1987 йилнинг 5 январь кунидан бошлаб биз ўз аҳдномамиздаги барча мутахассислар билан Дамашқ яқинидаги Сбейна қишлоғи ёнида Совет мутахассисларига атаб қурилган уйга кўчиб келдик. Турар жойимиз шаҳардан 15 чақирим олисликда бўлгани учун ҳар куни ишдан сўнг микроавтобусда шаҳарга тушиб, озиқ-овқат ва бошқа зарурий нарсалар харид қилиб қайтамиз. Кун ора бир хил йўлдан шаҳарга қатнаш жонга теккач, бозор қилиш учун бошқа жой қидира бошладик. Бизга «Саййида Зайнаб» бозори кўп жиҳатдан маъқул бўлди. Чунки бу бозор бизнинг турар жойимиздан 8 чақирим масофада бўлиб, доим зиёратчилар билан гавжум эди.
Саййида Зайнаб қишлоғининг марказида ҳазрати Алининг қизи Зайнабнинг қабри жойлашган. Қабр катта гумбазли, тахминан узунлиги ҳам, эни ҳам 25 метрдан иборат муҳташам бино ўртасида қолдирилган. Бинонинг тўрт тарафи айвон. Жануб томонида иккита баланд мезанаси бор. Буларнинг ҳаммаси Самарқанд Регистони каби ранг-баранг бўёқлар билан безатилгани учун жуда чиройли кўринади. Бинонинг ички девори ва гумбазнинг шифти ойна ва биллур безакларга бой бўлгани туфайли бу зиёратгоҳни Совет мутахассислари «Биллур масжид» деб номлашади. У ерни эронлик зиёратчиларсиз тасаввур қилиш қийин. Қексаю ёш аёллар, ҳаттоки 8—9 ёшли қизалоқлар ҳам ўзларига мослаб тикилган қора чодир ёпиниб юрадилар.
Зиёратгоҳнинг шундоқ ёнгинасида ҳаммани қизиқтирадиган бозор бор. Бу норасмий бозорда асосан эронликлар учун кўпгина нарсалар Ливандан келтирилади. Сотувчиларнинг кўпчилиги Афғонистон қочоқлари экан. Уларни бир кўришдаёқ, юз тузилиши ва хароб кийиниишдан ажратиб олиш мумкин. Бозорда жинси шимлар, Япон техникаси ва бошқа ноёб буюмлар арзон нархда сотилади.
Бир куни бозордан ўтаётиб ўз қулоқларимга ишонмай қолдим. Дарҳол атрофга қарадим. Хароб кийинган, олдиларига арзимас нарсалар қўйиб сотиб ўтирган афғон йигитлар бир-бирлари билан ўзбек тилида гаплашаётган эдилар. Уларга яқинлашиб, саломлашиш учун қўл узатдим. Улар сесканиброқ, истар-истамас қўл узатдилар. Мен ўзимни танитишимдан илгариёқ улардан бири «Шўравий Ўзбекистониданмисиз?» деб сўради. Улар кўнглига ёқадиган гаплар топиб танишгунимча аллақанча вақт ўтди.
Кейинги учрашувларнинг бирида суҳбатдошимнинг исми Абдураҳмон эканини, хотини ва тўрт фарзанди билан шу бозорчадан 400 метр наридаги ташландиқ зайтунзорда чодир тикиб яшаётганини билиб олдим. У 1982 йил декабридан буён Эрон, Покистон, Сауд Арабистони ва Ливанда бола-чақаси билан сарсон бўлиб, охири шу ташландиқ ерда норасмий яшаётганини айтди. Қайтаётганимда менга қараб:
— Қардош, жума куни намоздан сўнг келинг, гурунглашиб ўтирамиз, ишларим юришиб қолгани учун қўй сўйиб мўйсафидларимизга эҳсон қилмоқчиман, келсангиз хўп бўлади-да, манави йўлча охиридаги ахлаттепанинг у ёғида бизнинг чодир, борсангиз кўриниб турибди ўзи, келасизми-а? — деди.
Албатта келишимни айтиб хайрлашдим. Уйга кетаётиб хаёлга ботдим. «Эҳсонни ким қўйибди сенга, — дейман ўзимга ўзим, — унинг ўрнига эгнингга сал тузукроқ кийим ол! Ахир қўйнинг нархи фалон пул-ку, унинг ўрнига анави афғонча шалворнинг ўрнига тузукроқ шим олиб кий! Ёки унинг бу қилмишида бирор сир бор-у мен тушунмайманми?» Шу каби хаёллар билан уйга қандай етиб борганимни сезмай қолибман.
Жума кунини орзиқиб кута бошладим. Чунки ўз юртидан ажралиб, қочоқ ёки душман номини олиб, дарбадарликда яшаётган Афғонистон ўзбекларининг аҳволи ва яшаш шароитини ўз кўзим билан кўраман.
