Ҳатто айрим мутахассислар ҳам Қамчиқ довони бугун автобуслар қатнашига бемалол жавоб бера олади дейишмоқда
Фарғона водийси – Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган гўшаси. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг ери Республика ҳудудининг атиги 4,2 фоизини ташкил этади, аммо бу ерда мамлакатнинг қарийб 30 фоиз аҳолиси яшайди. Бу 7-8 миллион одам демак.
Ҳозирги замонда нима қиммат – йўлкира қиммат. Тошкентдан Андижонга самолётда қатнашга ҳамманинг ҳам имкони етмайди. Шунинг учун самолётда асосан давлат ғазнаси ҳисобига хизмат сафарига чиққанлар ва бизнесменлар қатнайди.
Мавсум чоғида поезд қатнайдиган бўлиб қолса, чиқишга одамларнинг юраги безиллайди… Демак, ягона йўл – Қамчиқ довони орқали машиналарда қатнашгина бўлиб қолади.
“Нексия”, “Дамас”, “Тико” каби замонавий енгил машиналар ҳозир водийнинг ҳар бир шаҳру қишлоғидан Тошкентга келиб кетаяпти. Довон йўли эса етарли даражада кенг, деярли барча участкалар равон, силлиқ. Шунинг учун ҳам кўпгина ёш, юраги қайнаган ҳайдовчилар текис жойда машинани соатига 170-180 км.гача учириб ҳайдайди. Бу йўлда азалдан қатнаб пихи қайрилиб кетган “пахан” шофёрлар ҳам улардан қолишмасликка ҳаракат қилади. Оқибат, Қорасувдан “товар” олиб, машина юкхонасини лиқ тўлдирган, йўлдаги текширувчиларга инсоф тилаб, радди бало дуоларни билганича ўқишга тараддудланган “тадбиркор”ларнинг тили бунча зўр тезликда дуо тугул, ҳатто калимага ҳам келмай қолади.
Афсус, карвоннинг йўлида хатар бўлмай иложи йўқ экан, умр йўли шу йўлда поёнига етиб, тили ҳақиқатан ҳам бир оғиз калимаи шаҳодатга улгурмай омонатини топшираётганлар ҳам оз бўлмаяпти. Тошкентдан Андижонга қадар бўлган бу гавжум трассанинг ҳар ер-ҳар ерида аварияга учраб, йўл четига чиқариб қўйилган, “кўриб, ибрат олсин” дегандай текширув постига опкелиб қўйилган абжақ машиналарнинг ҳар ҳафта янгиларига дуч келиш мумкин.
Такрор айтамиз: йўл равон, жуда кўп қисмида кўча ўртасига бетон тўсиқлар қўйилиб, қарама-қарши томондан келаётган машиналар ўзаро тўқнашиб кетишининг олди олинган ҳам. Аммо автофалокатлар ҳамон юз бериб турибди. Негаки, бу фалокатларга йўл эмас, тезлик ҳаддан ташқари юқорилиги сабаб бўляпти. Негаки, Республика пойтахтига, бошқа вилоятларга юмуш билан ҳар куни водийдан ўн минглаб одам йўл олади. Йўл ниҳоятда гавжум, тезроқ етайин деб “от қамчилаганлар” бисёр.
Асосан бойваччаларга тегишли бўлган машиналарни ижарага олган, отнинг калласидай “аренда пули”ни ҳафтама-ҳафта тўлайман, қолаверса бола-чақанинг тишига босгудай бир даромад ҳам топаман деб чоғланган киракашлар тезроқ Тошкентга бориб қайтишга ҳаракат қилади, бунинг учун соатига камида 150 км. тезликка қўйиб ҳайдайди, етиб боргач, бошқа ҳамкасблари билан пассажир талашади, суткалаб ухламай, рул чамбарагини айлантиради. Ҳар куни турфа феъл-атворли “пассажир”лар кўнглига йўл топиш, бирон ўн беш-йигирма жойга қўйилган “пост”ларда қўр тўкиб ўтирган формали акалар билан “муомала” қилиш ва энг чатоғи – кунига уёққа беш юз, қайтишга ҳам шунча, жами минг километрча йўл юриш… ишонинг, ҳар қандай алпомиш йигитни ҳам бир-икки йил ичидаёқ ҳолдан тойдиради! Бояги “пост”ларнинг биронтасида “манов автомобил (ёки бу ҳайдовчи) боя шу йўлдан у томонга ўтган эди, энди эса бу ёққа йўл олибди. Бунча “нагрузка” машина учун ортиқча (ҳайдовчи ҳам чарчайди), аварияга учраш хавфи ортади”, дея машина номерини ё ҳайдовчининг фамилиясини компютерга солиб, тергайдиган тартиб ишлаб чиқилмаган, биронта ДАН пости бундай “зерикарли” юмуш билан шуғулланмайди. Ҳолбуки, агар ҳар бир ҳайдовчи бир кеча-кундузда 500 км.