Гапни бир мисолдан бошласам, мисолки, сизни ўзингиз кўриб келаётган шунга ўхшаш жуда кўп бошқа мисолларга яна рўпара қилади. Узр, шу гапим ҳам ўнғовсизроқ чиқяпти. Лекин муаммони бирга, кўпчилик бўлиб ўрганишим керак-ку, боиси унинг шунча кенг тарқалганида, ҳаммамиз бирга ўйлашимиз лозимлигида.
Хўш, янги бош директор эдим, студия ғаладонида маълум сабаблар билан беш йилми, кўпми “осилиб” ётган сценарийни ўқиб қолдим-да, дарров ишга тушириб юбордим. Киночиларга раҳбар бўлиб келишимдан илгари юзлаб кўрсатув, ҳужжатли фильм қилган бўлсам-да, ҳали бирор марта бадиий фильмни суратга тушириш жараёни тепасида турмаган эдим. Бир куни каттасиниб, шу фильм “съёмка”сидан хабар олгани бордим. Жуда мураккаб юмуш экан: “мотор-стоп”, “бошладик-тўхтат!”, “қайтадан кетдик”, “дубл!”… Таниқли санъаткорлар ўйнаб беряпти. Улардан ичимда сал ҳайиққаним боис, раҳбардек ақл ўргатмай, чеккада қараб ўтирдим. Лекин бир жойи келди, сюжет бўйича “эру хотин” айтишиб қолади, шунда “хотин” “эри”га аччиқ қилиб, сиз кетсангиз, мен ҳам биттасини топиб оламан мазмунида: “Тешик мунчоқ ерда ётмайди”, деди. Суратга олиш тез-тез тўхтаб, саҳналар қайта-қайта олинади, орадаги танаффусда ўша “хотин” актрисага: “Синглим, сценарийдан чиқманг. “Тешик мунчоқ ерда ётмайди” эмас, “Тешик кулча ерда ётмайди” эди”, дедим. Актриса русча ўқиган, табиий, муомаласи, тили ҳам ўрисча эди. “Йўқ, мен шундай дейман! Мунчоқ тешик бўлади (Нет, я так говорю! Мунчаки тишик бывают»)”, деб менга ақл бўлди. Оббо, мунчоқнинг тешигини билар экан, лекин шундай мақол борлигидан тубдан бехабар! Тепадан пастга тушмаса, қаёқдан ҳам билсин! “Фалончихон, бу – кенг тарқалган халқ мақоли, ўзбекчани бузиб айтманг. Ҳа, мунчоқ тешик бўлади, лекин майдалигидан ерга тушса ҳам, кўринмайди, ётаверади. Аммо кулча – бу нон, шунинг учун унинг тешиккулчаси ҳам ерда ётмайди. Мабодо тушиб қолса ҳам, одамлар олиб, кўзига суртади”, дедим. “А я не хочу! Из-за какое-то узбекское слово не буду изменит свой язык”, деб, тил маданиятини оврупоча англар экан, айтганида туриб олди. Шунда режиссёр акамиз қулоғимга: “Унча фарқи йўғ-у? Майли, ҳозир кўнглини хира қилманг, мунчоғини дубляжда тўғрилармиз”, деб шивирлади. Биламан, тасвирга олиш жараёнида бировнинг аралашиши, ақл ўргатиши ножоиз, ҳам акстрисанинг тарбия кўрган муҳити бошқа, табиийки, халқникидан фарқли шароитда яшаётган бу “элита” вакилига минг тушунтирган билан фойдаси йўқ, она тилини шунча янтоққа судраб гапиришини ҳам унга бир марҳамат кўрсатиш деб ўйлайди. Турган гап, мендан ранжиб қолди. Рост-да, шундоқ таниқли санъаткорни қанақадир авом сўзни айтишга мажбур қиляпман… Асли бу томорқа режиссёрники, унга сценарийдан чиқмасликни тайинлаб, қайтдим.
