Муҳтарам Юртбошимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш маънавиятимиз юксалишининг муҳим омили эканлигини таъкидлаб, шундай ёзадилар:
“Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса.
Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.
Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади”.
Истиқлол даврида улуғ шоиримиз шахсига, меросига эътиборнинг нечоғли баланд эканига барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, мустақиллик йилларида навоийшуносликда эришилган ютуқлар, бу соҳанинг истиқлол даврида янги босқичга кўтарилгани улуғ шоир ижодининг ҳар бир мухлиси учун қадрли, албатта. Улуғ бобокалонимиз шахси, ижодига кўрсатилаётган юксак ҳурмат, эътироф ҳаммамизнинг кўнглимизни фахр-ифтихор туйғулари билан тўлдиради. Шу билан бирга, ҳозирги пайтда ҳазрат Алишер Навоий ижодиётини тадқиқ, талқин ва тарғиб қилишда олимлар, тадқиқотчилар олдида қандай муҳим, долзарб вазифалар турибди, деган масала ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Ижодиёти бамисоли чексиз уммондек бу муҳтарам зотнинг шахсини, ҳар бир асарини, ижтимоий-сиёсий фаолиятини ўрганиш, ҳозирча назардан четда қолиб келаётган жиҳатларига эътибор қаратиш навоийшунослар олдида турган ғоят муҳим вазифалардандир.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталиги Навоий ижодини ўрганиш бўйича кейинги пайтда амалга оширилган улкан ишларни таъкидлаган ҳолда, олдимизда турган вазифаларга ойдинлик киритиш мақсадида бир гуруҳ таниқли адабиётшуносларни давра суҳбатига чорлади. Суҳбатда навоийшунос олимлар — Суйима Ғаниева, Ёқубжон Исҳоқов, Иброҳим Ҳаққул, Шуҳрат Сирожиддинов, Нурбой Абдулҳаким, Қодиржон Эргаш ва Каромат Муллахўжаева иштирок этди.
Суйима ҒАНИЕВА: — Истиқлолгача бўлган навоийшуносликнинг чекланган томонлари кўп эди. Масалан, диний мавзулар, тасаввуфий мавзулар четлаб ўтиларди. Лекин шунга қарамасдан Навоий ҳақидаги маълумотлар жамланган, ўрганилган.
Бугунги давр, мустақиллик шарофати билан эришилган илмий, ижодий эркинлик навоийшунослик олдига ҳам янги талабларни, вазифаларни қўймоқда. Ана шу вазифалардан келиб чиқсак, навоийшунос кадрлар тайёрлашга жиддий эътиборни қаратиш зарур. Ёш тадқиқотчи қўлёзмаларни, мумтоз адабиёт намуналарининг матнларини бемалол ўқий олиши керак. Бу ишларни жонлантириш учун ҳозир яхши ҳаракатлар қиланаётир. Чунончи, навоийшунослик ва мумтоз адабиётимизнинг бошқа мавзулари бўйича олий мактабларда махсус курслар ўқитилаяпти, амалий, назарий масалалар юзасидан сабоқлар берилаётир. Бироқ, афсуски, мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий ижоди бўйича талабаларга пухта билим берадиган етук, махсус курсларни талаб даражасида ўта оладиган мутахассисларимиз жуда кам. Хуллас, махсус курсларни ўқийдиган билимдон домлалар керак.
Навоий ижодини ўзидан олдин ўтган шоирлар ижодига қиёслаб ўрганиш, унинг турли жанрлардаги асарларини, бадиий санъатини ўрганиш яхши, албатта. Лекин Навоийни ҳозирги замон билан боғлаб ўрганиш масаласи оқсаб қолган. Миллий университет, Фанлар академияси билан ҳамкорликда Навоий ижоди бўйича етук дарсликлар тайёрлашимиз керак. Бу ишларни ҳар ким ўзича қилса, бирёқламаликка йўл қўйилиши эҳтимолдан холи эмас. Буни навоийшунос олимлар ҳамкорликда, ҳамфикр бўлиб амалга оширишлари лозим.
Шу ўринда сизларни хурсанд қиладиган бир хабарни айтиб кетмоқчиман. 1957 йилдан буён бўлиб ўтган Навоий ижодини ўрганишга бағишланган анаънавий илмий конференцияларда ўқилган маърузалар мавзулари алоҳида китоб бўлиб чиқаётир.
Хуллас, навоийшунослик илмини янги, юқори босқичга кўтариш учун янгича саъй-ҳаракатлар авж олиши бугуннинг талабидир.
