унинг Европада аллақачон дарслик сифатида ўқитилаётган асарлари ўзбек тилига қачон таржима қилинади?
Тарихдан яхши аёнки, ХI-ХII асрлар ўзбек халқи довруғини дунёга танитиш, мамлакат тараққиётида юксак даражага эришиш, барча соҳаларда буюк, истеъдодларни етказиб беришда муҳим босқич бўлган давр бўлди. Шарқнинг энг улуғ, машҳур олимлари тўпланган катта илмий марказ — “Дорул ҳикма”, (“Донишмандлар уйи”), бугунги ном билан аталадиган фанлар академиясига ҳам айни ана шу даврда асос солинди.
Маърифатпарвар Хоразмшоҳ Али ибн Маъмун фармони билан 1004 йилда йирик илмий маърифий марказ — “Дорул ҳикма ва маориф” ёхуд Маъмун академияси ўз фаолиятини бошлади. Хоразмшоҳ Маъмун II даврида “Дорул ҳикма” довруғи янада ошди. Бу даргоҳда хоразмликлардан ташқари Бухоро, Самарқанд, Нишопур, Марв, Балх, Эрон, Ҳиндистон, Миср, Сурия, Ироқ ва бошқа мамлакатлардан ҳам илмга ихлос қўйган олиму фузалолар муҳим тадқиқотлар олиб бориб, турли соҳаларда буюк кашфиётлар яратдилар. Абу Райҳон Беруний бошчилигида Абу Наср Ироқ, Абул Хайр ибн Ҳаммор, Абу Сахл Масихий, Абу Али ибн Сино каби кўплаб олимлар илм-фанда янгиликлар яратиб, ўзбек халқи салоҳиятини дунёга танитдилар?
Хоразм Маъмун академияси фаолияти 13 йил давом этди. Шу қисқа давр ичида бу даргоҳдан жаҳон илм-фани хазинасини ўзининг бебаҳо асарлари билан бойитган қомусий олимлар етишиб чиққани диққатга сазовор.
1017 йили Хоразм Маҳмуд Ғазнавий томонидан забт этилади ва бунинг оқибатида кўпчилик олимлар Ғазнага олиб кетилади. “Дорул ҳикма” фаолияти Хоразмшоҳлар — Ануштегинлар давлати барпо этилиши билан (Бу даврда ҳукм сурган Қутбиддин Отсиз, Эл Арслон, Такаш, Алоуддин Муҳаммад ва ўғли Жалолиддин Мангуберди илм-фан ривожига катта эътибор берганлар) Маъмун академияси фаолиятининг иккинчи даври бошланди. Бу даврда ўттиздан ошиқ олим фаолият кўрсатган. Фахриддин Розий, Исмоил Варрақ Азриқий, Ал Марвазий, Умар Чағминий каби олимлар шулар жумласидандир. Қубравия тариқатининг асосчиси бўлган “Валитарош” — яъни “Валийлар етказувчи буюк зот” дея танилган Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари ҳам айни мана шу даврда яшаган ва ўзидан бой илмий маънавий мерос қолдирган.
Маъмун академияси олимлари ичида Исмоил Журжоний (тўлиқ исми шарифи Зайниддин Абул Фадий Имом Амир Саййид Абу Иброҳим Исмоил бин Ҳасан бин Муҳаммад бин Аҳмад ал Ҳусайний ал Журжоний) ўз иқтидори, қобилияти, изланишлари билан алоҳида ажралиб, кўзга кўринган буюк олимлардан биридир. У 30 йилдан ошиқ Хоразмшоҳлар саройида хизмат қилган. Шоҳларнинг шахсий табиби, шифохона ва дорихоналар раҳбари вазифаларида ишлаган. Журжоний фақат сарой табиби бўлиб қолмасдан кўпинча халқ орасида юриб, оддий меҳнаткаш инсонларни турли хасталиклардан халос қилишда жонкуярлик қилган. Журжонийнинг табобатда тутган ўрни ўзига хослиги билан ажралиб туради. У беморни даволашни мукаммал тартибини ишлаб чиқди. Бу тартибга кўра хасталикни даволашдан олдин беморнинг турмуш тарзини жиддий ўрганди — қандай ишлаши, дам олиши, овқатланиши, юриш-туриши, одатлари, хуллас шахсий ҳаётини ҳар томонлама ўрганиб, иложи борича касалликни даволашдан кўра олдини олишни афзал билган. Ўрта Осиёда биринчи бўлиб иқлим, шароит, шахсий гигиенанинг инсон соғлигига таъсирини ўрганиб, бу ҳақда аниқ хулосаларни айта олган. Ҳар фаслга қараб инсон соғлигини сақлаш чора-тадбирларини ишлаб чиққан. Аҳоли томонидан кийиладиган ипак, пахта, каноп каби 9 хил матонинг хусусиятларини чуқур ўрганиб, инсон саломатлигига таъсирини айтиб бера олган.
Исмоил Журжонийдан ниҳоятда бой мерос қолган, 22 та асарнинг қўлёзма нусхаси мавжуд. Улардан 15 таси тиббиётга, 2 таси одоб-ахлоққа, 5 таси фалсафага оид асарлардир. Кўринадики, Исмоил Журжоний фақат етук шифокор олим бўлиши билан барга, ўз даврининг таниқли файласуфи, тилшуноси ҳам бўлган.
Исмоил Журжонийнинг илм-фан, табобат ривожи йўлида чеккан заҳматлари ва кашфиётлари Байхарийнинг “Донолик хазинасининг давоми”, Низомий Арузий Самарқандийнинг “Ноёб нарсалар тўплами ёки тўрт суҳбат” Маҳмуд аз Шахразруйнинг “Файласуфлар тарихи”, Ибн Абу Усубийнинг “Шифокорларнинг тоифалари тўғрисидаги маълумотларнинг манбаи” ва бошқа машҳур алломаларнинг асарларида ёзиб қолдирилган. С. Ковнер, А. Семёнов, Д. Вароновский, Б. Вахобов, З. Икромов каби етук олимлар томонидан эътироф этилган. Элдошларимиз О. Абдуллаев (Аллоҳ раҳмат қилсин) Исмоил Журжоний ҳаёт ва фаолияти бўйича тиббиёт фанлари доктори,
М. Ғойибов эса номзодлик даражасини ёқлаганлар. Исмоил Журжонийдан қолган бой мерос Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик Институти қўлёзмалар жамғармасида, Санкт-Петербургдаги М.Е. Салтиков-Щедрин номидаги кутубхонада, Лондондаги Британия музейида, Оксфорд Университети кутубхонасида, Берлин, Париж, Эрон, Ҳиндистон мамлакатлари миллий кутубхоналарида сақланмоқда.
Кўриниб турибдики, Исмоил Журжонийнинг Марказий Осиё, қолаверса, жаҳон илм-фани, айниқса, тиббиётига қўшган ҳиссаси беҳад катта. Биргина унинг қаламига мансуб “Қарабодини Хоразмшоҳий” асарида 1000 хил дори-дармоннинг номи, тайёрлаш усуллари, хусусиятлари тўлалигича баён қилинган. “Заҳираи Хоразмшоҳий” асари эса тиббий илмлар мужассамлашган қомусий аҳамиятга эга асар деб баҳоланган.
Энди масаланинг асосий, оғриқли нуқтасига ўтайлик. Исмоил Журжоний ҳаёти ва фаолияти қанчалик ўрганилмасин, тадқиқ қилинмасин ундан қолган ниҳоятда бой мерос барибир етарли даражада, кенг, атрофлича махсус ўрганилмаган. “Заҳираи Хоразмшоҳий” асари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”дан кейинги иккинчи қонун деб эътироф этилган. Бу бебаҳо асар бир қанча хорижий тилларга қайта-қайта таржима қилиниб, тиббий билим даргоҳларида дарслик сифатида ўрганилиб келинмоқда. Бироқ ана шундай бой мерос, ўз номи билан “Хоразмшоҳлар хазинаси” ҳозиргача тўлиқ ўзбек тилига таржима қилинмаган. Тўғри, филология фанлари номзоди Н. Расулзода “Шарқ табобати” журналининг 2002 йил 1-2 сонларида “Заҳираи Хоразмшоҳий” асарини ўрганилишга оид айрим мулоҳазаларини эълон қилди. Яна шу муаллифнинг ўзи бу асарни таржима қилишга уриниб, “Шарқ табобати” журналининг 2004 йил 1-2 сонларида парчалар эълон қилди. Афсуски, бу нодир асарни изоҳли таржимасини яратиш шу билан тўхтаб қолди. Ҳиндистон, Франтсия, Арабистон, Эрон, Туркия ва бошқа мамлакатларда “Заҳираи Хоразмшоҳий” асари тиббиёт дурдонаси сифатида чуқур таҳлил, тадқиқ, таржима қилиниб, кенг ўрганилса, ҳаётга татбиқ қилинса-ю бизда, айни шу асар яратилган заминнинг ўзида бу хайрли, эзгу ишга етарли эътибор берилмаса?! Ўйлаймизки, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги муносабати билан Исмоил Журжонийнинг табобатга, фалсафага оид асарлари таржимасидан баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўламиз.
Юртбошимиз Конститутсия қабул қилинганлигининг 13 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида жорий йилни “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” деб аталишини билдириб, ҳозиргача бизнинг мамлакатимизда ибн Синодан бошқа тиббиёт олимларга бирорта ҳам ҳайкал ўрнатилмаганлигини куюнчаклик билан эътироф этиб ўтган эдилар. ХИИ асрнинг ўн жилдлик тиббий қомуси ҳисобланган “Заҳираи Хоразмшоҳий ва тиббиётга оид яна бошқа ўнлаб дурдона асарлар яратган, ўз давридаёқ иккинчи ибн Сино деб ном қозонган Исмоил Журжонийнинг ўлмас ва нурли сиймоси ҳайкалларда намоён бўлса, қадриятларимизни улуғлаш йўлидаги яна бир эзгу иш, қутлуғ қадам бўларди.
Абдулла САФОЙЭВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси аъзоси
“Ҳуррият” газетасидан олинди.