Фильм суратга олиниб бўлди, йиғма, яъни монтаждан ҳам чиқди. Энди “овозлаштириш” (“озвучивать”нинг таржимаси-да бу сўз), яъни фильмга овоз бериш, дубляж гали келди. Биласиз, актёр энди экрандаги ўзига қараб яна “ролга кириб” овозини ёздиради (ҳозир кўп фильмларда бу қоида қолиб кетган – актёр ёдламайди, матнни олдига қўйиб ўқийверади, шундан диалоглар сунъий чиқади). Хўш, шунда режиссёр акамиз ҳузуримизга қадам ранжида қилдилар: “Шу, укажон, бир илтимос: шу, актёримиз ўз шевасида гапирса!”. “Гапиравермайдими, ким унинг оғзига хўжайин? Мендан нимага сўрайди?”, дедим ажабланиб. “Йўқ, фильмда ўз шевамда овоз берсам, шунга бош директордан рухсат олиб беринг, деяпти”. Ана холос! Қаёққа келиб қолдим! “Сценарий тоза адабий тилда ёзилган, тилни бузиб нима қилади?”, дедим. “Ўз шевамда овоз берсам, чапанилигим самимий чиқади, деяпти. Арзимас гап-ку! Йўқ деманг энди сиз”, деб ялинди режиссёр акамиз. Бу кишим ҳам актёр томонида! Рухсат сўраганига ҳам раҳмат – анов кунги баҳс эсида-да. “Ака! Давлат тили ҳақида қонун бор, бунга адабий тилга риоя қилиш ҳам киради. Қонун ҳар қандай бош директордан, ундан катталаридан ҳам баланд туради, уни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кейин фильмда шевада гапириш чапанилик эмас, маданиятсизлик. Қаҳрамоннинг чапанилигини тил бузишда эмас, ижрода кўрсатсин эди”, дедим. Режиссёр акамиз босиқ-вазмин одам, бўлди, тушундим, деди-да, чиқиб кетди. Ўзимнинг ичимдан нималар ўтганини англаб турибсиз: бу шунақа, менга бегона бир дунё экан! Ҳалиги санъаткор жўрамиз ҳам, турган гап, бош директор ошириб юборяпти, шевага қарши, мана, шевада шунча фильм олиняпти-ку, биров бировдан қонунга бўйсунишни талаб қиляптими, деб ёзғиради.
Овоз беришда у жумлани бузмади-ю, лекин барибир талаффузни шевача қилди. Буни тўғрилаш, албатта, мумкин эди, аммо сут билан кирганни чиқариш… ўзингиз биласиз. У кишим сал ўтиб бир мустақил телеканалда кўрсатув олиб бора бошлади, албатта атайин шевада ва… мана бўлмасам деб, мустақил бир газетада “Мен атайлаб шевада гапираман” деган чиқиш ҳам қилдилар.
Бу мисол ўша, етти-саккиз йил олдин урчиб бошлаган, кўп одамларга арзимас туюлган ҳолатларнинг бир кўриниши эди. Эндига келиб, уни юз ё мингга кўпайтиринг, ўзимиз кўниккан, кўникаётган манзара – киночилигимиз тилининг кундалик манзараси кўз олдингизга келади. Не тонгки, тил ҳам айниб, маънавий тарбияга зид шалоқ аҳволга тушган!
Мен бу мисолни ўзингиз биладиган муаммони яна бир ўйлаб олиш таклифида айтяпман.
Юксак минбарлардан ҳам айтиляпти, матбуотнинг ўзида гапириляпти, бонг ураётганлар чиқяпти, аммо ўз – ўзбек тилимизнинг бугуни ва эртаси борасидаги бу ташвишу даъватлар ўзимизнинг лоқайдлигимиз ботқоғига чўкиб кетаётир.
Дод деб юборгинг келади – қоғозга додлайсан одам! Қоғознинг эса фақат қулоғи бор, оғзи йўқ – садо бермайди! Ахир, ҳамдардга додлайсан-да, одам!
Тилда атай бузғунчилик билан давлат қонунини бузиб, бунақа кинолару қўшиқларни ясаб ташлаётган, ҳаммаёқни чет атамалару чаласавод ёрлиқ, реклама матнларига тўлдираётган, алламбало алфозда жилд-жилд босмаларни “бадиий асар” деб чиқараётган, эфирда қанақадир яроқсиз “ўзбекча” вағиллаб турганлар шу лоқайдлик ботқоғимизда гуркираб ўсаётган алафлардир ва уларни инсофга чақириш, тарбияли бўлишга ундаш, тил – бу тафаккуримиз замини, миллий бойлигимиз – ўзлигимиз, уни бузиш эмас, қўриқлаш, асраш, тозалаб туриш лозимлигини уқтириш ҳам бефойда. Худди мен ёзаётган шу гапларни ҳам деворга гапираётганим каби.
