Хуршид Даврон. Босқинчи қаҳрамон бўладими? (1990)

«Звезда Востока» ойномасининг бош муҳаррири С. Татурга очиқ хат[1]

Тарихий ҳақиқат жоҳилни қанчалик таҳқирласа, тарихий ёлғон ҳам фозилни шунчалик таҳқирлайди.

ЎЛЖАС СУЛАЙМОНОВ

Ўртоқ муҳаррир!

Ойномангизнинг 1990 йил 3-сонида босилмиш Михаил Поповнинг «Оқ пошшо — оқ генерал» мақоласи, рус рассоми В. Верешчагиннинг «Оренбургдан Тошкентгача» йўлномасидан олинган парчалар тепасида берилган ойнома сўзбошиси менда оғир таассурот қолдирди. Зеро, мақола ҳам кириш сўзда босқинчи генерал М. Икобелев ва чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати, бу сиёсатни амалга оширган қўнхўр генераллар «жасорати»нинг маддоҳи В. Верешчагин кўзи билан «фидойилар», «меҳрибон, саховатли инсонлар», «асл рус зиёлиси намунаси» тарзида кўрсатишга уриниш ҳақиқатни ҳақорат қилишдан ўзга нарса эмас. «Ҳақиқат эса,— буюк рус ёзувчиси Ф. Достоевский ёзганидек, — РОССИЯДАН УЛУҒДИР». Шундай экан, М. Попов ва ойнома томонидан бу икки шахс фаолиятига оид айтилмай ўтилган ёки ғайри изоҳланган айрим ўринларни қайта назардан ўтказишга мажбурман.

Қадим. Шарқ донишмандларидан бири: «Ҳақиқатнинг тўқсон тўққиз фоизи ёлғондир», деган экан. Сиз бошчилик қилаётган ойнома саҳифасида чоп этилмиш М. Попов мақоласи ҳам, бир фоиз чин ҳақиқат қолиб, тўқсон тўққиз фоиз ёлғонга қурилган. Ёлғон эса ҳар доим худбин кимсаларнинг қуролн бўлиб келган, жамиятни боши берк кўчага олиб кирган.

Бу ҳар икки тарихий шахснинг Ўрта Осиё тупроғидаги «фаолиятини», кўп йиллик ўрганишлар туфайли, жуда яхши биламан. Верешчагин ҳақида шеър ҳам ёзганман. Бу шеър пати юлиниб, нашр ҳам этилган. Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати борасида бир неча мақолалар ҳам ёзганман. Очиғини айтай, мен Скобелев, айниқса, Верешчагин ҳақида умуман ёзмаслик керак, деган фикрдан йироқман. Мен фақат «Россиядан улуғ» ҳақиқатга амал қилиш тарафдориман. «Муаррихнинг Ватанга бўлган асл муҳаббати, — деб ёзади атоқли рус тарихчиси Н. И. Костомаров, — энг аввало ҳақиқатга бўлган эътиқоди билан белгиланмоғи зарур».

Асосий мақсадга ўтайлик.

Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислоҳ қилишдан бошланган. Зеро, ўтмиш сабоқлари замонавий тараққиёт учун хизмат қилади.

1988 йил охирида бўлиб ўтган халқ таълими ходимларининг Бутуниттифоқ съездида ССЖИ Халқ таълими Давлат қўмитасининг раиси Г. Ягодин: — «Социалистик ннтернационализм миллатсиз эмас. У миллий ифтихор, илғор тарихий анъаналар, она тилини ҳурмат қилиш асосига қурилади. Бу соҳада кўпгина масала йиғилиб қолди. Жумладан, «ССЖИ тарихи» дарсликлари маълум даражада ҳамон рус халқининг, рус давлатининг тарихи бўлиб келмоқда», деб бу борадаги камчиликларни янгича тафаккур асосида ҳаққоний танқид қилди. Худди шундай фикрни атоқли қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновнинг «Правда» рўзномасида босилган мақоласида ҳам ўқиш мумкин: «Лавҳаларида: «Бошқаларни таҳқирлаб, ўзинг юксал!», деб ёзилган бирор дин йўқ. Аммо айрим ғоялар, сиёсий йўналишлар асосида айнан мана шу қабиҳ фикр ётгани ҳам аниқ. Ўз халқини осмонга кўтариб, бошқа халқни ҳақоратлаган ҳолларни санъат, адабиёт ва тарих фанида ҳам учратиш мумкин. Токи бу чиркин йўналиш ҳаракатда экан, тарих фани ибтидоий, ёввойи этноцентризм манбаи бўлиб қолаверади. Маданият бундай қараш билан курашгандагина чиниқади. Фақат маданият эмас, шахс чиниқади! Бугунги жуда кўп ижтимоий иллатларимиз ўзини бошқалар ҳисобига улуғлаш самараси эмасми?»

Айкан мана шундай иллат оғуси билан заҳарланган, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатувчи В. Пикулнинг «Дарвозангни оч, «Хива!» ҳикояси, А. Горбовский билан Ю. Семеновнинг «Ўқ узмасдан» қиссаси, Ю. Кузнецовнинг Кўктепа қалъаси Скобелев томонидан қўлга олинишига бағишланган шеърий балладасига ўхшаш улуғ давлатчилик ғояларини тарғиб қилувчи, Ўрта Осиё халқларини, уларга мансуб айрим тарихий шахсларни ҳақорат қилувчи асарларнинг кўпайиб боришида сиз бошлиқ ойнома ҳам фаол улуш қўшаётганлиги мени ташвишга солади, ўртоқ муҳаррир!

Ўзбекистон тарихига янгича тафаккур билан қараш зарур бўлган масалалардан бири — Ўрта Осиёнинг, хусусан, бугунги Ўзбекистон худудига кирган ерларнинг Россия томонидан забт этилганига багишланган ахборотлар ва тадқиқотларда тез-тез учрайдиган қора доғлардир. М. Попов мақоласи муносабати билан ана шу баҳсли ўринларга баҳоли қудрат ойдинлик киритишга ҳаракат қиламан.

Ўлжас Сулаймонов Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси пленумида сўзлаган «Муносабатларни бузиш» номли нутқида шундай ёзади: «Жуда кўп асарларда Ўрта Осиё Россия томонидан забт этилишининг ижобий томонларини гапирган ҳолда, мустамлакачилик деб номланган сиёсатнинг қора томонлари ҳақида лом-мим дейилмайди.

Тарихий воқеалардан узилган тарзда, ўша воқеалардан анча вақт ўтганидан фойдаланиб, бугунги куннинг манфаатларидан келиб чиқиб, айрим шахсларни ўша давр қатламларидан юлиб олганча ё қоралаймиз, ё шараф шоҳсупасига кўтаришга уринамиз.

Ермакни олқишлаб, Қучумхонни қоралаб, Скобелев ва Перовскийга мадҳиялар битиб, генераллар Колпаковский ва Кауфман инсоний фазилатлар эгасн бўлгани ҳақида ваъзхонлнк қилган ҳолда, бу босқинчилар томонидан ёндирилган, вайронага айлантирилган минглаб овуллар ҳақида гапиришни унутамиз.  Казаклар қиличидан ҳалок бўлган ўша хону бекларни бу сиёсатни (мустамлакачилик сиёсатини) тўғри тушунмаганликда айблаган айрим, ёзувчилар мураккаб тарихий жараёнлардан мутлақо бехабар эканликларини намойиш қиладилар.

Ўтмиш, ўша даҳшатли ўтмиш юракларимизнииг ботиний қатламларида, бугунги хариталарида яшириндир. У боболаримиз куйлаган қўшиқлар орқали янги авлодларга етиб келди…»

Рост, Ўрта Осиёнинг Россия томонидан забт этилгани ҳақида ҳақиқат очиқ-ойдин айтилмас экан, боболар қўшиғи орқали етиб келган ўтмиш зулмати кўзларимиз нури билан ёритилмас экан, жумҳуриятимизда яшовчи халқлар дўстлигига рахна солувчи тазйиқлар ортса ортадики, ҳеч қачон камаймайди. Қолаверса, бу рахнани кўпайтиришга хизмат қиладиган М. Попов мақоласига ўхшаш тадқиқотлар яратилаверади.

Бу масалага масъулият кўзи билан қараган одамлар «Европа халқларининг жаллоди» (В. И. Ленин ибораси) бўлмиш чиркин империя —чор Россияси мустамлакачилик сиёсати учун ҳеч қачон рус халқи жавобгар эмаслигини, балки Скобелевдек кимсалар айбдор эканлигини яхши англайдилар. Урни келгани учун, буюк рус демократи А. Герценнинг сўзини келтириб ўтмоқчиман: «Кимларки, рус халқини ҳукуматдан ажратолмас эканлар, улар ҳеч нимани тушунмайдилар». Скобелевни — Ўрта Осиё халқлари эркининг кушандаси ва жаллодини рус халқи манфаатлари ҳимоячиси сифатида кўрсатишга уринган М. Попов бу ҳақиқатни чуқур англамоғи зарур эди.

Чор Россияси Туркистон ўлкасини босиб олгандан кейин «ўлкада тараққиёт кучайди», деб даъво қиладиган улуғ давлатчилик тарафдорларн бугун яна кўпайиб колди.

Хўш, Россиянинг Ўрта Осиёни забт этишдан мақсади бу ўлка халқларига тараққиёт олиб кириш эдими, деган саволга жавоб излайлик.

Ўрта Осиё халқларининг қадим маданияти инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутиши, бу тупроқ жаҳон маданияти бешикларидан бири бўлганини яхши биласиз. Бу ўлка жаҳонга Ал Фаробий, Ал Фарғоний, Ал Хоразмий, Беруний, Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Навоий, Жомий, Бобур ва бошқа буюк мутафаккирларни берган, айни вақтда, рус босқинидан олдин ҳам ўзининг юксак маданияти, санъати ва адабиёти, илм-фани билан ажралиб турарди. 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидаги тожиклар, қирғизлар, туркманлар, ўзбеклар, қозоқларнинг 99 фоизи саводсиз бўлгани ҳақидаги далилнинг сохта эканлигини бугун очиқ айтишимиз керак. Шу пайтгача, бу ҳисоб-китоб ўлкада ташкил этилган рус-тузем мактабларида таълим олган болалар сонига нисбатан олингани жўрттага айтилмасди. Ўлкадаги эски мактабларда, мадрасаларда таълим олаётган ёшлар, ичкарида отинбибилар қўлида савод чиқараётган хотин-қизлар умуман «саноқ»қа қўшилмасди. Ваҳоланки, 1897 йили Самарқанднинг ўзида битта рус-тузем мактаби бўлгани ҳолда, 21 мадраса, 83 мактаб ёки Бухорода ўша йилларда юздан ортиқ мадраса бўлгани тарихдан маълум! 1900 йили «Вестник воспитания» ойномасида берилган «Ўрта Осйё ва Қозоғистон аҳолисини тўла саводхон қилиш учун 4600 йил керак», деган аҳмоқона мулоҳазани ҳадеб пеш қилавермаслик керак. Яқинда «Фан ва турмуш» ойномасида босилган бир мақолада келтирилган маълумотларга қараганда, ўша даврларда аҳолининг тахминан эллик фоизи саводхон бўлган. Хўш, Россиянинг ўзида аҳвол қандай эди? 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига биноан, Россия аҳолисининг 21 фоизи саводли бўлган, холос. Бу кўрсатгич 1914 йилга келиб 43 фоизга кўтарилган. Бу рақамларни шарҳлаш ортиқча бўлса керак. Татар олимлари ўрганиб чиққан маълумотларга қараганда, Туркистон мустамлакага айлантирилгандан сўнг, маориф иши олдинга эмас, орқага кетган экан. Буни Туркистон генерал-губернаторларидан бири бўлмиш Н. А. Куропаткиннинг ўз кундалигида, биз маҳаллий аҳолини фалон йил давомида тараққиётдан, мактаб-маорифдан ва рус ҳаётидан четда сақладик, деб битган сўзлари ҳам тасдиқламайдими? Чор ҳукумати очган рус-тузем мактаблари маҳаллий аҳолининг бор-йўғи 0,17 фоизини қамраб олганини била туриб, ҳақиқатдан кўз юмиб, Россия Ўрта Осиёга маориф келтирди десак, тўғри бўлармикан? Яқинда «Фрунзевец» рўзномаси орқали: «Биз Туркистонга тараққиёт олиб келганмиз, ёруғлик олиб келганмиз, ҳайвон даражасида яшаган хотин-қизларни озод қилганмиз!», деб жар солган бир гуруҳ рус ёзувчилари (В. Устинов, Г. Резниковский, Фариди, (Ф. Бокарев), В. Леҳенко, М. Гребенюк, В. Стуловский) бу ҳақиқатни билармиканлар? Қолаверса, ўша — «озод бўлган хотин-қизлар» бугунга келиб, пахта терувчи қулларга айланганидан улар хабардорларми?! Босқинчилик оғуси, уни ҳар қандай баҳона билан оқлашга уриниш хасталиги бу чорпараст ёзувчиларнинг онгини ҳанузгача сохталикда тутиб турганидан далолат бермайдими? «Сизни хору зорликдан, фақирликдан олиб чиққанмиз!», дея даъво қилаётган мустамлакачилик гумашталари босқиндан олдин Ўрта Осиёга келиб қолган рус фуқароси Филипп Назаровнинг қуйидаги эсдаликларини ўқиганмиканлар: «Тошкентликлар бақувват, беғам, бежирим кийинган, ўйин-кулгуга берилган, дили нозик, мусиқанинг ишқибози, ўта меҳрибон, хотинларни ҳаддан севувчи одамлардир. Шаҳарга кирсанг, кўча-кўйда тўп-тўп бўлиб юрган, дарвозалар олдида, боғчалар ичида мусиқа чалиб кайфичоғлик қилаётган одамларни учратасан, гўё бу ерда мангу байрам давом этаётгандек…» Қолаверса, бу даъвогарлар қулликда яшамоқдан кўра, хору зор, аммо озод яшашнинг моҳиятини англармиканлар?!

