«Даврнинг беомон тўфони не-не сиймолар ҳолини забун этгани, ҳаёт шамини сўндиргани сир эмас. Наинки улар жувонмарг бўлди, балки табаррук номлари бадном этилди, маданиятимиз тарихи саҳифаларидан, гарчи муайян вақтга бўлса-да, ўчириб ташланди. Улар наинки «халқ душмани»га чиқарилди, балки оиласи, зурёдлари, қавму қариндоши ҳам яқин-яқингача ёмонотлиқ бўлиб, элдан чиқиб қолишди. Инсон боласи насл-насабига қўшиб бунчалар оёқости қилиниши ўтмишнинг энг қаро кунларида ҳам камдан-кам учрайди, — адабиётимизнинг оқсоқолларидан бири Шукрулло шундай дейди. Ажойиб шеър ва драмалари, «Жавоҳирлар сандиғи» каби насрий асарлари билан иттифоқ китобхонлари меҳрини қозонган бу таниқли шоир 1951 йили қатағон қилинган, йигирма беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилган, маҳбуслик жафосини чеккан. Эҳтимол, бу факт кўпчилик журналхонларга маълум эмасдир. — Шундан бери ҳам салкам қирқ йилча вақт ўтди, — дейди Шукрулло, — лекин ўша кунлар ситами зардоб янглиғ ҳамон юракларда силқиб турибди».
Шоир билан суҳбат шу ҳақда.
Ғаффор Ҳотамов: — Шаҳарга мудҳиш сокинлик чўккан. Ярим кеча. Баногоҳ дарвоза тақилтади. «Ким экан? Бемаҳалда?!» Безовта қўзғалдингиз. Эгнингизга чопонни илиб, зимистон йўлакка чиқдингиз. Дарвоза олдида икки кўланка сизни кутиб турар эди. «Шукрулло Юсупов?..» «Ҳа». «Сиз қамоққа олиндингиз!» Улар қўлингизга кишан солишди?..
Шукрулло: — Йўқ, бир оз бошқача бўлган: эллик биринчи йилнинг январи, нашриётда муҳаррирман, етти ёт бир киши ишхонага сим қоқиб мени дараклади. Мухлисим эмишми-ей, кўришгиси, бир суҳбатлашгиси келиптими. Хуллас, шунақа. Иш вақти тугаб бораётган эди, шунинг учун ҳам узримни айтдим, зудлик билан топшириш лозим бўлган корректура бор, бандман, дедим. Йўқ, гапимга сўнмади у, шу атрофдаман, хўп десангиз атиги бир дақиқа вақтингизни оламан, холос, деди, деди-ю, афтидан, телефон қўндоғини илиб қўйди. Кўз юмиб-очгунча бўлмай бир ҳамкасбим эшикни очди-да, деди: — йўлакда сизни бир киши кутиб турибди, икки оғиз гапим бор, деяпти.
Чиқдим. Чиндан ҳам кутиб турган экан, айтдики, ҳарбий комиссариатданман, билетингизни кўришим керак…
Рости, ҳайрон бўлдим. Ватан уруши йиллари эмаски, келса, текширса, худога шукр, тинчлик замони.
— Билет?.. Уйда эди-ку?
— Юринг унда!
Пастга тушдик. Кўчада машина кутиб турган экан, чиқдик, барваста ўрис йигит, комиссариат вакили — учаламиз уйга келдик. Қўлимга кишанни йўлда солишдими ёки уйдами — аниқ эсимда қолмаган. Хоналарнинг тит-питини чиқариб тинтув қилишди, мендан сўрашгани — тақиқланган сиёсий адабиётлар борми, бор бўлса, қаерга яширилган — шу, холос. Ёдимда, ҳатто газета парчаларини ҳам назардан қочирмай, эҳтимол, қандайдир «халқ душманлиги»ни қидиришар эди.
Ўғлим тўрт яшар эди ўшанда, табиийки, ҳеч вақога ақли етмас, шунинг учун ҳам у нотаниш амакиларнинг оёғи остида ўралашиб юрар эди. Шоҳидликка чақирилган қўшни аёл келиб уни қўлига олди, сўнг тўзғиб ётган хонага аланглади ва биз — бахтиқаролар қандай кунларга қолганлигимизни англаб етди шекилли, ўғлимни бағрига босганча шўрлик увлаб йиғлаб юборди…
Мен ўша кунлар ёди билан яшашни истамайман, хотира ёзиб ном чиқаришни ҳам. Рост, сўнгги пайтларда: «Сиз нега қамалгансиз?» «Неча йил турмада ётгансиз?» деб сўровчининг саноғи йўқ. Эҳтимол, бу мудҳиш кўргулик, аянчли таассуротларни эшитиш бўлакчадир, лекин мен учун ёруғ кунлар келишига умид қилиб, ҳар қандай ситам ва мусибатга, азоб ва уқубатга чидаган, ҳар қадамда ажал билан юзма-юз келган, маҳкумликнинг, хўрликнинг жамики даҳшатларини бошидан кечирган киши учун ўша кунларни эслаш, эндигина хаёлингдан кўтарилган аянчли хотираларга берилиш ниҳоятда оғир ва кўнгилсиз. Шунинг учун ҳам қамоқ балосидан қутулиб, эсон-омон ўз уйим — ўлан тўшагимга келгач, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у ёқдаги ҳаётни ёдга солиши мумкин бўлган ҳамма нарсани, ҳатто Норильский лагерида бирга ситам тортган, озодликка чиққач, ҳол сўраб мактуб битган москвалик А. Викторнинг хатларини ҳам ёқиб юбордим. Зеро, бизда ишонч йўқолган, яқин-яқинларгача кўнгилдан шубҳа аримаган эди. Тасаввур қилинг: икки киши бир хонада ойлаб, йиллаб шишиб ётса-да, суҳбатлашиш тугул ҳатто бир-бирига имо-ишора қилмаса! Ахир шундай бўлган-ку! «Манави икки халқ душманининг аввалдан яқинлиги бор экан», деган айб билан яна ўн йил қўшиб беришларини ким ҳам истарди, дейсиз.
«Қамоқхонада қоровул маҳбусдан сўради:
— Нега қамалгансиз?
— Ҳеч нарсага.
— Алдаяпсан, ярамас! Ҳеч нарса учун ўн йил беришади, сенга ўн беш йил беришган-ку!»
Ахир, бу латифалар бежиз тўқилмаган-ку!
