Қачонлардир унинг кетмони учганди. Уруш қўпган замон эди. Қишлоқ кезиб, қўшиқ куйларди. Уни рамақижон, лекин жони қаттиқ, зиқна ва шанғи Матрёна Кондакова етаклаб юрарди. У Матрёна Кондаковани хотинжон деб атарди.
Кўпинча у қишлоқ дўкони бўсағасида ўтирволиб, қўшқатор бармоқбосдили рус гармонини чиқазар, тиззасига қўйволиб ҳафсала билан узоқ созлар, елкасидаги тасмани тўғрилаб оларди… У, албатта, артист эди. Тингловчиларни шайлар, кўнглини ийдирарди. Тинч-хотиржам ўтирарди. Сўқир кўзлари (у туғма кўр эди) аллақаёқларга, олис-олисларга “тикиларди”. Мана шу дақиқаларда уни кузатиш қизиқ эди. Матрёна ҳуда-беҳудага тантанали томошани бузаверарди – тимирскиланиб, чақа-пул ташлаш учун зинага алюмин дўлчани қўяр, негадир гулдор кашмири шолрўмолни ярашса-ярашмаса – ахир, ёш қизча эмас – бошига ташлаб оларди… Матрёнага кўп ҳам эътибор беришмасди. Ганяга назар солишарди. Кутиб туришарди. У эса аста, сипогина йўталиб оларди-да, бошини салгина хам қилиб, ёлғиз ўзигина кўрадиган олисларга “тикилганча”, бошларди…
Анча-мунча қўшиқ биларди. Ҳаммаси уруш, зиндон, етимчалар, дайдилар ҳақида бўларди… Орасида “диний”лари ҳам чиқиб қоларди, бироқ ортидан “қизил” қўшиқлар янграрди. Ёқмаса, илтимос қилишарди:
– Ган, оёқсиз ҳақидагини бошла.
Ганя меҳрибон Художондан ақалли тушида бўлсаям оёқчалар ато этишни сўраган, юриш қанақа бўлишини билишни жуда-жуда истаган оёқсиз (қизалоқ) ҳақидагисини куйлаб кетарди…
Хотин-халаж ҳиқиллашга тушарди.
Матрёна ҳам кашмири шолрўмолининг бир учига кўзёшларини артиб оларди. Ким билсин, балки жўрттага қилгандир. У илоннинг ёғини ялаганлардан эди.
Ганя “сибмахлаг”чилар (Сибир лагерлари маҳкумлари) ҳақида, қочишни эплаган сургун ҳақида куйларди; ўша қочоқ қочишга қочибди-ю, қаёққа боришни билмай боши қотибди, чунки хотини – суюқоёқ биттасига илакишиб, дом-дараксиз йўқолган экан-да.
Кейин “мовий, одми дуррача”ни куйларди…
Дамлари ичига тушиб тинглашарди. Ганя паст, бўғиқ овозда айтар, баъзида (авжига чиққанда) бирдан жим бўлиб қолар, фақат созига зўр берар, сўнгра яна давом этарди. Қўшиқлари ҳар хил бўларди.
Якшанба кун кампирча
Зиндон сари йўл олди.
Оч қолгандир ўғилча,
Тугун қилди, “оҳ” солди.
Ганя йироқларга “тикилгани”, юзи қайғули ва жиддий тусга киргани учунми, кампирча турма дарвозасига яқинлашгани, тугунчасида ул-бул: бир тишлам мой, бўғирсоқ, тухум, латтага ўралган туз, бир шиша сут борлиги кўриниб кетарди гўё…
Тугунни бер, окаси,
Йўлда ҳамма гап қотди –
Зиндонбанд кўп, нечаси
Очлигидан тош қотди.
