Юсуф Самадўғли. Гуллар (ҳикоя)

Укам Воқифга

Концерт бошланишига саноқли дақиқалар қолганди.
Саҳнага қўшни хонага бугунги концерт иштирокчилари тўпланишганди. Уларнинг кўпчилиги таҳминан ўн беш-ўн олти яшар болалар эди. Кимдир муаллимнинг ёнида сўнгги бора маслаҳатига қулоқ солар, кимдир скрипкасини, кимдир торини созларди. Ҳаммаси ёш бўлишига қарамай баъзида шивирлаб гаплашишар, ўзини иложи борича совуққон кўрсатишга урунишарди. Лекин, тан олиш керакки, бундай ҳолларда ҳаяжон сунъий совуққонликни маҳв этади. Уларнинг ҳаяжонланиши табиий эди. Ахир бугун уларнинг илк концерти.
Тохир хонанинг саҳна сари очилган эшиги ёнида ўтирарди. У пиёнисталардек тез-тез кафтларини оғзига яқинлаштириб нафаси билан иситарди. Қора рангли кастюм тўлача баданига ёпишиб турар, оқ ипак кўйлагининг ёқасини олифталарча нимчаси устидан оширганди. Сифатининг чизгилари қўпол бўлса-да жозибадор эди. Тиришган пешонаси уни ўта ўйчан кўрсатарди.
Унинг кўриниши, чеҳрасида музлаб қолган табассум юрагида яширин бир туйғу ҳукм сураётганидан далолат берарди. Бу яширин ҳиснинг исми нақадар содда ва равшан бўлса, шунчалик мудҳиш эди. Дард!
Ўн олти яшар одамда нима дард ҳам бўларди дейсизми? Шаҳар уни анча шаънлаштирганди. У ўзини ҳудди энди ҳеч қачон ёмон кун кўрмайдигандек, ҳамиша масрур яшайдигандек сезарди. Ҳаётда дуч келган ҳар нарса унинг назарида оддий, табиий ҳолида қолмас, катталашар, гўзаллашар, ҳар бир шахс эса у учун маҳорати ва номуси тажассум этган инсонга айланиб борарди. Бугунгача унинг ўн олти йиллик умри чексиз-чегарасиз чаманлик қўйнидан сокин оқиб ўтаётган дарёга менгзарди. Бу дарё на булғанган, на қояларга урилган, нада бирор тўсиққа дуч келганди.
Бироқ бешафқат дард шаффоф сувга тушган сиёҳ томчиси каби унинг ҳаётини булғарди. Тохир аввалига ўксинса ҳам, вақт ўтган сайин дарднинг ҳам муҳаббат, севинч каби табиий ҳислигини англади.
Тохир ўрнидан туриб ҳамроҳларига қаради. Улар қанчалик бахтиёр эди. Ҳаммасининг хаёли битта нарсада – концертда эди. Тохирни эса бу унчалик ҳам ўйлантирмасди. Уни хаёлга толдираётган нарса бошқа эди.
Шу маҳал тўсатдан кимдир унинг қўлидан тортди. Бу Тохирнинг мактабдоши, “Тарзан” лақаби билан танилган Ҳасан эди. Ҳасан оқ садаф билан безалган торини қирмизи стол устига қўйди ва Тохир томонга ўгирилди:
– Тохир, юрагим ёрилай деяпти, – дея уни эшик томонга тортиб пардадан мўралади, зални бир қур кўздан кечирди ва сўзида давом этди, – Ё Худойимей, шунча одамнинг олдида қандай чаламан ахир?
Тохир мийиғида кулди. Унинг бурнини икки бармоғи орасига сиқиб:
– Қўрқма, йўлбарс боласи, – деди, – сен “Забул”ни чал, кўрасан ҳали, қандай олқишлашади.
– Кўрамиз албатта!
Ҳасан яна бир марта “Ё Худойим” деб торини қўлига олдию хонанинг нариги бошига йўл олди. Тохир эса парда оралаб диққат билан зални кузата бошлади.
Юқорида осилган улкан чироқнинг нури залнинг мармар устунларини ойнадек ойдинлатар, одамларнинг суҳбати англаб бўлмас шовқинни вужудга келтирганди. Ўтирганларнинг кўпчилиги Тохирга таниш эди. Ана, иккинчи қаторда Ҳасаннинг отаси Бакир ва онаси Гулноз ҳола ўтирибди. Улар концертга Ҳасаннинг кичкина синглиси Сўлмазни ҳам олиб келишган. Бакир амаки тез-тез соатига қарар, аёлига нимадир дер, Гулноз ҳола эса бош чайқаб қўярди.