Ғ. Ҳ.: — Халқимизда шундай гап бор: кетган кетди, қолганга қийин. Қатағон қилинганлар кулфатидан фарзандлари кўргулиги кам бўлмаган.
«1937 йил отам — Москвадаги Қизил профессура институти тингловчиси… репрессия қилинди. Бизнинг оила овулга кўчиб ўтди ва мен учун борки мушкуллик, машаққатли ҳаёт бошланди.
Ўша оғир йилларда аммам Қорақиз опа бизнинг жонимизга ора кирди…
Аҳвол жуда оғир эди…
Бир куни укам Илгиз билан, — ҳозир у йирик олим, Қирғизистон ССР Фанлар академияси Физика ва кон ишлари механикаси институти директори, — ўтин териб юрсак, бир отлиқ киши отининг бошини биз томонга бурди. Ўзи ҳам жийрон отда денг, жуда озода кийинган.
— Ҳой, кимнинг боласисизлар? — деб сўради.
Қорақиз опамиз, шундай пайтда ҳеч иккиланмай бошингни эгмай, сўровчининг юзига тик қара отангнинг кимлигини айт дер, қайта-қайта уқтирар эди. Отамиз ҳақида нима гапларни ёзишмаган, ака-ука иккаламиз бундан ғазаблансак, Қорақиз опа бизни овутар эди. Оми аёл шулар иғво эканлигини, аслида ундай бўлиши асло мумкин эмаслигини қандай англаган, ҳайронман… Ўша кезлар разведкачи чекистлар ҳақида кўп китоб ўқир, ич-ичимдан эса, қани энди отам Совет ҳукумати олдида бегуноҳ эканлигини исбот этсам деб орзу қилардим.
Шундай қилиб, қайрилиб келган отлиқ бизда асли-наслимизни суриштирди. Қанчалик оғир бўлмасин, бошимни кўтардим ва унинг кўзларига тик қараганча отамнинг исмини айтдим…» (Чингиз Айтматов).
Ш: — «Халқ душмани» сифатида айбланган кишиларнинг бола-чақасига ҳам осон бўлмаган. Бу бевосита давр ва жаҳолат билан изоҳланади. Одамлар соясидан ҳам қўрқиб қолишган эди-да. Қолаверса, «халқ душмани» деган айб юракда ҳазилакам ваҳм қўзғамайди. Лекин… «Ўзбеклар иши» деган тавқи лаънат ҳам қўрққулик эди, албатта. Республика Компартияси Марказий Комитетининг ХV пленумидан кейин шу «ёрлиқ» бўйича озмунча одам қамалмади. Улар орасида, шубҳасиз, айбдорлар бор эди, айни пайтда бегуноҳлар ҳам йўқ эмасди.
Энг муҳими, адиблар халқнинг шаънини ҳимоя қила олишди. Кишилар ҳам ҳибсга олинганларнинг барчаси бирдек жиноятчи эканлигига ишонишган йўқ. Сир эмас, бугунги кунга келиб, жиноятчи ҳисобланганларнинг беш юздан зиёди озод қилинди, ноҳақ ҳибсга олинганлиги расман эътироф этилди. Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини танимас экан, жаҳолатда асло қутула олмайди.
Ўттизинчи, эллигинчи йилларда қатағон қилинганлар ва уларнинг бола-чақаси куни кечага довур рўшнолик кўрмаган, табиийки, бу ишда қатли ом қилганларнинг, шўрликларга адолатсиз айб қўйганларнинг «хизмати» беқиёсдир!
Ғ. Ҳ.: — Шукрулло ака, мана, сиз Ҳабибулла Қодирий қаламига мансуб бўлмиш «Қодирийнинг сўнгги кунлари»ни ҳам ўқиб чиқдингиз. Қатли ом жафолари ҳақида ҳикоя қилувчи илк салмоқли асар бу. Ўша даврни кўрган, ўша жафоларни бошидан кечирган сиз каби жабрдийда шоир қалбида у тизгинсиз ғалаён қўзғаши табиий.
Ш.: —Албатта-да. Бу жафоларни сўз билан ифодалаш қийин. Ўша йиллар кулфатини аниқроқ тасаввур этиш учун ижодий уюшмамизнинг бир йиғинига бориш, баҳсу мулоқотлар сўнгида залда ёлғиз қолиш кифоя. Хаёл қилингки, боя дилбар шеъри, дарддош сўзи билан дилларни ўртаган шоирлар йўқ, носирлар йўқ энди, фараз қилингки, улар ҳибсга олинган, ўлик-тириги номаълум! Ахир, шундай бўлган-ку! Ўз кўзимиз билан кўрганмиз-ку шуни! Усмон Носир ҳибсга олинганида эндигина йигирма беш ёшга тўлган эди! Чўлпон ва Қодирийлар эса қирчиллама қирқ ёшида…
Абдулла ё Омонсиз, Рауф ё Солиҳсиз, Усмон ё Йўлдошсиз, Шавкат ё Азимсиз, бугунги навқирон носир ва шоирларсиз ижодий уюшмамизни, наинки уюшма, балки адабий муҳитни бир тасаввур қилинг! Худо кўрсатмасин, шу кунларда улардан ажралиб қолишни кўз олдингизга бир келтиринг! Дилингизда қандай ғалаён, қандай нафрат қўзғалар экан! Даҳшат эмасми бу? Даҳшат! Нуқул билиб-билмай «даҳшат!» деймиз биз, аммо ўша жудоликни тасаввур қилиш бошқа, кўриш бошқа! Шу маънода Ҳабибулла мерос қолдирган хотира қисса жон қадар азизки, кишини у ҳушёрликка, оламга сергак назар солишга ундайди, бир-биримизга меҳрибон, имони бут ва диёнатли бўлишга, ҳатто бошга қилич келганида ҳам рост сўзлашга бизни даъват этади.
