Муҳсин Ғаниев. Ота ибрати

Ўзбекистон халқ артисти, созанда-ғижжакчи, устоз, жамоат арбоби, бастакор Ғанижон Тошматов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирган. Бу ажойиб инсон бебаҳо миллий мусиқалар яратиш билан бирга турли йилларда Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари, Уйғур этнографик, Ўзбек этнографик, Дуторчи қизлар ансамблларига раҳбарлик қилган, шунингдек, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлаган. Ҳозирда Ғанижон Тошматов номи билан аталувчи Дуторчилар ансамбли республикамиздаги машҳур мусиқий жамоалардан биридир. Қуйида атоқли санъаткорнинг ота, оила бошлиғи, дўст сифатидаги кўпчиликка маълум бўлмаган фазиларлари билан танишасиз.

Отамиз санъатдан ташқари қурилиш, деҳқончилик, ошпазлик, овчилик, сайёҳлик, техника сингари бир қанча соҳаларни ипидан игнасигача билар, уларни ҳаётий тажрибалар асосида эгаллаганди. Ёшлик пайт­лари бир неча йил мотоцикл миниб, “Волга” русумли автомобиль сотиб олгач, ҳайдашдан ташқари, машинани майда-чуйда қисмларигача ўрганиб олади. Уй пойдеворини ташлашдан томини ёпишгача қурувчиларга хос иш юритарди. Лой қориб, ғишт қуйгани, деворни сомон лойда сувагани, дам олишга ўтирганда мени қўлига олиб, бошимни силагани, мен эса юзига ёпишиб қолган лой парчаларини кўчириб, юзларини сийпалаганим ёдимда қолган. Ҳовлимиз ўртасидаги сўри атрофи ва йўлаклардан ташқари деярли ҳамма ери гул, дарахт ва бошқа турли хилдаги ўсимлик ва экинлар билан буркангани ҳам отамнинг иши эди. Кишмиш ва ҳусайни узуми, бир неча туп олма, шафтоли, хурмо, икки туп уноби ва икки туп сариқ гилос дарахтларининг пишиқчилик мавсумидаги ҳосилини айтмай қўя қолай. Гуллар тароватини таърифлашга сўз йўқ.

Отамиз сайру саёҳатни, юртимиз ва дунё бўйлаб, кўнглига ёққан жойларни айланиб келишни яхши кўрарди. Сайёҳатга, одатда, машинада йўл оларди. Эпчил ва абжир ҳайдовчи бўлгани учун деяр­ли умрининг охиригача машинасини ўзи бошқарди, шу сабабли кўнг­ли тортган, томонларга йўл соларди.

Гастролга ёки сайёҳ сифатида чет элларга борганида, у ерларда бир дўкондан бошқасига югуриб, гилам, палос ёки бошқа шунга ўхшаш нарсалар сотиб олиб, жомадонни тўлдириб, юкларини оғирдан-оғир қилиб, кўтариб юрмас эди. Балки борган шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, бой тасаввурларга эга бўлиб келарди. Кўрган-билганлари отамизнинг ижодий фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатган бўлиши керак, деб ўйлайман.

Сиёсий чекловлар ўрнатилган шўро даврида четга чиқадиган ҳар бир ватандошимиз мингта чиғириқдан ўтарди. Шу сабабли отамиз ҳазиллашиб:

– Давлатимиз одамларини чет элга худди соқовни байрамга олиб боргандай чиқаради, – деб қўярди.

“Ҳар бир кишининг асосий касб-коридан ташқари ўзи севган ҳунари бўлади, – деб ёзади ёзувчи Мақсуд Қориев. – Атоқли бастакор, ғижжакчи, ҳофиз, қизиқчи, Ўзбекис­тон халқ артисти Ғанижон Тошматов ўзининг ноёб касбидан ташқари овга ишқибоз эди”.

Ҳақиқатан ҳам, бир вақтлар сотиб олган қўшотар милтиғини гоҳи-гоҳида қутисидан олиб, тозалаб артиб, овга шай қилиб қўярди.

Бир гал кўпчилик бўлиб овга боришганда, овлари юришмай, атиги биттагина қирғовул отиб келишган. Қирғовулга кимнинг ўқи текканини аниқлолмай ва ўлжани тақсимлаш йўлини тополмай, ҳаммалари қирғовулни кўтариб бизнинг уйга келишган. Онамиз ўша қирғовулни ошга босиб, овчиларнинг дастурхонига қўйган эди.

Ҳовлимизда турли йилларда турли жонзотлар боқилган. Жумладан, болаларга уч-тўртта тухум қилиб турар, бўлмаса, қозонга тушар, деб инкубатордан чиққан жўжаларни олиб келарди. Улар жажжи бўлгани учун, қолаверса, тез орада тухум қўйишидан умидвор бўлиб, яхшилаб қарар, дон-сувини вақтида бериб турардик.

Отамиз қушлар сайрашини ёқтирар, ҳатто атайин уларни эшитгани боғларга борарди. Бедана сайрашига қизиқиб, бозордан иккита тўрқовоққа солинган бедана олиб келди. Уларнинг дон-сувидан биз хабар олиб турардик. Бу парранда жуда қўрқоқ бўларкан, тўрқовоққа яқинлашсак, бесаранжом бўлиб, чигиртка каби сакрайверарди. Боши билан тўрқовоқ тўрига урилавераб, кал бўлиб қолмасин деб, иложи борича узоқроқда турардик.

Уйимизда беданадан сўнг қорақош, худди кавказликдай қирра бурун каклик ҳам пайдо бўлди. Бозорда бу паррандани қўлида ушлаб турган киши отамизга яқинлашиб, салом-аликдан сўнг дебди:

– Ғанижон ака, шуни олиб кетинг, сайраб, ҳовлингизга файз киритади.

Сотувчи какликни арзон берибди. Қушни уйга олиб келиб, учиб кетмаслиги учун қанотининг учини бироз қирқиб, ҳовлига қўйиб юбордик. Кун бўйи қўлини орқасига қилиб ўзини хўжайиндай тутадиган бу қуш бирорта бошқа паррандани ҳовлимизга қўймай, айланиб юрар, биз берган озуқадан ташқари, ўзи ҳам қурт-қумурсқаларни териб ер, илҳоми келса, сайраб қўярди.

Бир вақтлар отамиз гастролга кетишидан олдин, онамиз қўрқмасин деб – акам иккимиз ҳали кичкина эдик – ҳовлимизда ит боқишни бош­лаган. Ана ўшандан буён ҳовлимизда ит боқиларди. Ҳовли этак томонида, чап бурчакда итга уйча қурилган бўлиб, вақт-соати етганда, уйчанинг эгалари алмашиб турарди.

Бир куни улар иккита бўлиб қолди. Отамизнинг ўртоқларидан бири олмон овчаркасини совға қилди, орадан кунлар ўтиб, бошқа бир дўсти ҳовлисини сотиб, кўп қаватли уйга кўчгани сабабли, қўярга жой тополмай, эшакдек келадиган бўрибосарни олиб келади. Ҳовлимиз кенг, отамизнинг бағри ундан ҳам кенглиги боис итлардан бирини йўқотишга кўзи қиймади.

– Ғанижон аканинг ҳовлисида иккита ити борми? – деб сўрабди ўшанда танишларидан бири.

– Иккита итим ёнида яна битта жой ҳам, пишиқ-пухта занжир ҳам бор, – дебди отамиз ўринсиз бу саволга жавобан.

У киши бу ҳақда бошқа гапирмайдиган бўлибди.

Бир гал ҳовлимизга қўчқор етак­лаб келишди. Бундан хабар топганлар “қўй” пайровидан гап бош­лаб, унинг калла-почаси, туёғи, думбаси, қовурғаси, арқонини ҳам, қўйнинг ювоши ҳам, серкаси ҳам, қўчқори ҳам, совлиғи ҳам, “қў­йинг”, “қўйингиз”, “қўймас” сўзлари ҳам тилга олиниб, сўз ўйини авжига чиқди.

Отамиз қўчқор ёлғиз қолмасин деб бозордан совлиқ олиб келиб берди. “Ўзингдан кўпайгин” дегани қўйга қараб айтилган экан, кўп ўтмай, қўзичоқлар пайдо бўлди. Жонивор қишда ҳам кўпаяверар экан.

Хуллас, уйимизда турли жониворлар навбати билан ўрин алмашиб турарди.

Уйимиз кенг, эгасининг кўнгли эса, ундан ҳам кенг бўлгани учун ҳовлимиз тўлиб кетар эди.

Шаҳардаги ҳовлимиз отамизнинг боғбонлик ва қурувчилик ишлари билан шуғулланишига торлик қилдими, Тошкент вилоятида, Ғишткўприк томонга борадиган йўл бўйида жойлашган қишлоқда дала ҳовли қурди. Дала ҳовли ҳам гуллаб-яшнади, ундаги мевалардан тотиб кўрмаган қўни-қўшни, қариндош-уруғлар қолмади ҳисоб. Отамнинг бошқа иш ва соҳалар сингари пазандаликда ҳам тенги йўқ эди. Улфатлар базмида ўзи ош дамлаганида лаганда бир дона ҳам гуруч қолмасди.

Отам-онам билан баъзан биргаликда унутилаёзган миллий таомлардан бирини эслаб, уни тайёрлардилар. Бир куни отамиз ёдига гўжа оши тушиб, уйга гўшт, оқ жўхори, қатиқ ва турли хил ош кўкатлари олиб келди-да, онам билан гўжа ошига уннаб кетишди. Акам билан мен қўшнилардан ўғир топиб келиб оқ жўхорини яхшилаб янчдик. Хуллас, гўжа оши қандай тайёрлангани ёдимда қолмаган бўлса-да, лекин жуда мазали экани оғзимда қолган. Ўша пайтгача мен бирон марта гўжа оши ичмаган, ҳатто бу ҳақда эшитмаган эдим.

Ҳар пайшанба куни ота ҳовлида йиғилиш биз учун оилавий анъанага айланиб қолди. Ота-онамиз дунёдан кўз юмганидан кейин ҳам мана шу ош баҳонасида бир-биримизнинг ишларимиз, туриш-турмушимиздан бохабар бўлиб турамиз. Ошни акамиз дамлайди. У киши бизга бош-қош, ҳар биримиз тўй-маърака ёки бошқа шу каби маросимларни акамиз билан бамаслаҳат ўтказамиз.

Ҳа, отамизнинг ҳар пайшанба куни дамлаган оши ўз вазифасини тўла адо этди. Отамиз вафотидан кейин ҳам турмуш ташвиш­лари бизни бир-биримиздан узоқ­лаш­тирмади, аксинча, бир­лаш­тирди ва бу катта оилани янаям жипс­лаштирди.