дан ортиқ йўл босиши мумкин эмас деган мазмунда бирон тартиб-қоида ишлаб чиқилса ва шу қоидага амал қилиш механизми тайёрланса, ёмон бўлмас эди. Менинг ўзим яқинда Хўжаободдаги ДАН пости олдига айқаштириб қўйилган бетонга бир “Нексия” келиб қарсиллаб урилганини кўрдим. Эрталаб соат 10 лар чамаси эди. Машина тамом бўлди, ичидагилар ҳайтовур тирик қолди, аммо бир ёш йигит ўша бетон ёнида қай бир иш билан ивирсиб юрган экан, бетон билан машина орасида қолиб, нобуд бўлди. Асосий сабаб – туни билан йўл босган ҳайдовчи бу маҳал ухлаб қолган экан…
Албатта, камина бир оддий йўловчи, автомобилу йўл ҳақида махсус билимга эга эмасман, юз бераётган фалокату ҳалокатлар миқдори ҳақида ҳам аниқ рақамларни келтира олмайман. Аммо неча йиллар давомида ой сайин, гоҳо ой оралатиб Андижону Ўшга қатнар эканман, ойналари тирқираб сочилиб, тунукалари эзилиб, қуруқ скелети кўриниб қолган машиналарга, ҳалок бўлган, устига бирон латта ёпиб қўйилган йўловчиларга кўзим кўп тушган. Ҳайдовчиларнинг “бу ҳали ҳолва, кеча фалон жойда, мунча одам…” деган ҳикояларининг-ку, саноғи йўқ.
Бу муаммонинг бир ишкал жиҳати. Иккинчи ёқдан, моддий масала ҳам бор, албатта. Чунончи, бензиннинг нархи юз сўмча ошувди ҳамки, Андижонга бориш йўлкираси беш мингдан саккиз-тўққиз мингга кўтарилди-қолди. Бизнинг “савобталаб” ҳайдовчиларимизнинг феъли шунақаки, ҳар байрам ёки ҳайит арафасида ота-онасини кўриш ёки хешларининг арвоҳини йўқлаш, фотиҳа ўқиш учун борадиганлар кўпайиши муносабати билан бир томон йўлкирасининг ўзиёқ 30-35 минг сўмга кўтарилиб кетади.
Бунга бирон чора топиш лозим. Токи, айтайлик, ҳар ўн минг нафар йўловчи ҳиссасига дуч келадиган фалокатлар сони камайсин, йўлкира нархини ўйлаб, одамлар бир-бирининг дийдоридан бенасиб бўлмасин ва зарур юмушидан қолмасин. Масалан, Андижон билан Тошкентнинг ораси 400 км. бўлса, бориш-келиш йўлкираси ҳам, оралиғи қарийб шунча бўлган Тошкент — Каттақўрғон йўлкирасидан ортиқ бўлмаслигига эришиш керак. Нима учун йўловчилар бир умр таксида юришга маҳкум бўлиши керак экан?
Ҳозир Қамчиқ йўлидан енгил ва юк автомобиллари юради. Автобус ва микроавтобусларга қатнов тақиқланган. Албатта, бу қарорга йўловчилар бехатар йўл юрсин, катта фалокатлар юз бермасин, деган ниятда келинган бўлса керак. Лекин, “бу йўлнинг фалон қисмида қиялик мунча даражада, бинобарин автобус қатновини йўлга қўйиш тақиқланади”, дегандай техник жиҳатдан асосланган, дунё миқёсида эътироф этиладиган бирон бир далил-сабаб келтирилиши керак.
Биз ушбу йўлда автобус қатновларини йўлга қўйиш вақти келди, деб ўйлаймиз. Бу техникавий жиҳатдан бемалол мумкин, ижтимоий нуқтаи назардан эса ниҳоятда зарур. Чунки илгариги довон йўли билан ҳозиргиси орасидаги фарқ – ер билан осмонча. Аввалги йўл жуда тор, ўта хавфли, ўнқир-чўнқир бўларди. Бурилишларнинг кескинлиги, нақ қоятошлар тагидан ўтадиган қалтис жойларнинг кўплиги, гоҳо сой ўзанига тушиб, шалдиратиб шағал кечиб ўтишлар ҳозир батамом йўққа чиққан, тоғнинг қир учидаги асфалт йўл ўша осмонўпар жойида қолиб, эндиликда даранинг нақ кўксидан ўйиб кирилган кенг, ёруғ туннеллар оралаб ўтиб борасиз. Бу – биринчидан.
Иккинчидан эса, бизга олис ва яқин талай давлатларда шунақа ваҳимали тоғ йўллари борки, у довонлар олдида бизнинг Қамчиқ жўн бир тепаликка ўхшайди. Аммо ана ўша йўлларда ҳам автобус қатнови йўлга қўйилган – кечаю кундуз, қишин-ёзин юради. Ва ниҳоят учинчидан, ҳозирги автобуслар бундан ўттиз-қирқ йил аввалги салга мотори қизиб, суви қайнаб кетадиган “қўқонарава”лар эмас. Замонавий автобус ва микроавтобусларнинг тортиш қуввати зўр, тормоз тизими айниқса ишончли.
Бунинг устига, эҳтиёт шарт дея ҳозир хавфли ҳисобланадиган пастга тушиш участкаларида йўл ёқасида тик кўтарилувчи “ирмоқ”лар ҳам тайёрлаб қўйилганки, машинани унга бурсангиз, ҳар қандай тезлик бир зумда сўниб, фалокат даф бўлади.
Бир автобусга камида ўттиз-қирқ киши юк-пуки билан жойлашади. Ана шунча одамни енгил машинада ташийман десангиз, камида ўнта “Нексия” керак. Энди ўзингиз айтинг, қайси ҳолатда авария хавфи кўпроқ бўлади? Уларнинг йўлкираси орасидаги фарқ-чи? Қолаверса, экологик жиҳатдан, замонавий бир автобус ўнта енгил машинадан кўпроқ тутун чиқарадими?
Албатта, биз Фарғона водийси билан бошқа ҳудудлар орасида дуч келган автобус одам таший берсин, демаймиз. Техник жиҳатдан носоз, иш муддати аллақачон ўтиб, судралиб қолган автобусларнинг нафақат Қамчиқ йўлида, балки ҳар қандай шароитда одам ташишидан воз кечиш керак. Аммо лоақал ҳозир – айни ёз чилласида, одамларнинг боласи институтга ҳужжат топширган, водийдаги сўлим оромгоҳлару санаторийларга келиб-кетишлар ортгани сингари сабаблар билан қатнов кўпайган бир даврда, Қамчиқ йўли орқали “Қўқон — Тошкент”, “Тошкент — Асака” сингари ўнлаб маршрутлар очиб (қайта тиклаб), тажриба тариқасида “Мерседес”, “Отайўл” сингари бақувват, янги автобусларнинг, бежирим микроавтобусларнинг қатновини бошлаш, бунда улар ортиқча йўловчи ва юк олмаслигини йўлга қўйиш вақти келди.
Хавф-хатарнинг олдини олиш борасида шуни айтиш керакки, ҳар бир машинанинг тормоз тизими унинг массасидан келиб чиқиб, шунга яраша қилиб ишланади. “Нексия”нинг тормози “Отайўл”га, уники эса бунга ўрнатилмайди. Ҳозирги машиналарда юқори кўтарилишда моторнинг тортиш қуввати, пастга тушиш ва тўхташда тормоз чизиғининг узунлиги ҳам қарийб бир хил ва жуда ишончли. Шундай экан, енгил машинанинг юриши учун бемалол бўлган жой автобус учун ҳам хатарли ҳисобланмаслиги керак.
Қамчиқ довони орқали йўлнинг кенгайтирилиши, унга давлат ғазнасидан миллиардлаб сўм сарфланишидан мақсад такси ҳайдовчиларга даромад йўли очиш эмас, аввало оддий йўловчиларга енгиллик яратиш, барча турдаги транспорт воситалари қатновини йўлга қўйиш орқали Фарғона водийси билан Республиканинг бошқа ҳудудлари орасидаги борди-келдини янада яхшилаш, жадаллаштиришдан иборат эди..
Зуҳриддин Исомиддинов
П.С. Афтидан, автобус қатнови ҳанузгача йўлга қўйилмаётганининг тағин бир сабаби ҳам бордай. Дейлик, ҳар дақиқада бу йўлдан ўнта енгил машина ўтар бўлса, кўпининг ҳайдовчиси (ёки “юк” эгаси) постда “хизмат”да турган ака билан албатта қўл олишиб салом бериб ўтади. Энди, ўзингиз ўйланг: уларнинг ўрнига бир каттакон автобус ўтсин-да, фақат ҳайдовчи салом-алик қилсин! Қайсинисининг савоби кўпроқ? Албатта, ўн нафар одамнинг қўлини олиб кўришмоқ ўрни бўлак-да! Унинг файзу баракаси бошқача-да!
“Ҳуррият” газетасидан олинди.