Кутилган кун ҳам келди. Манзилга айтилган вақтдан эртароқ борганим учун бир муддат «Саййида Зайнаб» зиёратгоҳининг атрофида айланиб юрдим. Жума куни бўлгани учун зиёратчилар ниҳоятда кўп. Карвон сингари тизиб қўйилган Эрон автобуслари зиёратчиларни олиб келиб, 3—4 кунлик саёҳатдан сўнг яна қайтиб кетадилар.
Келишилганидек, жума намозидан сўнг, танишимнинг уйи тарафга юра бошладим. Қишлоқ этагидаги йўлак тугаб, ахлатхонадан сўнг эски зайтунзор боғ кўринди. Боғнинг сал ичкарироғидан бошланиб кетган чодирларнинг ниҳояси кўринмас эди. Хар бир оила ўз чодири атрофини ҳовличага ўхшатиб ўраб олган. Девор ўрнида ҳар хил шох-шаббалар, темир-терсаклар ва улар устидан эскириб кетган брезент, қоп, латта матолар ўралган. Ховлича эшиги ўрнига қоқиб қўйилган эски одеялни бир тарафга очиб, ичкарига кирдим. Бу ҳовлича ичида ҳам учта катта-кичик, бир-бирига тескари қилиб ўрнатилган чодирлар бор экан. Мени энг юқоридаги чодирга таклиф этишди. Ҳали кириб улгурмаган эдим, Абдураҳмоннинг 5—6 ёшлар чамасидаги ўғли кўчадан кириб «Ҳой ота, сув келаяпти», — деб қичқирди. Абдураҳмон менга кулимсираб, «Узр, сув олиб олайлик, йўқса кетиб қолади», деб кўча томонга шошди ва чиқаверишда турган ҳар бири 20 литрли тўртта пластмасса бидонни бир йигит билан кўчага олиб чиқишди. Бу фурсатда мен чодирдан чиққан учта мўйсафид билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб турдик. Абдураҳмонлар ҳам кўп ўтмай сув тўлдирилган идишларни олиб киришди.
Сўнг кўча тарафдан тариллаган моторолёр овози эшитилиб, сал нарироқдаги чодирлар ёнида яна тўхтади. Кейин билсам, бу ўртада ичимлик сув йўқлиги учун улар 20 литр сувни икки лирадан сотиб олишар экан. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, Саййида Зайнаб қишлоғидан Дамашқ марказига бориш учун чиқиладиган автобусга бир лира тўланади. Масофа тахминан 13—15 чақирим чиқса керак.
Ичкари чодирга кириб ўтирдик. Мўйсафидлар дуо қилганларидан сўнг ҳар хил саволлар ёғила бошлади. Эни 4, узунлиги 9 метрлар келадиган бу чодирнинг ички кўриниши яшаса бўлгудай эди. Тўрига Каъба сурати туширилган гиламча, бир тарафга афғон қўл гилами, яна бошқа тарафга катта-катта гуллар кашта қилиб тикилган мато осилган. Қаердан, қандай олиб кирилганига ақлим етмади — хона ўртасида лампочка ёниб турибди, бурчакдаги парда остидан кичик ҳажмли телевизор ҳам кўриниб турибди.
Хонада ўтирган кишилар сони 40 дан ортди. Уларнинг ярмидан кўпроғи ёши 55—60 лар чамасида, 10—15 киши ўрта ёшли, 5—10 таси эса ёш йигитлар эди. Дастурхонга келтирилган шўрва ва паловнинг кўринишидан ҳам уларнинг емишлари ночор эканлиги яққол кўзга ташланарди. Дастурхон йиғилганидан кейин ҳам ҳар хил саволлар бошланди. Хонадагиларнинг кўпчилиги мендан гумонда ўтиргани учун уларга ўн минутлар чамаси Афғонистон муаммоси ҳақида гапириб бердим. Охирги кунлардаги «Известия» газетасида босилаётган Афғон муаммоси ҳақидаги маълумотларни муттасил ўқиб бораётганим туфайли бўлса керак, гапларим таъсирли ва асосли бўлди. Мен яқин кунларда Совет қўшинлари Афғонистондан тўла олиб чиқиб кетилажагини (у пайтда қўшинларни олиб чиқиш бошланаётган эди) ва тез кунлар ичида улар ҳам она юртлари Афғонистонга қайтишлари мумкинлигини айтдим.
Бир оз сукунатдан сўнг суҳбат мавзуи ўзгарди. Мўйсафидлардан бири гап бошлаб, қандайдир уч киши ҳақида суриштира бошлади. Мавзу ўзгаргани учун ичимга сал ёруғлик тушиб, енгилроқ нафас ола бошладим. Суриштирилаётган уч киши ҳақида ўтирганлардан бири шундай деди:
— Ёрматни мухобарот (Сурия хавфсизлик органи) ушлаб, ҳамма молини олиб, ўзини беш кун зиндон қилибди, сўнг Лубнонга (Ливанга) олиб бориб қўйиб юборибди. Бугун тунда келармиш, келса анави иккови ҳақида ҳам маълум бўлади.
