1991 йилдан эътиборан икки ўлка – Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқий-сиёсий ижтимоий-иқтисодий, адабий-маданий ҳаётида тамомила янги бир давр бошланди. Озодлик ва истиқлол ҳар икки қондош ва қардош халқнинг кўп асрлар давомида буюк орзуси бўлиб келган эди. Оғир фожиаларга тўла ХХ асрнинг бошларида Қўқонда эълон қилинган Туркистон мухториятининг (1917–1918) ва Озарбайжон Демократик Жумҳуриятининг (1918–1920) умри жуда қисқа бўлди. Ҳар икки мухторият қизил империя қўшинлари тарафидан қурол кучи билан йўқ қилинди. Ўн минглаб бегуноҳ одамларнинг бошига етган бу қонли воқеалар қолдирган жароҳат ҳали юраклардан кетмай туриб Сталин қатағонлари бошланди. Бошқа халқлар каби озарбайжон ва ўзбек халқларининг ҳам етук, билимдон фарзандлари – ҳур фикрли, чинакам зиёли, фидойи ўғлонлари боши устидан шафқатсиз зулм тегирмони айланишга тушди. Бу қатли-омлар етмагандек, империя ҳукмдорлари уюштирган минг турли қабиҳ режалар туфайли ҳар икки ўлкада мустақиллик арафасида тўкилган ноҳақ ва гуноҳсиз қонлар адибларнинг виждонини азоблаб келди. Табиийки, ҳар икки мамлакатнинг шоир ва ёзувчилари мустақиллик эълон қилинишини буюк севинч ва илоҳий инъом неъмати сифатида қаршилаш билан кифояланиб қолмадилар. Истиқлол, бир тарафдан узоқ йиллар қаттиқ ёпиб қўйилган сандиқларнинг очилиши учун, яъни совет тузуми даврида тақиқлаб қўйилган мавзуларда эмин-эркин ижод қилиш учун шароит туғдирди. Ижодкорлар олис ва яқин ўтмишдаги воқеалар ҳақида янги-янги асарлар ёзиб, халқимиз босиб ўтган машаққатли, оғир йўлни тарих ҳақиқатига мос ҳолда тасвирлай бошладилар.
Мавзу жиҳатидан қараганимизда, мустақиллик йилларида озарбайжон тилидан ўзбекчага ёки ўзбек тилидан озарбайжончага таржима қилинган асарларда, улардан айримлари мустақилликдан олдин яратилганига қарамай, Истиқлол руҳи, эрк ва озодлик учун курашган ватанпарварлар образлари, ҳурликсевар қаҳрамонлар сиймосини яратишга интилиш ҳамиша мавжуд бўлганини кўрамиз. Бу жиҳатдан Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризо Улуғтурк, Муҳаммад Ораз, Фикрат Хўжа, Воқиф Самадўғли, Рамиз Равшан, Воқиф Баётли шеърларини, Юсуф Самад ўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати”, Акрам Айлислининг “Кура қирғоғидаги гулханлар”, Элчиннинг “Товуқнинг тирик қолиши”, Оғамали Содиқнинг “Бошсиз” номли роман ва қиссаларининг ўзбек тилига, ўз навбатида Абдулла Ориф, Эркин Воҳид, Шукур Холмирзаев, Шавкат Раҳмон, Тилак Жўра, Усмон Азим, Усмон Қўчқор, Тоҳир Қаҳҳор, шеърлари ҳамда бир қанча ҳикоялари озарбайжон тилига таржима қилинишини алоҳида тилга олмоқ лозим.
