Мурод Жўра. “Ҳе… братишка, қалайсан?” (2006)

Ёки бугунги сотилаётган дафтарларнинг аҳволига назар

Янги ўқув йили арафасида зарурат туфайли Тошкентга боришга тўғри келди. “Қўйлиқ” буюм бозори ташқарисидаги майдончада “Мактаб бозори” ташкил этилибди. Ғоят ақлли тадбир бўлибди. Кунига бозорга келиб кетувчи минглаб, эҳтимол ўн минглаб харидорлар мактабга борадиган болалари учун уйга қайтаётиб шу ернинг ўзидаёқ мактабга зарур нарсаларни харид қилиняпти.

Ранг-баранг безатилган китоб-дафтару қалам-ручкаларни ва бошқа юзлаб номдаги ўқув буюмларини олмасангиз ҳам қизиқиб томоша қиласиз.

Менинг эътиборимни тортган нарсалар жудаям чиройли ишланган умумий дафтарлар бўлди. Муқоваси чет элда чиқарилган журнал ёки откриткани эслатади. Асосан ўзимизда, Туркия ва Россияда ишлаб чиқарилганлари ҳам бор экан. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб ёзилган умумий дафтарлар муқоваси асосан биз кунига телевизорда бир неча маротаба кўрадиган ёки радиодан овозини эшитиб турувчи эстрада юлдузларининг суратлари билан безатилган. Энг қизиғи, муқованинг 4-саҳифасида сиз ушбу эстрада қўшиқчисини яхши тасаввур қилишингиз учун унинг битта қўшиғи матни ҳам берилибди. Жумладан, Сардор Раҳимхон, Шоҳруҳ ва Шаҳзода, Шароф Муқимов, Райхон, яна Шаҳзода, Шохрух…

Ҳаммаси эсимга келмади. Эстрада осмонида пайдо бўлган, мен билган ва ҳали билмаган юлдузлар ҳам кўп экан деган фикр ўтди миямдан.

Ажаб эмаски, бугун мактабда ўқиётган талабалар орасидан 4-5 йил ўтиб, муқовадаги қўшиқлар таъсирида ўнлаб, балки юзлаб юлдузлар чиқса.

Сизга маълум бўлса керак, биз қўшиқни, айниқса, эстрада куйига жўр бўлиб куйланаётган қўшиқни тинг­лаётганимизда қўшиқ маъносига кўп-да эътибор беравермаймиз. Бизни кўпроқ мусиқа ва куйланаётган қўшиқ оҳанги жалб этади. Мана энди умумий дафтар сотиб олиб, унинг муқовасидаги матндан қўшиқнинг нима ҳақдалигини бемалол ўқиб олиш, ўқувчилар эса уни ёдлаб олиб хиргойи (дарсда эмас, албатта, танаффусда) қилишлари мумкин.

Ўша куни бозорда сотилаётган умумий дафтар муқовасининг сўнгги бетида юқорида номлари келтирилган хонандаларнинг “Ишонмасман”, “Ким, айт”, “Нетай”,  “Ёдингдами?” ва бошқа қўшиқлари берилган.

Айримлари лотин, баъзилари кирилл алифбосида чоп этилган матнларнинг шрифтлари шу қадар турли-туманки, бирини лупа билан ўқиш мумкин бўлса, бошқа бирини кўзойнаксиз бемалол ўқиса бўлади.

Кўзойнаксиз ўқиса бўладиган матнлардан бири Райҳонанинг “Ёдингдами?” деб номланган қўшиғи эди. Гарчи, қўшиқчининг номи лотинча ҳарфлар билан ёзилган бўлса-да, қўшиқ матни кирилл алифбосида ёзилган.

Қизиқиб ўқий бошладим:

“Минг афсус ҳамма айтган
сузларинг
алдаб мени созлигича
қолди умрбод
шаҳло кузларинг
хаётимни килдилар барбод
Шилдираган тиник
булокдан мен
Сени деб чанкоқ босмадим
Алдамагин десалар
ёниб карамадим
кулоқ осмадим
Ёдингдами, тунларимда
ой булиб менинг
Ёдингдами, юларимни
ёритмокчи единг
Ёдингдами, кундузинда
булиб куёшим
Ёдингдами, жамолимда
хоп туймокчи единг”

Мен тўртта вергулдан бошқа тиниш белгисини топа олмаган, ўзбекча ҳ, ў, қ, э ҳарфларининг дараги ҳам бўлмаган, имловий ва грамматик хатолар тўлиб кетган матн босилган ушбу дафтарни ўзини билган одам мактаб остонасидан ҳам олиб ўтмаслиги керак деб ҳисоблайман. Қўшиқнинг мазмуни ҳақида гапириш эса эзмалик бўлади, холос.

Хонанда Шохрух ижро этган қўшиқ матнини ўқиб кўрдим.

Сиз ҳам бир ўқиб кўринг:

“Ҳе Сарвар братишка қалейсан?

О баратан тинчми?

Ўй салом қани???

Секин-секин де ока…”

Хуллас, қўшиқнинг қолган қисмида ҳам бундан ақллироқ (мазмунлироқ) гап топа олмайсиз.

Бу умумий дафтарларни ишлаб чиқарганлар нима учун айнан шу қўшиқларни муқовада чоп этишгани мени хўп ўйлантирди. Аммо бирор жўяли сабаб тополмадим.

Сўнгги йилларда маънавият ҳақида гапиравериб, ушбу сўзнинг ҳам сийқасини чиқариб юбордигов. Маънавият тушунчасини ҳар ким ўзича талқин этиб, тушунтиради, изоҳ беради. Аммо, негадир ҳеч ким маънавият сўзининг ўзаги “маъно” сўзи эканига эътибор берганини эшитганим ёки ўқиганим йўқ. Эҳтимол, маънавиятни юксалтиришга хизмат қилувчи қўшиқлардаги маъносизлик, бошқача айтганда бемаъниликнинг сабаби шудир.

Юқорида умумий дафтарларнинг ўзимиздан ташқари Россия ва Туркияда ишлаб чиқарилганини таъкидлаб ўтган эдим. Россияда ишлаб чиқарилган дафтарлар муқовасида табиат манзаралари, спортчилар, техника воситалари — асосан автомобиллар акс этган бўлса, Туркиядан келтирилган умумий дафтарларда асосан артистлар — Ҳолливуд юлдузлари ва ўзимизнинг эстрада қўшиқчиларимизнинг суратлари босилган. Туркияда тайёрланган ана шундай умумий дафтарлардан бирининг муқовасида қўшиқчи ва акртиса Бритни Спирс сурати босилганки, уни ўқувчилар одам анатомияси дарсида кўргазмали қўлланма сифатида фойдаланишса ҳам бўлади.

Мактаб бозорида 12 варақли оддий ўқувчилар дафтарлари ҳам сотилаётган эди. Негадир бу дафтарлар Россияда, Белорус ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, ўзимизда чиқарилган 12 варақли дафтарни кўзим тушмадим. Четдан келтирилган ўқувчилар дафтарларининг муқоваси мактаб номи ва рақами, синф ўқувчисининг исми, фамилияси фан номи ёзиладиган тарзда тайёрланган бўлиб, муқованинг 4-бетида хал­қаро ўлчов бирликлари ва карра-карра жадвали берилган.

Бизнинг мактабларимизда бу маълумотларга эҳтиёж йўқмикин?

Яқинда бир ошхонада овқатланиб ўтириб, қўшни столдаги тўртта хўранданинг еган овқати ҳақини ҳисоблай олмай, 2 та ҳамкасб дугонасини ёрдамга чақирган офитсант қизнинг аҳволи ёдимга тушди. Ўрта мактабда ўқиб юрганида “мен математик бўлармидим” деган хаёлда на кўпайтириш жадвалини, на қўшиш, айириш ва бўлиш амалларини ўрганмаган офитсант қиз ўшанда мактабда тузукроқ ўқимаганига ич-ичидан афсусланганига менинг имоним комил эди. Аммо, сўнги пушаймондан фойда йўқ-да!

Хуллас, бу ҳақда гапираман десам, гап келтираман десам, мисол кўп. Гапни қисқа қилиб айтадиган бўлсам, қилаётган айрим ишларимиз, гапираётган гапларимизга ҳар доим мос эмасдай, назаримда.

Мурод ЖЎРА

“Ҳуррият” газетасидан олинди.