24 июнь куни Тошкентда Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида таҳсил олган мутахассисларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Малайзиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан иштирок этиб нутқ сўзлади.
“Биз МTCP доирасида ўзбекистонликларнинг Малайзияда билим ва малака ошириш лойиҳаларини давом эттирамиз. Чунки бу икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш борасида муҳим платформа вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистонлик мутахассислар дастур доирасида янги билимларни эгаллаб, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Биз дастурни амалга оширишдаги кўмаги учун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон томони дастур учун муносиб номзодлар тақдим этишда давом этади деган умиддамиз”, – деди элчиси Ҳенди Ассан.
Дипломат сўнгги йилларда Ўзбекистонда малай тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётганини ҳам мамнуният ила қайд этди. 2021 йил ноябрь ойида Малайзия бош вазири кубоги учун халқаро танловда ЎзДЖТУ талабаси Наргиза Ортиқова биринчи ўринни эгаллаган эди. Элчи Ҳенди Ассан жорий йил 20 апрель куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида Малай тили нотиқлик санъати халқаро танловининг республика босқичи бўлиб ўтганини ёдга олар экан, танлов ғолиби халқаро босқичда ҳам муносиб иштирок этишига умид билдирди.
Бу йил ҳам МTCP доирасида 16 нафар ўзбекистонлик мутахассис Малайзия мультимедиа университети, ПЕТРОНАС нефть технологиялари институти, Малайзия солиқ академияси, Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш институти, Ислом туризми маркази, Қимматли қоғозлар саноатини ривожлантириш корпорацияси, Малайзия аксилкоррупция академияси каби таълим даргоҳларида малака оширдилар. Уларга сертификатларни элчи Ҳенди Ассан тантанали тарзда топширди.
МTCPнинг ўзбекистонлик битирувчилари клуби раҳбари, TEAM университети масъули ходими Тоҳир Аҳмаджонов иштирокчилар номидан Малайзия ҳукумати ва элчихонасига миннатдорлик билдирар экан, дастурга йил сайин қизиқиш ошиб бораётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) 1980 йилда таъсис этилган. Дастур доирасида Малайзия ривожланаётган мамлакатлар билан турли соҳаларда илғор тажрибаси билан ўртоқлашади. “Қўшнилар ҳам гуллаб-яшнасин” ғояси дастур мазмун-моҳиятини ташкил этади. Ушбу платформа турли соҳа вакилларининг касбий малакасини ошириш орқали инсон ресурсларини янада ривожлантиришни кўзлайди.
Ўтган йиллар давомида МTCP йўналишлари кенгайди, айни пайтда у 138 мамлакатни қамраб олади. Мазкур дастур доирасида ташкил этилаётган ўқув курсларида Ўзбекистон вазирлик ва ташкилотлари вакиллари ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқда. 1992 йилдан ҳозирга қадар 700 га яқин ўзбекистонлик мутахассис ҳамда талабалар қисқа ва узоқ муддатли курсларда қатнашиш имконига эга бўлди. Қисқа муддатли курслар менежмент ва ижтимоий бошқарув, фан, технологиялар ва АКТ бошқаруви, иқтисодиёт, молия ва савдо, дипломатия, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий тараққиёт, инглиз тили каби йўналишларни қамрайди. Малайзия ҳукумати, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва докторантура каби босқичларда узоқ муддатли таҳсил учун ҳам стипендиялар ажратади.
Шу мавзудаги мақолалар:
Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди. 17.03.2022
Тошкентда “Малайзия куни” қандай ўтди? 15.12.2021