Форт Ромпердаги кўк рангга бўялган меҳмонхона биноси атрофидаги шу рангдаги бошқа ҳамма нарсадан алоҳида яққол кўзга ташланиб турарди.
Темир йўл станциясида қолган ҳар қандай йўловчи Форт Ромпердаги пастак уйларга киришдан кўра, меҳмонхонага келишни афзал кўрарди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, биронта сайёҳ меҳмонхонага кирмай ўтмасди. Меҳмонхона хўжайини Пет Скалли рангтасвир устаси эканлигини кўп марта исботлаган. Хушҳаво кунларнинг бирида поезд Форт Ромпер шаҳридан ўтиб кетар экан, йўловчилар гўзал манзарани кўриб, оғизлари очилиб қолди.
Шаҳарнинг шарқий қисмида яшовчи аҳоли буни кўриб уялганидан мийиғида кулиб қўйган бўлса, ғарбдаги аҳолига эса Пет Скалли ажойиб томоша кўрсатди. Пет Скаллининг шахсан ўзи меҳмонхонага йўловчиларни чорларди. У ҳар куни эрталаб ва кечқурун Ромперда тўхтаб ўтадиган поездни кутиб олгани чиқарди.
Унга шубҳа кўзи билан қараган ҳар қандай кишига дарҳол салом берарди.
У қор ёға бошлагандагина ёлғиз қоларди. Шаҳарчадаги уйлар оппоқ либосга буркангани боис меҳмонхона ҳадеганда кўзга ташланмайди.
Кунларнинг бирида совуқдан мотори музлаб қолган машиналар станцияда турнақатор бўлиб турганда Скалли “Уч киши” деб номланган ажойиб томоша кўрсатди. Бу уч кишининг бири швециялик – вайсақи, бир кўзи сал ғилайроқ, катта, арзон ялтироқ сумка кўтариб олганди; яна бири новча, ўз ишини Дакота чегараларида бажарадиган, қуёшда қорайган ковбой эди. Учинчиси эса, шарқий қирғоқ тарафдан бўлиб, ташқи кўринишдан у ерликка сира ҳам ўхшамайдиган ювош одам эди. Скалли уларни ўзларини худди маҳбуслардек тутишга мажбур қилди. У жуда қувноқ ва меҳрибон эди.
Улар қамоқхонада жабр-зулм авж олавергач, қочишга ҳаракат қилишди.
Шундай қилиб, бу митти одамни қизиқиш билан кузатишди.
У бошига жун матодан тикилган қалпоғини кийди. Бош кийими унинг бошқаларникига ўхшамайдиган қизил қулоқларини яшириб турарди. Ниҳоят Скалли уларни кўк рангли меҳмонхона эшиги олдига олиб келди. Улар кирган хона ихчамгина эди. Хонанинг қарийб ярмини гувиллаб ёнаётган каттакон печка эгаллаганди. Унинг атрофи олов тафтидан ярқираб, ўзидан нур таратаётгандек эди гўё. Печка ёнида Скаллининг ўғли Жонни бир фермер билан қарта ўйнарди. Улар қўққисдан жанжаллашиб қолишди. Скалли баланд овоз билан уларнинг ўйинини тўхтатди. Ўзи эса меҳмонларга уч қадаҳда муз солинган сув берди. Ковбой ва шарқлик идишлардаги сув билан юзларини қизариб кетгунча ишқалашди. Швециялик эса сувга бармоғини тегизиб қўйди, холос.
Шундан сўнг улар биринчи хонага қайтишди. Печка ёнида ўтиришар экан, бехосдан Скаллининг ошхонада овқат пишираётган қизига бақирганини эшитиб қолишди. Улар ўзаро суҳбатлашиб ўтиришаверди, швециялик эса гапга аралашмай, чурқ этмай ўтирарди. У хонадаги ҳар бир одамни ўзича танқид қилиш билан овора эди. Уни кўрган ҳар қандай киши қўрқув ва аҳмоқона туйғулар исканжасида қолганини сезиши қийин эмасди. У жуда тушкун кайфиятда қолганга ўхшарди.
Меҳмон ҳеч ким билан гаплашмади, фақат тушлик маҳали Скалли билан бироз суҳбатлашди. Бу суҳбат давомида у Скаллига ўзининг Нью-Йоркдан келгани, ўн йилдан буён чамадон ясаб, тирикчилик қилиб юрганини айтди. Бу маълумотлар Скалли учун жуда қизиқарли эди, гап орасида у ҳам ўн тўрт йилдан бери Ромперда яшаётганини таъкидлади. У Скаллидан бу йилги ҳосил қандай бўлгани, қанча даромад олганини сўради, унинг узундан-узоқ жавобини тоқатсизлик билан эшитаркан, даврадагилар орасида ўзини ортиқчадек ҳис қилди.
Швециялик “ғарбий шаҳарча жуда хавфли жой” деб қўйди. Стол остидан оёқларини йиғиб, тўғрилаб оларкан, баланд овозда кулиб юборди. Бошқалар ҳеч нарсага тушунмай, унга тикилиб қолди.
Тушликдан сўнг улар қарта ўйнашга қарор қилишди. Ковбой Жонни билан ўйнамоқчи эканини айтди. Швециялик ва шарқлик бир жамоа бўлиб ўйнайдиган бўлди. У ўзи билмаган ўйин ҳақида бироз тушунчага эга бўлгач, бу ўйинга бошқача ном беришни таклиф қилди. Улар рози бўлишди. Бироқ швециялик рақибининг олдига худди уни калтакламоқчи бўлгандек бир важоҳатда келди. Жойлашиб олгач, кутилмаганда телбаларча қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бу кулги жуда ғалати эди.
