Бир пайтлар бу кўз илғамас кенгликларда кўм-кўк денгиз мавжланиб ётарди. Балиқчи кемалар кўкка сапчиётган мовий тўлқинлар оша денгизбўйи элининг туз-насибасини қирғоққа ташишдан чарчамасди. Энди эса балиқларгина эмас, қумга тиқилиб ётган кемалар қолдиғи ҳам онда-сонда учрайди. Фақат денгиз тўлқинланиб ётган ўша кезлардаги номларгина ўтмишни ёдга солиб турибди. Учсою Жилтирбош, Қорачиғаноқу Сувчучук, Сургил…
Таниқли қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмонов собиқ денгизнинг эндиги манзараларига назар солиб тураркан, ўзига-ўзи таскин бергандек, шундай дейди:
— Орол халқимизнинг туганмас бойлиги эди. Шўролар бу ризқ-рўзни бизга кўп кўрди. Бироқ Аллоҳ ер остидан ундан-да каттароқ насиба — битмас-туганмас олов денгизини инъом этди. Шунга ҳам шукр. Етмиш йил ҳукмронлик қилган нотанти “дўст”лар Оролни қуритиб, халқимизни шўрҳок қумга ўтирғизиб кетган бўлса, Ўзбекистон истиқлоли унинг тубидаги олов денгизи қопқоғини очиб, тиллоларга баробар газ ва нефт конларидан элимиз иқболи йўлида фойдаланиш калитини қўлимизга тутқазди.
Маъдан изловчиларнинг кундузлари кўзга элас-элас чалинадиган минораларига назар соларканман, Ўрозбой ғоят топиб айтган ўхшатишдан кўнглим тўлади. Бурғилаш қурилмалари, гарчи поёнсиз кенгликлар узра кумуш тангалардек сочилиб ётган бўлса-да, тунлари улар чарақлаб кўзни олаётган само ёритқичларига басма-бас кўз қисишаётган юлдузлар маржонига ўхшаб кетади.
Оролбўйидаги бурғилаш ишларига доир янгиликларни дастлаб ”Ўзбекгеобурғинефтгаз”нинг раҳбари Тўйчи Шоймуродовдан эшитган бўлсам-да, минг чақирим йўл босиб келиб, атай маъдан изловчилар туну кун иш олиб бораётган кенгликларга йўл олдик.
Денгизнинг қирғоқдан сув қочган ҳудудлари бугун Оролқум деб аталмоқда. Бир вақтлар бу жойлар худди Ой кратерлари каби ҳеч нарса битмайдиган тақирга айланиб қолади, деб тахмин қилинган эди. Она табиатнинг мўъжизасини қарангки, денгиз тубининг кўпгина ҳудудлари табиий ҳолда кўкарган буталар ва неча минг хил шўрга чидамли гиёҳлар чирмовуқдай ўсиб ётган тўқайларга айланибди. Юлғунзорларда қирғовуллар яйраб учиб-қўниб юрибди. Яна қанчадан-қанча жонзотлар ундан паноҳ топишган. Шимолий қутб этакларини макон тутган кўчар қушлар ҳам баҳор ва кузда Осиё кенгликларига келиб-кетаётиб, бу ердаги кўл ва тўқайзорларда бир муддат нафас ростлашади.
Устюрт шамоллари шўрхок қумни осмону фалакка тўзон қилиб учираётган, ҳали табиий бутазорга айланиб улгурмаган ҳудудларда эса инсон қўли билан сунъий ўрмонлар барпо этилаётир. Қандим ва бошқа бутали ўсимликларгина эмас, ҳатто саксовул қаламчалари қадалган пайкаллар ҳам яқин икки-уч йилда ана шундай қалин чакалакзорга айланса ажаб эмас. Негаки, сув қочган ҳудудларга кеч куз ва эрта баҳорда экилаётган ўсимликлар бу жойларнинг манзарасини тамоман ўзгартиришга қодир.
“Жўра, мановди қара, қандай яхши ўрмон бўлибди, — дейди Ўрозбой. Сўнг йўл бўйи айтиб келаётган шукронасини мароқ билан такрорлайди: — Шўролар биз ўзбек ва қорақалпоқларнинг онадек азиз денгизимизни тап тортмай қуритиб юборган эди-я. Беминнат насибасидан айрилган халқ энди не қилади, денгиз балиғи билан тирикчилиги ўтиб турганларнинг ҳоли не кечади, дея қайғурар эдик. Эй, жўра, Аллоҳимизнинг марҳамати кўп экан: ер тубидан Оролдан-да катта денгиз берди! Бу насибани ер устига чиқариб, элу-юртимизни баҳраманд этиш йўлида Президент Ислом Каримов кўрсатаётган ғамхўрликдан бошимиз осмонда”.
ИСКАНДАР ВА ЗУЛАЙҲОНИНГ ИЗЛАРИ…
Устюрт қидирув-бурғилаш бошқармаси раҳбари Саидваққос Исоқов билан аввалдан танишмиз. Ўтган йил баҳорида Деҳқонобод тоғларига туташ Шимолий Тандирча ва Тахам қирликларида маъдан изловчилар, Феруза ва Хонобод нефт конларини очган бурғиловчилар ҳаёти билан таништирган кезлари у Косон нефт-газ экспедицияси бошлиғи бўлиб ишларди. Асли Фарғона водийсида туғилиб ўсган. Қўқондаги нефт техникумини битирганидан кейинги ўттиз йиллик ҳаёти эса Қашқадарё кенгликларида янги конларни қидириб топишдек машаққатли ва, айни чоғда, кўнгилга ифтихор бағишловчи ишларда кечган. Унинг эндиги фаолияти Устюрт ва Оролқум билан чамбарчас боғланибди.
Албатта, уй-жойинг, бола-чақанг олдида ишлаганга нима етсин. Бироқ маъдан изловчи ўзига касб танлагандаёқ бу масалада қатъий қарорга келган бўлади: зиммангдаги вазифа нимани тақозо этса, қаердан кон излаш зарурати келиб чиқса, киприк қоқмай ўша жойда бўлишинг керак. Шароити, об-ҳавоси ёқадими-йўқми, сенинг ўрнинг бурғиловчилар ёнида бўлиш, машаққатларни, янги кон очилган кундаги қувончу шодликлар, иш юришмай қолган кезлардаги аламларни бирга тотиш қисматингга ёзилган.
Саидваққос Мамараҳимович толейидан мамнун. Унга ҳамиша масъулиятли жараёнлар ишониб топширилади. Фидойилиги, жонкуярлигини ҳамкасблари ва компания раҳбарлари қадрлашади, маслаҳат қилишади. У эса элга фойдаси тегаётгани, янги очган конлари мамлакат белига қувват бўлаётгани, қанотида не-не ёш бурғиловчилар, маъдан изловчилар камол топаётганидан хурсанд.
Сургил конларига унинг ўринбосари Мақситбой Қурбонниёзов ҳамроҳлигида йўл олдик. Мўйноқдан ўтиб, шимол тарафга бурилганимизда аллақачон оқшом тушиб, осмонда юлдузлар чарақлай бошлади. Бир пайтлар денгиз мавжланиб ётган ҳудуднинг қайси бурчига кўз солманг, бурғилаш қурилмалари чироғи кўринади. Улар туну кун тўхтамай ишлаб турибди. Бу манзилларга имкон қадар йўл солиб борилган. Лекин бу оғир йўллар “Хундай” жипларига чўт эмас. Ичкарида ташқарининг совуғу-тўзонлари заррача билинмайди. Мақситбойга йўлларнинг ҳар қаричигача ёд бўлиб кетган. Шу боис “Сургил-22” деб номланган бурғиловчилар қўналғасига қийналмасдан етиб келдик.
Ташқарида шамол изиллайди. Олис биёбонларда маъдан изловчилар ҳаётини ўсмирлик йиллари ўқиганимиз Пиримқул Қодировнинг “Қадрим” қиссаси орқалигина билар эдик. Искандар ва Зулайҳо муҳаббатига гувоҳ бўлган қир-адирлар, бурғилаш миноралари, газчилар қўналғаси тасвири ҳали-ҳали кўз ўнгимизда гавдаланиб қолади. Мен ҳар гал Кўкдумалоқ ва Устюрт газчилари ҳузурига йўл олсам, ўша таниш манзараларни ахтараман. Зим-зиё тун қўйнига ёруғлик сочиб ишлаётган пармалаш қурилмаси, ундан эллик-олтмиш қадам нарида гугурт қутиларидек ёнма-ён қўйилган вагон-уйларга разм соларканман, ҳозиргина ё бурғилаш машинаси томондан ёки ён тарафдаги шаҳарчадан Искандар билан Зулайҳо чиқиб келаётгандай бўлиб туюлади…
КУЛИБ БОҚҚАН ТАҚДИР
Анча кеч бўлиб қолганига қарамай, “Сургил-22”нинг бурғилаш ишларига раҳбарлик қилаётган Ниятулла Аллаёров ва унинг ҳамкасблари билан танишиб олдик. Ўрозбой ҳар замонда гурунгимизга қўр ташлаб турибди. Бу жойларга кўп келганиданми, у маъдан изловчилар тилидаги хос сўзлар, жараёнларни яхшилаб тушунтириб берарди. Оқшомни вагон-меҳмонхонада, Оролқум қаҳрамонлари даврасида ўтказдик.
Эрталаб турганимизда ҳавони ғубор қоплаб, майдалаб қор ёғиб турган экан. Денгизнинг Устюртга туташиб кетган қирғоқларидаги баланд чинклар хира офтоб нурида оқариб кўзга ташланади. Ниятулла ҳозиргина смена алмашган йигитлар билан тундаги иш натижаларини муҳокама қиларди. Хона деворига иш босқичлари, жадваллар, турли кўрсаткичлар осилган. Рациядан диспетчернинг бурғилаш майдонларидан олаётган маълумотлари эшитилиб турибди.
Ниятулланинг ёши ўттиз бешда. Ўн йилдан буён маъдан изловчилар сафида экан. Дастлаб бурғиловчига ёрдамчи бўлибди. Беш йил мустақил ишда суяги қотгач, ишбоши уста ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бориш ишониб топширилибди. Бурғиловчилар икки ҳафталик вахта тартибида ишлашади. Ҳар бир сменага бош уста ёки унинг ёрдамчиси етакчилик қилади. Умумий иш жараёнига иккаласи ҳам бирдек жавобгар. Ниятулла Урга, Қўнғирот орти, Шимолий Орол, Чеча, Сургилдаги ўндан ортиқ қудуқларни пармалашда ишбоши бўлган. Лойиҳада белгиланган чуқурликка етилгач, уларнинг ҳаяжони орта бошлайди.
— 1550 метрдан ўтгач, ҳар уч юз метрда ер жинсларидан намуна ола бошлаймиз, — дейди у. — Ҳозирги қудуқдан 2480 метрда газ чиқди. Бу юқори қатламдаги турли газлар. Лойиҳа бўйича яна беш юз метр кавлаймиз. Ўшанда ер тубидаги ёнилғи миқдори уни юқорига чиқаришга арзир-арзимаслиги аён бўлади.
Ниятулла билан бирга маъданлар “қулф”ини очаётган Абдусамат Маҳмудов қўқонлик. Умуман Сургил кончилари орасида фарғоналиклар кўп экан. Уларни иш жойларига олиб бориб, олиб келиш учун Нукус ва Фарғона ўртасида самолётлар қатнови йўлга қўйилган. Замонавий мобил телефон алоқаси ҳам улар хизматида. Бу, аввало, маъдан изловчининг меҳнати нечоғли қадрли эканини кўрсатса, иккинчидан, мамлакат қудратини ҳам намоён этади.
Кончилар уч йилдан бери янги бурғилаш минорасида ишламоқда. Унинг афзалликларига қизиққанимда ҳамсуҳбатимнинг юзига табассум ёйилди.
— Бу биз учун бир мўъжиза бўлди, — дейди у. — Аввалги ускуналарда ўн икки соат давомида миноранинг очиқ жойида туриб ишлардик. Қор-ёмғир ва изғиринда ҳам. Энди бурғиловчи кабинада ўтиради, шовқиндан, иссиқ-совуқдан ҳимояланган. Бошқарув компьютерлар орқали бажарилади. Силкиниш даражаси, кўздан йироқ жараёнларни экран орқали кузатиб ўтирамиз.
Пармалаш минорасини кўздан кечираётиб бурғиловчилардан “Бўш вақтда нима билан машғул бўласизлар. Ҳайҳотдай саҳрода зерикиб қолмайсизларми?” — деб сўраймиз.
— Бу муаммо эмас, — дейди Ободбек. — Қишда шахмат ўйнаймиз, телевизор кўрамиз. Ёзда футбол ўйнаймиз. Яна айтаверсам, жинғилзорда қуёну қирғовул кўп. Овнинг гашти зўр…
Ниятулланинг Рустам, Нурулла, Ниғматулла, Абдужамил деган ака-укалари ҳам бир соҳада устозу шогирд бўлиб ишлашар экан. У билан хайрлашар эканмиз, юз-кўзларида ака-укаларнинг ноёб касбларни танлаганидан ифтихор балқиб турарди. Бу ўз бахтини юрт тақдирига боғлиқ ҳолда кўраётган одамлар қалбидаги бахтиёрликнинг оддийгина тимсоли бўлса ажаб эмас. “Сургил-20” деб номланган манзилда ҳам шундай фидойиларни учратдик. Ишбоши Ислом Маматқулов Қўқондаги Шоимбек қишлоғидан. Нефт техникумини битиргач, Белоруссияда аскарлик хизматида бўлибди. Сўнг эса Тюмен нефт қидирувчилари сафида тажриба оширган. Ҳозир “F-400” минорасида кон изламоқда. Мингбулоқда нефт қудуқларини бурғилашда ишлаган бу ускуна етти минг метр чуқурликкача кавлай олиши билан афзал. Мўйноқ ва Бердах конларини очишда кўп хизмат қилган бу қурилмани Тўхтаназар Султонов, Аҳмадали Мамадалиев, Адҳамжон Саидов, Исмоил Қўчқоров, Собит Човдирбоев каби маъдан изловчилар омадли минора деб билишади.