Хўш, кўрайлик-чи, ўлкани «тараққиёт» доираснга олиб кириш йўлларини излаган айрим мутараққий рус знёлиларига — шарқшунослар жамияти Тошкент бўлими аъзоларига Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг қўмондони, генерал-лейтенант Мадиевский ёрдамчиси жўнатган хатда нима дейилган: «Генерал-лейтенант сизнинг шарқшунослик бўлими фаолиятига оид ишларингиз билан танишиб, шуни сизга етказишни буюрдиларким, жаноби олийларига барчаси маъқул тушди. Бироқ, асосий масала четда қолиб кетган. Жамият Осиёни осиёликлар ёки илм-фан учун ўрганмай, бу ердаги халқларнинг Россияга қўшилиб кетишини, уларни руслаштириш йўлларини ўрганишингиз зарур»!

Ўша давр илмий-техникавий тараққиёт воситаларининг ўлкада жорий этилиши маҳаллий халқлар тараққиёти учун хизмат қилди, дегувчилар, энг аввало, бу воситалар чор Россиясининг манфаатлари учун хизмат қплганини унутмасликлари керак. В. И. Ленин: «Каспий орти темир йўли Ўрта Осиёни капитал учун очиб берди», деб ёзганида, менимча шуни назарда тутган! Бинобарин, М. Поповнинг Скобелев томонидан Ашхободгача ўтказилган телеграф линияси аввало ҳарбий-стратегик нуқтаи назардан қурилганини унутиб қўйиб, «бу линиянинг қурилиши ўлкани кўп асрлик маҳдудликдан олиб чиқди», деб лоф уриши маънавиятсизлик намунаси, холос!

Чор Россиясининг Туркистон ўлкасини босиб олишдан кўзда тутган мақсадини бу босқинни тайёрлаган ва амалга оширган кишилар очиқ-ойдин айтишган. Бу босқинга ундовчилар: «Бўшаб қолган сандиқларимизни тўлдирувчи хазина Ғарбда эмас, у Ўрта Осиё мулкларидир», дея жар солардилар. В. И. Ленин таъбирича, уларнинг асосий мақсади «улуғ капиталистик Россия яратиш, босқинчилик эса «бошдан-оёқ қорагуруҳчилик; руҳидаги миллатчилик билан суғорилган сиёсат» эди. Бекорга Ф. Энгельс Россияни «ўғирланган бойликлар эгаси», деб атамаган! Гарчанд чор Россияси Туркистонда тушларига кирмаган бойликларни қўлга киритиб, ундан қароқчилардек текин фойдаланса ҳам, чор амалдорлари «Туркистон рус миллионларини еб ётибди», деган чўпчак тўқиб оламга овоза қилардилар. Бу ёлғон ҳанузгача қўлланиб келинаётгани сир эмас. Ҳолбуки, рус олимаси З. Кастельская турғунлик йилларидаёқ: «Бу чўпчак бошдан-оёқ ёлғон», деб ёзган эди (З. Кастельская). «Туркистон ўлкаси тарихидан», М., 1980, 49-бет),

«Ўрта Осиёнинг босиб олиниши, албатта, мустамлакачилик сиёсатининг ёрқин намунаси бўлиб, бу босқинчилик кучга кира бошлаган рус буржуазияси ва дворян-помешчик гуруҳлари вакилларидан иборат чор Рбссиясц ҳукуматининг манфаатидан келиб чиққан ҳолда амалм оширилди. Буни инкор этиш ёки хаспўшлаш хато ва зарарлидир. Туркистон ўлкасини мустамлакага айлантирган босқинчилик, бошқача аталмай, ўз номи билан юритилмоғи шарт ва зарур.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, бир қатор совет тарихчилари, «Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши рус қўшинларининг босқинчилик юришлари туфайли бўлгани», «чор Россияси сиёсати ўлкага янги, оғир иқтисодий ва миллий зулмни олиб келгани», «бу сиёсат талончиликдан иборат бўлиб, Ўрта Осиё халқларининг қашшоқланиши ва хўрланишига сабаб бўлгани» ҳақида сўз юритиш билан бирга, бу босқиндан аввал оддий халқ Россияга интилгани, босқинчи рус қўшинларига қарши қаратилган қуролли қаршиликлар бор-йўғи маҳаллий ҳукмдордар қилмиши экани, бу ҳукмдорлар халқларнинг миллий-озодлик курашини Россияга қарши қаратишга уринганлари ҳақида ёзадилар. Бундай қараш масала моҳиятини англамай, унга кўр-кўрона ёндашиш, илмий ноҳалоллик намунасидир. Маҳаллий аҳолининг жуда оз қисмини ташкил этувчи тижорат аҳлининг тор доирасида мавжуд русларга мойиллик кайфиятини бутун ўлка халқларининг «Россияга интилиши» тарзида кўрсатиш, миллий-озодлик курашини бир ҳовуч ҳукмдорлар қилмиши сифатида талқин этиш, бу ҳақиқатни бузиб кўрсатишдир». (Б. Лунин. «Туркистондаги илмия жамиятлар», Т., 1962. 34-бет).

А. Аминов, Б. Бобохўжаев каби совет тарихчилари маҳаллий халқ рус босқинчиларига деярли қаршилик кўрсатмайдилар, деб уялмай-нетмай ёзганларида, ўз она юртлари — Туркистонни душманлардан ҳимоя қилиб ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасини топтаганларини ўйлаб кўрганмилар? Улар мукаммал қуролланган, сон жиҳатдан устун бўлмаса-да, сифат эътибори билага замонавийроқ қурол-аслаҳаларга эга босқинчига қаршш тенгма-тенг олишиб, жанггоҳларда қурбон бўлган жўмард йигитлар, уларга жанг пайти нону сув етказиб турган аёллар ва болалар, душмап қуршовида қолгач, ёвуз ҳам қонхўр гала қўлига тушиб таҳқирланишдай ўлимни афзал билиб, ўзларини милтиқдори (порох) сақланадиган ертўлада портлатган фидойилар ёдини ҳақорат қиладилар! Улар Жиззах қўрғонини бир неча кунлик беомон жангдан сўнг забт этган рус қўшинлари шаҳар лчнда бирорта ҳам соғ ерлик жангчи тополмаганларини, ёлғиз оғир ярадорларгина тирик қолганини, «музаффар» қўшин эса бу ярадорларни аямай қириб ташлаганини биладиларми? Албатта, улар бу босқинни соатма-соат батафсил қайд этиб борган рус ҳарбийлари битган «асар»ларни ўқиганлар. Аммо ўқиб ҳам, ўз халқлари хотирасига хиёнат қиладилар. Илмий ҳақиқатга хиёнат қилган тарихчилар Тошкент шаҳрининг забт этилишига ҳнсса қўшган Абдураҳмонбек Шодмонбеков, Қўқон хонлигида қўзғолган миллий-озодлик курашини бостиришда фон Кауфмандан маслаҳатларини аямаган Мирза Ҳаким парвоначи, Самарқанднинг ботир ўғлони Бобонбек Алибой ўғлини русларга тутиб берган Саидхон Каримхоновдек сотқинлар билан тенг турадилар.

Бу қабиҳ босқинчиликнинг асл моҳиятини тўла очиш учун, рус инқилобининг атоқли вакили, ТурЦИК аъзоси, 1938 йилда Сталин қирғинига учраб, даҳшатли Соловки лагерида нобуд бўлган Григорий Сафаровнинг «Мустамлака инқилоби» китобидаги айрим лавҳаларни келтиришни лозим, деб биламан. Г. Сафаров ёзади:

«Туркистон, бир томондан, Ҳиндистонни эгаллаш йўлидаги маълум босқич, иккинчи томондан, у рус ҳукуматига икки томонлама манфаат келтиради: 1) иқтисодий сиёсат; яъни, давлат хазинасини тўлдириш ва ичкарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун янги бозор; 2) мустамлака сиёсати нуқтаи назаридан, марказий губерниялардаги ортиқча аҳолини босиб олинган ерларга кўчириш. Туркистон шулар туфайли босиб олинди. 1864 йилда Туркистон, Чимкент, Авлиёота, 1865 йилда Тошкент эгалланди. 1867 йилда Семиречье (Еттисув.) вилояти ташкил топди, 1868 йилда Самарқанд, 1876 йилда Қўқон хонлиги, 1884 йилда Марв забт этилди. (1873 йилда Хива босиб олинди. — Ҳ. Д.) ,

Босқин, дастлабки босқичда, рус қўшинлари юриши руҳнда кечди. «Бизнинг уезд бошлиқларимиз (ҳарбий губернаторлар ҳам), асосан, ҳарбийлардан бўлиб, улар, тақдир тақозоси билан, маҳаллий халқ томонидан хонлар замонидаги бек ва ҳокимлардек жуда кенг ҳуқуқларга эга амалдорлар сифатида тан олинди. Аҳоли асрлар давомида зулм ва зўравондан қўрққани учун ҳам, у уезд бошлиқларидан қаттиқ ҳайиқарди» (Наливкин. «Туземин», 66-бет). Қонли босқин иштирокчиси Наливкиннинг бу гувоҳлиги ўлканинг забт этилиши нақадар қонли ва даҳшатли кечганини англашга кўмак беради. Босқинчилар Туркистонни ўз томорқаларига айлантирдилар.

