Сонет ҳақида кўпчилик умумий тасаввурга эга. Сонетнинг фақат ўн тўрт қаторли шеър эмас, балки мураккаб ҳамда ниҳоятда юксак маҳорат талаб қиладиган шеърий шакл эканини ҳамма ҳам билмайди. Зеро, сонет бузилмас қонун асосида яратиладиган ғоявий-бадиий лирик асардир. Унинг мумтоз намунаси ҳар бири ўн бир ҳижоли ўн тўрт мисрани, ҳаммаси бўлиб эллик тўрт ҳижони ўз ичига олади. У икки қисмдан ташкил топади, биринчи қисми икки қофия билан боғланган икки тўртлик (катрен)дан ва иккинчиси — эркин қофияланган икки учлик (тертсет)дан иборат бўлади.
Мумтоз сонетнинг гўзал намуналарини Данте, Петрарка, Бокаччо, Камоэнс, Ронсар, Эредиа, Бодлер, Митскевич, Брюсов, Колар, Бехер ва бошқа ўнлаб машҳур шоирлар ижодида учратиш мумкин. Айни пайтда, сатрлар сони ва жойлашуви қонуни бузилган, лекин сонет деб аталган шеърлар ҳам учрайди. Уларда фақат ўн тўрт сатрли умумий шакл сақланиб қолади, бошқа жанрий талаблар эса бажарилмайди. Масалан, В. Шекспир, Ж. Дон сингари инглиз шоирлари турли хил қофияланган ҳар бири тўрт мисрадан иборат уч банд ва икки мисрадан ташкил топган бир бандли шаклни, П.Неруда эса, катрен ва тертсетларга бўлинган, лекин қофиясиз ўн тўрт мисрали шеърни сонет, деб тақдим этадилар. Булар орасида, айниқса, Шекспирнинг бир юз эллик тўрт шеъри сонет номи билан машҳур. Улар ҳақиқатдан ҳам сонетми? Агар уларни сонет деб қабул қиладиган бўлсак, қатъий қонунга асосланган жанрий талабни қаёққа қўямиз? Ёки ўн тўрт сатрли ҳар бир шеърни сонет деб атайверишимиз керакми? Бу саволларга жавоб топиш учун тарихга ва у билан боғлиқ адабиёт тарихига мурожаат қилишимиз лозим бўлади.
Сонет атамаси италянча «Sonetto» ва провансал лаҳжасидаги «Sonet» сўзларидан келиб чиққан бўлиб, қўшиқ, жарангдор қўшиқ маъноларини англатади. У мустақил шеърий жанр сифатида дастлаб Ситсилия мактаби шоирларидан Жакомо да Лентини томонидан XIII асрнинг бошларида қўлланилган. Хўш, нима учун сонет ўрта асрларда, ундан аввал ёки кейин пайдо бўлмаган? Бундай қатъий қонун асосидаги бадиий асарнинг пайдо бўлишига нималар туртки берган? Бу борада бизнинг фаразларимиз қуйидагича.
Маълумки, ўрта асрларда, аниқроғи, унинг ўрталарида насронийлик Оврўпода ҳамма нарсани черковга бўйсундирди. Католик инквизицияси Инжилга мос келмайдиган ҳар қандай фикрни куфр деб эълон қилди ва бундай фикр эгасини гулханда ёқди. Мусулмон дунёсида эса, аксинча, ҳур фикрлиликка кенг йўл очилди ва инсон эркин ҳаракат ва эркин тафаккур қилишга ҳақли, деб ҳисобланди.