Қейин суриштириб билсам, улар тоғ йўли билан пиёда Ливанга боришар, у ердан арзонроқ нархда нарсалар олиб келиб, бу ерда сотиб, тирикчилик қилишар экан. Бундан бир ҳафта илгари ҳалиги уч кишини чегара қўриқчилари ушлаб олишган экан. Сурияда норасмий яшаётгани ва норасмий йўл билан савдогарлик қилаётгани учун уларни Ливанга олиб бориб қўйиб юборишибди. Бу кўргуликлар таваккалчи Афғон ўзбеклари учун одатий иш экан. Намози аср ўқилганидан сўнг мен улардан жавоб сўрадим. Кўчага чиққанимда ҳаво анча совуқ бўлишига қарамай енгил ва кир-чир кийиниб юрганболаларни кўрдим. Мени кузатиб чиққан йигитлардан бу ерда неча хўжалик яшашини сўрадим. Улар юздан ортиқ оила яшашини, ҳар бир оилада камида ўн, кўпида йигирмадан ортиқ жон борлигини, кексалар субҳ намозидан пешин намозигача Дамашқ кўчаларида пойафзал тузатиб тирикчилик қилишларини, қолганлар эса бозорда ишлашларини айтиб бердилар. Улардан бири ўз бобоси ҳақида гапириб, асли ўзбекистонлик эканлигини, бобосининг айтишича, уларнинг ҳовлилари ва яйловлари Самарқанд шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда бўлганлигини гапирди. Бундан уч ой илгари отаси шу ерда қазо қилибди, икки акаси бир йил муқаддам Туркияга кетган, ҳалигача хабар келмас экан. Улар мени катта йўлгача кузатиб қайтдилар. Мен Дамашқ микроавтобусига чиқиб кетдим.
Орадан бир ойлар чамаси фурсат ўтгач, яна дўстим Абдураҳмон зиёратига бордим.
— Сиз бизни йўқласангиз, сизни худо йўқласин, қардош, қани чодирга марҳамат, — деб ичкарига бошлади у. Бу сафар мени кираверишдаги кичкина меҳмонхона чодирга олиб кирди. Бир оздан сўнг 8 ёшли катта ўғли Раҳмиддин чой олиб кирди. Узоқ суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбат чоғида у ҳозирги кунда ишлари анча қийинлашгани, кўпчилик оилалар Туркияга кўчиб кетаётгани, Сурия полицияси гоҳида чодирларигача келиб, кўчиб кетишни талаб қилаётганини маъюсланиб гапирди. Ўзининг қандай қилиб бу ерга келиб қолгани ҳақида ҳам гапириб берди.
— Бизнинг уй ва ерларимиз Кобулдан 500 чақиримлар нарида, — деб ҳикоясини бошлади Абдураҳмон. — Урушнинг дастлабки ваҳималари бизни унчалар қўрқита олмади. Биз уч ака-ука бўлиб, ҳар биримизнинг ўз еримиз, чорвамиз, уйимиз бор эди. Кейинроқ бизнинг тарафларга ҳам тез-тез шўравий сорухлари (ракеталари) тушиб, қишлоқларни ва ерларни вайрон қила бошлади. Отам илгари оламдан ўтган, онам катта акам билан яшар эди. Бир кеча онам бизникига келиб тунаб қолди. Ярим тунда хабар келдики, ўша акамнинг уйига сорух (ракета) тушибди. Ишонасизми, саккиз фарзанди бор эди. Инсон зоти нарида турсин, қўй-молидан ҳам бирор нарса тирик қолмабди. Орадан уч кун ўтгач, онам ёнига ўтқазиб: «Бола-чақангни ва укаларингни олиб, бу юртдан чиқиб кет, агар кетмасанг рози эмасман, мен йўлга ярамайман, кичик тоғанг билан сенинг уйингда қоламиз», деди. Бу гапни рад этишнинг иложи бўлмади. Икки йил Покистонда юрдим, у ердан Покистон паспортини олиб, Сауд Арабистонига бордим, ҳаж қилдим. Кейин сув йўли билан Лубнонга, ундан тоғ йўли билан Сурияга, мана шу кулбага келиб қолдик-да, қардош.
Абдураҳмон гапини тугатиб, бир нуқтага узоқ тикилиб қолди. Мен ҳозир у онаси ҳақида ўйлаётганини билардим, лекин бирор тасалли берувчи сўз топиб, унинг кўнглини кўтара олмас эдим. Бир оздан сўнг менинг ноқулай вазиятимни сезиб, гапни бошқа ёққа бурди. Ўтирган ўрнида бақириб ўғлини чақирди ва унга янги чой буюриб, яна гап бошлади:
— Уч кун бўлди, беш оила автобус билан Туркияга жўнаганди, тўрт оила ўтиб кетибди, бир оила қайтиб келди кеча оқшом. Бечора майда болалари билан кўп азоб чекди. Дунё ишлари шундай бўларкан-да, қардош, улар жўнаган куни мени полиция ушлаб олди. Худди шу Мақом (Зиёратгоҳ) ёнида, яхшики қўйнимда мол йўқ эди, дўқ-пўписа билан қўйиб юборди. Бу анави хижротда (биздаги паспорт столи каби ташкилот) бирор танишингиз йўқми? Иқома (бирор жойда яшаш учун рухсатнома) қилиб берса, анча тинчиб қолар эдик-да.