Икки қатор орқада яна таниш чеҳралар кўриняпти. Бакир амаки ва Гулноз ҳоладек улар ҳам концерт бошланишини сабрсизлик билан кутишмоқда. Бугун концертга келганларнинг кўпчилиги ота-оналар эди. Тохирнинг нигоҳи бирдан биринчи қатордаги икки бўш жойга тушди. Қанийди ҳозир бу ерда унинг отаси ва онаси ўтирса…
Тохир бирдан сесканди. Қора қошлари чимирилди. Зални гўёки туман қоплади. Йиқилмай дея деворга суянди. Кўзидан бир томчи ёш юмалади ва ёноғида қуриди. Хаёлида бир онда уйи жонланди.
Мана, унинг саккиз ойдан бери оддий, соғ одамнинг уйқусини соғинган ҳорғин онаси, у отасининг бошини ёстиқдан оҳиста кўтариб унга чой қошиқда сув беради ва шундай дейди:
– Ичинг, қани, ичинг, жоним қурбон сизга…
У ҳаста кўзларини очади ва хириллаган овозда тилга киради:
– Ахир ичолмайман…
Онаси ёлворади, илтимос қилади, ниҳоят бетоб ота бир қошиқ сувни базўр ютади. Онаси севинади. Ҳаста ота эса буни сезмайди.
Тохир ўйларидан айрилди. Қўлини кўксига қўйиб кўзларини бир нуқтага тикди. Шу пайт негадир ўтган кунги муаллими билан бўлган суҳбат ёдига тушди.
Ўтган кун дарсдан кейин муаллими Тохирни ёнига чақириб унга концертда бугун эмас, бир ҳафтадан кейин – иккинчи гуруҳда чиқиш қилишни айтганди. Тохир бунинг сабабини сўраганида у:
– Ўғлим, истардимки, сенинг биринчи расмий чиқишингда отанг ҳам иштирок этсин, сени тингласин. Ахир у сенга фақат ота бўлмаган, тушундингми? – деганди.
– Устоз, буни тушунаман, бироқ…
– Иккинчи гуруҳда чиқишингни истайман, ишонаман, ўшангача отанг ҳам соғаяди.
– Йўқ, устоз, эртангги гуруҳда чиқиш қилганим яхшийди…
У бу гапни ҳаммасини яхши англагани учун айтганди. Яъни иккаласи ҳам бир нарса. Эрта чиқадими ё индин, ҳеч қандай тафовути йўқ. Бу сўзларни очиқ-ойдин айтишга Тохирнинг юраги бетламасди.
У бу сўзларнинг маънисига етганига кўп бўлганди. Бу сўзлар бедор кечаларнинг қўли билан унинг қалби, онгига ўйиб ёзилганди. У яхши биларди, тақдир иложсиз ва ҳаста. У яхши биларди, отасига ётган тўшагидан қайта туриш насиб этмайди. Тохир бу кунларда отасига – ўша доно, раҳмдил одамга сўнгги ўғиллик бурчини бажарарди. Хўл латта билан оёқларини артар, ёстиғини тузатар, бир сўз билан айтганда, қўлидан келган ҳамма ишни бажарарди. Орадан бир кун, икки кун, уч кун ўтди… Ниҳоят, отаси куладиган, суҳбатлашадиган, юра оладиган оддий одамдек унинг кўзлари ўнгидан абадийга йўқолади. Ота!.. Бу ном у учун энди нақадар азиз, нақадар меҳрибон янграрди. Энди Тохирни ёндирган отасининг бу концертда бўлмаслиги эди. Ахир у узун йиллик заҳматнинг баҳрасини унга, илк навбатда фақат унга кўрсатишни истарди. Фойеда учинчи марта чалинган бонг овози Тохирни азобли ўйларидан айирди. Хонада кимдир қичқирди:
– Концерт бошланмоқда.
Бироздан сўнг хонага кекса аёл кириб келди. У ичкарига тўпланганларни меҳрибон нигоҳ билан кузатгач сўнг, ҳаммага мурожаат қилиб:
– Хўш, қўрқмаяпсизми? – деди ва жавоб кутишдан қўлидаги қоғозни назардан кечириб эшик сари йўналди, қора пардаларнинг орасига кириб кўздан йўқолди. Бир неча сониядан кейин саҳнадан унинг овози эшитилди:
– Ўн йиллик мусиқа мактабининг битирувчи синф ўқувчиларининг иштирокида концертимизни бошлаймиз. “Сегоҳи-забул”ни торда ижро этади Ҳасан Ализода.
Аёл саҳнадан қайтиб “Қани, тез бўл” дея Ҳасанни шошилтирди.
Тарзан Ҳасан қўлида тор билан оҳиста саҳна сари одимлаётганида Тохир яна унинг овозини эшитди:
– Ё Худойимей…
Ҳасаннинг тори тилга кирди. Тохир пардадан мўралаб унга қарар, “Забул”га қулоқ соларди. Ҳасан “Забул”ни якунлаганди зал гуриллаб қарсак чалди, олқишлади. Бакир амакининг саодатдан ёнган кўзлари гўё ҳаммага “Қаранглар, бу мени ўғлим, мени ўғлим” дерди. Гулноз ҳола эса одамлар кўрмасин дея бошини қўйи эгиб кўзёшларини артарди. Тохир Гулноз ҳолани бундай ҳолда кўриб тўсатдан ўз онасини эслади. У ҳам кўзлари тез-тез ёшланадиган аёл эди. Тохир сўнгги пайтлар онасини бошқача тасаввур этолмасди. Лекин бу икки аёлнинг кўзёшлари ўртасида катта фарқ бор эди.
Ҳасандан кейин Тохирнинг навбати эди. У саҳнага чиқдию жойида туриб қолди. Улкан ёриткичларнинг нури бир муддат кўзларини қамаштирди. Тохир саҳнадаги роялни бир амаллаб топди. Залга аҳён-аҳён назар ташлаб роял сари юрди. Кўзлари яна ўша икки бўш ўриндиққа тушди. Қалбида яна паришон бир ҳис уйғонди. Ниҳоят ўзини қўлга олиб жойига ўтирди.
Илк аккорд янгради. Тохирнинг қулоқлари даҳшатли ниманидир эшитди. Аккорд бу даражада беумид ва ҳорғин янграмаслиги керак эди. Бармоқлари ҳолдан тойганди гўё. Юраги тез-тез, гўё кўксини ёриб чиққудай тепарди. У аккордни яна бир марта босди. Залдан шивирлашлар эшитила бошлади.
Тохир чалаётган асари энди унинг бармоқлари остида тамомила бошқа руҳда – бу асарнинг маъносига ёт руҳда янграрди. Бунинг сабаби нима эди? Тохирнинг хаёлини яна ўша икки бўш жой чулғади. Сўнгги кунлар дард уни гангитиб қўйган, ўзини йўқота бошлаганди. Мудҳиш ҳаяжондан боши айланар, бармоқлари ҳаракатланмасди. Тохир шу маҳал роялнинг ичида, сариқ симлар устида ётган отасини кўрди. Қулоқларига таниш овоз эшитилди:
– Ўғлим, қўрқма, мен сен биланман! Қўрқма, чал, мен сени эшитаман!
Отаси ҳорғин кўзларини очиб унга шундай дерди. Хаёл шунчалик жонли эдики, Тохир ҳамма нарсани – концертни ҳам, залдаги одамларни ҳам унутганди. У фақат чалар, хаёлини бузмасдан давом этарди. Юраги чалаётган асари билан ҳамоҳанг урарди. Хаёл эса бошини ёстиқдан кўтариб муҳаббат тўла нигоҳлари билан унга тикилар, жилмаяр, хириллаган эмас, тиниқ овозда шундай дерди:
– Раҳмат, болажоним! Шундай давом эт, қўрқма, чалавер.
Тохир чаларди. Отасининг муҳаббати, ҳаётнинг муҳаббати билан чаларди. Энди у ижро этаётган асар янги руҳда янграр, ғолиб ҳаёт ва ёшликнинг қудратини, унинг енгилмаслигини ифода этарди. У эса чалар, хаёли бир зумга ёлғиз қолдирмасди. Бу қанақаси бўлди? Отаси оёққа турдими? Ҳа, худди шундай. У ҳақиқатдан оёққа турибди. Ана, у кийиняпти, ўғлига кулиб қараб хонада айланяпти. Сира ҳастга ўхшамайди. Оғир қадамлар билан ёзув столига ўтиради, ёлғизликдан чанг босган энг яқин сирдошини – қаламини қўлига олади. Тохир яна унинг овозини эшитади: “Кўряпсанми, болажоним, ҳеч бир шифокор, ҳеч қандай дори менга ёрдам бермади. Мени оёққа турғизган яна санъатга муҳаббат бўлди. Чал, ўғлим, тўхтама, ҳамиша чал! Мен бир ота ўлароқ чеккан заҳматларимнинг баҳрасини кўрдим. Сен отангни беҳад қувонтирдинг. Раҳмат сенга болажоним, минг раҳмат!”
Кейин отаси бошини қуйи эгади. Нимадир ёза бошлайди. Тохирнинг бу саодатдан кўзлари ёшланди. Тохир ғолиб келганди. Ғамнинг, мотамнинг устидан ғалаба қозонганди.
Тохирнинг бармоқларт роялнинг юқори тилларидан пастга тушиб сўнгги аккордни босди. Хаёл ўша онда йўқолди.
