• Эшикнинг борлиги, бу — ундан ҳамма ҳам киравериши мумкин дегани эмас.
• Сассиқ алаф ҳам гул. Унинг ҳам ошиқлари бор.
• Чиқиндилар ичида нимани кўрсак кўрайлик, аммо… бешикни эмас!
• Тўнғиз қувса қочган маъқул.
• Ер меъёрини билиб бир текисда ҳаракатлангани учун ҳам миллиард йиллардан бери ҳаракатдан тўхтамаяпти.
• Кўп фарзандли бўлиш асл бахт эканини ўз вақтида билганимда эди…
• Умрим бўйи авлиёларни учратдимми ёки йўқми – билмадим, лекин авлиёликка давогарларни жуда кўп кўрдим.
• Пулни ҳаром деяётганларнинг кўпчилиги уни бошининг тагига қўйиб ётади.
• Фикрлашдан тўхтаган куним қарилигим бошланади.
• Муҳаббатдан бошқа ҳеч нарсанинг эшигини уч мартадан ортиқ тақиллатманг.
• Яхши китоб – беғараз устоз.
• Ўқиган китобингиздан бир жумла бўлса ҳам ёзиб қўйинг.
• Заҳар ҳам, ғазаб ҳам ўз ўрнида керак.
• Исботингиз бўлмаса, ҳеч нарсага шубҳа билан қараманг.
• Эртакларни ўқиб туринг, ёшлигингизга қайтасиз.
• Ақл ва виждон ёлғон гапирмайди.
• Ўзингиздан кечирим сўрашни ҳам билинг.
• Ўзингизни кечира билишни ҳам ўрганинг.
• Инсонни ҳайвондан тил эмас, номус ва виждон фарқлайди.
• Инсоният қачонлардир ўзини албатта англайди.
• Барча дардлар ичида бедавоси ҳасаддир.
• Ота қадрдонларини зиёрат қилиш – отанинг зиёратига тенг.
• Дўст ҳам, душман ҳам борлигига ишонинг.
• Муҳаббатни ҳисобга олмаса, сўздан кучли нарса йўқ.
• Ҳеч қачон ҳеч кимга сиғинманг.
• Отаман, онаман, фарзандман дейишга ҳамма ҳам ҳақли бўлавермайди.
• Меҳрли одамларга ҳавас қилинг.
• Дўстларим – таянчим, душманларим – қувватим.
• Йўлга чиқишнинг ўзи – ярим масофани ўтмоқдир.
• Келинлик либоси бўлмаса, қандай куч қизларни бегона остонага етаклаб кирган бўлур эди?
• Чин муҳаббатда у сизники эмас, сиз уники бўласиз.
• Ким нимага зор бўлса, шу ҳақда кўпроқ гапиради.
• Афсус, кўпинча туҳмат ғолиб келади.
• Олтин зангламайди, лекин пачақланади. Ундан турли шаклдаги безаклар ясаш мумкин.
• Менга бахт-саодатга етаклайдиган ҳақиқатнигина беринг.
• Яхшилик уруғини кўп сепдим, лекин онда-сонда битта-яримтасигина мева бергандек бўлди.
• Яхшилик уруғининг мингдан бири ниҳол берса, ёмонлик уруғининг ҳар бири минглаб ниҳол беради.
• Кўплаб дўстларим душманга айланганини кўрдим, аммо бирорта душманим дўстга айланмади.
• Нимани астойдил ният қилиб интилсангиз, шунга албатта эришасиз.
• Энг яқин дўст ҳам, энг катта душман ҳам фақат ёлғиз ўзингиз.
• Инсонни инсон қилган меҳнат эмас, муҳаббатдир.
• Мен ҳавас қиладиган одамлар жуда кўп ва ҳар куни уларнинг сафига яна бир талайи қўшилиб боради.
• Баъзан билим ожиз бўлган ҳолларда ўқитувчиларимни эслаб қўяман.
• Бирор масала бўйича ким биландир тортишганда ўзимни доно сезаман, қолган пайтларда эса нодон.
• Меҳр кунда, ғазаб кунида керак.
• Бошига кулфат тушган одамнинг маслаҳат сўрагани – ёрдам сўрагани.
• Отангиз кўрсатган йўлга ҳам ўйлаб қадам қўйинг.
• Битта гугурт қутиси ҳар хил кўриниши мумкин. Бу унга қайси томонидан қарашимизга боғлиқ.
• Ёш бола ёш боладек, катта одам катта одамдек бўлсин. Аксинча бўлса, ундан ғалати нарса йўқ.
• Ҳеч ким менчалик севмаган, деган хулосага келмагунингча чин муҳаббатга эришмаган бўласиз.
• Муҳаббатга енгил қарашдан ортиқ енгилтаклик бўлмаса керак.