Шарқлик унга таажжуб билан қаради. Ковбой оғзини очиб турарди.
– Хўш, келинглар, ўйинни бошлайлик, – дея таклиф киритди Жонни.
Улар стулларини столга яқинроқ силжитиб ўтирдилар. Ўйин бошланди. Ўйинга берилиб кетгач, швецияликнинг қилиқлари зумда эсларидан чиқиб кетди.
Тўсатдан швециялик Жоннига сўз қотди:
– Менимча, бу ерда жуда кўп бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилган.
Ҳамма оғзини очиб унга қаради.
– Нималар деяпсиз? – баланд овозда деди Жонни.
Швециялик сохта жасурлик билан яна қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади.
– О, ўйлашимча, нима демоқчилигимни жуда яхши тушундингиз, – жавоб берди у.
– Йўқ, ҳеч нарса тушунмадим, – эътироз билдирди Жонни. Ўйин тўхтаб қолганди. Ҳамма швецияликнинг оғзини пойларди.
Жоннига швецияликнинг уни тергов қилаётгани ёқмади.
– Хўш, нима демоқчисан? – деди у “сен”сираб.
Швецияликнинг қўллари титрарди.
– Сен мени ҳеч қаерни кўрмаган бир овсар деб ўйлаяпсан, шекилли?
– Сиз ҳақингизда ҳеч нарса билмайман, – ўз навбатида жавоб берди Жонни.
– Қаерда бўлганингиз билан менинг нима ишим бор? Умуман, нима демоқчилигигизга заррача тушунган бўлсам, ўлай агар.
Боядан бери швецияликка тикилиб турган ковбой:
– Нима бўлди, ошна? Аҳволинг яхшими ўзи? – деб сўради.
Бу саволдан швециялик қўрқиб кетди. Қалтираб, ранги ҳам оқара бошлади. У шарқлик кишига маънодор қараб қўйди.
– Қаранг, нима деяётганимни тушунмабди, – деди у шарқликка киноя билан. Рўпарасидаги одам бирпас ўйланиб турди-да, сўнг мулойимлик билан жавоб қилди:
– Нима демоқчилигингизни тушунмадим.
Швециялик жойида қўзғалиб қўйди. У нажот кутган кишисидан дакки еганди.
– Назаримда, ҳаммангиз менга қаршисиз, шундайми?
Ковбойнинг сабр косаси тўлди.
– Дардингни айт! – дея бақирди у қарталарни жаҳл билан отиб юбораркан. – Нима демоқчисан ўзи?
Швециялик ўзига ишониб, мағрур ўрнидан турди.
– Менинг уришишга тобим йўқ!– бақирди у.
Ковбой узун оёқларини олдинга узатди.
– Хўп, ким сени “уришмоқчи” деб ўйлабди? – сўради Ковбой қўлларини чўнтагига солиб.
Швециялик хонанинг бир бурчагида турганча, ўзини босишга ҳаракат қиларди, бироқ унинг қўллари ҳамон титрарди.
– Жаноблар, – деди у шивирлаб, – бу уйдан менинг ўлигим чиқади. Мен …
Шу вақт эшик очилиб, Скалли кириб келди. У швецияликнинг кўзларидаги қўрқувни кўриб, ҳайратланди.
– Тинчликми? – сўради у.
Швециялик жаҳл билан шартта жавоб берди:
–Улар мени ўлдиришмоқчи.
–Ўлдиришмоқчи?! – қичқириб юборди Скалли. – Нималар деяпсан?
Швециялик ёрдам сўраб, қўлларини кўтарди.
Скалли ўғлига юзланиб, деди:
–Бу нимаси, Жонни?
Йигитнинг жаҳли чиқа бошлади.
–Мен қаёқдан билай? Бунинг менга алоқаси йўқ.
Шундай дея қарталарни йиғиб, чийлай бошлади.
– У бу ерда бегуноҳ одамлар ўлдирилган, мени ҳам ўлдиришади деганга ўхшаш бемаъни гапларни гапирди, – деб тушунтирди Жонни. – Менимча, у ақлдан озган.
Шундан сўнг Скалли изоҳ талаб қилиб, Ковбойга юзланди, бироқ у бошини қимирлатиб қўйди, холос.
– Сенинг эсинг жойида эмас .
– Ҳа, буни биламан, – портлади швециялик. — Мен нима рўй беришини биламан. Ҳа, ақлдан оздим. Ҳа, мен жинниман, бироқ…
Унинг юзида изтироб ва даҳшат зоҳир эди.
– Мен бу ерда нималар бўлишини тириклигимда кўрмоқчиман, – дея гапида давом этди у.
Скалли шаҳд билан бурилиб, ўғлига деди:
–Сен бу одамни қийнаб қўйибсан.
–Нега энди? О, худойим, мен унга ҳеч нарса қилганим йўқ, – деди Жонни. У ўзини айбдор ҳисоблашларидан ниҳоятда чўчирди.
Швециялик секин ҳужумга ўтди:
–Жаноблар, ўзингизни қийнаманг. Мен узоқ-узоқларга кетаман, – у ўтирганларга айбдорларча термулди. – Чунки мен ўлишни истамайман.
