Дунё тушунарли ва тушунарсиз нарсалардан иборат десак, хато бўлмас. Бир қарасанг, ажабланадиган нарсанинг ўзи йўқ: кимнинг кимлиги, ниманинг нималиги кундай аён. Аммо кутилмаганда шундай ҳолатлар юзага келадики, одам зоти ўзини, ён-атрофидагиларни, ҳар куни эртадан кечгача бирга бўладиганларни ҳам тушуна олмай қолади. Жумбоқ устига жумбоқ.
Бошқа бир ҳолатда эса бунинг аксига дуч келамиз: кутилмаган янгилик ёки эшитгулик сизни бирор сирдан воқиф қилади, кимдир қулоғингизга бир нимани шипшийди, кўзингиз тушади, ақл-идрокингиз муҳим бир нарсани фаҳмлаб қолади ва… ҳамма нарса ўзгаради. Дўст-душманни ажратасиз, узоқ йиллар ишончингизга кириб, ёнингизда қуллуқ қилиб юрган киши аслида кимлигини осонгина билиб оласиз. Кўзингиз ярқ очилади, хурсанд бўласиз дейиш қийин, аммо, кўп ҳолларда содда-сўтаклигингиздан ўзингизни ўзингиз койиб кетасиз.
Ҳаётнинг мураккаблиги шунда. Ҳамма нарса очиқ осмон остида ётмайди. Тилла ёки марварид қидиргандек, неча бор пастга “шўнғиш”га тўғри келади. Негаки, одамларнинг ички дунёсини билиш осон эмас: бирор касб ёки мартабали мансабда, сиёсат, ижод ёки савдо-сотиқда эришган ютуқлари, дўст-қадрдонликдаги саҳоватли ишлари ҳам улар тўғрисида тўла маълумот бера олмайди. Йиллар ўтиб, кўп нарсалар ойдинлашади, аммо бу билан ҳам иш битмайди.
Америкалик машҳур тижоратчи, миллиардер, филантроп, консерватив қарашларга эга сиёсатдон, 1992 ва 1996 йиллари АҚШ Президентлигига номзод Росс Перо (баъзи манбаларда Перрот деб ҳам ёзилади) шундай сирли, ўзини тўла ошкор қилмаган, аммо тадбиркорликни, яшаш учун курашни, каллани ишлатиб пул топишни қойил қилиб қўйган инсонлардан бири эди. У шу йилнинг 9 июлида 90 ёшида Далласдаги уйида хотиржам оламдан ўтди. Ундан қанча мерос қолганини айтиш қийин, аммо бу ғаройиб инсоннинг ҳаёти ва сиёсат чорраҳаларидаги фаолияти хусусидаги саволларга ҳали кўп вақт жавоб қидиришга тўғри келади. Америкача таомилга кўра, вақт ўтгани сайин кўпайса кўпаядики, асло озаймайди. Янги-янги саволлар, тахминлар, бир-бирини инкор этувчи фактлар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Росс Перо катта сиёсат майдонига кутилмаганда чиқди, дейиш мумкин. Лекин, ушбу воқеага америкача назар билан қаралса, бунинг кутилмаган ҳеч жойи йўқ. Чунки, океан ортидаги “сеҳрли диёр”да кенг ёйилган фикрга кўра, “Америкада хоҳлаган киши Президент бўлиши мумкин”. Аммо бошқа бир (йиллар синовидан ўтган) хулоса бу ишга ҳаваскор бўлишликни бир зумда кескин пасайтиради: “Америкада сиёсат эмас, Президент ўзгаради”.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш Перонинг қонида бор эди. Аризона штатининг Тексаркана шаҳарчасида истиқомат қиладиган ота-онаси чоққина дўкончаларида газлама сотиш билан шуғулланишган. Айтиш керакки, бундай дўкончалар АҚШда ҳозир ҳам жуда кўп. Кўплар Американи фақат осмонўпар бинолардангина иборат деб ўйлайди. Аслида эса, машҳур рус публицистлари В.Песков ва Б.Стрельниковлар ёзишганидек ва ўзим гувоҳ бўлганимдек, Америка ям-яшил ўтлоқлар, экин майдонлари, гилам янглиғ фермер хўжаликлар, шаҳар ва шаҳарчаларга туташиб кетадиган бир қаватли шинам, бир жойдан иккинчи жойга бемалол кўчирса бўладиган уйлардан, савдо дўкончаларидан иборат. Осмонўпар бинолар Нью-йорк, Вашингтон, Чикаго каби йирик мегаполисларга тегишли.