Ёқубжон ИСҲОҚОВ: — Суйима опа қисқа айтиб ўтдилар, ҳақиқатан, мустақилликкача ҳам навоийшуносликда бирмунча ишлар амалга оширилган, хайрли ишлар қилинган. Қолаверса, Навоий асарларининг нашрларини тайёрлаб чоп эттириш, айрим достонларининг насрий баёнларини чиқариш ҳам устоз навоийшуносларимиз, атоқли адибларимизнинг жонбозликлари, меҳнатлари самараси эди. Ўша нашрларнинг айримларидан бугунги кунда ҳам фойдаланиб келяпмиз.
Бироқ ўша давр шароити йўл бермагани боис, айрим нашрлар муайян қирқартиришлар билан чиқди. Бу каби камчиликлардан ташқари, Навоий асарларини талқин қилишда рус адабиётшунослигининг қолиплари ишга солинган. Мисол учун, Навоийнинг эстетик қарашлари тадқиқ этилган бир ишнинг ўнлаб жойида “доҳий”лару рус ёзувчиларининг адабий қарашларига ишоралар қилинади, уларнинг фикрларига таянилади. Бу, албатта, ўша давр тақозоси эди. Зеро, ўша вақтда на мактабларда, на олий ўқув юртларида Шарқ поэтикаси ўқитиларди. Адабиёт назариясига доир маълумотларни ҳам рус адабиётшуносларининг китобларидан олардик. Шундай экан, мумтоз адабиётимиз, хусусан, Навоий асарлари таҳлилига мутлақо мос келмайдиган қолиплар билан ёндашилган.
Бугунги асосий талаб шундаки, олий ўқув юртларининг гуманитар факултетлари, ҳатто мактабларда ҳам Шарқ поэтикаси махсус ўтилиши керак. Шарқ поэтикасини пухта билмай туриб Навоий ижодини тушуниб талқин қилиш қийин. Биз Навоий ижодини тушуниб талқин этиш учун Шарқ поэтикасинигина эмас, шоир яшаган даврдаги ижтимоий-фалсафий оқимларгача билишимиз керак.
Бу даврада ёш навоийшуносларни тарбиялаш ҳақида гапирилди. Мен қўшимча сифатида, ёш тадқиқотчиларга Шарқ поэтиксини пухта ўргатишни асосий масалалардан бири сифатида қўйиш керак, деб ўйлайман. Иккинчидан, улар Навоий давридаги фалсафий, ижтимоий, ҳатто диний оқимлар ҳақида пухта билимга эга бўлишлари шарт. Қолаверса, тарихни, этнографияни, энг муҳими, Навоий салафларининг асарларини билишлари зарур. Чунки Навоийни қиёслаганда унинг улуғлиги яққол кўринади.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ: — Кейинги ўн-ўн беш йил мобайнида навоийшунослик ҳарқалай ўзининг янги ўзанини топди, олдин эътибордан четга сурилиб келинган кўп мавзулар тадқиқи билан бойиди. ЎзФА Тил ва адабиёт институти мумтоз адабиёт бўлими ходимлари диққат-эътиборни кўпроқ Навоий ижодиётига қаратиб, шоирнинг шеърий, насрий, илмий асарлари таҳлил ва талқинига бағишланган ишларини мақола, рисола, китоб шаклида эълон қилиб туришибди.
Олис замонларда яратилган мумтоз адабиёт намуналарини тўғри, ишонарли усулларда тадқиқ-талқин этиш осон эмас. Бугунги кун одамига эски матнларда ифодаланган ҳар қандай фикр фарқли таъсир ўтказиб, ўзгача таассурот уйғотиши табиий. Шунинг учун адабий матнларни юзага келтирган даврнинг ижтимоий-маданий ҳаёти, фикр-қараши, мулоҳаза-мушоҳада тарзига асосланиб, шеър ёзилган замондаги маъно ва моҳият доирасида сўзга нигоҳ ташлашни ҳамма ҳам эплайвермайди. Қадимий сўзлар бугун айнан ишлатилгани билан, айтайлик, уларнинг Навоий шеърларидаги истилоҳий, рамзий-мажозий мазмуни кўп ҳолларда нисбатан бошқа ва “қатлам”ли. Чунки Алишер Навоий яшаб, қалам тебратган дунё билан ҳозирги одам яшаётган дунё бутунлай фарқли. Демак, фақат ўзи яшаётган давр тушунчаси, ҳақиқат ва ҳукмлари ила Навоий матнларини қўлга олиб, ўқиганда нимани англаб, нимани кўрса, уларни шунга биноан баҳолаш сохтакорликни чуқурлаштиради. Мабодо мендан: “Навоийшуносликнинг энг долзарб ва шарафли вазифаси ҳозир нима?”, деб сўрашса, мухтасар қилиб: “Навоийни Навоийдан йироқлаштирмай тадқиқ ва талқин этиш”, дея жавоб берардим. Чунки шўро даврида Навоий ижодиётини текширишда йўл қўйилган энг жиддий хато ва нуқсонлар худди ана шу талабга риоя қилинмаганидан туғилган. Бугун уни ёзиб бўлмайди, буни гапириш мумкин эмас, деган таъқиб ва чекловлар йўқ. Лекин Навоийнинг Руҳоният, Моҳият, Санъат дунёсига эркин кириб боришга куч-қувват етишмаётганлиги ҳар қадамда сезилади.
Навоий ижодиётини ўрганиш, тарғибу ташвиқ этиш, энг аввало, кўнгил ва муҳаббат, истеъдод ва мушоҳада малакаси. Ҳаётдан узилган, воқеликка ниҳоятда кенг нигоҳ билан қаролмаган киши Навоий асарларининг қадр-қимматини жуда арзонлаштириб юборади. Навоийни ўқиганда, унинг ҳар бир калимаси, образи, ҳар бир мисрасида ҳаммага ҳам насиб бўлмайдиган англаш ҳаяжони, нафосат завқи ифодаланганини, албатта, ҳисобга олмоқ лозим. Токи шеър тили — тафаккур тили, гўзал маънавият тили эканлиги билинсин. Маъно, мантиқ, мушоҳада маданиятини тинимсиз равишда Навоийдан ўрганиш зарур.
Атоқли туркшунос Лев Гумилёв бир мақоласида олимнинг тақдири билан “илмий ходим”ники ўзаро мувофиқ келмаслигини гапириб, “Илмий ходим кўп ўқийди, кейин эса, бошқаларнинг фикрини ўзиники қилиб баён этиб беради”, дейди. Навоийшуносликда мана шунақа чечанлик ва қиёфасизлик томир ёзиб кетмаслиги керак, деб ўйлайман.
Ким қандай ва қайси нигоҳда қарамасин ёхуд ўрганмасин, Навоийнинг шахсиятида ҳам, шеъриятида ҳам ҳеч нима ўзгармайди. Фарқ ва ўзгариш муносабатда, нуқтаи назар ва билимда. Бундан Навоийга бирор фойда ё зиён борми? Йўқ. Фойда ҳам, зиён ҳам Навоий ижоди билан қизиқувчиларники. Улардан бирлари ўзича билиб, тушуниб сўзласа, бошқа бировлари моҳиятга ҳеч яқин бормасдан гапиради. Чинакам мухлис ва муҳиб эса, тоғ тепасида туриб пастдагиларнинг аҳволини кузатаётган сокин орифга ўхшайди. Навоийшунос биринчи галда шундай зотлар олдида масъулликни ёдда тутмаса, адашади.
Қодиржон ЭРГАШ: — Сўнгги бир неча ўн йиллар давомида ўзбек адабиётшунослиги, шу жумладан, навоийшунослик салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Бу муваффақиятларда узоқ йиллардан бери Навоий ижодини тадқиқ этиб келаётган катта авлод вакилларининг ҳам, ўрта авлодга мансуб олимларнинг ҳам, улар ёнига келиб қўшилган ёш кучларнинг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бор.
Навоийшуносликнинг ютуқлари деганда, биз, энг аввало, буюк шоир ижодининг илгари ўрганилмаган жиҳатларини ўрганишга, Навоий ижодининг янги қирраларини очиб беришга қаратилган тадқиқотларни кўзда тутамиз. Замон тақозоси, мафкура ёки бошқа сабаблар туфайли ўрганилмаган ёки бирёқлама талқин этилган жиҳатлар, асарлар Навоий ижодий меросида, унинг лирикасида ҳам, этик асарларида ҳам, насрий меросида ҳам мавжуд эди ва бугунги навоийшунослигимиз ана шу жиҳатларни ўрганишга, навоийшуносликдаги ушбу бўшлиқни тўлдиришга муҳим, долзарб вазифа сифатида қаради ва мазкур йўналишда тадқиқотлар юзага келди.
Бундан ташқари, олдиндан мавжуд бўлган йўналишлар бўйича ҳам тадқиқотлар давом эттирилди, уларнинг айримлари кенгайтирилди. Жумладан, Навоий поэтикаси, асарларининг бадиий хусусиятлари, образлар системаси, тили, шоирнинг бадиий маҳорати масалаларига бағишланган янги тадқиқотлар яратилди.
Ютуқлар ҳақида гап кетар экан, навоийшунослар амалга оширган улкан бир ишни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Бу Алишер Навоий асарларининг йигирма жилдлик тўпламининг нашр этилишидир. Ушбу нашр улуғ шоир ижодий меросини деярли тўлиқ қамраб олгани билан ажралиб туради. Илгариги нашрларда, шу жумладан, Навоий асарлари ўн беш жилдлигида ҳам қисқартириб берилган бир қанча асарлар йигирма жилдликда тўлалигича ўқувчиларга етказиб берилди. Бу нашрни ҳеч иккиланмай навоийшунослигимизнинг катта ютуғи, ўзбек халқининг маданий ҳаётидаги катта воқеа сифатида баҳолаш мумкин.