Ғ. Ҳ.: — Асарни нашрга тайёрлашдан аввал, табиий равишда қўлёзма тақдирига турлича қарашлар бўлди. Халқимизнинг азалий таомилларидан келиб чиқиб, адабиёт тарихидан, бинобарин, шууримиздан жой олган шахсларнинг шароит нобоплиги туфайли қилган номақбул ишларни очиш уларнинг азиз номларига соя солмасмикин, деган истиҳолага ҳам бордик. Албатта, мураккаб даврларда ҳар қандай шахс умри силлиққина кеча қолмаган. Журналда чоп этилган ушбу асар ва муносабат ўша шахслар устидан чиқарилган ҳукм эмас, балки ўша давр юзасидан ҳукм деб қаралса тўғри бўлар эди. Қолаверса, қисса муаллифи Ҳабибулла Қодирий ҳам оламдан ўтди. Эндиликда унинг қарашлари марҳумнинг марҳумлар ҳақидаги фикрига айланди; қиссада номи тилга олинган биз билан ҳамнафас адиб ва шоирлар масаласига келсак, улар адолатнинг юзага чиқишига монелик қилмайдилар, деган умиддамиз. Зеро, адабиётимиз оқсоқоли Комил Яшин айтгани каби, ўттизинчи йиллардан тортиб, то эллигинчи йилларнинг бошларигача бўлган даврда бекорга азият чеккан, энг азиз умрларини бой берган ажойиб ёзувчиларимиз, олимларимиз ва санъаткорларимиз ҳақидаги бор гапларни билиш, жон сақлаш мақсадида уларга бўҳтонлар ёғдирган, туҳматлар уюштирган, фамилияларини яшириб, лақаб остида иш кўрган, Сжов, Апресян, Леонов, Оғабеков деган қонхўрларга ин ихлос билан хизмат қилган, таъқибга учраганарнинг ҳисобига яшаганлар кимлар эканини ҳамма, айниқса, ёш авлод билиб қўйсин!
Ш.: — Бошқалар қандай тушунса тушунар, лекин лен Яшин аканинг айтган гапларига юз фоиз қўшиламан. Ҳабибулла Қодирий шунча йил юрагида сақлаган ва ўлимидан олдин айтган охирги Сўзнинг тарбиявий аҳамияти мана шунда. Мен ўйлайманки, муаллифнинг нияти ҳам кимнингдир айбини очиш ёки уни шармисор қилиш эмас, балки оталар йўл қўйган хатодан келажак наслларни огоҳ этиш, шундай тойишлардан уларни сақлаш умидидир. Гапнинг ўроли келса отангни ҳам аяма, дейишади. Қаранг, қатли ом қилишда бемисл «кўрсаткич»га эришган ва беҳисоб лагерларга эга мамлакат сифаида СССР Гиннеснинг рекордлар китобида қайд этилган экан. Бу — нохуш, албатта. Бироқ юз минглаб зиёлиларнинг ҳасад ё ғараз туфайли ўша ерларда ёстиғи қуриганлиги маълум-ку! Бу — инсоният тарихидаги энг мудҳиш ва кечириб бўлмас фожиа-ку! Биз шу ҳақда сўз юритилса, нуқул айбни жамиятга тўнкаймиз. Лекин ҳалол одамларга ноҳақ айб қўйган, бировнинг умрига зомин бўлган кишиларнинг барчаси ҳам, афсус-надоматлар бўлсинки, айбларини мардона тан олишаётгани йўқ!
Аён бўлишича, дилбар шоир Усмон Носирга айб қўйганлардан бири Уйғун экан. Яқинда ундан сўрашибди: «Сиз ҳам ўшанда айбловчилардан бири бўлган экансиз, бу ҳол қандай юз берган? Ҳозирги фикрингиз қандай?» Шунда Уйғун қандай жавоб берибди денг: «Усмон Носир душман сифатида отилиши ҳақидаги айбловга қўл қўй десалар, қўл қўйишга ҳозир ҳам тайёрман!» — Нодира Рашидова «Адолат» комиссияси йиғилишида шу гапни айтса, мен ёқа ушлабман.
Замона хатоликларида мана шундай кишиларнинг ҳиссаси бор экан, демак, ундан ўзгалар воқиф бўлиши, ҳақиқатни билишлари адолатдан-ку!
Яна икки оғиз — «Қодирийнинг сўнгги кунлари» ҳақида: тарихий ҳужжатли асар бу. Инқилобдан то бугунгача бўлган даврни ўз ичига қамраб олган. Тили ширали ва равон, урф-одат, таомиллар тасвири, шароит ва одамлар, муносабатлар — ҳамма-ҳаммаси шу қадар дард ва маҳорат билан ифода этилганки, рости, мен ҳайратдан лол қолдим. Мусибатли йиллар ситами ҳақида мен ҳам «Тундаги қуёш» деб аталмиш насрий асар ёзаётган эдим, қарасам, Ҳабибулла Қодирий мен қоғозга тўккан дардларни жуда қойил қилиб битиб кетган экан. Хотира қисса тарбиявий хусусияти билангина эмас, балқи қора кунлар ҳақида айтилган рост СЎЗ сифатида ҳам биз учун қадрлидир.
Ҳабибулланинг кечинмаларига эътибор қилинг-а, ахир, дуч келган ҳар қандай фарзанд ҳам отаси қисматига бунчалар куйиб, ўзини фидо этавермайди-ку! Шарқона, гўзал хислат…
Асарнинг таҳсинга сазовор яна бир жиҳати — Абдулла Қодирий нечоғлик нозиктаъб, улуғ адиб эканлиги бизга аён эди, у битган ҳар бир асар — хоҳ ҳикоялари, хоҳ «Меҳробдан чаён» ё «Ўтган кунлар» бўлсин, фақат шу ҳақда сўзлар, бу мумтоз обидалар тенгсиз жозибаси билан кишини ҳайратга соларди, лекин уларни яратган зот аслида қандай шахс бўлган, бу бизга қоронғи эди. Хотира қиссани ўқир экансиз, солиҳ ва камтарин, кенгфеъл ва тўғригўй, олижаноб инсон кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ва бундан буён ҳам дилбар фазилатлари билан у бизга ибрат бўлиб қолишига ишонасан киши. Шунда Юсуфбек ҳожию Отабек, Кумушбибиларни ҳам элга суюмли этган мунаввар туйғулар, дилбар хислатлар бўлак бир хилқатдан эмас, балки Қодирийнинг ўзидан, юрагидан кўчганлигига беихтиёр иқрор бўласан.
«Қодирийнинг сўнгги кунлари» совет воқелиги фожиаларини далиллар асосида тавсифлаган асар. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин бўлса ҳам чиқар экан-да! Мана, бунинг ёрқин мисоли.
Ҳабибулланинг ушбу қиссаси Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодий фаолиятини изчил тадқиқ этишда бебаҳо манба бўлиб қолиши шубҳасиз.
Менинг тилагим шуки, Абдулла Қодирий, шунингдек, ўша қатли ом йиллари жувонмарг бўлган Чўлпон, Фитрат, Сўфизода, Усмон Носир каби ўнлаб сиймоларни кўрган-билган кишилар улар ҳақида гувоҳлик берсалар, ўзларининг холис муносабатларинй билдирсалар, фаол ёдномалар битсалар савоб бўлур эди.
