Раҳмон Қўчқор. Қарз берилган нур (2006)

Устоз Озод Шарафиддиновнинг
ёрқин хотирасига бағишлайман.

Мен бу маҳзун қиссани қачон ўқимай, ҳар сафар Омон Матжоннинг «Чарли Чаплинни эслаб» шеъридаги мисралар ёдимга келаверади:

Чарли Чаплин ўлди.
Хаёл экрани
Бехос қора тортди. Мусиқа тинди.
Қарз берилган нурни олиб кетдилар —
Тунлари Чаплинсиз яшаймиз энди.

Француз адиби Антуан де Сент-Экзюперининг машҳур қиссаси қаҳрамони — Кичкина шаҳзода ҳам оламга қарз берилган нур тимсолидир. Унинг бутун сурати ва сийратидан мана шу нур балқиб туради. Етти сайёрадаги адашган кимсаларга, Ердаги жамики мавжудотга мана шу нурни ҳадя этмоқни, оламда Эзгулик аталмиш туйғу ҳукмрон бўлишини орзу қилганди у. Афсуски, одамлар қалби — уларнинг сайёраларида «баобаб дарахти» — ноинсоний ҳислар урчиб-ғовлаб кетган экан.
Бир одам дунёга ўзини якка ҳукмдор санаб, қиролликни даъво қилса, бошқаси шуҳратпарастлик касалига йўлиққан. Пияниста туну кун ичиб юрганидан гўё уялиб, бу қилмишини унутиш учун яна ичса, бошқа бир кимса ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган ёстиқдай-ёстиқдай бемаъни китоблар ёзиб умрини совуради. Буларнинг яшаш фалсафасини тинглаб аввал ҳайрон бўлган, моҳиятни англагач эса, рўйи рост аччиқланган Кичкина шаҳзода ўзини «жиддий иш» — самолёт созлаш билан банд эканини рўкач қилган учувчига безовта кўнглини тўкиб солади:
«Мен бир сайёрани биламан, у ерда юзи бўзарган бир жаноб яшайди. У умрида бирор марта гул ҳидлаб кўрмаган, бирор марта юлдузларга тикилмаган. У ҳеч қачон бировни севган эмас, умрида бирон-бир юмушни ҳам бажарган эмас. У фақат бир иш билан — рақамларни бир-бирига уриштириш билан овора. Эрта-ю кеч худди сенга ўхшаб яккаш: «Мен жиддий одамман! Мен жиддий одамман!», деб такрорлагани-такрорлаган.. Аслида у одам эмас!»
Дарҳақиқат, «жиддий одам» қиёфасини юзга тортиб, инсоний ҳисларни унутган, топтаган, ҳатто бундай ҳислар устидан куладиган одамлар орамизда озмунчами?
Адибнинг ўз асари тўғрисидаги ушбу гапи бизни чуқурроқ мулоҳазаларга ундайди: «Мен китобимнинг шунчаки эрмак учунгина ўқилишини асло истамайман».
Демак, бу китоб болалар учун эртак ҳам, навбатдаги ривоят ҳам эмас. Аксинча, у — Ер юзида истиқомат қила бошлаганига миллион йиллар ўтган бўлмасин, ҳамон мукамаллик манзилини топа олмаётган одамзоднинг юзига айтилган аччиқ таъна-дашном сифатида тушунилиши лозим. Зеро, одамзод ўз туриш-турмушида қадрият дея танлаган қанчадан-қанча тушунчалар фақат ва фақат унинг руҳий заволи учунгина хизмат қилишини англамоғига бу улкан фурсат ҳам етарли бўлмади. Аксарият одамлар аллақачон содда-гўл номини беришга тайёр учувчи, Кичкина шаҳзода билан ўтказган икки-уч суҳбатидан кейиноқ, ўзини — одамзодни тафтиш этишга мажбур бўлади:
«Мабодо катталарга: «Мен қизғиш ғиштли чиройли бир уйни кўрдим, деразасида ёронгул очилиб турибди, томида каптари бор», деб айтсангиз, улар бу иморатни сира ҳам кўз ўнгиларига келтира олмайдилар. Уларга: «Мен юз минг франкли уйни кўрдим», деб айтиш лозим — шундагина улар: «Ана гўзаллигу мана гўзаллик!», дея хитоб қиладилар».