Хотин-халаж, қари-қартанг, бола-бақра буларнинг барчасини ўзларича тушунишарди – у ёқда бояқишлар кўплигиниям, очликдан тиришиб қолишлариниям. Ўша бечора “ўтирган”га, кампирнинг ўғлига “ризқ”ини етказишларини чин дилдан исташарди – озгина бўлсаям қорнига бирон нима тушсин, чунки аҳмоққаям аёнки, авахтада ўзи эмас. Аммо…
Деди қўрчи ёйилиб:
“Ўғилгинанг гум бўлди.
Ўтган кунда отилиб,
У дунёга ем бўлди”.
Бўғизга алам-доғ тиқилиб қолади. Одамни ўкириб юборгиси келади… Ганя англаб турарди буни. Аммо миқ этмасди. Фақат мис қиррали эски гармонигина садо бераверарди. Кейин эса:
Ортга қайтди кампирча
Зиндондан бош эгганча…
Билмас энди ҳеч кимса
Юракдаги доғ қанча.
Қанақасига билишмасин – билишарди! Кўз ёши қилиб олишарди-да, дўлчага бешталик, ўнталик, йигирматаликларни ташлашарди. Матрёна ким қанча бераётганини ҳушёр кузатиб турарди. Ганя бўлса гармонини қучоқлаб ўтирар, ҳамон ўзининг олис, номаълум сайхонликларига “тикилгани тикилган” эди. Бу нигоҳлар ғалати эди, тушунтириб бўлмас даҳшатли, юракни эзадиган.
Кейин уруш тугади. Омон қолган эркаклар қайтиб келишди… Қишлоққа жон кириб, гавжумлашди. Радио ўтказишди, патефон олиб келишди – Ганя энди ортиқчадай туюлди. Матрёна иккови кезинишдан тўхташмади, лекин уни барибир берилиб тинглашмасди. Тўғри, садақа беришарди, шундай – раҳм қилиб, кўзи ожиз одам, амал-тақал бўлсаям тирикчилиги ўтсин, деб. Кейинроқ Ганяни қишлоқ идорасига чақиришиб:
– Сенга нафақа тайинлаймиз. Энди санғиб юрмагин, – деб уқтиришди.
Ганя анчагача раисга ёнламасига қараб, оғзига талқон солиб ўтирди. Сўнгра:
– Ҳимматли ҳукуматимизга раҳмат, – деди-ю, кетди.
Шундаям сандироқлашни қўймади, фақат узоқроққа, ўша “исқоти радиў” ўтказилмаган ерларга борадиган бўлди.
Аммо қанча узоққа борса, шунча баттарлашаверди. Ёш-яланг ҳатто уларнинг устидан кулишгача борди.
– Сиз, амаки… кўзга ёш келтирворяпсиз-ку. Шўхроғидан чалсангиз бўлмайдими?!
– Ҳе, занғарлар, – дили оғриди Ганянинг. – Эҳ, кўп нарсани тушунасанлар-да!
Шартта гармонини йиғиштириб, қопчиғига соларди-да, Матрёна билан яна олға кетишарди… Лекин борган сари аҳвол чатоқлашаверди.
Шундан кейин Ганя дайдишни бас қилди.
Матрёна икковлон тоғ этагидаги чоққина кулбада туришарди. Матрёна полизда куймаланарди. Ганя нимага уннашни билмасди. Ичадиган одат чиқарди. Ўзларининг ерларида Матрёна билан ит-мушук бўлиб олишарди.
– Нафсингга ўт тушсин! – шанғилларди Матрёна. – Ичиб адо қиласан нафақангни, кейин икки бармоғимизни бурнимизга тиқиб ўтираверамизми?! Хумкалланг ишлайдими ўзи ёки умуман илма-тешик бўп кетганми?
– Юм оғзингни, – дўқ қилди Ганя. – Умуман очма!
– Капгир билан бошингга бир тушираман – очиш қанақалигини кўрасан ўшанда!.. Шайтон олгур, кўрсоққа.
Ганя докадек оқариб кетди.