Албатта, шевада гапирсинлар, тўйиб гаплашсинлар. Зеро, шевалар тилнинг илдизлари, тўғрироғи, булоқлари; улар ҳам қуриб қолмаслиги лозим. Лекин афсуски, шеваларни ҳам ОАВнинг сунъий тили тангликка солиб қўйган, глобаллашувни рўкач қилиб, унинг панасида ёт атама, ёт ибора, бузуқ бирикмалар уларга ҳам бостириб кираётир. Ҳаётнинг равиши – кексалар ўтиб кетади, катталар кексаяди, изимиздан келаётган ёш авлод “глобаллашиб”, ўз шевасини майиб-майриқ қилиб гаплашади – бу булоқларнинг ҳам қуриб бошлаганини шундан ҳам билса бўлади.
Гап жамоат минбари эгаси адабий тил экани ҳақида кетаётир! Миллатнинг таркиб топиш омили ва шу миллатдаги бошларни бир-бирига қовуштириб келаётган тилимиз ҳақида. ОАВ минбарига чиққан, кўпчиликка юзланган одам, агар ўзини ҳурмат қилса, марҳамат қилиб адабий тилда гапирсин! Минбарга етган одамнинг елкасида умуммиллат юки бўлиши зарур! Мактабдан олий ўқув юртларигача, мажлису йиғинлардан расмий тадбирларгача давлат тилида бўлиши лозим ва лобид! Давлатимизга мадҳу сано ўқиманг, унинг тилига амал қилинг. Ахир, кеча уни ҳимоя қилиб кўчага чиққан ўзимиз эмасми! Ҳамма дарслар адабий тилда ўтиладиган, устозлар ўқувчилар шевасини адабий тилга буриб, уни ўргатадиган чиройли қонун мажбуриятлари қаерда қолди? Энди буни қилиб бўлмайди, деб ўйлайсизми? Йўқ, бўлади! Мен эски шаҳарнинг қоқ марказида тураман, шу маҳалладаги мактабда мучал тадбири бўляпти экан. Таклиф қилдилар, бордим. Икки соатча ўтириб, ўқитувчиларнинг гапларини, болаларнинг сўзга чиқишлари, шеър ўқишлари ва қўйган саҳналарини томоша қилдим. Болаларнинг ҳаммаси шу атрофдан, асосан туб тошкентлик оилалардан, ўқитувчилар ҳам шундай. Лекин бир оғиз ҳам шева эшитмадим. Ҳайрону хурсанд бўлиб ёнимда ўтирган ўқитувчига: “Қандай яхши, болалар мактабда адабий тилга риоя қилар экан”, десам, ўқитувчи сапчиб тушди: “Вой, нима деяпсиз, мумкин эмас! Дарсларни адабий тилда ўтамиз, ҳовлида ҳам болаларнинг адабий тилни бузиб гапиришига йўл қўймаймиз. Ахир, бу давлат тилимиз-ку!” деди. Бўлар экан-ку! Қойил бўлдим, лекин қани эди ҳамма мактабда шундай бўлса! Афсус!
Асли муаммонинг туби чуқурроқ, масала тилнинг сут билан қачондан кириши, боланинг она тилини қаердан ўрганиб бошлашида. Бешик тебратадиган келинларнинг бир қўли бешикда, икки кўзи телевизорда – алла айтиш фақат кўрик-танловларда қолди. Оналар рўзғордан бўшамай ҳам телевизорга қадалиб олади. Бола бир нарса сўраса, бошимни қотирма, бор кўчага, ўйна ё дарсингни қил, деб ҳайдайди. Эркаклар иш билан, боласи билан гаплашиб ўтиришдан ўзини олиб қочади. У ҳам хотинига қўшилиб сериал кўради. Эртак айтиб берадиган бувилар ўзи азалдан сийрак, экранга кўзи ўтгани… бунда ҳам ўша аҳвол. Булар ҳам ўтиб кетяпти. Дастурхон устидаги гурунглар йўқ бўлиб кетди. Бола қаердан тил машқини олади – у ҳам ноилож, телевизорга тикилади, сал эси киргани компьютерни титкилайди, суррогат нарсалар онгига қуйилаверади, жумладан бузуқ тил ҳам.