Тохир ўрнидар турди. Залда ҳеч ким йўталмасди ҳатто. Ҳамма Тохирга кўзини тикканди. “Нима бўлди, томошабинлар нега жим қолишди? Ёмон чалдиммикан?” – дея ўйлади. Бирдан йиғлаганини ҳис қилди, ёноқларида ёшнинг изи бор, у хўнграб-хўнграб йиғлаганди. Тез саҳнадан чиқиш даркор эди. Ўгирилиб чиқиш эшиги сари кетмоқчийди залда олқишлар янгради. Шу пайт орқасидан бир қизнинг титраган овози эшитилди:
– Тохир, марҳамат!
Тохир овоз келган томонга ўгирилганида ёнида мактаб кийимидаги синфдоши Шафиқани кўрди. Уялганидан икки юзи қизариб кетганди. Қиз қўлидаги кичик гулдастани Тохирга узатиб, унинг бу туҳфани қабул қилиб олишини кўзларди. Тохир қисқа ҳозирликдан сўнг гулдастани олди ва Шафиқанинг кафтини сиқиб “Раҳмат сенга!” деди. Шафиқа саҳнани тарк этди.
Томошабинлар тинмай қарсак чалар, самимий нигоҳлар билан Тохирга тикилишарди. Ниҳоят у бош эгиб ҳурмат кўрсатди ва эшик сари одимлади, хонага кирди. Ҳамроҳлари уни даврасига олишди. Ҳар тарафдан табриклар ёғила бошлади. Бироқ у ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани эшитмасди. Энди унинг хаёли, яширин мулоҳазалари фақат бу кичкина гулдастага тобе бўлганди. Бу гуллар Тохирга бемалол нафас олишга ёрдам берди.
“Ёдимда, – дея ўйлади Тохир, – дадам ҳамиша шеърият кечаларидан қайтганида кўплаб гулдасталарни келтирарди. Унда ҳаммамиз – онам, синглим, мен, укам жуда севинардик. Мен ҳам энди уни севинтирай. Отажон, бу соат, бу дақиқада!..”
Тохир хонадан қандай чиққанини, палтосини кийиб қандай кўчага отилганини сезмади. Уйига оз қолгандагина ўзига келди. Тезкор қадамлар билан учинчи қаватга кўтарилди. Қўнғироқни босди, эшик очилган пайти ичкари шошди, палтосини ечди ва даҳлиздан ўтиб отаси ётган хонанинг эшигини очди.
Отаси кўзлари юмиқ ҳолда ётарди. Тохир кароват бошида қўллари қўйнидаги онаси ва дарддан бели букилган амакисини кўрди. Шивирлаб:
– Дадам яхшими? – дея сўради.
Онаси:
– Яхши, ҳозир жуда яхши, – деди. Бироқ унинг ёлғон гапираётгани шундай сезилиб турарди. У ҳастанинг совуқ тер босган пешонасини артиб, – Ўғлим, қандай чалдинг? – дея сўради.
Тохир орқасида яширган гулдастани онасига кўрсатиб жилмайди. Тохир бу дақиқада ҳамма – онаси, отаси, амакиси кулиб уни табриклашини кутарди. Лекин…
Шу маҳал отасининг ёпишиб қолган киприклари очилди. У кўзларини очди.
Тохир:
– Дада, қаранг, бу гулларни менга беришди, бугун концертда чалганим учун беришди, – дея аста эгилиб унга гулдастани узатди.
Ҳаста лоқайд нигоҳларини гулларга қадади, кўкарган лабларини очиб заиф овозда сўз жуфтлади:
– Табриклайман, болажоним! Шундай кунлар келсин, бундай гуллардан… – у жим қолди, сўзини тугатолмади. Кўксини тўлдириб нафас олгачгина сўзида давом этди, – Бироқ, бу гулларни асра, ўғлим, керак бўлади, асраб қўй, асраб…
Ҳа, бу гуллар керак бўлди ростан. Бу воқеанинг эртаси ота тобути ёнига қўйилган илк бу гуллар бўлди. Гуллар бир кечада сўлиб қолганди. Балки, бунга Тохирнинг оғриқлари сабаблидир. Тобут қаршисида турган дўстлар, танишлар бу гулдастага эътибор беришмасди. Ҳадсиз-ҳисобсиз гулдасталар орасида бу гулдаста бирор диққатни ўзига тортмасди. Унга фақат Тохир тикилиб турарди. У даҳшатдан катталашган кўзларини бу гуллардан узолмасди.
Вақтлар ўтади, ҳаётнинг энг оддий қонуни – яшамоқ қонуни эҳтимол Тохирга бу улкан дардни унуттирар. Бироқ, у умр бўйи илк концерти ва бу кичкина гулдастани унута олмайди. Ҳар баҳор Тохир табиатни безаган ол-алвон чечакларга қараб шундай дейди:
– Оҳ, гуллар, гуллар! Сиз менга нималарни эслатмайсиз-а!

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси