ХIХ аср охирларига келиб фалсафа ва санъатда борлиқни ўзга бир йўсинда англашга, ифодалашга уринишлар кучая боради. Ф.Нитше, З. Фрейд, А.Бергсон, У.Жеймс каби мутафаккирларнинг қарашларидан таъсирланган ижодкорлар санъатга янги, модернизм йўналишини олиб кирадилар.
Модернизм йўналишида ижод этувчи санъаткорларда миф, қадимги афсона ва ривоятларга қизиқиш юқори бўлган. Айниқса, Ф.Кафка, Т.Манн, Б. Брехт, Ж.Жойс каби ижодкорларнинг асарларида бу жиҳат яққол кўзга ташланади. Албатта, бу модернизм талаб этаётган ифодага жудаям мос келарди. Боиси, устувор хусусиятлари реалликни рад этиш асосига қурилаётган бу йўналишнинг ифодавий-ғоявий мақсадларига фольклор ва унинг инсон руҳиятига бўлган таъсири аҳамиятли саналар эди.
Ўзбек модерн адабиёти намуналарини кузатар эканмиз фольклорга бўлган кучли мурожаатни, мифик образлар, афсона ва ривоятлардаги сюжет, мотивлардан бадиий-ғоявий мақсадларда кенг фойдаланилганини кўришимиз мумкин. Бу борада шоир Фахриёр асарлари фикримизнинг мисоли бўла олади:
Онам болалигимда,
бу ёмғирда тулки болалайди, дегучи эди.
Офтобнинг чанг, тўғри чизиқ томирларидан
тўралган (тулкичалар) каттарган сари
– шаклини йўқотиб боради тобора.
Шеърда табиат ҳодисаси ҳайвонларнинг болалаши билан боғлиқ ҳолда ифодаланмоқда, лекин асосийси фольклорда тулкининг айёрлик рамзи эканлиги ва ифодавийликда айни шунинг қўл келганлигидадир.
Миф инсон ожизлигининг маҳсулидир. Миф ҳали одамлар тушунмаган, уларни ҳайратга солган, қўрқитган ва севинтирган олам силсилаларининг ўзига хос йўсинда англаниши, айқаш-уйқаш тасаввурлар мевасидир. Биз инсонлар хоҳласак-да мифик тафаккурдан воз кеча олмаймиз. У гўдаклигимиздан буён онгимизга, қонимизга сингиб улгурган. Модернизмнинг устувор ифодавий хусусиятлари ҳам инсон онгининг туб-тубидаги пучмоқларни тасвирлаш эди. Бу ўринда мифик образ ифодавийликдаги бир восита бўлиб, унинг вазифаси онг остида яшириниб ётган ҳисларни қўзғатишдан иборат.
Юқоридаги фикрларимизга янада аниқлик киритадиган бўлсак, модернизм учун асос бўлган фалсафий тушунчаларга мурожаат этишга эҳтиёж туғилади. ХIХ асрнинг охирларига келиб файласуфлар инсон фақатгина онги воситасида фикр юритмаслигини, балки у баъзан ҳиссиётга таянган ҳолда ҳам мушоҳада юритишини эътироф эта бошладилар. Зигмун Фрейд инсон ўз ҳислари кўмагида фикр юритсагина олам ҳодисаларини моҳиятан англаши мумкин эканлигини таъкидлайди. Унинг издоши Карл Густав Юнг психология илмига “Жамоавий онгсизлик” тушунчасини киритади. “Юнг фикрича, психика ниманингдир ҳосиласи эмас, у бирламчи ва инсон борлиғини аниқлаб берувчи асосий принципдир. Жамоавий онгсизлик – инсон онгининг дастлабки ҳолати”. Юнгнинг назариясига кўра психикани англаш бутун тирик мавжудотларнинг уйғун жиҳатларини ҳис этиш билан амалга оширилади. Бундай ҳолат айнан ибтидоий одамларда яққол кузатилса-да, барча ижтимоий даврлардаги инсон руҳиятига бирдай дахлдордир.
Кўриниб турибдики, модернизм йўналиши вакиллари инсон ибтидосидаги руҳиятни қидирганлар. Унинг онгсиз, табиат билан уйғун ҳолатидаги ички руҳият манзараларини ифодалашга уринганлар. Инсоннинг ибтидоий тафаккури эса ўз-ўзидан миф, асотир ва афсоналарга бориб тақалади…
Мифик образ ўқувчи хаёлотида ўзига хос таассуротни уйғота олиши билан аҳамиятлидир. Мисол учун, Фахриёрнинг “Кузда” шеъридан бир мисрани олиб қарайлик: “Сариқлик – тош ранги, ялмоғиз тошнинг”. Ушбу шеърда кузги манзаралар ва қаҳрамоннинг фалсафий мушоҳадалари уйғунлашиб кетган. Келтирилган мисрадаги тош образига икки хил сифат берилмоқда – сариқлик ва ялмоғизлик. Болаликда (баъзилар ҳар доим) фольклордаги ялмоғизнинг борлигига ишонмаган, уни эслаб зир-зир титроқ босмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Шеърдаги тошнинг ранги сариқ. Сариқ тош образи тасаввурда ялмоғиз ва у уйғотган ҳислар билан уйғунлашиб кетаркан, кўз олдимизда ўзгача хусусиятларга эга “тош” гавдаланади. Айни шу “тош” ифодавийликдаги кейинги манзаралар учун айни муддаодир…
Фахриёр ижодининг фольклор намуналари билан уйғунлигини ўрганарканмиз, бу борада шоирнинг “Ёзиқ” ва “Аёлғу” достонлари жуда аҳамиятлидир. Ушбу асарлар бир қанча хусусиятларига кўра постмодернизм йўналишини ҳам ёдга солади. Чунки, бу асарларда халқ оғзаки ижоди, тарих лавҳалари, санъат асарлари, диний тушунча ва ривоятлар каби кўплаб соҳа намуналарига бевосита ва билвосита мурожаат, пародия, киноя яққол кузатилади. Постмодернизм методида бу ҳолат интертекстуал ўйин деб аталади:
Нилуфар кўйлагин бозорга солар,
Тангасини санайди сув парилари…
Нилуфарнинг кўйлагини сотиб олгани
Ёсуманнинг нафақаси етмайди…
Бу ўринда Ёсуман ва сув парилари каби мифик образлар муайян бир тасвирий восита сифатидагина келтирилиб, улар билан алоқадор сюжет воқелигига ишора сезилмайди. Аммо қуйидаги парчага нисбатан бундай муносабат билдириб бўлмайди:
Кунгабоқар қулоқни тунда
Ғор – қудуққа ташлаб юборар.