Албатта, ота-она болаларига эга-кесим ундоқ бўлади, тил қоидалари бундоқ бўлади деб ўргатиб ўтирмайди. Аксинча, боланинг тили табиий муҳитда: ўзаро мулоқот, сўзлашув, ўйинлар, ҳангомаларда камол топади. Ва мактабда бу тарбияни олади. Тўғрироғи, олиши лозим. Мактабларда эса тил ўқитилиши ўқувчи болалар учун оғирлик қиладиган, зерикарли қоида-ю боғланишлар изоҳига ўтиб қолган. Азалдан бери шундай. Мактаблар жонли мулоқот тилини ўргатмайди, эгаю кесим, гап бўлакларини кўрсатиб беради,холос, бинобарин, тирик тилга муҳаббат ҳам уйғотмайди,
Фикр шаклланиши, тилни билишнинг яна бир муҳим омили – китоб, бадиий асар. Ҳозир ўқувчиларнинг аксарияти китоб ўқимайди, бадиий асарларни варақлаб кўрмайди. Устига устак, дарслик – хрестоматиялар ҳам камбағал, улар ном санаш билан, ўтмишдаги катта адибларимизнинг ҳозирги ёшларнинг дунёқараши, қизиқиши, дунёбинлиги, кўнгил кечинмаларидан йироқ асарлари билан тўла. Ёшлар ўқийдиган нарса кам. Мана, бугунги кунга келиб шу мактаблар эккан арпа ҳосилини ўряпмиз-да, ёшларимизнинг тили бунча камбағал, бунча сунъий деб, нимага булар беодоб бўлиб кетяпти, деб ёзғирамиз. Қўшиқ айтяпман деб алмойи-алжойи шанғиллаб ётганлар, уларга шайдойи қарсак уриб, ўйинга тушаётганлар нафақат тил масъулияти, тил номуси нималигини, балки унинг ўзи нималигини ҳам билмайдилар. Ғулийликни ўзи ихтиёр қилиб танлаган ва шу билан фахрланадиган манқурт тоифа! Бу ўзимиз етиштираётган авлод.
Миллат руҳининг ифодаси бўлмиш адабий тилни бузмай, бўлакламай ривожлантириш керак. Зеро, у давлатчилигимиз асоси ҳамдир. Тўқсон икки бовли ўзбекни бирлаштирган! Энди бу ўзбекнинг ҳар элати мактабдан бошлаб ўз шевасида гапириб, ўқиб-ёзадиган бўлса, кейин адабий тилни ҳар ёққа тортқиласа, тасаввур қиласиз-ку қаёққа ўтиб кетишимизни! Ўзи-ку шўро яхлит яшаб келаётган туркий миллатни сен алоҳида, сен алоҳида, мана, сенга битта республика, камроғингга, мана, мухторият деб улусларга бўлиб, орага қутқу уруғини қадаб қўйган эди. Туркистон туркийлари ҳар бири алоҳида миллат бўлиб олди, майли, бу миллатларга ҳам баракасини берсин. Лекин ягона туркий тил бўлакланди, ҳар бўлаги ўзича иҳоталаниб олди. Бир-бирини балодай тушунган эллар бугун қон-қардоши тилини луғатсиз англаши мушкул. Майли, ҳар бири ўз давлатида униб-ўссин, тараққий топсин, лекин умумтуркий тил бирлигини йўқотмасинлар. Бу тил Туркистондай улкан ҳудудда умргузаронлик қилаётган миллатлар тафаккури ривожининг гаровидир. Бу тил бирлигига раҳна солиш бугунги кунда ҳар бир туркий миллатнинг ўзини ичдан парчалашга ҳам олиб келади. Ўтмиш тарихларда бу неча бор қайтарилган, ялакатмағиз катта улуслар парчаланган.