…Туркистонни дастлаб уезд бошлиқлари — ҳарбийлар талаган экан, вақт ўтиб, уларнинг ўрнини янада ёвуз ва фирибгар кимсалар — улуғ миллатга мансуб, улуғдавлатчилик ғояларини юргизувчи савдогарлар — комиссионерлар эгалладилар. Бу кимсалар қилмиши ҳаммасидан ошиб тушди. Улар ҳам порахўрлик, ҳам Угрюм — Брукчеевларга қарагаида баттарроқ зўравонлик билан халқни таладилар. Улар асосан руслар ва овруполиклар эдилар…

Пахтачиликнинг ривожланиши мусулмон қишлоқлари ва шаҳарлари аҳолиси орасида синфий қатламларга бўлинишни юзага келтирди; савдо-сотиқ ва судхўрлик капитализм сиёсатини юргизувчи маҳаллий зодагонлар синфини яратди; маҳаллий жамоа турмушини тўла назорат этувчи рус улуғдавлатчилик капитали ҳукмронлигини мустаҳкамлади… Пахта толасини қайта ишловчи саноат биринчи ўринга чиқди ва бу, ўз навбатида, руслар мавқеини кўтариб, Туркистон саноатида ишловчи маҳаллий халқ турмуш даражасининг пасайишига сабаб бўлди.

Бир томондан Россия бу ўлкани хомашё базаси ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бозорига айлантирган бўлса, иккинчи томондан, марказий губерниялардаги ортиқча аҳоли томонидан Туркистоннинг тўла ва «тинч» босиб олинишига имкон яратди. Бу аҳвол ярммбуржуа ва яримкрепостной аҳволдаги Россия аҳолисининг нафақат иқтисодий, шу билан бирга, сиёсий манфаатларидан келиб чиққан эди. Туркистон ўлкасига рус ва овруполикларнинг кўчирилиши, хусусан, 1905—1907 йиллар инқилоби мағлубиятидан сўнг, айниқса, кучайди. Бу кўчирилган аҳолининг асосий қисмини Россиянинг исён кўтарган жанубий губерниялари деҳқонлари ташкия этди. Кўчириб келинганлар тез орада эзилувчи деҳқонлардан маҳаллий халқларни эзувчи — помешчикларга, хўрланган миллат вакиллари бўлмиш украинлар эса туркистонликларга нисбатан улуғдавлатчилик ғояларини, «асл рус» зулмини ўтказадиган кучларга айландилар. Энди уларга чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати, устунлари сифатида қарай бошладилар.

… Маҳаллий халқ мустамлакачилик босқинининг асосий қурбонлари бўлиб қолавердилар… Уларнинг маданий қолоқлиги ва ҳуқуқсизлиги бу босқиннинг рпвожига ривож қўшарди. Чор ҳукумати бир вақтлар маҳаллий хонлар олиб борган сиёсатдан кўра ҳам паст ишларга қўл урди ва Туркистон ерини империя мулки, деб эълон қилди. «Туркистон ва Дашт қонунлари»ни; тузган рус амалдорлари янги забт этилган ерлар маҳаллий халқнинг хусусий мулки эмаслиги ва маҳаллий аҳоли бу ерлардан маълум муддат давомида фойдаланиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқардилар. «Аҳолини Туркистонга кўчириш иши» 1910, 39-бет). Чор Россияси узининг бевосита Чингизхон вориси эканлигини сўзда эмас, амалда исботлади!

Рус самодержавиеси Туркистон ўлкасига ўзининг маъмурий назорат бошқарувини «маҳаллий хусусиятларга кўра» бироз ўзгартирган ҳолда, аслида, моҳиятан ўзгартирмай ўрнатишга эришди. Бу бошқарув марказ назорати асосида, яъни тепада — генерал-губернатор, сўнг вилоят ҳокимлари, ундан қуйи уезд бошлиқлари туриши тарзида бўлиб, зулмни кучайтиришгагина хизмат қиларди. Худди Россияда бўлганидек, бу бошқарув. аппарати қуйи босқичдаги мавзе ҳокимлари, қишлоқ оқсоқоллари, қозилар ҳукмронлигини четламаган ҳолда асосан назорат-жазо хизматини ўтарди. Рус ип-газлама ва савдо капитали маҳаллий бойларни мусулмон қишлоқларидаги вакилларга, қолаверса, рус самодержавиеси уларни рус миллатининг улуғдавлатчилик ҳуқуқлари ҳнмоячисига айлантирди.

Ўз-ўзидан равшанки, Туркистон ўлкаси рус дворянлари ва амалдорларидан иборат резервнинг энг баднафс, ёвуз вакиллари юбориладиган жойга айланди. (Мазкур сиёсат бугунги, 80-чи йиллар сўнгидаги марказдан жумҳуриятимизга жўнатилган амалдорлар десанти, уларнинг Ўзбекистонда амалга оширган «фаолияти»ни эслатади. X. Д.). Бу келгиндилар, ўлкада ўз нафсларини қондириш, зўравонликларини намойиш этиш, маҳаллий халқни уятсизларча, ёввойиларча талаш, порахўрлик учун чексиз ҳуқуқларидан фойдаланардилар. Ўлкадаги бутун рус аҳолиси Туркистоннинг маҳаллий халқларини уриш, зўрлаш, талаш, ўлдириш учун яратилгандек тарбияланардилар. Ҳуқуқи топталган бу ўлкада ушбу қўшиқ бекорга яратилмаган-да!

Эх, ты Азия печальная,
Безответная страна.—
И с начальством безначальная,
И с богатством бедна.

Мазмуни:

Эй, сен маҳзун Осиё,
Тили, эрки йўқ тупроқ —
Эгаси кўп — эгасиз,
Бойлиги кўп-у, қашшоқ…

Бу ўлкада энг пасткаш рус миршаби ҳам ўзи истаганчалик пул ва мол, ҳатто бошқалар хотинини тортиб олишдан қайтмасди. Мабодо, унга қаршилик кўрсатилса, ўлдиришдан ҳам тап тортмасди. Зеро, ҳар қандай жиноят саховатли бошлиқлар томонидан ими-жимида бекитиларди.

Бу ўлкада худди эртаклардагидек бойлик орттиришарди. Маҳаллий деҳқонларнинг ерларнни, уй-жойлари билан бирга тортиб олган зўравонлар, «шариат бўйича, ер уни яшнатганники», деб даъво қилардилар (Ильин. «Олис ўлкада», Т., 1913).

Бундай зулмга қарши бош кўтарганларни жуда қаттиқ жазолашар, аёл демай, бола демай, чол демай сўйишарди, отишарди. Қон дарё бўлиб оқиб, бузиб ташланган кулбаларнинг тупроғи билан қоришарди.

Безбет ва фирибгар бўлса бас, хоҳлаган рус қаллоби Туркистонда истаган нарсасини қилиши мумкин эди… Бунинг устига, чор ҳукумати маҳаллий халқларни руслаштириш билан шуғулланарди… Қорагуруҳчи Остроумов каби миссионерлар, Ликошин каби генераллар «ғайридинлар»ни правослаз динига ўтиш, ёлғиз рус тилида ўйлашга кўниктириш учун жон-жаҳдлари билан уринардилар.

Комил ишонч билан таъкидлаш лозимки, ўлкадаги рус аҳолисининг асосий қисми текинхўрликни касб қилиб олган кимсалар — дворянлар, амалдорлар, руҳонийлар, савдогарлардан иборат эди. Бу рўйхатга деҳқонларнинг ўзига тўқ қисмию бой-бадавлат казакларни қўшадиган бўлсак, келгинди рус аҳолисининг кўпчилиги эзувчи синф вакилларидан иборат экани яққол кўринади. Бу гуруҳ рус самодержавиеси ва улуғдавлатчилик капиталининг мустамлакачилик аппаратлари суянадиган куч бўлиб, бу куч маҳаллий халқларни ўз туғилган еридан ҳайдаб чиқариш, мазлум туркистонликларни бошқариш, порахўрлик қилиш, алдаш, судхўрлик билан шуғулланиш, пахтани ўн чандон арзон сотиб олиш, талончилик, бўғиш, жазолаш учун керак эди.

Бу куч рус босқинчи қўшинларининг милтиқлари тиғларига суяниб, ҳаракат қиларди. Ўлкани бошқариш ва иқтисодий сиёсат юргизиш ёлғиз шу кучга мансуб эди. Бу куч атрофида маҳаллий халқларнинг текинхўр вакиллари — тилмочлар, савдогарлар, адвокатлар, миршаблар йиғилган эдилар. Бу куч ўлкада ўз ҳукмронлигини таъминловчи ҳарбий шаҳарчалар, амалдорлар учун шахсий уйлар, савдо расталари ва давлат муассасалари биноларидан иборат янги шаҳарлар барпо этди. Темир йўллар, рус аҳолиси яшайдиган касабалар (поселкалар), каллакесар казак қишлоқлари асосан маҳаллий аҳоли яшайдиган қишлоқлар ёнида қурилиб, бир пайтлар пруслар қўллаган одатта биноан, Россия куч-қудратини намрйиш этувчи восита хизматини ўтарди.

Туркистондаги мустамлакачилик зулми ва асоратининг ижтимоий моҳияти мана шундан иборат эди».

Григорий Сафаровнинг бу сўзларига бир-икки қўшимча қилишни истардим. Тарихий ҳужжатлардан маълум бўлишича, Туркистон ўлкасида хизмат қилган ҳарбий губернаторларнинг йиллик маоши 20-40 минг сўмни ташкил этган. Ҳолбуки, Россиянинг ўзидаги губернаторлик йиллик маоши 8 минг сўмдан ошмаган. Ўлкадаги рус маъмурияти амалдорларининг маоши ҳам жуда юқори бўлган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, бу ортиқча маош чор ҳукумати хазинасидан ажратилмай, балки ўлка даромадидан олинган. Бунинг устига, ўлкадаги неча ўн минглик рус қўшинини боқиш ҳам маҳаллий аҳоли бўйнига юкланган эди. Қолаверса, чор ҳукумати ҳарбий юришларга сарфланадиган харажатларнинг ҳам 70 фоизини маҳаллий бюджетдан олган! Бу ҳолнинг ҳақиқатини Россия Туркистонга иқтисодий юксалиш олиб келган, деб даъво қилаётган айрим кимсалар билишармикан? Бу кимсалар чор Россияси, Ленин ёзганидек, «халқлар турмаси» бўлганини, турмада одамлар эмас, фақат маҳбуслар сақланишини унутмасликлари керак. Бу турмада 63 миллион (47 фоиз) рус бўлмаган халқлар ва элатлар яшарди, улар улуғ давлатчилик ғояси билан заҳарланган ҳукмдор синф вакиллари томонидан даҳшатли тарзда эзиларди. Масалан, мустамлака Туркистон меҳнаткашларига солинган солиқ (1869 йилга нисбатан) 1910 йилга келиб, 10 марта ошди! Чор ҳукумати ўзбек деҳқонлари ерларини зўрлик билан тортиб олиш сиёсатини юргизарди. Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида мавжуд 63,9 миллион десятина ернинг кўпчилик қисми рус ҳукуматига тегишли эди. «Солиқларни ошириб бориш сиёсати воситаси билан, чор ҳукумати Туркистон қонини сўриб ётарди», деб ёзади тарихчи З. Кастельская. Ажабки, худди ҳозиргидек, ўша пайтларда ҳам, чор амалдорлари, «Туркистон рус миллионларини бекорга еб ётибди», деган гап тарқатган эдилар. Лекин бундай бемаъни гапни бирор бир тарихий ҳужжат тасдиқламайди. Чамаси, бугунги кунимизда ҳам иш бераётган бундай миш-мишлар маҳаллий халқнинг шафқатсизларча таланаётганини яшириш учун ўйлаб топилган ғоявий «баррикада»лардир. Қўрқоқ (фош бўлишдан қўрққан) олдин мушт кўтарар, деганлари шу бўлса керак!