Навоийнинг айрим асарлари алоҳида-алоҳида ҳам нашр этилди. Бу ўринда улуғ шоирнинг “Арбаин”, “Назм ул-жавоҳир”, “Муножот” асарлари нашрини, унинг форсий қасидалари насрий таржимаси билан босилиб чиққанини ёки “Муножот” асарининг ҳозирги тилимиздаги баёни чоп этилганини эслатиб ўтиш мумкин.
Навоийшунослигимизнинг ютуқлари ва муваффақиятлари, энг аввало, ана шу юқорида тилга олинган ишлар билан белгиланади ва улар, бизнинг назаримизда, ўзбек навоийшунослиги кейинги йиллари янги поғонага кўтарилганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, ҳали Навоий ижодини тадқиқ этишда анча муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар мавжуд.
Биз, аввало, улуғ шоирнинг ҳаёт йўли ва фаолиятини янада чуқурроқ ўрганишимиз лозим. Шоир биографиясида ҳам ҳали етарлича ёритиб берилмаган жиҳатлар бор. Хусусан, Навоийнинг 1469 йилгача, яъни Ҳусайн Бойқаро тахтга ўтириб, Навоий давлатда муҳим бир мавқени эгаллашига қадар бўлган даврдаги ҳаёти ва фаолиятининг кўп жиҳатлари биз учун қоронғи бўлиб қолмоқда. Навоийнинг шоир ва шахс сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутган Машҳад даври ёки унинг Машҳаддан қайтгач, Ҳиротда ўтказган кунлари, шу даврдаги фаолияти чуқурроқ ва атрофлича ёритилишга муҳтож.
Навоийнинг давлат, сиёсат, жамоат арбоби сифатидаги фаолиятини тадқиқ этиш ҳам муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Кейинги изланишлар шундан далолат берадики, буюк шоир ва мутафаккирнинг бу соҳадаги фаолияти жуда улкан, кенг кўламли бўлган; шу сабабли мазкур йўналишда олдин яратилган тадқиқотлар унинг барча жиҳатларини қамраб олган, деб бўлмайди. Навоий сиёсат арбоби сифатида фақат Хуросонда эмас, бутун минтақада катта обрў ва таъсирга эга бўлган. Тарихий манбаларда унинг Хуросон — Ироқ, Хуросон — Мовароуннаҳр муносабатларида катта рол ўйнагани, улар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, минтақада тинчликни сақлашга катта ҳисса қўшганини кўрсатувчи маълумотлар мавжуд. У ҳозирги Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон халқлари тарихида, уларнинг сиёсий, маданий, адабий ҳаётида ўчмас из қолдирган. Буларнинг барчаси мазкур йўналишдаги тадқиқотларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришни тақозо этади.
Бунинг учун, биринчи навбатда, Навоий яшаган даврни, унинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш зарур. Хусусан, мана шу даврга оид тарихий манбаларни ўрганиш, тарихий шароит, сиёсий, адабий ва маданий ҳаётни тадқиқ этиш лозим. Зеро, бу — Навоийнинг ана шу жараёнлардаги ўрни, иштироки ва хизматини янада яққолроқ тасаввур этишимизга имкон яратади. Бу ўринда Мирхонд ва Хондамир асарларини нашр этишнинг, ҳеч бўлмаганда, Ҳусайн Бойқаро ва Абусаид мирзо ҳукмронлик қилган даврга бағишланган қисмларини эълон қилишнинг ўта зарурлигини таъкидлашни истардим.
Даврни чуқур ва атрофлича ўрганиш фақат Навоий фаолиятини тадқиқ этиш нуқтаи назаридан эмас, бошқа жиҳатдан ҳам, яъни унинг ижодини ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Бусиз шоир ижодини англаб етиш мумкин эмас, зеро, унда давр тафаккури, қарашлари, руҳи ўз аксини топган.
Бир оғиз гап яна йигирма жилдлик ҳақида. Бу нашр юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар шундан далолат берадики, улар матни нуқсонлардан холи эмас. Мана шундан навоийшунослигимизнинг яна бир муҳим, долзарб вазифаси келиб чиқади, яъни Навоий асарлари матни устидаги тадқиқотларни давом эттириш, матншуносликка эътиборни кучайтириш, ҳар қандай нуқсонлар ва камчиликлардан холи нашрни яратиш.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ: — Алишер Навоий ижоди ХХ асрнинг 20-йилларидан тинимсиз ўрганиб келинмоқда. Айниқса, шоирнинг 525 йиллиги муносабати билан кенг кўламли тадқиқот ишлари амалга оширилди. Шоир туғилган кунга бағишланган тўпламлар, журналларда чоп этилган мақолалар миқёсига қараб, 90-йилларга келиб, Навоий бўйича ўрганилмаган ҳеч нарса қолмади, деган фикр пайдо бўлганди.