• Энг катта ютуқларим одамларга бўлган ишончим ва ишончсизлигим натижаси. Энг катта омадсизликларим ҳам одамларга ишончим ва ишончсизлигим оқибатидир.
• Баъзан мен одамларни танимай қоламан, баъзан одамлар мени танимай қолишади, баъзан ўзимни ўзим танимай қоламан.
• Агар ўзим қарашиб юбормасам, ҳеч ким мени йўлга сола олмаган бўлар эди…
• Биринчи бўлиб, астойдил салом бериш лаззатини бегона қила кўрманг.
• Қудалар қадрдонинг ҳисобланади, лекин йўлингиз тушиб қолса ҳам қуданикига кира берманг!
• Агар бирор кимсада қасдингиз бўлса, менга айтинг: соатлаб ҳол-аҳвол сўраб тинка-мадор қуритадиган ўта сергап танишим бор, шунга рўпара қилиб қўяман.
• Эшик ўзингизники бўлса ҳам, ғижирлагани ёқмайди.
• Тегирмон тошининг оғир эканлигини билиш учун тегирмончи бўлиш шарт эмас.
• Битмайдиган ишнинг ўзи йўқ, лекин қачон битиши номаълум.
• Ҳақиқат кимга юмшоқ, кимга қаттиқ.
• Ҳар қандай сўз фикрнинг, ҳар қандай иш фикр ва сўзнинг кўланкаси.
• Ҳар қандай яхши фикрдан ҳам яхшироқ фикрлар бўлади.
• Инсонни чексиз илм уммони ўраб туради. Уни кўра билиш кера, бунинг учун уни билимга айлантириш керак.
• Аниқ далилингиз бўлмаса, ҳеч нарсани инкор этманг.
• Яхши, ёмон олим бўлади. Аҳмоқ олим ҳам бўлади.
• Икки оғиз гапини эшитмай туриб, кишига баҳо берманг.
• Рўпарангизда инсон турганини ҳеч қачон унутманг.
• Муҳаббат олами эшиги ҳеч кимга қулфланган эмас, лекин ушбу эшикни ўзингиз очишингиз керак бўлади.
• Ҳеч ким ўзингизга ўхшамайди. Ҳаттоки ўзингиз ҳам кечаги ўзингизга ўхшамайсиз.
• Гўзалликни сезган кунингиздан бошлаб инсонликки қадам қўйган бўласиз.
• Мен ўзимнинг ким эканлигимни билишга бутун умримни бағишладим.
• Оппоқ кўйлак ҳаммага ҳам ярашадиган кун албатта бўлади.
• Умрим ўтиб борган сари фикрим навқиронлашиб борганига гувоҳман.
• Ота келар ошиқиб, ризқни бошлаб эшикдан.
• Сойлардан баҳра олиб дарёлар пайдо бўлур.
• Муваффақиятга эришиш учун энг аввало ўзингизнини аяманг.
• Ҳам режалик бўлинг, ҳам ҳимматли.
• Сариёғ бузилса, туз сепилади, туз бузилса, нима сепилади?
• Тўйнинг катта-кичиги бўлмайди. Тўйга қилинган сарф-харажатнинг катта-кичиги бўлади.
• Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, чиройни ҳам яшириб бўлмайди.
• Болаларингиз тарбиясидан кўра набиралар тарбиясига вақтингиз кўпроқ бўлади.
• Бефаросат одамга сўз билан уқтиролмаган бўлмаган фикрингизни фаросатли одамга озгина ишора билан етказиш мумкин.
• Бир оз иллат аралашган пўлат пўлат эмас.
• Одамнинг соддаси бўлмайди, содда кўринишдаги одамлар бўлади.
• Дўстим йўқ десангиз, дўстингиз бўлмайди, тинчим йўқ десангиз тинчингиз бўлмайди, ҳеч нарсам йўқ десангиз ҳеч нарсангиз бўлмайди.
• Бу дунё мисоли жаннат ҳамда дўзах ўртасидаги қилкўприк, гоҳо унисига, гоҳо бунисига тушиб кетай дейсиз.
• Олтиннинг ҳам сифат даражаси бўлади.
• Катталар уришганида ёки ёмон муомалада бўлганида ёш болаларнинг кек сақламаслигига қойил қоламан. Бу улар қалбларининг ниҳоятда соф ва соғломлигидан бўлса керак. Қанийди бизлар ҳам шундай бўлсак…
• Озга қаноат қилган одамнинг кўпга қаноат қилмай қолгани кишини ҳайратга солади.
• Ер думалоқ эканини ҳамма билади, лекин Ер думалоқ эмаслигини ҳамма кўради.
• Барча яхшиликлар муҳаббатдандир.