Қуръони каримда эътиқод билан бирга илм ва ахлоқ исломнинг уч илдизи сифатида талқин этилди, ислом — илм ва олимлар дини, олимлар — Аллоҳнинг дўсти, деб эълон қилинди. Натижада мусулмон Шарқида илмий, фалсафий ва бадиий тафаккур IX — XIII асрлар мобайнида мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилди. Бу пайтда Оврўпо эса, кўпчилик ғарб мутафаккирлари эътироф этганларидек, «гумроҳлик ботқоғига» ботиб ётар эди. Ана шундай шароитда мусулмон олами, мусулмон Испанияси орқали, Оврўпони ғафлат уйқусидан уйғотувчи маънавий куч, қитъалар ва эътиқодлар орасидаги тафаккур кўприги бўлиб хизмат қилди. Ғарбда «Буюк таржималар даври», деб аталган XI — XIII асрларда Оврўпо тарихида улуғ Уйғониш рўй берди: мусулмон алломалари, бир томондан, қадимги юнон мутафаккирлари меросини тарғиб қилиш билан, иккинчи томондан, ана шу меросни тадрижий ривожлантирган ўзларининг буюк кашфиётлари орқали Оврўпони гумроҳлик ботқоғидан олиб чиқдилар. Буни мусулмон Испаниясининг Севилла, Қурдоба, Ғарната амирликларини қўлга киритиш жараёнида буюк маданиятдан ҳайратланган насронийлар қолдирган ёзма манбаларда яққол кўриш мумкин. Уларда ва ундан кейинги ҳужжатларда черков намояндалари испан зодагон ёшлари христиан бўла туриб, араб тили, ёзуви ва шеъриятини нозик нуқталаригача ўрганганликларини, черков таълимотларига юзаки қараб, ботинан мусулмонларнинг «чиройли ҳаёт» тамойилларига амал қилганликларини алам билан қайд этадилар.
Дарҳақиқат, XI — XIII асрларда ва ундан кейин ҳам мусулмон маданияти Оврўпо учун тақлид объектига айланди. Хоразмий (Алҳоретм), Фарғоний (Алфраганус), Форобий (Алфарабиус), Ибн Сино (Авиценна), Ғаззолий (Алгазали) сингари ўнлаб буюк олимларнинг асарлари лотинчага таржима қилиниб, ғарб университетларида ўқитилди. Қурдобалик файласуф Ибн Рушд (Аверроэс) ғарб оламида мисли кўрилмаган шуҳрат қозонди. Оврўпода унинг номи билан аталадиган Аверроизм ижтимоий-фалсафий оқими вужудга келди. Ҳатто XV — XVI асрларда ҳам ғарб университетларида, хусусан, Франциядаги Сорбонна университетининг илоҳиёт ва фалсафа факултетларида араб тили, араб фалсафаси ва Ибн Рушд фалсафий меросидан алоҳида-алоҳида имтиҳон олинган.
Ўша даврларда адабиётда ҳам Оврўпо муайян маънода мусулмон Шарқига тақлидан ривожланиш йўлида борди. Ғазал, қасида, мувашшаҳ жанрлари Оврўпога кириб келди. Айниқса, ғазал ниҳоятда машҳурлик касб этди. Сонетни ана шу ғазалга тақлидан яратилган шеърий шакл, деб тахмин қилиш мумкин. Маълумки, ғазалнинг мумтоз намунаси етти байт – ўн тўрт мисрадан иборат. Айни пайтда, у қатъий қонун асосида яратилади: бир байтли бандлардан ташкил топади; мисралар ўзаро фақат ягона қофия воситасида боғланади; матлаъ билан бошланади ва мақтаъ билан тугайди. Матлаъсиз ғазал эса бошқа шеърий шаклга — қитъага айланади. Сонетда ҳам ана шундай қатъий қонун мавжуд, унинг бузилиши (бандларнинг жойлашувидами ёки катренда қофиянинг ҳар хил — иккитадан ортиқ бўлишидами) мумкин эмас. Бу борада XX асрнинг атоқли олмон шоири Йоханнес Бехернинг «Сонет фалсафаси ёхуд сонет борасида кичик йўриқнома» мақоласида билдирган фикрлари алоҳида аҳамиятга эга. Бехер қатъий қонун асосида яратилмаган барча сонетларни инкор этиб, уларни «ўн тўрт сатрли шиғирлар», деб атайди ва уларнинг сонетга алоқаси йўқ, деган қатъий хулосага келади.
Агар сонет шаклининг бутунлай бузилиши (катрен ва тертсетларсиз, турли қофиялар асосида ёзилган ўн тўрт сатрли шеърлар), юқорида айтилганидек, асосан инглиз шоирлари Т.Вайет, В.Шекспир, Ж.Дон ижоди орқали машҳур бўлиб кетганини эсласак, табиий савол туғилади: нимага айнан инглиз шеъриятида шундай ҳодиса рўй берди? Бунга жавобни 1575 йили чоп этилган Жорж Ҳаскайнинг «Баъзи бир йўл-йўриқлар» номли шеърий рисоласидан топишимиз мумкин. Унда, жумладан, ўша даврларда Англияда «ҳар қандай шеър (агар у кичик ҳажмли бўлса) сонет деб аталиши мумкин» бўлган (“Западно-Европейский сонет”).
