Таниқли қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмонов ижодига бир назар
Миллий адабиётда шаклланган анъанавий усулларга янгича руҳ, янгича шакл олиб кирадиган адиблар бўладики, улар ёзган асарларнинг аҳамияти вақт ўтган сари аён кўриниб боради. Таниқли қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмонов ана шундай сўз санъаткорлари сирасига киради.
Мен бу адибнинг илк асарлари билан ўтган аср етмишинчи йилларида танишганман. Ёдимда, ўшанда ёш ёзувчиларнинг анъанавий республика семинари бўлган. Шу тадбир баҳона кўпгина ёш қаламкашларнинг қўлёзмаларини ўқиб чиққанман. Тили равон, фикрлари теран, жонли ва ҳаётий, ҳар бир ҳикоя ўзига яраша салмоққа, айрича юкка эга эди. Шу боис муаллиф билан учрашдим. Бўйчан, озғин, қорачадан келган, анчагина билимли, фикрчан, бамаъни йигитча экан. Хуллас, унинг ўзи ҳам, ҳикоялари ҳам менга маъқул бўлди ва “Оқ йўл” ёзиб, ҳикояларини журналга тақдим этдим.
Шундан буёғига ҳам, мана, қирқ йилча вақт ўтди. Бугун бир пайтлар унинг илк қадамларини қувватлаб, оқ йўл тилаганимни эслаб фахрланаман. Мана, яқинда “Шарқ юлдузи” журнали адибнинг “Туғилган кун” ҳикоясини берди. Бу, ўша дастлабки ҳикоялардан. Ўқидим. Ҳеч эскирган эмас. Худди кеча ёзилгандек. Жуда ҳаётий. Ҳаётдаги тўрачилик, одамларнинг шунга кўникиб кетиши енгил ҳажв қилинган… Бу катта адабиётга хос биринчи аломат.
Ўша бўйчан ва озғин, қорача йигит Ўрозбой Абдураҳмонов эди. У 1949 йил 27 августда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида дунёга келган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетида таълим олган. Ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ шингил новеллалар эълон қилиб кўзга ташланган.
1977 йили ёш адибнинг “Бир муҳаббат тарихи” ҳикоялар тўплами чоп этилди. Бу ўша, менга манзур бўлган ҳикоялар туркуми бўлиб, улар қорақалпоқ адабиётида сатирик насрга асос бўлди, десам хато қилмайман. Бу ҳикоялар шаклан, руҳан ва маънан жуда халқчил эди. Шу сабабли эътибор топди. Адиб унда характер яратиш маҳоратини тўла намоён этди. Унинг кейинги асарлари ҳам шу руҳда — маъноси чуқур, ҳаётий бўёқларга бой.
У “Жеткиншек” газетасида меҳнат фаолиятини бошлаган, “Амударё” журналида бўлим мудири ва масъул котиб бўлиб ишлаган. Бу давр ёш адиб қалами чархланишида, дунёни чуқур идрок этишида муҳим босқич бўлди.
Кейинчалик Ўрозбой Абдураҳмонов мана шу журналга, “Қорақалпоқфилм” киностудиясига, Маънавият ва маърифат марказига, “Ўзбектелефилм”нинг Қорақалпоғистон бўлимига раҳбарлик қилди. Ҳозир Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари…
Мен буни нима учун айтаяпман? Ўрозбой Абдураҳмонов ҳаёт йўли халқимиз тақдирига, ижод дунёсига чамбарчас боғлиқ. Эҳтимол, шунинг учундир адибнинг асарлари ҳаётнинг ўзидан озиқ олади. Шу маънода, унинг “Қўни-қўшнилар” (1981) номли ҳажвий ҳикоялар тўплами алоҳида қимматга эга. Бу асарлар мазмун-моҳияти билан ҳаётнинг ўзидан олинган.
Масалан, “Актёр” ҳикоясини олайлик. Унда адиб уқувсиз одамнинг санъат соҳасига аралашиб, беҳуда умр ўтказганини, аммо вақти келиб, ўз юбилейини асъасаю дабдаба билан ўтказиш учун ўлиб-тирилганини қаламга олган. Бундай одамлар ҳаётда оз дейсизми?! Энг муҳими, адиб мана шу тоифа фожиасини очиб берган. Улар ўзларини эмас, ўзгаларни ҳам алдаб яшайди, уларга ҳам маънавий зиён етказади.
Ўрозбойнинг “Қўни-қўшнилар” китобидан ўрин олган ҳикоялар Карел Чапек, Азиз Несин, Николай Гогол асарларини ёдга солади.
У 1981 йили “Ўжар” ҳикояси асосида комедия яратди. Мана, ўттиз йилдирки, бу асар Бердақ номидаги мусиқали театр саҳнасидан тушмай келаётир…
Адиб ижодида сатира ва юмор билан бирга, кўтаринки кайфият бағишловчи, ҳазил-мутоиба, кулгу ва истеҳзога бой бўлган ҳажвий асарлар ҳам етакчи ўрин тутади.
Адибнинг қорақалпоқ ва ўзбек тилларида чоп этилган асарлари, рус тилида нашр этилган “Не подписывай, браток” (1984) ҳикоялар тўплами уни бутун мамлакатга танитди.
ХХ асрда эссе адабиётнинг етакчи жанрига айланди. Бу жанр адибнинг ўй-кечинмаларини эркин ифода этишга кенг имконият беради. Ўрозбой Абдураҳмонов қорақалпоқ адабиётида мана шу жанр тараққиётига салмоқли улуш қўшган адиб. У эссе жанрини шарқона мазмун, миллий ўй-кечинма билан бойитди. Шу боис, “Оролим — дардим менинг” (1985) эссеси ЮНЕСКОнинг олтин медалига сазовор бўлди. Таниқли адиб Носир Фозилов таржима қилган “Чангалзор “пайғамбар”и ҳалокати” эссеси аввал “Ёшлик” журналида, кейин алоҳида китоб ҳолида қайта-қайта чоп этилди. Дунёнинг кўпгина халқлари тилларига таржима қилинди.
Шуни айтиш керакки, йил ўтган сайин бу асарнинг қадр-қиммати ошиб бормоқда. У сохта “авлиё” Мирза ва унинг қаллоб тўдаси ҳақида. Бу бадбахт макр-ҳийла билан содда одамларни қандай йўлдан ургани, уларнинг ҳаётини бузиб ташлагани асарда чуқур очиб берилган. Маълумки, тарихда сохта “пайғамбар”лар кўп ўтган, улар ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Ўрозбой Абдураҳмоновнинг чуқур ҳаётий кузатиш ва мушоҳадаларга бой бўлган “Чангалзор “пайғамбар”и ҳалокати” асари шу китоблар қаторидан муносиб ўрин олди.
Яқинда у “Сайғоқларнинг кўчманчи қисмати” эссесини ёзди. Бу асар ёзувчи тафаккур олами бепоён эканини намоён этиб турибди.
Орол фожиаси ўзбек ва қорақалпоқ халқинигина эмас, жаҳондаги кўпгина миллат ва элатларни ҳам ташвишга солиб келаётир. Ўрозбой денгиз тақдири учун қайғуради. Унинг сатҳи йилдан-йилга пасайиб, денгиз қирғоқдан узоқлашиб бораётгани уни ташвишга солади. Оролнинг фожиавий манзарасини ифода этиб, одамларни ҳамкорликка чақиради. Унинг “Оролқум”, “Дарё дарди”, “Орол қизлари” ҳужжатли филмлари шу мақсадга бўйсунган. Адиб Орол фожиасини жонли ва ҳаётий тасвирларда кўрсатган. Шу боис бу асарлар кишини Орол ва денгиз бўйи, бу заминда яшаётган матонатли инсонлар, уларнинг қисмати ҳақида ўйлашга даъват этади. Ўрозбой Абдураҳмонов шу мавзуда ўттиздан ортиқ ҳужжатли филм яратгани она халқига, она табиатга чексиз меҳр-муҳаббати маҳсули, деб биламан.