– Сиз ҳеч қаерга кетмайсиз, – деди Скалли. – То мен бу ишнинг тагига етмагунимча шу ерда қоласиз. Борди-ю, бирортаси сизни ташвишга солган бўлса, мен шахсан ўзим у билан шуғулланаман. Бу менинг уйим. Сиз менинг бошпанамдасиз ва мен сиздай беозор одамни хафа қилишларини истамайман.
Шундай деб Скалли ўғли, ковбой ва шарқлик кишига ўқрайиб қўйди.
– Йўқ, мистер Скалли, йўқ, мен кетаман. Ўлишни асло истамайман!
Швециялик зина томон юра бошлади. У сумкасини олмоқчи эди.
–Йўқ, йўқ, – деди Скалли буйруқ оҳангида. Бироқ швециялик унинг сўзларига қулоқ солмай хонани тарк этди.
– Хўш, энди кўнгилларинг жойига тушдими? – сўради у ғазаб билан.
Жонни ва Ковбой бараварига бақиришди:
– Биз унга ҳеч нима қилмадик!
Скаллининг кўзлари совуқ чақнади.
– Йўқ, – деди у, – биламан, сизлар ҳеч нима қилмагансизлар.
Унинг гапириш оҳангидаги киноя ҳаммадан ҳам Жоннига оғир ботди.
– Бунақа ваҳший жиннини энди кўришим. Биз бутунлай бегуноҳмиз. Шу ерда жимгина қарта ўйнаб ўтиргандик. У…
– Болалар нима қилишаётганди? – дея ўғлининг сўзини бўлиб, шарқликдан сўради Скалли.
Шарқлик яна ўйга толди.
– Бу ерда ҳеч бир англашмовчилик кўрмаяпман ,– деди у охири.
Скалли жазавага туша бошлади.
– Бироқ буни мен қандай тушунай? — У ўғлига еб қўйгудек тикилди. — Бунинг учун сени жазолашим керак, ўғлим, – деди у.
Жонни ўзини тутиб туролмади.
– Хўш? Нима қилишим керак? – дея қичқирди у отасига.
– Менимча, сизлар соқовсизлар, – деди у хонадагиларга охири ўзига келгач, секин ташқарига чиқди.
Юқорида швециялик сумкаларига нарсаларини жойлаштираётганди. У эшик томонга хаёл ўгирилиб турганидан пастдаги шовқинни бемалол эшитаётганди.
Скалли қўлида чироқ кўтариб унинг олдига келди. Бир лаҳза улар бир-бирларига тикилиб қолишди.
Шундан сўнг Скалли хонага кирди-да, чироқни стол устига қўйиб, каравот четига оҳиста ўтирди-да, секин гапира бошлади:
– Умрим бино бўлиб бунақа гап эшитмагандим. Бу жуда ғалати, ўйлаб, ўйимга етолмайман. Бу фикр миянгизга қаердан келди?
– Ростдан ҳам улар сизни ўлдиришмоқчимиди? – сўради у швецияликнинг кўзларига тик боқиб.
Швециялик Скаллига гўё унинг миясидаги фикрларни уқиб олишга ҳаракат қилгандек қаради.
– Шунақа деб ўйлайман, – деди у ва қўллари қалтирай бошлади.
– Скалли, – деди у тўсатдан кутилмаган жасурлик билан, – сиздан қанча қарздор бўлдим?
Шундай деб у сумкасини титкилай бошлади.
– Сиз мендан қарздор эмассиз! – деди қария жаҳл билан.
– Йўқ, қарздорман, – деди швециялик ўжарлик билан ва сумкасидан бироз пул олиб, Скаллига узатди. Аммо Скалли унинг қўлини итариб ташлади.
– Мен сиздан пул олмайман, – деди Скалли. – Бу ерда нималар содир бўлди? Бир эслаб кўринг-чи.
Шундай деб у хаёлан режа туза бошлади.
– Бу ёққа, – деди у чироқни оларкан эшик томон юриб, – бир дақиқага бу ёққа келинг.
– Йўқ, – деди швециялик ваҳима ичида.
– Келинг, дейман сизга, — такрорлади Скалли. – Мен сизга меҳмон-хонани кўрсатмоқчиман.
Швециялик шу тобда ўлим шарпаси юзига соя солаётганини тушунди.
Унинг оғзи очилиб, таажжубдан анграйиб қолди.
Скаллининг ортидан эргашаркан, шифтга илинган занжир олдида тўхтади.
– Ҳозир, — деди у ва полга шартта узала тушиб, каравотининг остига кириб кетди. Швециялик Скаллининг овозини зўрға эшитарди:
– Агар Жонни бўлмаганида мен уни ёстиғим остига қўярдим. Қаерда қолди экан? Ҳар доим ҳар хил жойга яшириб қўяман. Мана, ҳозир, чиқаяпман.
У ўзининг эски пальтосини судраганча каравот тагидан чиқди.
– Мен уни топдим, – деди у пичирлаб.
Сўнг полга чўккалаб ўтирди-да, пальтони секин очиб, ундан виски солинган сарғиш – жигарранг шишани олди ва ҳурмат юзасидан илтифот кўрсатиб, уни меҳмонга узатди.
Иродасиз меҳмон шишани олишни хоҳласа ҳам, қўлини бирдан орқага тортди ва Скаллига қўрқинч тўла кўзлари билан боқди.