Умумтуркий дарёнинг ариқларга бўлаклаб ташлангани етмагандай, чиғатой тилини адабий тилга айлантиришда лексик бой имкониятлар яна ҳам торайтирилган, бугунги ўзбек адабий тилига асос қилиб қарлуқ-чигил шеваларигина олинган. Масалан, жуда улкан ареал-қипчоқ лаҳжаси шеваларининг аксари бойликлари адабий тилга киритилмагани бизни қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, татар, бошқирд, олтой тиллари… умуман Россиянинг марказий, жанубий, шимолий ҳудудлари, Олтой ўлкалари, Мўғулистон, Хитой ҳудудларида яшаётган туркий халқ, эл-элатлардан орамизни узоқ қилиб, лексикамизни ҳам торайтириб қўйган, бинобарин тилимизнинг ифода имкониятлари чекланиб қолган. Жаҳоннинг етакчи тиллари қаторига чиқа олмаслигимиз сабабларини ҳам шу ердан излаш керак. Бу менинг эмас, тилчи мутахассислар фикри ва бу ҳақиқат. Айни пайтда лексикографиямизга ўғуз шевалари бойликларидан жуда оз киритилгани учун, мана, бугунги кунга келиб усмонли турк ва туркман тилларини гаплашганда англашимиз қийин, ўқишда эса луғатга муҳтожмиз. Бу “илмий” тадбирлар оқибатида адабий тилимизнинг сўз бойликлари камбағаллашиб, ифода имкониятлари яроқсиз аҳволга тушиб боряпти. Гап тилимизнинг чиндан-да бугунги замон талабларига жавоб бера олиши ё бера олмаслиги борасида кетаётир.
Тескари иш қиляпмизми дейман. Тепада мен келтирган мисол майда, аммо катта ҳам майдадан каттаради. Ҳозир биз ОАВ, ТВ-радио тилини ҳар биримиз ўз маҳалламиз, ўз туман-вилоятимиз шеваларига тортқиласак, бу майдаликлар ёриғи эртага бориб жарликка айланади. Алалоқибат ўзбек миллатининг ҳам бир бутунлигига таҳдид солади. Бу ваҳима гап ё муболаға эмас, энди уч бериб ўсаётган хавф. Наҳотки бўрини кўриб туриб ўзимизни асрамасак, узоқ ва яқин ўтмишдаги бўлинишлар сабоқ бўлмаса!
Соҳибқирон бобомизнинг: “Бизким, малики Турон, амири Туркистонмиз, миллатларнинг энг қадими ва улуғи туркнинг бош бўғинимиз” деган гапларини айтиб фахр қиламиз-у, бу ўгит-васиятни танимизга олмаймиз.
Туркий чиғатой, яъни ҳозирги ўзбек тилимиз ўтмишда барча туркий эл ва элатларга тушунарли бир ўзак тил эди. Турк Юнус Эмро, туркман Махтумқули, озар Фузулий, қозоқ Абай, қорақалпоқ Бердақ битта тил дарёсидан баҳра олган ва бугун уларни ўгириш ҳам унча шарт эмас. “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас”, “Ўғузнома”, “Қўрқут ота” бир тил заминида яратилган. Бу тилнинг бош бўғини – шу, она тилимиздир. Уни асраб-авайлаш, унинг шева-лаҳжаларининг тоза булоқларидан яна сув олиш, фақат ўзимиз учунгина эмас, қардош тиллар ривожи учун ҳам ниҳоятда керак. Тилда олди-берди ўзимиз учун ҳам сув билан ҳаводек зарур.
Негаки тилимизнинг оҳори тўкиляпти, тақирланиб бораётир. Гулу чаманзор бўлиши лозим замин сувсиз биёбонга айланаётир. Гап фақатгина чет истилоҳлар истилосида ҳам эмас, тилимиз ичдан ҳам емириляпти: “Мен ёлғиз қолишни хоҳлайман” – нима дегани бу, эри ўлиб, бева қолишни истаяптими ёки ёнимдан кетинг, демоқчими? Қайси тилда бу? “Мени ўз ҳолимга (тинчимга) қўйинг” деса бўлар эди-ку! Йўқ, шунақа бесўнақай гап қулоғимизга ҳар куни қайта-қайта қуйилади, шундай гапиришни одатга айлантиради. “Айиқларнинг билиш қобилиятлари жуда ривожланган”, “Юзлаб шундай иплар осилиб туришади” (Ғорда тепадан силқиб тушадиган олтингугурт кислотаси ҳақида), “Барнео қурбақалари мана шундай имо-ишоралардан фойдаланишади”, “Улар истаганча яшашимга имкон беришади” (баланд биноларга тирмашиб чиқадиган анув одам ўз оиласи ҳақида) “Ҳозир кайфиятингни кўтаришга ҳаракат қилиб кўраман”, «Қайнатилган қозондаги сув бунчалик буғланмайди“, “…дастлабки мағлубиятни қабул қилиб олган”, “Анча паст туриш ҳолатига эга” (боксчи ҳақида), “Табиатга нооқилона муносабатда бўлиш…”, мен бу ўламса бирикмаларни эътиборингизни тортиш учун мисол қиляпман. Бўлмаса ўзингиз ҳам ҳар куни мудом эшитасиз. Нафақат ортиқча, сунъий сўзлар, балки жумланинг таркиби, лексикаси ҳам бузуқ. Шу бузуқлик урфга, қоидага айланиб, тилимизни чок-чокидан сўкиб юбораётир.