Кичкина шаҳзода талқинича, бу руҳий-қадриятий эврилишнинг асосий сабаби, истисносиз ҳар бир сайёрада — инсон қалбида уруғи мавжуд, агар вақтида илдизи билан тозалаб турилмаса, ғовлаб кетадиган боабаб — нафс дарахти, ноинсоний ҳисларга бориб тақалади. Баобаб дарахтининг уруғи ибтидодаёқ одамнинг жисму жонига ўрнашиб олган экан, ундан огоҳ бўлмоқлик, ҳар нарсадан аввал у ҳақда ўйламоқлик ҳамманинг кундалик ташвиши бўлмоғи керак эмасми?
Инсониятнинг энг буюк оқиллари бошини қотириб, сочини оқартирган, уларни тинимсиз тафаккурий изланишга мажбур этган ҳам шу кўзга кўринмас уруғлардир. Ер юзига юборилган жамики пайғамбарлар орқали улардан фориғ бўлиш йўли кўрсатилди, қанчадан-қанча ақли донишлар шу йўл тарғиботига азиз умрларини сарфладилар, жилд-жилд саҳифа қораладилар.
Лекин…
Лекин қани буларнинг самараси? «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади» деган мақолни одамлар ким учун тўқиган? Ҳассани бошқа йўқотмаслик учун ҳамманинг кўр бўлиши шартми? Ёки ҳамма гап барча муқаддас китобларда, охир-оқибат, қиёмат юз беришининг башорат қилинганидами? Инсоннинг манглайи шу қадар қорами? Кичкина шаҳзоданинг ақли етган, у эринмай амал қиладигани қоидани нега биз назарга илмаймиз? Назаримиз шу қадар баландми ё… шу қадар пастми?
« — Бизда шундай қоида бор, — деди Кичкина шаҳзода кейинчалик менга. — Эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, уёқ-буёқни йиғиштиргандан сўнг дарҳол сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим. Баобабларни ҳар куни, канда қилмай йўқ қилиб туриш керак… Бошқа ишлар бир оз кечикса ҳам зиён қилмайди, аммо баобабларни ўз ҳолига қўйиб берилса, охири вой бўлади. Мен бир сайёрани биламан, у ерда бир дангаса яшарди. У уч туп ниҳолни вақтида қўпориб ташламади, оқибатда…»
Энди ҳар биримиз ўзимизга — қалб сайёрамизга назар солайлик. Баобаблар чангалзорини кўрмаймизми унда? Бу ёвуз дарахтни пешма-пеш суғириб, уруғини қуритиш ўрнига тагига топганки гўнгни ташлаб, уни янада ғовлатмаяпмизми?
Инсон боласи шу қадар чапдаст, шунчалик устомон эканки, ўзининг ҳар бир ёвуз ҳаракатига недир изоҳ топади, шу изоҳ билан виждоннинг оғзини ёпади. Дарвоқе, балки мен ортиқча ваҳимага берилаётгандирман, бироқ кўнглимга шундай ғулу оралайдики, қай тилда бўлмасин, одамзод луғат бойлигидаги виждон деган сўзга тобора эҳтиёж камайиб бораётгандек. Одамлар бирданига бу сўз ифода этадиган туйғунигина эмас, сўзнинг ўзини ҳам муомаладан четлаштирмоқда. Инсонлараро муомалага аввал тасаввур қилиш мумкин бўлмаган нопок муносабатлар бемалол кириб боряпти-ю, бироқ барча муносабатларнинг одил мезони бўлмиш виждон орага аралаштирилмаяпти.
Тилшунослар айтадики, нимаики муомаладан чиқиб кетаётган бўлса, уни ифода қиладиган сўз ҳам ёддан чиқиб боради…
Габриэл Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» асари хотимаси ёдингиздами? Инсоният тараққиётининг ибтидосидан то интиҳоси қадарлик қисматни ўзида мужассам этган бу роман қаҳрамонларининг сўнгги вакили орқасида чўчқа думи билан туғилади. Сабаб — у ҳаромдан бўлган, бўлиб ҳам инцест — яқин қариндошларнинг жинсий алоқаси маҳсули эди. Асосий тирикчилиги ғарбда ўтадиган «эр жаноблари» техник тараққиётнинг жозибадор меваси — осмондаги аэропланларга маҳлиё бўлиб кун ўтказар экан, кўзига шаҳват қони тўлган аёли ўзининг жияни билан қовушади…
Донишманд Мелкиадеснинг папирус қоғозда битиб қолдирган башорати тўғри чиқади — Макондани ер ютади!