– Сен менинг соққаларимга тил теккизма! Нурдан ажратган сенмассан мени, ким қўйипти сенга бу гапларни валдирашни!
Ганя алланечук тажанглашиб қолди. У-бу жойга, тўйга айтишса, бош тортадиган бўлди.
– Мен сизларга масхарабозмасман, яллама-ёрим қилишларинг учун тинғир-тинғир чалиб бергани. Уқдингларми? Энди патефонларинг бор – ўшанинг ноғорасига ўйнайверинглар.
Бир сафар қишлоқ идорасидан ёшлар келиб-кетишди (афтидан, Матрёна ҳаллослаб бориб шикоят қилган), юрак ютиб оғиз очишди:
– Сиз шунақа бир… кўзи ожизлар жамияти борлигини эшитгандирсиз…
– Ана ўшаққа бориб ёзилинглар, – деди Ганя. – Менга шу ер ҳам бўлаверади. Анави… менинг… унга айтиб қўйинглар: яна бир марта идорама-идора чопадиган бўлса, оёқларини синдираман.
– Нега шунақасиз-а?
– Қанақа?
– Сизга яхши бўлсин дейиляпти, ахир…
– Мен эсам истамайман! Улар исташса, мен истамайман! Шунақаман… нокас туғилганман, ўзимга яхшиликни раво кўрмайман. Нафақамни тўлаб турибсизлар, шунисига раҳмат. Ортиқ ҳеч вақо керакмас сизлардан менга. Ўша жамият-памиятларингда бало борми менга? Пайпоқ тўқиб, радио эшитиб ўтираманми?.. Раҳмат! Ўшақдагиларга мендан бошим ерга теккунча таъзимимни етказиб қўйинглар.
…Фақат бир марта Ганянинг кўнгли орзиқиб кетди, жон киргандай бўлди, ёшариб кетгандай туюлди ҳатто…
Шаҳардан аллақандай одамлар – уч киши келиб сўрашди:
– Гаврила Романич Козлов шу ерда яшайдими?
Ганя сергакланди.
– Нимайди? Жамиятга бориш учунми?
– Қанақа жамият?.. Сиз кўпгина қўшиқ биларкансиз, бизга айтишди…
– Хўш?
– Бир эшитсак дегандик. Ёзиб олсак бўларди…
– Нега? – ўсмоқчилади Ганя.
– Биз халқ қўшиқларини йиғамиз. Ёзиб оламиз. Қўшиқлар ўлмаслиги керак…
Шундай сўзларни айтган тилингга шакар, шаҳарлик!.. Ганя дик этиб ўрнидан турди, маъносиз кўзлари пирпираб кетди… Кўзёшларини тиёлмади, қуйилиб келаверди, одамлар олдида ер ёрилмади-ю, кириб кетмади. Кейин қовоғини уйиб, йўталиб қўйди, анчагача чурқ этолмади.
– Бизга куйлаб берасизми?
– Куйлаб бераман.
Бўсағага чиқишди. Ганя зинапояга ўтирволди, тағин гармонини тиззасига қўйволиб ҳафсала билан узоқ созлади, елкасидаги тасмани яхшилаб тўғрилаб олди. Яна йироқ-йироқларга “тикилди”, юзида тантана ва жиддият балқиди. Мунг ва нафислик ҳам.
Эрта кузакнинг тўкин-сочин кунларидан бири, ерда тинчлик-осойишталик, танни яйратар илиқлик ҳукм сурмоқда. Қишлоқда ёш-у қари карам кесишга, картошкани ўрага кўмишга, томорқаларда экин-тикин пояларини қуруқлигида ёқишга шошиб, иш қайнаётган мана шундай роҳатижон кунда ҳеч ким Гаврила Романич Козловникида бугун шодиёна эканини билмасди.
Томорқадан Матрёна етиб келди.
Қўшни Егор Анашкин четандеворга суяниб олди… Бўсағага аллақандай чамбараклар қўйиб, қўлларида ёндафтар билан Ганяни эшитишга тараддудланиб турган шаҳарликларга анграйиб қолишди.