– Ич, – деди қария дўстона оҳангда. У оёқларини чалиштириб швецияликка тикилиб турарди.
Бир зум жимлик чўкди. Сўнг Скалли яна “ич” деб мажбурлай бошлади.
Швециялик ғайритабиий овозда кулиб юборди. У шишани олиб, оғзига яқинлаштирди. Қариядан кўз узмай аҳмоқона табассум қотиб қолган лабларини ҳўллади-да, шишани яна эгасига қайтарди.
Скалли чиқиб кетганидан кейин учовлон ҳамон стол атрофида ўтирганча, баҳсга киришиб кетди.
– Бу мен билган эркакларнинг ичида энг ёмони, – деди Жонни.
– Бир нарса дейишга ҳам ҳайронман, – деди шарқлик.
– Унинг ўзини шундай тутишига нима мажбур қилди, деб ўйлайсиз? – сўради ковбой.
– У қўрқиб кетган, шунинг учун ўзини идора қилолмай қолди.
– Нима бўпти? – деди Жонни ва Ковбой бараварига.
– Билмадим, менимча, у ғарбнинг бемаъни романларини кўп ўқиганга ўхшайди.
– Тўғри-ку-я, – деди Ковбой, – аммо бу ер бегона жой эмас, Небраска.
– Тўғри, – дея қўшиб қўйди Жонни, – нега бўлмаса ғарбдан бутунлай халос бўлгунча кўнглини узмади.
Шарқлик сайёҳ кулиб юборди.
— Шу пайтгача ишлари ҳам, аҳволи ҳам яхши эди, бироқ у ўзини жаҳаннамда юргандек ҳис қиляпти.
— Қизиқ, – деди Жонни.
— Ҳа, – унинг фикрини маъқуллади ковбой. Пастда эса Скаллининг латифасини эшитиб, кимдир мароқ билан куларди. Кулаётган швециялик эди. Печка атрофидагилар ҳайрат билан бир-бирларига тикилишди. Эшик ғижирлаб очилди-да, Скалли ва швециялик остонада пайдо бўлди. Энди печка яқинидаги стол атрофида бешта стул бор эди. Швециялик ғазаб билан баланд овозда гапира бошлади. Жонни, шарқлик, Ковбой, Скаллининг ўзи аралашмасдан жим туришарди. Швециялик сувсаганини айтди.
У столни суриб, энди ўрнидан қўзғалган ҳам эдики, Скалли дарҳол:
– Мен ўзим олиб келаман, – деди.
– Йўқ, – дея эътироз билдирди швециялик дағаллик билан. – Мен ўзим олиб келиб бераман.
Шундай дея у ўзини меҳмонхона хўжайинидек тутиб кета бошлади. Швециялик чиқиб кетиши биланоқ, қария ўтирганларга: “У ўзича шубҳаланиб, “мени Скалли заҳарламоқчи бўлди” деб ўйлаяпти”, деди.
– У мени ақлдан оздиради, – деди Жонни. – Нега сиз уни ташқарига улоқтириб ташламайсиз?
– Ҳаммаси жойида, – деди Скалли. – У ғарбий соҳилдан, бу ерни расво бир макон деб ўйлаяпти чоғи.
Ковбой шарқликка қараб, кулиб қўйди-да, “сиз ҳақсиз” деди ва қўшимча қилди:
– Ҳозир ўзини яхши ҳис қилаяпти, бироқ бошида у қўрқаётганди. Энди эса унда жасорат пайдо бўлибди. Буни тушунолмаяпман.
– Сенингча, мен нимани сир тутаяпман? – дея Скалли тиззасига шапатилаб уриб қўяркан, – бу ҳаракати билан у “ҳаммангиз гапимга қулоқ солинг”, демоқчи эди.
– Мен меҳмонхонани сақлаб қолдим! – бақириб гапирди у. – Меҳмонхонани! Эшитяпсизларми? Менинг меҳмонларим махсус имтиёзларга эга. Швецияликнинг бу ерни тарк этишига ҳеч бир сабаб йўқ. Бошқа ерда уни меҳмон сифатида қабул қилишмайди. Гапим тўғрими?
Шундай деб Ковбой шарқликка юзланди.
– Ҳа, тўғри, — унинг фикрига қўшилди шарқлик. Ўша куни кечки овқат маҳали швециялик ичкилик таъсиридан оташ бўлиб ёнди. У буни гоҳ куйлаб, гоҳ эса кулиб намоён этарди. Қизиғи шундаки, унинг барча тентакнамо қилиқларини Скалли маъқуллаб турди. Шарқлик хотиржам эди. Ковбой ҳайратдан оғзини очиб, овқатланишни ҳам унутган, Жонни эса ғазаб билан ликопчадаги овқатни еб бўлаётганди.
Швециялик бутун кечани бошқараркан, унга шафқатсиз тус беришга ҳаракат қиларди. У жуда кучайиб кетгандек эди, гўё ўтирганларга ўткир нигоҳини қадаб, овозининг борича бақириб гапирарди. Кечки овқатдан сўнг бошқалар сингари қўшни хонага ўта туриб, Скаллининг елкасига қўли билан қоқиб:
– Раҳмат, қария, овқат жуда ширин экан, – дея Жонни отасига хавотирлик билан тикилди. Унинг елкасидаги оғир жароҳат азоб бераётганини яхши биларди. Швецияликнинг бу қилиғидан унинг жаҳли чиқа бошлади.
Бошқалар эса унинг янги нағмаларига жавобгарликни Скалли ўз бўйнига олганини тушуниб етганди.
Печка яқинида йиғилиб ўтиришганда у бошқа қарта ўйинларини ўйнаш кераклигини талаб қилди. Унинг овозида доимгидек қўрқинч, таҳдид бор эди. Ковбой ва шарқлик бунга рози бўлдилар, энди уларга қартанинг қизиғи қолмаганди. Скалли эса ҳадемай кечки поездни кутиб олишиини айтди. Шу тобда Жонни ва швециялик ёлғиз қолишди. Бир зумга уларнинг нигоҳи ўткир қиличдек кесишди, сўнг Жонни мийиғида кулиб қўя қолди.
Улар стол атрофида давра ҳосил қилишди. Шарқлик ва швециялик бу сафар ҳам битта жамоада ўйнадилар.
Бутун ўйин давомида Ковбойнинг чурқ этмай, ўзини бу қадар сипо тутиши ўтирганларнинг диққатини тортарди.
Скалли қайтиб келгач эса унинг муздек ҳаво оқимини олиб кириши даврадаги самимийликни тарқатиб юборди. Швециялик яна сўкина бошлади, бироқ бу сафар ҳаммалари ўйинга киришиб кетгани учун унга эътибор бермадилар. Уларнинг бошлари эгилган, қўллари эса чаққон ҳаракат қиларди.
Скалли зерикмаслиги учун газета олиб келганди ва уни варақлаганда шитирлаган овоз эшитиларди. Сўнг шу пайт норози оҳангдаги сўзлар эшитилди: “Сиз ғирром ўйнаяпсиз!”.
Кичкина хона яна ваҳима қаърига ғарқ бўлди. Бу сўзларни эшитиб, Скаллининг қўлидаги газета тушиб кетди. Унинг кўзойнаги бурнининг устида турар, ўйин иштирокчиларига ўткир нигоҳини бирма-бир ташлаб турарди. Бу жимлик узоқ чўзилмади.
Жонни ўзини швецияликнинг устига отди. Ур-йиқит бошланди. Шарқлик ва Скалли эса Жоннини тўхтатмоқчи бўлдилар. Ҳамма олишарди. Бироқ дим ҳавони ютиб, олишувдан чарчаган рақиблар кўзлари билан имо қилиб, бир-бирларини огоҳлантиришди.
– Ҳозироқ тўхтатинглар!
Скаллининг овози барчаникидан баландроқ эшитилди.
Хонада тинмай шарқлик ва Скаллидан қочаётган Жонни эса “у мени фирибгар деяпти, қаллобликда айблаяпти” деб бақирарди. – Агарда у мени айбласа, мен уни…
– Ҳозироқ бас қил, эшитаяпсанми?! – деди Ковбой швецияликка.
Бақир-чақирлар швецияликни тўхтата олмади.
– У ғирром ўйнади. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим, ҳа, кўрдим, – деди у.
– Бир дақиқа тўхтанглар, илтимос, кутиб тура оласизларми?–дея паст овозда ялинарди шарқлик. – Қартани деб уришишнинг нима кераги бор?
Бу шовқин-суронли жанжалда “ғирромлик”, “тўхтатинглар,” “у мени шунақа деди” каби сўзлар зўрға қулоққа чалинарди. Овозининг борича бақираётган Скалли умуман ҳеч кимни эшитмасди.
Тўсатдан ҳамма жим бўлиб қолди. Улар нафас ростлаб олиш учун тўхтаган эдилар.
Жонни дарҳол олдинга чиқди. “Нега сиз мени ғирромликда айблаяпсиз? Нега, а, нега? Мен ҳеч кимни алдаганим йўқ ва ҳеч ким мени қаллоб деб аташига йўл қўймайман.”
– Мен сени ўз кўзим билан кўрдим, ўз кўзим билан! – дея бояги сўзларини такрорлади швециялик.
– Яхши, – қичқирди Жонни, – ким мени фирибгар деса, ўша билан уришаман.
– Йўқ, сен бундай қилолмайсан, яъни бу ерда уриша олмайсан, – деди Ковбой.
– Биз уришишимиз керак! – гапида туриб олди Жонни.
– Ҳа, уришамиз, – қичқирди швециялик.
У худди ақлдан озган шайтонга ўхшарди.
– Мен сенга кимлигимни кўрсатиб қўяман. Уришамиз, тамом-вассалом. Ким билан уришмоқчи бўлганингни билмаяпсан, шекилли. Мени уриша олмайди деб ўйлаётгандирсан-а? Йўқ. Мен сенга кўрсатиб қўяман, жиноятчи! – деди у Жоннига.
– Бўпти, ошна, бошладик бўлмаса, — деди Жонни совуққонлик билан. Ковбой чора излаб Скаллига юзланди: энди нима қиламиз?
Қариянинг хаёлига ажойиб бир фикр келгандек, кўзлари қувончдан чақнаб кетди.
– Биз уларнинг урушишига рухсат берамиз, — деди у жасурлик билан. — Мен буни узоқ кутолмайман. Бу швецияликнинг қарғишидан бўларимча бўлдим. Сабрнинг ҳам чегараси бор, яхшиси, уриша қолишсин. Йигитлар ташқарига чиқишга тайёрлана бошладилар.
Шарқлик азбаройи асабийлашганидан янги чарм пальтосини қийналиб кийди. Ковбой кепкасини қулоғигача бостириб кияркан, қўллари қалтирарди.
Жонни ва қария Скаллигина ўта хотиржам эдилар.
Скалли эшикни очди. Дайди шамол ўчакишгандек ўша заҳоти чироқни ўчириб қўйди. Улар бошларини эгиб, шамолга қарши юра бошладилар.
Қор тинган бўлса-да, совуқ шамол уларни чимчилаб олаётгандек эди.
Швециялик йўлда нималардир деб бақирарди. Скалли унинг ёнига борди-да, қўлини унинг елкасига қўйиб, бир нима деб пичирлади.
– Нималар деяпсиз? – бақирди швециялик. — Мен бу оломонга қарши чиқолмайман.
— Ҳаммасини билиб турибман, сиз ҳамма айбни менга ағдарасиз.
– Йўқ, йўқ – деди Скалли, бироқ шамол унинг сўзларини оғзидан юлиб, узоқларга олиб кетди.
Швециялик болохонадор қилиб сўкинди, бироқ бўрон қолган гапларни эшитишга имкон бермади. Улар панароқ жой топишди. Бу ер V шаклида бўлиб, қор беиз эди.
Улар энди қўналға топганларида швециялик ҳали ҳам бақираётган эди.
– Ҳа, мен бу ер қанақа жойлигини жуда яхши биламан. Кундай равшан, сизлар мени ўртага олмоқчисизлар, ҳаммангизга кучим етмайди.
Скалли унга ғазаб билан ўқрайди.
– Сен ҳаммамиз билан эмас, фақатгина Жонни билан уришасан.
Икки рақиб Скаллининг қисқа буйруғини кутиб, бир-бирига қараб турарди. Жангчиларнинг ҳеч бири кийимини ечмади. Уларнинг кўзлари мулойим боқса-да, туб-тубида шафқатсиз бир туйғу яширинганини пайқаш қийин эмасди.
— Хўш, бошладик! – деди Скалли.
У шундай дейиши биланоқ иккиси ҳам худди буқалардек бир-бирига ташланиб, ҳужумга ўтди.
Зарблардан чиқаётган гурс-гурс товушлар ва рақибларнинг ҳақоратни сўзлари атрофни тутиб кетди.
Кузатувчиларга келсак, шарқликнинг нафаси ичга тушиб кетганди, ташвишли ора-чора, кўксини тўлдириб нафас оларди-да, яна жим бўлиб қоларди.
Ковбой қичқириб, у ердан бу ерга сакрарди. Скалли ҳаракатсиз қотиб турар, бу урушга рухсат бериб, уни уюштирганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. Ваҳшийларнинг ҳаракатларини кўриб, қўрқиб кетди. Қоронғуликда бирпас ҳавода учаётган қўллардан бошқа ҳеч нарса кўринмасди.
Ковбой тинмай Жоннига ён босарди. У югуриб, худди ёввойи отдек яқинлашди-да, “ур уни, ур, Жонни! Ўлдир уни!” – дея бақира бошлади.
– Жим бўл! – деди Скалли жаҳли чиқиб. Шундан сўнг қисқа, аммо жуда қаттиқ урилган мушт зарбидан Жонни ўтлоққа гурсиллаб йиқилди.
Ковбой швецияликнинг ёнида қовоғини солиб турар, Скалли эса ўғлининг тепасида эди.
– Жонни, ўғлим, Жонни.
Унинг овози ғамга тўла эди.
– Жонни, муштлашувни давом эттира оласанми? – сўради у ўғлининг калтак зарбидан шилиниб, қонаб кетган юзига ачиниб қараркан. Бир муддат жавоб бўлмади. Шундан сўнг Жонни яна ўзининг одатдаги овозида “ҳа” дея жавоб қилди.
У отасининг кўмаги билан оёққа турди.
–Нафасимни ростлаб олай, – деди у.
Ковбой эса бир неча қадам наридаги швецияликка:
— Тўхта, бироз сабр қил, — деди.
Шарқлик эса Скаллининг қўлидан тортди.
– Балки етар-а? – ялинди у. – Ҳаммасини ўз ҳолича қолдирайлик.
– Билл, – деди Скалли, – уни кўзимдан йўқот!
– Ҳозир! – дея ковбой улар томон юра бошлади.
Рақиблар бир-бирларига яқинлаша бошладилар.
Жонни биринчи зарбаданоқ ўзини йўқотиб, мувозанати бузилиб, швецияликнинг устига қулади. Ковбой, шарқлик ва Скалли додлаб юборишди. Швециялик эса рақибини аямай ура бошлади. Оғир муштларнинг зарбидан Жонни узоқроққа бориб йиқилди. Жоннининг тепасидаги ғазабнок кишиларнинг кўзларидан қочиб, швециялик жуфтакни ростлаб қолди.
– Ҳали ҳам уриша оласанми, Жонни? – сўради Скалли чорасиз бир аҳволда.
Бир неча дақиқа ўтгач ўғли жавоб қилди:
–Йўқ, мен уриша олмайман.
Сўнг уят ва оғриқдан йиғлай бошлади. Унинг аччиқ кўз ёшлари қонли юзига тўкила бошлади.
Скалли қаддини ростлаб, ёнида турганларга гапира бошлади:
–Оғайнилар, – деди у мулойимлик билан, – ҳаммаси тугади.
Унинг овози кутилмаганда жуда ўзгариб кетганди.
– Жонни енгилди, – деди у худди ўлимни эълон қилаётгандек.
Улар Жоннини ердан турғазишди. У ёрдам бермоқчи бўлганларга эътибор ҳам бермай, қийналиб бўлса-да, ўзи юра бошлади. Қор кучайиб, бўронга айланган, кўз очишга қийналиб қолишганди.
Қор уларнинг юзларини қизартириб юборганди. Жоннини етаклаб бир хонага бошлаб келишди. Кўп ўтмай зинада қадам товушлари эшитилди. Швециялик эшикни очиб, тўппа-тўғри хонанинг ўртасига юриб кела бошлади. Ҳеч ким унга эътибор қаратмади.
– Тахминимча, сиз менга қарзимдан қандай қутилишим мумкин-лиги айтмоқчисиз, – деди у Скаллига. Қария иложи борича вазминлик билан жавоб беришга ҳаракат қилди:
– Сен мендан ҳеч нарса қарздор эмассан.
– Йўқ, қарзим бор, қанчалигини айтсангиз бўлди, – деди у қайсарлик билан.
– Мендан ҳеч қанақа қарзинг йўқ, — деди Скалли ўша алпозда.
– Менимча, сиз ҳақсиз, яна бир ҳақиқат шундан иборатки, сиз мендан қарздорсиз.
У Ковбойга тақлид қилиб:
– Ўлдир уни, ўлдир! – деди у. Сўнг телбаларча кулиб юборди. Унинг кулгиси совуқ жарангларди. Уларнинг учаласи гапиришни ҳам, гапирмасликни ҳам билмасди.
Швециялик эшикни очиб, қор бўронига юз бураркан, ўтирганларга сўнгги бор тикилди. У Жоннининг зарбаларидан анча тетиклашганди.
Юзига урилаётган қор парчалари ва шамолдан ажиб бир роҳат ҳис этди. У то пивохонага етиб келгунча шаҳарча кўчаларини роса айланди.
Швециялик эшикни очиб, ичкарига кирди. Хонанинг охирида тўрт киши ўтирганди. Швециялик сумкасини полга қўяр экан, барменга жилмайиб салом берди.
– Илтимос, менга виски беринг, – деди у. Бармен унинг олдига бир шиша виски, стакан ва муз олиб келиб қўйди. Швециялик вискини ўзининг устидан қуйиб юборди ва қолганини охиригача сипқорди.
Бармен ўзини бепарво тутишига қанчалик ҳаракат қилмасин, швецияликнинг юзидаги қонга ҳайратланиб тикилди-да, “хайрсиз кеча” деди. Вискини кўп ичиб юборгани учун швецияликнинг кўзлари ичига тортиб, қийналиб нафас ола бошлади.
– Бошқасидан ичишим керакка ўхшайди, – деди швециялик кўзлари сузилиб. – Ичасизми? – сўради у бармендан.
– Йўқ, раҳмат. Мен ичмайман. Юзингизга нима қилди? – қизиқди у.
Швециялик дарҳол баланд овозда гапиришга тутинди:
– Муштлашдим. Мен Скаллининг меҳмонхонасидаги йигитни дўппослаб, тупроққа қориб ташладим.
Бу гап стол атрофидаги тўрт кишининг диққатини тортди.
– Менимча, у бир ҳафтага бормайди.
Улар йигитни уйигача кўтариб олиб боришди.
Кўз очиб-юмгунча улар швецияликни ўраб олишди.
– Ичасизми? – сўради Скалли.
— Йўқ, раҳмат, – рад этди улардан бири.
Бу жуда ғалати гуруҳ эди. Уларнинг иккитаси маҳаллий тижоратчилардан, биттаси ҳуқуқшунос, биттаси эса қиморвоз эди.
Бу гуруҳга яхшилаб назар солган одам айнан шу қиморбозгина ўйинга тортишини англарди.
Қиморбознинг бизнеси қўрқув ва таваккалчиликка асосланган эди. У ўзининг ғайритабиий маҳоратини кўрсатиб, ҳаммани ўзига тортарди.
Бу одам нодон саёҳатчилару, мўл ҳосил олган фермерларга осонгина фириб берар ва уларнинг бор-будини шилиб оларди.
Унинг мўъжазгина ҳовлиси, пазанда хотини ва бир-биридан ширин икки фарзанди бор эди.
Хуллас, Форт Ромперда ҳамма уни танирди. У бошқа ҳар қандай ишдан кўра қарта ўйинини афзал кўрарди.
У бугун кечаси ҳар галгидек дўстлари билан учрашганди.
Швециялик виски ичишда давом этар ва барменни ҳам ўзи билан отамлашишга ундарди.
– Кел, ич, ичақол, “йўқ” дема энди, озгина ич. Мен биттасини боплаб урдим, уни жангда енгдим. Жаноблар, ичасизларми? – сўради у.
– Жим, – деди бармен бармоғини лабига солиб.
Стол атрофидагилар ҳарчанд қизиқишмасин, ўзларини суҳбат билан оворадек қилиб кўрсатишарди. Улардан бири “раҳмат, ичмаймиз” деди швецияликка қарата.
Шу гапдан сўнг у ўрнидан турди.