Шундай аччиқ башоратлар Чингиз Айтматовнинг «Кассандра тамғаси» асари қатларидан ҳам чинқириб турибди.
Бироқ, боя айтилганидек, инсониятнинг булар сингари уйғоқ ақл ва ижодий тафаккур эгаларининг огоҳлантиришларини ким эшитмоқда-ю, ким улар тўғрисида бир чимдим бўлсин мулоҳазага толяпти?
«Макон жим, замон жим, парвардигор жим…» (Шавкат Раҳмон).
Ҳолбуки, бу жимлик момақалдироқдан, зилзиладан, тўфондан олдинги жимликка жуда-жуда ўхшаб кетади…
Якка-якка олганда барча инсофли одамлар шу ташвишли ўй билан яшаётгани, бу ўй ўттизга кирмаёқ уларнинг сочини оқартириб, юрагини чангаллатаётганини одам болалари кўриб турибди. Лекин ҳаммани якка-якка ҳолда маҳв этаётган бу муаммолар қаршисига инсоният ҳеч қачон бирлашиб чиқа олмаслигининг алами киши руҳиятини баттарроқ эзади. Очиғи, бундай ҳамжиҳатликни рўёбга чиқариш йўли ва усулини тасаввур қилишга ҳам кучи етмайди одамнинг…
Мана шу аччиқ ҳақиқатни 28 ёшидаёқ англаган шоир:

Юзларимга сув урди само,
Сескандиму ўзимга келдим.
Кимлигимни сездим аввало,
Кейин ҳеч киммаслигим билдим.

Бу камолми ёки заволим,
Қуврадимми ё қайта ундим?..
Ҳаёт, сизга йўқдир саволим,
Ҳаёт, гапингизни тушундим
(Иқбол Мирзо)

дер экан, бу мисралар Сиз билан мени фақат шоир истеъдодининг кучи тўғрисида эмас, балки шу ноёб истеъдод ўша ҳаёт қаршисида нечун лол қотаётгани, шоир бу шафқатсиз маҳобат қаршисида ўзини нега «ҳеч киммаслиги»ни тан олаётгани тўғрисида кўпроқ ўйга толдирмоғи керак эмасми?
Кичкина шаҳзода «баобаб дарахти» балосини жиловлаб туриш учун ўз сайёрасида доимий амал қиладиган қоидани эслатмоқда. Қадимги хитойлар буни Конфуций ўгитлари деб номлайдилар, юнонлар айни қоидалар битилган ўтмиш донишмандлари китобларини фарзандларига ёд олдирганлар, мусулмонлар қўлида муқаддас ҳужжат — Қуръон бор, Фаробий «Фозил одамлар шаҳри»ни орзу қилган…
Бир сўз билан айтганда, Ер сайёрасида ҳам инсонийликнинг барча замон ва маконларга мос келадиган мукаммал қоидалари мавжуд. Фақат биргина фарқ: Кичкина шаҳзода ўз сайёраси қоидаларига ҳар куни оғишмай амал қилади, ерликлар бўлса…
Университетда ўқиб юрган пайтимда ён дафтаримга қуйидаги фикрни ёзиб қўйган эканман: «Европа биз қувиб етишимиз шарт бўлмаган йўлдан илгарилаб кетган». Кейинги йилларда бу мулоҳаза бот-бот онгга қалқиб чиқадиган бўлиб қолди. Бундан тўрт йил илгари Полшада хизмат сафарида бўлдим. Европа халқлари тарихи бўйича жиддий изланишлар олиб бораётган ёш латиш олими билан бафуржа суҳбатлашишга имкон туғилди. Ўша суҳбат давомида у билан мана бундай мазмундаги савол-жавоб ҳам бўлиб ўтганди:
— Инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшган қитъа вакили сифатида Сиздан бир нарсани сўрай: шунча маданий тарихга эга бўлган Ғарб цивилизацияси қаёққа қараб кетяпти? Тўқликка шўхлик орқасидан келиб чиқаётган бу бемазагарчиликлар, фаҳш, эркинликнинг суъистеъмолчилиги охир-оқибат жуда хунук оқибатларга олиб боришини олим сифатида яхши билсангиз керак?
— Буни фақат мен эмас, ҳамма билади!
