Менга ХХ асрнинг бешта энг яхши ҳикоясини сананг дейишса, шубҳасиз, шу бештанинг ичига «Дашту далалар» ҳикоясини қўшган бўлардим.
Мабодо ХХ асрнинг бирдан-бир яхши ҳикоясини айтинг дейишса, яна шу ҳикояни тилга олардим.
Сиз жаҳон адабиётида қайси асарларни қайта ўқиш учун эҳтиёж сезасиз деб сўрашса, Кафка, Фолькнер, Кортасар, Акутагава, Кавабата, Т.Дзюнитиро, Чехов, Ш.Холмирзаев ҳикоялари ҳамда «Дашту далалар» ҳикоясини деб жавоб берган бўлардим.
Мендан битта асар билан ёзувчи адабиётда қолиши мумкинми деб сўрашса: «Ҳа! Бу Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг «Дашту далалар» ҳикояси» – деб жавоб қайтарардим.
Мурод аканинг бошқа асарлари салмоғини пасайтириш ниятидан йироқман. Лекин мен «Дашту далалар» ҳикояси ҳақида шундай ўйлайман. Бу менинг ўта хусусий фикрим эмас, бу асар адабиётнинг энг нозик ва ўта инжиқ, маҳорат, катта истеъдод талаб қиладиган ҳикоя жанрида озми-кўпми қалам тебратган ёзувчиларни ҳам шундай ўйлашга мажбур қилади, шундай ўйлашга асос беради.
Бу ҳикоя даштнинг кўҳна қўшиғига, бу даштнинг бепоён далалардаги, туганмас дард, қўмсаш, соғинч тўла хиргойисига ўхшайди, ошиқлар ҳақидаги қадим мифлар, достонлар оҳанги бор бу ҳикояда. Ҳикоя халқ оғзаки ижоди ва ХХ асрдаги насрнинг энг сўнгги ютуқларини елкасида кўтариб турибди.
Эҳтимол, яна кўплаб ҳикоялар ёзилади, улкан изланишлар бўлади, аммо бу ҳикоянинг ўрни ўзбек насрида салмоқлигича қолаверади.
Биз талабалик йилларимизда М.М.Дўст, Э.Аъзамов, А.Аъзам, Х.Даврон, У.Азим, Ш.Раҳмон, Х.Дўстмуҳаммад, О.Отахонов, Х.Султонов каби шоир-ёзувчиларнинг ҳар бир асарини муштоқлик билан кутганмиз ва чанқоқлик билан ўқиганмиз. Афсуски, 70-йилларда адабиётга ўзига хос кўтарилиш олиб кирган бу авлоддан кейин ўзини авлод деб аташга арзийдиган адабий авлод пайдо бўлмади ва бу авлод ҳали ҳам худди 70-йиллардагидек адабиётнинг юкини, унинг янгиланиш жараёнларини ўз елкаларида кўтариб келишяпти. Адабиётнинг равнақи, диди учун ҳали ҳам шу авлод ўзини масъул деб биляпти. Дарвоқе, авлод сифатида жипслашган ва шаклланган, мустаҳкам қарашларга эга, бу қарашларни, гарчи баҳсли бўлса ҳам, қатъият билан ҳимоя қилолган, ҳам назмда, ҳам насрда адабиёт имкониятлари беҳад кенглигини исботлаб берган авлод ҳали ҳам «от устида» турибди. Аслида, ҳеч қайси авлод бошқа бир авлодни адабиёт «оти»дан зўрлик билан «тушириб» юбормайди. Кириб келган авлод ўзидан олдинги авлоднинг адабиётга бўлган қарашларини ўзгартиради, кенгайтиради – бу эса ўз-ўзидан янги авлод «отга мингани»ни билдиради. Мурод ака мансуб авлоддан кейин уларнинг ўрнига авлод сифатида ва худди улар каби яхлит ва мукаммал адабий қарашларга эга бошқа бир авлод адабиёт майдонига чиққани йўқ. Шу сабабли ҳам ҳали-ҳануз бу авлод айтган, ҳимоя қилган, сингдирган қарашлар адабиётда асосий қараш сифатида сақланиб қолмоқда. Ана шунинг ўзиёқ М.М.Дўст ва унинг авлоди адабиётга нима берганини кўрсатиб туради. 80-йилларда адабиётга кириб келганлар ичида ҳам истеъдодлар бўлса-да, бу авлод авлод сифатида ўз қарашларини яхлитлаб, жамлаб беролгани йўқ, ўзларини, қарашларини қатъият билан ҳимоя қилолмаяпти. Бу авлод якка-якка тарзда, тарқоқ ҳолда ўз фикрларини, қарашларини тавсия қилишмоқда, холос. Шунинг учун ҳалигача улар олиб кирган фикрлар адабиётда баҳс бўлиб ётибди, ҳалигача шаклланган қараш сифатида тан олингани йўқ.