Ғ.Ҳ.: — Шукрулло ака, академик шоиримиз Ғафур Ғуломни сиз устоз санайсиз. Хотира қиссани ўқигач, табиийки, шеърхонларнинг мўътабар шоиримиз шахсига (ижодига эмас, албатта!) нисбатан муносабатлари бир қадар ўзгаради. «Жавоҳирлар сандиғи»да Ғафур Ғуломни ёд этиб, эҳтиром ила битган сўзларингиз, демоқчиманки, шоир ҳақидаги фикрларингиз ислоҳ қилинадими ёки?..
Ш.: — Бу ғоят нохуш, кўнгилсиз савол. Қиссада анчайин гап айтилмаган, унда қайд этилган ҳужжатлар — улар фақат Ғафур Ғуломнинг ўзигагина тегишли эмас, албатта! — имони бут ҳар қандай одамни ҳам оғир ўйга толдириши муқаррардир.
Ошкоралик шарофати туфайли аввал кўпчиликдан пинҳон тутилган, вақтида «қайтиб очилмайди» деб ўйланган ҳужжатлар энди элу юрт ҳукмига ҳавола этилаётган экан, бу — яхши. Оқни оқ, қорани қора дейишга имкон туғдиради.
Абдулла Қодирийдек адибга нисбатан Ғафур Ғуломдек шоирнинг шунақа муносабатда бўлиши кимнинг хаёлига келипти дейсиз!
Ғ. Ҳ.: — 1951 йилнинг сентябрида ижодий ташкилотнинг кенгайтирилган мажлисида ардоқли шоир Мақсуд Шайхзода ва бошқа қатор «халқ душманлари»нинг тақдири масаласи кўриб чиқилган. Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг иккинчи бўлим, 66-моддаси бўйича Шайхзода иши юзасидан 1143-сонли тергов иши олиб борилган, орадан бир йил ўтгач, роппа-роса 21 сентябрда у ҳибсга олинган. Шоирга қўйилган айблардан бири — Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар билан яқин бўлганлиги. Шунингдек, Туйғун 1938 йили Чўлпонни миллатчи сифатида айблаб чиқиш қилгач, Шайхзода уни «ўз халқининг душмани» деган (Туйғун шундай гувоҳлик беради). Аюпов, Мирҳожиевларнинг кафолатича, Шайхзода «миллатчиларнинг раҳнамолари қамоққа олинишига бўлган надоматларини изҳор этган, халқ душманлари — Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев гўё ўзбек халқининг буюк арбоблари эканлигини исбот этишга уринган». Шу ва шу сингари айблар асосида Мақсуд Шайхзода йигирма беш йиллик муддат билан қаттиқ режимдаги қамоқ жазосига… ҳукм этилган.
Мақсуд Шайхзода ўзбек маърифати истиқболини бу қадар жонфидолик билан ҳимоя қилган экан, наҳотки уни, унинг ортидаги адолатни ёқлагувчи бирон бир киши топилмаса? Бутун бошли уюшма наҳотки бир аъзосини кафолатга ололмаса? Уюшмага ўша кезлар ким раҳбар бўлган ўзи?
Ш.: — 1951 йилнинг январь ойида мени ҳибсга олишди, Мақсуд Шайхзодани эса пича кейинроқ. Шунинг учун ҳам у киши ҳақида Ёзувчилар уюшмасида нима гаплар бўлган, муҳокама чоғи унга қандай айблар қўйишган — менга қоронғи бу. Эшитишимча, шоирнинг озодликдан маҳрум бўлиши ўша йилнинг кузига, аниқроғи, сентябрь ойига тўғри келган. Айни шу пайтда ижодий уюшмага ким раҳбарлик қилган, бу ҳам менга ноаён.
Ёзувчию шоирларни бўҳтон ва айблардан муҳофаза қилиш масаласига келсак, тўғри, биринчи навбатда адибларнинг ўзлари, шунингдек, уюшма, қолаверса, жамият, ҳуқуқ органлари бу иш билан машғул бўлишлари керак эди. Бутун фожиа шундаки, қама-қамани ижодкорлар эмас, ўша даврда қарор топган сиёсат ва номақбул шу усулни ўйлаб топган ҳукумат арбоблари бошлаб беришган эди. Бу аянчли жараён бутун мамлакат бўйлаб кечган, барча соҳанинг истеъдодлари, ишбилармонлари, ҳақсўз кишилари бу зуғумдан четда қолмаган. Бу билан мен: «Кимдир ноҳақ жабр чеккан бўлса, бунинг учун омон қолган ҳамкасблари, уюшма раҳбарлари жавоб бермайди, улар айбсиздир», демоқчи эмасман. Лекин барчани бирдай айблаш ҳам инсофдан бўлмаса керак. Гап шундаки, Қодирийни ҳам, Шайхзодани ҳам бегуноҳлигини айтган, ҳимоя қилишга уринганлар бўлган, афсуски, «йўқ, улар бизга ёт, душман!» деганларнинг қўли устун келган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор: биров «замоннинг бўлган-тургани шу-ку, рост гапни айтдинг нимаю айтмадинг — нима? Бари бир, ҳукумат билганидан қолмайди», дея тушкунликка тушиб, ўзини четга олган, бошқа бировлар жонининг ҳузурини ўйлаб, ошкора туҳматга юз бурган, мунофиқлик қилган. Иккинчи ҳолатда шубҳасиз, қора ҳасад, шахсий ғараз ва адоват, амалга интилиш каби иллатлар асосий омил бўлган. Қўрқиб, виждонига, дўстларига хиёнат қилганлар ҳам йўқ эмас.
Қабиҳ гувоҳлар орасида «истеъдодлар қатағон қилинса, рўёбга чиқамиз» деган илинждаги ўртамиёналар ҳам, «мақтовни бутунисича оладиган бўлдикда» деган ўйдаги талантли шуҳратпарастлар ҳам бўлган. Тадбиркор ҳасадгўй ниҳоятда хатарли. Асли қассоб жаллодга нисбатан олимдан чиққани хавфли, оддий одам билиб-билмай жиноятга қўл урса, ақлли киши мунофиқлик қилиши, баландпарвоз гаплар айтиб ўзгаларни чалғитиши муқаррар. Ишбилармон, ёвузлиги пинҳон ичиқорадан зинҳор ва зинҳор хиёнаткор чиқмасин, бундайлар истеъдоднинг, элнинг, жамиятнинг шўридир!..
