Ижодий давраларда бадиий адабиётнинг маълум бир даврдаги тараққиётини баҳолашда кўп ҳолларда қисса, роман, драма каби йирик жанрдаги асарларни меъёр қилиб олиш таомилга айланган. Лекин бу хилдаги қараш ҳамиша ҳам ўзини оқлай олмаслигини Болалар адабиёти мисолида кўриш мумкин. М.Аъзам, Т.Адашбоев, А.Обиджон сингари устоз сўз санъаткорларидан тортиб, беғубор туйғуларини энди-энди оҳангга солаётган мактаб ўқувчиларигача бугунги болалар адабиёти намуналарини яратаётган шундан далолат бермайдими? Болаларга бағишланган вақтли матбуот саҳифаларидаги ҳаваскорларнинг қораламаларидан 99,99 фоизи шеъриятга даъвогарлиги ҳам шу турдаги асарларнинг истиқболига умид ва ишонч уйғотади.
Ўтган давр мобайнида дунё юзини кўрган болалар насрига оид турли жанрга мансуб янги ва қайта нашрларни, матбуот саҳифаларини кўздан кечириш кичкинтойлар адабиётининг ҳозирги ҳолати юзасидан бирмунча тасаввур туғдира олади. Хусусан, 2 жилддан иборат “Гулгина” типидаги тўпламларнинг юзага келиши, Л.Толстой, В.Даль, А.Толстой, В.Аксаковлар ижодидан янги таржималарнинг эълон қилиниши, Х.Тўхтабоев, Ё.Шукуров, Ҳ.Шайхов, Т.Малик асарлари қайта нашрларининг амалга оширилишини сўнгги йиллардаги болалар адабиётининг жиддий ютуғи сифатида тилга олишга изн беради.
Болалар адабиётининг сўнгги йиллардаги ривожланиш йўллари хусусида сўз юритганда, аввало, ижодий анъана ва янгиланишлар, бадиий тафаккур борасидаги эврилишлар, қардош ва жаҳон адабиёти билан ички алоқадорлик, жамият тараққиёти билан боғлиқлик унда қай даражада ўз ифодасини топаётганига эътибор қаратилишини табиий ҳол деб тушунмоқ керак.
Болалар насрининг яқин бир-икки йил ичидаги кўлами, мазмун-мундарижаси жиҳатидан бир вақтлар Ҳ.Назир, М.Осим, С.Анорбоев, Н.Фозилов, Х.Тўхтабоев, Ҳ.Пўлатов, А.Абдураззоқ, Л.Маҳмудов, Ф.Мусажон, О.Ҳусанов, С.Ғафуров, С.Барноев, Я.Саъдуллаева, Э.Раимов, А.Обиджон, А.Кўчимовлардан иборат адибларнинг катта армияси қалам тебратган давр адабиётидан зиғирча кам жойи йўқлиги кўзга ташланади.
Шундай экан, савол туғилади: сўнгги йиллар болалар насрида қандай янгиланишлар юз берди? Устоз сўз санъаткорлари анъаналарининг қай бирлари ҳаётда ўз тасдиғини топди? Ёш ижодкорларнинг жаҳон адабиётидаги илғор тажрибаларга муносабати қандай кечяпти? Бунга лоақал “Гулхан”, “Тонг юлдузи” каби газета-журналларнинг ўтган йилги сонларини варақлаш билан жавоб топиш мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тоҳир Маликнинг Мирзакалон Исмоилий анъаналарини, Эркин Маликнинг “Шайтонваччанинг найранглари”га доир маърифий қиссалари мисолида кўп йиллик ижодий тажрибаларини мароқ билан давом эттираётгани, Нормурод Норқобиловнинг Суннатилла Анорбоев қаламига мансуб “Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари”, “Сулаймон овчи ва унинг ити ҳақида қисса”, “Сузиб борар архарлар”, шунингдек, Н.Фозиловнинг “Кўкёл”, “Тойчоқ”, О.Ҳусановнинг “Тоғда ўсган бола” асарларини эсга солувчи “Оқбўйин”, “Тоғдаги ёлғиз одам”, “Пахмоқ” қиссаларида эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий зиддиятни лирик услубда бадиий гавдалантириши ҳар жиҳатдан эътиборга лойиқдир.
“Шайтонваччанинг найранглари” алоҳида-алоҳида ҳикоялардан ташкил топган. Лекин ҳар битта ҳикоя марказида Шайтонваччанинг иймон, диёнат, бўҳтон, туҳмат, эътиқод бобида фақат ўз нафсини пешкаш қилувчи найранглари туради. Гап шундаки, Шайтонваччанинг бирор найранги билан танишган китобхон инсон маънавиятига доир ахлоқий тушунчалар кундалик ҳаётда нақадар муҳим аҳамият касб этиши хусусида муайян хулосага келади.
Н.Норқобилов қиссалари бир қарашда кичик китобхонни ҳайвонот оламининг ўзига хос турмуш тарзи билангина таништиришга қаратилганга ўхшайди. “Пахмоқ” қиссаси шундай тасвир билан бошланади: “Унинг ҳаётида беҳаловат кунлар бошланди. Энди илгаригидек эмин-эркин юролмас, назарида, ҳар бир харсанг, бута ёки арча ортидан ғаними пойлаб тургандек ўзини бежо ҳис этарди. Бундай пайтда кўзидан кўра, кўпроқ димоғига ишонарди”.