Бир эътибор беринг: “Янги йил муборак!” Ҳамма ерда шундай ёзадиган бўлдик. “Бўлсин”ни қўшмаганимиз боис жумла маъноси силжиб, йил бизга эмас, ўзига муборак бўлиб қоляпти. Худди гапиришга арзимайдигандек туюлади бу ҳам. Лекин шундай ёзиш ва ўқиш одатга айланиб бораётгани одамни сескантиради. Бир синглимиз чиқишини ҳе-бе йўқ, саломсиз: “Омонмисиз, азизим?”, деб бошлайди. Салом қани? Нима, биз экранга қараб ўтирганлар ур-тўполон муштлашувдан чиқдикми, омонлигимизни сўрайди? “Мен сизлар билан хайрлашаман” – гўё бизга қараб ўн киши гапираётган эди, шулардан биттаси биздан аразлаб қолди! Нимага хайрлашади, юз кўрмас бўлиб кетгулик қилганимиз йўқ-ку? “Хайр” билан “хайрлашаман”нинг фарқига бормаса, “Кўришгунча, омон бўлинг”” деб қўя қолсин – шу кифоя-ку!
Демоқчиманки, ўз тилимиздаги сўз, ибора, бирикмаларнинг маънисига бормаслик кўникма бўляпти ва бу, айланиб келиб ёшларнинг тилини бузяпти. Катталар эса эътиборсиз.
Шу гапларни айтяпман-у, лекин, масалан, менга телевизорда футбол матчини шарҳла, десалар, ўзим ҳам шу “Коптокни боши билан уриб киритди”, “Коптокни оёғи билан олиб қочди” каби сунъий иборалар тортанагида типирчилаб қолсам керак. Чунки тинмай такрорланадиган шу “зарба-ю кучли зарбалар”дан каллам гангиб, очиқ гап, шарҳнинг ҳақиқий тили қандай бўлишига ақлим ҳам етмай қолган. Жумла ўзбекча, шарҳловчи (шуни бемалол “шарҳчи” деса ҳам бўларди) ўзбек, сўзлари ҳам ўзбекча, лекин шарҳи ўзбекча гапиришга ўхшамайди. “Футболчи тўпни ўйинга киритади”, оёғидан, бошидан, умуман ҳамма ёғидан нуқул “жароҳат олади”, оёғи қайриладими, лат ейдими, эти ё пайи чўзиладими, боши ёриладими, суяги дарз кетадими, фарқи йўқ – “жароҳат олади”, тамом! Бошқа сўзни қўлламаймиз. Ҳолбуки, тилимизда “жароҳат” – очиқ шикаст. “Жароҳат” билан “яра”нинг ҳам фарқи бор. Ҳужум қилинмайди, балки “уюштирилади” ё “амалга оширилади”. Барака топгур, жилла қурса, “ҳужумга ўтди” де, нима қанақа “амалга оширилаётганини” кўриб турибмиз-ку. Яна қаранг, икки боксчи муштлашяпти, биттаси кўпроқ мушт еяпти, “зарбаларни қабул қиляпти” экан, чидаш беряпти, “ютқизиш ниятидан воз кечмоқчи эмас”, деб, кейин гўё тўғриланади: “ютқизиш ниятидан чекинмоқчи эмасга ўхшайди”. Эй жўра, гапинг ўхшамайди, ахир, боксчи “ютқизиш ниятида” эмас, балки ютаман деган умидда ўртага тушган.