Демак, инглиз шоирлари сонет атамасини асл маъносида қўллаган эмаслар ва уни атайин бузиш учун ҳаракат ҳам қилмаганлар, балки шунчаки сонет ҳажмига тақлидан «кичик шеърлар» ёзганлар. Шу боис, уларнинг ўн тўрт сатрли шеърларини том маънода сонет деб (шунингдек, уларга «инглизча», «шекспирча» сифатларини қўшиб) айтиш ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ўринда, Шекспир даҳосига таъзим қилган ҳолда, Арастунинг Афлотун ҳақидаги сўзларини ўзлаштириб, шундай дейиш мумкин: Шекспир улуғ, лекин ҳақиқат ундан улуғроқдир.
Шундай қилиб, сонет «торликда кенгликни» бера оладиган, юксак маҳоратни талаб этадиган шеърий шакл, унинг бузилиши аслида маълум маънода ё шоир маҳоратининг етишмаслигини ёки унинг қийинчиликлардан қочишини англатади. Лекин яна бир муҳим жиҳат борки, уни назардан қочириш мумкин эмас: сонетнинг тўрт қисми ўзига хос бадиий миқёс, улар ўз ичига инсонни, унинг ҳаёти, севгиси, қайғуси, шодлиги, мардлигини, уни ўраб турган табиат манзараларини сиғдира олади. Яъни сонет гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожиавийлик ва кулгилилик, мўъжизавийлик ва хаёлийлик хусусиятларини инъикос эттира оладиган бадиий-эстетик яхлитликдир. Айни пайтда, Бехернинг юқоридаги мақоласида таъкидланганидек, биринчи катрен тезисни, иккинчи катрен аксилтезисни ва тертсетлар синтезни ўз ичига олади. Бошқача айтганда, биринчи катрен — муайян ҳиссий ҳолатни, мосликни, иккинчи катрен аксилҳолатни, номосликни акс эттиради ва тертсетлар улардаги қарама-қаршиликни ўзаро келиштирувчи бадиий хулоса сифатида намоён бўлади. Гарчанд бундай бўлиниш ҳамма вақт ҳам аниқ кўзга ташланмаса-да, улар қай даражададир ич-ичдан мавжуд ва сонетда умумий диалектик тадрижнинг доимий тарзда мавжуд бўлишини таъминлайди. Шундай қилиб, сонет ҳам шаклан, ҳам мазмунан диалектик тизимга асосланган қатъий шакл ва уни турли кўринишлардаги ўн тўрт мисрали шеърларда парчалаб ташлаш ёки бузиш мумкин эмас. Зеро, сонетда мазмун-моҳият шакл-ҳодисага бўйсундирилади, шакл мазмун устидан ҳукмронлик қилади. Шу сабабдан ҳам, сонетда бирламчи эътибор шаклга қаратилади, шоир аввало мазмунни эмас, шаклни ўзига бўйсундириши лозим бўлади. Ҳар бир сонет мазмунининг шаклга солиниши эса, худди асов отга илк марта эгар уришдек маҳорат ва меҳнатни талаб қиладиган жараёндир.
Бундан ташқари, сонет жанрининг янада мураккаброқ шакли ҳам мавжуд. У ҳажман йирик бўлиб, ўз ичига бир мавзуга бағишланган 15 сонетни — 210 сатрни олади ва «Сонетлар гултожи» ёки «Сонетлар гулчамбари», деб аталади. Сонетлар гултожи мураккаб композицияга эга. Унда ҳар бир сонетнинг сўнгги сатри келгуси сонетнинг биринчи сатри қилиб олинади, охирги ўн бешинчи сонет гардиш (магистрал), деб аталади ва барча аввалги сонетларнинг биринчи сатрларини ўз ичига олади. Ўн тўртинчи сонет магистралнинг сўнгги сатри билан бошланиб, унинг биринчи сатри билан тугайди. Натижада битта гардишга айланма тарзда боғланган сонетлар гулчамбар шаклини олади. Шу боис, гардиш гулчамбар сўнггида турса ҳам биринчи бўлиб ёзилади. Сонетлар гултожи мавзу яхлитлиги, композицион пухталиги туфайли 14 сонет ва бир хотима-сонетдан иборат лирик-интим, лирик-ижтимоий, лирик-фалсафий достон сифатида ҳам тақдим этилиши мумкин.
