш бошланганлигини кўриб билишгач, ўзга юртни ўзларига ватан қилган эдилар.

Совет ҳукумати дастлабки йилларда Афғонистон ҳукуматига бир неча марта расман мурожаат қилиб, собиқ Бухоро амири Саид Олимхонни Афғонистондан чиқариб юборишни талаб этди. Афғонистон ҳукумати эса мамлакатда қўзғолончилик ҳаракати мавжудлигини, агар Саид Олимхон Афғонистондан чиқариб юборилса, бу ҳаракатнинг кучайиб кетишига сабаб бўлишини баҳона қилиб, совет томонининг талабини бажаришдан бош тортди. Айни пайтда Афғонистон ҳукумати Совет Иттифоқи билан муносабатларини ёмонлаштириб қўйишдан ҳадиксираб, амирнинг қурол-яроқдан ёрдам кўрсатишни сўраб қилган илтимосларини ҳам пайсалга сола бошлади.

Саид Олимхон ҳали Бухорога қайтиш, тахтига яна эгалик қилиш ниятида эди, албатта. У шу мақсадига етиш учун барча имкониятларни ишга солди.

Амир бутун дунё жамоатчилигига мурожаат этди. Рейтер агентлиги бу мурожаатномани дунёдаги барча матбуот воситаларига тарқатди. Биз мазкур мурожаатноманинг 1923 йил, 4 июнда «Манчестер Гардиан» рўзномасида эълон қилинган матни билан танишишга муваффақ бўлдик. Унда, жумладан шундай дейилади:

«…Большевикларни Бухоро, Хива, Туркистон ва умуман бутун Ўрта Осиёдаги сиёсати энг пасткаш ва разил хислатларга эга… Большевиклар ҳали темир йўл тармоқлари улар ихтиёрида эканлигидан фойдаланиб, Бухорога 20 минг қуролланган қизил аскарларни жўнатишди. Ваҳоланки, шўролар ҳукумати ташқи ишлар комиссариати вакили Гопнер ўзаро дўстлик битимини тузиш тўғрисида биз билан музокаралар олиб бормоқда эди.

Менинг Бухородан жўнаб кетганим боьшевикларга маълум бўлганига қарамай, ҳимоясиз қолган шаҳар тўрт кун мобайнида бомбардимон қилинди, аҳолининг учдан бир қисми нобуд бўлди, барча муқаддас жойлар, машҳур минора, жоми масжиди вайрон қилинди.

…Бухорога Ботуми орқали етиб келган машҳур Ғози Анвар пошшо мусулмонларни изтиробга солаётган туйғуларни ҳис этиб, мендан ўзига қандайдир лавозимни беришни илтимос қилди. Мен унга мужжаҳатдинлар армиясига қўмондонлик қилишни ишониб топширдим. Жангларнинг бирида Анвар шаҳид бўлди…

Менким, Бухоронинг ўтмишдаги ва ҳозирги қонуний ҳукмдориман, шу кунларда мужжаҳатдинларнинг ҳам йўлбошчиси ҳисобланаман, мамлакатдаги аҳвол тўғрисида адолатни севувчи, тинчликни истовчи барча кишиларга мурожаат этиб, бу масалага ўз муносабатини изҳор қилишини сўрайман».

Халқаро ҳаётда катта шов-шувга сабаб бўлган мазкур мактуб Миллатлар Лигаси билан бир қаторда Буюк Британия, АҚШ, Япония ва яна бир қатор давлат бошлиқларига ҳам жўнатилган эди. Буюк Британия ҳукумати шундан кейин Совет ҳукуматига расмий баёнот билан мурожаат қилди. Масалага аниқлик киритиш мақсадида Совет Иттифоқи вакили Красин билан лорд Керзон ўртасида бу тўғрида музокаралар бўлиб ўтди. Совет томони Саид Олимхоннинг барча даъволари асоссиз, деб исботлашга ҳаракат қилди.

Санкт-Петербургда Октябрь тўнтаришидан кейин Туркистон ўлкасида ҳам большевизм хавфи кучая бошлаганини кўриб-билган Саид Олимхон биринчи навбатда Англияга катта умид кўзи билан қараб, қандай қилиб бўлмасин, бу давлат билан амирлик ўртасида ҳарбий Иттифоқ тузиш, агар бунинг иложи бўлмаса, ҳарбий ёрдам сўрашни вазифа қилиб қўйган, Қори Мизроб бошлиқ ишончли вакилларини Лондонга жўнатган эди. Лекин бу делегация Англия ҳукумати вакиллари билан музокараларни якунламай, Бухорода инқилоб юз берди ва амир Афғонистонга қочишга мажбур бўлди.

Шундай кейин, Қори Мизроб Бухорога эмас, Афғонистонга қайтиб, Қалъаи Фатуда амир билан бирга яшади ва амирнинг махфий ёзишмаларини амалга оширадиган котибига айланди.

Лекин амир Бухорога қайтиш мақсадидан ҳам, Буюк Британиядан ҳарбий ёрдам олиш умидидан ҳам воз кечмаганди. Шу ниятини амалга ошириш учун Лондонга ва Англиянинг Ҳиндистондаги вице-қироли ҳузурига вакилларини яна ва яна юборди. Лекин Англия ҳукумати амирга ялчитиб ёрдам бермади. Бунинг ўз сабаблари бор, албатта. Биринчидан, ўтган асрнинг иккинчи ярмида дунё етакчи капиталистик давлатлар ўртасида деярли тақсимланиб бўлинган, бунда Англия ўзига етарли «улушини олишга биринчи навбатда улгурганди — унга янги мустамлаканинг кераги йўқ эди, деса бўларди, саноат маҳсулотини истаган нархида сотиши мумкин бўлган бозорлари бисёр эди. Иккинчи сабаб — Октябрь тўнтаришини Оврўпадаги мамлакатлар, шу жумладан Англия ишчилар синфи маъқуллаб кутиб олганлиги бўлди. Бундай шароитда Туркистонда фуқаролар урушининг авж олишида фаол иштирок этиш Англиянинг ўзида ижтимоий тангликни юзага келтириши мумкин эди. Учинчи, бизнинг назаримизда энг асосий сабаблардан бири эса, Англия томонининг амир Саид Олимхон ҳақидаги фикри яхши эмаслигида эди. Инглизлар уни чекланган, характери бўш, СССРга жиддий зарба беришга қодир бўлмаган шахс ҳисоблашарди. Ўша пайтда аниқ манбалардан олинган маълумотларнинг бирида ёзилганидек, инглизлар «Туркистонни бошқаришда бошқарувнинг замонавийроқ шаклларидан фойдаланиш пайти келганлигини, халқни шариат асосида ва феодал усуллар билан бошқарган, бунинг устига… нодон, чор генерали — амир Саид Олимхонни яна тахтига олиб бориб ўтқазиб қўйишни бемаънилик ҳисоблашган». Шу боисдан, инглизларни Амир Олимхон шахси вақт ўтган сари тобора кам қизиқтирган. Лекин шунга қарамасдан, Англия томони амир билан илгариги дўстона муносабатларини сақлаб қолган эди. Англиянинг Кобулдаги элчихонаси ходимлари, шу жумладан элчи Гоульднинг ўзи ҳам мунтазам амирнинг ҳузурида бўлиб турарди.

Қалъаи Фатуда асли бухоролик Нарзулла деган кимса яшаган. Унинг вазифаси амирга чой дамлаб беришдан иборат эди. Шу одам инглиз разведкасининг агенти ҳам эди. Ҳар куни амир олдига кимлар келиб кетганлигини маълум қилиб турганлиги учун инглизлардан ойига 500 кальдор оларди.

Ўша пайтда Қалъаи Фату Шарқий Бухородаги қаршилик (босмачилик) ҳаракатининг норасмий штабига айланган эди. Бу ерга Бухоронинг ўзидан ҳам, Иброҳимбек, Абдул Қаҳҳор, Хуррамбек, Абдуқодирбек каби қўрбошиларнинг йигитлари ҳаракат қилган туманлардан ҳам махсус одамлар келиб-кетиб туришарди. Бу кишилардан нафақат ҳарбий маълумотлар, балки бутун Ўзбекистон халқи ҳаёти билан боғлиқ барча муҳим янгиликларни билиб олиш ва бутун дунёга тарқатиш мумкин эди. Ўша даврда Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари қўрбошилар билан амир ва унинг яқин кишилари ўртасидаги ёзишмаларнинг бир қисмини қўлга тушуришга муваффақ бўлишган. Ҳозир тегишли идораларнинг архивида сақланаётган, қайта қуриш, ошкоралик туфайли тарихчилар ва матбуот ходимлари кўриши мумкин бўлиб қолган бу хатлар билан танишганингизда, улар ўша давр воқеалари ҳақида кейинги 50—60 йилда бизда шаклланган тасаввурларни мутлақо ўзгартириб юборади. Ватанидан қувилган юртдошларимиз ўн йилдан ортиқ давом этган бу курашни мадад кучлари етарли бўлмаган, бунинг устига озиқ-овқат, қурол-аслаҳа камчил бўлган жуда қийин шароитда олиб борганликларини кўз ўнгимизда гавдалантиради, «босмачилар»нинг маънавий қиёфаси ҳам, уларнинг ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган туманлардаги оддий халққа муносабатлари ҳам бизга шу пайтгача уқтириб келинганидан бошқачароқ бўлганлигини кўрсатади.

Шарқий Бухорода 1920 йилдан 1932 йилгача давом этган қаршилик ҳаракати четда мустаҳкам таянч манбаъларига эга бўлмаганлиги учун муваффақиятсиз тугади. Лекин бу Бухоро халқининг қаршилик ҳаракатига жаҳон жамоатчилиги лоқайд муносабатда бўлди, деган сўз эмас. Аксинча, жаҳон жамоатчилиги бу кураш иштирокчиларига хайрихоҳлик билан муносабатда бўлди. Буни юқорида биз келтирган амирнинг жаҳон жамоатчилигига Мурожаатидан кейин бутун дунёда кўтарилган шов-шув ҳам, қуйидаги мактуб ҳам маълум даражада исботлайди. Бу мактубни амирнинг Пешовардаги вакили Тўрақулбой 1924 йил 4 августда Бухородаги Камолбой Носирбоевга ёзган:

«…Бизнинг яқин вақтлардаги вазифамиз Бухоро ва унинг атрофида ота-боболаримиз эътиқодини мақкам тутган, яратганга ишонадиган, лекин бахтсиз, душманларимиз томонидан йўлдан урилган, жойлардаги оқсоқоллар, аминлар, қозилар, раислар, бойларнинг ёзишича эса, ҳамон олий ҳазратларига содиқ бўлган халқни уюштира оладиган кучларни тутиб туришдан иборатдир.

Халқнинг Оллоҳ таолога, туғилиб ўсган ерига ва олий ҳазратларига садоқатини сўндирмаслик учун дўстлар билан бундан кейин ҳам мумкин бўлган барча ишларни қилинглар.

Кейинги йилларда мен Афғонистонда, Ҳиндистонда, Англияда, Фарангистонда, Истамбулда, Мисрда бўлиб, кўпгина таниқли кишилар билан учрашиб, улар бизнинг бахтсиз амиримизни ҳурмат қилишларига ва биз тараққийпарвар миллатлар ва бутун дунё мусулмонларининг қўллаб-қувватлаши билан ўз ватанимизни қутқариб, оллоҳ таоло паноҳида ва амир бошчилигида дийдор кўришажагимизга амин бўлдим.

Биз қар гал Ҳиндистоннинг вице-қиролига[1] мурожаат этганимизда, у Англия қироли ва ҳукумати олий ҳазратларини ва бутун Бухоро халқини ҳурмат қилади, деб ишонтирди ва давлатингизнинг бошига тушган синовлар яқин вақтларда тугайди, деб умид билдирди.

Биз кун сайин бутун дунёда янгидан-янги ишончли дўстлар ва ҳомийлар топаяпмиз. Бу дўстлар ва ҳомийлар фақат мусулмон биродарларимиз орасида эмас, балки оврўпаликлар орасида ҳам бор.

Мен қаерда бўлмай ўша мамлакатларнинг ҳукуматлари раҳбарлари эътиборини бизнинг бебахт халқимиз тақдирига қаратишга ҳаракат қилаяпман.

Кўпгина сабабларга биноан мен ҳамма гапни хат орқали айта олмайман, наинки бунга олий ҳазратларидан махсус рухсат олган эмасман. Иккинчидан, бу мактубни иккимизнинг эски қадрдонимиз бўлган жуда ишончли одам олиб бораяпти, у мендан эшитган ҳамма гапларни жафокаш ҳамюртларимизга етказади, деб ишонаман».

1928 йилнинг мартида амир ўз вакили Юсуфбекни Миллатлар Лигасига юборди. Бундан кутилган мақсад Парижнинг банкларидан бирида сақланаётган 180 миллион олтин франк ҳажмидаги пулини қайтариб олиш эди. Юсуфбек бундан олдин ҳам худди шу масалада Лондон ва Женевага бориб келган эди. Лекин бу сафарлари муваффақиятли ўтмади. Франция ҳукумати Бухоронинг собиқ амирига пулларини қайтаришдан бош тортди. Бунга асосий сабаб қилиб эса Саид Олимхон ҳозир Бухоро амири эмаслиги кўрсатилди. «Пуллар Бухоро халқининг ўзи талаб қилсагина қайтарилиши мумкин», дейишди Франция ҳукумати вакиллари Юсуфбекка. Масаланинг чигаллиги шунда эдики, амир Бухородан қочаётганида бу пулларнинг ҳужжатини йўқотган эди. (Бу пулларнинг кейинги тақдири нима бўлганлигини аниқлаш имконияти бўлмади. Назаримизда, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган бугунги шароитда жумҳуриятимиз ҳукумати ушбу масалага аниқлик киритиш учун Франция ҳукуматига расман мурожаат этса мақсадга мувофиқ бўларди).

Амир белидаги олтин камарини Омонуллохонга, олтин тожини Нодир шоҳга туҳфа этган эди. Бундан ташқари, йигирманчи йилларнинг охирида бир одам Ҳиндистонда дўконлар очиб, тижорат ишларини йўлга қўйишни ваъда қилиб, амирнинг икки миллион сўмга яқин пулини олиб, мазкур мамлакатга кетганча қайтиб келмади. Шундан кейин амир анча камбағаллашиб қолди. Лекин унинг бу «камбағаллиги» нисбий эди. Унинг Пешовардаги банкда 2 миллион рупий пули, Кобулда заргарлик буюмлари дўконлари бор эди. Афғонистон ҳукумати халқаро қоидага биноан унга ойига 11 минг афғоний нафақа тўлаб турарди.

* * *

1920 йилнинг 2 сентябрида Бухородаги шаҳар қалъаси қизил аскарлар томонидан ишғол қилинганида, у ердаги амалдорлар билан бир қаторда амирнинг оила аъзолари ҳам қўлга олинган эдилар. Аммо уларга ҳеч бир зиён етказилмади. Бухорода дахлсиз яшай бошлашди. Тўғри, инқилобчилар орасида қўлга тушган қушбеги, қозикалон, раис ва бошқа йирик амалдорлар қатори амирнинг оила аъзоларини ҳам йўқ қилиш тарафдорлари анчагина эди. Лекин Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат ва уларга ҳамфикр бўлган кишилар сўлларнинг инсонпарварликка зид бундай таклифларига қатъиян қарши чиқдилар.

Бухоро Шўролар Халқ Жумҳурияти Ижроқўми бюросининг 1923 йил 15 май куни ўтказилган йиғилишида шу масала муҳокама қилинди. Йиғилишда маъруза қилган Атохўжа амир томонидан Афғонистондан юборилган Али Ризо Термиз ва Карки шаҳарларидаги босмачилар раҳбарлари билан учрашиб, уларга совғалар улашиб, келгусида катта мансаблар ваъда қилиб, шўроларга қарши фаол курашишга, амир оиласини озод қилиб, ўзини тахтга қайтаришга даъват этганлигини маълум қилди.

Ижроқўм бюроси хавфнинг олдини олиш мақсадида амир оиласи аъзоларини шаҳардаги ҳовлисидан Хиёбон мадрасасидаги қамоқхонага кўчириш, уларни қўриқлашни кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ишни ташкил этиш учун Қори Йўлдош Пўлатов, Аббос Алиев, Абдурауф Фитратдан иборат комиссия тузилди.

Бироқ уларни узоқ муддат бундай шароитда сақлаб бўлмас эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас бу масала жумҳурият Нозирлар Кенгашидаги йиғилишда яна муҳокама қилинди. Кенгаш амирнинг ўғиллари Султонмурод, Шоҳмурод ва Раҳимни Москвадаги Бухоро Маориф уйига ўқишга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Амирнинг оналари Тўраойим, Шамсияойим, Тўтиойим, қизлари Хосиятой, Саодатой, хотинлари Муҳаррамойим, Муборакойим, Хурсандойим, амакилари ва бошқа яқин қариндошлари (жами 51 киши) ўз ихтиёрлари ва амирнинг талабига биноан Афғонистонга жўнатилдилар. Амир оиласи аъзолари ва қариндошларидан 64 киши эса Бухорода қолиш хоҳишини билдирдилар. Ҳокимият уларнинг дахлсиз яшашлари учун шароит яратди.

Файзулла Хўжаев ва унинг атрофидагиларнинг амир ва унинг оила аъзолари, қариндош-уруғларига муносабати инсоний бўлганлигини яна шу далил исботлайдики, 1923 йилнинг ёзида амир оиласи ва қариндошларидан бир қисми Афғонистонга жўнаб кетишаётганида Файзулла Хўжаев амирга 19 та бриллиант кўзли узукни совға қилиб юборган экан. Амир бу совғани олгач, жуда хурсанд бўлган ва Файзулла Хўжаевга нисбатан қилган ёмонликларига афсусланган экан.

Амирнинг уч ўғли кўп ўтмай махсус кузатувчилар билан Москвага жўнаб кетишди.

Москвадаги Бухоро Маориф уйи шахсан Файзулла Хўжаевнинг ташаббуси билан собиқ фабрикант Рябушинскийнинг Кропаткин кўчасидаги уйида ташкил этилган эди. Бухоро Халқ Жумҳуриятининг Москвадаги ваколатхонаси ҳам шу бинода фаолият кўрсатар эди.

Бухоро Маориф уйида, асосан, бухоролик косиб ва деҳқонларнинг, ҳалок бўлган инқилобчиларнинг фарзандлари таълим олишар эди. Файзулла Хўжаев ҳар гал Москвага борганида бу ерга келиб, талабаларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб турарди. Ўша йиллари Москвада ҳаммаси бўлиб 290 бухоролик, шу жумладан 35 қиз таълим олди. Қиш пайтлари болалар шу ердаги интернатда ўқишиб, истиқомат қилишар, ёзги таътилни эса Клязьма дарёси соҳилидаги оромгоҳда ўтказишар эди. Амирнинг фарзандлари кейинчалик жумҳуриятимизнинг таниқли маданият ва санъат арбоблари бўлган Сора Эшонтўраева, Саъдихон Табибуллаев, Мариям Ёқубова ва бошқалар билан бирга таҳсил кўришди.

Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилганидан кейин Бухоро Маориф уйи рабфакка айлантирилди ва кўп ўтмай Ўзбекистоннинг ўша даврдаги пойтахти Самарқандга кўчирилди. Саид Олимхон фарзандлари эса Москвада қолишди.

Амир фарзандлари Москвада сақланаётганлигидан норози эди. Лекин дастлабки йилларда бутун хаёли Шарқий Бухорода фуқаролар урушини кучайтириб, яна тахтга ўтириш мақсади билан банд бўлганлиги учун фарзандларини озод қилиш иккинчи даражали масала бўлиб турганди. Лекин йиллар ўтиб, биринчи мақсади сароб бўлиб қолаётганлигини англаган сари амирнинг кўзига Москвада гаровга ушлаб турилган фарзандлари кўрина бошлади.

Саид Олимхон халқаро Қизил Крест ва Қизил Ярим Ой жамиятига мурожаат қилиб, ўғилларини қайтариб беришда Совет ҳукуматига таъсир кўрсатишни талаб қилди. Ғарб матбуотида яна унинг мурожаатномалари пайдо бўла бошлади. Унинг ўринли талабини халқаро жамоатчилик ҳам қўллаб-қувватлади. Совет томони бунга жавобан амир олдига ўлкадан олиб кетган бойликларни қайтариб бериш шартини қўйди.

1932 йилда амир Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги орқали Афғонистоннинг Совет Иттифоқидаги элчиси Муҳаммад Азизхонга шахсий мактуб йўллаб, фарзандларини қутқаришда ёрдам беришни илтимос қилди. Муҳаммад Азизхон Кобулга келганида Саид Олимхон у билан икки-уч марта учрашиб, суҳбатлашди. Амирнинг «Менинг фарзандларимни Афғонистонга қайтариш масаласи нима бўлаяпти?» деб берган саволига Муҳаммад Азизхон шундай деди:

— Менга ёзган мактубингизни олишим билан бу масалани Ташқи ишлар халқ комиссариати орқали ҳал этишга ҳаракат қилдим, лекин ҳеч бир натижа чиқаролмадим. Сизга шу нарсани айтишим керакки, — деб сўзини давом этказди элчи, — эркин совет тарбияси шароитида ўғилларингиз янги муҳитга кўникиб кетишган, уларнинг руслардан фарқлари кам. Совет таълим-тарбияси зарарли эътиқод ва қарашларни ўғилларингизнинг қон-қонига сингдириб, уларни инглизларнинг ашаддий душманига айлантирган. Шу боисдан мен улар Россияни ихтиёрий равишда тарк этиб, бағрингизга қайтишга рози бўлишади, деб айта олмайман.

— Бундан ташқари, — деб давом этди Муҳаммад Азизхон, — ҳозир Россияда худони унутишган, ичкилик дарё бўлиб оқиб ётибди, дейиш мумкин, хотин-қизлар озод, улар орасида ёш, кўзга яқинлари ҳам кўп. Бугунги ёшларда табиатан бундай кўнгил ёзар ишларга мойиллик кучли. Ўғилларингизни расмий йўл билан қайтаришнинг ҳеч бир иложи йўқ.

Муҳаммад Азизхоннинг бу сўзларига жавобан Бухоро амири шундай деган эди:

«Мен ўғилларимга тўла ишонаман. Улар ўз эътиқодларини ҳеч қачон ўзгартирмайдилар ва худони билмаган, алдамчи русларнинг таъсирига берилмайдилар. Ўғилларимни руслар гаров тариқасида ушлаб туришибди, улар асирлар сингари яшашаяпти. Ўғилларим ҳаётларини қувноқроқ ўтказиш учун ташқи жиҳатдан русларга ўхшаб кетган бўлиб кўринишлари мумкин, лекин бу маълум вақт, муддатгача давом этадиган ҳодиса. Агар имконият туғилса, улар бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмай бағримга қайтиб келишади».

Шундан кейин Саид Олимхон Муҳаммад Азизхондан Москвадаги элчихона котиби Муҳаммад Сиддиқхонга ва СССР ҳудудидаги Афғонистон консулхоналарига махфий кўрсатма бериб, Москвада яшаётган, синалган, тайинли афғон, ўзбек, туркман, тожик ёшларидан танлаб, болалари орасига (дўст, ўртоқ, ҳамсуҳбат тариқасида) қўйишни илтимос қилди. «Бу ёшларни етарлича маблағ билан таъминланг, — деди амир, — улар ўғилларим билан иложи борича яқинлашиб, ишончига киришсин, улардаги янги эътиқодни йўққа чиқариб, совет ҳаётига нисбатан нафрат уйғотиб, ўз ота-оналари бағрига қайтишлари зарурлигини уқтиришсин».

— Бу иш амалга оширилгач, уларни Афғонистон чегарасигача олиб келиш лозим бўлади, — деб сўзини давом этказди Саид Олимхон. — Ўғилларим чегарага етиб келгунларига қадар Афғонистон консулхонаси ходимлари уларга пул, озиқ-овқат ва бошқалардан ёрдам беришлари керак.

Айни пайтда Саид Олимхон барча чегарачиларга фармойиш бериб, Бухоро амири ўғиллари келиши билан, улардан паспортлари, визалари ва бошқа ҳужжатларини сўраб-суриштириб ўтирмай, дарҳол Кобулга жўнатилишини илтимос қилди.

Муҳаммад Азизхон Бухоро амирининг сўзларини охиригача тинглагач, илтимосини бажариб, Москвадаги элчихонага ва Совет Иттифоқи ҳуддудидаги Афғонистон консулхоналарига тегишли кўрсатма беришни ваъда қилди.

Амирнинг юқоридаги сўзларига шуни қўшимча қилиш мумкинки, у ўғиллари тўғрисида билдирган фикрларида ҳақ эди. Москвада амир болаларини қайта тарбиялаб, «эзувчи синф»нинг ашаддий душманига айлантиришга қанча ҳаракат қилишмасин, улардаги ота-она, қариндош-уруққа, туғилиб ўсган юртга муҳаббат сўнмади. Бири (Раҳим) шу орзу йўлида қурбон бўлди, иккинчисини эса Совет давлати душманининг ўғли сифатида қамаб, йўқ қилишди. Учинчиси омон қолди-ю, аммо дардини бировга айтолмай дунёдан бир умр маъюс бўлиб яшаб ўтди.

Ўша даврда Буҳорода Муҳаммад Ҳожи деган одам яшарди. Бу одам амирнинг яқин кишиларидан бўлиб, унинг рафиқаси Шоҳмуродни эмизган эди. Амирнинг ўғиллари мана шу оила билан хат ёзишиб туришган. Бундан ташқари, ўша пайтда Бухорода яшаган, амирга хайрихоҳ бўлган бир қатор бойлар, савдогарлар вақти-вақти билан Москвага бориб ёки ўз одамларини юбориб, амир болаларининг ҳолидан хабар олиб туришган, уларга моддий ёрдам кўрсатишган. Булар орасида таниқли бойлар ва савдогарлар Неъматжон Шамсибеков, Камолбой Носирбоев, Мирза Муҳитдин ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.

Муҳаммад Азизхон Москвага қайтгач, амирдан олган махфий топшириғини бажаришга киришди. Белгиланган тадбирлар тез вақтда ўз натижасини бериб, амирнинг кенжа ўғли Раҳим икки-уч марта Афғонистон элчихонасига келди. Бир келганида элчи у билан яккама-якка узоқ суҳбатлашиб, Афғонистонга кетиш масаласини расмий йўсинда қўйишни маслаҳат берди.

Шундан кейин, Раҳим СССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва СССР Халқ Комиссарлар Кенгашига ариза ёзиб, чет элга кетишга рухсат берилишини илтимос қилди. Унинг бу аризаси Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонасига юборилди. Ваколатхона бошлиғи Раҳимни ҳузурига чақириб, у билан суҳбатлашди. Шунда Раҳим собиқ Бухоро амири бўлган отаси олдига кетишга қатъий аҳд қилганлигини баён этди. Ваколатхона бошлиғи унинг бу илтимосини бажариб бўлмаслигини маълум қилди.

Шундан кейин, Раҳим яна Афғонистон элчисига мурожаат қилиб, Афғонистонга визасиз жўнатишни сўради. Лекин элчи бу ишга журъат этмади. Раҳим бу орада Кобулга бораётган Афғонистон элчихонаси ходимлари орқали отаси билан ҳам алоқа ўрнатишга улгурганди.

