“Варақланмайдиган” китоб (2010)

Китобга инсонни шахс сифатида шакллантирувчи асосий воситалардан бири сифатида қаралади. Лекин негадир сўнгги пайтларда унинг аҳамияти бироз камаяётгандек. Аввалига бунга телевизорни рўкач қилган бўлсак, эндиликда кишиларнинг асосий ахборотни компютер орқали интернетдан олаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Шу сабаб юзага келган турлича фикр-қарашлар китобнинг яратилиш тарихига яна бир карра назар солиш, айни пайтда илм манбаининг келажаги тўғрисида ҳам мулоҳаза юритишга туртки бўлади.

ФИРЪАВННИНГ ХАВОТИРИ БУГУН ҲАМ ЎРИНЛИ(МИ?)

Ўзбекистон Миллий Энтсиклопедиясида таъкидланишича, «Китоб — ахборот, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси; билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли; бадиий-илмий асар, ижтимоий адабиёт». Қадимги юнон ривоятларининг бирида келтирилишича, илоҳлардан бири Гермес ўзи ихтиро қилган янги мулоқот тури — ёзувни фиръавнга намойиш қилади ва «Бу кашфиёт одамларга кўп нарсани эсда сақлашга имкон беради, агар у бўлмаса, инсон бутун ҳаёти давомида йиққан билимларини вақти келиб унутиши, келгуси авлодга етказолмаслиги мумкин», дейди.

Бироқ янги ихтиро фиръавнни хурсанд қилмайди, аксинча у: «Эй ақли закий, хотира — бу ҳайратомуз қобилият, истеъдод, бошқача айтганда, тортиқдир. Уни доимий сақлаш, шакллантириш, озиқлантиришда давом этиш керак. Сенинг ихтироинг эса одамлар хотирасини бузади, заифлаштиради. Энди одамлар кўп нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилмай қўяди», деб норозилик билдиради.

Бир қарашда, узоқ ўтмишда шу даражада хавотирга тушган фиръавннинг ташвишланишини тушуниш мумкин, айниқса, бугун. Негаки, интернет, янги ахборот технология­лари (электрон китоблар, ридерлар) ҳаммада бўлмаса-да, кенг жамоатчиликнинг маълум қатламида мозийда бўлгани каби ҳозир ҳам фиръавнда кузатилгандек норози кайфият туғдирмоқда. Шу ўринда бир фикрни алоҳида таъкидлаш лозим: тўғри, глобал тармоқ зарур ҳолларда инсонлар оғирини енгиллаштирувчи восита вазифасини ўтайди. Аммо бу каби технологиялар одамларнинг табиий хусусиятларига путур етказиши ҳам мумкин.

ГУТEНБEРГДАН ИНТEРНEТГАЧА

Китоб башарият маънавий хазинасининг бир қисми сифатида кўпбосқичли ва айни пайтда жуда қизиқарли тарих пиллапояларини босиб ўтган. Қадим манбаларда келтирилишича, аждодларимиз илк ёзувларни лой, дарахт пўстлоғи ёки металл бўлакларига ёзишган. Илк китобларнинг кўриниши ана шундай бўлган. Қадимий Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда эса кишилар тош, палма дарахти барглари, сопол ва бошқа материалларга ўз фикрлари, турли маълумотларни битишган. Эътиборлиси, ўша пайтда ҳар бир китоб ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган улкан «саҳифа»лардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча килограмгача етган.

Китоб тарихида янги саҳифани очган папирусдан ишланган китоб илк бор қадимий Мисрда яратилган. Унинг пайдо бўлиши эса ўз навбатида (милоддан аввалги 4-3 мингйилликларда) ўрама китобларнинг яратилишига асос бўлган. Бундай китобларнинг узунлиги ўртача 10 метр атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган. Милоддан аввалги 2 асрга келиб китоб материали сифатида пергамент (қоғоз кашф этилгунга қадар ёзув материали сифатида ишлатилган тери)дан фойдаланиш кенг жорий этила бошланган.

Кейинги даврларда қоғознинг пайдо бўлиши китоб саноатини янги босқичга олиб чиқди. 15 асрда И. Гутенберг томонидан босма дастгоҳнинг кашф қилиниши эса матбаа соҳасининг жадал суръатда ривожланишига туртки бўлди. Аммо бир жойда тўхтамайдиган тараққиёт ХХ асрга келиб Гутенберг ихтиросининг ҳам муҳимлилик даражасини тушира бошлагандек гўё. Чунки интернетнинг пайдо бўлиши ва кенг тарқалиши, электрон китобларнинг ишлаб чиқилиши унгача шаклланган стереотипларни ўзгартира бошлади.

РИДEР — ЯНГИ ШАКЛДАГИ КИТОБ

Бугун китоб мутолааси учун махсус мослама — ридерни сотиб олувчи харидорлар сони анча кўпайган. Бу эса, ўз нав­батида, ридерлар қулай ва маъқул нархларда ишлаб чиқарилишидан дарак беради. Мослама ҳажман 200—300 граммни ташкил қилиб, қатор қулайликларга эга. Масалан, 1000 саҳифалик матнни мосламани қувватламай туриб ҳам ўқиш мумкин.

Унинг ўзига хосликлари ва айтиш мумкинки, устунликлари кўпчиликда қоғозли китоб­ларга нисбатан муносабатни ўзгартира бошлади. Аниқроғи, техник тараққиёт натижасида юзага келган китобнинг янгича шакли вақти келиб қоғозли турдагиларини сиқиб чиқаришига ишонч туғдирмоқда. Хусусан, шарҳловчи Алексей Экслернинг ридерлар ҳақидаги мақоласида бу тўғрида фикр юритилган. Унда айтилишича, электрон сиёҳ (э-инк)нинг вужудга келиши бу соҳада ўзига хос инқилоб ясаб, келажакда қоғозга ўхшаш экранлар ёрдамида ўқиш, тушуниш осонлашади. Электрон китоблар янги кўринишда намоён бўлиши сабабли қоғоз китобларга ҳеч қандай ҳожат қолмайди. Якунда муаллиф босма китоблар ўз умрининг охирги палласини бошдан кечираётгани, қоғозли матбуотни ҳам ана шундай қисмат кутаётгани ва «Гутенберг даври», яъни қоғозли китоблар асри тугаб, нашр ускуналари музейдан ўрин олишини таъкидлайди. Лекин шу ўринда савол туғилади: бундай кескин хулоса асослими?

Тўғри, электрон китобларнинг ижобий хусусиятлари талайгина. Масалан, битта мосламада, бир неча юзлаб китоб­лар жамланмасини сақлаш, қидирув беришдаги қулайлик, асардаги айнан битта матнни топиш, шрифтлар ўлчамини ўзгартириш, матн ва сўзларга бемалол белги қўйиш имконини беради. Улар босма китоблар билан солиштирилганда, ҳажман кичик ва қулай, бемалол ҳамён ёки чўнтакда олиб юрса бўлади. Шунингдек, ридерлар аниматсион суратлар, мултимедиа клиплари ва аудио файллардан ҳам фойданишни ўз ичига қамраб олади. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, электрон китоблар қоғоз китобларга нисбатан чидамли, улардан фойдаланиш табиат(хусусан, дарахтлар)га таҳдидни камайтиради, табиий ресурсларни тежашга ёрдам беради.

ҲАММА ЖОЙДА ТАЙЁР ДАСТЁР

«Rian.ru» сайтида берилган статистик маълумотларга қараганда, катта шаҳарларда яшовчи аҳоли вакиллари ҳар ойда 20—50 соат вақтини йўлга
сарфлайди. Шу пайтда зерикмаслик учун аудио ва видеоплеэрлар, мобил телефонлардаги ўйинлар, қўшиқлар, клипларга вақт ажратади. Бу каби эрмаклар қаторига ҳозирги кунда ридер ҳам киритилмоқда: одамлар ишга кетаётиб ёки уйга қайтаётиб электрон китобларни мутолаа қилиш билан банд бўлиш­моқда.

Умуман олганда, рақамли шаклдаги мутолаа воситаси китоблар оламида ҳақиқий инқилоб бўлди, десак адашмаймиз. Ҳозир нафақат китоблар, оммавий ахборот воситалари ҳам электрон шаклга кирмоқда. Бир қатор мутахассислар беш йилдан кейин ридер ҳозирги кундаги мобил телефон даражасида кенг тарқалган бўлади, деган фикрни билдирган. Кореялик муҳандислар ридернинг бир неча хусусиятларга эга бўлган версиясини, яъни фото-видеокамерали, GPS, SMS, MMS ва DVD-плеeрлар билан таъминланган турини ишлаб чиқишган, шунга қарамай, ҳозирча унинг оддий турдагиси ҳамон кўпчилик эътиборини тортмоқда. Лекин…

ҲАР ТЎКИСДА БИР НУҚСОН

Ридерларнинг кўплаб қулайликларига қарамай, босма китобларга қараганда, уларни тушуниш, қабул қилиш қийин. Қолаверса, айни пайтда уларнинг нархи баланд. Шу боис ҳам электрон китоб ишлаб чиқарувчилар улар билан бир қаторда оддий китобларни ҳам ишлаб чиқармоқда, бошқача айтганда, электрон вариантлари билан бирга сотишмоқда. Демак, электрон китоб­ларнинг ўз аждоди ўрнини эгаллаб олиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, экран ёрқинлиги сабабли ҳалигача қоғоз китоблар уларга нисбатан устунроқ позитсияга эга. Кўпчиликнинг фикрича, анъанавий китоб янги турдагисидан фойдалироқ.

Аммо ридерлар саноати тўхтаб қолгани йўқ, мунтазам равишда истеъмолчилар эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ривожланиб бормоқда. Агар илк ридерлар монохром суюқ кристалли экранга эга мослама кўринишида бўлган ҳамда «NuvoMedia» ва «Софт Пресс» компаниялари томонидан бир пайтда — 1998 йили ишлаб чиқилган бўлса, ҳозирда улар ёрқин рангли экран ва қатор кенгайтирган хусусиятларни мужассам этган ҳолда яратилмоқда. Кундан кунга уларнинг имконият ва қулайликлари кўпаймоқда. Жумладан, 2007 йилдан бошлаб электрон қоғозли китоблар ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилди. Бугун Sony Reader PRS-300 Pocket Edition», «Netronix EB-100» каби ридерлар жуда кўп қулайликлари билан омма эътиборини жалб қилаяпти. Шундай бўлса-да, уларнинг қоғоз китоб ўрнини боса олмаётгани бор гап. Чунки китобни қўлга олиб ўқиш, уни варақлаб мутолаага берилиш китобнинг ифорини ҳис этиб мутолаа қилиш инсонга ўзгача завқ бағишлайди.

Санобар Жуманова
«Маърифат» газетасидан олинди