Росс Перо ёшлигидан савдо-сотиққа, мустақил равишда пул топишга қизиқади, у тўғридаги манбаларда айтилишича, Перонинг савдогарлик маҳорати мижозларни тўғри танлашда ва улар билан музокара олиб боришда намоён бўлган. Росснинг таъсирчан сўзлари, зарур ўринларда қатъиятли фикрлаши, вазиятни реал таҳлил қила олиши кўп ҳолларда икки томонлама келишувларни оиласи фойдасига ҳал этишга олиб келган.
Перо ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, 1949 йили турмуш қуради, IBM компаниясининг савдо-сотиқ бўлимида ишлай бошлайди. Ишчанлиги билан ҳаммани ҳайратга солади. Алоҳида маҳорат кўрсатиб, икки ҳафта ичида бир йиллик режани бажаради. 1962 йили шу соҳага доир маълумотларни таҳлил қилувчи шахсий EDS компаниясини тузади. Компания фаолиятини йўлга қўйишда Перо ходимлар олдига жуда кўп шартлар қўяди. Уларнинг айримлари: ҳар бир ходим иш вақтидан унумли фойдаланиши, ишга бир дақиқа бўлсин кечикмаслиги, иш пайти шахсий муаммоларини ҳал қилмаслиги, ишда можаро чиқармаслиги, майда-чуйда гапларга эътибор бермаслиги, шунингдек, шим кийган аёллар ишхонадагина эмас, компания биноси атрофида ҳам кўринмаслиги, юзига ортиқча бўёқ сурмаслиги, кийими билан ўзини кўз-кўз қилмаслиги керак. Перо бу талабларга қатъий амал қилинишига эришади. Матбуотда ёзилишича, у тўфон туфайли ишга кеч қолган ходимини ҳам қаттиқ жазолаган.
Компания ишлари юришиб кетгач, Перо сиёсатга яқинлашиб, АҚШнинг Вьетнамда олиб бораётган урушига қарши чиқади, бу урушнинг самарасизлиги, мамлакат иқтисодиётига салбий таъсири хусусида ошкора фикр юритади. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Вьетнам ҳукумати билан ҳамкорлик қилади. Уруш даврида асирликка тушган америкаликлар ҳақида маълумот тўплайди, уларнинг сони ҳукуматнинг расмий ахборотларида келтирилаётганидан анча кўплигини маълум қилади. Бу билан у ўзига нисбатан жиддий қизиқиш уйғотади.
1984 йили Перо EDS компаниясини “General Motors” корпорациясига 2,5 миллиард долларга сотиб юборади. Орадан тўрт йил ўтгач, ахборот-технологиялари инфраструктурасини ташкил этувчи янги “Perot Systems” компаниясини тузади ва уни моҳирлик билан бошқаради. Савдо ва ишлаб чиқариш ишлари кутилганидан ҳам яхши даражада юришиб кетади. Шахсий пули 1,5 миллиард доллардан ошади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас Dell корпорацияси “Perot System”га харидор бўлиб, уни 3,9 миллиард долларга сотиб олади. Ушбу ва яна шунга ўхшаш кўплаб фактлар Росс Перо савдо-тижорат соҳасида шунчаки оддий олибсотар эмас, АҚШ шароитида узоқни кўра олувчи йирик ишбилармон эканлигини кўрсатади. Перонинг ўзи бу хусусда ”Америкада яшашнинг бирламчи шарти – пул топиш санъатини эгаллаш”, деган эди.
Ҳеч ким сиёсатчи бўлиб туғилмайди, албатта. Ҳаётнинг ўзи уларни тарбиялаб вояга етказади. Яна бошқа гап ҳам борки, унга кўра, одамлар сиёсатга икки ҳолатда яқинлашадилар: тижорат ишлари фавқулодда юришиб, даромад кўпайганда ва ҳаёт уларни оғир синовларга дучор қилганида. Бу фикрнинг қанчалик тўғрилигини айтиш қийин, аммо 1992 йили миллиардер Перо мустақил равишда ўз номзодини АҚШ Президентлигига қўяди, кўплар “Ҳа, шунақа бўлиши керак ўзи” дейишгани рост. “Бўёқчининг ишига сувоқчи аралашибди-да, охири бахайр бўлсин”, дея ажабланганлар ҳам бўлган. Бундай деяётганимнинг боиси бор, албатта.