Унинг шундан кейинги тақдири ҳақида икки хил маълумот бор. Расмий маълумотларда, Раҳимнинг чет элдаги аксилинқилобий кучлар билан алоқа боғлаганликда айбланиб, 1937 йилда қамалиб, отиб ташланганлиги ёзилади. Одамлар оғзида юрган, яъни амирнинг болаларини билган кишилар берган маълумотларга қараганда эса, ўша пайтда Афғонистон элчиси қонуний йўл билан бирон-бир натижага эришиш қийин эканлигига яна бир ишонч қосил қилгач, Раҳимнинг визасиз Афғонистонга кетиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Лекин бу иш муваффақиятсиз тугаб, Раҳим чегарада қўлга тушган ва отиб ташланган. Бизнингча, шу фикр тўғри бўлса керак.

Амирнинг тўнғич ўғли Султонмуроднинг бир оёғи ногирон бўлганлигини айтиб ўтган эдик. У Москвадаги ногиронлар фабрикасида ишларди. Очиқ, дали-ғули йигит эди, 30-йилларда нима учундир бир сидра инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қилиб юрган.

Бу йигитни 40-йилларда Совет давлати душманининг ўғли сифатида қамашди. У ўзига ноҳақ айблар қўйилганлиги учун қамоқхонада очлик эълон қилиб, кўп ўтмай вафот этди. Совун заводида ишлайдиган рафиқаси эса бу жудоликни кўтара олмай, иш жойида совун қайнатилаётган катта қозонга ўзини ташлаб ҳалок бўлди.

Иккинчи ўғил Шоҳмурод Олимовнинг тақдири эса бошқача бўлди. 1929 йил 16 июнь куни «Известия» рўзномаси Шоҳмурод Олимовнинг отасига очиқ хатини эълон қилди. «Бухоро амирининг ўғли ўз отасига шундай дейди» деган сарлавҳа билан эълон қилинган бў хатга таҳририятнинг қуйидаги кириш сўзи илова қилинган эди:

«Биз ўғилнинг ўз отасига мактубини эълон қилмоқдамиз. Унинг отаси — собиқ Бухоро амири, оқ пошшонинг содиқ малайи — рус чоризмининг қўллаб-қувватлаши билан Бухоро амирлигида ҳукмдорлик қилган. Меҳнаткаш омма томонидан Бухородан қувиб чиқарилган ота Афғонистоннинг қайсидир бурчагида кўп йиллардан бери мусофирликда яшамоқда. Яқинда у Совет ҳукуматига қарши «фош қилувчи» мурожаатнома эълон қилди. Худди шу вақтнинг ўзида босмачи тўдалари Ғарм шаҳри яқинида бизнинг ҳудудимизга ҳужум қилишди. Бу тўғрида илгари хабар қилган эдик.

Ўғил — Шоҳмурод бошқа лагерда. У москвалик рабфакчи. Собиқ ўғил ўз отасининг янги қилиғи тўғрисида унга биринчи ва сўнгги мактубини йўлламоқда. Биз бу хатни социалистик ғояларнинг сиёсий жиҳатдан чириб кетган мустабид оиладаги ўрта асрчилик муносабатларига ҳам раҳна солганлигига мисол, инсоният тарихида камдан-кам учрайдиган ҳужжат сифатида эълон қилмоқдамиз».

Шоҳмуроднинг «Известия» рўзномасида босилган мактубини жумҳуриятимиздаги кўпгина рўзномалар, жумладан «Озод Бухоро» ҳам кўчириб босди. Бугунги кунда сталинча «ғоявийлик» ва зўравонликнинг ўзига хос намунаси сифатида баҳоланадиган бу очиқ хатда ўғил тилидан қуйидаги сўзлар битилган:

«Мен сенга умримда биринчи ва сўнгги маротаба хат ёзаяпман. Мен хат ёзишни, орамизда ҳеч қандай алоқа ўрнатилишини истамаган эдим. Лекин кейинги кунларда юз берган воқеалар мени сенга юрагимнинг қони билан хат ёзишга мажбур этди. 1917 йилда дунё инсоният тарихида биринчи марта икки лагерга бўлинди: Капитализм лагери ва социализм лагери.

1918 йил келди. Бу вақтда сенинг крепостной ҳокимиятингда тескаричилик жуда кучайди. Регистон камбағал косиблар ва деҳқонлар қаттиқ зулмга қарши бош кўтаришга журъат этган ва сен ҳукмронлик қилган вақтда бутунлай таланган кишиларнинг қони билан тўлди.

Сен эса айш-ишрат билан машғул эдинг. Ота-ўғил бўлганимиз ҳолда сен билан йилига бир маротаба учрашар, бошқа вақтларда бизлар (уч биродар) ўз оналаримиз билан бирга яшар эдик. Сен ўғилларинг борлигини билмас эдинг! Сен уларни англамас эдинг. Лекин онамнинг шикоятлари ҳали эсимда турибди. 1920 йил келди. Бухородаги мустабид, крепостной, ярим мустамлака ва тескаричи ҳокимият қулатилди. Муллаларнинг, бойларнинг ҳокимияти, сенинг ҳокимиятинг қулатилди. Амир ҳокимияти йўқ бўлди. Унинг ўрнига янги ҳокимият — халқ ҳокимияти келди. Янги ташкил этилган Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти бизларни ўз бағрига олди. У бизларни боқди ва кийинтирди. 1923 йилда бизлар ўқимоқ учун Москвага бордик. Бу вақтга келиб Туркистон шўролари, Бухоро ва Хоразм жумҳуриятлари бирлашиб, Ўзбекистон Шўролар Жумҳуриятини ташкил этдилар. Ўзбекистон жумҳурияти бошқа жумҳуриятлар билан тенг ҳуқуққа эга бўлган ҳолда СССР таркибига кирди. Ёлғиз сенгина эмас, балки сенинг хўжайининг бўлган Русия самодержавиеси томонидан ҳам эзилган амир Бухороси тугади. Бухоро янги, бошқа бўлди. Ҳозир у ерда зўрлик ва зулм йўқ, у ерда нодонлик, саводсизлик йўқолмоқда, мактабларнинг сони кўпаймоқда. Батраклар ва меҳнаткаш халқнинг ўн минглаб болалари бу мактабларда ҳар хил илмларни ўрганишмоқда. Большевиклар фирқасининг тўғри раҳнамолиги остида халқ хўжалиги ривожланмоқда ва мустаҳкамланмоқда.