— Ҳамма билади?
— Ҳа, ҳамма билади!
— Хўп, модомики билар экансизлар, одамларни бу йўлдан қайтариш учун нимадир қилиш керак эмасми?
— Қилиш керак. Лекин одамларнинг ўзи энди буни хоҳлашмайди.
— Буни қандай тушуниш керак?
— Ҳамма нарса индивидуал роҳат-фароғат, маишат, бир марта келинадиган ҳаётда мазза қилиб яшаб қолишга йўналтирилган турмуш тарзи ва дунёқарашга ўрганиб қолган ғарбликлар бу ҳолатни ўзгартиришни энди умуман исташмайди. Очиғини айтадиган бўлсам, Ғарб цивилизацияси тубсиз жарга — ўз ҳалокатига қараб ўқдай учиб боряпти, энди уни ҳеч қандай куч тўхтатиб қололмайди.
— Мана шу хавфни ҳамма тасаввур қилади, деб ўйлайсизми?
— Аксарият ҳамма! Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, ёшларда буни ўйлашга маънавий-руҳий эҳтиёжнинг ўзи йўқ, катталар эса бу ҳақда бош қотириб ўтиришдан ҳеч қандай фойда чиқмаслигига кўнишган. Биласиз-ку — ғарбликлар реалист бўлишади! Бу масалада ҳам улар реалистларча фикр юритишади. Сиз назарда тутаётган ҳолатлар ўлат пайтидаги шоҳона маишат («пир во время чумы»)дир…
Олим йигит суҳбатга якун ясар экан, «мана шунақа гаплар, биз нима ҳам қила олардик», дея елкасини қисиб, аччиқ кулимсираб қўйганди.
Тўғри, техник-технологик соҳада кескин олдинлаб кетган Ғарб давлатларидан жуда кўп нарсани муттасил ўрганишимиз керак ва шарт. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш, хўжалик бошқаруви, кишилар моддий-маиший ҳаётини фаровонлаштириш сингари юзлаб йўналишдаги хориж тажрибаларига беписанд қараш — бориб турган миллий маҳдудлик ва манманликдан бошқа нарса эмаслиги аниқ. Бироқ биз бу соҳалар қолиб, кўпроқ ғарбнинг нимасига маҳлиё бўлаяпмиз?
Биргина кузатув — пулдор одамлар турадиган янги маҳаллаларда қад кўтараётган иморатларга назар ташлайлик. Итальянча, испанча, французча, русча, ҳиндча, ҳаттоки, японча ҳам қилиб қуришмоқда, фақат … ўзбекча эмас! Гўё ўзбекча иморат модадан қолган, миллий иморат барпо қилишдан худдики ор қиламиз. Миллий ғурурни-ку (ўша иморат эгаларида йўқ нарса ҳақида бош қотириш фойдасиз нарса) айтмай қўя қолайлик. Оддийгина ўйлаб ҳам кўрмаймизки, биз тақлид қилаётган халқлар ўз турар-жойи тарҳини минтақасидаги об-ҳаво шароитидан — шамол ва ёмғирнинг шиддатидан, қуёш қай тарафдан, йилда неча кун қандай ҳарорат беришидан, овқатланиш, дам олиш, ётиб-туриш билан боғлиқ миллий удумларидан, фарзандлар сони ва яна бошқа минглаб талаблардан келиб чиқиб чизишган, иморатни ўша табиий ва ҳаётий талабларга мослаштиришган.
Бизнинг ҳам мингйиллик синовлардан ўтиб тарошланган миллий архитектура анъаналаримиз мавжуд бўлиб, улар ҳар бир ҳудуд учун ўзига хос сифат ва белгиларга эгалиги маълум-ку! Бугун айни анъаналарни замонга мослаб такомиллаштириш, бу анъаналарни XXI аср кишилари заковати билан бойитиш йўлидан бориш тўғрироқ бўлмайдими? Бу юмуш тинимсиз ижодий изланишни, бадиий тафаккурга берилишни талаб этиши табиий. Таассуфки, биз бундан кўра, тайёр қолипларни ўзлаштириб қўя қолишни афзал биламиз. Бу танбал тақлид, бу орсиз ўзлаштириш, минг афсус, бошқа кўплаб соҳаларда ҳам манаман деб майдонга чиқмоқда.
Хўш, бу жараёнлардан қолажак натижа нима бўлади?
Кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг миллий заминдан узилиши, ғайри маданий-руҳий муҳит, ғайри урф-одат, маънавият билан тўйинтирилмаган яшаш тарзига тобора шўнғиб бориши, охир-оқибат, оммани дурагайлаштирмаслигига, «на чин мусулмонмиз, на кофир тамом» (Умар Хайём) ҳолига солмаслигига ким кафолат беради?..
Телевидениемизда намойиш этилган, Жанубий Корея кино санъаткорлари томонидан яратилган «Сарой жавоҳири» телесериали, айниқса, унинг бош қаҳрамони Тан Гем образи кўпчиликнинг қалбини ром этди. Мана шу дилхушлик аро менинг кўнглимда бир оғриқ ҳам симиллаб турганини айтишга мажбурман.
Филм режиссёрининг эътироф этишича, мазкур телесериал яратилишида XVI асрга оид, ўша пайтларда қиролни даволаган ҳамшира тўғрисидаги бир ривоят асос бўлган. Мана шу ривоят сабаб, корейс санъаткорлари бутун дунёга ўз миллати, унинг ажойиб урф-одатлари, пазандачилик санъати, тиббиёт илмидаги муваффақиятларини кўз-кўз қилишга эришганлар. Тан бермай илож йўқ — қандини урсин, деймиз. Зеро, Тан Гем тимсоли корейс томошабинининг ўз тарихига, анъаналарига, миллийлигига нисбатан муҳаббатини янада кучайтиргани, халқ ғурурини юксалтиргани — «Сарой жавоҳири» филми олиб келган энг муҳим натижа экани кундай равшан!
Бироқ, шунинг баробарида, бошқа бир мулоҳаза ҳам кишини қийнамаслиги мумкин эмас.
Ахир, ундан оз эмас, кўп эмас — беш аср (!) муқаддам бизнинг фахримиз Абу Али ибн Сино ва у кишининг издошлари тиббиёт соҳасида эришган муваффақиятлар ривоят эмас, ҳақиқат-ку! Кимдир ривоятни ҳақиқат даражасида тақдим эта олгани ҳолда, нима учун биз ҳақиқатни бор-йўғи ривоят даражасидагина идрок қилиб чекланамиз. Қачонгача Ибн Сино, Беруний, Фаробий, Замахшарий, Навоий … номи тилга олинганда, бошига саллани уқувсиз ўраган, китобий, юзаки, ҳиссиз, ёш болага ҳам маълум гапларни такрорлашдан нарига ўтмайдиган қиёфаларни «санъат асари», «бадиий образ» дея тақдим этамиз? Уят, андиша, инсоф қайга кетди?..
Дарвоқе, бу гапларнинг француз адиби Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода» қиссаси билан нима боғлиқлик жойи бор, деб сўрашингиз табиий. Менимча, боғлиқлик жойи жуда кўп. Кичкина шаҳзоданинг бояги — «Мен бир сайёрани биламан, у ерда юзи бўзарган бир жаноб яшайди. У умрида бирор марта гул ҳидлаб кўрмаган, бирор марта юлдузларга тикилмаган. У ҳеч қачон бировни севган эмас, умрида бирон-бир юмушни ҳам бажарган эмас…» деган гаплари миллий тарихни, адабиётни, санъатни, куй ва қўшиқни хўрлашдан бошқа иш қўлидан келмайдиган, «виждон» сўзини эслатган кишилар устидан ҳиринглаб куладиган, мия катакларини ёғ босган, қўпол нафсдан урчиган баобаб дарахтлари кўнгил мулкини ўраб-чирмаб ташлаган кимсалар тўғрисидаги ҳукм ҳам эмасми?..
Биз Кичкина шаҳзодани, Омон Матжон талқинидаги Чаплиндек, «оламга қарз берилган нур тимсоли» дегандик. Бир нарса аниқки, ҳар бир миллат қалбига, онгу шуурига унинг дунёда борлигини исботлашга рағбат, куч ва қувват берадиган тафаккур, ижод, имон, ғурур, нафсоният, ихлос нури берилган. Мана шу нурни асрай билган, энг муҳими эса, уни ишга сола олган, шу нур билан ўтмиши, бугуни ва келажагини ёритишга бир ёқадан бош чиқариб астойдил ҳаракат қиладиган миллатгина Ер деб аталмиш сайёранинг чинакам шаҳзодасига айланади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 10-сонидан олинди.