Қуёш оловкор, осмон мусаффо эди. Бирдан чақмоқ чаққандай, момақалдироқ гумбурлагандай бўлди. Бирдан минг-минглаган чумолилар бошимга қараб ўрмалаётгандай туюлиб кетди. Гўё осмондан узилган чақмоқ тўғри бошимга тушиб келаётгандай, бирдан ўзимни панага олдим.
Йўлдан Назокат келяпти!
Унинг кўзларида ўша-ўша чақмоқ ёлқини, дудоқларида чечак табассуми, ҳай-ҳай, Назокат эмас, гўё баҳор келяпти. Баҳордай латофатли, баҳордай назокатли, баҳордай ёқимтой, баҳордай мунис…
Ўшанда ҳам, эндигина бойчечак кўз очган эди. Ҳаводан кўкат ҳиди, янги ўғиз ҳиди келарди. Нафас олиб тўймайсан, ҳар хўплами қимиздай ҳузур, кайф-сафо беради.
Эртасига ҳарбий хизматга жўнайдиган куним Назокат раҳм қилди. Биз учрашадиган бўлдик. Висолгоҳ– тоғ этагидаги олчазор эди. Мен учрашувга эрта бордим. Уфқдан думаланиб, тоғ ўркачига мингашиб қолган қуёш кўз тутгани келмай, қон йиғлаётган ошиққа ўхшарди. Охир у ҳолдан тойиб, тоғ ортига қулаб кетди ҳамки, унинг қонли кўз ёшлари анчагача уфқ юзини бўяб турди.
Назокат мени куттирмади. Келди. Иккаламиз ҳам узоқ жим ўтирдик. Юраклар дукурлаб, бармоқлар титрар, кўзлар сўзлашиб, тиллар лол эди. Бу жимликдан қиз ниманидир кутарди. Бунинг учун менинг нимадир қилишим керак эди. Лекин ўша “нимадир” шу пайт менинг қашшоқ бисотимда топилмас, бундан хижолат чекардим.
“Чўлп” этиб бақа ўзини сувга ташлади. У чўчиб:
– Вой, – деди.
– А, – дедим мен.
– Нима? – деди у.
– Бугун ой чиқмайди, – дедим мен.
У индамади.
Дунёга яна оғир жимлик чўкди. Бундан қутилиш йўлларини қидириб, бутун гапга чечан дўстларимни ўйлаб чиқдим. Охири:
– Сиз ойдай гўзалсиз, – дедим.
У ўрнидан қўзғалди.
– Энди мен борай.
Шундагина мен эртага бу ердан жўнаб кетишимни, икки, балки уч йил уни бошқа кўролмаслигимни эслаб, юрагим орқага тортиб кетди.
– Мен эртага кетаман, Назокат.
Назокатнинг қуйи эгилган киприклари аста кўтарилди, оташ нигоҳи юз-кўзимни сийпалаб ўтди-ю, узоқ-узоқ уфқларга тикилганча қотиб қолди.
– Энди узоқ йиллар учрашмаймиз.
Назокат осмонни тешгудай ўткир кўзларини бир нуқтага тикканча ҳамон жим турарди. Мен ҳам ўрнимдан турдим. У менга мулойим боқди.
– Кетамизми?
– Тоққа чиқамиз, – бирдан тилимга бу гап қаердан келиб қолганини билмайман-у, ҳар қалай, бу фикрдан телбалардай севиниб кетдим. – Қишлоқни яна бир марта тўйиб томоша қиламиз, йўқ деманг, Назокат.
Унинг чеҳрасидаги тундлик бирдан қаёққадир ғойиб бўлди-ю, қоронғи кеча чарақлаб кетди.
– Майли-ю, лекин битга шартим бор.
– Қанақа?
– Чарчаб қолсам, кўтариб оласиз-да?
Юрагим уришдан тўхтаб қолай деди. Қувончимдан қаршисида тиз чўкиб, елкамни тутдим.
– Энг чўққисигача кўтариб чиқмаган– номард, ўтиринг!
У хандон отиб кулди. Тоғ-у тош, ер-у замин кулганини мен ўшанда кўрганман. Йигит ёшим илк даъфа ўшанда кулган. Шу кулги билан қўл ушлашиб, тоғ ёнбағирлаб юрдик. У бирдан тўхтаб қолди.