Минг афсуски, бу иш қўлимдан келмасди. Бир амаллаб узримни айтдим. Сўнг у бизнинг Ўзбекистондаги деҳқонлар ҳаёти ҳақида сўраб-суриштира бошлади. Мен аввалги аҳвол, ҳозирги бўлаётган ўзгаришлар, умуман, кўп нарсалар ҳақида гапирдим. У барчасини катта қизиқиш билан тинглади.
Мен ўша куни уйга қайтиб келганимдан кейин ҳам, орадан 2—3 кун ўтгандан кейин ҳам бу муҳожирлар Ўзбекистонга бормасмикан? Агар боришса бундан тузукроқ яшашади-ку, деган фикр хаёлимдан кетмади ва келаси жума кунигача бирор тузукроқ таклиф топиб, уларга айтмоқчи бўлдим. Атрофлича ўйлаб, жума куни яна ўзбеклар лагерига йўл олдим. Абдураҳмон уйида экан, уни чақириб, «Мўйсафидлар билан маслаҳатлашадиган иш бор», — дедим. У чойга таклиф қилди, эътирозимдан сўнг, юринг бўлмаса масжидга деб, чодирлар ораси билан йўл бошлади. 10—15 чодирли ҳовлидан сўнг узун чодир олдида тўхтадик. Бу чодир ўзбеклар лагерининг масжиди экан. Биз ичкарига кирганимизда йигирмадан ортиқ ёшу қари кишилар ўзаро суҳбатлашиб, чой ичиб ўтиришган экан. Мени бу ерда қолдириб, Абдураҳмон қолганларни йиғиб келгани кетди. Ўтирганлардан бири — эллик ёшлардаги киши менга яқинроқ келиб қуюқ сўрашди-да, шундай деди:
— Меҳмон, сиз тунов куни келган экансиз, мен бир ерга кетган эдим, сизни кўрмаганим учун кўп пушаймонда эдим, хуш келдингиз, дурустмисиз, мен бундан ўн йил бурун Ўзбекистонга борганман, у ерда тоғаларим, кўп қариндошларим бор. Термиздан поездда ярим кеча юрасиз, сўнг жипда (ГАЗ—69 машинаси демоқчи) бир соат юрасиз, ўша ерда бизнинг қариндошлар бор, ҳаммаси бир жойда яшайди. Адреслари ҳам бор эди, билмадим қай гўрда қолди, тоғамни таксиси (енгил машинаси демоқчи) бор эди, онам билан борганман, уч ойга бориб, бир ой туриб қайтганмиз, уйда иш кўп эди-да.
Агар атрофдаги йигитлар у кишини тўхтатишмаганда, ҳали-бери тўхташ мақсади йўқ эди. Иккита-учта бўлиб мўйсафидлар кириб кела бошлашди. Уларнинг кўпчилиги ўтган сафарги ўтиришда йўқ эди. Бир оздан сўнг масжид тўлди. Кичкина давра кенгайиб, ҳатто пойгак тарафдаги ёшлар икки қатор ўтиришди. Мен гап бошладим. Уларга юртимиздаги кейинги ўзгаришлар ҳақида озгина гапиргач, уйда қоғозга тушириб олган фикрларимни айтдим:
— Сизлар бу ерда жуда қийналдинглар, бу ерда на сизларга қарайдиган доктор бор, на ичимлик сув бор. Сизларни шу аҳволга солган аслида бизлар. Энди бўлар иш бўлди, минг афсус қилганимиз билан иш ўрнига тушмайди, бирор чора излаб, сизларнинг турмушларингизни осонлаштиришимиз зарур. Шунинг учун сизларга бир таклиф билан келдим. Шу таклифни айтиб кетаман, сизлар ўзаро кенгаш қилинглар, мен янаги жума куни келиб жавобини оламан. Бу таклиф шундай: Сизлар Совет Иттифоқининг Дамашқдаги элчисига қуйидагича талабнома ёзасизлар:
«Биз, Афғонистонлик ўзбеклар ҳозирги кунда Дамашқ шаҳри яқинидаги бир қишлоқ четида норасмий ҳолда яишмоқдамиз. Бизнинг бу кунимизга кимлар сабабчи экани ҳаммага маълум. Турмуш шароитимиз ниҳоят даражада оғир. Ҳозир бизлар бир юз ўн оиладан иборатмиз. Ҳар оилада ўн беш-йигирматадан одам бор. Биз ҳозирги Афғонистон можароси ҳал бўлгунга қадар бирор тинч бошпана ва меҳнатга муҳтожмиз. Орамизда кексалар ва гўдаклар жуда кўп, уларнинг саломатлиги кундан кунга ёмонлашиб боряпти. Ҳар ойда 4—5 ёш болага жаноза ўқиймиз. Шунинг учун бизлар Совет Иттифоқи ҳукуматидан қуйидагича шартнома тузишни талаб қиламиз.
