Молдаван адабиётинннг йирик арбобларидан бири Андрей Лупан (Andrei Lupan) Резин районига қарашли Михулени қишлоғида деҳқон оиласида туғилди.
Андрей Лупан Молдавия озод этилгандан сўнг Кишинёвдаги узумчилнк институтида, кейинчалик «Совет деҳқони» газетасининг маданият бўлими бошлиғи лавозимида ишлади, Бир неча йиллар Молдавия ёзувчилари союзига раҳбарлик қилди.
Андрей Лупан кўпроқ шоир ва драматург сифатида машҳур. Унинг ижоди 1932 йилдан шеър ёзиш билан бошланди. Ўттиз йил мобайнида нашр эттирилган ўнлаб шеърий ва насрий тўпламлари орасида унинг «Шеърлар» (1937), «Унутилмас кун» (1952), «Мамнуният қўшиқлари» (1954), «Қаҳқаҳа ва гуноҳ» (1957) номли китобларини кўрсатиш мумкин.
Андрей Лупан қаламига мансуб «Унутилган қишлоқ», «Юзма-юз» ва «Янги куз» шеърий асарлари молдаван достончилигига қўшилган муносиб ҳиссадир.
А. Лупан молдаван китобхонларини А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов ва В. В. Маяковский сингари рус классиклари асарлари билан таништирди.
КИТОБНИНГ ТАҚДИРИ
Кўҳна тарих қонунн
Азалдан аён,
Доим умид кетидан
Интилар инсон.
Барча сўзу ижодлар,
Ҳикматлар аро
Ҳар ким ўзга керагин
Излар доимо.
Кимга — саҳро қуюни,
Кимга — оч гирдоб,
Кимга — тинч кутубхоиа,
Дафтар ва китоб.
Мана, сўлим шаҳарча,
Ҳусни замона.
Марказда янги клуб —
Қироатхона.
Қандиллардан ёғилар
Улкан залга нур.
— Салом, шоир, — дейди халқ,
Айтар ташаккур,
Ўлтиришар одамлар,
Елкалари кенг.
— Қани, ёзувчи оға,
Бирон нима денг.
Мен жим хаёл сураман,
Сўйлар бошқалар,
Бир замон Буджак эди
Кичкина шаҳар,
Барин худди кечадай
Сақлайди хотир.
Кўз олдимдан ўтади
У кунлар бир-бир,
Шаҳарчада жорийдир
Ҳолати мамну.
Бизни йиғар майдонга
Аланга, ёғду.
Гоҳ аждардай тўлғонар,
Қизил аланга.
Гоҳ қутурган арслондай
Сапчир баландга.
Гулханнинг тутуни-ю
Қурумн ичра
Кутубхона биноси
Кўринмас сира.
Чор атрофдан деҳқонлар
Боқишар ҳайрон,
Затворлар. шарақлайди:
— Нари тур, деҳқон!
Одамларнинг кўзида
Ғазаб ва нафрат.
Полицай мушт кўтариб
Дўқ қилар фақат,
Кўзлари халойиқни
Нақ еб қўйгудай.
— Генерал Чуперкенинг
Буйруғи шундай.
Шундай дея оловга
Китоб отади.
Чор атрофни коленкор
Ҳиди тутадн.
Мана рўйхат. Номма-ном
Оловга тушсин —
Китоби ман этилган
Толстой ва Пушкин.
Данте ва Петрарка,
Гёте ва Гомер,
Қизилларни ёқтирмас
Домнул Плутоньер.
Қулоқ солиб ўлтирмас
У ҳеч бировга.
Буйруқ берар:— Шекспир,
Марш-марш оловга.
Гулхан ичра китоблар
Ёнаётир жим.
Уларнинг ноласини
Эшитмас ҳеч ким.
Кутубхона туради
Қадди букилиб.
Оппоқ деворларидан
Қурум тўкилиб.
Ҳисобот ҳам ёзилди
Дарҳол баландга:
«Зарарли китобларни
Ютди аланга».
Ухлайверсин генерал
Тинч, дориламон,
Бостирилди одатий
Яна бир исён.
Ва лекин жандармлар
Тарқалмас нечун?
Қўриқлашар гулханнинг
Кулин бутун тун.
Атрофдан ғазаб билан,
Демай бирон сўз —
Жандармнинг кўзига
Боқар юзлаб кўз.
Битта мужик чеккада
Тикилар ҳамон.
— Хат-саводинг йўқ, сенга —
Нима бор, деҳқон?
Полиция бошлиғи
Қанча сўкса ҳам —
Деҳқон кулга боқади
Жилмай бир қадам.
Гулхан ўчган, деҳқоннинг
Қалбида бироқ —
Ҳақиқатга ташналик
Ёнар баландроқ.
Полицай китобларни
Ўтга отган он
Деҳқонга бўлди илк бор
Толстой аён.
Шамол эсар изғирин,
Қор билан қуюн.
Кўтарилар осмонга
Кул билан кукун.
Жаҳон бўйлаб кул билан
Тарқалар бир-бир
Пушкин ва Петрарка,
Горький, Шекспир.
Ойлар ўтар, йил ўтар,
Давр ўтар, локин
Уларнинг руҳи бўлур
Дунёга ҳоким.
Қайдан билсин у жаллод
Китоб ёққан пайт —
Китоб—бу қоғоз эмас,
Ҳарф эмас фақат.
Чин китоб замирида
Бор буюк қудрат:
Ҳақиқатга ташналик
Эркка муҳаббат.
Саҳроларнинг қуюни,
Тўлқин ва гирдоб…
Буларнинг барчасини
Жам қилган китоб.
Мана, сўлим шаҳарча,
Ҳусни замона.
Марказда янги клуб,
Қироатхона.
Қандиллардан ёғилар
Улкан залга нур.
— Салом, шоир, — дейди халқ,
Айтар ташаккур.
Ўлтиришар одамлар,
Елкалари кенг.
— Қани, ёзувчи оға,
Бирон нима денг.
1956
ҚАДАҲ
Бу кун сизлар учун
Қадаҳ кўтараман,
Бахтимизни бунёд этган кексалар!
Она ер бағрига
Яхши ният билан
Умид узумини эккан кексалар!
Деҳқон қўлларига
Қувонч бўлди меҳнат,
Ишондингиз, меҳнат кетмагай абас.
Саватларга тўлган
Олтиндай неъмат,
Чорҳиш найчасидан
Оқиб тушган шарбат
Тасаввурингизда ҳаргиз, ҳар нафас —
Гулгун шароб бўлиб,
Майи ноб бўлиб,
Мисли офтоб бўлиб,
Улфатбоп бўлиб
Қадаҳларга тўлди ёқут ва топаз.
Ахир сиз эмасми
Бизнинг умримизни
Узум токи билан боғлаган?
Кўҳна, машаққатли
Она еримизни
Бизнинг тақдир билан боғлаган?
Менинг тенгдошларим,
Замондошларим,
Шарафлар айтурман сизга доимо!
Оталар ишини
Қутлуғ сақладингиз,
Меҳнат-ла ўғиллик
Бурчин оқладингиз,
Улар васиятин қилдингиз адо.
Она юрт бошига тушганда иушкул,
Ватан тупроғини қучганда олов,
Узумзор боғларни
Топтаганда ёв,
Қалбимизни вайрон қилганида ул,
Сизлар посбон бўлиб,
Нигоҳбон бўлиб,
Фидоий жон бўлиб,
Зўр қалқон бўлиб,
Босқинчи йўлини тўсдингиз буткул.
Бу серзиё олам,
Бу шудгор майдон—
Замирида ётар қанча қутлуғ қон.
Энди сизлар учун
Қадаҳ кўтараман.
Эй, ҳали дунёга келмаган авлод!
Бу ўлкани яна
Қилмоқ учун чаман,
Ун йиллардан кейин бўлгувчи бунёд—
Бахтиёр насллар.
Умри асллар,
Бу токлар сизларга мерос дунёда.
Асрларга тутар
Уни асрлар,
Токнинг умри бўлур яна зиёда…
Эркин Воҳидов таржималари