Қамиш униб чиқар ундан, ё раб…
Бозингар ютган қилич сингари
Қудуқнинг бўғзига қамиш қадалар.
Чўпон йўқ битта най ясаб олгани,
Қишлоққа қайтмади ҳали подалар.
Ҳа, бу болалигимизда кўп эшитган “Искандарнинг шохи бор” афсонасидаги сюжет мотиви. Аммо ижодкор мақсадига кўра бир мунча ўзгаришлар киритилган. Яъни қудуқ ичига сартарош бақирмай, кунгабоқар эшитилганлар (қулоқ)ни қудуққа ташлайди ва ҳ.к. Дастлабки парчалардан фарқли ўлароқ, бу ўринда ифодавий восита қаҳрамонлар эмас, балки сюжет мотиви. Икки ҳолда ҳам фольклор намуналари ижодкорнинг бадиий-ғоявий мақсади учун хизмат қилмоқда.
Шоирнинг онги ва қалбида чарх ураётган ғоя, ҳисларнинг образли ифодаси учун фольклор намуналари асос бўлаётган экан. Демак, ушбу намуналар шаклан ва ёхуд мазмун жиҳатидан ифодавийликдаги мақсадга яқин туради. “Ёзиқ” шеърида халқ оғзаки ижоди намуналарининг асосан шаклий хусусиятлари эътиборга олиниб, маъно қайта яратилади. Дейлик, сув париларига хос латофат, инсонларга ёрдам беришлик ёки аксинча жодулаб сувга ғарқ этишлик каби мазмун хусусиятлари тасвирда аҳамиятсиз. Аҳамиятли жиҳати уларнинг ташқи кўринишида. Яъни, уларнинг ярми аёл, ярми балиқ – тангали балиқ. Ёки Ёсуманнинг қаҳратон совуқ келтириши эмас, балки қариялиги муҳим. Қариялар эса нафақа оладилар… Искандар ҳақидаги афсонанинг сюжети ва мазмуни эса тубдан ўзгартирилади. Энди қудуқ, қамиш, най, чўпон каби образлар жар солувчи эмас, балки, айта олинмаётган, жар солинмаётган, бўғизда қолиб кетаётган ва шунга маҳкум бўлган дардларнинг рамзига айланиб қолади…
Фахриёрнинг “Аёлғу” достонида ҳам жуда кўплаб миф, афсона, эртак қаҳрамонлари ва сюжет мотивлари келтирилади. Бу борада шоирнинг ўзи шундай дейди: “Достоннинг номи ҳам рамзий: унутилган тарих, миллат хотирасини асотирлар ёрдамида тиклашга бир уриниш бўлган эди бу”. Беш жуфт тахайюлдан иборат ушбу шеърнинг еттинчи тахайюли тўлалигича халқ оғзаки ижодидаги образлар асосида қурилади:
бир кеча туш
шернинг тирноғини бўйнига
тумор қилиб таққан
шоҳнинг хотини
тумсо маликага
инчи иқлимдан
зангори олма келтириб берди
олмани еди у русумга кўра…
маликанинг кўзи ёриди
ой кўрсаки малика
шаҳзода ўрнига бўри туғибди
кўм-кўк бўривачча…
Мифологик мактаб вакиллари адабиёт ва санъатнинг вужудга келишига мифлар асос бўлган дея таъкидлайдилар. Бу мактабга кўра миф поэзиянинг жавҳаридир. Умуман олганда, ХIХ асрга келиб санъатнинг янги босқичдаги ривожи ҳам бевосита фольклор билан муштарак боғлиқдир. Бу ҳақида “Адабиётшунослик луғатида” шундай ёзилади: “Зеро, классицизм даври сиғинган антик эталонлардан, маърифатчилик топинган ақл культидан безган романтизм вакиллари халқ оғзаки ижодида чинакам экзотика, битмас-туганмас хазинани кўрдилар”. Демак, халқ оғзаки ижоди доимо ёзма адабиёт учун илҳом манбаи бўлиб келган. Унинг замиридаги чинакам бадиият, фалсафа ва умуминсоний қадриятлар ифодаси модерн санъаткорлар ижодида ҳам ўзига хос талқинда намоён бўлмоқда.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 1-сонидан олинди.