Мустақиллик шарофати билан Навоий ижодига янгича қараш бошланди. Унинг тасаввуф ғояларини юзага чиқариш бўйича анча ишлар амалга оширилди. Бироқ бугунги кунга келиб бу йўналишда ҳам бир хил қолипдаги таҳлиллардан янгироғини тақдим эта олмаяпмиз. Нега шундай бўлаяпти?
Бунинг асосий сабаби, кўпчилик ўринларда Навоий ижоди тадқиқи билан, мумтоз адабиёт таҳлили ва талқини билан мутахассислар эмас, шу ишга “ихлоси ва иштиёқи” баланд бўлган одамлар шуғулланаётганлигини, уларнинг кимўзарга китоб чиқариш ва мақола чоп этиш ҳавасига берилиб кетганликларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Тўғри, адабиётшунослигимиз тарихида “ташналик” босқичи бўлган. Халқни тезроқ ва кўпроқ адабиёт билан таъминлаш, уларнинг маърифатини ошириш давр талабига айланган даврлар бўлган. Шундай ҳолларда “чанқовбосди” мақолалар, китоблар ким томонидан ёзилишидан қатъи назар, маъқулланган. Алишер Навоийнинг асарларини юзаки таҳлил қилиш даври ортда қолди. Йигирма йил олдинги таҳлил бугунги кун ўқувчиси талабини қондирмайди. Замонавий таҳлил ва талқин, зоҳирий маънода бўладими ёки ботиний маънода бўладими, ҳар иккала ҳолатда ҳам чуқур ва илмий бўлиши лозим.
Мумтоз адабиётни яхши тушуниш учун фақат филолог бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Ҳар бир адабиётшунос ҳам навоийшунос бўла олмайди. Навоийшуносликка даъвогар олим, касбий малакадан ташқари, фалсафа тарихи, ислом, исломий илмлар ва уларнинг мазмун-моҳиятидан яхши хабардор бўлиши лозим. Алишер Навоий ижодини таҳлил этишни ўзига муносиб кўрган инсон фақат тасаввуфий ғояларни изласа нотўғри бўлади.
Алишер Навоий — улуғ аллома. Унинг дунёқараши асосини фақат сўфиёна ғоялар эмас, балки дунёвий бағрикенглик ҳам ташкил этади. У — буюк тарбиячи, мураббий. Унинг ғоялари инсон ва жамият тарбиясига қаратилган. У донишманд файласуф ҳамдир. Ибн Сино, Ғаззолий, Ибн ал-Арабий, Шаҳобиддин Суҳравардий, Алоуддавла Симнонийлар фалсафасини тушунмасдан туриб, улар орасидаги муштараклик ва зиддиятни билмасдан туриб, ҳинд ва қадим Александрия фалсафа мактабларининг мазмун-моҳиятидан хабардор бўлмай туриб, Навоий асарларини тўғри таҳлил этиб бўлмайди. Ёки, дейлик, исломда калом, жадал ва тасаввуф аталмиш илмларнинг барчаси шоир ижодида ўз аксини топган. Улар ўртасидаги фарқни билмасдан туриб, шоирнинг ғоявий позицияси, ёки айтмоқчи бўлган фикрини аниқлаш мушкул. Шундай экан, Навоий ижоди билан шуғулланишни, уни талқин этиш ҳуқуқини мутахассисларга қўйиб бериш керак.
Бугунги кунда Навоий ижодини тарғиб этиш, бизнингча, икки мувозий йўналишда олиб борилса, мақсадга мувофиқ. Биринчиси, академик йўналиш бўлиб, Навоий асарлари таҳлили жиддий илмий асосда олиб борилиши керак. Иккинчи йўналиш — юксак маънавиятли баркамол шахсни тарбиялаш жамиятимиз олдига жиддий ва устувор вазифа қилиб қўйилган. Айни замонда, Навоий ижодидаги ёшларнинг маънавий салоҳиятини ўстиришга, жамият тараққиёти ва руҳоний-ахлоқий қадриятларимизни мустаҳкамлашга кўмаклашувчи жиҳатларни содда ва тушунарли тарзда баён этиш, ҳар бир талқинда ёшларимиз учун ибрат бўладиган ҳаётий ҳақиқатларни тушунтириб бериш долзарб масаладир.
Каромат МУЛЛАХЎЖАЕВА: — Классик меросимиз адабиётшуносликнинг академик мактабларини яратишга арзийдиган салмоққа эга. Бундай мактаблар аллақачон яратилиши зарур эди. Бироқ методологик жиҳатдан шўро даврида тазйиқларга учраган адабиётшунослигимиз ўз қаддини тиклаб олиши учун анча вақт керак бўлди.