– Яхши, – баланд овозда деди у, – мен бирга ичиш учун ўзимга шерик топа олмаяпман. Ҳозир улардан бирортаси мен билан ичишини хоҳлайман, ҳозир! Тушуняпсизми?
У иккала қўли билан стулга муштлади.
Йиллар бўйи тажрибаларда тобланган бармен секин деди:
– Мен сизни тушундим.
– Тушунган бўлсанг, эшит унда. Анови одамларни кўряпсанми? Улар мен билан ичишмоқчи, буни ёдингда тут. Ҳозир кўрасан.
– Бас қилинг! – деди бармен.
– Нега энди? – деди швециялик ва улар ўтирган стол томон юрди. Бориб, қиморбознинг елкасига қўлини қўйди.
– Мен билан бирга ичишингизни хоҳлайман.
– Ошна, мен сени танимайман, – дея жавоб қилди у ортига ўгирилиб қарамасдан.
– Бунинг аҳамияти йўқ. Кел, менга шерик бўл.
–Йўқ, – деди қиморбоз, – елкамдан қўлингни ол-да, йўлингдан қолма.
У кичкина, паст бўйли, озғин одам эди. Унинг бу оҳангда гапириши швецияликка ёқмади. Қолганлар жим ўтиришарди.
– Нима, сен мен билан бирга ичишни хоҳламаяпсанми, аҳмоқ, пакана!
У шартта қиморбознинг бўйнидан чангаллади.
– Сен мен билан бирга ичасан! Мен сени мажбур қиламан, – деди швециялик ва қиморбоз ўтирган стулни суриб юборди.
Саросимада қолган бармен улар томон югурди. “Ур-сур” бошланиб кетди. Даҳшат! Айни пайтда қиморбознинг қўлида ялтираган катта пичоқ шунчалар ўткир эдики, у одам танасини осонгина қоқ иккига бўлиб ташлай оларди. Швециялик кутилмаганда танасига санчилган совуқ қуролнинг тиғидан жон аччиғида қичқириб, ерга қулади.
Бармен, ҳуқуқшунос ва савдогар оғзини очиб, бир нуқтага қараб қолган швецияликнинг очиқ қолган кўзларига тикилдилар.
– Генри, – деди қиморбоз барменга, – сен полицияни қаердан топиш мумкинлигини айтасан.
Бир неча ойдан сўнг Ковбой печда гўшт пишираётганди. У Дакота чегаралари яқинидаги бир парча ерда чорвачилик билан шуғулланарди.
Ташқарида от туёқларининг овози эшитилди. Шарқлик қўлида хат ва газета кўтариб кириб келди.
– Швецияликни ўлдирган маҳбус уч йил озодликдан маҳрум этилибди! – деди у кира солиб. – Мана, сўнгги янгиликни қара! Унчалик кўп муддат беришмабди. Шундай эмасми?
– Уч йил, – дея Ковбой гўштни товага соларкан. – Рост, уч йил оз муддат.
– Форт Ромперда унинг хайрихоҳлари жуда кўп.
– Борди-ю, бармен яхши одам бўлганида эди, – деди Ковбой ўйланиб, – швецияликнинг бошига шиша билан бир уриб, қотилликнинг олдини олган бўларди.
Ҳа, ҳар нарса бўлиши мумкин эди. Ковбой товадаги гўштни олов устида айлантирганча, ўз фалсафасини давом эттирди. Агар у Жоннини қаллобликда айбламаганда эди, ҳозир тирик юрган бўлармиди. У жуда аҳмоқ одам эди. Бунга ҳеч бир шубҳам йўқ.
– Мен қиморбозга ачинаман, – деди шарқлик ўйчан.
– Мен ҳам у швецияликни ўлдиргани учун қамоқхонада ўтириши шарт эмасди, деб ўйлайман.
– Ҳамма гап ҳалолликдами? У Жоннини фирибгарликда айблади. У кучли тушкун ҳолатда эди.
Бу гаплар ковбойнинг ғашига тега бошлади.
— Швецияликнинг ўлимида бизнинг ҳам айбимиз бор, – деди шарқлик.
– Бизнинг қанақа айбимиз бўлиши мумкин? – таажжубланди Ковбой.
– Сен швецияликдан ҳам бадтар аҳмоқсан. Бир ҳақиқатни айтиб қўяй, Жонни ростдан ҳам ғирромлик қилди.
Ковбой индамади.
– Ахир ўйин шунчаки кўнгилхушлик эди, холос, – деди у охири.
– Қанақа кўнгилхушлик? Мен уни ғирром ўйнагани кўрдим. Эркакнинг ишини қилмадим. Швецияликни ёлғиз қолдирдим. Сен-чи, сен бўлсанг, ўша ерда айланиб жанжал бўлишини жуда хоҳладинг. Қария Скалли ҳам. Биз ҳаммамиз гуноҳкормиз. Биз вазиятни бошидан кузатдик. Бечора қиморбоз эса ҳаммамизнинг гуноҳимиз учун хун тўлаяпти. Швецияликнинг ўлимида сен, мен, Скалли, Жонни – ҳаммамиз айбдормиз. Ўз аҳмоқлиги ва омадсизлиги туфайли қиморбоз ҳаммаси учун жавоб беряпти.
Ковбой хафа, руҳан сиқилган эди.
– Мен айбдор эмасман, – деди у пичирлаб. Шарқлик индамай чиқиб кетди.
Инглизчадан Дилдора Отақулова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 10-сон.