Мустамлака ўлкадаги чор амалдорлари орасида, айниқса, порахўрлик жуда авж олган эди. Масалан, Сирдарё вилоятининг ҳарбий губернатори Головачев (Хивани қонга ботирганлардан бири!) маҳаллий аҳолини шу даражада талаган эдики, ҳатто оқ подшо ҳам ўзининг бу нуфузли вакилини судга топширишга буйруқ берган. Бироқ унинг ҳарбий хизматлари эътиборга олинади-ю, порахўр амалдор жазоланмайди. Уезд бошлиқларидан бири Бикчурин эса бир солиқни аҳолидан тўрт марта йиғиб олади!..

Аммо чор ҳукумати даврида қонун йўқ эди, деб бўлмасди. Оддий деҳқонлар бир чақа учун қамоққа ташланарди. Ўз элида ҳуқуқсиз бўлган халқнинг аҳволини ҳибсдаги ҳаётга қиёслаш мумкин, холос. Тошкентдаги катта кўчаларда ўзбекларнинг миллий кийимларда юриши қаттиқ тақиқланарди. Трамвайларда ўзбеклар учун алоҳида, ўриндиқсиз майдончалар ажратилган эди. Шунга қарамай, улуғ давлатчилик ғоясининг маддоҳлари уятни йиғиштириб қўйиб: «Бизнинг забт этилган халқларга нисбатан ўтказаётган сиёсатимиз тенг ҳуқуқлиликка асосланган. Куни кеча босиб олинган Тошкент, Самарқанд аҳолиси ўша заҳоти Москва граждани билан ҳуқуқда тенглашдилар», дес оламга жар соладилар.

ЎРТОҚ МУҲАРРИР! Яхши биласизки, тарих дарсликларида ССЖИ халқлари ўтмиши бир ёқлама ёритилиб келинди. Чунончи, олмон, швед, поляк феодалларининг Россияга қилган босқинлари кескин қораланди-ю, чор Россиясининг Сибирия, Ўрта Осиё, Кавказ ва Болтиқбўйи халқлари устига уюштирган «босқинлари хаспўшланди ёки бошқача тус беришга ҳаракат қилинди. Мен бундай сиёсат рус халқининг манфаатларидан келиб чиқиб эмас, аксинча, империя манфаатлари ва чор ҳукумати талабларидан келиб чиққан ҳолда юритилганини жуда яхши биламан.

Шу пайтгача биз рус самодержавиеси билан рус халқи деган тушунчаларни бир-биридан ажратмаган ҳолда, уларни бир-бирига тенг қадрият сифатида қабул қилганимиз учун ҳам, чор Россияси сиёсатига қарши қаратилган ҳар қандай танқидий фикрни рус халқига қарши қаратилган, деб келдик. Бу ғайриилмий сиёсатнинг ўқ томири неча авлодларни нобуд этди, неча онгларни заҳарлади. Йиллар давомида, айниқса, «Сталин — тарих фанининг отаси», деб расман эълон қилингандан сўнг, рус подшолари, князлари, лашкарбошилари фақат ижобий баҳоланиб келинди. Мустамлакачилик исканжасига тушиб қолган ўлка халқлари бошига солинган жабр-зулм, иқтисодий қашшоқлик, маданий қолоқлик ҳақида рус тарихчилари ўтган асрдаёқ очиқ-ойдин ёзган бўлсалар ҳам, асримизнинг 30-чи йиллари ўрталаридан бошлаб, чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати тўғрисида фақат ижобий фикр билдириш темир қонунга айланди. Бу ҳол фақат олимларнинг илмий асарларига хос бўлса майли эди. Ҳолбуки, дарсликларда, кинофильмларда, то ҳатто бадиий асарларда ҳам акс этди. Авлодлар онги заҳарлаб келинди. Юқорида А. Горбовский ва Ю. Семенов қаламига мансуб «Ўқ узмасдан» асарини санаб ўтган эдим. Ушбу асар муаллифлари Бухоро амири ишончини қозонишга эришган рус жосуси Беневенини фош этган тошкентлик Хўжа Раим исмли савдогарни «чақимчи»ликда, «айғоқчи»ликда айблашади. Хўжа Раим ватанпарварлик бурчини бажаргани муаллифларнинг хаёлига келмайди!

Энг ажабланарлиси шундаки, Африка, Осиё ва Лотин Америкаси халқларининг инглиз, фаранг, испан, олмон ва бошқа мустамлакачиларга қариш қаратилган кураши, ҳатто улар маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқарилган бўлса-да, ижобий баҳолангани ҳолда, чор Россиясига қарши қаратилган ҳар қандай халқ ҳаракати, албатта, миллатчилик, миллий маҳдудлик ранги билан бўялиб, тўла қораланади. Бу фақат зарарли ташвиқот бўлмасдан, балки халқ ҳаракатларининг қутлуғ ғояларини ҳақорат қилишдир. Менимча, тарихни сохталаштирган ва сохталаштираётган олимлар билиб-билмай улуғ давлатчилик ғояларига хизмат қилишаётганини тушунишлари керак.

Бизнинг айрим кўзи кўру дили бузуқ тарихчиларимиз Туркистон ўлкасининг босиб олинишини оқлаш учун не-не сохта ақидаларни тўқимадилар, неча-неча ёлғон даъволарни айтмадилар. Адолат душманлари бўлмиш бундай тарихчиларнинг бири «ўша давр синфий муҳитида бу Ўрта Осиё халқлари учун маҳаллий зулмдан қутилиш имконини берадиган ягона маъқул йўл эди», деб ёзса, иккинчиси «инқилобсари бораётган Россия таркибига кириш Туркистон манфаатларига хизмат қиларди», деб ёзди. Учинчи тарихчи бўлса, «Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олиниши ўлканинг ижтимоий-иқтисоднй тараққиётини тезлаштирди», деб даъво қилади. Аммо, биз К. Маркс ва Ф. Энгельснинг «капиталистик Россия ҳам Ўрта Осиёда, худди Англия Ҳиндистонда бажаргани каби икки вазифани — бузувчилик ва яратувчилик, яъни эски, осиёча жамиятни бузиб ташлаб, иккинчи томондан ғарбча (капиталистик) жамиятга асос солиш»и мумкинлиги ҳақида айтган сўзларини яхши биламиз. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Россия ёлғиз биринчи вазифани бажарди— у Туркистондаги эски жамият тузилишини бузиб ташлади. Аммо иккинчи вазифани бажаролмади, — бугунга қадар ўлка хомашё базаси бўлиб қолиш балосидан қутулгани йўқ!

Бизнинг айрим тарихчиларимиз эса, бугунгача, оқ подшонинг содиқ хизматкорлари каби, унинг сиёсатини оқлаш учун куйиб-пишмоқдалар; оқ подшо сиёсатининг рамзи бўлмиш қўшбошли калхатни худди ҳарир қанотли фаришта, подшонинг ўзини қўл остидаги халқларни ўйлаб уйқусини унутган саховатпеша ва олижаноб-ҳукмдор тарзида кўрсатишга уринмоқдалар! Ленин таъбири билан айтсак, «бу боши тошдан бўлган марксистлар» алжираши шу даражага етдики, уларнинг ёзишича, Ўрта Осиё қонли босқин, қон тўкиш, чопиш, ёндириш билан эмас, шунчаки «қўшиб олиниш» билан империя таркибига кирган экан! Ахир, бу масхарабозлик, йўқ, ҳақорат эмасми?!

Аммо, тарих йўли ўзга-ю, тарихчилар йўли ўзгадир. Тарих ҳатто тарихчи назарида ёзиб қолдиришга ҳеч арзимайдиган воқеалар, жараёнлар юз бераётгандаям ўз вазифасига содиқ қолади. Тарихчи ёлгонни битаётган лаҳзада ҳам тарих тўғри йўлда давом этаверади.  Ёлғон илгарилари ҳам битилган, ҳозир ҳам битилмоқда. Аммо:

Ким ёлгонга бош эгган,
Англамоғи шарт, зарур.
Ҳақиқат — бу мангу жанг,
Ҳақиқат — бу халқ эрур!
Бир сўз бор халқ тилида:
«Ёлғоннинг умри қисқа!».
Ёлғон — карвон йўлида
Ўрмалаган қумурсқа.
Уни янчиб ўтган дам
Ҳақиқатнинг карвони,
Ҳаттоки тупроққаям
Юқмайди ҳаром қони…

Мана шундай ёлғонлардан бири — «тошбошли» тарихчилар туфайли, тарих илмида ақидага айланган ёлғон — Ўрта Осиё халқларида инқилобга қадар миллий онг бўлмагани ҳақидаги тушунчадир. 1916 йилги халқ қўзғолони борасида то ҳануз бирор бир чуқур илмий тадқиқот йўқлигига шу боис эмасми? Ҳатто, 1986 йилда, бу буюк қўзғолоннинг 70 йиллиги нишонланиши керак бўлган қунларда, жумҳурият матбуотида бирорта мақола эълон қилинмагани шу боисдан эмасми? Наҳотки, биз ўз халқимиз хотирасини топтаб, ҳақорат қилиб, русларга мансуб ҳар қандай хатти-ҳаракатни фақат «тараққиётга хизмат қилади», деб тушунсак?!

Энди, ЎРТОҚ МУҲАРРИР, ойномангиз олқишлаган Скобелев шахси хусусида фикр юритсак. Ўлжас Сулаймонов юқорида тилга олинган нутқида, Скобелев шахси миллий қаҳрамон сифатида талқин этилган бир асар ҳақида гапириб, жумладан шундай дейди: «Энг аввало бу генерал ҳақида менга маълум бўлган гапларни аптмоқчиман. У ҳақда инқилобдан аввалги Россияда ва ҳатто кейин ҳам жуда кўп ёзилган. Ҳозир ҳам чет эл матбуоти Ўрта Осиёдаги совет жумҳуриятлари ҳақида ёзганида, бу шахснинг номини тилга олмай ўтмайди. Скобелевнинг ҳаёти ва фаолияти тўла қамраб олинган ягона китоб — Николай Кноррингнинг Парижда чоп этилган китобидир. Менимча, оқ эмигрантнинг бу китоби совет ёзувчиларининг ана шу мавзудаги яратган асарларига қараганда, ўша давр воқеаларини холис ва муфассал ёритиши билан, тарихий воқеаларни диалектик, кўрқмай айтишим мумкинки, «марксистик нуқтаи назар»идан ёндашганлиги билан кишини ҳайратга солади. Истеъдодли саркарда, кишиларни ром этишга уста қўмондон — генерал Скобелев: «Дунё славянларники, славянлар Россияники», шиорининг муаллифи эди.

Скобелевнинг умрий мақсади Англиянинг шарқдаги мустамлакаларини, биринчи навбатда Ҳиндистонни босиб олиш эди. Ўрта Осиё ва Эрон билан Афғонистонни забт этиш бу йўлдаги қулай жабҳа сифатида керак эди. Подшоҳ Александр II бу машъум режаларни қўллаб-қувватларди. Бу режанинг биринчи моддасини Скобелев Туркманистон ва Манғишлоқни қонга ботириш билан «қойил» қилиб бажарди.

Фақат, Александр II ни ҳалок қилган халқ қасоскорининг бўмбаси подшоҳнинг навбатдаги хатти-ҳаракатларига чек қўйди.

Бу бўмба Россияни Англия билан урушдан сақлаб қолди!

Янги подшоҳ — Александр III Скобелев режаларини қатағон қилди. Генералнинг мартаба осмонига тобора ўрлаб бораётган орзу қуёши бемаҳал ботди.

Бир қарашда унинг ҳаёти, фожиали ҳам шуҳратли умр йўли ёзувчилар диққатини тортгулик туюлади. Бироқ, умрий орзусига етолмаган бу шахс фожиаси устида кўзёш тўкиб, генералнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ўша давр мутараққий рус зиёлиларининг ғазабига сазовор бўлганини унутмаслик керак! Бизни мешчан Москванинг қорагуруҳчилик, улуғдавлатчилик оғуси билан заҳарланган даврлардаги Скобелевнинг арзон шуҳрати алдаёлмайди. Пролетар Петербург ва илғор зиёлилар Скобелев ғояларини қўллаб-қувватламагани эсимизда турсин».

ЎРТОҚ МУҲАРРИР! Ойномангизда босилган М. Попов мақоласи ўша қорагуруҳчилик, улуғ давлатчилик оғуси билан заҳарланган давр ғояларини тарғиб қилиш эмасми?!

Машҳур Брокгауз — Эфрон қомусий луғатининг IX жилдидаги 21 саҳифада кетма-кет уч генерал Скобелевлар ҳақида маълумотлар берилган.

Иван Никитич Скобелев (1778—1849) ўртамиёна оилада туғилиб, ўн тўрт ёшида солдатликка ёлланади. Французлар билан бўлган урушда, М. Попов ёзганидек, сержантлик унвонига сазовор бўлишдан ташқари, қомусда берилган маълумотга қараганда, 1812 йил уруш қаҳрамони генерал Раевский адъютанти даражасига етади. Уруш тугагач, ҳарбий хизматини давом эттириб, генераллик унвонига ҳам эришади. Ҳатто ҳарбий мавзуларда ҳикоялар ёзиб, озми-кўпми мухлис орттиради.

Унинг ўғли Дмитрий Иванович Скобелев (1821—1880) тарихга Шарқий уруш номи билан кирган ҳарбий ҳаракатларда лейбгвардия полки бошида туриб қатнашади. Урушдан сўнг, подшоҳ Александр II нинг шахсий қўриқчилари бошлиғи сифатида хизмат қилади ва шу туфайли, подшоҳга яқин кишилар даврасига киради.

Ойномангиз қаҳрамон ва олижаноб инсон сифатида кўкка кўтарган Михаил Дмитриевич Скобелев (1843— 1882) бобоси ва отаси изидан боради. Дастлаб уйда, кейин Париждаги Жирарде пансионатида тарбияланади. 1861 йили Петербург университетига ўқишга киради. Аммо бир ой ўтар-ўтмас, тўс-тўполонда қатнашгани учун ҳайдалади. Шундан сўнг, отлиқлар полкига юнкер сифатида қабул қилинади. 1863 йилда корнет унвонига эришади. Худди ўша йили поляк халқининг босқинчиларга қарши кўтарилган исёни бошланади. Шавкатга ўч корнет қон исини сезиши билан, таътилга рухсат олиб, отаси хизмат қилаётган Польшага боради. Йўлда исённи бостириш учун бораётган қўшинларга қўшилади. Бутун таътил давомида исёнчилар қонини тўкиш билан шуғулланади. Ойномангизда М. Попов ёш офицернинг бу йиллардаги «қаҳрамонлиги»ни жўшиб ёзар экан, ўз озодлиги учун бош кўтарган поляк ватанпарварлари, уларнинг қора қисмати ҳақида чурқ этмайди. Тарихдан маълумки, исённи қонга ботирган чор Россияси разиллигини ўша даврдаги жаҳон ва рус мутараққий кучлари қоралаб чиққан эдилар. Ф. Энгельс бу қўзғолон энг аввало «Польша мустақиллигини тиклаш» учун бошланганини қатъий таъкидлайди. Яна шу нарса маълумки, исёнчиларнинг ҳаққоний курашини қўллаб-қувватлаган жуда кўп рус кишилари, айниқса, оддий солдатлар қўзғолончилар билан ёнма-ён туриб жанг қилишади. «Биз Польша билан биргамиз, — деб ёзади А. Герцен,— чунки биз Россия тарафидамиз… ҳаммамизни бир занжир қисиб тургани учун ҳам поляклар билан биргамиз». М. Попов, ойномангиз наҳотки шулар ҳақида билмаса? Билиб туриб, ҳақиқатдан кўз юмиш жоҳиллик эмасми?

Шундан кейин Скобелев Бош штаб академиясини битиради ва Туркистон ўлкасига юборилишини сўрайди. Чунки бу ерда ҳам қон тўкилаётган эди. Бироқ, Туркистонда унинг кейинги «оламшумул шуҳрати»ни йўққа чиқариши мумкин бўлган бир воқеа юз беради. М. Попов бу ҳақда ёзмагани учун шу воқеага тўхтайлик. Зеро, бу жуда кўп нарсаларни ойдинлаштиради. М. Попов мақоласи айнан мана шу воқеаларга бағишланган тарихий бадиҳа устида ишлаб турган пайтимда босилгани бу ишни осонлаштиради. Қолаверса, бу воқеалар нафақат Скобелев, шу билан бирга Верешчагиннинг ҳам, ойномангизда ёзилганидек, ҳақиқатда қанақа «асл рус зиёлисинннг намунаси» бўлганликларини кўрсатади.

1868 йил 1 май куни босқинчи генерал фон Кауфман Самарқанд шаҳрини Чўпонота қиридан тўпга тутгандан сўнг, шаҳар таслим бўлади. Шаҳарни эгаллаган рус қўшинлари бир ойдан сўнг Каттақўрғон тарафга отланиб йўлга тушгач, 30 майдан 1 июнга ўтар кечаси шаҳарда исён бошланади. 3 июнда Зирабулоқ яқинида бухороликлар билан уруш ҳаракатида бўлган босқинчилар-исёндан хабар топиб, таҳликага тушадилар. Қопқонга тушишдан қўрққан фон Кауфман бошлиқ рус қўшини жуда қаттиқ жанг қилиб, Бухоро амири қўшинини мағлубиятга учратади. Ва шитоб билан Самарқанд устига юради. 8 июнда шаҳар остонасига етиб келган фон Кауфман, ҳузурига омонлик тилаб чиққан шаҳар оқсоқолларини қувиб ҳайдайди. Шаҳарни тўпга тутишни, уни бутунлай ёндириб ташлашни буюради. 9 июнда шаҳарда даҳшатли қирғин бошланади. Юзлаб бегуноҳ одамлар ҳеч қандай суд ва сўроқсиз отиб ташланадилар. Босқинда фаол иштирок қилган В. Верешчагин бу ҳақда ҳикоя қилар экан, ўзининг асл башарасини очади: «Генерал Кауфманнинг ҳовлимиз ўртасида, йўлкурсида ўтирганча, исёнда қатнашган турли одамларни жазога ҳукм қилгани кўз ўнгимдан кетмайди. Жанговар офицерлар даврасида ўтирган саховатли Константин Пстрович ҳеч нима бўлмагандек, бамайлихотир фақат бир огиз сўзни такрорларди: «Отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин…»

Қонли воқеаларни чизишни, Петербургнинг кибор хонимлари даврасида: «Дорга осилган одамлар типирчилаб турганида, расмларини чизганман», дея мақтанишни, «бир муллаваччани минорадан улоқтириб юбордим», деб мактубларида керилишни ҳаддан ташқари ёқтирган мустабид рассом бу сўзларни жазога тортилаётган одамларга ачинганидан эмас, балки «саховатли» Константин Петрович иродаси ва.қатъиятига қойил қолганидан қайд этади! Эс-ҳуши жойида бўлган одамнинг инсон қонини тўкиб турган жаллодни «саховатли» дейишига ишониш мумкинми?!

Верешчагин ҳақидаги ойномангиз сўзбошисида хатолар бор: «Машҳур рус мусаввири Василий Васильевич Берешчагин фақат мўйқалам эмас, шунингдек, қалам эгаси эди, у наср, ҳатто шеър битарди», деган жумлага «у милтиқ ва тиғ эгаси ҳам эди», деб тузатиш киритиш керак! Ойнома: «Мусаввир Верешчагин ва ёзувчи Верешчагин доим ёнма-ён эди», деб ёзади. Менимча, бу жумла ҳам, «мусаввир Верешчагин, ёзувчи Верешчагин ва босқинчи Верешчагин доим ёнма-ён эди», деб тузатилса, тўғри бўларди. Мен Верешчагиннинг асарлари, кундалик дафтарлари, мактублари ойномангизда босилишини истайман. Мабодо, шундай ниятингиз бўлса, юқоридаги тузатишлардан фойдаланасиз, деган умидим бор.

…Бироқ, даҳшатли қатли омдан сўнг ҳам, халқнинг эркка бўлган интилиши сўнмади. Халқ исёнлари қайнаб кўтарилаверди. Мана шундай ҳаракатларнинг энг жиддийси ва босқинчиларни бағоят шошириб қўйган Бобон бошлиқ қўзғолон бўлди. Бу халқ қаҳрамонининг эл ёдидан ўчгани узоқ йиллар олиб борилган кўр-кўрона спёсат оқибати ўлароқ пайдо бўлган манқуртлигимиз туфайли эканлигини англаган ҳолда, халқ шарафига лойиқ бу қаҳрамон хотираси олдида бош эгаман!

Бобон Алибой ўғли бошчилигидаги халқ қўзғолони 1869 йил октябрда бошланиб, Зарафшон дарёсининг қуйи оқимидаги туманларни, жумладан, Бухоро амирлиги тасарруфидаги Зиёвуддин ва Хатирчи бекликлари, Россияга тобе ерлардан тузилган Зарафшон округининг Каттақўрғои бўлимига кирган қишлоқларни қамраб олди. Дастлаб бор-йўғи ўн саккиз кишидан иборат бўлган қўзғолончилар сони икки ой ичида беш юздан ошиб кетди. 1869 йилнинг сўнгги кунларида Бобон бошлиқ қўрга Ҳайдарқул раҳбарлигидаги йигитлар ҳам қўшилади.

Чор Россияси мустамлакачилик сиёсатининг ҳимоячиларидан бири, генерал Терентьев «Ўрта Осиёнинг босиб олиниши тарихи» асарининг биринчи жилдидаги 482-бетда уятни унутиб, шундай ёзади: «Сўнгги йиллардаги тўс-тўполонлар, амир қўшинининг бетайинлиги, халқининг сиёсий нодонлиги туфайли, мустақилликка эришмоқчи бўлган ҳар бир даъвогарни қўллаб-қувватлаши оқибатида, ғалаёнлар, ўғрилик ва талончиликлар авж олди. Айниқса, Жом билан Каттақўрғон оралиғидаги жуда катта жойда босқинчилик билан шуғулланган Бобон деганнинг тўдаси ажралиб туради».

Бировнинг юртини босиб олган генерал, мана шу қулликка қарши курашган халқ вакилларини «босқинчи» дейишини қандай изоҳлаш керак?! Худди шу нуқтаи назар М. Попов мақоласида ҳам мавжудлиги кишини ажаблантиради.

Вақт ўтгани сайин, қўзғолончилар сафларининг кенгайиб бораётганидан қўрқиб кетган Зарафшон округи бошлиғи генерал Абрамов шошилинч разишда фон Кауфмандан ёрдам сўрайди. Мана шундай паллада Академияни битириб, штаб-ротмистр унвонига сазовор бўлган Скобелев Самарқандга келади. Кауфман билан келишиб, генерал-майор Абрамов қўзғолонни бостириш учун Скобелев бошчилигида махсус жазо отрядини тузади. Отрядга асосан тажрибали казаклар ажратилади.

Жазо отряди қўзғолончилар билан даставвал Каттақўрғон яқинидаги Чоршанба қишлоғи ёнида тўқнашади. Ана шу илк тўқнашув Скобелевнинг сўнгги жанги бўлиши мумкин эди. Қўзғолончилар Скобелев отрядига жиддий зиён етказиб, қутулиб кетадилар. Жазо отрядининг мағлубияии Туркистонга хўжайинлик қилаётган босқинчи ҳарбийлар орасида таҳлика уйғотди. Шунинг учун ҳам, фон Кауфман «Бош штабга биркитилган штаб-ротмистр Скобелевнинг Чоршанбадаги номуносиб хатти-ҳаракати ҳақидаги масалани текшириб кўрувчи» нуфузли ҳайъатни тузишга мажбур бўлди! Отасининг подшоҳга яқин тургани учунгина Скобелев оғир жазодан қутулиб қолади. Ўз «қаҳрамони» ҳаётини ипидан-игнасигача ўрганиб чиққан М. Поповнинг «кучли саркарда» Скобелев жангу жадалда пишган казаклардан тузилмиш жазо отрядини оддий ўзбек йигитининг бир ҳовуч қўри мағлуб этгани ҳақида лом-мим демагани кишини ажаблантиради!

Мана шу шармандали мағлубият туфайли, Скобелев умр бўйи Туркистон халқларидан қонхўр қиличи ёрдамида қасос олди; бола демай, қари демай, одамларни қириш унинг оддий турмуш тарзига айланди!..

«Улуғ Россия давлати офицерининг шаънини ерга урган» штаб-ротмистр Туркистонга келганига бир йил тўлмай, Кавказ ҳарбий округига қарашли Каспийорти бўлим ихтиёрига жўнатилди. Маркази Красноводск бўлган бу бўлим қўшинлари туркман қабилалари қонини тўкиб, уларнинг ерларини босиб олишга тайёргарлик ишлари олиб бориларди. Чор Россиясининг очкўз панжаси Хива устида муаллақ турар, чанг солиш учун бир оғиз сўз кифоя эди. Бу бир оғиз сўз 1873 йилда айтилди. Қўшинлар Хивага отланди.

М. Поповнинг мақола ёзишдан мақсади қонхўр генералга маддоҳлик қилиш бўлгани учун ҳам, тарихий воқеаларни жиддий ўрганмаган, шу боис жуда кўп хатоларга йўл қўйган. Бу Хива, Қўқон, Кўктепа воқеаларини тасвирлашда кўзга ташланади. Чунончи, Хивага қараб икки қўшин — Тошкентдан фон Кауфман бошчилигидаги Туркистон ҳарбий округи аскарлари, Оренбург ва Манғишлоқдан генерал-лейтенант Н. А. Веревкин бошчилигидаги отряд йўлга чиқди, деб ёзади. Кейинроқ, «уч отряд бирлашди», деган жумлани ишлатади. Брокгауз — Эфрон қомусий луғатининг 73-жилдидаги 187-бетда эса шундай ёзилган: «1873 йили фон Кауфман бошчилигида тўрт отряд «Туркистон, Манғишлоқ, Оренбург, Красноводск отрядлари тузилди. 13 000 кишилик бу қўшин 4 600 та от, 20 000 та туя ёрдамида февраль ойинннг охири, март ойининг бошида Жиззах, Казалинск, Каспий денгизи бўйидан йўлга чиқдилар. Аммо Красноводск отряди манзилга етиб боролмади».

Брокгауз — Эфрон қомусий луғатидан келтирилган бу маълумотларни атоқли ўзбек муаррихи Муҳаммад Юсуфбек ибн Бобожонбек — Баёний ўзининг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида қуйидагича тасдиқлайди: «Кауфман… Хоразм устига бормоқнинг сар-анжомларини тутмоқға муқайяд бўлди. Икки йилдан ортиқ замонда тамоми сафар тадорикин тутуб, ҳижратнинг минг икки юз тўқсонланчиси ва товуқ йили имфератур аъзамға бу ҳолатдин хабар бериб, Хоразм сафари рухсатин тилаб, тамоми асбоби сафарни муҳайё қилғонининг изҳорин этди. Имфератур аъзам қабул қилиб, рухсат берди.

Аммо Русия давлати мундин бурун беш мартаба Хоразм устига аскар юбориб, аларнинг баъзилари Хоразм йўлида ташналиқдин қирилиб, баъзилари Хоразмга бориб урушиб, қирилиб, ҳанузгача асло зафар топа олғонлари йўқ эрди. Бас, имфератур аъзам бу бобда тамоми аркони давлати била маслаҳат этиб, ул тарафға бормоқға қайси йўл яхшироқ эрконин ҳам билмай, ложарам (ноилож) Хоразм устига тўрт тарафдин аскар юбормакни илтизом этдилар.

Аввалғиси Туркистон лашкарининг амири Кауфман генерал губернатурни Туркистон лашкари била, иккиланчи, Қофқос (Кавказ) лашкарининг амири Марқасуфни Қофқос аскари била, учланчи, Урунбурғ маҳофазининг вакили Веруфкинни Ўринбурғ аскари била, тўрланчи Баҳри Ҳазар канорида Кандарли аскарининг улуғи Қойилмақом Ломокинни Кандарли аскари била Хоразм устига юрсинлар, деб ва ҳамма яккаларга Кауфман губернатур амири лашкар бўлсун, деб фармон юбордилар».

М. Попов мақоласида воқеалар хоҳ Хива, хоҳ Кўктепа воқеалари тасвирлансин, биринчи ўқлар ҳамиша беозор рус қўшинига қаратиб отилгандек тасвирланади. Гўё улар Хивани босиб олиш учун келмаган-у, сайрга чиққанлар! М. Попов ёзади: «28 май куни пешинда ҳужумчи қисмлар шаҳар дарвозаларига яқинлашдилар, аммо ҳужум қилмадилар, хиваликлар русларни қалъа тўпларидан ўққа тутишди, руслар уларга милтиқларидан жавоб беришди». Чор Россияси даврида босилганига қарамай, ўзининг аниқ маълумот бериши билан нуфузли Брокгауз—Эфрон қомусий луғатида эса бу ҳақда шундай маълумот берилади: «28 май куни Оренбург ва Манғишлоқ отрядларининг бир қисми генерал Веревкин бошчилигида Хива шаҳрига яқинлашиб, хандақларни эгалладилар ва шаҳарни тўпга тутдилар. Шаҳарда тўс-тўполон бошланди».

Бу қайдларни Баёний ҳам тасдиқлайди: «Кауфман… Хевақнинг икки ярим миллигида бир ерга тушди… Кулучов (Головачев) шаҳарга тўп отмоқ бошлади».

Воқеалар давомини ёзишда М. Попов яна ёлғондан фойдаланади. Муаллиф мазкур мақоласида босқинни оқлаш учун турли ёлғонларни тўқиб чиқарган айрим рус ҳарбийлари ва «тадқиқотчи»лари ёзиб қолдирган «илмий» асарлардан фойдалангани очиқ-ойдин кўриниб турибди. «Кўр кўрни қоронғуда топар», деганлари шу-да!

Жуда кўп тарихий асарлардан маълумки, шаҳар тўпга тутилгандан сўнг, фуқаролари қонининг тўкилишини истамаган Хива ҳукмдори Саид Муҳаммад Раҳимхон Кауфманга элчилар жўнатиб, унга шаҳар дарвозаларини жангсиз очиб беришни айтади. Брокгауз — Эфрон қомусий луғатидан: «Шундай қилиб, Сарикўприк томондаги дарвоза орқали Оренбург қўшинининг бир қисми, бошқа дарвозадан эса Кауфман бошчилигидаги Туркистон ва Оренбург қўшинининг қолган қисми тантанали тарзда, жангу жадалсиз Хивани эгаллади». Аммо шаҳарнинг тинч йўл билан забт этилишидан норози, аниқроғи, қон тўкишга ўрганган Скобелев Хива дарвозаларидан бирини тўпга тутишни буюради ва қўлостидаги мингга яқин саллотни жангга бошлаб, ҳар икки тарафдан жуда кўп одамларнинг қурбон бўлишига сабабчи бўлади. Бу воқеалар хусусида Баёний «Шажараи Хоразмшоҳий»да қуйидагиларни ёзади: «…Русия тўпийинг кунфоралари қалъанинг устида ёрилиб, баъзи жойларни ўт ола берди. Хон ҳазратлари саросима бўлиб, Амир Тўра ва Иноқбек ва Муҳаммадмурод девонбеги ва Яъқуббой ва ғайри… чақириб, маслаҳат этиб, юртни Русияга таслим этиб, сулҳ қилмоқға қарор бердилар. Ондин сўнг, бу мазмунда нома ёзиб, Элтузар Иноқни элчи қилиб, Кауфман тарафига юбордилар.

… Қауфман нома мазмунидан огоҳ бўлуб, сулҳ сўзини қабул қилиб деди: «Эртанг хонингни олиб келгин. Бу ерда онинг била сулуҳ қилиб мен ушбу ердин қайтаман»… Кауфман Қулучофга фармон юбордиким, Хевақ хони қалъани бизга берди. Эмди тўпу милтиқ отмоқдин қўл сақласунлар. Қулучоф буюрди: Русия аскари тўп ва милтиқ отмоқдин қўл сақладилар.

… Сиқублуф (Скобелев) ва қунат Шувалуф (корнет Шувалов) бир ғайрат кўргузмак учун зобитларни ҳарбға тарғиб этиб, ушбу бир неча милтиқ отилғонини уруш бошлонғонига ҳисоб этиб, йўлуқғон кишини отиб-чопиб кела бердилар. Ғаразлари бу эрдиким, Хевоқни ҳарб била олдук, демакчи эрдилар. Бу тариқада издиҳом (даҳшатли ҳамла) била Арк тарафға юрудилар. Аҳоли ҳам учакулардан (томлардан) аларға милтиқ отар эрдилар. Урунбуруғ аскарининг саркардаси Сиқублуф то Арк олдиға келгунча, бу тариқада отишуб келди. Мундин ярим соат сўнгра Кауфман Тошкент лашкари била мусиқа черттируб, Ҳазорасп дарвозасидан кириб келди. Чун уларнинг (яъни Скобелев билан Шуваловнинг) бу тариқа шаҳарга киришлари Кауфманнинг амря билан эмас эрди. Кауфман аларнинг келгонларини эшитиб, фармон юбордиким, алар келгон йўлларидан қайтиб чиқиб, лашкаргоҳга борсунлар».

Шаҳарнинг тинч йўл билан қўлга кирганидан мамнун Кауфман бу қонли воқеалардан хабар топиб, қаттиқ ғазабланади. Бироқ, эркатой офицерни жазолашдан ҳайиқади, — жаллод бу гал ҳам қутулиб кетади. Ўша давр рус мутараққий кучлари ораоида «Жаллод» номи билан машҳур бўлган Александр II эса Скобелевни «Жасурлиги учун», деб ёзилган олтин қилич, тўртинчи ва учинчи даражали Авлиё Георгий хочи нишони билан тақдирлайди. Қилич ҳам, ҳоч ҳам Хива остонасида ҳалок бўлган маҳаллий халқ ва оддий рус саллотларининг қонига бўялганини М. Попов ёхуд бошлиқ ойнома аҳли билармикан?!