– Бувим нима дейди? Йўқ-йўқ, хавотир олади, чиқмаймиз!
Бирдан бўғин-бўғиним бўшашиб кетди. Ёлвордим:
– Ахир биз ёш бола эмасмиз-ку, йўқолиб қолмасмиз? Юринг, юрақолинг!
Яна юрдик. Дам-бадам “чарчамадингизми?” деб сўраб қўяман.
– Нимайди? – дейди ноз билан у.
– Чарчасангиз, кўтариб олай, девдим, – дейман мен.
– Оғирман-да, – дейди кулиб у, – кўтаролмайсиз.
– Аксинча, қуш бўлиб учиб кетаман, – дейман мен.
У кулади.
– Ёмон бола!
Бирдан нақ пешонамизда чақмоқ чакди. Кейин осмоннинг қорин оғриғи тутиб, момақалдироқнинг гумбур-гумбури тутиб кетди. Тоғ ҳавоси шунақа-да. Осмонни қора булут қоплаганини сезмаган эканмиз. Ёмғир йирик-йирик томчилай бошади. Савол назари билан унга қарадим. У шу пайт худди бўри қаршисидан чиқиб қолган оҳуга ўхшарди.
– Энди нима қиламиз? – Унинг овозида қўрқув бор эди.
Уни ҳарсанг тош панасига бошладим.
– Кутиб турамиз, ўтиб кетади.
– Тонггача қуйиб берса-чи?
– Тонггача биз ҳам… – Унинг юзига қараб, ҳозир ҳазил кўтармаслигини кўрдим-у, тилимга келганини чайнаб юбордим, – Биласизми, бирдан шитоб бошланган ёмғир тез тинади.
Яна чақмоқ чақди. Момақалдироқ тоғни ларзага келтириб юборди. Шунда Назокат қўли билан қулоқларини чиппа беркитганча ўзини бағримга отди. Унинг хипча, дуркун вужуди совуқданми, қўрқувданми, дир-дир титрарди. Мен совқотмас, қўрқмас эдим, нимагадир барибир мен ҳам қалтирардим.
Шу ҳолатда қанча вақт ўтганини билмайман. Бир маҳал қарасам, енгил шабада турибди. У ҳадеб Назокатнинг этагидан тортқилайди. Назокат ҳамон иссиқ пинжимдан чиққиси келмай, кўзларимга майин боқади. Шу бир-икки соат ичида мен тамом ўзгариб кетгандайман.
Бағрим у билан тўлиб, тоғдай юксалган. Гўё шу туришда бир талпинсам, қанот боғлаб учиб кетадигандайман.
Ўша тун тонггача тўлғаниб чиқдим…
…Кейин икки йил узоқда унинг суратига, қорачиғида бутун қишлоқ ҳусни-жамоли жо бўлган меҳригиё кўзларига сиғиндим. Шу икки йил давомида, дастлаб олган ўн чоғли хатни ўзимдан ҳам авайлаб, ҳар сатрини ёд олдим.
Икки йил бир бўса таъми билан маст бўлиб, “кутаман” деган бир оғизгина сўз билан ўзимни дунёда энг бахтли ҳисоблаб юрдим. Икки йил қишлоғимни, таниш-нотаниш ҳамқишлоқларимни соғинганимда, дастлаб кўз олдимга фақат у келди. Икки йил чақмоқ чақса, кўзларимда ўт чақнаб, момақалдироқ гумбирласа, ўша оқшом, харсанг остидаги мўъжаз панагоҳни эслаб, юрагим эзилди. Икки йил тушларимда фақат уни кўрдим, унга талпиндим.
…Келсам…
Уни бегона дедилар!!!
Ҳар йили баҳор келади.
Ҳар йили чақмоқ такрор, момақалдироқ такрор.
Энди у ҳар баҳор момақалдироқ гумбирлаганда ҳойнаҳой бировнинг иссиқ кўрпасида ётиб, мени ўйлайди. Энди мен уни қачон, қаерда кўрсам, худди момақалдироқ гумбирлагандай бўлади.
Ҳамма нарса такрорланади. Лекин одам бир марта севади, бир марта севилади.