Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир чол билан кампирнинг битта-ю битта қизи бор экан. Қизи бўй етиб, совчилар қаторлашиб кела бошлашибди. Қиз ҳеч қайсиларига унамас экан.
Бир куни чол билан кампир қизларини дарёнинг нариги томонидаги қишлоқда яшайдиган бир оилага берадиган бўлишибди. Буни эшитган қиз роса хафа бўлиб йиғлабди. Чунки қиз у томонга келин бўлиб тушишни ҳеч хоҳламас экан. Лекин чол билан кампир ўз айтганларидан қайтмай, қизларининг раъйига қарашмабди. Шунда қиз:
— Мен дарёнинг у бетига келин бўлиб тушсам, битта-иккита болалик бўлганимда, ўз уйимга келаётганимда бирини кўтариб, иккинчисини етаклаб олган бўламан. Шунда етаклаб келаётган болам дарёга тушиб кетса, топа олмай роса йиғлаб ўтирсам, — деб, онасининг ёнига бориб йиғлай бошлабди. Кампир:
— Нега мунча йиғлаяпсан, қизим? — деб сўрабди. Қиз ҳалиги гапларини қайтариб, йиғлайверибди. Бу гапни эшитиб, кампир ҳам йиғлашга тушиб кетибди. Бир пайт чол келиб қараса, кампири билан қизи йиғлаб ётишибди. Чол йиғининг сабабини сўраса, қизи яна ўша гапларни қайтарибди. Чол ҳам йиғлашга тушибди. Шундай қилиб учалалари роса йиғлашибди. Охири чол билан кампир қизларини нариги томондан келган совчиларга бермасликка рози бўлишибди.