Ўн йиллардан ошиб кетди, русча “доброе утро”, “добрый день”, “доброй ночи”, усмонли туркчадан “ийи сабаҳлар”, “ийи гунлар”, “ийи гежалер”, “ийи акшамлар”, “ийи уйкулар”, (“ийи” – эгзу, эгулик; туркчада тилак билдиришнинг “хайрли…” муқобили ҳам кенг қўлланади) ёзма тилимиздан “хайрли тонг”, “хайрли кун”, “хайрли тун” тарзида, хусусан ТВнинг кино ва таржима сериаллари туфайли болалаб, ёзма тилимиздан жой олиб бўлди. Усмонли туркий бизга тушунарли, чунки туби бир тил. Лекин сўз қўллашдаги тафовутларни бефарқ таржимонларимиз фарқлаб ўтирмайдилар. Энди бу ясамалик оғзаки тилимизга ва ҳатто шеваларга ҳам ўтиб кетаётир.
Чет истилоҳларнинг она тилимизга киришига меъёрида йўл қўйиб бериш билан уларни ўрганишни аралаштирмаслик керак. Лекин масала шундаки, чет истилоҳни, ўз онгингизда айни луғавий маъно ифодаси – миллий сўз бўлмаса, қандай англайсиз, ўрганишда нимага суянасиз, хорижий истилоҳни нимага қиёсан тушунасиз? Англанган онг – тафаккурнинг сийрати, бу сўз. Миллий Сўз чет тилни ўрганишда замин, шу боисдан ҳам она тилимизни қанча теран билсак, чет тилни шунча пухта ўзлаштирамиз. Бу оддий аксиома. Мана ўйланг, масалан, ўзи асли ўзбек бўлатуриб, болалигидан русча боғчага қатнаб, русча мактабда ўқиб ва, табиийки, кейинги ҳаёти давомида европоча ҳаёт (бу ҳам бир гибрид тушунча, таъсири жиҳатидан кўпроқ саёз русча) муҳитида яшаган одамларнинг тили ҳаминқадар, фикрлаш тарзлари на у, на бу бўлиб қолади. Тил заминидан оёғи узилгандан кейин тафаккур таркиби ҳам ўзгаради, бузилади. Бунга, масалан, бадиий адабиётимиз ҳам бир мисол. Ўзи ўзбек бўлатуриб бошқа тилда ёзган истеъдодларнинг асарлари ўзбек заминида унча илдиз ота олмади, ҳатто уларни таржима қилганда ҳам ташқаридан қараш, бадиий тафаккур бегоналиги аён сезилиб қолади.
Миллий истилоҳларни излаб топиш, янгиларининг қандай илдиз, аффикс, суффикс, префикслардан ясалишини тилчиларимизга қўйиб берайлик, бу иш уларсиз битмайди ҳам. Бизнинг фикрларимиз ундаш, холос. Миллий тилнинг тасарруфда келаётган сўзларидан сўз ясаш, буни билган тилчиларимиз учун тинкани қуритадиган оғир, кенг кўламли, лекин қилиб бўлмайдиган иш эмас. Худди шундай, шеваларимиздан сўзлар олишнинг меҳнати бор, менингча. Яъни улар адабий тилнинг меъёр, қоидалари ва орфография шартларига мослаштириб истеъмолга киритилиши лозим, бу ҳам мутахассислар юмуши. Лексикографиямиз аҳволини қайта қараб чиқиш, уни бойитиш нечоғли долзарб бўлмасин, бу борада ҳам чумчуқни қассоб сўйгани маъқул. Фақат тайсалламаслик лозим.
“Ўқувчи”, “ёзувчи” каби нисбатан “ёш” ўнлаб истилоҳлар илк истеъмолга киритилганда булар ҳам ғалати туюлган бўлса керак: “адиб”, “нависанда”, “талаба”, “толиб” каби ўрганган сўзларимиз турганда буларга на ҳожат, деб. Лекин ҳозир муомалада табиий бўлиб кетди, арабий “адиб”, “талаба”га қараганда кенгроқ кўламда истифода этилади. Шеваларимизда эса адабий тилдан четда қолаётган бошқа муқобиллари ҳам бор: “ёзарман”, “ўқирман”. Негадир, шу “…ман” қўшимчали сўзлар адабий тилда жуда сийрак, бу суффикс имкониятларидан янги сўз ясашда фойдаланмаймиз. Аҳоли тилида эса кенг қўлланади: “Бу сотарман, у оларман бўпти. Бу оларман, қиз тегарман”, мана, “Зоминнинг тил қомуси”да шунақа “…ман” қўшимчаси билан ясалган, адабий тилга кирмаган йигирмадан ортиқ сўз келтирилади. Яна бир мисол “…гилик”, “…гулик” каби қўшимчалар билан ясаладиган “боргулик”, “кетгулик”, “келгулик”, “ўтгулик” (“ўтгилик”) адабий тилда жуда сийрак, аҳён-аҳёнда, бу ҳам бадиий асарларда қўлланиб қолади. Истамбул кўчаларида енгил уловлар кўчада қатор териб сотувга қўйилган, ҳаммасининг олд ойнасида “сатилик” деган ёзув. Демак, сотилади, тушунарли, лекин бизга ўхшаб “сотилади” деб китобий эмас, нимадир туб туркий, бизда унинг айнан шундай лўнда муқобили борми-йўқми деб роса ўйлаганман. Яқинда “Қашқадарё халқ сўзлари”ни варақлаб, айниятини топиб олдим: “сотқилиқ!” Ўзимизнинг сўз! Ёнимизда турган! Халқ бемалол қўллайди. Биз эса русча “продажа”дан олиб, “уй сотилади” (“дом продаётся”), “сотиладиган уй” (“дом на продажу”) деб бирикмани сўлжайтирганмиз. “Балиқлар тозаловчилик вазифасини бажаради” – бу не жумла эканини баҳолашни ўзингиз “амалга оширинг”!
