Қодиржон Эргаш. “Насри хамсайи беназир” (2009)

ХХ аср бошларида Туркистон маданий ҳаётида муҳим бир воқеа юз берди. Алишер Навоий “Хамса”си таркибига кирган беш достондан тўрттасининг насрий баёнлари яратилди ва улар “Насри Хамсайи беназир” номи билан китоб ҳолида литографияда нашр этилиб, халқ орасида тарқалди.
Бу улкан ва шарафли иш Мир Маҳдум ибн Шоҳюнус томонидан амалга оширилган эди. У “Хамса”даги “Садди Искандарий”, “Сабъаи сайёр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларини нисбатан содда ва равон тилда насрийлаштирди ва ўзининг бу иши билан Навоий ижодини оммалаштиришга, халқимизни буюк шоирнинг адабий меросига яқинлаштиришга катта ҳисса қўшди.
Афсуски, Мир Маҳдумнинг бу меҳнати ҳозирга қадар ўзининг муносиб баҳосини олган эмас. Навоий асарларининг насрий баёнлари ҳақида сўз кетганда, адабиётшунослар, асосан, Умар Боқий баёнларига тўхталадилар. “Насри Хамсайи беназир” ҳақида бир нечта жумлаларда маълумот бериш билан чекланиб, уни тадқиқот доирасига тортмайдилар. Бунда ҳам муаллиф номи нотўғри кўрсатилади, яъни Мир Маҳмуд ибн Шоҳюнус, деб берилади. Биз ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида сақланаётган, 1908 йилда Ғулом Ҳасан Орифжонов литографиясида чоп этилган “Насри Хамсайи беназир” нусхаси билан танишганимизда муаллифнинг исми “Мир Маҳмуд” эмас, “Мир Маҳдум” эканлиги маълум бўлди. Нашрнинг титул варағида қуйидаги сўзлар бор: “Жаноби шоири фасиҳ ул-лисон Мир Алишернинг “Хамса” манзумаларидан наср тартибида дурфишонлиқ айлаб Мир Маҳдум ибн Шоҳюнус эҳтимоми бирлан”.
Бу сўзлар Мир Маҳдумнинг фақат насрий баён муаллифи бўлиб қолмасдан, айни пайтда, унинг ношири эканлигидан ҳам далолат беради. Зеро, инқилобгача бўлган нашрларда учрайдиган “фалончи эҳтимоми билан” деган жумла нашр кимнинг саъй-ҳаракати ва маблағи ҳисобига амалга оширилганини билдириш учун ёзилади.
Муқаддимада Мир Маҳдум Навоий ижодини юксак баҳолайди, унинг шеъриятини “дилкаш”, “жондин азиз, шакардин лазиз”, дея таърифлайди: “Баъд аз ҳамди худойи жаҳон ва дуруди номаъдуди расули инсу жон бу камина ходими аҳли жаҳон ва нодими жаҳлу исён ўтган азизлар арвоҳи таййибларидан истионат ва ёру биродар ҳимматларидан ионат тилаб гўстоҳлик қилиб, китоби “Хамса”йи амир Навоий раҳимуллоҳнинг бўстонларини сайр қилиб ва очилғон ранго-ранг гулларидин териб, назм гиреҳини ешиб, наср риштасига тиздим. Чунки “Хамса”йи Навоийнинг ҳар бир назмлари жондин азиз ва шакардин лазиз, дилкашлиғи аҳли дониш ва аҳли маонийға равшан ва ҳувайдодур”.
Сўнгра у ана шу гўзал шеъриятдан баҳра оладиган кишиларнинг озлиги, аҳолининг катта қисми мумтоз шеъриятни тушунишга ожизлиги ҳақида мулоҳаза юритиб, ўз мақсадини баён қилади: “Аммо аҳли дониш ва расолар қиссайи маъжуб ва ҳикояти марғублардин баҳраманддурлар. Аммо ушбу замоннинг аксар одамлари саводхон фақат бўлуб, назмнинг фаҳмидин ожиз ва бебаҳрадурлар. Шу жиҳатдан авомуннос ҳам баҳра олурмукин деб қосирона наср тариқида бақадри тоқат баён қилдим”.
Мир Маҳдум ўз насрий баёнида Навоий достонларидан иккитасининг номини ўзгартириб беради ва “Садди Искандарий”ни “Искандарнома”, “Сабъаи сайёр”ни “Баҳроми ҳафт манзар қиссаси”, деб атайди.
Шунингдек, у достонларнинг жойлаштирилиш тартибини ҳам ўзгартирган. “Насри Хамсайи беназир”да аввал “Садди Искандарий”, кейин “Сабъаи сайёр” ва “Лайли ва Мажнун”, охирида “Фарҳод ва Ширин” достонлари жойлаштирилган. Бу иш Мир Маҳдум томонидан онгли равишда маълум бир мақсад билан қилинган ва “Насри Хамсайи беназир”да бу ҳақдаги қайдлар мавжуд. Достонлардан иккитаси, яъни “Садди Искандарий” ва “Сабъаи сайёр”нинг насрий баёнлари тугагандан сўнг муаллиф кичик бир чекиниш қилади ва ўқувчиларнинг диққатини бу асарлардаги адолат, эзгулик ғояларига қаратади, айниқса, ижтимоий адолат масаласига урғу беради. Бундан маълум бўладики, Мир Маҳдум “Хамса”даги ижтимоий мазмунни биринчи ўринга қўяди ва насрий баёнда достонларни ўзининг ана шу қарашларига мувофиқ жойлаштиради. Албатта, ижтимоий мазмун ва ғоялар “Хамса”нинг барча достонларида бор. Лекин “Садди Искандарий”да бу ғоя Искандар образи, унда мужассамлашган одил шоҳ, маърифатли ҳукмдор сиймоси орқали жуда яққол ифодаланган. Шу сабабли “Насри Хамсайи беназир”да “Садди Искандарий”нинг насрий баёни биринчи қилиб берилган.
“Насри Хамсайи беназир”нинг қимматли жиҳати шундаки, Мир Маҳдум Навоий достонларини ниҳоятда билимдонлик билан, уларнинг энг нозик, теран маъноларини ҳам илғаб олган ҳолда насрийлаштирган. Масалан, “Лайли ва Мажнун”даги қуйидаги парчани кўплаб олимлар, ҳатто Навоий ижодининг энг билимдон тадқиқотчилари ҳам нотўғри талқин қилганлар:

Сўз дарсини улки берди таълим,
Бу навъ этти фасона тақсим.

Ким Қайсға илм учун мурағғиб,
Ҳар чу тилаттилар муаддиб.

Топилди ҳунарвар устоде,
Одам ичра малак ниҳоде.

Лек асру хай ичра эрди побаст,
Дарс ичра топиб каломи пайваст.

Ул турфа қабилада сарафроз,
Ҳар ишда хайлиға навосоз.

Шахсе эди бас азим шони,
Рифъатда сипеҳрдин нишони.

Қаҳр этса дами самум янглиғ,
Хоро илгида мум янглиғ.
…………………………….

Қўрқмай ғами даҳрдин табоҳи,
Ул элға иҳотаи паноҳи.

Юқоридаги парчада мактаб домласи билан Лайлининг отасининг таърифи берилган ва ўртада нозик чегара бор. Парчадаги:

Лек асру хай ичра эрди побаст,
Дарс ичра тотиб каломи пайваст —

байтигача домла таърифи берилган бўлса,

Ул турфа қабилада сарафроз,
Ҳар ишда хайлиға навосоз —

байтидан бошлаб то охиригача Лайлининг отаси ҳақида сўз боради. Ана шу икки шахс таърифидаги нозик чегарани тадқиқотчилар илғаб ололмаганлар. Ҳатто Бертельсдек улуғ олим ҳам юқоридаги парчани нотўғри тушунган ва унинг талқинида Лайли мактаб домласининг қизига айланиб қолган. Умар Боқийни ҳам худди шу парча чалғитган ва у ҳам ўз насрий баёнида Лайлини мактабда дарс берувчи домланинг қизи сифатида тасвирлайди: “Бу аснода ул олимнинг Лайли номлиғ бир қизи бор эрур ва ҳусну малоҳатда беназир эрди”.
“Насри Хамсайи беназир”да бундай хатони кўрмаймиз. Мир Маҳдум мазкур парчанинг тўғри талқинини беради ва аниқ-равшан қилиб, “Лайлининг отасиким хай қабиласининг подшоҳи эрди”, деб ёзади.
Кўринадики, “Насри Хамсайи беназир” фақат Навоий достонларининг насрий баёни сифатидагина эмас, балки ўзига хос талқини, уларни тўғри тушуниш ва англаб етишда ёрдам берувчи ўзига хос манба сифатида ҳам аҳамиятга эгадир.
“Хамса” достонларини насрийлаштирар экан, Мир Маҳдум бунда турлича йўл тутади: айрим ўринларда тўлиқ насрийлаштириш, бошқа ўринларда қисқартириб ёки умумлаштириб насрийлаштириш усулларидан фойдаланади. Буни “Садди Искандарий” достонининг насрий баёни мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Маълумки, ушбу достон ҳажм жиҳатидан “Хамса”даги энг катта достон ҳисобланади ва у 89 бобдан иборат. Достоннинг Мир Маҳдум томонидан амалга оширилган насрий баёни эса 11 бобни ташкил этади. Бундай ҳолни бошқа достонларнинг насрий баёнларида ҳам кўрамиз. Достонлардаги бир қатор бобларнинг мазмуни қисқартириб баён қилингани сабабли, бу достонларнинг насрий баёнларининг тузилиши оригиналдан фарқ қилади. Лекин шундай бўлса-да, Мир Маҳдум Навоий достонларининг асосий сюжет линиясини сақлашга ва мумкин қадар уларнинг мазмунига путур етказмасликка ҳаракат қилган.
Маълумки, бирон-бир достонни насрийлаштиришни ният қилган муаллиф олдида турадиган асосий вазифалардан бири аслиятнинг бадиий мазмунини ҳам иложи борича сақлаш ва ўқувчига етказиб беришдир. Мир Маҳдум буни яхши англаган ва бизнинг кузатишларимиз, у маълум маънода бу ишнинг уддасидан чиққан, деб айтишга асос беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 51-сонидан олинди.