«Дашту далалар» ҳикояси эса юқоридаги авлодлар ҳақидаги фикримизни тасдиқлаб туради. М.М.Дўстнинг дастлабки ҳикоялар тўплами «Қайдасан, қувонч садоси»даги ҳикояларда биз дашт одамларининг хилма-хил дунёсига дуч келамиз. Бу ерда ёзувчининг барча уринишлари, ютуқ ва тажрибасизликлари кафтдагидек кўринади. Аммо дастлабки ҳикоялардаёқ М.М.Дўст тўпори, содда ва ғурури баланд одамларнининг суратини ва сийратини маҳорат билан чизишга киришади: ҳикояларни ўқигандаёқ ўзига хос соф ўзбекона типлар ва характерлар яратишга уринишни сезамиз. Бу тўпламда бизга эслатилган кўплаб образларга ёзувчининг кейинги асарларида – «Чоллардан бири», «Истеъфо», «Галатепа қиссалари» тўпламида ва «Лолазор» асарларида яна дуч келамиз. Бу асарларда айни образга ишлатилган бўёқлар янада тиниқлашади, бизга чала кўринган кўплаб образлар бошқа асарлар орқали тўлақонли қиёфаларда гавдалана бошлайди. Биз энди Фолькнер адабиётда қўллагани каби фақат адабиётдагина мавжуд бўлган Галатепа ва галатепаликларнинг гала образига дуч келамиз. Ер харитасида йўқ, фақат ёзувчи хаёлида яратилган бу қишлоқнинг кўчаларида кезамиз, қишлоқнинг пастак, лойсувоқ уйларида қаҳрамонлар билан бирга яшаймиз, ҳаёт ва абадият, инсонийлик ва шафқат ҳақида улар билан баҳс қиламиз, улар билан қўшилиб изтироб чекамиз, биринчи муҳаббат кўчасидан девона каби қўшиқ айтиб ўтамиз. Умуман, дашт одамлари қиёфаси, характери, тили ва ички кечинмаларини, истеҳзою қочиримларини ХХ асрда ҳеч бир ёзувчи М.М.Дўстчалик бадиий ёрқин, характерли, изчил акс эттиролгани йўқ. Тўғри, Ш.Холмирзаев асарларининг аксарияти ҳам қишлоқ ҳақида. Аммо Шукур акада характер яратишдан кўра давр оғриғини, дардини изтиробини кўрсатиш биринчи ўринга чиқади. М.М.Дўстда эса давр иккинчи даражадаги восита. Галатепаликлар азалдан амал қилиб келган ақидаларидан воз кечишмаган, анъаналар, яшаш ва фикрлаш тарзи асрлар силсиласида сайқалланган. Улар, давр қандай бўлишидан қатъи назар, ана шу сайқалланган ақидалар билан яшашади. Давр оқовалари ёнларидан оқиб ўтади. Баъзан бу оқова жалага айланиб, қишлоқни ҳам ваҳимага солади, аммо мазкур селлар асрлар тартиб берган ришталарни йўқ қилолмайди. Баъзида давр қиёфасида қамчи кўтариб келадиган раислару раҳбарлар ҳам бир куни барибир Райим оқсосқол каби ана шу азалий оқим ўзанига қайтиб тушади. Ғайбаров ва Эломоновга ўхшаган саргузаштталаблар эса худди сеҳрли олма ёки мангу ёшлик сувини излаб сирли қўрғонларга бориб қолган эртак қаҳрамонлари каби шаҳарларда кезинади. Аммо қўрғон-шаҳарларда улар ўзларини ёлғиз ва афтода сезадилар, ҳамиша ўзлари билмаган ҳолда Галатепага қайтиш йўлларини излайдилар. Галатепага қайтиш зиндондан озод бўлган Алпомишнинг уйига қайтишини эслатади. Ким бу ўзандан четга чиқса, ҳаётида мазмун ва моҳият йўқолади, эътиқод мезонини ҳам йўқотади. Эломонов тимсолида биз буни аниқроқ ҳис қиламиз. Шу сабабли ёзувчи асарларида (ҳатто «Лолалзор»да ҳам Галатепа ва унинг раиси Райим Ғайбаров Яхшибоев ва Ошно ҳаётида муҳим ўрин тутади: Ғайбаров билан баҳс бойлашиб Булдуруқ раиси