Кўнгилсиз у кунларни эслаш ниҳоятда ортиқча ташвиш. Аммо эслашнинг зарурати шундаки, кишиларни маънавий покликка ўргатмасдан, жамиятда адолат ўрнатиб, ноҳақ жабрланишлардан қутқариб бўлмайди.
ИЗОҲ: «Шоир ва драматург Уйғун ташкилотчи ва жамоат арбоби ҳамдир. У 1951—1954 йилларда Ўзбекистон ССР Ёзувчилар союзининг раиси вазифасида ишлади. Бир неча бор Ўзбекистон ССР Олий Советига депутат қилиб сайланди» (“Ўзбек совет адабиёти” дарслиги, 1983 й).
Ғ. Ҳ.: — Шукрулло ака, 1937 йил 16 апрелда бўлиб ўтган Ўзбекистон Совет Ёзувчилар уюшмасининг мажлисида, Чўлпон жумладан шундай дейди: «… «Ҳамлет» Лондонда ҳам довруғ бўлди, лекин бирор жойда таржимони эслатилмади. «Она»нинг таржимасида эса таржимон исмини техник редакторлар қаторида қўйишди. «Ҳамлет» Ўзбекистонда ҳам, Москвада ҳам муваффақият топаётган бир пайтда ўртоқ Тўрақуловнинг мақоласи чиқди.
Мен русча насрий таржимадан ағдарган бўлсам, у Лозинский таржимасини олиб мени сўкди… Ҳеч бир совет матбуотида ишлатилмай турғон терминлар билан сўкади. Менга газетада ҳимоя учун етарли имкон беришмади. Фақат қисқагина хатимни бериб, жавоб ёзишга ҳам йўл қўйишмади…»
Чўлпоннинг таъна-маломати Миртемир домланинг ҳикоясини эслатди менга. 1978 йил бўлса керак. Ёзнинг илк кунлари. Эрта-индин пушкинхонлик бошланади, деган кезлар. Биласиз, бу шоир шеъриятидан ўгирилган дилбар намуналар Миртемирнинг қаламига мансуб. У киши билан «Тошкент оқшоми» учун суҳбат ҳозирлаш ниятида ҳузурига бордим. Оқсоқол савол-жавоблар сўнгида ҳориди шекилли, «юринг» деди-да, ҳовлига чиқди, кечмишидан, қамоқ жафоларидан ва, ниҳоят, қайсидир район ўт ўчирувчилари нишонига сазовор бўлганидан сўз очди, гап айланиб келиб Чўлпонга, унинг Шекспирдан қилган таржималарига тақалди. «Бир оқшом Фалончи Писмадончи шундоқ уйга кириб келдилар, андак кайфлари ҳам бор эди, қўлларида қандайдир қўлёзма десангиз. «Мана шуни устидан бир кўриб, форсий, арабий сўзлардан тозаласангиз!» — менга юмуш айтдилар. У кишининг ўтинчини ихлос билан ўтар эдим, шу боис розилик билдирдим, кетдилар, қўлёзмани қўлимга олдим, не кўз билан кўрайки, Чўлпоннинг Шекспирдан таржимаси. Юрагим бир увишди. Қалам тегизишга сира ҳаддим бўлмади, йўлига — қайта бошдан кўчириб чиқдим. Уч-тўрт кунни ўтказиб у киши яна ташриф буюрдилар, андак ширакайф эдилар. «Хўш?» дедилар, юмуш ўталганини айтдим ва қўлёзмани олиб чиқдим.
Орадан кўп ўтмай шу таржима у кишининг номи остида ёруғлик кўрди. Ажабки, ундаги на форсий, на арабий сўзлар хусусида бирон кимса бир сўз дегани йўқ. Ҳолбуки, Чўлпон шу сўзларни ишлатгани учун таёқ остида қолган, халқ душманига чиқиб, репрессия қилинган эди…»
Чўлпон юқорида бир неча асарларни ағдарганини айтган. Уларни чоп этиш, Чўлпоннинг ва халқнинг мулкига айлантириш мавриди келди деб ўйлайман. Ҳа, дарвоқе, «сайёр» таржималар ҳақида давралардан давраларга гап кўчиб юради. Кўпни кўрган оқсоқол сифатида бу масалага сиз қандай қарайсиз?
Ш.: — Ҳар қандай ижодкор ҳам бировнинг таржимаси ва ёки асарини дабдурустдан ўзлаштиришга журъат эта олмайди. Қамалиб кетган ҳамкасбининг асарини, борингки, таржимасини «энди у қайтиб келмайди!» деган хаёлда ўзиники қилиш, исму шарифини қўйиб (ёки шунга рози бўлиб) чоп эттириш қароқчиликдан баттар. Жиноят бу, жиноят! Мен шундай деб ҳисоблайман…
Ғ. Ҳ.: — Шукрулло ака, нечундир сиз ҳатто ўша кезлар — азоб-уқубатлар, жабру жафолар сўнгида ҳам юрагингизни ўртаб ётган дарду оҳни рўйи рост қоғозга тўкмагансиз, аксинча:
Мунчалар оромбахш Сибирнинг тонги!Гўзалликка тўла, оҳангга тўла, —
деб ёзгансиз «Сибир тонги»да. «Россия»да эса шундай сатрлар бор:
Мен ётган уй гўзал СибирнингБир чеккаси, узоқ бир қисми…
Мен ўша кезлар чиққан шеърларингизни, эллик саккизинчи йилги «Танланган асарлар»ингизни бир-бир ўқиб, рости, сизни қамашга асос бўлгулик бирон-бир сатрни учрата олмадим. Байроннинг «йиғлаётган қизга» аталган шеърини, афтидан, энди қамоқдан чиққан кунларда ўгиргансиз, ёлғиз шу асар дилингизга дилдошдек туюлди менга.
Йиғла, бахтсиз малика, беҳад,Қаҳр қилди юртингга тангри.
Сен оқизган кўз ёшлар шояд
Гуноҳини ювса отангнинг.
Йиғла! Сенинг илтижоларинг
Етар халқинг — жафодошингга.
Шу орқапушт беради таскин
Оққан ҳар бир томчи ёшингга.
Ш.: — Республика Хавфсизлик органи ҳибсхонасида ётган чоғим — қоғоз йўқ, қалам йўқ — шу боис хаёлан Гётенинг «Умид» шеърини таржима қилдим:
Ёлвораман умид париси,Иш чоғлари менга бўлгил ёр!