- Бизнинг ҳаммамизга Ўзбекистоннинг бир жойидан ер ажратиб берилади. Биз экин-тикин билан шуғулланиб, ҳосилнинг 30 процентини Ўзбекистон давлатига топширамиз. Шу иш Афғонистон муаммоси бартараф бўлгунга қадар давом этади.
- Хар бир оилага уй-жой берилади. Берилган уйларни кетиш олдидан ислоҳ қилиб, сўнг топшириб кетилади.
- Бизнинг бирор кишимизга ҳам ноўрин зулм қилинмайди.
- Бизнинг тўла эркинлигимиз таъминланиши учун, бизга бирор таҳдид қилинмаслиги учун Ўзбекистонда биз билан ёнма-ён иккита БМТ вакили ва иккита Сауд Арабистони вакили яшайди.
- Шартномани СССРнинг Дамашқдаги Элчихонасида тўрт группа кишилари имзолайди:
1-Бизнинг вакилларимиз,
2-Совет Иттифоқи вакиллари,
3-БМТ вакиллари,
4-Сауд Арабистони вакиллари.
Талабимиз адолатга асосланганлиги туфайли эътирозга учрамайди деган умид билан:
Афғонистонлик сарсон ўзбеклар».
Гапим тугаб, ўтирганларга қарадим. Уларнинг астойдил эканликларини кўриб, уларга:
— Агар сизлар шу маънода талабнома ёзсаларингиз, мен уни Совет элчисига олиб бораман, унга вазиятни тушунтираман, ҳозирги кунда бу таклифга биров йўқ демайди, — дедим.
Бир оз сукунатдан сўнг, бу фикрга астойдил қизиққан ёшлар ўз ёнларидаги ҳали фикрларини жамлаёлмаётган, гўё қуёшли кунда момақалдироқ эшитгандай ҳайрон бўлиб ўтирган мўйсафидларга айтилган гапларни тушунтириб, уларни бу ишга даъват қила бошладилар.
Хуллас, яхши умидлар билан уйга қайтиб, янаги жума кунини кута бошладим. Бу гаплар 1989 йил январь ойининг ўрталарида бўлган эди.
Афсуски, келгуси жума куни мен кутилган жавобни ололмадим. Абдураҳмон менга «Бир қисм биродарлар Туркияга кетадиган бўлишяпти, қолганлар, кўчиб юриш жонга тегди, энди кўчмаймиз дейишяпти», деди.
Мен Абдураҳмоннинг чодиридан чиқиб кетаётиб, йўлда 5—6 мўйсафид билан тўқнашдим. Улар ичида ҳалиги Термизга борган киши ҳам бор эди. Ўзаро салом-аликдан сўнг, у менга:
— Мулло, домламиз унамадилар, ҳижратимиз куяр экан, ҳижрат Каъбага, Маккага бўлади, Шўравийга борсанг, бу ерга қилган ҳижратинг ҳам куяди, дедилар, — деб очиғини айтди.
Кейинчалик улар билан яна бир неча бор учрашдим. Охирги марта 1989 йилнинг май ойида бордим. Атрофдаги ахлат ва ташландиқлар кўплиги туфайли бўлса керак, Абдураҳмоннинг чодири нарироққа жилдирилган, кўпгина чодирлар ўрни бўшаб қолган. Абдураҳмондан бу ҳол сабабини сўрасам, яна бир қанча оила Туркияга жўнаганини, у ерда қўй териси ошлайдиган корхонада ишлашаётганини айтди. У ерда бир амаллаб иқома (расмий яшаш учун рухсатнома, масалан уч ёки беш йил муддатга) олиш мумкин эмиш, бу ерда қолган қирқ хўжалик то Афғон масаласи тўла тинчигунча шу ерда яшашга аҳд қилибди. Биз анча вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Суҳбат охирида мен ҳам икки-уч ой ичида кетишим ҳақида гапирдим. У менга бир оз тикилиб тургач: «Қардош, вақт ғанимат экан, бу дунёга ҳамма меҳмон, тез‑тез келиб туринг, сиз билан гурунглашсам, кўнглим анча кўтарилади», — деди кулимсираб.
Бу сафар у мени узоқроққача кузатиб борди. Хайрлашар экан: «Ҳар ерда бизни дуо қилиб туринг, дўстнинг дўстга қилган дуоси ижобат бўлади, хайр, Худога омонат», — деб маъюс қолди.
Шу бизнинг охирги суҳбатимиз бўлди. Мен қайтиб боролмадим. Сафардан келганимдан буён ўша манзара хаёлимнинг бир чеккасини банд қилиб туради. Наҳотки, холис дуодан бошқа нарсага ярамасак? Она юртдан олисдаги қондошларга нега ёрдам қўлини чўза олмаймиз?
Суриялик ўзбеклар
Тошкент Давлат университетининг 5-курсида ўқиётганимда мени таржимон сифатида Сурия Араб Республикасига юбордилар. У ерда уч ярим йил таржимон бўлиб ишладим. Шу ўтган давр мобайнида имкони борича суриялик ўзбек биродарларим билан алоқада бўлиб турдим.
Бир неча марта адабиётчи олим Бурхон Бухорий билан суҳбатда бўлдим. Мен у киши қилаётган улкан ишларни кўриб қойил қолдим. Бурхон ака ўз уйининг ярмини илмий кутубхона, илмий компьютер маркази ва 10—12 кишидан иборат илмий ходимларга ажратиб берган ва улар билан биргаликда улкан адабий асарларни компьютер программасига жойламоқда. Зиёратларим бирида у киши мендан Алишер Навоийнинг баъзи ғазалларини ифодали ўқиб беришимни сўради. Менинг талаффузимга қараб, ғазаллар арузнинг қайси вазнида ёзилганини аниқлаб, ўзларининг қўлларидаги китобга қалам билан белгилар қўйиб олдилар. Сўнгра фахр билан шундай дедилар: «Яқин келажакда Навоийнинг айрим асарларини аруз вазнини йўқотмаган ҳолда араб тилига таржима қилиб, ўзим тузган махсус транскрипция асосида компьютерга киритамиз ва компьютер бу асарларни инглиз ва немис тилларига таржима қилади».
Бурхон ака Бухорийнинг бу гаплари мени тўлқинлантириб юборди. Уйга кираверишдаги кенг хона деворига ўрнатилган Алишер Навоийнинг катта портрети гўёки шу улкан илмий ишларни руҳан кузатиб, уларга мутасадди бўлиб тургандай эди. Мен шу буюк сиймо олдида ўзимни ноқобил фарзанддай хижолат сездим, чунки биз у кишининг улкан асарларини жаҳондаги бошқа халқларга етказиш уёқда турсин, ўз халқимиз орасида ҳам ўрганиб, ўргатиб бўлганимиз йўқ-ку! Бу меҳнатлари ва ўз халқига бўлган садоқати, муҳаббати учун Бурхон акага катта миннатдорчилик билдирдим. У киши ўз навбатида қилаётган ишлари ниҳоясига етгач, бир компьютер ва Алишер Навоий асарлари программалаштирилган дискетни Ўзбекистонга совға қилиш ниятида эканликларини айтдилар.
Орадан бир оз вақт ўтгач, Абдулмажид ака Бухорийни бир зиёрат қилиб ўтиш мақсадида, у кишининг дўконига ёордим. Бу дўкон асосан товуқ ва чорва фермалари учун зарур баъзи асбоб-анжомларни тайёрлаб сотади. Бино ортида шу дўконга қарашли кичик корхона ва 3— 4 ишчи бор. Дўкон Дамашқ шаҳрининг эски шаҳар қисмига жойлашган. Махсус дўкон бўлгани учун кўп вақт харидорсиз, бўш бўлади. Эртадан пешинга қадар дўконда Абдулмажид ака, тушдан сўнг ўғли Ёсир Бухорий туради. Мен борган куним Абдулмажид ака кутиб олди, Одатдагидек дарҳол чой узатди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, бироз дам олганимдан сўнг, у киши мендан «Таъзияни эшитдингизми?» — деб сўраб қолди.
— Йўқ. — дедим.
— Қеча Бурхоннинг онасига жаноза ўқидик, раҳматли энг кексаларимиздан эди. Ўзбекистоннинг Шаҳрихон шаҳридан эдилар. Бугун, эртага ва эртадан кейин, уч кун мобайнида кеч соат 5 дан то соат 8 гача таъзия қабул қилинади, Бурхоннинг уйида, — деди.
Ўша куниёқ таъзияга бордим. Беш қаватли бино бизнинг Совет элчихонасидан тахминан 300 метрлар нарида жойлашган, Бурхон ака шу бинонинг 5-қаватида истиқомат қиладилар. Бинога кириш эшиги олдида 5—6 кииш таъзияга кирувчиларни қўл қовуштириб кутиб олмоқда, ичкарида лифтни ҳозирлаб турган икки ўспирин йигит келувчиларга тавозе кўрсатиб турибди. Бешинчи қаватга кўтарилиб, Бурхон аканинг уйларига кирдим.
Кираверишда турган ва кенг уйнинг бир тарафида қатор ўтирган 10—12 кишининг қиёфаларидан уларнинг ўзбек эканликларини аниқ сезилиб турибди. Узунлиги 10 метрли бу хонанинг тўрида иккита қори навбат билан Қуръон тиловат қиляпти. Таъзияга кирган ҳар бир гуруҳ 6—8 кишидан иборат бўлиб, 2—3 минут тиловат эшитар, хона ўртасида хизмат қилиб турган кишилар келтирган қаҳвадан ичишар, сўнгра навбат билан таъзия қабул қилувчиларга бир-бир қўл бериб чиқиб кетишар ва яна навбатдагилар кириб, худди шу ҳол такрорланар эди.