1992 йилнинг октябрь ойида мени “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири сифатида АҚШга таклиф этишди. Машҳур адабиётшунос олим Эдвард Олворт газетамизни “Марказий Осиёдан эсаётган бир қултум тоза ҳаво” деб баҳолаган пайтлар. Колумбия, Оҳайо, Индиана, Медисон, Жоржтаун университетларида ўзбек тилини ўрганаётган ёшлар билан (улар орасида ёши олтмиш-етмишдан ошган кекса ёшлилар ҳам бор) мустақил Ўзбекистоннинг илк қадамлари, дастлабки ютуқ-камчиликлари, янги ҳукуматнинг диндорларга ва, айниқса, матбуотга, адабиёт ва санъатга муносабати хусусида ўзбек тилида суҳбатлар ўтказдим, рус тилида расмий маърузалар ўқидим.
Ўша кунлари АҚШда навбатдаги Президентлик сайловига саноқли кунлар қолгани боис, учта номзод – ота Буш, Арканзас штатининг ёш губернатори Билл Клинтон ва техаслик миллиардер, мамлакатдан ташқарида номи кўпчиликка деярли маълум бўлмаган Росс Перо телебаҳсларда иштирок этиб, мамлакат Президенти билан деярли бир хил маош оладиган машҳур журналистнинг бири иккинчисидан ўткир саволларига жавоб қайтарар, ҳар бир номзод ўзига ажратилган бир дақиқа ичида режаларини аниқ баён қилиш ҳаракатида эдилар.
Сафарим давомида бундай дебатларнинг икккитасига гувоҳ бўлдим. Уларда айтилган баъзи ажабтовур, “тишли-тирноқли” фикрлар ҳали-ҳануз қулоғим остида жаранглаб туради.
Маҳаллий матбуотнинг унча якдил бўлмаган фикрича, биринчи дебат арафасида Президентликка номзодларнинг “аҳволи” бир-биридан жиддий фарқ қиларди: амалдаги Президент Бушда етарли даражада сиёсий тажриба бор, аммо у мамлакатни бошқаришда эски қолиплардан, анъанавий усуллардан узоқлаша олмади. “Саҳродаги бўрон” (Қувайтни озод этиш) операцияси ҳаммага ҳам бирдек маъқул келгани йўқ. Бунинг устига, бир учрашувда “Мен карам солинган таомларни унча хуш кўрмайман” дегани университетларнинг карамхўр талабаларига ёқмай, улар карам баргини бошларига соябон қилиб, тенгдошларини республикачи номзодни қўлламасликка даъват этишди. Росс Перони ёқловчилар унда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўзгартириш нияти борлигини, яъни икки партиялик тизимни бекор қилишга, сиёсатда янги давр бошлашга бел боғлаганини маъқуллашар, учрашувларда “қолип”дан чиқиб кетиб, озроқ масхарабозлик қилишини эса мамлакат сиёсий ҳаётида “узоқ кутилган эркинлик”ка йўйишарди.
Республикачилар демократларнинг ёш номзоди Билл Клинтонни писанд қилмай, “Оқ уй”га ёш болани қўйиб бўлмайди, адашиб қолиши мумкин”, дея ҳажв қилишдан чарчашмасди. Оҳайо университети биносига кираверишда (1992 йил 12 октябрь) йўлакка Маркс, Ленин ва… Клинтоннинг яқин сафдошлардай бир-бирларига елка тутиб турган суратларини ёпиштириб қўйишганини кўрдим. Маъносини сўрасам, демократик партия тарафдорлари бир овоздан “Бу – ярамас республикачиларнинг иши, бундан бошқа яна нима ҳам қўлларидан келарди”, дейишди.
Орадан икки-уч кун ўтгач, навбатдаги телебаҳс бошланди. Талабалар билан ҳайҳотдай монитор ёрдамида томоша қилдик. Саҳнада уч номзод: Жорж Буш, ўртада Росс Перо, чеккада хушбичим Билл Клинтон. Баҳсни олиб борувчи журналист ҳар бир кишига жавоб учун бир дақиқа (вон минута) берилишини эълон қилади. Номзодлар регламентни деярли бузишмайди.