Мустақилликка эришилгандан кейинги йилларда Озарбайжон билан Ўзбекистон орасидаги ўзаро алоқа ва муносабатларни янги давр талабларига уйғун ҳолда қайтадан қуриш лозим бўлди. Зеро, маданият, адабиёт ва санъат азалдан дўстлик ва қардошлик, бирлик ва ҳамкорлик жарчиси сифатида ўз тинчликсевар салоҳиятига кўра ижтимоий ҳаётнинг алоҳида бир соҳаси бўлиб келган. Янги даврда ҳам унинг ўз байналмилал вазифаларини давом эттириши ва ривожлантириши учун катта ҳаётий-маънавий эҳтиёж бор. Қардошлик муносабатларини юксалтириш адабий-маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш, қардош мамлакатлар ва халқлар орасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашнинг ягона самарали йўли – ўзаро бориш-келишларни, адабий-маданий тадбирларни қайтадан тиклаб, давом эттиришда кўринади.
Бу жиҳатдан Озарбайжон ва Ўзбекистон Давлат бошлиқлари ва ваколатли ҳайъатларнинг ўзаро расмий сафарлари (1996, 1997, 2004) ҳамда турли учрашувлар пайтида дўстлик, иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга доир ҳужжатларга имзо қўйилгани истиқлол даврида озарбайжон-ўзбек адабий-маданий алоқалари жонланиши учун кучли омил бўлганини айтиб ўтиш лозим. Натижада Озарбайжонда фаолият бошлаган Ўзбекистон элчихонасининг Озарбайжон Маданият жамғармаси ва озарбайжон ўзбек Дўстлик жамияти билан биргаликда ўтказган бир қанча тадбирлари – Халил Ризо Улуғтуркнинг “Турон кенгликлари” китобининг тақдимоти маросими (2006), Алишер Навоийнинг “Мезон-ул-авзон” асарининг таржима қилиниши ва “Шарқ тароналари”га бағишлаб ташкил этилган кечани (2007) мамнуният билан тилга олиш мумкин. Ўз навбатида Ўзбекистондаги Озарбайжон элчихонаси Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат Техника университети билан биргаликда ташкил этган “Озарбайжон куни” байрами (2005), Байналмилал маданият маркази билан ҳамкорликда ўтказилган Наврўз сайили (2005) ҳақида алоҳида тўхталиш лозим.
Адабий-маданий алоқаларни кучайтириш тадбирлари ҳақида гап кетар экан, кейинги йиллар ичида Озарбайжон пойтахтида ўтказилган дунё озарбайжонларининг I ва II қурултойларини (2001,2006), озарбайжон ва туркий халқлар маданиятига доир ташкилотлар раҳбарларининг Боку форуми (2007), Туркий халқларнинг XI дўстлик, қардошлик, ҳамкорлик қурултойини (2007) эслатиб ўтиш ўринлидир. Бу анжуманларда иштирок этган Ўзбекистон вакиллари орасида Фридун Сафаров, Насриддин Муҳаммадиев, Умар Салмонов, Яшар Қосимов, Акиф Азалп каби таниқли адабиёт ва санъат, илм ва маданият ходимлари бор эди. Бу амалий тадбирлар мустақиллик даври озарбайжон-ўзбек адабий-маданий алоқалари мустаҳкамланишига ўзига яраша ҳисса бўлиб қўшилди. Булар ҳақида гап кетганда Ўзбекистон Республикаси Байналмилал марказининг раҳбари Насриддин Муҳаммадиев ва Ўзбекистонда яшаётган Ахисха (месхети) турклари миллий-маданий маркази раҳбари Умар Салмоновлар катта ишлар қилаётганини алоҳида қайд этиш керак.
Умар Салмонов миллатлараро бирлик ва ҳамкорлик нашри сифатида чоп этиладиган “Бирлик – Единство” газетасида (2003, № 1 (67) босилиб чиққан “Муқаддас юрт ўғлониман” номли мақоласида қардошлик туйғуларини ҳарорат билан баён қилади. Газетанинг ана шу сонидаги “Шеърият гулшани” саҳифасида шоир Акиф Азалпнинг “Сен тинчлик куйчиси – мангу достонсан” шеърий туркуми ҳам эълон этилди.