Бунақа ҳолатларда, майли, луғат титкиламайлик, ўзимизга қулоқ солайлик: сўзлашув – жонли авом тилимиз минг кўргуликка дуч келаётган бўлса-да, ҳали ҳам бой, асл сўзларимизнинг маъноси теран, кўлами кенг. Адабий тилнинг ўз замини – авом тили, халқнинг жонли тили ҳисобига бойиб, ривожланиб бориши ҳам қонуният-ку.
Излаш, изланиш керак. Сўз ҳам тирик, тил дарёси оқимида нафас олиб яшайди, таъбир жоиз бўлса, урчийди ҳам. Биз эса ўз сўзларимизни жонсиз қиляпмиз ҳамда уларнинг устига кўп кушанда қўйиб юборяпмиз.
Бугунги кунда гўё соф ўзбекча сўзлардан тузилган бирикмаларнинг сунъийлиги, бир сўз ифода қиладиган тушунчани тўрт-беш сўз билан ифодалашга ўтиб кетаётганимизга ажабланасиз. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” қирқдан ортиқ йўналишда парвозларни амалга оширади”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” истиқбол сари дадил қадам ташламоқда”, “Бундай уйғунлик ҳамма ўсимликлар томонидан амалга оширилавермайди” – сиртдан ўзбекчага ўхшаган мазкур жумлаларни тилчи олимларимиз бир лексема қоидаларига солиб текширсалар, нима бўляпти ўзи деб ташвишга тушиб қоладилар.
Сўзга эътиборсизлик, бефарқликдан у ўлиши ҳам, аниқроғи бошқа сўз унинг ўрнини эгаллаб, ўлдириши ҳам мумкин. Мана, ҳаммамиз “ахлат”ни оғизга оладиган ва бундан ҳазар қилмайдиган бўлиб кетдик: “Ахлат ташлама! Ахлат мошин келди.. Ахлат челакни олиб тушаман”. Миллий ахлоқу одобимиз тагида покизалик ётади. Ахлат эса – бу нажосат. Маъносини билган одам шу сўзни ёзишга ҳам ийманади. Ахир, уйимиздан чиққан сабзавоту мева пўчоғи, овқат сарқити, супуриндини шундай деяпмиз! Фариштали келинлардан тортиб, нуроний, тақволи буваларгача. Жонли, авом тилида ҳам, ОАВ ёзма нутқида ҳам беэътибор “ахлат” деб қўллайверамиз. Ҳолбуки, тилимизда асл маъносини берадиган “чиқит”, “чиқинди” каби беш-олтита истилоҳ беэга ётибди. Аммо буларнинг устидан русча “мусорь”дан кўчирма ўгирилган “ахлат” босиб қолди. Қизиғ-эй, “тезак”, “тезаклади” турганда каптару чумчуқдан каркидону филгача – ҳаммаси “ахлат ташлайдиган ё сочадиган” бўлиб кетди. Дарвоқе, ТВга раҳмат, яқиндан бери ора-сира “чиқит”ни қўллайдиган бўлди.
Она тилимизга муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз лозим. Тилимиз хароб аҳволга тушиб боряпти, уни қайта жонлантириш учун ҳаялламай иш бошлаш керак.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.