Дўстим Султонмурод Олимов билан фан номзодлиги илмий даражасини олиш учун форс тилидан имтиҳон топшириш мақсадида Фанлар академиясининг хорижий тиллар кафедрасига борганимизда бизни баланд бўйли, барваста гавдали, оқ юзли, мўйсафид бир домла қарши олган эди. Домланинг оқ кўйлак, оқ шим ва оқ туфлиси қиёфасининг кўркамлигини чандон оширганди. Савлат ва салобатига у ўтириб ишлаётган ёзув столи кичиклик қиларди. Бу филология фанлари доктори, профессор Абдурашид Абдуғафуров эди.
Домла биз билан батафсил суҳбатлашди. Ёшлигимиздан икки тилда сўзлашиб ўсган ва бунга қўшимча университетда форс тилини изчил ўрганганимиз боис, саволларга биримиз олиб-биримиз қўйиб, бийрон-бийрон жавоб беришимиз форс тилини китобдан ўрганган домлани хийла шоширган бўлса, ажаб эмас. Бироқ устоздаги вазминлик сир бой бермасди. Домладан бир муддат таҳсил олгандан сўнг, имтиҳондан ўтиб, илмий ишларимизга киришиб кетдик.
Кейинчалик Абдурашид ака билан кўп йиллар ЎзРФА Тил ва адабиёт институтида бир хонада ўтириб ишлашимизга тўғри келди. Домладан кўп нарса ўргандик. Ўзбек адабиёти тарихининг забардаст тадқиқотчиси А.Абдуғафуровнинг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий, Фурқат, Огаҳий ва бошқа ижодкорлар тўғрисидаги ўнлаб китоблари, юзлаб мақолалари адабиётшунослигимиз тарихида сезиларли из қолдирган. А.Абдуғафуров меҳнатсевар, ўта синчков, толмас тадқиқотчи эди. У ўзбек адабиёти тарихининг дунё миқёсида ўрганилишини кузатишга ҳаракат қиларди. Айни пайтда, ўзининг бирор фикрини асослашга ё бирор муаммони аниқлашга бир мисра, сўз ёки далил зарур бўлиб қолса, масалан, Алишер Навоийнинг бепоён меросини сатрма-сатр текшириб чиқишдан эринмасди, иш столида узоқ ва муттасил ўтириб ишлаш иродаси ибратли эди. Олимнинг фаолияти илмий иш учун истеъдоднинг ўзигина кифоя эмас, балки жисмоний қувватни ҳам бўйсундириш зарур, деган ҳикматни ифодалаб турарди. У ишга келган кунлари, ҳатто тушликка чиқиб ҳам соатлаб вақтини бекорга сарфламасди. Кичкина чойнакчада чой дамлаб, уйда тайёрлатиб келган бир чимдим овқат билан тезгина тамадди қиларди-да, бирор партия шахмат ўйнашни хуш кўрарди. Тушлик маҳали, кўпинча, улфатлари ва шахматдаги доимий рақиблари Салоҳиддин Мамажонов ва Наим Каримов кириб келардилар. Шахмат тахтаси атрофида ҳамиша ҳузурбахш ҳангомалар, ҳазил-мутойибалар, бадиий ижод, адабий муҳит, илм-фан ҳақида қизиқарли суҳбатлар бўлиб ўтарди.
Домланинг, одатда, илмий ишларга талабчанлиги боис, баъзилар шундай жиддий одам “Навоий сатираси”, “Навоий ижодида сатира ва юмор” каби тадқиқотларни ёзганлигини тасаввурларига сиғдиришолмасди. Аслида, Абдурашид ака ўрни билан жуда ҳазилкаш, теша тегмаган мутойибаларнинг кифтини келтирарди.
Биз — эшикдан кирганда ўнгда Суйима Ғаниева, тўғрида мен, чап ёнимизда (тўрда) домла — учаламиз бир хонада ўтириб ишлардик. Домланинг рўпараларида бир пиёла чой ичиб, шахмат ўйнаса бўладиган ихчам жой бор эди. Кунлардан бир куни, одатдагидай, С. Мамажонов ва Н. Каримов кириб келишди. Эндигина тамадди қилган домла меҳмонларга жойлашиш учун изн бериб, қўл ювгани чиқиб кетдилар. Меҳмонларнинг жойлашиши қийин бўлди. Азбаройи ўзбекона сертакаллуфликдан улар Суйима опадан юқорига ўтиб кетмасликка ҳаракат қилар, Суйима опа эса уларни тўрга ўтқазишга уринарди. Шу пайт эшикка рўпара бўлган Абдурашид ака ҳануз ким қаерга жойлашишини билмаётганини сезди-да, буюк рус ҳажвчиси Криловнинг машҳур масалидан қуйидаги сатрларни баралла айтиб юборди:
Друзья, как вы не садитесь,
Но в музыкантах не гадитесь !
Гўё эшикдан А.Абдуғафуров эмас, балки Криловнинг ўзи кириб келгандек бўлди. Қувноқ қаҳқаҳа кўтарилди.