• Ўғрининг миллати бўлмайди.
• Одамнинг кўнглини топиш қийин, йўқотиш осон.
• Инсониятни мардлик ва гўзаллик тараққиёт томон бошлайди.
• Ердан топасан, ерга қараб юр, аммо ҳамиша тепангга қарашни ҳам унутма.
• Муштуми бақувватни эмас, юраги бақувватни мард дейдилар.
• Суқротнинг сўзини айтиш учун Суқрот бўлиш шарт эмас.
• Баъзи бир куёвлар – ўғил, баъзи ўғиллар ёв бўлади.
• Бутун оламнинг яхшилигию ёмонлиги кичкина бир қалбга жой бўлганига ҳайрон қоласиз.
• Виждон бор бўлса, у фақат… соф бўлади.
• Билинки, энг ишончли дўст ҳам, энг хавфли душман ҳам – ўзингизсиз.
• Мол улашиб ҳеч кимга етказа олмайсиз, ширин сўзингиз эса ҳаммага етади.
• Қувонмоқчи бўлсангиз, болаларингизга боқинг, янаям қувонишни истасангиз — набираларингизга!
• Одамга энг ярашиқли либос — одоб либосидир.
• Хақиқатдан буюкроқ нарсани кўрсатинг!
• Хотин, бола-чақа сизга қанчалар яқин. Ота-она, ака-ука, опа-сингилларни ҳам айнан шу қарич билан ўлчаб туринг: шунда улар ҳам сизга нақадар қадрли эканини биласиз.
• Қўшнингиз ким эканини билмоқчи бўлсангиз, уйингизни таъмирлашни бошланг!
• Ҳеч кимнинг йўлига тўғаноқ бўлмаганингизга имонингиз комилми?
• Кўзёшининг таъми бир хил бўлгани билан сабаблари бошқа-бошқа.
• Кераксиз ҳақиқатлар ҳам бўлади. Уларни билиш фақат бахтсизлик келтиради.
• Гўзаллик доим бахт келтиравермайди, ҳатто кўпинча бахтсизликка сабаб бўлади, лекин гўзал бўлмоқ… қанчалар яхши.
• Катта йўл турганда хилват сўқмоқларга фақат севишганлар ва “қоработир”лар қайрилади.
• Эвоҳ, неча марта дўст деб душманнинг этагидан, душман деб дўстнинг ёқасидан тутдим!
• Чиғатой қабристони — юртимнинг яхши-ёмон тарихи…
• Ёқтирмаган кишингизнинг ёнида бўлгандан тегирмон тошининг тагида бўлган яхшироқ.
• Туфлиси пўрим одам оёғига кўп тикилади.
• Ит ҳурар — карвон ўтар. Ҳураётган ит сизники, карвон бегонаники бўлса ҳам!
• Тавба, менга ва оиламга ғайирлиги бор одамларни ҳам уйимдаги зиёфатга таклиф қилгим келаверади!
• Бандаси у ёқда турсин, Оллоҳдан ҳам нимани сўрамоғу қандай сўрамоқнинг йўл-йўриғи бор.
• Олам ғам-ғуссага лиммо-лим. Ҳамдардлар эса яккам-дуккам. Бироқ томошабин кўплиги ажабланарли. Бу манзара шерлар оҳу подасидан бир оҳуни ғажиётганида, бошқалари навбатини кутиб томоша қилишига ўхшайди.
• Ош-овқатдан ўзини ва бола-чақасини сирган одам пулини йиғиб-йиғиб дори-дармонга сарф қилади ёки табибга олиб бориб беради.
• Бировни орқасидан ёмонлаш қийин эмас, мақташ қийин.
• Кўпчилик бирлашса, қудратли кучга айланади, албатта, лекин бу ҳали ҳақиқат дегани эмас.
• Севганмисиз, лоақал ошиқларнинг кўзини кўрганмисиз?
• Севайлик! Севилмасак… шоир бўлармиз.
• Киши баъзан даллолларга ҳам зор бўлади.
• Эвоҳ, қанча-қанча яхши одамни ёмон деб биламиз. Қанча-қанча ёмон одамни эса яхши деб. Гуноҳи — янглишганнинг гарданига!..
• Кўрсатган йўлингиз узунми-қисқами, менга барибир — адаштириб қўймасангиз бўлгани.
• Йўқсиллар дўст-душманнинг олдида сир бой бермаслик учун юзларини шапатилаб, қизартириб юради. Давлатмандлар эса хадеб йўқликдан, етишмовчиликдан, қимматчиликдан шикоят қилгани қизиқ!
• Эшикнинг борлиги, бу — ундан ҳамма ҳам киравериши мумкин дегани эмас.
• Ошиқ-мошиқлар фақат эшик-ромларнигина эмас, бутун дунёни ҳам ушлаб туради.
• Овга чиққаннинг ов бўлиш эҳтимоли ҳам бор.
• Ҳеч нарсадан кўрқмайдиган одам бўлмайди, ҳеч нарсадан уялмайдиган одам бўлади.
• Тушингизда бўлса ҳам, бировнинг нарсасини олган бўлсангиз, қайтариб беринг!
• Баъзи одамлар бузуқ тарозига ўхшайди. Нимани бўлса ҳам, ўлчаб, баҳолаб ташлайверади, лекин бирор марта ҳақиқатга яқин келолмайди.
• Одамнинг “пўкаги”ям сувда чўкади.
• Катта йўлдан катта-кичик арава юраверади, лекин кичик йўлдан катта арава юра олмайди.
• Мажбур бўлса, ит мушукни елкасида олиб юради.
• Супра ёзилган уйда албатта дастурхон ҳам ёзилади.
• Душманлар қуршовида бўлсангиз, жаннат — дўзах; дўстлар қуршовида бўлсангиз, дўзах — жаннатмасмикан? Яна… Ўзинг кечир, Оллоҳим!
• Ҳар кимнинг охиратини берсин. Охират эса шу дунёдан бошланади…
• Маслаҳат сўраганга маслаҳат бермаслик ёрдам бермайман, дейишлик билан баробар.
• Яхши ёмонни фарқини билган кунингдан бошлаб донолигинг бошланади.
• Муҳаббатда тилдан кўра қалблар кўпроқ гаплашади.
• Ҳеч кимга сирингни, аҳмоққа фикрингни айтма.
• Дўл ҳам, нур ҳам осмондан ёғади.
• Оллоҳга ибодат қилмоқчи бўлсангу саждангда кимнидир йўлини тўсадиган бўлсанг ибодат жойингни ўзгартир.
• Иблис кибрга кетгунича оламда фақат яхшилик ҳукмронлик қилган, демак кибр ёмонликнинг бош мезонидир. Кибрдан сақланайлик.
• Менга қуёшнинг доимо нур сочиб турганидан кўра баҳордаги каби гоҳ булут ортига яшириниб гоҳо мўралагани кўпроқ ёқади.
• Архимед жаҳонгир бўлиш учун Искандар каби сарсон бўлиб олам кезмаган.
• Тўнка ахир бир кун чирийди, адо бўлади ва одамлар ундан қутилишади.
• Ҳароратнинг совуғи суяккача, турқнинг совуғи юраккача етиб боради.
• Пулни ҳаром деяётганларнинг кўпчилиги уни бошининг тагига қўйиб ётади.
• Барча жонзотларнинг нимасидир одамзодда акс этган.
• Гурунгни қиздиришга юз доно камлик қилади, бир аҳмоқ кўплик қилади.
• Юрак уряпди дегани қалб бор дегани эмас.
• Одамларга ўринли йўталиб бўлса ҳам яхшилик қил.
• Баъзан доно одам ҳам муштлашади, чунки унда ҳам мушт бор – адолатли мушт.
• Мақола, шеър, ҳикмат ёзиш учун қоғоз-қаламдан бўлак яна нимадир керак.
• Энг осон нарса душман топиш, энг қийин нарса дўст топиш. Шунинг учун уйингни пойини эмас тўрини дўстинга бер.
• Энг катта эркинлик ёввойи ҳайвонлар ва ҳашоратлардадир. Агарда шу демократия бўлса менга бундай демократия мутлақо керак эмас.
• Гавҳарни топган эмас, гавҳарнинг ўзи азиз.
• Йўлга чиққанингда тоғ чўққилари эмас, жарликлари хавфли.
• Табиатни нақадар гўзал эканини сезиш учун унга маъшуқасига етишган ошиқ кўзи билан боқинг.
• Булут булутга эргашади.
• Қуёш шарқдан эмас ота юртдан чиқади.
• Дарахт илдизи билан ерни, барги билан қуёшни эмади.
• Баъзи одамлар супургига ўхшайди. Ёшлигида мулойим, қартайганида текан жойини тимдалайдиган бўлади.
• Муҳаббат қучоққа сиғмайди.
• Ажаб, қанчадан-қанча табиблар бу оламни ўзлари даволаётган беморларидан олдин тарк этишади.
• Йигит кишига етмиш икки ҳунар ҳам оз, лекин битта ҳунарни пухта, қойилмақом қилиб эгаллаб олсанг хизматинга етмиш иккита етмиш икки ҳунарли пахлавон, забардаст йигитлар ҳар куни тайёр турадиган замон келди.
Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор
Ҳикматлар “Тафаккур” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ватанпарвар”, “Маърифат”, газеталари саҳифаларидан саралаб олинди.