Мен олти йилдан буён Бутуниттифоқнинг сиёсий ва иқтисодий маркази бўлган Москвада ўқимоқдаман. Мен ишчилар факультетида билим олдим. Бу ерда орттирган ўртоқларим билан бирга ўқиб ва яшаб катта шўролар жамоасининг аъзоси бўлдим. Мен сени ёмон кўраман. Мен отам йўқ, деб ҳисоблайман ва сенга ҳам ўғлинг борлигини ёдингдан чиқаришингни таклиф этаман. Мен сенинг илгариги ўғлинг эмасман, у янги тил билан гапиради. У ҳур фикрли ва турмушга янгича қарайдиган кишига айланди. Дунё икки лагерга бўлинди. Инқилобий ҳаракат ёлғиз Ғарбда эмас, балки Шарқда ҳам ўсмоқда. Хитой қуллари мустамлакачилик зулмига қарши қўзғолдилар, Ҳиндилар мустақиллик учун интилмоқдалар. Инқилоб ўти бутун ер юзига ёйилмоқдаким, у шубҳасиз алангага айланиб, зиндонларни ёндиради. Мустамлакачилар миллатлар ўртасига нифоқ соладилар, уларни ўз қулларига айлантириш учун алдайдилар… Сен, инидан қувилган тулки, Шўролар Тожикистонига ҳужум қилишни, кейин эса мустамлакачи ҳомийларинг ҳимояси остида Бухорога келишни ўйлабсан. Сен шу йўл билан Шўро ҳукуматини йиқитиб, яна амир Бухоросини тузмоқчи бўлаяпсан. Бу ерда фарқ фақат битта: илгари сен халқни эзиб, топганларингни Русия ҳокими мутлағи билан бўлишар эдинг. Эндиликда эса очофатлиги билан танилган дунё йиртқичи — Англия билан ҳамтовоқлик қилмоқчисан. Лекин сен чучварани хом санаяпсан. Тожикистонда Шўро ҳокимияти яшайди ва яшаяжак. Шўро ҳокимиятини барпо қилиш осон бўлмади. Сендай ифлос, аҳмоқ ва дарбадар одам Шўро ҳукуматини осонлик билан йўқота олмайди. Сен 1920 йилда Бухородан қочаётиб бутун Шарқий Бухорога босмачилик уруғининг сепдинг. Ғолиб ишчи-деҳқон қизил қўшини ва кўнгилли аскарлар босмачиларни тор-мор келтирдилар. Лекин босмачи шайкалари шўро тупроғида яна пайдо бўла бошладилар. Бу гал ҳам Қизил қўшин алданган кишилар тўдасини тор-мор қилажак. Шўролар Тожикистонининг ортида ,140 миллион кишилик кучли Шўролар Иттифоқи турибди. Шўролар Иттифоқини Ғарбдаги ишчилар синфи ва бутун мустамлака Шарқи ҳимоя қилади. Булар менинг сенга айтган энг сўнгги сўзларимдир. Сен билан абадий ажралишамиз. Агар ўзим истамаганим ҳолда тақдир мени сен билан учраштирса, унда сен билан душманларча учрашамиз.

Сенинг собиқ ўғлинг: Шоҳмурод».

Мана шундай қилиб, шахсга сиғинишнинг айни авжига чиқаётган палласида яна бир совет ўспирини «ғоявийлик» сиёсати туфайли ота ва ўғил ўртасидаги инсоний муносабатларни поймол қилиб, Павлик Морозовнинг «жасорати»ни такрорлади. Шу мактуби туфайли Шоҳмурод Олимов нафақат пушти паноҳи, балким бутун ўтмиши, қилмиш-қидирмиши, инсоний илдизлари билан видолашиб, заминидан айрилган дарахтдай бўлиб қолди.

Хўш, Шоҳмурод нима учун бу мактубни ёзди?

Шоҳмурод рабфакни тамомлагач, ҳарбий билим юртига кирмоқчи бўлди.

Унда бу билим юртини тамомлагач, ҳарбий акдемияга кириб ўқиш орзуси ҳам бор эди. У шу орзуларини дўстларига айтганида, улар:

— Сени бу соҳага ўқишга олишмайди,— дейишди.

— Нима учун? — деб сўради ёш йигит беихтиёр.

— Ахир сен Совет ҳокимиятининг ашаддий душмани бўлган одамнинг — собиқ Бухоро амирининг ўғлисан-ку.

— Бу гап тўғри. Лекин мен ўз ҳаётимни ҳарбийдан бошқа соҳада тасаввур этолмайман-да. Отам генерал бўлган, мен ҳам шундай бўлишни хоҳлайман.

— Бунинг битта йўли бор,— деди даврадагилардан бири.

— Бу қандай йўл экан?

— Матбуот орқали отангга хат ёзиб, ундан, гўё воз кечган ўғил бўласан. Шундай қилсанг, сени ҳарбий билим юртига қабул қилишади, келгусидаги ҳаётинг ҳар хил хавф-хатарлардан ҳам ҳоли бўлади.

Шоҳмурод ўйланиб қолди. Орадан маълум вақт ўтгач эса, «Известия»да эълон қилинган юқоридаги хат пайдо бўлди. Ўғил шундай қилдию, бир умр ўзини виждон азобига қўйди.

Шоҳмурод Олимовнинг ёшлигида Москвада рабфакда бирга ўқиб, кейин заводда бирга ишлашган Мусахон Зокиров исмли дўсти бўлган. Бу одам Шоҳмурод билан тенгқур бўлиб, Қарши шаҳри яқинидаги Маҳаллиёт қишлоғида, асли Қозондан кўчиб келган бой татар оиласида туғилган. Мусахон уруш бошланиб кетгач, Москвадан Душанбега кўчиб келиб, нон маҳсулотлари комбинатида ишлаган. Шу одамнинг ҳикоя қилишича, у Москвада яшаган пайтларда Шоҳмурод рафиқаси Лидия Михайловна билан уникига тез-тез меҳмонга келар, қаттиқ маст бўлиб қолган пайтларида ота-онасини эслаб йиғлар экан. Айни пайтда Мусахон Зокиров Шоҳмуроднинг жуда ҳам саводли ва фикр-мулоҳазали одам бўлганлигини таъкидлайди.

— Совет ҳокимияти хавф остида бўлса, биздай кишилар хотиржам яшасак бўлади,— деган экан бир кун Шоҳмурод шу дўстига. — Аксинча, бу ҳокимият ўзига тинч бўлса, биздай ижтимоий келиб чиқиши «нобоп» кишиларни йўқ қила бошлайди. Рўзномаларда фарзанд ота учун жавоб бермайди, деб ёзишаяпти. Бу бўлмаган сафсата. Бу ҳукуматнинг чангалига тушиб қолсанг, отанггина эмас, бобонг учун ҳам жавоб талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Мариям Ёқубованинг қизи Тамара Ёқубова бизга бир воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, 30-йилларнинг ўрталарида Мариям Ёқубова бир иш билан Москвага борганида рабфакда бирга ўқиган дўсти Шоҳмурод билан учрашибди. У дўсти билан суҳбатлашиб ўтириб:

— Шоҳмурод, ёмон замонлар бўлаяпти. Сизни собиқ Бухоро амирининг ўғли, деб бир кунмас бир кун ҳибсга олишмасайди,— дебди.

Шунда Шоҳмурод кулиб:

— Ҳали хабарингиз йўқми? Мен бунинг эҳтиётини қилганман,— деб «Известия» рўзномасининг ўша хат босилган сонини олиб кўрсатибди.

Дарҳақиқат, отасига хати эълон қилинганидан кейин Шоҳмурод Олимовнинг йўли очилди. У аввал ҳарбий билим юртига, кейин Куйбишев номидаги ҳарбий-инженерлик академиясига кириб ўқиб, Совет армиясининг генерали даражасига етди.

