Ўтган асрнинг 50-йиллари охири — 60-йиллари бошларидан Алишер Навоий лирикасининг назарий масалаларини кенг тадқиқ этишга киришилди. Бу йўналишда устод Мақсуд Шайхзоданинг шоир лирикасининг поэтик тасвир воситаларига оид туркум тадқиқотлари алоҳида ўрин тутади. Таниқли олим Абдуқодир Ҳайитметовнинг шоирнинг адабий-танқидий қарашлари хусусидаги «Навоий лирикаси» тадқиқоти ҳозирги кунга қадар ўз илмий аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Бу каби тадқиқотлар қаторида Ёқубжон Исҳоқовнинг «Алишер Навоийнинг илк лирикаси» (1965) монографияси ўзига хос янгилик бўлди. Муаллиф шоирнинг илк шеърларининг (25 ёшгача бўлган) ғоявий-бадиий даражасини белгилашни асосий мақсад қилиб қўйди. Олим Навоийнинг ўзигача бўлган адабий анъанага муносабатини шоирнинг ўз қайдлари орқали очиб беради. Масалан, унинг машҳур «Ғазалда уч киши тавридур ул навъ» қитъасида тилга олинган Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз ва Жомийнинг Навоий ғазалиётига кўрсатган таъсирини чиройли талқинлар орқали исботлаб кўрсатган. «Форс-тожик адабиёти тарихида Хусрав Деҳлавий ўз ғазалларининг содда ва нозик лиризми билан бошқалардан ажралиб турса, — деб ёзади тадқиқотчи, — Ҳофиз ғазалларининг исёнкор руҳи ва риндона кайфияти унинг ринд лақабини олишига сабабчи бўлган. Жомий ижоди эса, кўп хусусиятларига эга бўлгани ҳолда, ўзининг фалсафий чуқурлиги ва етуклиги билан форс-тожик адабиёти тарихида юксак босқич ҳисобланади». Бинобарин, Алишер Навоий лирик меросини тадқиқ этганда юқоридаги омилларни ҳисобга олиш лозим бўлади. Шу билан бирга, ижодкорнинг анъанага муносабати доимо бир хил кечмайди: «Традицияга муносабат, ундан фойдаланиш ёзувчи ижодий фаолиятининг ҳамма этапларида бир хилда намоён бўлмайди. Балки ижодкорнинг дунёқараши ривожланиб, малакаси оша боргани сайин, унинг традицияга муносабати ўзгариб, тобора ижодий тус ола бошлайди».
Олим Навоийнинг илк лирикасини тадқиқ этар экан, ёш шоир ғазалларининг салафлари ғазалларидан ажралиб турувчи жиҳатига эътиборни қаратади: «Навоий лирикасининг ана шу муҳим хусусиятларидан бири – унинг сюжетлилигидир. Бу хусусият Навоий илк ижодида вужудга келган бўлиб, унинг шеърларини салафлари лирикасидан фарқ қиладиган ва ҳатто устун қўядиган фазилатлардан биридир. Бу хил шеърларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, ҳар бир ғазал яхлит бир организм бўлиб, унинг байтлари бир-бири билан мантиқан боғланади». Демак, Алишер Навоий ғазаллари форс адабиёти ғазалнавислари шеърларидан ўзининг сюжетлилиги (яъни байтларнинг мантиқий боғланиши) билан фарқланар экан, (бу ҳолатга биринчи бўлиб М. Шайхзода диққатни қаратганди), бу жиҳат Шарқ ғазалиёти тарихида янги бир босқичдир.
Навоийшуносликда Жомий ва Навоий ҳақида сўз кетганда, Жомийнинг Навоийга кўрсатган таъсири алоҳида таъкидланади ва бу, умуман олганда, тўғри. Бироқ Ё. Исҳоқов адабий таъсирнинг иккинчи бир жиҳати — акстаъсир ҳам адабиётда мавжудлигини конкрет ғазал мисолида исботлаб кўрсатди ва бу кейинчалик йирик жомийшунос марҳум А. Афсаҳзод томонидан эътироф ҳам этилди.
Монографияда Ёқубжон Исҳоқовнинг тадқиқотчи сифатидаги ўзига хос фазилатлари, яъни кенг мушоҳада-мулоҳаза, мантиқий изчиллик, ҳар бир адабий ҳодисанинг ички алоқадорлигини кўрсата олиш каби хислатлари хусусиятлари ёрқин намоён бўлган. Энг муҳими, у шоир илк лирикасининг кейинги давр ижоди билан (ҳам лирик, ҳам эпик) чамбарчас боғлиқлигини кўрсата олган.
Ёқубжон Исҳоқов улуғ шоир лирик меросини кенг миқёсда тадқиқ этишдан аввал нималарга аҳамият бергани диққатга сазовордир: ”Мен Навоий лирикасининг поэтик хусусиятларини ўрганишга киришишдан аввал мумтоз Шарқ шеърияти тамойилларини пухта ўзлаштириш кераклигини англадим. Ва шу мавзуда кўплаб илмий мақолалар ёздим”.
Бу мақолалар “Классик адабиёт поэтикасидан маълумотлар“ рукни остида “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида нашр этилди. Адабиёт тарихининг қонун-қоидаларига оид ушбу мақолаларда олим поэтика соҳасида ўзбек адабиётида Навоийгача қандай ҳолат ҳукм сургани ва шоир киритган янгиликлар нималардан иборат деган саволларга жавоб қидирди.
Кейинги ўн беш йил ичида бу йўналишда бир қанча китоблар нашр этилди. Бу адабий меросимизни теранроқ тушунишга, унинг мезонларини белгилаш ва тўғри талқин қилишга ҳар жиҳатдан кўмаклашади. Бироқ Ё. Исҳоқов мақолаларининг бу каби китоблардан ажралиб турувчи томонлари, биринчидан, унинг асл манбаларга асослангани, иккинчидан эса, ҳар бир поэтик санъатга тарихийлик принципига мувофиқ ёндашганлиги ва, энг муҳими, муайян бир бадиий санъатга манбаларда келтирилган айрим тафовутли таърифларнинг сабабларини изоҳлашидир. Яна бир муҳим жиҳати — олим XIX асрнинг охири — XX асрнинг бошларида Яқин Шарқ мамлакатларида чоп этилган (Туркия, Эрон, Покистон ва Ҳиндистон) бадиий санъатлар ва адабиёт тарихига доир тадқиқотлардан ҳам унумли фойдаланади. Улардаги поэтик санъатлар хусусидаги мулоҳазаларни қиёслаб, ўз фикрларини билдиради. Масалан, иштиқоқ санъатини “Таржумон ул-балоға”, ”Ҳадоиқ ус-сеҳр” муаллифлари тажниснинг бир тури деб ҳисоблаганлар. Олим адабиётшунос Доий Жаводнинг ”Илми бадеъ дар забони форси” (1956) асаридаги ушбу санъат хусусидаги фикрларни маъқуллаб, уни изоҳлаб беради. Шундан сўнг бу поэтик санъат ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этиб, қуйидагича хулосалайди: “Умуман, иштиқоқ оддий сўз ўйини эмас, балки у ёки бу сўзнинг шаклий ўзгариши мазмун тақозоси билан юзага келади, янги шаклнинг ҳосил бўлиши дастлабки маъно билан боғлиқ бўлган янги тушунчани ҳам пайдо қилади”. Айни шу ҳолат ўқувчига санъатлар ҳақида батафсил маълумот беради ва уни турли хил талқинлар билан таништиради.
Устознинг бу туркумдаги мақолалари орадан 35 йил ўтгандан сўнг тўпланиб, илгари чоп этилмаган мақолалари билан тўлдирилиб, “Сўз санъати сўзлиги” (2006) номи остида нашр этилди.