Лекин қорилар атрофларидаги бу кирди-чиқдиларга беэътибор қироатларида давом этардилар. Ҳар бир қори 15—20 минутда қироатни тўхтатиб, дуога қўл очар, ўқилаётган ва тингланаётган тиловат савобини марҳума руҳига бағишлаб, юзига фотиҳа тортиши биланоқ иккинчи қори қироатни давом эттирар эди. Замонавий овозкўтаргичлар тиловатни янада мунгли ва таъсирли қилиб юборар эди.
Таъзиядан қайтаётганимда лифтга мен билан бирга икки ёш йигит чиқди. 18—20 ёшлардаги бу йигитлар Сауд Арабистони шевасида мендан ҳол-аҳвол сўраб, ўзларини танита бошладилар. Улар Бурхон аканинг жиянлари бўлиб, Сауд Арабистонида яшар эканлар. Пастда ярим соатлар чамаси суҳбатлашдик. Бу йигитлар ҳам кўпгина Суриялик ўзбеклар каби ўз она тилларини билишмас экан. Лекин улар албатта ўзбек тилини ўрганишлари ва биринчи имкониятдаёқ ота-боболарининг ватани — Ўзбекистонни зиёрат қилиб, келажакда борди-келди қилиш мақсадлари борлигини айтдилар.
Яна бир куни Абдулмажид аканинг дўконида у кишининг катта акаси Абдуллатиф билан ҳамсуҳбат бўлдим. У Дамашқлик ўзбеклар ичида анча жонкуяр киши экан. Суҳбат асносида Абдуллатиф ака «Ватан» жамияти фаолиятидан унча хурсанд эмаслигини сездим. Бунинг сабабини сўрасам, у киши шундай жавоб берди:
Биз бу ерда яшаш жараёнида араблар билан қуда-андачилик қилдик. Натижада аралаш оилалар пайдо бўлиб, фарзандларимизга ўзбек тилида гапиришни ўргатиш имкони бор оз сусайди. Албатта, бу бизнинг фарзандларимиз ва она ватанимиз олдида кечирилмас гуноҳимиздир. Энди биз шу гуноҳни ювиш мақсадидамиз. Шу ниятлар билан қилган талабларимизга акс-садо чиқмаяпти. Мана ёшим ҳам элликдан ошяпти, гоҳида шу фикрларни ўйлаб, тонг оттираман. Биз, Суриялик ўзбеклар ўртаҳол яшаймиз. Бировга муҳтож эмасмиз, лекин Сауд Арабистони ўзбеклари, Америка ўзбеклари каби миллионерлар бизнинг ичимизда йўқ. Агар алоқаларимиз яхши бўлиб, борди-келди бемалол бўлиб қолса, ҳар йили икки марта бориб келишга ҳам қурбимиз етади. Гоҳо Америкалик қариндошларимиз келиб туришади. Улар фарзандларимиз она тилини билмаганликлари учун биздан хафа бўлишади. Бу гаплар менинг ярамга қайта туз сепади. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда ўғил-қизларимизнинг фақат фамилиясигагина Бухорий деб ёзилади. Чунки Бухорий дегани ўзбекистонлик, ўзбек деганидир. Тарихда ўтган улуғ ислом олими, ҳадиснавис аллома Исмоил Бухорий ватандошимиз бўлгани учун бизни араблар алоҳида ҳурмат қиладилар. Фарзандларимиз эса Бухорий тилини, яъни ўзбек тилини билмайдилар. Лекин Оллоҳга беадад шукурки, улар қалбида ўз боболарининг ватани ва тилига муҳаббат уйғота олдик. Афсуски, фарзандларимизга ўзбек тилини ўқитиш ва келажакда Ўзбекистонда таҳсил олдириш ниятида қилган барча ҳаракатларимиз натижасиз бўлиб қолмоқда.
Бизнинг ўзбек тилида бўлаётган суҳбатимизни тушуна олмаётган Ёсир Бухорий бир менга, бир амакисига қарар ва амакисининг норози қиёфасини кўриб ҳайрон бўларди. Мен Абдуллатиф акани юпатиш ва умидлари руёбга чиқишига оз қолганлигини айтиш мақсадида ҳозирги кунда Ватанимизда рўй бераётган кескин ўзгаришлар ҳақида гапириб бердим. Ёсир яхшироқ тушуниши учун баъзи муҳим воқеаларни араб тилида гапирдим. Шундан сўнг суҳбатга Ёсир ҳам аралашиб:
— Агар биз барча қариндош-уруғларимиз билан, яъни кўпчилик Суриялик ўзбеклар Совет Элчихонасига бирор илтимоснома ёзсак, шу илтимосномамизни Совет элчихонасидаги масъул раҳбарларга ва Ўзбекистондаги мутасадди ватандошларга етказа оласизми? — деб қатъий сўраб қолди. Мен унга арабларда жуда кўп ишлатиладиган «ала роъси» яъни, «бош устига» деб жавоб бердим.