Тугатмасдан ишнинг барисин,
Толиқишга эрк берма зинҳор! Ишонаман! Рўёбга чиқар
Таскинларинг кетмай беҳуда:
Умид билан суқилган таёқ
Меҳнат, чидам натижасида
Бир кун берар мева ва япроқ.
Қийналган кезларим бу асар менга далда бўлди, эртанги кунга умид ва ишонч билан қарашга ундади. Бундай пайтлар «энди нима қилдим?» деб ўйлайверсанг, сил бўлиб кетасан киши. Қолаверса, ҳеч маҳал ўзимни гуноҳкор деб билмаганман. Эртадир, кечдир, ҳақиқат юзага чиқар, бу ноҳақлик узоқ давом этмас, деган илинжда яшаганман. Ахир, зулм кўрган ёлғиз мен эмас, минглаб, миллионлаб кишилар эди.
Ётиғи билан айтсам, хуллас, ҳукм эълон қилинди ва бизни қизил вагонга тиқиб, қайгадир жўнатишди. Қозоғистон чўллари ортда қолгач, фаҳмладикки, Сибирь сари кетаётирмиз. Ҳар ҳолда, рус ўрмонлари бепоён, у хаёлингни чалғитади, яшиллик, ҳар қалай, таскинми, юпанчми, кўзга оромми беради. Лекин маҳбуссан, назоратчи ҳукмига итоат этишга маҳкумсан, она табиат қўйнига шўнғиб кетолмайсан. Шу армонлар қайноқ ёш бўлиб кўзларингдан сизиб чиқади. «Россия» ўша кечинмаларнинг, эркка чанқоқликнинг меваси асли. Фақат мен уни 1953—1958 йилларда битганман. У пайтлар бошқача ёзиш мумкинмиди, ахир?!
Вужудимни тилиб, тилка-тилка айла,Виждонимни сотмайман,
Халқ дардини жойладим дилга,
Ўлдир, ўлимдан ҳам қайтмайман…
Ушбу сатрлар 1939 йилда ёзилган. Шоир ҳар қандай шароитда ҳам юрагини ўртаб ётган дардни қоғозга тўкади, бироқ бундай асарлар вақтида матбуот юзини кўрмайди, муайян қийинчиликлар билан чиқади…
Замон шундай эдики, салбий ҳодисалар, иллатлар, жабр-зулмлар ҳақида шеър ёзиш у ёқда турсин, ҳатто ўйлашга ҳам қўрқардинг! Мабодо шу каби хаёл дилингдан кечса борми, тағин оғзимдан чиқиб кетмасин деб юрак ҳовучлар, ваҳму аросатда қолар эдинг! Давр туғдирган энг оғир фожиа шундаки, кишилар кўрган-билганини рўйи-рост ёзишдан, наинки ёзишдан, хаёлан муҳокама қилишдан маҳрум бўлиб қолишган эди!
Сталин, Жданов, Бериянинг номини эшитган заҳоти ваҳм босадиган кишилар йўқ деб ўйлайсизми?! Бор, ҳатто ҳозир ҳам! Ўша мудҳиш асорат излари ҳали-ҳали буткул ўчиб кетгани йўқ…
Ғ. Ҳ.: — Сталиннинг сўнгги қатлиомига ҳам, мана, қирқ йилча бўлди, қанча сувлар оқиб ўтди, лекин вақт ўтган сари бу фожиа атрофидаги баҳсу мунозаралар, нуқтаи назарлар тўқнашуви шиддатли тус олмоқда. Эндиликда бу фалокат сунъий равишда бошлаб юборилганлиги ва муайян режа асосида осию ноосий қатағон қилинганлиги равшан. Ҳатто шу даражага борилганки, аниқ кўрсатма белгилаб қўйилган: обком котиби қирқта, райком котиби йигирмата «ички душман»ни тутиб бериши лозим. Бунинг сирлиги қолмади энди.
Вақтида Туркистон Ўлка Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси полковник Бычков Ҳабибулла Қодирийга шундай дейди: «Бир куни менга кекса бир аёл ариза кўтариб келди. Аризада аёл эрининг ҳақсиз отилганлигини, ишини қайтадан текшириб, оқлашларини сўрайди. Мен ариза бўйича унинг делосини топтириб, танишиб чиқдим. Аёлнинг эри Туркистон Ўлка ГПУсининг махсус ишлар бўйича бошлиғи бўлган экан.
Терговчи айбдор(ГПУ бошлиги)ни: «Сен махсус давлат топширигини бажармадинг!», деб айблайди.
Айбдор жавоб қилади: «Ахир менга Туркистон ўлкаси бўйича саксон минг одамни қамаб, отишга буйруқ берилган эди! Мен бу буйруқни тўла бажардим-ку!»
Ҳатто шундай нокас ҳам гарчи садоқат кўрсатиб саксон минг одамнинг ёстиғини қуритган бўлса-да, бари бир, саксон минг биринчи ўқдан ўз жонини асраб қололмаган!
Бу фожиа XX асрда, ер юзидаги энг инсонпарвар жамиятда, яъни бизнинг мамлакатда содир бўлган.
— Мустабид шоҳ ўлди! — Берия 1953 йилнинг баҳорида — ҳали Сталиннинг жони узилмайтуриб, тағин унинг нақ бош-учида худди шундай деган. Орадан ярим асрча вақт ўтиб, нари борса, шу гап шарҳланаётир, лекин Сталиннинг мустабидлиги, бунинг замирида ётган асослар Берияга маълум бўлганчалик аён эмас бизга.
Бундан бир неча йил муқаддам Белграддаги китоб растасида бир суратга кўзим тушди, у китоб муқовасига солинган бўлиб, ўша кезлар Тошкентдаги қайси этикдўзнинг дўконига кирманг, деворга осиғлиқ шу суратни кўриш мумкин эди: Иосиф Виссарионович Сталин.
Нечундир китоб жилдидаги сиймо зардобга ботиб кетаётгандек туюлар, устига устак сурат қамоқхона рамзи бўлмиш панжара билан бўлиб ташланган эди, шубҳасиз, бу дилда оғриқ қўзғаган, ҳақорат каби туюлган. Негаки, ҳали биз Сталиннинг асл қиёфасини югославларчалик, ўша суратни ишлаган мусаввирчалик билмас эдик. У ҳақда ота-бобомиздан неники эшитган бўлсак, шунга таянар, кексалар эса эллик олтинчи йилга қадар радио карнайлари қулоқларига қуйган гапларни ҳамон кўтариб юришарди. Улар ҳатто Никита Хрушчев ўттиз йил бурун, яъни Биринчи котиб бўлган пайтлари партия съездида сўзлаган, хорижий мамлакатларда аллақачон чоп этилган «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида»ги докладдан ҳам бехабар эдилар. Зеро, унинг совет матбуотида юз кўриши учун роппа-роса ўттиз уч йил керак бўлди. Қолаверса, шу матбуот Сталин ҳокимият тепасига чиққач, яъни 1924 йилдан бошлаб уни мадҳ этган, сўздан маҳобатли ҳайкал тиклашган; «Сталин бизни халққа содиқ ўстирди, Мардликка, меҳнатга бизни руҳлантирди…»
Матбуотнинг қайси гапига ишонсин кишилар: кечаги ҳамду саносигами ва ёки бу кунги айбловларига?!