Амалдаги Президент Буш ўзини вазмин, саҳнада ёлғиз тургандай тутади. Иккинчи муддатга сайланса, Американинг иқтисодий қудратини ошириш учун яна нималар қилиши мумкинлиги тўғрисидаги тезисларини қисқа-қисқа баён қилади ва бунда “яна” сўзига урғу беради. Янги иш ўринларини яратиш, солиқ тизимини ислоҳ қилиш каби умумий вазифаларга, ташқи сиёсатда Европа ва яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатларни яхшилаш, НАТОнинг тинчлик дастурини янада самарали қўллаб-қувватлаш зарурлигига тўхталади. Йўл қўйган хатолари ҳақида ҳеч нима демайди. Бу билан рақибларининг ғашига тегади.
Шу ўринда айтиш керакки, катта Буш пайтида дунёда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Совет иттифоқи тарқаб кетди. Берлин девори қулади. Беловеж ўтлоғида уч раҳбар – Елсин, Кравчук ва Шушкевич АҚШнинг собиқ Президенти Рональд Рейганнинг ибораси билан айтганда, “Ёвузликлар салтанати”нинг фотиҳасини ўқишгач, биринчи бўлиб, тугаётган мамлакатнинг раҳбари Михаил Горбачёвга эмас, Жорж Бушга қўнғироқ қилишгани кўп нарсадан далолат беради.
Перо бу фактларни эсламай, рақибларини менсимаган ҳолда улар устидан ошкора кулди. Шундай гапларни айтдики, номзодлар орасида Евгений Петросян ҳам бордай, залда гуррас-гуррас кулги кўтарилади, қўллаб-қувватловчи ҳайқириқлар эшитилади. Ёдимда қолгани: Перо ёш Клинтонга қарайди ва залга бурилиб дейди: “Мана бу пўрим йигитчани кўриб қўйинглар. Президент бўлгилари кепқопти. Губернаторликни эплай олмаган бола-я! Мен унинг мамлакатнинг янги раҳбари бўлишини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман. Чунки Техасдаги ранчомда яшаётган кучукчам бугунги дунё сиёсатини Арканзас штатининг губернаторидан яхши билади…”.
Зал ларзага келади. Перонинг илҳоми жўшади, кейинги бир дақиқалик навбатида Бушга қараб дейди: “Шу мункиллаб қолган чол Америкадай қудратли давлатни бошқара оладими? Оқ уйга келиб нима иш қилди ўзи? Ҳеч нима? Ҳаммаёқ расво бўлди. Солиқлар бўғзимизгача етди. Дунёда мамлакатимизга бўлган ишонч пасайиб бормоқда. Ички низоларни айтмаса ҳам бўлади. Яқинда Техасда қизимнинг тўйи бўлаётган эди, бушчилар келиб туппа-тузук тўйни бузишди-я, ярамаслар. Мана сизларга номзоднинг кимлиги. Менга овоз беринглар! Ҳаммаларингизни бахтли қиламан, орзу-умидларингизга етасизлар, чўнтакларингиз қаппайиб туради”.
Бундай очиқ-ошкора баҳсни биринчи бор кўраётганим учун ўзимча Буш ҳам, Клинтон ҳам мана ҳозир Перонинг таъзирини беришади, пўстагини қоқишади, сен ўзи кимсан, алмойи-алжойи гапларинг билан катта сиёсатда нима қилиб юрибсан?” дейишади, дея тахмин қилдим. Аммо… бундай бўлмади. Ҳар иккиси ўзларини гўё унинг ҳақоратомуз сўзларини, одам зил кетадиган писандаларини эшитмагандай, баҳсни давом эттириб, “Агар менга ишонч билдирсангиз…”, дея режаларини баён қилишди. Бундай бепарволикдан жаҳли чиққан Перо янада жўшди, айтмаган-демагани қолмади. Сайлов натижаларига кўра эса Билл Клинтон мамлакатнинг амалдаги раҳбари устидан ишончли ғалаба қозонди. Мамлакат бошқаруви демократлар қўлига ўтди. Сиёсий ҳаётда жиддий ўзгаришлар бошланди. АҚШнинг ташқи қарзи озайиш йўлига ўтди, ишсизлик паст даражага тушди. Американинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиши Рейган ва Жорж Бушлар пайтидагига нисбатан бирмунча камайди. НАТО ҳарбий альянсининг Шарқ томонга кенгайиш жараёни шу пайтга тўғри келганини демаса, демократлар ёмон ишлашгани йўқ. Кузатувчилар Билл Клинтоннинг Оқ уйга келишида унинг ўзидан кўра Перонинг ҳиссаси катта бўлганини таъкидлашади. Бу фикрга қўшилмаслик мумкин эмас.