М. Попов ва унингдек инсофни унутган айрим «тарихчилар» диққатини яна Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарига қаратаман. Диёнатли ўзбек муаррихи рус босқинчиларининг Хива хонлиги ҳудудида яшаган туркман уруғларидан — ёвмит (ямут)ларга нисбатан қилган қирғинини тасвирлаб, шундай лавҳалар чизади: «Қозоқ отлилар (яъни рус казаклари) кўзга кўринганини отиб, қорри боболарни ва аёлу атфол найза била санчиб ўтға отар эрдилар ва амволларин (болалар)ни тиғ била чопиб, сут эматурғон ўғлонларни торож этар эдилар…

… Шу боисдан, сўнг ямутлар иттифоқ этиб дедилар: «Энди бизларнинг Русия била мулоқотимизнинг қилич била бўлғони яхшироқдур. Аёлу атфолларимиз талаф бўлғодин сўнг, бир жонимиз учун Русиядин миннат кутармизму?! Дунёда мундоқ ҳаёт юргондин ўлғон яхшидур…»

Қулучуф ямутларнинг таъқиблари учун қозоқ отлиларнинг ораларидин етти бўлак отлини интиҳоб этиб, Бурнаш Ужан отлиқ бир зобитни оларға саркарда қилиб ирсол этди. Булар бир мил миқдори йўл юриб, бир жамоа ямутларнинг изларидин еттиларким, баъзилари қоррилиқ жиҳатидин, баъзилари беморлиқ сабабидин ва баъзилари аёлу атфоллариға ҳамроҳлик этиб ўғлонларин, орқалариға кўтармак била ҳоришиб, суст бўлуб, афтону хезон (йиқилиб ва туриб) борур эрдилар. Қозоқ отлилар оларни кўрган ҳамоно, от солиб бориб, ҳаммаларин қатл этдилар. Ондин ўтуб, яна бир жамоа ямутларнинг изларидан еттиларким, олар ҳам аёлу атфоллари била чулошиб ва бир миқдор қўю эчкиларин суруб, аҳволи хароб била борур эрдилар. Қозоқ отлилари «ҳайё-ҳуй» ужоби била қичқиришуб, от солиб келиб, аралашиб қатл қила бердилар. Ямутларнинг кўп атфоллари отларнинг оёқлари остида қолиб, нечалар ўлуб, нечалари нимжонлик била ота-оналарига қичқирур эдилар. Ул ҳолда ямутларнинг кўзларига дунёву жаҳон қоронғу бўлуб, Русия аскарига тақсум бўлдилар. Баъзи хотинлар ҳам чап қўлида боласи ва ўнг қўлида тиғ била Русия отлилариға ҳамла қилур эрдилар. Бир миқдор уруш бўлғондин сўнг, Русия аскари ғолиб келиб, оларнинг ҳам ҳаммаларин тиғу тўфанг била қириб тамом этдилар.

Баъзи замон захмдорлар (ярадорлар) ўлукларнинг ораларида ўзларини ўлукдек этиб ётмиш эрдилар. Русия аскари найза билан уруб ўлтурур эрдилар. Ва ул ерда бир кичик кўл бор эрди, йигирмадан кўпроқ хотинлар ўғлонларин қучоқларига олиб, ул кўлга кириб сув ичидаги экинларнинг ораларида пинҳон бўлуб туруб эрдилар. Русия аскари оларни кўруб, милтиқ ўқи била оларни уруб қатл этдилар.

Ул ҳолда тўрт қозоқ (казак) отлиқ бир ямутнинг изидин етиб, ўртаға олиб ҳар тарафдин тиғ урмоқ бошладилар. Ул ямутнинг қўлида ҳеч яроғи йўқ эрди. Онга кўп захм урдилар. Қўлларидин ва тамоми баданидин қон оқиб борур эрди. Ямут кўрди, булар они ўлтурмакчидурлар, ғайратга кириб, бир ҳамла қилиб, ул қозоқнинг биридин қиличини қонгираб қўлидин олиб, ул қилич била ҳамула (ўша) тўрт қозоқ отлини қатл этди. Чун захмларидан қон кўп оқиб эрди, беҳол бўлиб йиқилиб қолди. Ул ҳолда икки қозоқ отли бу аҳволда кўруб келиб, отиб ва тиғ била уруб шаҳид этдилар ва Русия аскари ҳар ерда зироату хирман бўлса, ўтлаб (ёндириб) ва уйларни тамом ўтлаб борур эрдилар…»

Она юрти бошига тушган оғир ва фожиали кунлар ҳақида ёзар экан, Баёний қора воқеалар тасвирини бир зум тўхтатиб, алам билан бўзлайди: «Дариғким, аҳли Хоразм марди мубориз жамоа эрдилар! Бир неча Ватан хоинлари ўз мақсадларин ҳосил этмак учун мундоғ ҳисоратни оларнинг бошлариға келтурдилар. Агар тамоми Хоразм аҳолилари якдилу якжиҳат бўлуб, уруш этсалар эрди, эҳтимоли йўқ эрдиким, Русия аскари оларға зафар топа олғайлар. Мундин бурун, беш навбат келиб, асло зафар топа олғон эрмаслар. Нечунким, Хоразмнинг атрофида қуму даштлар бордур ва бир тарафида дарё бордурким, маҳкам садларнинг ўртасида воқедир. Онинг пасту баландин билмаган кишиларга фатҳи маҳол эрди. Чунъ олоҳи таолонинг иродаси бу эрди, тақдирға чора йўқдур!»

Қонхўр Скобелевнинг Кўктепа устига қилган хуружи ҳақида ёзар экан, М. Попов шундай сўзларни ишлатадики, уларни ўқиб, ҳайрон қоласан. Босқинчи генерал маддоҳи учун одам қонини тўкиш — «қувноқ куй остида бўладиган солдатларнинг қувноқ меҳнати». Ёки Скобелевнинг тинч аҳоли — туркманлар билан учрашуви тасвирини олинг (М. Попов уларни «айёр туркманлар», деб ҳақорат қилади!). Бу учрашув пайтида, бир туркман йигити: «Туркманлар ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар!», деб айтади. Шу ҳақда ёзар экан, М. Попов ўзи ёлғонни устма-уст қалаштириб ташлаганини унутади!

Ҳа, М. Попов бутун мақола давомида, уятсизларча, ёлғон ишлатади. Нияти — ёлғонга зўр бериб бўлса-да, Скобелевнинг қонхўрлигини оқлаш, иложи бўлса, генерални фариштага айлантириш. М. Попов фаолияти бундан икки аср илгари «Россия давлати тарихи»ни битишга аҳд қилган бир губернатор фаолиятига ўхшаб кетади. Ўша тарихчи — губернатор ҳам ўз халқи тарихида юз берган шармандали воқеаларни яширишга ёки хаспўшлашга уринарди. Масалан, солномаларда «Руслар жангда душмандан 10 тасини ўлдирдилар», деб ёзилган бўлса, бир қалам уриш билан 10 сони 100 га айлантириларди. 100 та бўлса 1000 тага айлантириларди. Ёки солнома «душманлар-руслардан 1000 кишини ўлдирдилар», деб маълумот берса, бу тарихчи-губернатор 1000 сонини 10 га айлантирарди! Зеро, у тарихий солномалардан нимани олишни, нималарни яшириш лозимлигини биларди…

Совет тарихчилари устозларидан академик Б. Греков «Киев Руси» асари сўзбошисида рус ва бутун совет тарихчилиги ақидасини қуйидагича баён қилади: «Тарихий манба, у қанақа бўлишидан қатъий назар, тарихчи ундан нима олишни яхши билсагина фойдалидир». Бу сўзларда, Ўлжас Сулаймонов айтганидек, тарих илмига жуда катта зарар келтирган «илмий» нуқтаи назар моҳияти яширин!

Скобелевнинг қон тўкиш дардига! мубтало бўлгани Қўқон хонлигини забт этиш, Пўлатхон бошлиқ халқ қўзғолонини бостириш давомида яна бўртиб кўринди. М. Попов бу воқеалар ҳақида сўз юритганда, яна ҳақиқатни айтмайди.

… Чор Россиясининг, зулм-истибдодга асосланган сиёсатидан норози халқ орасида чор ҳукумдорларига нисбатан бўлган қаҳру ғазаб кучайиб боргани табиий. Жуда кўп ҳолларда бу қаҳр-ғазаб халқ қўзғолонига замин ҳозирлаган. Шундай ҳаракатларнинг бири Пўлатхон қўзғолони бўлди. Ушбу қўзғолон ҳақида ёзган тарихчиларимиздан Ҳ. Бобобеков, бу ҳаракатга «баҳо беришда шу кунга қадар тарихчи олимлар ўртасида бирлик йўқ: бири уни халқ ҳаракати, иккинчилари реакцион ҳаракат, учинчилари миллий озодлик уруши, тўртинчилари ўзаро феодал уруш, бешинчилари ҳеч қандай баҳо бермай келмоқдалар», дейди. Ўйлашимча, ҳаракатга энг тўғри баҳо, аллақачонлар, унинг душмани бўлмиш киши томонидан айтилган. Қўзғолонни бостиришда фаол қатнашган (ўша пайтда у ҳали капитан эди) генерал Куропаткин олий қўмондонликка юборган маълумотида шундай ахборот беради: «Кураш хон билан бўлмай; аксинча, енгиш жуда қийин бўлган халқ ҳаракати билан бўлди… Аҳоли билан жанг қилиш эса ҳамиша, маҳаллий мустабидларга қараганда, жуда оғир бўлади».

Пўлатхон қўзғолони том маънода халқ ҳаракати бўлиб, у энг аввало озодликка чиқиш учун чор ҳукумати зулмига қарши, маҳаллий феодалларнинг халқ манфаатларига зид қилмишларига қарши қаратилган эди.

Мустабид генерал Троцкий: «Қўзғолон рус вакилларига қарши кўтарилди», деб ёзади. Троцкийнинг бу сўзлари, юқорида айтганимиздек, рус мустабид тузуми билан рус халқи ўртасида фарқ йўқдек, бир тушунча сифатида қабул қилиниши оқибатида, ҳужжатдан ҳужжатга ўтиб, қўзғолонни қораловчи факт сифатида қўлланиб келинмоқда. Хўш, генерал Троцкий, «рус вакиллари» деганда бу ўлкага келган олим, сайёҳ ёки бирор бир савдогарни назарда тутган эдими? Албатта, йўқ. Ахир, бу пайтда босиб олинган ерларда рус қўшинидан, мустамлака қонунларини ўрнатишга хизмат қилувчи амалдорлардан бўлак рус вакиллари йўқ эди-ку! Генералнинг бу сўзларни айтишдан ягона мақсади, ҳимоясиз Андижонга ҳужум қилиш учун баҳона излашдан ўзга нарса эмас. Босқинчи учун пашшанинг ғинғиллаши ҳам баҳона бўлиши мумкин! Демак, генералнинг «рус вакилларига қарши» деган сўзини, «рус босқинчиларига қарши», деб тушунмоқ керак! Бу эса Пўлатхон қўзғолони — мустамлакачиларга қарши ҳаракат эканини яна бир карра тасдиқлайди.

М. Попов мадҳ этган генерал Скобелев Пўлатхон қўзғолонини бостиришда фаол иштирок этди. Генералнинг ёзишича, бу ҳаракатнинг бош мақсади, руслар «босиб олган хонлик ерларини қайтариб олишдац иборат» эди. Босқинчи генералнинг бу сўзларидан яққол кўриниб турибдики, қўзғолон (хусусан, унинг ўрта босқичи) миллий озодлик ҳаракати характерига эга бўлиб, у мус-тамлакачиларга қарши қаратилган.

Рус босқинчиларининг ўлкадаги раҳбари фон Кауфман подшоҳга телеграмма жўнатади. «Ўн минг қўқонлик Туркистон генерал-губернаторлигига уруш бошлади», деб ваҳима кўтариб, янги босқинлар учун фотиҳа тилайди. Шу билан бирга, Кауфман подшоҳдан қўқонликларга қарши уруш олиб бориш учун 200 минг сўм пул қарз сўраб, бу пулни босиб олинажак хонлик хазинасидан юз карра ошиғи билан қайтаришга ишора қилади. Подшоҳ телеграмма қоғозига: «Бажариш керак», деб ёзади.

Бу — қўзғолонни бостириш баҳонасида, уруш ҳаракатларини бошлаш, Қўқон хонлигини босиб олиш учун расмий рухсат эди!

Генерал М. Д. Скобелев ташаббуси билан, «Икки сув ораси», деб номланган уруш ҳаракатномаси ишлаб чиқилади. Бу ҳаракатнома асосан қўзғолончиларга қарши қаратилган бўлиб, унда яна бир марта Андижонга ҳужум уюштириш, қўзғолончиларнинг асосий кучларини тор-мор этиш кўзланган эди.

Қонхўр генерал бу ниятини амалга ошириш учун йўлида учраган барча қишлоқларни култепага айлантириб, 1876 йилнинг 8 январида Андижон остонасига етади. Ўртада даҳшатли жанг бошланади. Андижонликлардан 20 минг одам ўлдирилади!