уларни ўқишга жўнатади) гарчи битта образга урғу берилса-да, аммо галатепаликлар ва уларнинг бир-бирларига бўлган ишончи, муносабати уйғунлашган ҳаёт ҳақидаги ҳикматлари – азалий ҳикматлар бош қаҳрамонга айланади. Бу азал-абад ҳикмат гоҳ Мустафо чол, гоҳ Райим раис, гоҳ Назар махсум, гоҳ талоқ эшитгач ҳам умрининг охиригача эрига содиқ қолиб, умрини бева ўтказган Анзират, гоҳ бошқа қишлоққа эрга теккани учун эрини исми билан айтиб чақириб, шу орқали галатепалик эканини билдириб турган Ғайбаровнинг опаси ва бошқа ўнлаб ҳар бири ўзига хос феъл-атвор ва қарашларга эга галатепаликлар тимсолида гавдаланади. Ёзувчи бир асарида бир эпизодик тарзда қўшиб кетган, бошқа ёзувчиларда ўткинчи бўлиб қоладиган образига бошқа асарида яна қайтади, унинг ўша, олдинги асарда кўринмаган чизгиларини бериб ўтади. Шундай қилиб, асардаги биронта номи келтирилган образ шунчаки эмас, балки ана шу эпизоддаги образ ҳам «Галатепа» туркумининг асосий қаҳрамонларидан бирига айланади. Менда, Мурод ака «Чоллардан бири», «Галатепа қиссалари», «Дашту далалар» ҳикоясидаги эпизодик қаҳрамонларни ҳам қачондир келиб асосий қаҳрамон сифатида талқин қилиб асар ёзишни режалаштирган бўлса керак деган таассурот пайдо бўлади. Чунки мазкур эпизодик қаҳрамонлар эпизодик саҳнада адабиёт учун кўп нарса ваъда қилади. Биз галатепаликларни яхлит ҳолда тасаввур этиб, уларнинг ҳар бири яхлит ҳолда асосий қаҳрамон деб ўйлай бошласак, асарлардаги ҳали тадқиқотчиларимиз назаридан четда қолиб келаётган урғу-ишораларни тушунгандек бўламиз.
Эсимда, талабалик пайтимда, 1982 йили, чоғи, журнал вариантида худди ташналигимизни босмоқчидек ютоқиб ўқиганимиз «Галатепага қайтиш» қиссаси адабиётга ҳавасманд авлоднинг наср ҳақидаги фикрини ўзгартириб юборганди. Ғайбаровнинг оний хотираларига қурилган, ҳар бирини мустақил ҳикоя деса бўладиган ўндан ошиқ ҳикоя-бобдан иборат бу асар қиссадан ҳисса шаклидаги ўзига хос асарлардан биридир. Бу асарнинг шакли, конструкциясига сингдирилган фикрни ҳалигача бирон тадқиқотчи тўлалигича очиб беролгани йўқ. «Галатепага қайтиш», менимча, М.М.Дўстнинг шаклбозлик йўлидаги охирги асари – ўз давридаги насрнинг улкан ғалабаси, аммо ёзувчининг мағлубияти эди. Мурод ака, эҳтимол, ўша асаридан сўнг бу йўл ўзи учун эмаслигини, бу йўлдан ўзини тополмаслигини англагандир. Мен «Галатепага қайтиш»да бошқа адибни кўраман. Бу асар жаҳон адабий услубларининг ўзбекчалашган синтези сифатида бундан кейин ҳам кўплаб адабиётга кириб келаётган ёзувчиларни ўзига ундаб туради, кўплаб тажрибалар беради. Аммо асардаги оҳангда ва воқеликка муносабатда ғайри нигоҳ бор, бу нигоҳ бошқа асарлар, энг асосийси, Галатепа ҳикматлари билан уйғунлашмайди. Асар ҳозир ҳам насримизнинг ўрганилиши ва тадқиқ этилиши керак бўлган ўзига хос ё қисса, ё романи сифатида қийматини йўқотмаган эсада, М.М.Дўст «Дашту далалар»дагидек даштнинг тўпори ва азалий оҳангини тополмайди. ХХ асрнинг, шубҳасиз, энг яхши ҳикояларидан бири бўлиб қоладиган бу ҳикояда ёзувчи чинакам азалий ҳикматни, метафорани топади.
