Анвар Суюнов (1983)

Таваллуд куним:  1983 йилнинг 29-апрели.
Мен туғилган юрт: Самарқанд вилоятининг шарқий теграси, мамлакатимизнинг денгиз сатҳидан энг баланд ҳудуди, Ғўбдинтоғ адирларидаги Эшмонтўб қишлоғи.
Мен илк таҳсил олган маскан: Булунғурнинг 25-ўрта умумтаълим мактаби.
Кейингилари: СамДУ қошидаги лицей-интернат, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети.
Биринчи китобим: “Қушларга тўла осмон” (шеърий тўплам).
Ёзмишларим: Шеър, ҳикоя, эссе, очерк ва ҳакозо…

БАҲОДИР ЛАҲЗАЛАР

Бошида Қулоқчин – увада телпак,
Шунқор кўзларида ёнар шижоат,
Давраси гирёну шашти жонсарак,
Чавандоз улоқни ердан узди даст.

Ҳайқириқ, урҳо-ур тутди осмонни,
Отлар тўдасида сапчиди тулпор,
Елкасига ташлаб эски чопонни
Полвоннинг падари турар бевиқор.

Дулдуллар пишқирар, босар ғалаён.
Бургутлар галаси талашар гўё,
У-чи, бир чеккада шивирлаб ҳар он.
Ё, Ҳақ мадад бергил – дерди, – илоё!

Қамчи чатиб ўтди рақиб олдидан,
Кетди ойботарга қарчиғай каби.
“Сен, менинг умримни яшадинг шу дам,
Баракалла!” – дерди падарин лаби.

Силтаб ташлаб ўтди тойнинг улоғин,
Куч бермай шамолдек учади бедов.
Бу, донгли ҳаётнинг шонли сабоғи,
Ҳад билмас умрнинг жиғаси – асов!

Майдон терчилайди,
лойланар ҳар ён,
Баҳодир лаҳзалар этади давом!

ЧЎЛ ТАСВИРИ

Саҳронинг қўйнидан кетди чанг, тўзон.
Шамоллар ҳам тинди изсиз, бедарак.
Юлғунлар ортига ингандай бўрон,
Қушлар чарх урмоқда самода юксак.

Кенгликларда сузар муаттар ҳаво,
Дилгир хаёл мисол саҳройи ўлан.
Чанқовуз пуфлайди кайвони момо,
Кетган лаҳзаларнинг ҳасрати билан.

Низом торларини чертмоқда шамол,
Қумликлар бағридан келмоқда чорлов.
Нимжўш нурларини қайрайди ҳилол,
Чўпон юрагига қалай,- деб олов.

…Ҳали тонг отади кўринар офтоб,
Олисларга кетар танбал булутлар.
Сояки давронлар чекинар шу тоб,
Чекинар майдондан соҳибсукутлар.

Йиллар ўтаверар саркаш ва шоён,
Саробий давронлар эмас мангулик.
Дилтанг лаҳзаларни дўсту қадрдон!
Саҳройи шамолга қиёс этгулик.

ТУН МАНЗАРАСИ

Оқшом чўка бошлар, жунжикади эт.
Ҳоким бўлиб кезар музлар нафаси,
Умрдан ҳам ўтди бир саҳфа, бир бет,
Бир кунлик ғурбатнинг ўчмоқда саси.

Мов мушук тинчиди, итлар ухлади.
Тун забтига олди кўҳна дарёни,
Унда ташвишлар ҳам сокин оқади,
Аллалаган каби телба дунёни.

Улуғ мақсадлар ҳам тин олар бир пас,
Эзгу ғоялар ҳам хуррак отади.
Ҳатто болаликда уйғонган ҳавас,
Бу чоғда донг қотиб ухлаб ётади.

Кўкда маюс кезар бесару сомон,
Булутлар ортида қўрғонлаган ой.
Шерик тополмасдан сузади ҳамон,
Ўлик мавжудотдан ранжиб ҳойнаҳой.

Кечмиш ва келажак бир сутка бўлиб,
Қўл бериб хўшлашган ноёб лаҳза бу.
Балким, майса каби шудрингни сўриб
Кўкка ўрлаётган янги сабза бу.

Оқариб келади кунчиқар фалак,
Юлдузлар ортига кетади қайтиб,
Яна ташвишлардан беради дарак,
Хўрозлар ҳар галги қўшиғин айтиб.

* * *

Мана, кириб келди яна бир баҳор,
Муаттар ифорлар ёзмоқда қулоч.
Борлиқ рутубатдан чеврилди такрор,
Кипригини қоқди, ҳув, кўҳна оғоч.

Улкан чўққиларга жон кирди гўё,
Фалакка тўш берган тоғлар уйғонди.
Коинот қўйнида ажиб бир рўё,
Ажиб саодатнинг машъали ёнди.

Самога ўрлайди кўк рангли олов,
Ва дилгир чўпоннинг масъум ўйлари.
Камалак мисоли таралар лов-лов,
Она табиатнинг рангин куйлари.

Саодат қўшиғи янграйди бу чоғ.
Чилтор қилларидек тебранар ёмғир.
Беқўним турналар ташлар арғимчоқ,
Умидбахш сабодан кўпчийди тақир.

Қизарган куртаклар қиз ёноғидек –
Серзавқ лаҳзаларда боқади маюс.
О, баҳор қўшиғи Помир тоғидек,
Дунё томи бўлиб кўрсатмоқда юз.

Селгиб томчилайди музлар шукуҳи,
Офтоб қўноғига қайтган палла – Бу,
Кенгликлар қўйнида тириклик руҳи –
Қўшиққа йўғрилган. Қадим ялла – Бу.

Очилса, димиққан дили қулф уриб,
Чорлаб ўтса агар ялпиз бўйлари –
Шудир тирикликнинг завқини суриб,
Кетгувчи Йўлчининг умр йўллари.

ҚИЁМАТДАН АВВАЛ

Ҳаволаниб чопар оламон,
Чопар, билмай ўнгу сўлини.
Жилов бурган маррага томон,
Чангитиб кетади йўлини.

Кетмоқдалар шамоллардан тез,
Билмам кимнинг ошиғи олчи.
Бамисоли бариси шу кез,
Маҳшар куни йўл олган йўлчи.

Гоҳ ёмғирлар қуяди юм-юм,
Уст-бошларни этар шаллабо.
Гоҳо бўрон қилади ҳужум,
Лекин улар беишқ, бепарво.

Кичик, катта, новча ва йўғон,
Қора, сариқ, буғдойранг юзлар.
Тебранади тарози – ЖАҲОН,
Мувозанат билмайди улар.

Кўк юзида тинч бир макон йўқ,
Илма-тешик унинг кўкси ҳам.
Қўйиб борар ранглари совуқ,
Морофончи – заъфарон одам.

Не мурод сўнгги маррада?.
Завқ – ҳаётнинг кумуш жиғаси!
Улар изи қолган заррада,
Урчиб ётар Тарих яраси…

ЭТЮД

Адирларда ял-ял ёнар саратон,
Офтоб қовуради еру осмонни.
Сим-сим терлаётир бу чоғда замон,
Қучоғига олиб турфа жаҳонни.

Тошлоқ қояларда қуёш нурлари –
Тошларга тиркалган оловли ҳанжар.
Шундай лаҳзада ҳам тоғ бургутлари,
Тубсиз самоларда муаллақ кезар.

Ковраклар тагида ҳаллослаб каклик,
Сояки тупроққа уради тўшин.
Дарбадар қарғалар сезади ҳадик,
Босиб келаётир оловли қўшин.

Босиб келаётир ўтли ҳарорат,
Турфа мавжудотни пиширгали – У.
Минг йиллик арчалар ичида фақат,
Нажот топа олгай кун урган оҳу.

Чарсиллаб ёрилар ғўраки бодом,
Бамисли чўғдонга бера олмай тоб.
Жизғанак борлиқнинг муздайин оқшом,
Тафтини олади бағрикенг маҳтоб.

Кунлар асрларга татийди бу кез,
Ҳил-ҳил сониялар ўтар бирма-бир.
Олис кенгликларда ўйчан ва ёлғиз,
Фақат чўпон бобо айтади такбир.

Ҳали олдиндадир қўзипишиғи,
Нурли келажакнинг заҳмат они – Бу!
Сўнмас ироданинг саратон тиғи –
Забтга ололмаган метин жони – Бу!

Турар асосига суяниб узоқ,
Нигоҳида кезар йиллар жамоли.
Ўйларин банд этган дафатан шу чоқ,
Мурғак набиранинг жажжи хаёли.

Олис манзилларга тиккан у кўзин,
Минг бир оташга ҳам бор унда бардош.
Ҳали миттигина авлоди учун
Авжи саратонда турар елкадош.

Пилдираб учади муллатўрғайлар,
Буталар остидан топай деб паноҳ.
Кишнаб юборади лол қолиб тойлар,
Ўт ичра чўпонни кўриб баногоҳ.

Кунлар ўтаверар тебраниб секин,
Яна эса бошлар хазонрез шамол,
Музаффар чиқади дунёда лекин,
Оташ лаҳзаларда тобланган хаёл!

Яна замин узра таратади бўй,
Кузак ёмғирининг намхуш нафаси.
Қайгадир йўқолар кўрсатмасдан рўй,
Ҳорғин саратон ҳам чиқмасдан саси.

ЭСЛАСАМ…

Кунлар учиб кетди барг, хазон каби
Йилларга ўраниб, маюс ва хуррам.
Барисин жо қилмиш умр дафтари,
Сарлавҳадек хотира қолди мустаҳкам.

Қувончу шодликнинг чеки йўқ бироқ,
Ва шунча ситамлар ўйиб ёзилмиш.
Кўзёшнинг излари қатланган вароқ,
Эски альбомми ё эски бир ўтмиш.

Оқсоч тоғлар каби яқин ва узоқ –
Овлоқ ўнгирлар ҳам ҳаётбахш онлар.
Умр дарахтидан тушган бу япроқ,
Мангу узоқлашган болалик дамлар!

Кўчалар ҳам тордай гўё кўзимга,
Файзсиз кўринади гоҳида қишлоқ.
Серташвиш соялар тушар йўлимга,
Шунда мен ўзимни сезаман уйғоқ.

Тунлар ҳам ўтибди мисли барг-хазон,
Зулмат ҳам абадий ҳукмрон эмас.
Ёдга олар бўлса инсонни инсон,
Хотира дафтари омон бўлса бас!

ОМОЧ

Отдан ечиб олишиб уни,
Тираб қўйди эски охурга.
Зах том ичра энди ҳар куни,
Талпинади безавол нурга.

Соғинган у офтоб тафтини
Идраб кетган тароқлари ҳам.
Қўмсар қайноқ тупроқ кафтини
Тишларида моғор билан нам.

От сағрисин ҳароратини
Туйиб ҳар кеч тўкади кўзёш.
Ажратишган ундан отини
У ташландиқ, бенаво омоч.

Йиллар шундай ўтарди бир-бир,
Эски матоҳ ортиқча уйга.
Шундай ўйлаб бир куни охир,
Келтиришди уни музейга.

Ҳозирлашди ойнабанд кўшкни –
Унинг учун мангулик бир жой.
Аслида ҳам йиллар ўчини,
Қариликда олар ҳойнаҳой…

26.03.2010

ТЎФОН
(Афсонадан)

Кучли шамол турди
мағриб томондан,
Ғози йўқ тупроқни кўтарди…
Қуюн бўлиб тўсатдан
афсонавий жиндек йўталди:
Қабоҳат
разолат
қиёмат сари
юз бурди замон.

МАЙ ЧЕЧАКЛАРИ

Йиллар қоғозларда акс этган тақвим –
Шамоллар учирган, тўзиган япроқ.
Умрни катгувчи вақт эрур балким –
Қўнимсиз саркарда, бенишон қозоқ*
Ортда қолиб кетди ўтган у кунлар,
Достонлар туғилган тоғ этаклари.
Бошим узра қарсак урар қуюнлар,
Шундайларда соғинаман май чечакларин.
Фириблардан ҳоли, алдов билмаган
Тепамда зинкийиб қистов қилмаган
Қолтағайлигини* ялов қилмаган
Эҳ, бола кунларим – май чечаклари!
Ёдимга тушагайсиз қиш кечалари.
Ташқарида қорли учқун учар учқур
Ичкарида серваҳм тун – номинг ўчгур
Хаёлларим мағизи пуч, мисли тушдир
Ва, бирдан ярақлаб чақмоқ уради
Ўйларим қишлоққа жилов буради.
Сигирқуйруқ, бўтакўзлар дала-дала
Кенгликдаги бамисоли қирмиз қалъа
О, бу даштнинг бошидаги мовий салла!
Хотирамнинг қат-қатига сингган сўзсиз
Сиз отамга бўйлашгансиз – теппа-тенгсиз!

Нурларга беланган шарқ эртаклари –
Сиз – Ғўбдинтоғ,
Сиз умримнинг чечаклари!
__________
* Қозоқ – кўчманчи.
* Қолтағай – Ишламай туриб ўзини устамонлик билан ишлаётган тарзида кўрсатувчи киши.

СУРУР

Полвон, қамчи ўйнат, баковул, зот айт!
Айт, тўйчибобонинг давлатидан,
Сермастланган бўталоқнинг савлатидан,
Ларза солиб гижинглаган Ғиркўк отнинг
Бу майдонга туёқ урган – дастхатидан!
Айт, баковул, “Қур келди – сурур келди”,
Тақимизўр полвон билан ғурур келди,
Кўпкаридашт буғ кўтарган лаҳза бу чоғ,
Майда одам хаёлига путур келди.
Чалқайиб керилган бунда бўз йигит
Узанги эшмоқда, зот айт, баковул!
Қирмиз юз, бодомкўз, рўмоли тивит,
Санамжон кутмоқда, зот айт, баковул!
Туёқлар тарсиллар, юрак гурсиллар,
Гурсиллар тоғларнинг қозондараси!
Ҳей, сиз – назаркарда баковул эллар!
Бир имо кутмоқда отлар галаси.
Айтинг, момоларнинг қалбидан ўйиб,
Олис келажакка ўтли сўзларни.
Шу сўзлар шаънига меҳробин қўйиб,
Гўдак набиралар эслар сизларни.
Эсланар номингиз қалблар тубида
Ёд этар шаҳарлар, эслайди овул.
Симдай ботган қамчиларнинг зарбида
Пишқирар бедовлар, зот айт, баковул!
Симиллаган қаҳратоннинг забтин кесиб айт,
Қўчқор, буқа, той, туяни эшиб-эшиб айт,
Бу даврада улоқ бўлсин орият, номус,
Ҳайқир, эй баҳодир! Жондан кечиб айт.
Ҳов, ана тоғлардан кўчган кўчкидек
Бир уюр келади, бамисли довул.
Жийрон, тўриқ, буврил – камон ўқидек
Учиб келаётир, зот айт, баковул!

Кенгликлар қўйнида кезар бир товуш:
“Халойиқ, эшитинг! Той тикдим!” деган,
“Тўйчибобонинг борини тўкдим!” деган,
“Олакўз, ғирромингни сўкдим!” деган,
“Ол! Шунга мен бир гилам ўтдим!” деган!..

Ол-э, чавандозлар! Баковулинг солим айтди…

КУЛТЕГИН СЎЗИ

Қочган биров эди…
қувган эса биз!