“Оқбўйин” қиссасида Оқбўйин номли ит ҳам қуйидагича таништирилади: “Оқбўйин нотаниш ҳидни дарров илғади. Парво қилмади. Товуқ патини ўйнашда давом этди. Патни эрталаб топган, нималигига ақли етмай боши гаранг эди. Ин ёнидаги чирик хашаклар устида чўзилиб ётган она ит безовта ғингшигандан сўнггина қадам товушлари келаётган томонга ўгирилди. Беш одимча нарида уй эгаси – Содиқ ака билан норғул бир одам – Карим подачи, эгнида яғири чиққан пахталик, оёқларини кериб турарди. Ундан гўнг, пичан, силос ва яна алламбалоларнинг ҳиди анқирди”.
Ҳар иккала қиссани бирлаштирадиган нарса Пахмоқ айиқда ҳам, Оқбўйинда ҳам ҳид билиш сезгиларининг борлигини шунчаки қайд қилиш эмас, асар воқеаларининг айнан ҳайвонларга хос ҳид билишдек табиий сезгилар билан боғлиқлигига эътибор қаратилганидир. Дарҳақиқат, кўпчилик ҳайвонларнинг ташқи дунё билан бирор муносабатга киришишида табиий сезгиларига суяниши табиий ҳол ҳисобланади.
Ўз қаҳрамонларини фақат ташқи жиҳатдан – юриш-туриши, қилиғи, турмуш тарзи билангина таништирмасдан, балки энг яқин қадрдонларидек уларнинг ички дунёси ичига чуқур олиб кира билиши, шу ҳақда китобхонда ҳам ёрқин таассурот қолдириши ёзувчининг юксак истеъдодидан далолат беради.
Агар С.Анорбоев, Т.Қодиров, Н.Фозилов қисса ва ҳикояларида ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли инсонлар қалбидаги кечинмаларга кўпроқ эътибор қаратилса, Н.Норқобилов қиссаларида ҳайвонлар билан бирга инсоний кечинмаларга ҳам диққат қаратилиши адиб ижодий услубининг ўзига хослигидан нишонадир.
Болаларнинг табиатан ҳар нарсага қизиқувчанлиги саргузашт асарларнинг ҳаётий илдизини озиқлантирувчи етакчи омил эканлиги исбот талаб қилмас ҳақиқат. Малоҳат Ҳусанованинг “Эркин Пуаро” қиссаси, “Мингчинордаги ажина”, Дилфуза Шомаликованинг “Таниш кабутарлар” ҳикоялари, Алишер Саъдулланинг “Широқ” қиссаси гарчи саргузашт асарлар сифатида эълон қилинган бўлса-да, саргузашт услуби уларда етакчи ўрин тутмайди. Мазкур асарларда қаҳрамонларнинг саргузаштлари муаллифларнинг реал ҳаётга муносабатини ифодалашда ўзига хос фон вазифасини ўтайди, холос.
Бадиий бўёқдорлик, услубий ранг-баранглик, бадиий-фалсафий тафаккур уйғунлигига хизмат қилиши Ғулом Каримнинг “Арслонхон минораси” ҳикоясига ҳам хос хусусиятдир.
Болаларга бағишланган айрим асарлар бор – уларда муаллиф ўзи чуқур билган-билмаган воқеаларни асар марказига қўяди, қаҳрамонларнинг ўзаро боғланган-боғланмаган саргузаштларига эътибор қаратилади-ю, кечинмалари етарли даражада асосланмайди.
“Арслонхон минораси”да Ғулом Карим минора қурилишини шунчаки қаламга олмайди. У шарқшунос сифатида Арслонхон минораси тарихинигина эмас, балки ўлкамиз минораларининг қадимий шаҳарсозликдаги маънавий-маърифий аҳамиятини чуқур ўрганган файласуф ва тарихчи олим даражасида фикр юритади.
Хон билан уста Боқининг минора тепасидаги суҳбати, хоннинг мозийга бўлган муносабати, ватан тарихи, аждодлар тақдирига оид мулоҳазалари тасвирида тарихчи олим таҳлили билан ижодкор тафаккури уйғунлашиб кетади.
Асарда кўҳна Шарқ ва унда яшаган халқлар маданияти тарихининг гуллаб-яшнаган, таназзулга учраган даврлари тўғрисидаги ишоралар китобхонни бефарқ қолдирмайди. Тасвир тиниқлиги, хон мулоҳазаларининг теран ҳаётийлиги ўқувчини ўша давр муаммоларининг абадиятга дахлдорлиги хусусида ўйга толдиради.
Тарихий мавзуда қалам тебратувчи кўпгина ижодкорлардан фарқли ўлароқ, “Арслонхон минораси” муаллифи мавзунинг янгилиги ёхуд тарихий шахснинг машҳурлиги учунгина қўлига қалам олмаслигини Амир Темурга оид қиссасидаёқ исбот қилган эди. “Арслонхон минораси” адиб қаламининг асардан асарга чархланаётганини кўрсатади.
Ҳолва деган билан оғиз чучимаганидек, аччиқ-тизиқ гап айтиш билан бирор соҳада камчиликларга чек қўйиб, муваффақиятга эришиб бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Болалар насрининг бугунги ривожи ҳам бундан мустасно эмас. Бизнингча, табиатан болалар ёзувчиси бўлиб туғилиш зарурати бундан кейин ҳам кичкинтойлар адабиётининг ривожи йўлида ҳаққоний талаб бўлиб қолаверади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.