Шоҳмурод Олимов ҳарбий-инженерлик академиясини аъло баҳолар билан тугатгач, қобилиятли офицерга яна бир ҳиммат кўрсатилди. У шу академияда ўқитувчи қилиб қолдирилди.

Улуғ Ватан уруши бошланиши билан эса Шоҳмурод Олимов биринчилар қаторида фронтга жўнаб кетди. Фашистлар тажовузкорона юришини табора кучайтираётган дамларда темир йўллар, кўприкларни портлатишга раҳбарлик қилиб, душманнинг олға ҳаракатини секинлаштиришга ҳисса қўшди. Жанглардаги жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланди. Ўз соҳасини яхши билган мутахассис сифатида Совет Армияси Бош штабидагиларнинг назарига тушган эди.

1944 йилда Қрим ярим оролини душмандан тозалаш чоғида Шоҳмурод Олимов оғир яраланди. Шу муносабат билан Москвада махсус самолёт ажратилди. Лидия Михайловна шу самолётда эри олдига бориб, ҳарбий врач, ҳамшира ҳамроҳлигида уни Москвадаги госпиталга олиб келди. Бу ерда Шоҳмурод Олимовнинг бир оёғини кесиб ташлашга тўғри келди. Унга академияга қайтиб, ўқитувчилик касбини давом эттиришига рухсат беришди.

Ҳассага таяниб, ёғоч оёғини дўқиллатиб аудиторияга кириб келадиган истараси иссиқ бу кишининг миллати, насл-насабидан академияда саноқли кишилар хабардор эдилар. У ўтмиши, ҳаёти тўғрисида гапиришни ёқтирмас эди. Ҳатто узоқ йиллар у билан ёнма-ён ишлашган ҳамкасблари ҳам генерал Олимовнинг ғаройиб таржимаи ҳолидан бехабар эдилар.

Амирнинг бошқа икки ўғли — Султонмурод ва Раҳимнинг тақдири билан солиштирганда, Шоҳмуроднинг тақдири бир қарашда бирмунча ёрқинроқ бўлгандай туюлади. Аслида, уни ҳам бахтли деб бўлмасди. Дунёда ўз болалигини қўмсамайдиган, туғишганларини, жонажон юртини кўришни истамайдиган киши бўлмаса керак. Шоҳмурод эса ўз юрти билан жуда эрта хайрлашди. Туғишганларини кўришни эса хаёлига ҳам келтираолмас эди. У бир умр ўтмишини эслашдан қўрқиб, хеш-ақраболари билан учрашувдан қочиб яшади. Бухорога эса болалигида кетганича қайтиб келмади. У камгап ва ғамгин одам эди.

Куйбишев номидаги ҳарбий-инженерлик академиясининг кафедра мудири, генерал майор Шоҳмурод Олимов урушдан кейинги йилларда қатағоннинг янги тўлқини кўтарилганида ўзи ва оиласи тақдири тўғрисида кўп ташвишланди, ҳатто фамилиясини ўзгартирмоқчи ҳам бўлди. Дарҳақиқат, ўша қалтис йилларда Совет ҳокимияти душманининг фарзандини йўқ қилиш учун бериячиларга сал нарса баҳона бўлиши мумкин эди.

1985 йилда 75 ёшида Москвада вафот этган генерал Шоҳмурод Олимов умрининг охиригача ўзини кўринмас занжирлар билан кишанланган бандидек ҳис қилиб яшади. У илдизига болта урилган, ўтмиши бўлмаган инсон эди.

Хўш, амирнинг 1923 йилда Афғонистонга кетишни истамай, Бухорода қолган, 64 нафар оила аъзолари ва қариндош-уруғларининг кейинги тақдири қандай бўлди? Бунга ҳозир Жумҳурият Давлат хавфсизлик қўмитасининг архивида бир нусхаси сақланаётган, Давлат хавфсизлиги халқ комиссариати Бухоро вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи, ички ишлар катта лейтенанти А. Филимонов имзо чеккан мактубда аниқ-равшан жавоб берилган. Юқори идораларнинг сўровига биноан 1940 йил июнь ойида ёзилган бу мактубда собиқ амирнинг Бухорода қолган оила аъзолари ва қариндош-уруғларининг ҳаммаси 1937—38 йиллардаги қатағонда қамаб, йўқ қилинганлиги ёзилган.

* * *

Тарихчилар М. Ҳасанов, В. Германов, К. Шодиев аниқлаган маълумотларга қараганда, иккинчи жаҳон уруши йиллари Афғонистондаги бухоролик муҳожирларга турк, япон, немис разведкасининг қизиқишлари ортади. Улар 1941—1943 йилларда бухоролик муҳожирларни ўз мақсадлари йўлида хизмат қилдириш бўйича фаолиятларини кучайтирдилар. Айниқса, немис разведкаси бу борада зўр фаоллик кўрсатди. Бунинг ўз сабаблари бор эди, албатта. Совет Иттифоқи билан бўлаётган уруш чўзилиши муқаррар бўлиб қолганлигини англагач, советларга қарши бухоролик муҳожирлардан фойдаланиш истаги немис разведкасига тинчлик бермай қўйган эди.

Немис разведкачилари Расмус ва Витцель амирнинг ўғиллари Саид Умархон ва Саид Иброҳим, шунингдек бухоролик муҳожирларнинг бошлиқлари — Мубаширхон Тарозий, Шермуҳаммадбек, унинг укаси Нурмат ва бошқалар орқали Саид Олимхон билан алоқа ўрнатдилар. Немис разведкаси СССРга жанубдан зарба беришга чоғлана бошлади. Улар Афғонистондаги бухоролик муҳожирлар билан кифояланмай, Ўрта Осиёда собиқ Бухоро амирига мойил бўлган кишилар ўртасида ҳам тарғибот ишларини йўлга қўя бошладилар. Бухоролик муҳожирларнинг «Фаол» маркази тузилиб, унга Мубаширхон Тарозий бошчилик қила бошлади. Ҳарбий кучларга қўмондонлик қилиш вазифаси эса Шермуҳаммадбек зиммасига юклатилди.

Немис разведкаси бухороликлар учун маблағни аямади. Афғонистоннинг шимолий вилоятларига тарғибот ишларини кучайтириш учун махсус одамлар юбора бошлашди. Айни пайтда Совет Иттифоқининг жанубий туманларига ҳам яширин равишда одамлар ташлана бошланди.

Бухоролик муҳожирлар большевиклардан қасос олиб, яна Ватанга қайтиш соатлари яқинлашаётганига қаттиқ ишона бошладилар. Улар ўзларининг бу ҳаракатларини Афғонистон ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлайди ёки ҳеч бўлмаганда, бу масалада бетараф йўл тутади, деб қаттиқ ишонардилар.

Немис разведкаси бухоролик муҳожирлар орасида олиб бораётган ишлардан Афғонистон Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари яхши хабардор эдилар, албатта. Айни пайтда улар амир Саид Олимхон ва унинг атрофидаги кишилар хатти-ҳаракатларини совет разведкаси ҳам диққат билан кузатиб турганлигини, зарур бўлса, совет томони қарши чора-тадбирлар кўриши мумкинлигини ҳам яхши билишарди. Афғонистон томонини, айниқса Совет қўшинлари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида, худди Эронда бўлгани сингари, Афғонистон ҳудудига кириб олиши эҳтимоли кўп ташвишлантираётган эди.