Галатепа туркумидан тубдан фарқ қиладиган «Лолазор» романи эса ўзбек насрининг жиддий асарларидан биридир. Роман ҳақида тадқиқотлар анчагина. Аммо, менимча, асарни ҳадеб фақат даврнинг айбномасига айлантиришга қўшилиб бўлмайди. Тўғри, асар ҳеч қачон ўзи яшаётган давр муаммоларидан узилмайди. У қайсидир маънода (кўпроқ рамзий маънода!) замонасининг рамзидир. Аммо ҳар қандай асар айни замонда мангуликнинг рамзларини тополсагина у яшаб қолишга ҳақли. «Лолазор» қиссанавис (Саидқул Мардон)нинг нигоҳи билан даврнинг қарашларини ифода этган Яхшибоев нигоҳини асар тизимига бирлаштириб туради. Асарни ўқисангиз, қиссанавис билан Яхшибоевнинг айни пайтда битта ровий эканига гувоҳ бўласиз – бу икки нигоҳ асар сўнгида битта нигоҳга айланади. Сайидқул Оллоёрга отаси барпо этган боғни кўрсатади. Қаҳрамонлар фаолиятини баҳолашга, улардан хулоса чиқаришга эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги мавжуд тушунчаларимиз камлик қилади. Эҳтимол, гап эзгулик ёки ёвузлик, давр фожиаси ҳақида ҳам эмасдир?! Гап инсон фожиаси, билиб туриб кўриб туриб, ўзини қурбон қилган инсон, ўзини қурбон қилишга маҳкум бўлган инсон ҳақидадир?! Яхшибоев ҳам, Ошно ҳам ўзларининг кимлигини, нимага хизмат қилишаётганини яхши билишган! Аммо уларга бошқача яшаш, бошқача курашиш учун муқобиллик бормиди? Дастлаб Яхшибоевни хуш кўрмайдиган, унга замонанинг маддоҳига қарагандай муносабатда бўлган Сайидқулнинг ўзи ҳам Яхшибоевнинг соясига айланиб кетади. Гап шундаки, менимча, Яхшибоев ҳам, Ошно ҳам ўз даврига ошкора қарши курашган бўлганларида ҳам, айни вазиятдагидек эзгуликка хизмат қилишолмасди. «Фауст»да шундай сатрлар бор: «Қиёфам ёвузлик, фаолиятим эзгулик». Мен «Лолазор» романи айрим кишилар ҳақидаги эмас, ХХ асрнинг ижтимоий ҳаракати, ижтимоий фаолияти ҳақидаги асар деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам роман ўтган асрнинг йирик романи – йирик тадқиқотларга, баҳс-мунозараларга асос бўладиган асар. Унга Мурод ака мансуб авлоднинг ва улардан олдинги авлоднинг таржимаи ҳоли, аҳволу руҳияси битилган. Шу сабабли ҳали бу асар яна қайта-қайта тадқиқ этилаверади.
Мендан битта асар билан адабиётда мактаб яратиш мумкинми деб сўрашса, ҳа деб жавоб берардим. Адабиётда битта ҳикоянинг ўзи билан мактаб яратган ёзувчилар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. «Дашту далалар» ҳикоясининг ўзиёқ Мурод Муҳаммад Дўстни ўзбек ҳикоячилигида ўзига хос йўналишдаги, ўзига хос мактабга мансуб асар яратган, янги шакл, оҳанг, руҳ олиб кирган адиб сифатида тан олишга тўлиқ асос беради.
Мендан яна кимлар дидни кўча чўпчакбозлигидан қутқариб, ҳақиқий адабий дидга айлантира олади, кимлар бу дидни ўза асарлари билан яна юксак кўтаришга қодир, деб сўрашса, яна ўша – бугун 60 ёшга кираётган авлодни ва улар орасида биринчилар қаторида М.М.Дўстни кўрсатган ҳамда булар ҳали отдан тушмаган, адабий пойга шуларники деб жавоб қайтарган бўлардим.