Орадан йиллар ўтиб, мамлакатимизда кўппартиявийлик пайдо бўлганида ўшанда Буш ва Клинтон Росс Перога қараб: “Ҳой, фалончи, сен нималар деб алжираяпсан ўзи, нега мени ҳақорат қилаяпсан?” демаганининг сабабини тушундим. Оддийгина сабаб экан: ҳар бир номзодга бор-йўғи бир дақиқа вақт берилади. Бир-бирлари билан тортишишса, вақтдан ютқазар эканлар. Иккинчиси, икки юз йилдан ошиқ вақтдан бери дунё харитасининг муҳим стратегик жойини эгаллаб турган ушбу мамлакатда баҳс-мунозара борасида ўзига хос ички “маданият” шаклланган бўлиб, бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ номзодлар баҳс пайти, гарчи рақибларига шердек ташланишса ҳам, якунда худди ҳеч нарса бўлмагандек, самимий қўл олишиб, бир-бирларига омад тилашлари оддий ҳол экан. Бу удум ғарб дунёсида биз ўрганишимиз зарур бўлган жиҳатлар оз эмаслигидан далолат беради. Сиёсий партияларимиз вакиллари сайловлар пайти, аввалги йиллари ошкора кўзга ташланганидек, фақат ўзларининг йўли тўғри эканлигини урғулайвермай, рақибга ҳурмат билан қарашлари, маъқул ишларини эътироф этишлари, ҳамма нарсани ўз номи билан аташлари, керакли ўринларда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришлари зарур бўлади. Жамият баҳс-мунозаралар, фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади. Шундай экан, бошқа томонни эшитишга ўрганиш, Перонинг сиёсатдон кучукчасини истисно қилганда, ёмон иш эмас экан.
1992 йилги Президентлик сайловининг сайловчилар психологияси билан боғлиқ бир муҳим жиҳати бор. Дунё мамлакатларида бўлаётган кўпдан-кўп сайловлар мисолида айтиш мумкинки, баъзан икки номзоддан бирига унинг мутлақо устунлиги учун эмас, танлаш имкониятининг йўқлиги учун овоз берилади. Буни ён-атрофларимизда айни шу кунларда бўлаётган сайловлар натижаларида ҳам кўриш мумкин. Ўшанда Оқ уйда тўрт йил ўтирган республикачилардан ҳафсаласи пир бўлган сайловчилар, дастлаб губернатор Клинтонга ишонишмади, Жорж Бушнинг яна тўрт йил раҳбар бўлишини эса мутлақо хоҳлашмади. Шу боис, бошланғич сайловларда кўплар сиёсат майдонида кутилмаганда пайдо бўлиб қолган бой ва қизиқчи Росс Перони қўллай бошладилар. Унинг ўринли-ўринсиз қочиримлари, ноанъанавий фикрлаши, дангалчилиги ёш сайловчиларга маъқул келди. Буш даври ниҳоясига етаётгандай эди. Кузатувчилар Перонинг якуний ғалабасига саноқли кунлар қолганини башорат қила бошлашди. Американи ростакамига янгилаш, сиёсатни ислоҳ қилиш мақсади билан майдонда от сураётган Перонинг зафарли юришлари дунё сиёсатдонларини ҳам жиддий ўйлантириб қўйди. Наҳотки янги лидер туғилаётган бўлса? Токи шундай экан, уни ҳозирданоқ ёқлаш, Американинг бўлажак раҳбари билан яхши муносабатлар ўрнатиш зарур эмасми?!