Бу сўзларнинг исботи учун З. А. Кастельскаянинг «Туркистон ўлкаси тарихидан» номли китоби 24-бетидаги сатрларга сизнинг ва мақола муаллифининг диққатини жалб этмоқчиман: «Жазо отрядига бошчилик қилган Скобелев қўшинлари исёнчиларга қарата тўплардан ўт очиб, уларни чекинишга мажбур қилдилар. Скобелев Андижонни ёндириб, Қорадарё воҳасидаги қишлоқларнинг ҳаммасини йўқ қилиб ташлади».

Сизга ва М. Поповга Скобелевнинг шу даврга оид бир «жасорати» ҳақида ҳикоя қилиб берай. Сиз жамоатчиликни, шу жумладан, биз ўзбекларни «шонли 150 йиллигини нишонлашга чорлаган» қонхўр генерал бошчилигидаги ёвуз гала ёндирилган, вайронага айлантирилган қишлоқларини ташлаб чиқиб, бошпана излаб юрган бир тўда тинч аҳолини учратиб қолади. Уларнинг қўлида яроқ йўқлигини, тўда асосан чоллару кампирлардан, аёллару болалардан иборат эканлигини кўра туриб, Скобелев қўл остидаги офицерлар — Наливкин билан Ионозга тинч аҳолини қириб ташлашни буюради. Шунда Наливкин бу қабиҳликдан бош тортиб: «Мен офицерман, қурол ушлаган душман билан юзма-юз жанг қилишга ўрганганман. Тинч аҳолини қириш эса қўлимдан келмайди», деб жавоб беради. Ғазаби чиққан Скобелев Ионовни зуғумга олгач, у қўл остидаги саллотларни бошлаб, эмизукли болаларгача чопиб ташлайди. Мана шу воқеадан кейин Скобелев, «Наливкин ё жазога тортилсин ёки истеъфога чиқсин», деб туриб олади. Оқибатда, Наливкин истеъфога чиқишга мажбур бўлади.

… Қўзғолон бешафқат бостирилди. Бутун бошли романларга мавзу бўлмиш Пўлатхон тақдири фожиали тугади: ўз халқи эрки учун курашган 33 ёшли йигит дорга осилди. Халқ қонини дарё қилиб оқизган, йўлида учраган барча қишлоқлар кулини кўкка совурган, тирик жонни тиғдан ўтказган генерал Скобелев эса, 1876 йилнинг 19 февралида подшоҳ ҳукми билан ташкил этилган Фарғона вилоятининг ҳарбий губернатори, деб эълон қилинди.

Қўзғолоннинг ҳақиқий қаҳрамони халқ эди. Шу боисдан ҳам, «реакцион маҳаллий элементлар бу қўзғолонни бошқариб тургани, улар Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсири кучайиб бораётганидан қўрққани учун, халқни русларга қарши кўтаргани» ҳақида гапириш асоссиздир. Чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини ёқлаб, яъни қўзғолон русларга қаратилгани учун, хонлик чор қўшинлари томонидан босиб олинди, деб ёзган бир қатор тарихчилар бу билан бутун бир халқни ҳақорат қилганларини, уларнинг озодлик йўлида тўккан муқаддас қонларини ўша рус саллотлари каби тупроққа қорганларини англармиканлар? Ҳамон англамаган бўлсалар, англайдиган пайт етди, деб айтишни истардим!..

Чор ҳукумати ўз халқи манфаатларига қарши борган ва сотқинлик йўлига ўтган кимсаларни ўз паноҳига оларди. Қўзғолонга хиёнат қилган Абдураҳмон Офтобачи халқ қаҳридан қочиб Екатеринаславда яшай бошлайди ва ўз сотқинлиги эвазига 3 минг тилла танга ҳисобида нафақа олади. Унинг ўлимидан сўнг бу пул сотқиннинг хотини ва қизига берилади. Мустабидлар хиёнатни жуда қиммат баҳолайдилар. Бундай сиёсат мустамлака ўлкада ҳукм сураётган ҳар қандай зўравонлик, ҳар қандай жабру зулмдан даҳшатли эди!

У одамлар кўнглига шубҳа ва хиёнат уруғларини сочарди. Бундай сиёсат уларда, бир-бирларини сотиш билан, чақув ва айғоқчилик билан ўз турмушларини яхшилаш мумкин, деган тасаввур пайдо бўлишига хизмат қиларди. Чор ҳукмдорларининг уринишлари бекор кетмади. Бу ҳол кечикиб бўлса-да, ҳосила берди. Шунинг учун ҳам, ўз халқи манфаатларини ўйламайдиган баъзи бир амалдорларни кўрсам, улар ўша уруғларнинг меваси эмасмикин, деган ўйга бораман.

М. Поповнинг фаросатсизлиги (балки билиб туриб, ўзини фаросатсиз қилиб кўрсатиши) шу даражага борадики, уятни бир четга йиғиштириб қўйиб: «Туркистон ва Туркманистонда бўлган пайтида М. Скобелев Ҳиндистонни инглизлар ҳукмронлигидан ОЗОД ҚИЛИШ МАҚСАДИДА ЖАНГОВАР САФАР УЮШТИРИШ масаласи билан жиддий шуғулланади», деб ёзади. Унда, биз Англиянинг Ўрта Осиёга кўз олайтиришини «ТУРКИСТОН ўлкасини руслар асоратидан озод қилиш истаги» сифатида кўрсатишимиз мумкин экан-да! Қолаверса, Ҳиндистонни озод қилиш» баҳонасида рус босқинини оқлаш Скобелев фикри эмас, бу М. Поповнинг ўйлаб топган ёлғон ақидасидир. Скобелев эса бу босқин режасини тузаётганда М. Поповга ўхшаб ўз мақсадйни яширмай, очиқ-ойдин: «Бу босқин Россия тантанаси ва улуғлиги» учун хизмат қилади, деб улуғ давлатчилик ғояларини тарғиб этган!

Бутун куч-қувватини генералнинг буюк даҳосига олқиш айтишга сарфлаган М. Попов бошқа воқеаларни деярли ўрганмаганлиги оқибатида, тарихий воқеалардан палапартиш хулосалар чиқаради. Жумладан, у «Қўқон хони Абдураҳмон», деб ёзади. Ўрта мактаб ўқувчисиям биладики, ўша пайтда Қўқон хони тахтида Худоёрхон ўтирган эди. Абдураҳмон эса… Абдураҳмон Офтобачи бўлиб, у дастлаб хон тарафида, кейин хонга қарши чиққан қўзғолончилар тарафида турган, ундан кейин… қўзғолончиларни рус босқинчиларига тутиб берган сотқин бир кимсадир. Лекин М. Попов ҳамиша ҳам алдайвермайди, баъзан тўғри гапниям айтади. Жумладан, Скобелевнинг нақадар «буюк психолог», «ажойиб инсон», «демократ», «тенги йўқ инсон» эканини бутун мақола давомида исботлашга уринган муаллиф ўттиз тўққиз яшар босқинчининг фоҳиша тўшагида ўлиб қолганини тасвирлаш билан, бутун қилган «меҳнати»ни йўққа чиқаради, яъни суюкли генералнинг қандай инсон бўлганини, ўзи билмай, фош этиб қўяди!

ЎРТОҚ МУҲАРРИР! Миллатлараро муносабатларнинг бутун мамлакатда, шу жумладан, жумҳуриятимизда ҳам таранглашган пайтида, бундай ғайри ғояларни тарғиб қилувчи, такрор таъкидлайман, халқлар ўртасидаги дўстликка рахна солувчи мақолани босиб чиқаришдан муддао нима?! Нима сабабдан, жумҳуриятимиз халқлари, биринчи галда ўзбек халқи маънавияти учун хизмат қилиши зарур бўлган ойнома саҳифасида, бу халқнинг тарихини бузиб кўрсатувчи, шу билан уни таҳқирловчи мақола эълон қилинди?!

Аввало, бундай мақолаларнинг босиб чиқарилишига биз ўзбек зиёлиларининг лоқайдлигимиз сабаб бўлаётганлигини тан оламан. Мана шу лоқайдлик натижасида, Ўлжас Сулаймонов ёзганидек, «бир қатор шаҳару қишлоқларимиз ҳамон босқинчи подшоҳ ва унинг генераллари номи билан аталиб келинаётгани билан даҳшатлидир. Бу даҳшат қаердаким, олим бепарво, шоир соқов, сиёсатчи кўр бўлса, ўша ерда ўзини намоён қилавериши билан даҳшатлидир».

Тошкент яқинидаги жойлардан бири шаҳарни қонга ботирган генерал номи билан «Черняевка», деб аталишини сиз ҳам, мен ҳам биламиз. Балки сиз бундан хурсанддирсиз, аммо мени бу жуда қийнайди. Жаллодликда Скобелевга баробар рус буржуазияси, «Туркистон хазиналарини бизга очиб берган Ўрта Осиё Ермаги», дея олқишлаган бу золим ҳақида З. Кастельская китобида шундай ёзилган: «Черняев ашаддий шовинист эди. Унинг назарида, Қўқон хонлигида яшаган ўзбеклар, қирғизлар, қипчоқлар ва бошқа халқлар ёлғиз тўн кийгани учунгина қириб ташлашга лойиқ» эдилар.

«Улуғ рус мусаввири» эканлиги пеш қилиниб, пойтахтимиз кўчаларидан бири Верешчагин номи билан аталиши, Самарқанд яқинида, Зарафшон дарёси қирғоғида юксалиб турган адир тепасида шаҳарни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган босқинчиларга ўрнатилган ҳайкалнинг қўр тўкиб туриши, лоқайдлик ва манқуртлигимиз оқибати эмасми?! Наҳотки, бу «халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади», деб ўйлайдиган кимсалар ҳамон бор бўлса?! Агар шундайлар бўлса, улар ҳақиқатдан кўз юмган сўқирлардир. Ҳақиқат эса, яна такрорлайман, Россиядан улуғдир.

Ушбу мактубимни бундан бир неча йил аввал ёзган шеърим билан якунламоқчиман:

Самарқандга яқинлашган он,
Юрак бирдан ғазаб-ла урар:
Юксак адир устида, не тонг,
Босқинчилар ҳайкали турар.
Улар қўлда милтиқ, тиғ ушлаб,
Ватанимга кириб келганлар.
Ватан дея жанг қилган эрлар
Бошин кесиб, тилин тилганлар.
Улар сутни қўшганлар қонга,
Оналарнинг мурдасини янчиб;
Кўтарганлар қора осмонга,
Болаларни тиғларга санчиб.
Улар зулми, улар азоби
Тўлдиргандир дилни озорга;
Улар ўтган йўллар атрофи
Тўлиб кетган сонсиз мозорга.
Улар бизга илму зиёмас,
Қуллик, хорлик олиб келганлар;
Боболарнинг китобин ёқиб,
Бизни «нодон» дея кулганлар.
Улар тўпга тутганлар халқим;
Шаҳрим бўлган хор, кунпаякун.
Демак, бордир сўрашга ҳаққим:
«Бочқинчини ёдламоқ нечун?!»
Нечун бунда Бобон, ё бобом
Номин ёдга олмайди биров?
Нечун бунда ёдланар, ахир,
Эрк қотили— истилочи ёв?!
Кимлар бизни масхара этар,
Кимлар бизни қилар ҳақорат?!
Қачон бу зулм абадий йитар,
Қачон босқин этилар ғорат?!
Бу дунёда босқинчидек ғар,
Босқинчидек золим йўқ, халқим!
Ҳайкал эмас, сенинг кўксингда
Занглаб ётар битта ўқ, халқим!..

 


[1] Ушбу мақола газетада эълон қилинган пайтда журнал бош муҳаррири С. Татур эди.

«Фитна санъати» (1-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.