Минора ўрнатилгандан сўнг дастлаб қурилма эҳтиёжларига зарур бўладиган сув учун алоҳида қудуқ қазиб олинаркан.
— Ширин сув ҳам чиқиб қоладими? — деб сўрайди Ўрозбой.
— Ҳозирча йўқ. Толлида 500 метрча кавлаб кўрдик. Чиқмади…
— Ширин сувни ҳам нефт ва газни қидиргандек астойдил қидирсак, бирда бўлмаса, бирда чиқиши кераг-ов.
— Бунинг учун геофизиклар буюртмаси зарур…
Маъдан изловчиларга бу борада ҳам омад тилаб, янги манзилларга ошиқамиз. Учсойга етганда олисдан тоғдай бўлиб кўринган қир устидан чиқдик. Бу ерда бурғилаш минораси бошқа жойга кўчирилаётган экан. Салкам олтмиш метрлик минорани махсус механизмлар билан “қулатиш” жараёни ҳам қизиқ экан…
Денгизга балиқнинг қуйруғидек бўлиб кирган ярим орол кунчиқарида бир пайтлар “Артек”ка ҳавас қилиб қурилган оромгоҳ, олтинқум пляжлар, тезюрар теплоходлар лангар ташлайдиган порт, зоғора балиқ тангаларидек сузиб юрган қайиқлар кўз олдимизда гавдалангандек бўлди. Эссиз, кўп ўтмай уларнинг сароб эканига иқрор бўлдик…
Кунботишда эса бир пайтлар машҳур балиқчилар маскани бўлган Учсой қўрғони. Унда-бунда қайларгадир кўчиб кетган одамлар ҳовли-жойи кўриниб қолади. Бироқ бугунги Учсой аввалги шайтон қарғаган жой эмас. Конлар очилиб, Учсой шимолида газ тозалаш иншооти қурилгани одамларни фақат ишли қилиб қолмай, унинг қиёфасини ҳам тубдан ўзгартириб юборибди. Янги мактаб-интернат, шифохона, газчилар қўналғаси…
ЭКОЛОГИК ФАЛОКАТДАН СЎНГ
Қўнғиротга қайтаётиб бир фурсат Мўйноқнинг бугунги манзараларига боқдик. Бозор гавжум. Одамлар ўз тирикчилиги билан банд. Кимдир балиқ, кимдир қирғовул харид қиляпти. Денгиз узоқлаб кетгандан кейинги йигирма йил ичида илк бор ҳаётнинг ўнгланаётганига ишонч ҳосил қилдик. Жилтирбош ва Сувчучук кўлларининг тикланиши балиқ тутишга ҳам имкон бераётган экан. Янги қурилишлар, одамларнинг асрий маконларига қайта бошлаганига гувоҳ бўлиш бундан-да умидбахш. Кўп йиллар қулфлоғлик ётган шаҳар аэропорти ҳам эрта-индин само дарвозасини очаётгандек бўлиб туюлди…
Қўнғиротга қадар чўзилган йўлнинг икки ёни кета-кетгунча маржон кўллар, бепоён тўқайзор ва шолизор далалардан иборат. Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний мақбарасига бурилаётиб, кўм-кўк бўлиб ётган кузги ғаллазор кўзимизга янада иссиқ кўринди. Зиёратдан қайтаётиб Ўрозбойдан: “Бу жойларнинг ери унчалик шўрга ўхшамайди-ку”, деб сўрадим. “Ер зўр… Ғалла ўсиб ётибди-ку. Фарғоналик деҳқонлар кузда бу ерда ҳам, Қангликўл туманида ҳам шолидан роса мўл ҳосил олишди”. Бу жавобни эшитиб ҳайратим ошди. Агар сув бўлса, ҳақиқий деҳқонлар бўлса, ҳали Оролбўйини обод қиладиган ишлар кўп экан…
Ҳа, Оролбўйининг бойлиги фақат ер остидаги газ ва нефтгина эмас. Сувли жойларда Фарғона водийсидан ишчи кучларини жалб этиб ғаллазор ва шолизорни кўпайтириш, айни чоғда, денгизнинг қуриган тубига экилаётган черкез, қандим, саксовулзор майдонларни кенгайтириб бориш ҳисобига унумдор яйловлар ҳосил қилиб, қоракўлчиликни ривожлантириш мумкин экан.
Халқаро Оролни асраш жамғармасининг GEF агентлиги ҳамда Германиянинг техникавий ҳамкорлик жамияти минтақанинг табиат жонкуярлари билан ҳамкорликда собиқ денгиз ўрнида қумларни мустаҳкамловчи иҳотазорлар барпо этаётир. Чимбой, Қозоқдарё ва Қораўзакда саксовул ва бошқа бутали ўсимликлар кўчатини етиштирувчи питомниклар вужудга келтирилди. Саксовулзорлар орасига терескен, чоғон, боялиш, қуёнсуяк каби иссиқ ва совуққа чидамли ўсимликлар экилмоқда. Бундан етти-саккиз йил бурун вужудга келтирилган ўрмонзорлар орасида ғалла етиштириш, қўй ва ўрдак боқиш синаб кўрилмоқда. Ҳозир бундай сунъий ўрмонлар майдони 10-15 минг гектардан ошмайди. Яна юз минг гектарлаб қумзорлар қиёфасини шу тарзда ўзгартириб, экологик мувозанатни тиклаш ва фаровонликка хизмат қилдириш мумкин.
Шу гурунглар билан Қўнғиротга етиб келганимизни ҳам сезмадик. Ўлканинг ер ости бойликларини ўзлаштириш тарихи музейи экспонатлари билан таништирган эколог Салима Қорабоеванинг айтишича, Устюртдаги биринчи газ фаввораси қирқ икки йил бурун Шохпахти деган жойда отилиб чиққан экан. Шундан буён Қувонч, Борса-келмас, Оқшўлак, Қорашўлак, Урга, Шағирлик ва бошқа ҳудудларда ўнлаб конлар очилди. Ўн йил аввал йилига 15-17 минг погон метр ҳажмда қудуқлар бурғиланган бўлса, 2007 йилда бу кўрсаткич 55 минг метрдан ошибди.
Уч йил аввал Шарқий Мўйноқда 2820 метрдаги қатламдан нефт топилган. Ҳозир унинг заҳираси аниқланмоқда. Устюрт ва Оролқум конларининг ўзига хослиги шундаки, улардаги ёнилғи таркиби олтингугуртсиз. Бу уларни тозалашда мураккаб жараёнларга эҳтиёж қолдирмайди. Бироқ ёнилғи таркибида фойдали моддалар кўплиги учун Оқшўлакда Шўртан газ-кимё мажмуига ўхшаш табиий газдан полиэтилен ва полипропилен олувчи корхона қуришга киришилмоқда. У Жанубий Корея мутахассислари билан ҳамкорликда бунёд этилади.
Поёнсиз Оролқум бойликлари денгиз мисол мавжланиб очилаётгани тақдирнинг кулиб боққани бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун ҳам “Газпром”, “Эриелл” каби хорижий компаниялар ҳамкорлигида янги конларни ўзлаштириш миқёслари кенгаймоқда. Бу мамлакат бойлигига бойлик қўшиб қолмай, Оролбўйини обод қилишда юз кўрсатаётган янги омиллар билан бир бутун ҳолда навқирон ёшларимиз учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Насиб этса, Устюрт ва Оролқум кенгликлари бунёдкорлик завқига тўлиб-тошган эндиги авлодларимизни ўзига чорловчи гўзал манзиллардан бири бўлиб қолгусидир.
* * *
Оролбўйи сафаридан қайтар эканман, кўнглимда бир ишонч уйғонди: ҳали бу жойларга она табиат билан ошно тутинган, ер ва сув илмини улуғлаган, Ҳабиб Абдуллаевдай саҳроларда конлар очишга қодир, айни чоғда, замонавий илмий салоҳият ва мукаммал технологиялар билан қуролланган ёшлар гурас-гурас бўлиб келадилар. Улар янги даврнинг Искандар ва Зулайҳолари сифатида ўз шаҳарлари, гўзал манзилгоҳлари, мукаммал корхоналарини қурадилар. Жаннатмакон ошёнлар бунёд этиб, Ватан кўксини гулларга буркайдилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 4-сонидан олинди.