Перо тарафдорларининг сафи кун сайин ўсиб борарди. Аммо… кутилмаганда ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди: Росс Перо Оқ уй учун курашни тўхтатиб, номзодлар сафидан чиқди. Республикачилар енгил тин олишди, демократлар курашни кучайтиришди. Мана сизга, хавфли бурилиш. Орадан беш ой ўтиб, бу бурилиш яна такрорланди – Перо кураш майдонига қайтди. Лекин Клинтон фойдасига анча тиниқлашиб қолган вазиятни ўзгартира олмади. Поезд йўлга тушиб бўлганди.
Билл Американи икки муддат бошқарди. Унинг Президентлик даври ишқий можароларга бой бўлган бўлса-да, мамлакат тарихида яхшигина ном билан қолди. Фақат… Перо ўзи тайёрлаган улуғ ғалаба нафаси эса бошлаган бир пайтда, сайлов кампаниясига сарфлаган 57 миллион доллар пулини ҳам унутиб, нега сафдан чиққани-ю, сайлов тақдири деярли ҳал бўлганида яна курашга отлангани ҳамон сир бўлиб қолмоқда.
Перонинг номзодлар сафидан чиқишига нима сабаб бўлгани тўғрисида тахминлар кўп. Баъзи кузатувчилар “маълум таъсирлар” боис Перонинг яқин маслаҳатчилари уни тарк этишганини ёзишади. Бошқалар эса оёғи остидаги ер аста ҳаракатга келаётганини сезган катта Буш Перо ва унинг тижоратчи сафдошларига тазйиқ ўтказган, икки ўртада сирли келишувга эришилган, деган тахминларни айтишади. Борди-ю, шундай бўлса, Перо нега қайтди? Балки, ғалаба ўз томонларига оғаётганини сеза бошлаган демократлар ҳам жим туришмагандир?
Аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки дунёнинг энг катта сайловларидан бирида бундай воқеанинг содир бўлиши чиндан ҳам ғайритабиийдир. Балким, бунинг сирини Перо жанобларининг ўзи очиб кетгандир. Шу маънода унинг йиллар давомида сўзлаган нутқи, ўтказган суҳбатларидан олинган қуйидаги иқтибосларни журналхонлар ҳукмига ҳавола этамиз:
“Кўпчилик одамлар ғалаба остоналарига яқинлашган пайтда курашни тўхтатадилар. Бунинг боиси шуки, улар аксарият ҳолларда остонада нима турганидан бехабар бўладилар”.
“Шундай одамлар борки, улар финиш чизиғига атиги бир метр қолганда курашдан тўхташади. Нега шундай қилишганини ўзлари ҳам билишмайди”.
“Боксда дастлабки ўн тўрт раундни бой бериш ҳали мағлубият дегани эмас. Ўн бешинчи раундда рақибни ерга босиб, атиги ўн дақиқа ушлаб тур – сен оғир вазнда жаҳон чемпионисан”.
“Карьерам давомида нималарнидир бошқалардан кўра бирмунча яхшироқ бажарган бўлсам керак. Кўплар уларни бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш деб билишади. Бундай эмас. Одам бажарган ишни одам бажара олади”.
“Бирор ишни қойилмақом қилиб бажариш ёки бажара олмаслик режангиз қандайлигига эмас, кутилмаган пайтда юзага келадиган муҳим имкониятдан қандай фойдаланишингизга боғлиқ. Мен эришган жамики ютуқлар шунга асосланган, дея айта оламан”.
“Ҳаёт барча бурчаклари бир-бири билан сўзсиз боғланадиган ноёб тўрдир”.
“Мағлубият тиззани бирор жойга уриб олишдек оғриқли, аммо жуда юзаки касаллик”.
“Бургутлар ҳеч қачон тўда бўлиб учишмайди. Уларни алоҳида-алоҳида қидириш керак”.
“Савдода менга омад келтирган омиллар сиёсатда аксинча натижа берди. Буни ҳеч қачон рад этган эмасман”.
“Ёнингда кимлар тургани сенинг тақдирингни ҳал қилади. Бунга доимо эътибор билан қараш зарур”.
“Қон совимай туриб ҳаракат қил. Фақат шундагина бир нималарга эришиш мумкин”.
Бир қарашда, кўп нарса ойдинлашгандай. Аммо асосий сир эмас. Американинг сеҳрли диёрлиги шундаки, бу ерда Жон Кеннедининг ёки актриса Элизавет Шортнинг ўлими каби кўп нарса, россиялик журналист Владислав Листьевнинг ўлими каби сир бўлиб қолаверади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 7-сон