Шу йилнинг бошларида адабиёт газетаси бош муҳаррир муовини Иброҳим Ғафуров менга буюртма айтиб, қўлимга беш юзтача хат тутқазди. Мақола Иосиф Сталин ва у халқ бошига келтирган кулфатлар ҳақида бўлиши, уни ёзишда ўша мактубларга таянишим лозим эди. Гап шундаки, газетада «Ҳа, разолат рамзи сифатида қолади» деган мақола чиққач (унда Сталин шахсига муносабат билдирилади), редакцияга хат ёғилиб кетган, уруш қатнашчиси дейсизми, ўн саккиз яшар қиз дейсизми, ишқилиб, жамики фаоллар бирдан оёққа турган, мақола муаллифини хатбўрон қилишган, таъна ва маломатга кўмиб ташлашган эди. Албатта, бамаъни гаплар ҳам оз эмас эди уларнинг ичида: «Тириклигида мақтаган эдинглар-ку, энди айблаяпсизларми?!.»
«Сталин даврида ўғри бўлмаган…» «Одамлар жиноятга қўл уришдан чўчишарди». «Амал сотиб-олиш, тамагирлик йўқ, арзончилик эди…» — ўша хатлар шу ва шу каби эътирозлардан таркиб топган бўлиб, Сталин фаолияти деярли ёқланган эди.
Бу борада ҳакамлик қилишга ожиз қоласан киши: у даврни кўз билан кўрмагансан, ахир. Лекин ўшандан бери ҳам Ленин вафотидан кейинги йиллар, якка ҳокимлик, тойишлар, йўқотишлар ҳақида озмунча маълумот эълон қилинмади. Улар Сталин фаолиятининг қатли ом ва қисман Ватан уруши билан боғлиқ томони ҳақида бирмунча тасаввур беради.
Эҳтимол, ўша пайтлар жиноят чиндан ҳам кам, ўғри эса бўлмагандир? Лекин гап қатли ом ҳақида-ку! Даҳшатли бу механизмни Сталин ишга солганлиги ҳақида-ку! Буни унутмаслик, унинг тарафини олишдан бурун жамият ва одамлар қалбида у қолдирган мислсиз жароҳатга бир назар ташлаш лозим.
Сталинга хайрхоҳ кишилар билан эҳтимол ҳозир ҳам чиқишиб бўлмас?! Чунки ўша даврнинг ҳақиқий башараси республика матбуотида тугал аксини топганича йўқ ҳали, андишали халқмиз-да, марҳумлар руҳини безовта қилмайлик деймиз, гарчи улар кўзи тириклигида минг-минглаб кишиларни сил қилган, ёстиғини қуритган ва дарё-дарё қон оқизган бўлишса-да. Қамоқхоналарда хазондай сарғайган Анна Баркова бежиз нола чекмаган:
Кўрдик, бор кўргулик ўтди юракдан,Калтак ва ўқ едик, шундай соврилдик.
Шунча тубан кетди бу ёвуз Ватан
Болалари шунда бўлмасми ёвуз?!
Сталин мустабидлиги ва унинг замирида ётган омиллар тадқиқи биз сув ичган дарёлар қаёқдан келиши, булоқбоши қаерда эканлигини, жиллақурса, ўша тузум табиатини ўзида намоён этади-ку.
Сталиннинг хизматларидан кўз юммаган ҳолда нега у айнан шу йўлни тутди? Ҳокимиятни сақлаб қолиш учунми? Кишилардаги ортиқча фаолликни, юртга ортиқча меҳрни, ортиқча курашчанлик ва эркни маҳв этиш учунми? Уларнинг кўзини қўрқитиш, ўз шахсини кўтариш учунми? — ҳаммасини: ўрта ва қуйи қатламда кимлар унга шерик бўлди ва бу жараён қай тарзда кечди? — бор ҳақиқатни айтиш керак. Шундагина шафқатсиз жазога мустаҳиқ бўлганлар хотираси олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Бу муқаррар кечадиган жараён.Мудҳиш асоратни юракда сақлаб яшаш оғир.
Фёдор Достоевский, қон тўкиш эвазига қўлга киритилган ҳар қандай йўл раэолатга олиб боради, дейди. Беҳисоб қонлар тўкилди, шу ҳисобдан яшалди ҳам. Жамият изоляторга айланди ва кишилар ташқи оламдан узиб ташланди. Қайта қуриш шарофати туфайли Марказий телевидение хорижий илғор мамлакатлар, асрдошларнинг иш усули ва турмуш тарзидан бизни огоҳ этаётир. Шунда беихтиёр уларнинг тафаккур олами, дунсқараши, содда қилиб айтганда, шахснинг камолоти замонага уйғун эканлигини ҳис этасиз. Бизлар, ҳар қалай, турғунлик палласида униб-ўсдик, демакки, таълим ноетук. Сизлар, Шукрулло ака, эллигинчи йиллар репрессияси таҳликасида улғайдингизлар, маънавий жароҳат ҳамон битмаган. Унгача бўлган авлод беомон қирғиннинг гувоҳи бўлган — ўттиз еттинчи йилнинг фарзандлари. Модомики, шундай экан, истаймизми-йўқми, шахснинг камолоти жоҳил муҳитдан кечган, бундан кўз юмиш ҳеч мумкин эмас, у аросатда яшаган.
Ҳаёт эса инсонга бир марта берилади!
Бу авлодларнинг чала, фожиий кечган ҳаёти учун, ахир, ким жавоб беради?!
Ш.: — Тангрим, ўзинг, ўзинг ёрлақа,Ўзингдан ҳеч ўзга мадад йўқ!
На дўстим бор, на дард тингловчим,
Ўзингдан ҳеч ўзгага ҳад йўқ!
Ўттиз еттинчи йил кишисининг чорасизлик зулмига ботиний исёни бу!