Олимнинг “Навоий поэтикаси” тадқиқоти навоийшуносликда янги саҳифа очди. Монографиянинг “Алишер Навоий ва лирик жанрлар поэтикаси” бобида лирик жанрларнинг адабиётга кириб келиши, унинг кейинги тараққиётида Навоийнинг хизматлари жиддий ўрганилган. Муаллиф назарий масалаларни ёритар экан, энг аввало, шоирнинг ўз эътирофларига суянади. Масалан, олим “Бадоеъ ул-бидоя” дебочасидаги Навоийнинг девон тузиш анъанасига ва ғазалнинг мавзулар доирасига нисбатан танқидий муносабатини шоирнинг ўз қайдлари орқали очиб беради: “Навоийнинг мазкур мулоҳазалари у лирик жанрларнинг моҳияти, поэтикаси борасидаги мавжуд қоида ва анъаналардан қаноат ҳосил қилмаганлиги, шу соҳада канон даражасига етиб қолган традицияларга нисбатан танқидий ёндашганлигидан далолат қилади”. Ўрта асрлар шароитида меъёрий поэтика ҳукмронлиги даврида анъанага нисбатан танқидий муносабат бу улуғ шоирнинг адабиётга нисбатан (кенг маънода) ўзига хос қарашларининг ифодаси эди. Тадқиқотчи шоир лирикасининг “поэзиямиз тарихидаги юксак мавқеини белгилаган асосий омиллардан бири унинг конкрет муҳит билан, шоир яшаган давр проблемалари билан бевосита боғлиқлиги ҳамда уларда илғор ижтимоий руҳнинг муайян даражада акс этганлиги”ни ғазаллар таҳлили орқали исботлаб кўрсатди.
Ёқубжон Исҳоқов Навоий ижодини фақат ўзбек адабиёти доирасидагина эмас, балки Шарқ адабиёти контекстида кузатади ва баҳолайди. Айни шу жиҳатлари билан олимнинг тадқиқотлари машҳур шарқшунослар — Е. Бертелс, А. Мирзоев, А. Болдирев асарларини эслатади. Бундай ёндашув эса, олимга муҳим концептуал хулосалар чиқаришга имкон берган: “Навоий лирикаси Шарқ лирикаси тарихида (фақат жанрлар юзасидан олиб қараганда ҳам) мутлақо янги ва юқори босқич ҳисобланади. Бинобарин, Ўрта аср Шарқ адабиёти ҳақида умумий ҳукм чиқарган пайтда фақат Ҳофиз (Гегелнинг эстетикага доир лекцияларини назарда тутмоқдаман) ёки бир нечта араб ёки форс шоирлари меросига таянишнинг ўзи етарли эмас. Ё терминнинг маъносини чегаралаш (изоҳ билан), ё бўлмаса туркий поэзиянинг юқори чўққисигина эмас, айни замонда Шарқ шеъриятининг улкан ютуғи бўлмиш Навоий лирикасини албатта назарда тутмоқ лозим”.
Муаллифнинг ифодада илмий академизмга қатъий амал қилиши (афсуски, вақт ўтгани сайин бундай олимлар сафи сийраклашмоқда), фактларга нисбатан ҳалол ва танқидий муносабат, кенг мушоҳада, мантиқий изчиллик каби хислатлар олим илмий ишларига хосдир. Муҳтарам устознинг уч йирик монографияси (кейинги пайтлари “урф” бўлган турли хил мақолалар тўпламлари эмас) ва 150га яқин илмий мақолалари фикримизга далил бўла олади. Яна бир фарқ қилувчи муҳим жиҳати, одатда, адабиётшуносликда яқин ўтмишда яратилган тадқиқотлар хусусида сўз кетганда, кучли мафкуравий босим остида ёзилганлиги кўп бора таъкидланади. Бир сўз билан айтганда, мафкуравий исканжа адабиёт ва адабиётшуносликнинг қўлини боғлаган. Бироқ ҳақиқий олим ҳар қандай шароитда ҳам илмий ҳақиқатга асосланиб қалам тебратади. Масалан, Ё. Исҳоқовнинг “Алишер Навоийнинг илк лирикаси” тадқиқотида ўша давр мафкураси асосчиларидан битта иқтибос олинган ва у ҳам ўз ўрнида келтирилган. Ваҳоланки, ўша йиллари чоп этилган кўплаб китобларни бундай иқтибослар “безаб” турибди. Айни шу ҳолат Ё. Исҳоқовнинг илмий фаолиятга нисбатан ўзига хос матлаби (кредоси) мавжудлигидан дарак беради ва бу анча эрта шаклланган.
Ёқубжон Исҳоқов адабий меросимизни тавсиф ёки тарғиб этмайди, балки ўринсиз ҳаяжонга берилмай вазмин таҳлил ва талқин этади. Ўзбек адабиётшунослигининг етакчи соҳаси бўлмиш навоийшунослик бўйича тадқиқотлар миқдори мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг янада ортди. Яқин ўтмишда камроқ эътибор берилган мавзулар бўйича (асосан диний-тасаввуфий) бир неча китоблар ҳам нашр этилган. Умуман олганда, ҳар йили феврал ойи яқинлашгани сари шоир ижодига оид мақолаларнинг сони кўпаяди. Бу мақолаларнинг аксарияти шоир ғазаллари таҳлилига бағишланади. Биз бу хилдаги мақолаларнинг маърифий аҳамиятини тўлиқ эътироф қилган ҳолда, назарий масалаларга эътибор сустлигини қайд этамиз. Назаримизда, ҳозирги кун навоийшунослигида илмий муаммони мантиқий асослаш оқсамоқда. Биргина мисол. Ё. Исҳоқовнинг ҳажман кичикроқ “Навоий ва тақдир муаммоси” (2001) мақоласи илк ўрта асрлардан бери мусулмон оламида мунозараю-мубоҳасаларга сабаб бўлган жабар (тақдири азал) ва қадар (ирода эркинлиги) муаммосининг шоир ижодида тутган ўрнига бағишланган. Олим бу масалада файласуфлардан фарқли ўлароқ, “ижодкор мутафаккирлар (Ҳофиз, Саъдий, Румий, Хайём, Навоий)нинг мазкур масалалар борасидаги қарашлари, уларнинг бадиий асарлари таркибида, баъзан нозик имо-ишоралар тарзида ифодаланган”, деб тўғри таъкидлайди. Бундай ҳолатда тадқиқотчидан матнга ёндашувда эҳтиёткорлик талаб қилинади. Чунки бадиий образ бағрига яширинган фикрни синчковлик билан очиб бериш лозим бўлади. Ёқубжон Исҳоқов “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Имон шарҳида” номли биринчи мақолати ва “Фарҳод ва Ширин”даги учинчи муножот таҳлили орқали шоирнинг ушбу муаммога ўзига хос ёндашувини кўрсатиб беради. Мақола бу мураккаб муаммога нисбатан муқаддима характерида бўлишига қарамай, масаланинг тўғри қўйилиши ва мантиқий асосланиши жиҳатидан навоийшуносликда янгиликдир. Агар биз ушбу муаммога оид илмий рисолаларнинг, асосан, араб, қисман форс тилида битилганлигини назарда тутсак, шоир мулоҳазаларининг қиммати янада ортади.
Муҳтарам устознинг “Хамса” поэтикасининг баъзи масалалари” ёки “Хамса” поэтикасига доир” мақолалари бу кенг миқёсли асарнинг энг кам диққат қаратилган томонларига бағишланган. Одатда, адабиётшуносликда психологик таҳлилнинг “инсоннинг қалб диалектикаси” тасвирини реализм адабиёти намуналарида кўрадилар. Ваҳоланки, “Хамса” достонлари таркибида психологик таҳлилнинг ички монолог, адабий туш, психологик портрет, “ҳол тили бирла мақол айламоқ”, “ўзгача ҳол” каби бир неча турлари учрайди. Олим “Хамса”да бадиий психологизм типлари” мақоласида психологик таҳлилнинг юқоридаги турларини кенг шарҳлаб, шоирнинг қаҳрамон руҳий ҳолати тасвирида ундан қандай маҳорат билан фойдаланганлигини кўрсатиб беради. Тадқиқотчи “Хамса” поэтикасининг яна бир муҳим жиҳати — сабабият (детерминизм) хусусида шундай ёзади: “Хамса”да мантиқан асосланмаган бирорта воқеа ёхуд детални топа олмайсиз. Ҳар бир эпизод ёки воқеа конкрет бир сабабнинг оқибати сифатида юзага чиқади ва мантиқий замин ўқувчида заррача шубҳа туғдирмайди”. Муҳтарам олимнинг юқорида тилга олинган тадқиқот ва илмий мақолалари унинг навоийшунослик фанига қўшган улушидан далолат беради. Бугина эмас, олим кун тартибига қўйган бир қанча илмий проблемалар Шарқ адабиёти тарихининг эътибордан четда қолган жиҳатларини ўрганишда, Алишер Навоий ижодиётининг Шарқ адабиёти тарихидаги мақомини белгилашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
ХХ аср навоийшунослик фани тарихга айланиб бўлди. XXI аср навоийшунослиги қандай ривожланади деган муаммо ҳозирги вақтда кун тартибида долзарб бўлиб турибди. Ўтган аср сўнгида рўй берган улкан ўзгаришлар ижтимоий фанлар олдига янги вазифалар қўйди. Бугунги кунда мамлакатимиз барча жабҳаларда дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Бу қонуний жараёндан ижтимоий фанлар, хусусан, адабиётшунослик фани ҳам истисно эмас. Биз бугун илмий-тадқиқотларимизни четга чиқариш хусусида жиддий ўйлаб кўришимиз лозим бўлади. Бунинг учун, энг аввало, илмий-тадқиқотларимиз назарий савиясини кўтариш ва адабий меросимизни ўрганиш методологиясини белгилаб олишимиз керакка ўхшайди.
Мулоҳазаларимиз Алишер Навоий ижодиёти хусусида борар экан, Ёқубжон Исҳоқовнинг бундан йигирма йилча муқаддам айтган фикрларига диққатни қаратамиз: “Агар шоир асарларига, бадииятига Шарқ поэтикаси талаблари асосида ёндашиш шоир новаторлигини баҳолашга ёрдам берса, уни янги давр эстетикаси нуқтаи назаридан ўрганиш Навоийнинг умумжаҳон эстетикаси тарихида тутган мавқеини белгилашга имконият яратиши мумкин. Бундай хайрли ишни амалга ошириш бутун халқимизнинг обрў-эътиборини дунё миқёсида кўтариш билан баробардир”. Демак, буюк шоир ижодининг “умумжаҳон эстетикаси тарихида тутган мавқеини белгилаш”ни асосий вазифалардан бири сифатида қарайдиган бўлсак, бу йўналишдаги тадқиқотларни хорижий тилларга таржима қилиш зарурлиги ойдинлашади.
Атоқли адабиётшунос олим Ёқубжон Исҳоқов ХХ аср ўзбек адабиётшунослик илмини, хусусан, унинг навоийшунослик йўналишини ривожлантириш ва яратишда унутилмас ишлар қилди. Бинобарин, бу олимнинг, бошқа йирик навоийшунос олимларимизнинг илмий-ижодий фаолиятини холис ва атрофлича илмий ўрганиш адабиётшунослигимизнинг бугунги кундаги долзарб вазифалардандир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 20-сонидан олинди.