Келишиб олганимиздек, бир ҳафтадан сўнг мен Ёсирдан уларнинг талабномасини олиб кетдим. Талабнома қуйидагича эди:
Совет Иттифоқининг Сурия Араб Республикасидаги Элчисига,
Совет Иттифоқининг Дамашқдаги Консулига,
Совет Иттифоқининг Дамашқдаги Маданият маркази Мудирига,
Ўзбекистондаги «Чет элларда яшаётган ўзбек миллатига оид кишилар билан маданий алоқа ўрнатиш «Ватан» жамияти» ҳайъатига.
Биз, Сурияда яшовчи ўзбек фарзандлари Сизларга талабнома тақдим этиб, ўз фарзандларимизга она тилини ўқитиш ишларида маданий ёрдам беришларингизни сўраймиз. Кошки бу ўзбекистонлик қондошларимиз билан алоқани мустаҳкамлашга бир восита бўлса. Биз бу талабимиз сабабини қуйидагича баён этамиз. Бу ерда ўзбек тилини бировга ўргатиш даражасида яхши биладиган кишилар йўқ, ундан ташқари тил ўргатиш учун дастлабки қўлланмалар йўқ.
Кўп сонли, ўзбек тилини ўрганиш истагида юрган ўзбекларни назарда тутиб, Дамашқдаги Совет маданият марказида рус тили ўқитилаётгани каби шу марказ қошида ўзбек тилини ўқитиш курсларини очиб беришларингизни илтимос қиламиз. Бундан ташқари, Сауд Арабистонида истиқомат қилувчи ўзбек биродарларимизда ҳам ўз она тиллларини ўрганишга рағбат катта. Лекин Совет Иттифоқи билан Сауд Арабистони ўртасида маданий алоқа бўлмагани учун улар ҳам зарур қўлланмаларни биздан сўрашмоқда. Совет маданияти марказида кенг оммавий ишлар олиб борилаётганлигига қарамай, бизнинг она Ватанимиз билан алоқаларимизга эътиборсизлик билан қарамоқдалар.
Агар Маданият марказида ўзбек тили курси очилса, келажакда Ўзбекистон билан алоқаларимизни мустаҳкамлаб, ўзимизнинг шахсий сарф-харажатларимиз ҳисобига фарзандларимизни Ўзбекистон олий таълим даргоҳларига юбормоқчимиз. Ҳозирги пайтда бирор киши Тошкентга сафар қилмоқчи бўлса: жуда кўп тўсиқларга дучор бўлади. Бир амаллаб у ерга борган чоғида ҳам, ўзи хоҳлаган бирор илм даргоҳида таҳсил ололмайди.
Шу сабабли биз сизлардан шу масалага эътибор беришларингизни ва иложи борича тезроқ бирор чора кўришларингизни сўраймиз. Чунки бу иш натижасини фақат биз эмас, балки кўпгина қўшни давлатларда яшовчи ўзбек биродарларимиз ҳам кутмоқда.
Сизларга чуқур эҳтиром билан:
Абдулҳамид Бухорий, Абдуллатиф Бухорий,
Абдулмажид Бухорий, Бурхон Бухорий,
Муҳаммад Амин Бухорий, Абдулҳафиз Бухорий,
Абдулазиз Бухорий, Абдулҳодий Бухорий,
Фаруҳ Бухорий.
Тошкентга қайтиб келганимда қўлимга «Ёшлик» журналининг 6-сони (1989 й.) тушиб қолди. Унда Эркин Воҳидов билан қилинган суҳбатни ўқиб, ўзим айтмоқчи бўлган қуйидаги жумлаларни топдим: «Ўзбекларнинг кейинги авлодлари урф-одатлардан узоқлашиб қолиши мумкин. Шу сабабли ўзаро алоқаларни зудлик билан кенгайтириш зарур. «Ватан» жамияти, чет мамлакатлар билан маданий алоқа боғлаш Ўзбекистон жамияти, қолаверса, «Ёшлик» журнали бу ишга бош қўшишлари керак. Америкалик ўзбекларнинг (бу ўринда мен ер юзидаги барча ўзбекларнинг демоқчиман) она юртга келиб-кетишларига имкон яратиш, уларнинг фарзандларини мактаблар, олий ўқув юртларига ўқишга таклиф этишимиз лозим».
Жуда улуғ ва зарур ишлар. Айниқса, узоқ юртлардаги қондошларимиз умид билан бизга кўз тикиб турганларида бу хайрли ишни эртага қолдирмайлик.
Республика ташқи ишлар министрлиги ва юқорида номлари тилга олинган ташкилотлар бу ишга бош қўшади, деб умид қиламиз.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 2–сон