Мен яқинда такси машинасида боратуриб, ёшгина бир ҳайдовчи йигитнинг ҳасратини эшитиб қолдим.
— Омон бўлсак, келаси ҳафта тўйимиз, — деди у.
— Жуда яхши. Табриклайман. Қўша қаринглар, — дедим.
— Айтганингиз келсин. Лекин тўй ташвиши, элдан бурун қаритадиганга ўхшайди. Тўй харажатини бундай хомчўт қилиб кўрсам, ҳаммаси бўлиб 9 миллион сўм атрофида бўлар экан. Келиннинг ўзига 2 миллион 200 минг сўм тўладик. Қуда томон “Карнай-сурнайсиз тўй-тўй эмас”, дейишибди. Бу ҳам 180 минг сўмга тушди. Тўй деганлари базмсиз бўлмайди, албатта. Отарчи деганларига ҳам ўт кетсин. Сўроқлаб-сўроқлаб борсам: “Акаси, 300 минг сўмга закалат бериб кетганлар ҳам бор”, дейди. Оғиз оча олмай қолдим. 300 минг сўм аждарҳонинг оғзида. Менга ўхшаган ҳайдовчининг бир йиллик маоши.
Ҳа, бир-бирига кўнгил қўйиб, бир-бирини чин қалбдан севиб, ихтиёрий равишда турмуш қуришга аҳду паймон қилишган йигит-қизларимиз олдида ана шу хил ўтиб бўлмас ғовлар бор. Ҳозирги барча соҳалар бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар даврида қиз чиқариш, келин тушириш орзусида юрган қанчадан қанча ота-оналар ўзлари-ўзларига жабр қилаётганлари, қиз-ўғилларининг бахтиёр ҳаётига рахна солаётганларни тушунишармикин? Ҳолига қараб иш қилган хоримас, дейдилар. Кўрпангга қараб оёқ узат, деган хикматли мақол ҳам бор.
Мени кечирасизлар, яна бир муҳим гап эсимга тушиб қолди: Халқимизда йигит-қизни унаштириш олдидан “Нон синдириш” деган урф-одатларимиз бор. Ҳар иккала томоннинг оталигини олиб, куёв томонидан қизникига борган оқсоқоллар унаштиришни дастурхонга қўйилган махсус нонни ушатиб, улашувдан бошлайдилар. Нон синдирилиб, улашилгач, келин-куёв ҳақида неклик тилаб “увалик-жувалик бўлишсин” деб муборакбод қиладилар.
Икки ёшни унаштиришда биринчи восита нон бўлишининг ўзида ҳам улуғворликнинг рамзий маъноси бор. Яхши ният билан нон ушатган шу кексаларнинг ўзлари ҳар иккала томон имкониятларини ҳисобга олиб тўй юкини бироз енгиллатсалар савоб иш бўларди. Қиз узатувчи қудалар ҳам ораларидан қил ўтмас қуда бўлиб қолардилар.
Кейинги йилларда ЗАГСдан, яъни ФХДЁ бўлимидан ўтиш ҳам катта тўй маросимига айланиб кетди. ФХДЁ бўлимидан чиқиб ресторанда бериладиган зиёфат яна йигит елкасига оғир юк бўлиб тушади.
Никоҳ тўйи олдидан йигит-қизникида тўй, эртасига базм, қозонда пишириладиган қуюқ-суюқлар, дастурхонга тортиладиган турли-туман ноз-неъмат, спиртли ичимликлар, парранда, қўй, мол гўштлари, балиқ, тандир, манти, шашлик, палов…
Эҳ-ҳе, нималар қўйилмайди тўй дастурхонига. Дуруст, ноз-неъматсиз дастурхон дастурхон эмас, аммо бир киши икки-уч соат ичида қанча овқат истеъмол қилиши мумкин. Дастурхон атрофида 500 киши бўладиган бўлса, кўпинча 700 кишига етиб ортадиган ноз-неъмат тайёрланади. Натижада овқат-ноз-неъматнинг ярмидан кўпи исрофга чиқади. Бугина эмас, тўйда ҳам, азада ҳам катта-кичикка тўрттадан нон рўмолчага тугиб, қўлларига тутқазилади. Аёлларнинг дастурхонлари-чи. Тўйга келган аёлларга яна қўшимча нон солиб қайтарилади. Бу нонлар истеъмол қилинса майли эди-ю, моғорлайди, охири нест-нобуд бўлади. Азиз нонимиз шу тариқа хору зор.
Ҳа, ўрни келиб қолди. Мен яна бир фикрни мулоҳаза тариқасида газетхонларга ҳавола қилмоқчиман. Тўй — эзгулик, ҳар кимнинг орзу-ҳаваси. Ўлим, аза-чи? Ўлим — бошга тушадиган оғир мусибат. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар бу оғир жудоликка ҳамдард бўлади, узоқ яқиндан етиб келади. Бу ҳақиқий одамийлик, инсонийлик бурчи. Аммо аза, таъзия маросимлари ҳозирги пайтларда катта бир тўйнинг сарф-харажатидан ошиб тушаётганидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Мен бу ерда қуюқ-суюқ тайёрланиб, таъзия дастурхони безатилишини биринчи навбатда кўзда тутяпман. Етти, йигирма, қирқ, йил оши, ис қилиш, мавлуд, ифтор ва бошқа ҳар хил икир-чикир урф-одатлар, расм-русумлар озмунча сарф-харажат, исрофчиликка сабаб бўлаётирми?
Боласи ўлиб жигар-бағри қонга тўлган, эри ўлиб болалари етим қолган оилага ташвиш, ортиқча сарф-харажатлар дард устига дард бўлаётганини пайқамоғимиз керак. Бу тариқа етим-есирнинг ризқига зомин бўлишнинг қай хил хайрли томонлари бор экан?
Ҳақиқатда биз савоб иш қиламиз деб гуноҳ иш қилаётганимизни қанча тезроқ тушуниб олсак, шунчалик хайрли савоб иш қилган бўлур эдик. Гапнинг қисқаси — ҳозирги урф-одатларимизнинг қайсиларидан мутлақо воз кечиб, нималарни қолдиришимиз ва аниқроғи яна қандай урф-одатлар қабул қилмоғимиз лозим? Менинг фикримча, тўй-ҳашамларни ихчамлаш, ноўрин қилинаётган ортиқча харажатларига барҳам бериш, ўтказилаётган ҳар хил маъракаларда исрофгарчиликка асло йўл қўймаслик, айниқса тирикчилигимизнинг асосий омили бўлган азиз нонни тежаб-тергаб сарф қилиш учун туманлардаги барча ширкат хўжаликларида, қишлоқларда, маҳаллаларда маросимларни ўтказиш комиссияларнинг ишига қаттиқ туриб назорат ўрнатилса, тўғри келган одамни эмас, ширкат хўжалиги раиси, корхона раҳбари, маҳалла раиси тўй комиссиясига масъул қилиб қўйилса, жуда маъқул бўлур эди. Бундан ташқари, ҳар қандай маросимларда эркак-аёлга нон ва пул улашишга барҳам бериш пайти етиб келмадимикин?
Туманларга маданият уйи қошидаги халқ талантлари санъатидан керагича фойдаланиб, барча даромад қидириб юрган инсофсиз отарчилар тўй остонасига йўлатилмаса, пул қистиришлардек шармандаликка мутлақо барҳам берилса, нур устига нур бўлур эди.
Аннамурод ЖУМАҚУЛИЕВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.