Яқинда унинг “Ўтмиш ўлмасин, келажак яшасин” (“Халқ сўзи”), “Трансчегаравий дарёлар” (“Ўзбекистон овози”), “Яхши ниятлар шаҳри” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) эсселари босилиб чиқди. Улар Ватанга ва она табиатга меҳр билан йўғрилган. Мен бу асарларни ўқиганда Ўрозбой фарзандлик ва ёзувчилик бурчини нечоғли ҳалол ва виждонан ўтаётганини чуқур ҳис этдим.
Ўрозбой Абдураҳмонов серқирра ижод соҳиби. У яратган илк қорақалпоқ бадиий филми “Гум-гум” (1989) билан “Тиқин” (1991) нуфузли Халқаро кинофестивалларда намойиш этилди ва бош мукофотларга сазовор бўлди.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Ўрозбой Абдураҳмонов “Бўсаға” романини эълон қилди. Роман қаҳрамони қийналган оилада вояга етган ўсмирдир. У зилзиладан сўнг Тошкентга келади, ўқишга кираман, деб кўп азобларни бошидан кечиради. Ҳаётда адашади, ўзига уқтирилган тушунчалар уйдирма эканини англаб етади. Аммо доимо ҳаётдан ўз ўрнини топишга интилади.
Адиб ҳар бир воқеани қаҳрамон юрагидан ўтказиб таҳлил қилади. Бу асар қорақалпоқ романчилигининг ютуқларидан биридир. Аммо ўша вақтда сиёсатчилар бу романни хуш кўрмади. Орадан ўн беш йил ўтгач, истиқлолдан сўнг романнинг ўзбек тилига таржимаси Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Озод Шарафиддиновнинг қўлига тушади ва 2003 йили “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинади.
Кейинги йилларда таниқли адиб публицистика жанрида самарали ижод қилиб келаётир. Унинг марказий нашрларда кетма-кет чоп этилаётган мақолалари таҳлилга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Инсонга қудрат бағишловчи Ватан, унинг қадр-қиммати, она юртга муҳаббат туйғуси уларда силқиб туради. Бундай некбин ва олижаноб туйғуга ҳар бир кўнгилда эҳтиёж мавжуд.
Шу нарса мени қувонтирадики, Ўрозбой халқимизнинг энг гўзал фазилатларини оқкўнгиллик билан юракдан тараннум этади.
Ўрозбой Абдураҳмоновнинг халқимизга қилган беқиёс хизматларидан яна бири — муқаддас Қуръоннинг қорақалпоқ тилига маънолар таржимаси бўлди. Адиб бу эзгу ишга узоқ вақт сарфлади. Изланиш ва интилишлари бесамар кетмади. 2003 йили қорақалпоқ халқи илоҳий китобни она тилида ўқиш бахтига муяссар бўлди.
Шунингдек, қорақалпоқ китобхонлари Ўрозбой Абдураҳмонов таржимасида машҳур ёзувчилар Антон Чехов, Николай Гогол, Азиз Несин, Нодар Думбадзе, Абдулла Қаҳҳор асарларидан баҳраманд бўлишди. Адабиётчилар бу асарлар катта маҳорат билан она тилимизга ўгирилганини эътироф этиб келади.
У Қорақалпоғистон халқ ёзувчисидир.
Халқимиз донишманд халқ. У ҳар бир нарсага нисбат бериб гапиради. Чўққига қўниб турган бургутни ҳеч кўрганмисиз? У қўр тўкиб туради. Нега? Бургутлар қора қузғунларни лол қолдириб яшайди, баланд тоғлар узра мағрур парвоз қилади. Унинг насибаси ҳалол. Шунинг учун ҳатто одамлар ҳам унга ҳавас ва меҳр билан қарайди. Ўрозбой Абдураҳмонов деса, қанот ёзиб, тубсиз фалакда парвоз этаётган бургут хаёлимдан ўтади. Унинг машаққатли ижод йўли шунга замин яратган.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 29-сонидан олинди.