Янги асрда ҳам классик меросимизни ўрганиш бўйича баъзи йирик ишлар амалга оширилди. Фандаги мавжуд йўналишлар аста-секин такомиллашиб бормоқда. Ёқубжон Исҳоқовнинг “Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти”(2002), Нажмиддин Комиловнинг “Хизр чашмаси”(2005) ҳамда Иброҳим Ҳаққулнинг “Навоийга қайтиш” (2007) китоблари бунинг далилидир. Ушбу китоблардаги туркум мақолаларда Навоий ижоди зоҳирий ва ботиний-ирфоний маънолар уйғунлигида ўрганилган. Бундай тадқиқ йўлининг классик меросимизни ўрганишда муайян анъанага айланиб бораётгани қувонарли ҳол. Шарқ шеъриятининг ўзига хос кўпмаънолилик хусусиятини англаш, уни ғоя ва бадиий унсурлар таносубида (майдалаб, алоҳида масала ёки муаммолар доирасида) ўрганиш ҳар бир ижодкорнинг дунёқараши, бадиий маҳоратини тўғри англаш ва, энг муҳими, унинг ижодий лабораториясига яқинлишишга имкон беради.
Адабиётшунослигимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиликларнинг ҳозирги ҳолатини “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Филология масалалари” сингари нашрларда чоп этилаётган мақолалар ҳамда монографиялар, илмий анжуманлардаги маърузалар, ёқланаётган номзодлик ва докторлик диссертацияларининг мазмун-моҳияти кўрсатиб турибди. Биринчи навбатда, бугунги илм кишиси, аниқроғи, қандай одам олим ҳисобланади, деган саволни ўртага ташлаш лозим бўлади. Воқеан, илмга унинг моҳиятини, машаққатларини англаб етганларгина кириши керак, деб ўйлайман. Бизга олимлар керак. Кейинги пайтлари эса, илм соҳасига даъвогарлар майдонга диссертация ёқлаш учунгина кираётгандек. Кўплаб диссертациялар ёқланмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо имитация даражасидан нарига ўтолмайдиган диссертацияларнинг кўпайиб бораётгани кишини ташвишга солади. Улар илмнинг бир ерда депсиниб туришига сабаб бўлади. Таассуфки, сўнгги йиларнинг катта адабиётшунослик ҳодисаси сифатида баҳолашга арзийдиган йирик тадқиқотни эслаш қийин. Табиийки, шахс сифатида шаклланмаган одам олим бўлолмайди. Аксинча, унинг кўпроқ зиёни тегиши мумкин.
Ўзбек адабиётшунослиги олдида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар жуда кўп. Бир мисол. Бизда ҳалигача Алишер Навоийнинг мукаммал илмий биографиясини яратиш муаммоси ҳал этилган эмас. Навоий қомуси яратилаётир, деб эшитганмиз, бироқ ундан ҳануз дарак йўқ. Кўп нарсани иқтисодга боғлаймиз. Бу, бир жиҳатдан, тўғри. Лекин илм фидойиликни талаб этишини мингйиллик тажриба исботлаб берган-ку!
Университетларнинг филология факултетларига классик меросимизни, хусусан, Навоий ижодини ўрганишдан олдин Лутфий, Атойи, Саккокий ижоди билан бирга, Саъдий Шерозий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозийдек забардаст шоирлар ижодини ўқитишни йўлга қўйиш зарур. Бу шоирлар ижоди ўрганилмас экан, яхши мутахассисларни шакллантириш қийин кечаверади. Чунки Навоийнинг ўзи ҳам, туркигўй шоирлар билан бирга, форсигўй шоирлар ижодидан ҳам таъсирланганини, жумладан, “Муҳокамат ул-луғатайн”да айтиб ўтган. Ўзбек китобхони учун Навоий улкан бир тоғнинг баланд чўққисидек. Чунки Навоий ижодида тадрижий такомиллашувни кўриш қийин. У шеърдан — шеърга, асардан — асарга ўсиб, такомиллашиб борган ижодкор эмас. Балки илк шеърларидаёқ мукаммалликни намоён этган сўз санъаткори. Агар Навоийнинг ижоди ўрганилгунига қадар бўлғуси адабиётшунос унинг салафлари ижодидан яхши хабардор бўлса, Шарқ бадиий тафаккурининг юксак чўқисига интилишдан олдин тадрижий такомилни англаб етади. Негаки, ҳудудий яқинлик(бирлик) боис, ўша даврларда яратилган асарларда бадиий тафаккур, ташбеҳу тимсолларнинг муштарак ва бир-бирига яқин жиҳатлари кўп. Фарқ, асосан, унинг тилдаги ифодасига бориб тақалади. Бу — Навоий ва Жомий ижоди мисолида кўпчиликка аён.
Бугун кўплаб китоблар нашр этилмоқда. Лекин бизнингча, академик ва оммавий нашрлар устида жиддий иш олиб бориш вақти аллақачон етган. Ҳозир қўлимизда бўлган Навоийнинг 20 жилдлик асарлари тўпламини академик нашр сифатида мукаммал изоҳлар(жой номлари, тарихий номлар, саналар, тарихий воқеалар) билан қайта нашр этиш керак. Мумтоз шоирлар шеърларининг насрий баёнлари, эпик асарларнинг табдилларини яратишни системага солиш лозим.
Бугунги кунда адабиётшунослигимизга Навоийнинг маҳорати ҳақида бир пайтлари Мақсуд Шайхзода, Ёқубжон Исҳоқов яратган тадқиқотларга ўхшаш мукаммал фундаментал тадқиқотлар жуда-жуда керак.
Нурбой АБДУЛҲАКИМ: — Навоийшунослик шу пайтгача эришган ютуқлар, шубҳасиз, салмоқли. “Хазойин ул-маоний”нинг Ҳамид Сулаймон, “Хамса”нинг Порсо Шамсиев амалга оширган нашрлари, беш буюк достон илмий-танқидий матнининг яратилиши бунинг далилидир. “Хамса”нинг ҳар бир достони ҳақида устоз Азиз Қаюмов, улуғ Навоий ижодий методи тўғрисида профессор Абдуқодир Ҳайитметов, шоирнинг поэтик маҳорати хусусида Алибек Рустамов ва Ёқубжон Исҳоқов, буюк мутафаккир меросининг Шарқ адабиётида тутган ўрнига оид Суйима Ғаниева тадқиқотлари эришилган ютуқлар кўлами нақадар чўнг эканини кўрсатади.
Таъкидлаш керакки, истиқлол навоийшуносликнинг чин маънода янги босқичга кўтарилишига замин яратди. Мустақилликкача улуғ мутафаккир асарларининг ўн беш жилдлиги нашр этилган бўлса, миллий истиқлолга эришилгач, шоир меросининг йигирма жилдлигини мутолаа қилиш имкони туғилди. Шўролар замонида тўлиқ нашр этилиши мумкин бўлмаган “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ул-муслимин”, “Арбаъин” сингари асарлари дунё юзини кўрди. Гарчи ҳали тўлиқ илмий ечимини топмаган, мунозарали жиҳатлари кўп бўлса-да, шоир ижодида тасаввуф талқини масаласи кун тартибига қўйилди. Муножот, ҳамд ва наътлари ўрганила бошлади. Булар навоийшуносликнинг муттасил ривожланишда эканини кўрсатади.
Навоийшунослик эришган ютуқларни эътироф этган ҳолда, таъкидлаш керакки, бу борада ҳали ечимини кутаётган илмий муаммолар ҳам оз эмас. Жумладан, улуғ шоир ижодининг чўққиси бўлган “Хамса”нинг янгича талқинлари яратилиши зарур. Бизнингча, “Хамса”нинг калити бу — “Ҳайрат ул-аброр”. Кейинги тўрт достон моҳиятини тадқиқ этиш учун “Ҳайрат ул-аброр” тўлақонли илмий инкишоф этилиши, бошқа достонлар тадқиқида ҳам ундан фойдаланилиши зарур. Фақат бугина эмас. Маълумки, бизда калом илми ҳадди аълосида ривожланган. Бу борадаги мотуридия мактаби қарашлари бадиий адабиётда, жумладан, ҳазрат Навоий ижодида ҳам ўзига хос тарзда акс этган. Фиқҳ илми юксак даражада тараққий топган. Фиқҳий масалалар бадиий талқин этилган мумтоз асарлар ҳам талайгина. Бинобарин, Алишер Навоий ижодида калом ва фиқҳ талқини масаласи бир қанча тадқиқотларга мавзу бўла олади.
Бугун биз Навоий асарларининг йигирма жилдлик нашрига эгамиз. Бу нашрнинг ютуқларию камчиликлари ҳақида етарли даражада ёзилди. Уларга қўшилган ҳолда, қайд этиш жоизки, улуғ мутафаккир асарларининг эллик, эҳтимолки олтмиш жилдлик нашрларига эҳтиёж бор. Бу нашрлар мукаммал илмий изоҳлар, шарҳлар билан таъминланган бўлиши зарур. Уларда Алишер Навоий асарларининг бир-биридан фарқли, зарур бўлса, ҳатто бир-бирини инкор этадиган турлича талқинлари берилсин. Унинг замонавий ўзбек тилидаги табдили илова қилинсин. Ваҳоланки, бундай тажриба бизда бўлган. Академик Ғафур Ғуломнинг табдили билан нашр этилган Навоий асарлари бунинг исботи. Бу нашрлар камида уч хил — шахс исмлари, географик номлар ва этник атамалар кўрсаткичлари билан таъминланиши лозим. Улуғ мутафаккир ижоди мисолида бундай кўрсаткичларни астрономик атамалар, мусиқий истилоҳлар ва ҳоказо тарзда кенгайтириш имкони ҳам етарли. Ана шунда бир (эҳтимол бир неча) жилдда, муайян асар талқинига оид барча ютуқлар жамланади. Уни мутолаа қилган ўқувчида буларни такрорламаган яна ўзгача қарашлар ҳам туғилиши мумкин бўлади. Бу эса, шубҳасиз, навоийшуносликнинг ривожига хизмат қилади.
Ҳазрат Навоий ижодини ўрганиш ҳақида сўз кетганда яна бир муаммони четлаб ўтиб бўлмайди. Бу — буюк мутафаккир асарларининг ўқитилиши, оммалашуви масаласи. Биз Алишер Навоий меросини ўқитишнинг барча — мактабгача, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим босқичлари учун бир-бирини тўлдирадиган, тизимли дастурини ишлаб чиқишимиз зарур. Бу дастур таълимнинг энг янги техника, технологияларига таянмоғи керак. Бугун ёшларнинг китоб ўқимай қўйгани ҳақида куйиниб гапириляпти. Бу фикрда жон бор. Замонавий ёшлар китобдан кўра компьютерга кўпроқ ишқибоз экани рост. Модомики шундай экан, биз компьютернинг имкониятларидан унумли фойдаланишимиз лозим. Ҳазрат Навоий асарларининг комиллик тимсоли бўлган образларини мультфильмларга кўчиришимиз, боғча ёшидаги болаларимизни шу орқали буюк мутафаккир идеали руҳида тарбиялашимиз даркор. Бошқа халқларда “Пушкин для детей”, “Библия для детей” сингари нашрлар бор. Биз ҳам буюк бобокалонимиз асарларининг болаларбоп нашрларини амалга оширишимиз керак. Бу билан ҳам чекланиб бўлмайди. Улуғ шоир асарлари асосида компьютерда турли интеллектуал ўйинлар, мультимедиалар яратайлик. Токи фарзандларимиз шуурига компьютерда ўйнай туриб ҳам Мир Алишер орзулари, қарашлари сингсин. Ана шундагина миллат ёшлари улуғ бобокалонимиз меросидан баҳраманд бўлиши, ибратланиши мумкин.
Яна бир фикр: Навоийни англаш, мутахассислигидан қатъи назар, барча учун сув ва ҳаводек зарур. Шу боис, улуғ шоир асарлари фақат филология йўналишлари эмас, барча соҳалар талабаларига ўқитилиши керак.
Сўз навоийшунослик ҳақида кетадими ёки мумтоз адабиётнинг бошқа жабҳалари хусусидами, бундан қатъи назар, масаланинг моҳияти матнни англаш, матнни идрок этиш, матн талқини ва таҳлили масалаларига бориб тақалаверади. Устоз Матёқуб Қўшжонов бир суҳбатда матнни англамай туриб, матнга муҳаббат қўймай туриб, адиб ҳам, шоир ҳам, адабиётшунос ҳам бўлиш мумкин эмаслиги ҳақида гапирган эди. Мен кейинги давра суҳбатимиз матншунослик, унинг долзарб муаммолари хусусида бўлишини таклиф этардим. Бинобарин, матнни севиш, матн устида қилни қирқ ёриб ишлаш орқалигина мумтоз сўз қадрини тушуниш, уни идрок этиш мумкин. Бусиз улуғ Навоийни англаш маҳол.
Таҳририятдан: Гениал шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодини ўрганиш билан боғлиқ масалалар жуда кўп. Бир давра суҳбати доирасида уларнинг ҳаммасини қамраш имконсиз. Суҳбат иштирокчиларининг улуғ шоиримиз ижодининг ўрганилишига доир фикр-мулоҳазаларидан энг муҳимларини эътиборингизга ҳавола этдик, холос. Аслида, давра суҳбатидан кўзда тутилган мақсад ҳам навоийшуносликда қилинган ишларга бир назар ташлаб, бу соҳани янги босқичга кўтариш учун амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни муҳокама этишдан иборат эди.
Давра суҳбатида кўтарилган масалалар ҳамиша ҳафталигимиз эътиборида бўлади, улар бўйича олимлар, тадқиқотчиларнинг мақолалари мунтазам ёритиб борилади. Мумтоз адабиёт мутахассислари, шоир ва ёзувчилар, газетхонлардан давра суҳбатида тилга олинган мавзуларга доир асосли фикр-мулоҳазаларни кутамиз.
Суҳбатни Маҳмуд Саъдий ва Аҳмад Отабой тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 6-сонидан олинди.