Абдурашид муаллим диссертация муҳокамалари ва ҳимояларида қилни қирқ ёриб мулоҳаза юритар, холис нуқтаи назарда турар, илм-фан шаънини қаттиқ туриб ҳимоя қиларди. Енгил-елпи ишлар ҳақида гапирмасликка ва ёзмасликка интиларди. Ҳимоя кенгаши аъзоси сифатида бирор диссертантга овоз беришни истамаса, ҳимояга қатнашмай қўя қоларди. Кўпинча, олис ва машаққатли йўлни босиб келган тадқиқотчилар муҳокаманинг тезроқ ўтишига маҳтал бўлиб қолардилар. Шундай вазиятларда атоқли олимларнинг ташаббусига таяниларди. “Хўш, бу диссертацияни ўқишни истайдиганлар борми, ким ўқийди?”, деган савол ўртага ташланарди. Шундай пайтларда “Мен ўқийман”, дея дадил отилиб чиқадиган мардлардан бири А.Абдуғафуров бўларди ва тадқиқотчининг иши юришиб кетарди.
Илмий-адабий жараёнда баъзан ечимини тополмаётган муаммолар майдонга мардонавор чиқадиган йирик мутахассисларга эҳтиёж туғдиради. А.Абдуғафуров ана шундай марди майдон шахслардан эди. Жамоатчилик олимнинг долзарб муаммоларга бағишланган “Бобир” эмас — “Бобур” каби ўнлаб мақолаларини яхши эслайди.
А. Абдуғафуров улуғвор ёшга етган, тегишли илмий даража ҳамда унвонларга эришган бўлса ҳам, фикран ва руҳан қотиб қолганлар сирасидан эмас эди. У ҳамиша жонли илмий-адабий жараён билан ҳамқадам яшашга ва фаолият кўрсатишга интиларди. Айниқса, ҳар йили нишонланадиган Алишер Навоий таваллуди кунларига қизғин тайёргарлик кўрарди. Илмий анжуманда энг яхши маъруза, айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида энг ёрқин мақола билан чиқишни ўзига бурч ва шараф, деб биларди. Устоз кўпинча бунга эришар ва ўша куни кўтаринки кайфиятда юрарди.
Ўзи Тил ва адабиёт институтидан ташқаридаги адабий гуруҳларга боришга вақтини қизғонса ҳам, уларнинг тафсилотларидан хабардор бўлишга уринарди. Айниқса, Ёзувчилар уюшмаси адабий кенгашларидаги муҳокамаларни ипидан игнасигача сўраб билиб оларди. Бу унинг замонавий адабий жараёнга ҳам жуда ишқивозлигидан далолат берарди. Бунинг яна бир сабаби кейин маълум бўлди. Олим, илмий ишдан ташқари, бадиий ижод билан ҳам шуғулланар экан. Ҳаётининг сўнгги йилларида “ЎзАС”да “Ишонч қўнғироғи” сарлавҳали ҳикояси чоп этилди. Ўзига хос ҳаётий сюжет асосига қурилган мароқли ҳикоя. Бадиий савияси унча-мунча профессионал ёзувчилар асарларидан қолишмайди. Бу унинг бадиий ижод машқида ҳам тобланганидан дарак берарди.
Шундай олимлар билан бир сафда ишлаш биз ёшлар учун фойдали, фахрли, айни пайтда, масъулиятли эди. Улар билан тез-тез фикр алмашиб турардик. Илмий-адабий янгиликлардан бир-биримизни хабардор этардик. Айниқса, институтдан ташқаридаги анжуманлар, ёш шоир ва ёзувчиларнинг чиқаётган янги китоблари ҳақида мен жон деб сўзлаб берардим. Домлага астойдил қизиққан китобчалардан ҳадя ҳам этардим. Домла ҳам менга бир неча нодир китоблар ҳадя этганлар. Устоз фойдали маслаҳатлари, панд-насиҳатларини аямасдилар. Уларнинг маслаҳатлари билан тожикистонлик профессор Раҳим Мусулмонқуловнинг “Ҳажрий – Бобур эмасми?” сарлавҳали мақоласини ўзбек тилига таржима қилиб, “Ёшлик” журналида эълон қилганман. Қалами равонлашгач, одам йўрға бўлиб қолар экан. Бир замон мен ўз соҳамдан ташқари, тил ва имло, тарих, санъат, ижтимоий долзарб муаммолар ҳақида ҳам кўп ёзадиган бўлиб қолдим. Матбуотни кузатиб юрган устоз: “Кучни бир нуқтага уриш керак”, дедилар. Домланинг бу пандлари ҳамма вақт қулоғимда. Қамровни мумкин қадар тизгинлашга ҳаракат қиламан.
Улкан олимлар Абдурашид Абдуғафуров ва Абдуқодир Ҳайитметов чорак асрдан кўпроқ бир бўлимда ишлагандилар. Бу алломалар баъзан илмий муҳокамаларда қаттиқ баҳслашиб ҳам қолишарди. Ана шундай нуқтаи назарлар тўқнашган вазиятларда четдан қараган киши улар илмда келишмас эканлар, деган хаёлга бориши мумкин эди. Бироқ бу икки устоз бир-бирларига суяниб қолган эдилар. Баҳс-мунозаранинг эртаси куни яна самимий кўришиб, ҳамкорликни давом эттирар, кўп масалаларни бамаслаҳат ҳал қилардилар.
Хазон сипоҳи миллий адабиётшунослигимизнинг беназир устунлари — Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Бегали Қосимов, Озод Шарафиддинов, Ботир Валихўжаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуровни бирин-кетин фоний оламдан боқий дунёга олиб кетди. Устоз А.Ҳайитметовнинг жанозаларида А.Абдуғафуровни кўрганимда, юзлари заъфарон, ўзлари руҳсиз, мажолсиз эди. А. Ҳайитметовнинг қирқларида А.Абдуғафуровнинг жанозалари хабарини эшитдик. Устозларнинг охиратлари обод бўлсин.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19-сонидан олинди.