Бизнинг бутун фожиамиз эътиқодсизлик, жамият Ёлғоннинг устида туриб қолганлиги (мен Сталин даврини назарда тутаман) билан изоҳланади.
Ошкоралик. Нима дегани бу? Менимча, шу пайтга қадар энг аянчли муаммоларни ҳам пинҳон сақлаб келдик, дегани. Яшириш — мавжуд нарсани номавжуд дейишдир. Аслида бор бўлган нарсадан кўз юмиш ёки уни ниқоблаб яшаш риёкорлик-ку, ахир!
«Танқид келажакнинг меваси!» — шундай ақида бор. Дастлаб уни Сталин ўртага ташлаган. Хўш, танқид келажакнинг меваси экан, биз нимани танқид қилишимиз керак? Нуқсон ва иллатларними?! Одатда, шундай бўлиши лозим. Айнан шу йўлни тутган арбоблар, ижодкорлар не кўйга тушишди?
Эътибор қилинг: «1946—1948 йилларда ВКП(б) Марказий Комитети адабиёт ва санъат масалалари юзасидан муҳим қарорлар қабул қилди. Бу қарорлар, айниқса, «Звезда» ва «Ленинград» журналлари ҳақида» (1946 йил 14 август) ҳамда «Драматик театрларнинг репертуарлари ва уни яхшилаш тадбирлари тўғрисида»ги (1946 йил 26 август) қарорлари адабиёт тараққиёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Партия Марказий Комитети совет адабиётининг кучи унинг партиявийлиги ва халқчиллигида эканини алоҳида кўрсатиб ўтди ва галдаги вазифаларни белгилаб берди…
Қарорда ғоясизлик, маслаксизлик совет адабиёти учун ёт, халқ манфаатлари учун зарарли экани таъкидланди.
«Дунёда энг илғор адабиёт бўлган совет адабиётининг кучи шундаки, — дейилади қарорда, бу адабиётнинг халқ манфаатларидан, давлат манфаатларидан бошқа манфаатлари йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — бу унинг дарсликдаги изоҳи. Марказий Комитет секретари А. А. Ждановнинг ғоясизлик ва космополитизмга қарши докладидан, бу қарорлардан кейин ўша ҳақсўзлар бошида яна таёқ сина бошлади. Шеърият, умуман, адабиёт ўлди. Сиёсатдонлар сара асарларни айблашга тушишди. Жумладан, менинг «Денгизда бир тун» шеъримга ҳам тамға босилди: «Унда меҳнат кўрсатилмай, қуруқ денгиз манзараси мақталган».
«Альбомга», «Сонет», «Тасодиф» каби тизмаларни эллик еттинчи йилдан сўнггина тўпламларимга киритиш мумкин бўлди.
Айни навқирон пайтимиз уруш бошланди денг, «Гулистон», «Ёш куч» ва бўлак нашрлар тақа-тақ ёпилди. Ғалабага ундовчи асарларгина «Қизил Ўзбекистон»да чоп этиларди, холос. Айни пайтда. истаган киши сенга истаган айбини қўйиши мумкин эди. Республика Компартияси Марказий Комитетининг ўша кездаги котиби М. Ваҳобов «Қизил Ўзбекистон»да менинг асаларимни ғоясизликда айблади, маломат қилди, шу ва шу каби даъволар охир-оқибат репрессия ўпқонига мени тортиб кетди. Ўзинг ҳақсан, бироқ қани энди шуни исботлаш мумкин бўлса!
Ёшлар ўша даврни, тангликни, жаҳолатни яққолроқ тасаввур қилишлари учун «Огонёк»ка, Юрий Карякинга мурожаат қилсам: «Бошқирдистон обкомининг фавқулодда пленумида Жданов гапни қисқа қилди. Айтишича, «раҳбариятни назоратдан ўтказиш» учун келган. Тайёр қарорни ўқиди у: «Марказий Комитет қарор қилади — Бикин ва Исанчурин (биринчи ва иккинчи котиблар — Ш.) ишдан бўшатилсин…» Пленум тугашини ҳам кутмасдан Бикин ва Исанчуринни залдан олиб чиқиб кетишди. Бикин: «Менинг ҳеч қандай айбим йўқ!» деб қичқиришга улгурди, холос. Исанчурин мардона турди: «Бикинга ишонганман, ишонаман ҳам». Ҳар иккаласи ҳам отиб ташланди. Шунингдек, Бикиннинг иккиқат хотиниям отилди».
Биз ана шу қаттолнинг — Ждановнинг тасарруфида ижод қилдик.
Аёлга, онага, ҳатто ҳали ёруғ дунёга келмаган гўдакка қарата ўқ узган Даврда яшадик…
У кунлар ҳеч қачон қайтмасин, ўша ситамлар ҳатто душманимизнинг бошига ҳам тушмасин!
Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ дегувчи, рўшнолик кунларга ҳам тезда мослашиб олувчи ждановчилар, сталинчилар ҳалиям йўқ эмас, улар қатли ом қилган, ўзгалар азобидан роҳат олган, шундайларнинг нуқси бола-чақамизга урмасин!
«Асли биз тўғри йўл тутганмиз!» деб улар кенжа наслда асорат қолдиришмасин. Маҳв этилган авлодлар ҳаққи, инсоф, адолат ҳаққи келажакни риёдан сақлаб қолайлик. Шунинг учун ҳам, хатоликлар қайта бошдан такрорланмаслиги учун ҳам Ёлғондан юз ўгириш, диёнат билан яшаш керак бўлади! Зеро, донишманд айтган: ҳамма нарса бой берилган тақдирда ҳам олдинда келажак бор ҳали!
Ғ. Ҳ.: — Таскинбахш сўзларингиз учун раҳмат, Шукрулло ака.
Ўзбекистон ССР Прокуратурасига сим қоқиб шуни биз аниқладикки, дастлабки маълумотларга қараганда 1930—1950 йиллар мобайнида Ўзбекистон территориясида фаолият кўрсатган учлик (тройка) чиқарган қарорлар оқибатида 18 минг 652 киши жабрланган. Шундан 6 минг 38 киши ўлим (отиш) жазосига ҳукм этилган. 1987 йилнинг августидан 1988 йилнинг майига қадар икки мингдан зиёд кишининг иши кўриб чиқилди, улар айбсиз деб топилди ва оқланди. Навбатда турган ишлар кўрилаётир, бу жараён ҳали давом этади.
Мавриди билан биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Суҳбатни Собир Ўнар ёзиб олди
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 7-сон