1943 йилнинг бошида Сталинград жанги Совет Армиясининг ғалабаси билан тугагач, Афғонистон томони иккиланиб ўтиришнинг вақти ўтганлигини билди ва март ойида Афғонистон Давлат хавфсизлиги ходимлари «Фаол» маркази раҳбарларининг ҳаммасини (50 кишига яқин) бир кечада қамаб, уй-жойларини тинтув қилиб, немис разведкаси етказиб берган қурол-яроқ, пул маблағлари ва бошқа нарсаларнинг ҳаммасини тортиб олди. Шундан кейин «Фаол» марказининг фаолияти тугади.

Афғонистон ҳукумати меҳмондўстлик анъаналарига амал қилиб, Саид Олимхонга тегмади. У илгаригидай Афғонистон ҳукумати белгилаган нафақани олиб, тинч яшай берди.

Юқоридаги воқеадан кейин бухоролик муҳожирларнинг руҳи тушиб кетди. Уларнинг орасида Туркияга, Саудия Арабистонига кетиш ёки қандай жазо берилмасин, она юртга қайтиш кайфиятлари пайдо бўла бошлади.

Орадан кўп вақт ўтмай, Саид Олимхон худди отаси Абдулаҳадхон сингари вос-вос касалига йўлиқди. У бир жойда ўтиролмайдиган бўлиб қолди. Атрофидагиларга тинчлик бермай, ҳали у ёққа олиб бор, ҳали бу ёққа олиб бор, деяверадиган одат чиқарди. Шундан кейин, амирнинг тўрт ўғли (Саид Умархон, Саид Иброҳимхон, Саид Фаттоҳхон, Саид Муродхон) ўзаро маслаҳатлашиб, оталари номидан Афғонистон Бош вазири Саид Аъзамга енгил автомобиль сўраб ариза ёздилар. Саид Аъзам бу аризани ўқигач, амирнинг ўғилларига: «Афтидан, фақат амирнинг эмас, сиз бухоролик муҳожирларнинг ҳаммангизнинг миянгиз айниб қолганга ўхшайди. Сизлар бизнинг мамлакатимиз худди Эрон сингари аҳволга тушишини истайсизларми, дейман. Енгил автомобилда сайр қиладиган пайтлар ўтди», деб жавоб қилган экан.

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1944 йил 30 апрелда вафот этди. Уни кўмиш маросимида Афғонистон ҳукуматининг деярли барча раҳбарлари, бухоролик муҳожирларнинг раҳбарлари иштирок этдилар.

Амир дафн этилганидан кейин орадан бир неча кун ўтгач, Қалъаи Фатуда кўпчилик иштирокида Саид Олимхоннинг тўнғич ўғли Саид Умархонга тахт меросхўри сифатида амирлик либосини кийдириш маросими бўлди.

Саид Умархон шу маросим охирида нутқ сўзлаб, бухоролик муҳожирларнинг биринчи навбатдаги вазифаси Ватанни Совет ҳокимиятидан озод қилиш учун курашдан иборатлигини таъкидлади.

* * *

— 70-йилларнинг бошида Афғонистонда «Тоғлар ва афсоналар мамлакати» фильмини суратга олаётганимда афғон ҳамкасбларимдан гўзал бир қизни топишни илтимос қилдим,— деди бизга кинорежиссёр Малик Қаюмов.— Бир маҳал улар олдимга Кобул дорилфунуниннинг толибаси бўлган ғоят гўзал бир қизни бошлаб келишди. Қарасам, у ўзбек тилини биладигандек туюлди. Мен ундан:

— Синглим, сиз ўзбекмисиз? — деб сўрадим. У:

— Ҳа, мен сизнинг ҳамюртингизман, амир Саид Олимхоннинг неварасиман,— деди.

Бу қиз бирмунча вақт биз билан ишлади. Бир кун у:

— Малик ака, ойим сиз билан учрашмоқчилар. Хўп десангиз, эртага машина олиб келиб, уйимизга олиб бораман,— деди.

Мен рози бўлдим. Шундай қилиб, эртаси Саид Олимхоннинг қизиникида меҳмон бўлдим. У Бухорода туғилган экан. Ҳозирги Бухоро, Ўзбекистон ҳақида сўради, гапириб бердим.

— 70-йилларнинг охирида ҳамкасбим Турди Модиров билан Афғонистонда бўлганимизда Саид Олимхоннинг яна бир невараси Саид Али Олимий билан танишдик, — дейди Малик Қаюмов.— Бу йигит Бомбейда ўқиган бўлиб, инглиз тилини яхши билар, Кобул киностудиясида овоз оператори бўлиб ишлар эди. Саид Алининг укаси, 1952 йилда туғилган Саид Темур Олимий 1986 йилда Киев Давлат дорилфунунининг фалсафа факультетини тамомлаган. У рус тилини пухта билади. Тошкентда ҳам бир неча марта бўлган.

1983 йилда Саид Темур Олимий Москвада шаҳар адреслар бюроси орқали амакиси Шоҳмурод Олимовни қидириб топиб, уйига боради. Шоҳмурод жиянини анча совуқ қабул қилади. У гапни қисқа қилиб: «Нима қиласан менинг ҳам, ўзингнинг ҳам ҳаётингни хавф остига қўйиб? Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари сенинг бу ерга келганингни билишади», деб жиянини квартирасидан чиқариб юборган экан.

Саид Али ва Саид Темур амир Афғонистонга қочиб борганидан кейин туғилган ўғилларидан бирининг фарзандларидир. У бу ўғлига Бадахшон ҳокимининг қизини олиб берган эди.

Саид Темур Совет Иттифоқида ўқишни битиргач, Тошкентда қолишга кўп ҳаракат қилди. Сабаби, бу пайтда Афғонистонда борар жойи йўқ, ота-онаси уй-жойини сотиб, етти фарзанди билан Америкага кўчиб кетишган эди. Лекин унга Тошкентда қолишига рухсат берилмади. Шундан кейин, Саид Темур Афғонистонга жўнаб кетди. Айтишларича, у Кобулга эмас, тикка Ғазна шаҳрига бориб, у ердан Покистонга ўтиб, сўнгра Америкага — ота-онасининг олдига жўнаб кетибди.

Ҳозир Афғонистонда амир Саид Олимхон авлодларидан деярли ҳеч ким яшамайди. Апрель инқилобидан кейин уларнинг ҳаммаси Америкага кўчиб кетишган.

Амир Саид Олимхон Кобул шаҳри чеккасидаги кўримсизгина бир қабристонга дафн этилган. Қабр тошига исм-шарифи, туғилган ва вафот этган йиллари, шажараси дарий тилида ёзиб қўйилган.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 3-сон

———————————

[1] Ўша даврда мустамлака Ҳиндистоннинг вице-қироли Англия қиролининг муовини — вице-қирол саналган.