Ўзбек шеъриятига сонет ХХ аср бошларида кириб келди. Унинг анъанавий намунасини илк бор Усмон Носирда учратамиз. Кейин бу жанрда Барот Бойқобилов, Рауф Парфи, Эргаш Муҳаммад, Мирпўлат Мирзо сингари шоирлар ҳам қалам тебратдилар. Б.Бойқобилов ва Э.Муҳаммад сонетлар гултожи ҳам ёзганлар. Б.Бойқобилов ва М.Мирзонинг сонетлари асосан уч тўртлик ва бир байтдан иборат ўн тўрт сатрли шеърлардир. Р.Парфида эса икки қисмли шакл бузилмайди, лекин қофиялар эркин. Худди шундай сонетларни биз Александр Файнберг ижодида ҳам учратамиз. Уларни шоир эркин сонетлар, деб атаган ва шу ном остида «Вольные сонеты» номли ўттиз тўққиз шеърдан иборат китоб ҳам нашр эттирган. Унга сўзбоши ёзган машҳур рус шоираси Новелла Матвееванинг фикрлари диққатга сазовор. У А.Файнберг истеъдодини таъкидлаши, унинг сонет йўлидаги уринишларини ижобий баҳолаши баробарида, сонетнинг ҳеч қачон «эркин» бўлиши мумкин эмаслигини айтиб ўтади: «Китоб номининг ўзиёқ антиқа, — деб ёзади шоира, — чунки сонетлар ҳеч қачон «эркин» бўлмайди». Бироқ атоқли русийзабон шоиримиз ўзининг бундан аввал нашр этилган “Невод” номли танланган шеърлар китобига қатъий қонун асосида ёзилган ўн сонетни киритган. Қизиғи шундаки, уларнинг бирида шоир анъанавий темир қонун исканжасида яратилган асарнигина сонет деб аташ мумкин ва шундай сонетни ёзган шоиргина ҳақиқий эркин шоир деган номга лойиқдир, дейди ҳамда бу фалсафий фикрни сонет шаклига солади.
Шундай қилиб, кўриб ўтган шоирларимиз ичида фақат У.Носир ва А.Файнберг ҳақиқий сонет қонун-қоидаларига амал қилган. Биз ҳам, табиийки, ана шу йўлни қўллаб-қувватлаймиз: юқорида айтганимиздек, фақат қатъий қонунга — қатъий жойлашув ва қофияланиш тартибига эга бўлган сонетнигина эътироф этамиз, қолган «янгиликлар»ни, Бехер изидан бориб, сонет эмас, ўн тўрт сатрли оддий шеърлар, деб аташ тарафдоримиз. Зеро, ғазалнинг шаклий қонун-қоидаларини бузиб бўлмаганидек, сонет шаклини ҳам бузиш мумкин эмас. Мулоҳазаларимизни буюк олмон мутафаккири, шоир ва адиб, романтизм оқимининг назариётчиси Август Вилҳелм Шлегелнинг сонет номидан ёзган сатрлари билан, фикримизни қўллаб-қувватловчи бир сонет билан якунлаймиз:
Мен икки катренни боғлайман таранг,
Икки жуфт сатрга бир қофия — соз!
Иккинчи жуфтлигим биринчига мос,
Бирига уланар иккинчи жаранг.
Иккала тертсет-чи, эркин, ранг-баранг,
Энди қофиялар занжирдан халос
Ва лекин барибир тартибим мумтоз:
Қай мавзу бўлмасин — севгими ё жанг.
Кимки бандларимнинг қонунин бузса,
Шунчаки эрмак деб билса уни ким,
У гултож кийганлар сафида бўлмас.
Бироқ ким сеҳримни англаб сўз тузса,
Теранлик, кенгликни қучиб тор шаклим,
Номослик мосликка бўлур ҳамнафас.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 43-сонидан олинди.