Мустақиллик даври озарбайжон-ўзбек адабий алоқалари борасидаги амалий ишлар ҳақида гап кетар экан, Озарбайжон Ёзувчилар бирлигининг ташаббуси билан “Дунё адабиёти” журнали, “525-газета”си ва Отатурк маркази иштирокида 2005 йил 4-5 августда Озарбайжон пойтахтида ўтказилган “Таржима масалалари ва глобаллашув” мавзусидаги Боку халқаро конференциясига алоҳида тўхталмоқ лозим.
“ЎГОРТ алоқалари” (Ўзбекистон, Гуржистон, Озарбайжон бадиий таржима масалалари)га бағишланган бу конференция фаолиятида Озарбайжон ёзувчилар бирлигининг раиси, халқ ёзувчиси ва миллат вакили Анор ҳамда мазкур уюшма ҳайъатининг аъзолари, Ёшлар, спорт ва туризм вазири Абдулфайз Қораев, Миллий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси, ёзувчи Ҳидоят Ўружовлар фаол иштирок этдилар.
Конференция иши Озарбайжон матбуот нашрларида кенг ёритилди. Бевосита бадиий адабиёт масалалари билан шуғулланувчи Озарбайжондаги “Дунё адабиёти” журнали ҳамда Ўзбекистондаги “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилган материалларни мамнуният билан тилга олиш керак. “Дунё адабиёти” журналида чоп этилган материаллар “ЎГОРТ – қардош ўзбек ва грузин адабиётларидан намуналар” рукни остида алоҳида бир китоб қилиб нашр этилди. Китобнинг биринчи қисмида қардош ўзбек, иккинчи қисмида қардош грузин адибларининг асарларидан намуналар озарбайжон ўқувчисига тақдим қилинди. Китоб охирида ҳар икки адабиётга мансуб муаллифлар ҳақида қисқача маълумотлар берилган.
“Дунё адабиёти”нинг ана шу махсус сонида бир гуруҳ ўзбек шоирлари ва ёзувчиларининг асарлари эълон қилинди.
Ўз навбатида Ўзбекистон ёзувчилари ҳам қардош Озарбайжон адиблари ижодига муносиб эҳтиром кўрсатдилар. Жумладан, “Жаҳон адабиёти” журналининг 2005 йил, 5-сонида “Адабий алоқалар” рукнида “Умрлардан узун севгимиз” (Озарбайжон адиблари меҳмонимиз”) сарлавҳаси остида озарбайжон шоирлари ва ёзувчилари асарларидан намуналар босилди. Журналда танқидчи Асад Жаҳонгирнинг “Янги шеърият уфқлари” мақоласи ҳам эълон қилинди. Унда озарбайжон адабиётидаги янги тамойиллар кенг ёритилгани эътиборга сазовор. Мақоладан сўнг ўзбек ўқувчиларига Алисамад Кур, Одил Мирсаид, Адолат Асқарўғли, Расим Қорача, Қули Оқсос, Салим Бабуллаўғли, Зоҳир Азамат, Нижот Маммадов, Эсмира Серова каби шоирлар ҳамда Теҳрон Ахсан ўғли, Рафиқ Ҳошимов, Элчин Ҳусайнбейли, Мақсад Нур каби ёзувчиларнинг қаламига мансуб асарлар тақдим этилди. Ҳар икки қардош адабиёт намояндалари ижодидан қилинган бу янги таржималарнинг бадииятига доир масалаларни тадқиқ қилиш алоҳида долзарб мавзу бўлиб, биз мухтасар мақоламизда бу хусусда сўз юритмадик.
Аммо шуни алоҳида мамнуният билан таъкидлаймизки, “Таржима масалалари ва глобаллашув” мавзусида Бокуда ўтказилган халқаро конференция материаллари ҳамда шу муносабат билан “Дунё адабиёти” ва “Жаҳон адабиёти” журналларида қардош озарбайжон ва ўзбек адабиётидан қилинган янги таржималар халқларимиз орасидаги адабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги дастлабки қадамдир, қутлуғ ишларнинг бошланишидир. Бу яхши анъана янги шароитларда муносиб давом этишига тилакдошмиз.
Озарбайжончадан Улуғбек Абдуллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 1-сон.