– Бошланишига мунглисидан бўлсинми ёки турма ҳақидагисиданми? – сўради Ганя.
– Истаганингиз.
Ганя қўшиғини бошлади… Ўҳ, куйлагандаям, шундай куйладики! Аввалига оёқсиз қизча ҳақидагисини айтиб кўрди. Нима дейишаркин, деб тўхтади. Зўр завқ билан йироқларга “тикилди”.
– Биронта, ҳалиги… жиддийроғидан… Йўқ, буям яхши! Лекин… биронта ҳақиқий дардлисидан бўлсин…
– Наҳотки, оёқсиз қолиш дард бўлмаса? – ҳайронланди Ганя.
– Дард, дард, – кўна қолишди. – Хуллас, истаганингизни куйлайверинг.
– Митрофан мозор жойда
Ота қизин шарт отди, –
қўшиғини куйлай кетди Ганя. Ич-ичидан тўлиб-тошиб, қойиллатиб куйлади.
– Бунисини биламиз, эшитганмиз, – деб шартта тўхтатишди уни.
Ганя эловланди.
– Бўлмаса, қанақаси?
Шу жойида уч шаҳарлик ўзаро баҳслашиб кетишди: бири қаторасига ёзиш керак, деса, иккитаси, нега экан, деб оёқ тираб туриб олди.
Ганя зўриқиб эшитиб турди. Ўша-ўша олисларга “тикилиб” қолди – афтидан, уни тинглаб, баҳслашган эмас, ҳиқ-ҳиқ йиғлашган дамларни тасаввур қилди.
– Турма ҳақидагисиям бор, девдингиз. Қани. Бир эшитайлик.
Ганя гармонни ёнига қўйди. Тутатиб чекди.
– Турма – ёмон гап, – деди. – Худо кўрсатмасин. Нима қиласизлар-а?
– Нега, ахир?!
– Йўқ, яхшилар, етар. Ўйин-кулги қилдик, шунинг ўзи етади. – Яна-тағин тескари тўнини кийиб олди Ганя.
– Одамлар илтимос қилишяпти, ахир! – тумшуқ суқди Матрёна. – Намунча ўзингни тарозига соласан?
– Ўчир! – чўрт кесди Ганя.
– Эшак, – деди-ю, Матрёна томорқага қараб кетворди.
– Биздан ранжидингизми? – сўрашди шаҳарликлар.
– Нега ранжирканман? – ҳайрон бўлди Ганя. – Йўғ-э. Нега экан? Сизларга қанақа қўшиқ кераклигини билмас эканман, холос. Бор-йўғи шу.
Шаҳарликлар жомадонларини йиғиштиришди, Ганяга ташаккур билдириб, уч рубл беришди ва кетишди.
Егор Анашкин пастак четандевордан ошиб ўтиб, Ганянинг ёнига чўкди.
– Ростданам, нимага тихирлик қилдинг? – қизиқсинди у. – Айтиб беравермайсанми, кўпроқ ташлаб кетишармиди.
– Чўчқаларингни боқяпсанми? – сўради Ганя бирмунча сукутдан кейин.
– Боқишга-ку боқяпман, – хўрсинди Егор. – Энди қаёққа гумдон қилишни билмаяпман жин ургурларни. Ўшанда боплаб лақиллатишди-да, биттасини беш пулданмиш! Энди қаёққа етаклайман ўлгурларни? Бозоргами – шундоғам менсиз тиқилиб ётибди ағда, бир менмидим шунақа…
Егор тутун бурқситиб, ўйга толди.
– Э, сени қара-ю, чўчқавоз! – деди Ганя бирдан қувнаб. – Ма, учталикни ол – бориб бир шиша опке. Чўчқаларингнинг соғлиғи… иннайкейин… ғам тортмаслигинг учун ичамиз.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон